Темир йўл вокзали чумоли уясини эслатади…
Одам кўплигидан елкада юк билан юриш арава тортишдан-да мушкул. Бунда ҳар хил одамни учратиш мумкин. Кимдир узоқ сафарга отланган, кимдир ана шу одамнинг юкларини кўтариб пул ишлаш учун тўда оралаган. Яна кимлардир шафқатсизлик чўккан ниголари билан оломон орасидан дўмпайган чўнтакли кишиларни излаган…
Вагон эшиги олдида мени тўхтатган кузатувчи чиптамни кўздан кечириб “ҳаммаси жойида”, деган маънода бош ирғагач, “чиқаверинг”, деб ичкарига имлаб қўйди. Купега жойлашдим. Поезд жилишидан бироз олдин кўхликкина жувон кириб келди. У билан саломлашгач, жойлашишига қарашиб юбордим. Поезд жўнади…
Жувон менинг кўзимга жуда иссиқ кўринар, аммо уни қаерда кўрганимни эслай олмасдим. Анча вақт жим кетдик. Ниҳоят сукунат жонимга тегиб гап бошлашга журъат қилдим.
— Ҳа, янга меҳмонга кетяпсизми, худо ҳoxлaca қайси томонларга?
Жувон менга қараб тургани билан хаёли бошқа ёқда экан шекилли, — Нима дедингиз, — дея саволни такрорлашга мажбур қилди. Сунг:
— Уйга қайтаяпман. Даволанишга келгандим, — деди оҳиста. Шундан кейин ҳангомамиз жўнашиб кетди. Гап айланиб келиб, ҳамроҳим мендан қаёққа кетаётганимни сўради.
Марҳум дўстимнинг оиласидагилар билан кўришгани, унинг қабрини йўқлагани, яна бир омонатни топширгани йўлга чиққанимни айтдим унга. Шундан сўнг суҳбат совиди. Иккимиз ҳам жимиб қолдик. Мен купе ойнасидан ташқарига термулиб, хаёлга чўмдим…
* * *
Шунқор билан университетда танишган эдим. Икки йил битта ётоқхонада, битта ҳужрада бирга яшадик. У камгап эди. Аммо мутолаага жон-жаҳди билан шўнғирди.
Ўқишни тугаллагандан сўнг Шунқор билан бир-биримизнинг уйимизга бориб, оила аъзоларимиз билан танишишни ният қилгандик. Аммо тақдир ёзуғи мени унинг оиласи билан ўқишни тугатмасдан олдин, Шунқорнинг жанозасида танишишга мажбур қилди…
Бу хаёллардан кўнглим бузилди. Кўзларимга қалқиган ёшни енгим билан артиб, жувонга яқинда талабалар шаҳарчасига бориб, ўзим яшаган ҳужрани топширганим. Ҳали мендан сўнг ҳеч ким кириб жойлашмаган бу хонадаги қолган-қутган нарсаларимни йиғиштириб туриб, иссиқлик батарекаси орқасига беркитиб қўйилган дафтарга кўзим тушиб қолгани, олиб варақласам Шунқорнинг хотира дафтари бўлиб чиққанини айтдим.
— Шунча йил бирга яшаб унинг дафтар тутишини билмасдим. Иссиқлик батарекаси ортида сақлаган экан. У ер-бу ерларини варақлаб кўрган бўлсам ҳам, “бировнинг асрор дафтарини рухсатсиз титкилаш нотўғри”, деган хаёлда ўқиганим йўқ.
Гапларимдан жувон жимиб қолди.
Кўз олдимга дўстимнинг жилмайиб турган чеҳраси келдию бўғзимга йиғи тиқилди, ўзимни ҳар қанча тутишга уринмай, ҳўнграб йиғлагим келаверди. Жувон олдида йиғлашни эп кўрмай, тамбурга чиқиб кетдим. Поезд шовқини, ғилдираклар тарақ-туриқи менинг йиғимни босиб кетди.
Шунқор менга ўтган йиллар давомида жудаям яқин бўлиб кетган экан. Барча хомсут эмган бандалар қатори буни ундан айрилганда билибман…
Ўзим йиғлаб, ўзим овуниб купега қайтдим. Ажаб, менга ҳамроҳ бўлган жувон ўзини тутолмай, ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Аввалига довдираб қолдиму, кейин ўзимни қўлга олиб:
– Бирор гап бўлдими Янга, нега йиғлаяпсиз, – деб саволга тутдим.
