Абдулҳамид Чўлпон. Ойдин кечаларда (ҳикоя)

Зайнаб кампир бир нарсадан чўчуб уйғонди. Оппоқ ой­дин, ой кампир ётқан сўричанинг қоқ ўртасидан унда-мунда, битта-яримта учраган оқ булутларни ёруб шошуб ўтуб бо­рар эди.
Кампир у ёқ-бу ёғиға яхшилаб қараб ойдинда ҳеч бир қора-мора учратмагандан кейин яна болишға бошини қўйди.
Уйқуси ўчуб кетганликдан энди кўзига уйқу келмай ўз ёшиға, ўз даврига муносиб бўлған хаёллар ичига кўмулди. Ул пилта сават, кўрпа қавуқ ипдан тортуб бу йил пилладан чиқатурған ипаккача – «дунёнинг барча ғамини» ўйлаб олди.
Энди бир оз уйқуси ҳам кела бошлаб, кўзлари секин-секин сузула, қўллар бўшашуб-бўшашуб чўзула кетдилар. Туни бўйи чопишуб, ҳурушиб, югуришуб чиқған итлар товуши секин-секин йўқола бош­лади. Эшончанинг ҳовуз бўйидағи толларидан туруб ҳасрат ва қайғуларини ҳар кеча ўқийтурған булбул бу кун жуда эрта тўхтади.
Гўристон ва мозорлардағина бўлатурған чуқур бир жимжитлик…
Кампир юмулуб борған кўзларини бирдан очди: яқин бир ердан ҳасратлик, кўнгул бузатурған бир йиғи товуши эшитилар эди.
Бу ким? Кечалари ухламасдан йиғлаб чиқғучи ким? Ҳамма тинч ва роҳат уйқуға толған бир замонда қалбини яралаб йиғлағучи қандай бахтсиздир?
Кампир йиғлағучининг ким эканин билолмас эди.
Қўшнилардан қайси бирисининг келини ва ё қизи экан?
Хадича отиннинг келини деса, бугун унинг ўртоқлари келуб икки хуфтонгача ўюн-кулги қилишдилар. Саломатхоннинг қизи деса, қиш­лоқға чиқуб кетган эди, ҳали келгунча йўқ. Ўз келинининг бўлса йиғлайтурған жойи йўқ…
Ким экан бу?
Ё ҳавли томонға парилар келишдимикин? Парилар ўз қизларининг сочларини боғ-роғларда ойдин кечаларда тарар эмишлар ва қизлари: «Кўб силлиқ қилсангиз, куёв олиб кетиб қоладир», – деб йиғлар эмишлар.
Йўқ… Ажина қизи, пари қизи мундоғ йиғламас эмиш. Йиғласа, жуда ғалати бўлур эмиш…
Яна диққат биланрак қулоқ солди. Товуши таниш бир хотуннинг товуши каби эди…
Қўшнининг келинидир деб ўйлади.
Оҳ, бечора, қандоғ ғамлари бордир?
Мана, кампирнинг ўз келини: уй-жойи, кийим-кечаги – ҳамма нарсалари тайёр… Новдадек куёв ёнида… Яна ҳеч уй-рўзғор ишини қилмайди. Мундоғ ёмон қиз бўладими?
Олмай Қодиржон ўлсун.
Бермай отаси.
Ўсдирмай онаси!..
Шунинг учун бу кун хўб адабини берди, хўб йиғлатди…
Йиғи тўхталмағандан сўнг секингина ўрнидан турди: чувалашиб кетиб кўрпалар орасида кўмулуб ётқан локиини олиб тўғриғина бошиға солди-да, сўридан тушди… Йиғи келган томонға бир оз қулоқ бергандан сўнг шарпасизгина, ялангғоёқ юрди. Сўрининг чаб биқинидағи кичкина даричанинг тешигидан қараған эди, келинининг уйида чироғ ўчмаган…
Ҳайрон бўлди:
– Вой, бу нимаси? Келинчак шу чоқғача ётмаған эканми?
Йиғи бир оз яна қизғончланиб, бир оз яна ўксикланиб давом этар, хотуннинг товуши кесилиб-кесилиб, ҳиққи тутқан каби чиқар эди. Яна диққат биланрак тинглади: бу йиғи келинчакнинг уйидан эшитилган каби бўлар эди…
Юраги ўйнади.
