БИЗНИНГ МУЛОҲАЗАЛАРИМИЗ
(Баъзи тақризларга назира)
Матбуот саҳифаларидан маълумки, ҳозирги вақтда шаҳар ва қишлоқларимизда турли бинолар ва турар жойлар кўплаб қурилмоқдалар. Модомики, шундоқ экан, халқимизнинг стол, стул, буфет, шкаф, каравот, маданий қозиқ ва бошқа шунинг сингари молларга талаби кундан-кун ортмоғи ва харидорларимиз у ёки бу магазинда узун-қисқа очередлар ташкил қилмоғи айрим ҳолларда (курсив бизники!) мумкин дейилса хато бўлмаса керак деб ўйлаймиз. Бундай ҳолларда харидорларнинг қимматли вақтларини тежаш юзасидан уларни рўйхатга олиш практикаси, яъни очередини ёзма шаклда олиб бориш кўпдан бери синалган методлардан бири бўлиб келмоқда.
Биз 87-магазинда тузилган йигирма икки кишилик бир рўйхат тўғрисида ўз мулоҳазаларимизни баён қилмоқчимиз[1].
Аввало шуни айтиш керакки, рўйхат кўп қиррали (қоғоз саккиз букланган!) ва ранг-баранг хусусиятга эгадир: унда олти фамилия қора, бир фамилия қизил, бир фамилия кўк, қолган фамилиялар яшил ва бинафша сиёҳ билан ёзилгандир. Шунинг ўзи авторнинг катта ижодий имкониятга эга эканлигини кўрсатади. Ўқувчини зериктирмасликка қаратилган бу услубга шундай баҳо бериш тўғри деган фикрга қўшилиш мумкин деб ўйлаймиз.
Рўйхатнинг ижобий хусусиятларидан яна бири, унда магазин мудири ўртоқ Норматовнинг (курсив бизники!) фамилияларига ҳамоҳанг бўлган Нурматов, Пирматов, Қулматов сингари фамилияларга кенг ўрин берилганлигидир. Ўртоқ Норматовнинг фамилияларига айниқса Ёрматов фамилияси алоҳида ҳамоҳанг бўлиб жаранглайди.
Рўйхатнинг автори ҳамма фамилияларни тўғри ёзишга уринган, хато қилмасликка ҳаракат қилган дейиш мумкин. Бу тўғрида тажрибали сотувчилардан Мустақимов, Зулфиқоров, Намозов ўртоқларнинг фикрига тўла қўшилиш керак.
Лекин, шундай бўлса ҳам, рўйхат айрим камчиликлардан холи эмас[2].
Аввало рўйхатга тартиб рақами қўйилган эмас. Бу ҳол авторнинг ўз ишига масъулиятсиз қараганидан, рақамнинг халқ хўжалигида қанчалик катта аҳамиятга эга эканини тушуниб етмаганидан далолат беради. Буни бошқача изоҳлаш мумкин эмас!
Ундан кейин автор бир қатор фамилияларни бузиб кўрсатган, масалан: Шодиев дейилади, ҳолбуки Шотиев бўлиши керак! Жуда кўп фамилияларда «ъ» тушиб қолган.
Рўйхатда давр тўғрисида нотўғри тасаввур туғдирадиган қатор арабча, форсча фамилияларга кўплаб ўрин берилган. Шарофиддинов, Сирожиддинов, Камолиддинов ва ҳоказо.
Яна шуни алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, автор салбий фамилияларга ўрин берган: Хонкелдиев, Сўфихонов, Султонпошшоева, Пошшохўжаев. Бунинг устига Болтаев, Яхшиева, Ширинжонов сингари ижобий фамилияларга рўйхатдан оз ўрин берилган ва деярли ҳаммаси хира ёзилган.
Давримиз учун типик бўлмаган Шобаратов, Шомансуров сингари фамилияларга рўйхатдан ўрин берилмаса ҳам бўлар эди.
Рўйхатда такрор ҳам учрайди, масалан: О. Жўраев, И. Жўраев, У. Жўраев деб ёзилади, ҳолбуки ихчамлаштириб О. И. У. Жўраев деб ёзилса, рўйхатнинг қиммати яна ҳам ортар эди.
Рўйхатнинг жиддий камчиликлари ҳақида гапирар эканмиз, авторнинг меҳнатга нотўғри муносабатини алоҳида қайд қилмасдан ўтолмаймиз! Масалан, рўйхатда Ҳузуржонов дейилган, унинг Ҳузуржонов бўлиши учун фидокорона меҳнат қилганлиги рўйхатнинг қаерида акс эттирилган?
Бу саволга рўйхатдан жавоб топиш қийин!
Рўйхатдаги мана шу камчиликлар тузатилса, бу нарса ҳозирги очередчилигимизда ижобий роль ўйнаши, харидорларимиз орасида тарбиявий иш олиб боришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлса керак деб ўйлаймиз.
Магазин мудири ўртоқ Норматовнинг бу ташаббусини табриклаш керак бўлади (курсив бизники!).
[1] «Мебель олиш учун очередда турган гражданлар рўйхати», бир саҳифа, яхши чойқоғозга ёзилган.
[2] Авторнинг кандидатлик диссертациясидаги «Камчиликлар, жиддий хатолар» бобига қаралсин, саҳифа 2967