Абдуҳамид Мухторов. “Одам чалишидан сақласин” (ҳажвия)

Таҳририятдан

Азиз газетамиз муштарийлари!

Ўтган сонларимизда таҳририятимиз нафси ўткир азайимхон билан меҳнат шартнимаси тузганлигию унинг олдига газета учун бирорта жинми ёки шайтон биланми суҳбат қилиш вазифаси юклатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Янги ходимимиз бу вазифани уддалаб, жаҳон миқёсида шов-шувга арзирли интервюни шу сонга тайёрлаб келди. Катта мамнуният билан ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Газетамизни сотиб олсангиз бас!

– Авваломбор сизга одамлар газетаси учун интервю беришга розилик билдирганингиз учун миннатдорлик билдираман. Келинг, энди савол–жавобга ўтайлик. Биз азайимхонлар сизни жинлар оламининг оқулу–доноси сифатида яхши биламиз. Аммо бошқа одамлар учун бу мавҳум. Шу боис, ўзингиз ҳақингизда икки оғиз…

Ёшим етти минг бир юз қирқ бирда. Ўрта авлод вакили саналаман. Ёш шайтонваччаларга таълим бериш билан шуғулланаман. “Иймондан тойдиришнинг минг бир усули”, “Дискотекалар бизга нима беради”, “Бозор” каби бир қанча илмий-оммабоп китоблар муаллифиман…

– Сир бўлмаса айтингчи бу китобларда нималар ёзилган?

Узр. (Қошини чимиради) Бу сирни инсоният вакилига айтиш бизга ман этилган. Гарчанд, сиз биздан ҳисоблансангизда, тутқаноқ тутганда сандироқлаб айтиб қўйишингиз мумкин.

Тушундим… Негадир бугун табингиз хирароқ…

– Сизга  ўхшаган дўстларимиздан бирини бир бебисмилло хафа қилиб қўйган экан. Шикоят қилиб келганда танобини тортиб қўяман деб ваъда қилган эдим. Ваъдамнинг устиданку чиқолмадим. Бунинг устига катта кенгаш мени жинлар оламидан бадарға қилди. Бир қанча шогирдларим ҳам мендан юз ўгиришди.

Балки батафсилроқ айтиб берарсиз?

– Ҳа майли. Ўзим ҳам пича енгил тортаман. Хуллас, бир куни олдимга чиройли бир жувон келиб, эрининг устидан шикоят қилди. Шикоятини эътиборсиз қолдириб бўлмасди, чунки, юқоридагилар билан дон олишиб туриши ҳақида бир-неча марта эшитган эдим…

Қисқаси, танобини тортиб қўйишга ваъда бердим. Ўша   куниёқ ишга киришдим. Иймондан тойдирай десам, шундоқ ҳам иймонсиз экан. Итишга ўргатиб қўймоқчи бўлиб, уйнинг олдида икки кун пойладим. Чиқавермагач, деразадан қарасам, ғирт маст ухлаб ётибди. Охирги йўл, бирор бузуқ аёлнинг оғушуни чиройли кўрсатиб эл олдида шарманда қиларман деб ўйлаб турсам нарги хонадан ўзим йўлдан чиқарган биттаси чиқиб келди…

Ҳайрон қолдим. Нима қилиш керак? Қўлимиздан келиши мумкин бўлган барча расвогарчиликлар унда мужассам экан. Ҳатто мендай олимнинг хаёлига келмаган энг зўр проектлар унинг калласида бор. Охирги йўл қолганди…

Уни кўтариб ғоримга учдим-да, алвастиларни чақириб, уйғонгач, юраги ёрулгунча қўрқитишни тайинлаб, дам олгани жўнадим.

Уч кундан сўнг ғорга бориб бебисмиллонинг аҳволидан хабар олсам, биласизми нима?

Нима?..

– Мегажин алвастиларим уни қўрқитиш ўрнига бирга тўшакда ётибди. Вой “паззор”. Ҳали шайтонлар олами бу қадар шарманда бўлмаган эди. Одам шайтонни бузиб ўтирсая…

Шунақа жаҳлим чиқдики, ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Шайтонлар бунақа қилиб одам билан чатишиб кетаверса, келажак нима бўлади?

“Бизни кечиринг, “фигурангиз зўр экан, бу чиройни қаердан олгансиз”, деган васвасасига учибмиз”, деб ҳиқиллайди ярамаслар.  Уларни ўлимга ҳукм қилдим.