Дарров дарчани очиб у ҳавлига кирди, оёғининг учи билан босиб келиб секингина келинининг уйига яқинлашди.
Йиғи уйдан эшитилар эди.
Яна қулоқ берди.
Товуш келинининг товуши эди.
Шундан кейин кампир ҳеч ўйлаб турмасдан тўғри эшикни итарди: эшик очуқ эди, кирди.
Ичкаридан:
– Вой! Ким? Ким у? – деб бир ҳориған товуш чиқди-да, тинди…
Ярим овруповори йиғиштирилған бир уйда икки кишилик катта сим каравотка яхши, қалин жой солинған. Пастгина бир жавон устида 20 нчи чироғ ёниб турар эди.
Қизил шоҳи кўйлак кийган, қоп-қора сочлари ерларда судралган ёш келин каравот ёнида йиғлаб-йиғлаб қабарған кўзларини енги билан артиб турар эди.
– Келин, ким у йиғлаған?
– …
– Келин, сиз йиғладингизми?
– …
– Нимага индамайсиз? Қодиржон қани?
Келин жавоб бермасдан, индамай ўрнидан турди.
– Айланай, келин, нимага йиғладингиз? Айтинг, жон болам!
Келин тўлған, тошқан ҳолда, кучлик ва қўрқинч бир товуш билан: «Онажон!» – деб бақирди ва қайин онаси – кампирнинг қучоғиға отилди.
Кампирнинг қучоғиға бошини тиқиб олиб яна хўрсиниб, яна тўлуб-тошиб хийла йиғлади.
– Онажон, мен кечалари уй пойлаш учун келин бўлуб келдимми?
– Йўқ, айланай, болам, Қодиржон қани?
– Қодиржонни сўраманг, онажон. Мана, келин бўлуб келганимга бир ярим ойдан ошқан бўлса, шу бир ярим ойнинг ичида икки кечагина бирга бўлдик… Бошқа кунларда ҳар кеча кута-кута тонг отдириб юбораман. Шунча кун чидаб келиб-келиб мана бу кун ўз қадримга ўзим йиғлаб юбордим. Қандоқ қилай? Мен одам эмасми?..
Кампирнинг қариған, қуруған кўзларига йироқ-йироқ ерлардан икки томчи ёш келди. Бутун танини, бутун аъзоларини босиб, эзиб, сидириб келган у икки томчи ёшни енги билан арткандан кейин:
– Отаси ҳам шундоқ, қизим… – деди.
Шу сўздан сўнг иккаласи ҳам узоқ вақт жимжит бўлуб қолдилар.
Кампирнинг кўз ёши каби заҳарлик юзлари узулуб ташланған гулдек сўлған, тошдек қаттиғ бағри ортиқ даражада юмшаған, кўнглида кучли марҳамат ҳисси уйғонған эди.
Келиннинг қизарған, чарчаған, оғир қайғиға тилмоч бўлуб турған кўзларига тикилиб қараб турғандан сўнг оналар муҳаб­бати билан кўзидан ўпди:
– Энди сен меним ўз қизим бўлдинг, энди сенга сира озор бермайман. Энди сен ҳам кундузги ишларни эсингдан чиқариб юбор! – деди.
Келин кўзларида бир ойдинлиқ, бир севинч кўланкалари ўйнағани ҳолда бошини кўтарди, икки қўлини кампирнинг елкасига ташлаб туруб:
– Онажон, мен унга хафа бўлмайман. Меним ёш умрим, гулдек ёшлиғим кечалари сарғайиб ўтмаса эди!.. – деди.
Худди шул чоқда очиқ турған эшикдан ўлгудек маст, тентиракланиб Қодиржон келиб кирди. Уни кўришлари билан икки аламзада бирдан:
– Ана, келди! – деб юбордилар.
Уларнинг бу жонли қарши олишлариға жавоб ўрнида Қодиржон:
– Где, где моя Анна, где моя Аннушка? (Қани Анна, қани меним Аннахоним, а?) – деди ва «гуп» этиб обрезга йиқилди…

1922