Абдулатиф Абдуллаев. Хумор (ҳикоя)

Мамасодиқ боши оғриб уйғонди. Кун қиёмга келган, далага экилган қовун-тарвузни суғориш ҳам қолиб кетганди. Кеча миробнинг «Пешинда сув узилади», деганини эслаб кўнгли ғашланди:
— Онаси, ҳоо онаси.
— Ҳааа, — оғил томондан хотинининг асабий овози эшитилди.
— Буёққа кел.
— Ҳозиир, бузоқ ўлгур ушлатмаяпти.
Мамасодиқни носнинг хумори тутди. Ёнчиғини, ёстиғу кўрпачанинг тагларини қараб тополмади.
— Носни қаерга қўйдинг?
— Нима-а?
— Ноос, нос.
— Мен олганим йўўқ.
— Буёққа кел, дедим сенга, — бақирди у.
— Балога йўлиқсин шу нос ўлгурам, — ғўдранди у томон келаётиб хотини.
Нос токчадаям, деразадаям, қишда вазифасини ўтайвериб ёрилиб қолган сандал устида турган «Рассвет» телевизори ёнидаям йўқ эди.
— Қаерга кетади? — асабийлашди Мамасодиқ.
— Билмасам..
— Кичкинанг ўйнаб кетмадими?
— Олмагандир, тағин билма…
— Нега билмайсан? — ўшқирди у.
— Ичмасам, чекмасам, қаердан билай?.. — зарда қилди хотини.
Мамасодиқ қидиришдан тўхтади:
— Оовв! Ичганимни юзимга солма.
— Шакарнинг пули эди…
— Нима бўпти?
— Ҳеч бўлмаса ярим кило олиб келсангиз…
— Менга хўжайинлик қилма. Ундан кўра носни топ.
— Хўжайинлик қилаётганим йўқ. Сизга бас келиб бўлармиди?
— Келолмайсанам.
— Қизингиз уч кундан бери мактабга чой ичмай кетади.
— Бўлди қиласанми, йўқми?…
— Нима қиласиз, урасизми? — Хотиннинг гап халтаси очилди. — Сизнинг кучингиз фақат мени уришга етади.
— Қўшнилар эшитади, — пастроқ тушди Мамасодиқ.
— Кўникиб қолишган. Биринчи мартамас-ку…
— Бақирма, дедим!
— Бақираман!
— Жиим!
— Жим бўлм… — Хотин юзига тушган тарсакидан бир муддат кўзини юмиб тургач, одатдагидай изиллаб йиғлаб юборди:
— Сизга нима ёмонлик қилдим ўзи. Нега ҳадеб ураверасиз? Бўлди, онамникига кетаман. ўлар бўлсам ўлиб бўлдим…
Мамасодиқ бошқа гапларни эшитмаслик учун ташқарилади. Дарвозадан чиқиб, ариқ лабига чўнқайди. Кўчадан ўтаётган Одилжон билан сўрашган бўлди.
— Носинг борми, ука?
— Чекмайман, ака.
— Қурумсоқ, бир отим носга қизғонасан, — ғулдиради Мамасодиқ.
Шу пайт дарвоза очилиб, қўлида тугун кўтарган, йиғидан кўзлари шишган хотини пайдо бўлди. Мамасодиқ ўрнидан турди:
— Ҳаа-а?
— Кетаман…
— Уйга кир. Киир!
— Кирмайман.
— Кирмайсанми… — Аслида хотинининг кетгиси йўқ, жилла қурса юмшоқ гапирса, қайтиб киргудай эди. Мамасодиқ юмшоқ гапирай деди, тили айланмади. Оғзидан бошқа гаплар чиқди:
— Бор йўқол, иккинчи қорангни кўрмай.
Розиянинг кўзлари яна ёшга тўлди, кета туриб ҳатто елкалари силкинди. Эрининг раҳми келди. «Қайтарсамми?», дея бир-икки қадам ташлади, яна шаштидан қайтди. Беихтиёр чўнтакларини ковлади:
— Лаънати…
Унинг ёдига қўшниси Самад қассоб тушди. У ҳам чекарди.
Илинж билан эшик қоқди:
— Самад ака-а. Ҳо қассоб ака.
— Уйда йўқ эди, — айвон томондан аёл кишининг овози келди.
Қайтди. “Ўша замонлар заб яхши эди-да. Чўнтагингда доим пул бўларди. Ичсанг ўйланмасдан ичардинг…” деб ўзига ўзи гапириб уйига кирди…
…Нос хумор қилар, Мамасодиқ ҳовлида мақсадсиз айланарди. Ниҳоят, оёқлари Алибойникига етаклади.
— Пули эсдан чиқмасин-а, ака.  
Гарчи носфуруш хархаша билан қарзга берган бўлса-да, бир отим нос билан бутун танаси яйради. Боягина ғашини келтирган тупроқ кўчага ҳам парво қилмай уйга келди. Тамадди қилиб, иккита пиёз билан яримта нонни белига тугди-да, эшагига тўқим урди.
Полизга келиб эшакдан тушаркан, ҳайратланди. Палаклари сув ичиб ётарди. Хуржунни елкага ташлаб чайлага кирди. Захга ботган кўрпачага чўзилди. Ташқарида эшак ҳангради. Қобилники.
Бироз ўтиб чайлага Қобилнинг укаси Ботир кирди:
— Ассалому алайкум, Содиқ ака.
— Ие, ваалайкум, ке ука, — унга қўл чўзди Мамасодиқ. — Аканг қаерда?
— Акам кеча байрам қилган экан…
— Ааа, бўлди, бўлди… Қачон келувдинг?
— Саҳарлаб. Ариқбошига чиқувдим. Сувни узишибди.
— Бу, бизнинг палакка ҳам сен сув очдингми?
— Ҳимм, — Қодир айбдордай ерга қаради.
— Баракалла, яша! — Мамасодиқнинг меҳри товланиб кетди. Катта қизининг бўй етиб қолганини ўйлади….

