Шунинг билан тараққий қилиб бўлурми?
Ҳали кун буткул ётиб кўрунмай кетгани йўқ эди. Ҳали биз турған тўрт ёғи баланд деволлик қалъа каби ҳавлига хийла қоронғи тушуб қолған бўлса-да, ёнимиздағи масжиднинг қари, қулоч етмас қайрағочининг учида куннинг бир қучоқ қадар шуъласи ўчар-ўчмас бўлуб турар эди.
Илҳом бир марта соатига, яна бир марта масжид қайрағочининг учига қарағандан сўнг:
– Ўртоқлар, уже время, – деди.
Мен ўзим билиб туруб яна нимагадир сўрадим:
– Хўш, қаерға борамиз?
– Картинага!
Мен Илҳомнинг одатини яхши билар эдим, шунинг учун унинг сўзи билан картинага чиқмоқни истамас эдим. Лекин Илҳомга индамасдан Салоҳиддинга қараб:
– Салоҳ, картинага чиқишға сира тобим йўқ, бошқа бир ерга борайлик, – дедим.
Салоҳ сўради:
– Майли, бўлмаса, қаерға борайлик?
– Борамиз бирор ерға.
– Сиркга борайлиқми?
– Унда нима бор?
– Танса…
– Картинадан қочқан киши «танса» учун сиркға борадими?
Бизнинг сўзимизни диққат билан таъқиб қилиб турған Илҳом бирдан ўрнидан туруб:
– Ну, ўртоқлар, вопросни мен решил! – деди.
Биз сўрадик:
– Хўш, қандоғ?
– Самый яхши маслаҳат: шул ерға борамиз – городской садга, ов қиламиз, ов!
Салоҳ менга қараб хоҳлар-хоҳламас:
– Йўқ-эй, яхши эмас, – деди.
Иш бу даражага етиб, ҳар кимнинг фикри билингандан кейин мен ҳам тилагимни очиб айтдим:
– Сўфи бобонинг олдиға кирамиз. «Ўрус келди»да* бўлған гаплардан, ўшал вақтдағи хонларнинг, бекларнинг қилған ишларидан гапириб беради, эшитиб чиқамиз. Сўфи бобо Қўқон хонлари билан Бухоро амирлари орасидағи беҳуда ғалваларни жуда яхши билади, бир эшитар эдик, – дедим.
Салоҳ бирдан эътироз қилди:
– Шу ҳам гапми? Эски, мияси чуруган бобойларни лақиллатишдан нима фойда?
– Фойда, асли, шунда. Сўфи бобо жонлик бир тарих, – дедим.
Бу сўзимга иккаласи ҳам баробар эътироз қилдилар:
– Шунинг билан тараққий қилиб бўладими?
Картинага чиқдиқ.
Локин картина қолиб кетди, боқчада ов қилиб юрубмиз.
Мен кўб бўшанг, Худо урған эканманким, шу «ҳунар»ни ҳеч ўргана олмадим.
Ўртоқларим ҳар бир ўтган «этаглик»нинг* орқасидан селдек «ширин сўзлар» (кампилимент) ёғдирғанда, мен уялиб, қизариб ерга қарайман.
Мунга Илҳомнинг аччиғи келди:
– Шу ҳам қилиқми? Бир оз очилсанг-чи. Қизарғанини…
Меним узурим катта:
– Қандай қилай? Ўрганмаганман.
Бунга ҳам баробар эътироз:
– Шунинг билан тараққий қилиб бўлурми?
* * *
Салоҳ билан биз искамияда ўлтурамиз.
Бирдан учтасини етаклаб Илҳом келди. Оғзидан мазалик ва мазасиз гаплар селдек ёғадир.
Биттасини дарров Салоҳ қўлтуқлади. Биттаси Илҳом билан қолди, қора кўйлаклиги менга яқинлашди.
Мен қизариб турибман.
Илҳомнинг аччиғи келди:
– Туришини… туришини! Ну, ушлашинг! Нимага қараб турасиз? Ну, возмите, ну…
Титрадим, секингина бориб қўлтиқладим.
Кетиб борамиз.
Улар иккаласи оғизларига нима келса сўзлайлар, гапиралар, қизларнинг кулгиси дунёни босди.
Мен гапирмак истасам ҳам ҳеч бир кишига муносиброқ гап тополмайман.
– Ну, молодой человек.
– …
– Что нового?
– …
Қора кўйлаклик Салоҳга қараб:
– Слушайте, почему он ничего не говорит? – деди.
Салоҳ менга:
– Ҳой, гапирсанг-чи, пес! Нима бўлди сенга? – деди.
– Нима гапирай?
– Картушка, сабзи, пиёз, ошқобоқ… нима бўлса ҳам.
– Шуларни гап қилиб гапирадими?
Бу сўзимга Илҳомнинг жуда аччиғи келди:
– Шу песни нимага олиб чиқдик? Ўўдаймай ўлсун. Шу ҳам инсонми?!
– Ҳа, инсонлик қандақа бўлар экан, бўлмаса? Инсонлик этагбозлик, ҳар соатда бир гул искаш эканми?
Бу сўзим Илҳомга бошқача таъсир этган эканким:
– Ҳа, ўлманг, шундай ширин сўзларни билар экансиз, шу сўзларни ёнингиздагиға айтмайсизми? Мунча уятчанлик, бу нима?
Бунга Салоҳ қўшди:
– Шунинг билан тараққий қилиб бўлар эканми?
1924