Абдуҳамид Мухторов. Асабни асранг (ҳажвия)

Асаб хасталигига дучор бўлганларни кўрсам энсам қотади.  Чунки, куйиб-пишиб етиб келган жойи касалхона-да. Сизга айтсам одам бегимотдай бепарво бўлиши керак. Ана шунда ҳеч қачон ютқазмайсиз. Касаллик нима билмайсиз, оғирлигингиз ҳам жойида, энг муҳими соғу-саломатсиз. Куйди-пишди одамнинг аҳволи-чи, шўрликнинг ярим умри тўшакда ўтади.

Хотиржам юриш унчалик қийинмас. Масалан, эрталаб ишга чиқиш олдидан туфлини ялтиратиб тозалаб автобусга чиқасиз. Аллақандай нусха оёғингизни босиб олади. Оғриққа-ку, бир амаллаб чидайсиз, аммо хафсала билан тозаланган туфлида унинг оёқ изи қолади. Қараб туриб асабингиз бузилади. Азалдан ифлос туфлини ёқтирмайсиз, беихтиёр кўзингиз қизариб ҳезланасиз.

– Ҳў, бефаросат, кўз қаёқда. Кўзингга… оёқни босдинг-ку.

Гуноҳкор ёши катта, кўпни кўрган босиқ одам бўлса хўб-хўб, узр сўраб ҳовурингиздан туширади. Аксига олиб «уч бармоқ»ли ёшлардан бўлсачи? Кўзини лўқ қилиб, – Ўзингни кўзингга …, керак бўлса оёғингни кўтариб тур, – дейиши ҳеч гапмас.

Қарабсизки, жанжал тайёр. Ҳаммаси майлию, икки орада асабингизнинг ишдан чиққани чатоқ.

Энди бунинг бошқача вариантини олиб кўрайлик. Ялтираган туфли билан автобусга чиқасиз, босиб олишади. Ботинка расво бўлди, оёқ эса оғриди. Бироқ сиз парво қилмайсиз. Босган нусхага қараб мириқиб тиржайиб қўясиз.

Чунки… Чунки, сиз туфлини тозалаётганда «агар туфлимни ким босиб олса…» деб ОЛДИНДАН роса сўкиб қўйгансиз. Хуллас, ҳаммаси жойида. Босиб олган нусха дакки эшитмаганидан хурсанд, сиз эса хуморидан чиққунча ОЛДИНДАН сўкиб қўйганингизга.

Ҳа, биродар, босиқликда гап кўп. Бошингизга олашақшақ ўтириб кетса бақир-чақир қилиб ўтирманг. Қуш сўкишни тушунмайди. Йигирманчи асрнинг кал доҳийсига ўхшаб асабингизни бузманг-да, филга қанот бермаганига шукур қилинг.