* * *

Мамасодиқни ютиб юборгудай сукунатли икки кун ўтди. Учинчи кун оқшомда ҳорғин ва тушкун кайфиятда уйга қайтаётиб, кўча бошида қариндоши Садриддинга дуч келди. Салом аликдан сўнг, у болаларига пул чиққанини айтиб:
— Бир ойлиги ўзингга дегандим, мана, бу ойга чиқарибди шоввоз, — дея шивирлади.
Лекин бу гап унга янгилик эмасди… «Демак, менинг болаларимга ҳам чиққан». У Садриддин билан тезроқ хайрлашди-ю, уйидан ул-бул олиб, яна эшагига минди…
Эрталаб Самад қассоб чиқди:
— Икки кун олдин сўраган экансан.
— Озгина пул керак эди, энди бор.
— Кечаси чироғинг ёнмади. Болалар қани?
— Бобосиникида…
— Дарров бориб олиб кел. Уят бўлади. Ҳалимжонингни қара, қандай ширин бўлган. Менам соғиниб қолдим…
Қўшниси чиқиб кетгач, Мамасодиқ сўри четида ўтириб қолди. Болаларини жуда соғинганди. Уйга кирди. Кийиниб, бозорга отланди…
Арзон бўлса ҳам болалари ва хотинига кийим-кечак харид қилди. Туни билан ҳувиллаган уйда тўлғониб чиқди. Эрта туриб оҳорли кийимларини кийди. Совғаларни уйнинг кўринарли жойига сочиб қўйди… Шакарни халтаси билан дастурхонга ташлади. Юзи қизара бошлади… Пиёдалаб йўлга отланди…

* * *

— Сизни ўғлим деганман, куёв, энди уят бўлади, —  Ҳайит бобо чой хўплади. — Бунақа гаплар ҳар бир оилада бўлади. Лекин қизингизнинг бўйи етиб қолди… — Бобо ортига бурилди:
— Розия, болаларингни кийинтир. Ойша билан Туробжон ҳам мактабдан чиқиб уйларингга борсин.
Мамасодиқ енгил тин олди. Ўғилчасини кўтариб кўчага чиқди. Ортидан тугунини қўлтиқлаганча Розия эргашди. Бироз юргач, ортига қараб олди:
— Онаси, кечирасан…
— Ҳеч… — деган овоз келди орқадан.
У юра-юра чўнтагини ковлади. Ўғлига деб олган ботинкачани кийдирмоқчи бўлди. Бир пойи ерга тушди. Олиш учун энгашган Мамасодиқ ўша куни маст бўлиб йиқилган жойида тушиб, тупроққа қоришиб қолган нос халтасини кўрди…

2004