Бу воқеага анча бўлди. Дам олиш кунларининг бирида “Дамас” машинамизга болаларни олиб, қишлоққа йўл олдик. Ерда қор бор эди.
Қишлоқда яшайдиган кекса ота-онамизни зиёрат қилдик. Набираларини кўриб улар ғоятда хурсанд бўлишди. Эндигина туққан сигирнинг сут-қатиғидан мазза қилиб ичдик. Кейин қудамизникига ўтиб, меҳмон бўлдик.
Қудамиз улфат одам. Гапимиз тўғри келади. Хуллас, қиш кунлари бир тутам эмасми, кун ботиб қолди.
– Эрталаб кетсаларинг бўларди, қоронғу тушиб қолди, – деди қудамиз.
– Эртага болалар ўқишга, хотин ва мен ишга боришимиз керак. Насиб бўлса, бир пасда уйга етамиз. Хавотирланманг, – дедим мен.
Вилоят маркази – Қарши шаҳрига енгил машинада нари-бери бир соатлик йўл. Машинамиз янги бўлмаса-да, ҳали панд бермаганди.
Қариндошлар билан дийдорлашувдан мамнун ҳолда йўлга тушдик. Машина ичи иссиқ, кайфиятимиз чоғ эди. Йўлнинг ярмидан кўпини босиб ўтганимизда тўсатдан машинамизнинг мотори ўчди-қолди. Ўғлим машинани йўл четига олиб тўхтатди.
Кимсасиз чўл. Узоқ-узоқлардан қишлоқ уйларининг милтиллаган чироқлари кўзга ташланади, холос. Дам олиш куни бўлгани учунми, йўлдан аҳён-аҳёндагина машиналар ўтарди. Қанча уринмайлик, машинамиз ўт олмади. Салон бир зумда музлаб қолди. Ташқарига чиқдик. Ўғлим ўтаётган йўловчи машиналарга ёрдам сўраб, қўл кўтара бошлади.
Кундузи қуёш чиққан бўлса-да, кечқурун аёз қисиб, ҳаво совиганди. Бирон соатдан сўнг, биз совуқдан қалтирай бошладик. Бир-икки кун меҳмон бўлиб келасиз, дея кекса онамни ҳам олиб қайтгандим. 3-4 ёшлардаги набирам онасининг пинжига тиқилиб, йиғлай бошлади. Ҳали шаҳарга қадар йигирма километрча масофа бор. Зим-зиё тунда, яйдоқ чўлда нима қилишимизни билмай карахт бўлиб қолдик. Моторни ёқишга уриниб, калитни кўп бурайверганимиздан, аккумулятор ўтириб, машина чироқлари ҳам ёнмай қолди. Ҳеч қандай нажот кўринмасди.
Шунда кутилмаганда бир “Жигули” машинаси биздан бироз ўтиб тўхтади. Ундан тўрт нафар забардаст йигит тушди. Тун, атроф кимсасиз эди. Бундай пайтда ҳар нарсани кутиш мумкин.
Йигитлар дадил қадамлар ташлаб биз томон келишди.
– Ҳа, нима бўлди, амаки? – деди улардан бири.
– Машинамиз ўт олмай қолди.
– Қани очинг-чи, бир кўрайин. – Шундай дея улардан бири қўлидаги фонарини ёқиб, моторни кўздан кечирди. Кейин бошини қимирлатди:
– “Касали” анча жиддийга ўхшайди. Рулга ўтиринг, машинани сурамиз.
Тўрт забардаст йигит, машинани орқасидан итариб, ўт олдиришди.
– Энди, – деди моторни кўрган йигит, – газни босиб ҳайдайсиз. Яна ўчиб қолиши мумкин. Қўрқманг, биз ортингиздан шаҳаргача кузатиб борамиз.
Шаҳарга кираверишда машинамиз яна ўчиб қолди. Йигитлар машинани яна суриб ўт олдиришди ва ортига қайтишди.
Уларга миннатдорчилик билдирарканман, “Қаердансизлар, йигитлар?” деб сўрадим.
– Ҳов анави тоғнинг ортидаги қишлоқданмиз.– Улар Қўнғиртоғни кўрсатишди.
Эсон-омон уйга етиб бордик.
Ҳар сафар қишлоққа борарканман, йўловчи сифатида узоқ-яқинга сафарга чиққанимда, йўл четида бузилиб ёки ёнилғиси тугаб, ёрдам сўраб турган машина ҳайдовчисини кўрганимда қишнинг совуқ тунидаги ўша воқеа эсимга тушаверади.
(“Ҳуррият”, 2010 йил).