Шундан сўнг, роса ўйла-ўйлаб, бизга хизмат қиладиган девларни чақирдим-да, бу баттолни тўқмоқ билан савалашни буюриб, ортимга қайтдим. Орадан уч кун ўтказиб борсам, девларнинг темир тўқмоқлари ҳар ерда сочилиб ётибди. Ўзлари эса бешта-бешта ичиб кайф қилиб, улфатчилик қилиб ўтиришибди…

Девларни дуоий бад этиб, шогирдларим – шайтонваччаларни чақирдим. Буйруғимга хўп деб итоат қилганча ишга киришди. Кетишга кўнглим бўлмай, булар ҳам алвастилар билан девлар ҳолига тушмасин деб, жаъзолашларини бир муддат кузатиб турдим.

Ҳаммаси жойида. Қисталоқ шайтонваччалар одамларни қўрқитишга жуда устада. Ҳар турли усуллар билан жувоннинг эрини қўрқитиб азоблай бошлади. Кўнглим жойига тушиб ортимга қайтдим.

Яна уч кундан сўнг жувон олдимга келиб эрини қайтаришни сўради. Унга розилик бериб ғорга жўнадим.

Ғорда жим-житлик. Шайтонваччалар ҳам кўринмайди. Томоғим қитишиб энди йўталмоқчи эдим, кимдир томоғимдан ғиппа бўғди. Қаршимда битта шогирдим пайдо бўлиб секин шивирлади.

– Тс–с. Овозингни чиқарма, илҳом булоғимизни уйғотиб юборасан.

Унинг панжасидан томоғимни зўрға бўшатиб сўрадим:

– Ким у, илҳом булоғинг.

– Сен бизга топширган одам.

Бу жавобни эшитиб товонимгача музлаб кетди. Қандай ишга қўшилиб қолганимни ўйлаб қўрқиб кетдим. Шайтонваччага унинг олдига олиб бор деб ялиндим. У рози бўлди…

Буни қаранг, шогирдларим ғорнинг бир бурчини алоҳида зийнатлашибди. Бир тўп қора булут устида у ухлаб ётибди. Иккита шайтонча елпиш билан оввора. Ҳар замонда уларни кузатиб турганлар, “Қаттиқ елпиманглар, устозимиз шамоллаб қолмасин”, деб луқма ташлаб турибди.

Шайтончалар устоз деб тан олган баттолни уйғонгунча кутдим. Уйғонгач туёғини йўғе оёғини ўпиб узр сўрадим. Кечирдию аммо янги ихлосмандларига менга итоат этмасликни буюрди. Менам аслида одам чалган бу шайтончалардан аллақачон умидимни узиб бўлган эдим…

– Демак, айни пайтда қувғиндисиз?

– Одам урсин. Шундай деса ҳам бўлади. Шайтонлар кенгаши менга шайтонлар дунёсини алғов-далғов қилганликда айблаб ҳукм ўқиган. Қайси жин мени кўрса бас, қўлини бигиз қилиб, “Йўқол ярамас. Сен келтирган одамзод шайтонваччаларимизни бузиб юборди”, деб таъна қилади. (Бошини чангаллаганча жим қолади).

Узр. Таъбингизни хира қилиш ниятимиз йўқ эди. Иложи бўлса яна бир саволимизга жавоб берсангиз? Кейинги пайтларда нимагадир жинлар одамларни безовта қилмай қўйди. Бунинг сабаби нима?

– Биласизми, бизга юклатилган вазифа бор. Биз одамларни тўғри йўлдан тойдириб, куфрга, фаҳшга, разолатга бошлашимиз керак. Шу йўлда алоҳида-алоҳида қавмлар билан ишлаймиз. Агар сизнинг қавмингиз безовта қилинмаётган бўлса, демак, у  ерда бизнинг “миссиямиз” ниҳоясига етган. Биз қиладиган ортиқча иш йўқ. У ерда қолиш эндиликда бизга ҳам зарар келтиради.

Агар бошқа саволларингиз бўлса кейинроққа қолдирамиз. Менинг вақтим тугади…

Р.s: Мана азиз муштарийлар. Суҳбат билан ҳам танишиб чиқдингиз! Бу суҳбат борасида қўшимча савол ва таклифларингиз бўлса, албатта мактуб ёзинг. Ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз!

Бизнинг манзил: Миш-мишчилар кўчаси 007 уй. “Алаҳлаганлар овози” газетаси.