Аттестация комиссияси раиси аллақандай фамилиялар ёзилган қоғозга кўз ташлаб олгач, негадир пешонаси тиришиб имтиҳон топширувчини саволга тутди.
– Айтинг-чи, Хомкаллаев, эрамиздан аввалги 45 йилда келин-куёвлар ЗАГСга бориш учун қандай транспортдан фойдаланган?
Туғилганидан буён бунақа саволни эшитмаган Хомкаллаев ўзига ишониб-ишонмай жавоб қилди:
– Эрамиздан аввалги 45 йилда келин-куёвлар ЗАГСга аравада боришган…
– Бекор гап, – кескин эътироз билдирди раис. – У вақтда арава бўлмаган. Эшакда боришган! Сиз тарихни билмайсиз. Яна тарихчи эмиш. Чиқиб кетинг…
Комиссия ҳузурига Тугунбой кирди. Қўлидаги қоғоздан керакли фамилияни топган раиснинг чеҳраси ёришди.
– Э-э, Тугунбой. Иним. Об-бо, Тугунбоей, об-бо сиз-ей. Мен Тугунбойман, денг. Яхши-яхши, Хў-ў-п, сизни қийнаб ўтирмаймиз. Сиздан олдин кирган галварс жавоб беролмаган саволга жавоб бериб қўя қолинг. Эрамиздан аввалги 45 йилда келин-куёвлар ЗАГСга қандай транспортда боришган?
Тугунбой бирпас ўйга толди. Сўнг шундай жавоб қилди:
– Менимча, динозаврда боришган бўлса керак.
Раиснинг пешонаси тиришиб кетди. Ёрдамчиларига ғазаб билан вишиллади.
– Топган одамларинг қурсин. Ахир, у вақтда динозаврлар аллақачон қирилиб кетган эди-ку.
Ёрдамчиларнинг бири Тугунбойга ёрдамга келди.
– Муҳтарам раис, Тугунбойжон укамиз саволингизга мантиқан тўғри жавоб қилди. Динозаврлар эшакларнинг бобокалонлари эканлиги маълум. Демак, ҳозирги эшаклар бир вақтлар динозавр бўлган. Тугунбойжон ўз жавоби билан нафақат эрадан аввалги 45 йилларни, балки ундан ҳам нарироқдаги даврлар тарихини яхши билишини намоён қилди. Мен аттестация протоколига шундай ёзишни таклиф қиламан.
Негадир раиснинг чеҳраси ёришди.
– Жуда тўғри, айнан шундай ёзинглар. Табриклайман, Тугунбойжон. Ҳозирча, бораверинг…
Ўзини Олмасбек Бермасбеков деб таништирган одамнинг фамилиясини қўлидаги қоғоздан тополмаган раиснинг қошлари чимирилди.
– Хўш, Бермасбековмисиз? Яхши-яхши. Ростдан ҳам Бермасбековмисиз?.. Айтинг-чи, эрадан аввалги 45 йилда келин-куёвлар ЗАГСга қандай транспортда боришган?
Бермасбеков кўп ўйлаб ўтирмай, албатта, эшакда боришган, деб жавоб қилди.
Сўроққа тутувчилар қалқиб кетишди. Лаҳзалик сукунат чўкди. Бирпас ўтириб шўрлик раис нажот излагандек атрофига аланглади. Ёрдамчилардан бири салмоқлаб гап бошлади.
– Сиз нега ишонч билан гапираяпсиз? Балки ўша даврда эшаклар бўлмагандир? Маълумотларга қараганда, динозаврлар ЗАГС транспорти бўлган. Вазиятдан чиқиш учун алдаётганингиз шундай кўзингиздан билиниб турипти. Сиз ёлғон айтаяпсиз!
Бермасбековнинг ўрнида бошқа одам бўлганда-ку, дарров таслим бўларди-я, аммо у бундайлар хилидан эмасди. Жаҳл билан ёрдамчининг гапига эътироз билдирди.
– Бекор айтибсиз. Эрамиздан олдинги 45 йилда динозаврлар бўлмаган. Бу чала саводингиз билан оғзимга уролмайсиз.
Ёрдамчи довдираб қолди. Бироқ раис ўзини аллақачон қўлга олган эди.
– Менга қаранг йигитча, – деди у зарда билан. – Сиз чаласавод деб комиссияни ҳақорат қилдингиз. Бу бир. Иккинчидан, эшаклар динозаврлардан тарқалган. Мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, эрамиздан аввалги 45 йилда динозврлар ЗАГС транспорти бўлиб хизмат қилган. Сиз нафақат тарихни, балки мантиқни ҳам билмас экансиз. Чиқиб кетинг…
Комиссия ҳузурига Хумкаллаев кириб келди. Раиснинг қўлидаги қоғозда фамилияси бор бўлса-да, расмият учун унга ҳам ўша савол берилди. Хумкаллаев кўп ўйланмай қуённи миниб боришган бўлса керак, деб жавоб қилди. Хонани гумбурлаган қаҳқаҳа босди.
Кулгу бироз босилгач, раис кўзларига келган ёшларни арта-арта Хумкаллаевни мақтай кетди.
– Баракалла иним, саводхон одамлигингизни билардик. Саволимиз сизга писта пўчоқ эканлигини писанда қилиб юмор билан жавоб қилдингиз-да. Қуённинг қулоғи орқали эшакка ишора қилдингиз-а. Аммо-лекин кайфиятимизни кўтардингиз. Раҳмат, табриклайман…
Кимдир тушлик бўлиб қолганлигини айтди. Раис унинг гапини маъқуллаб, яна битта одамдан кейин ишни тўхтатишга ваъда берди. Комиссияга Ҳозир Жавобов чақирилди. Унга ҳам ўша савол берилди.
– Биласизми, ҳурматли раис, – қувлик билан гап бошлади Ҳозир Жавобов. – Бир манбада ўша вақтларда келин-куёвлар транспорт сифатида эшакдан фойдаланган дейилса, бошқасида динозаврдан, яна бошқасида эса қуёндан ҳам фойдаланишган дейилади.
Бундай мукаммал жавоб раисни ўйга толдирди. Ёрдамчилардан бирининг ҳафсаласи пир бўлиб, ўтказишга тўғри келади, деб шивирлади. Аммо раис пинагини бузмади.
– Ҳозир Жавобов, сизда умуман калла йўқ экан. Фаросатингизни синаш учун берилган ахмоқона саволга жавоб бериб ўтирибсиз-а. Ахир, эрамиздан аввалги 45 йилда ЗАГС бўлмаганлигини ёш бола ҳам билади-ку. Шунга фаросатингиз етмади-я.
Раиснинг топқирлигидан азбаройи таъсирланиб кетган ёрдамчилар беихтиёр чапак чалиб юборишди…