У жавоб қилмади. Унга яқинроқ бориш учун бир қадам ташладиму оёқлари остида ётган Шунқорнинг дафтарига кўзим тушди…
Чаққон эгилиб дафтарни олар эканман, ундан деярли қичқириб сўрадим: – Янга, сиз Шунқорни танийсизми?
Жувон бошини кўтармай, йиғи аралаш «Мен унинг хотини эдим», дедию аввалгидан баттарроқ тарзда йиғисида давом этди.
Шундагина менинг ёдимга Шунқор кўрсатган сурат тушди. Ўша суратда мана шу жувон Шунқор билан бирга эди. Мен унинг кўзимга бошида нега бунчалик иссиқ кўринганини энди англадим. У ҳамон йиғлар, мен нима деб таскин беришимни билмасдим …
Яна тамбурга чиқиб кетдим. Олис-олисларга анча вақт маънисиз термулиб турдим, сўнг қўлимда чангаллаб турган дафтар ёдимга тушди. “Ўзганинг асрор дафтари” ҳақидаги андишамни бир четга йиғиштириб, дафтарни текислаб биринчи варағидан ўқий бошладим…
* * *
“Мактабни битириб ўқишга киролмаганимдан сўнг аксига олиб, армияга ҳам олишмади. Шу вақтгача бекорчининг куни ўтиши қийин бўлишини билмагандим. Аввал эрталаб туриб шошиб-пишиб чой ичганча мактабга жўнардим. Бекор вақт деярли бўлмасди. Ўша пайтда шу қадар зерикиб кетаманки, ўзимни қўярга жой тополмайман.
Бунинг устига отам икки гапининг бирида ўқишга кира олмаганимни таъна қилишини қўймайди. Таъна одамни эзиб юборар экан. Ҳолат шу даражага етдики, отам “мунча ҳаражат қилдим, куйдирдинг” деб гап бошласа юрагим сиқилиб, томоғимга нимадир тиқиладиган бўлди. Энг алам қиладигани эса отамга гап қайтаролмаслигим эди. Қандай ҳам гап қайтарай, айтилаётган таъналарнинг бари рост гаплар. Отамнинг ўқишга жўнатаман, деб амакимдан қарз олгани ҳам, бундан хабар топган янгамнинг жанжал кўтаргани ҳам, шундан сўнг отам онамнинг никоҳ узугини сотиб, амакимнинг пулини қайтаргани ҳам-ҳаммаси рост. Таъна-дашномларга чидаб-чидаб бир йилни ўтказдим. Аламимни фақат китобдан олардим…
Имтиҳонларини кўнгилдагидек топшириб, отам олдида юзим ёруғ бўлди. Ҳужжатларимни топшираётиб бир йигит билан танишдим, ижарага жойни ҳам бирга олдик. Кўп гапиришини айтмаганда дуруст йигит. Бир камчилиги баъзи нарсаларни кўриб-билиб туриб ҳам мулоҳаза қилолмайди».
Шунқорнинг менга берган таърифи бир оз ғашимни келтирди. Лекин мен ҳақимдаги гаплар шу билан тугаган, кейинги жумлалар бошқачароқ тарзда давом этган эди.
“Охирги вақтларда уйга фақат пул учун бораяпман. Отам топиб берган пуллар қарз ҳисобига келишини сезсам-да, сезмаганга олишга мажбурман. Отам-да сездирмасликка ҳаракат қилади. Барибир ҳар гал пулим тугаганда яна без бўлиб пул учун уйга боришини канда қилмайман. Кейинги пайтларда отам кўп ҳаражат қиласан, дегандай шама қила бошлади. Аслида унчалик катта харажат қилаётганим йўқ. Уйдан олган пулга ётокхонадаги ярмигача захлаб кетган, ҳожатхонага қўшни бўлгани учун ҳамиша бурунни жийиришга мажбур қиладиган ҳид анқиб ётган хонада фақат бир ой буханка нон чайнашим мумкинлигини отам билмайди… ”
Ёзувни охиригача ўқий олмадим. Унинг отаси яна кўп нарсаларни билмасди. Шунқорнинг мардикор бозорига чиқишини ҳам, арзимаган пул учун дуч келган ишни қилишини ҳам, баъзи пайтлари пул ўрнига калтак еб, ярим тунда шаҳарнинг нарги бурчидан пиёда оч-наҳор ётоқхонага қайтишини ҳам.
Сезишимча, у буларни отасига айтишга ор қилмасди. Бу гапларни эшитган отасининг эзилишдан қўрқарди, холос. Яна дафтарни варақладим. Шунқор равон ҳарфлар билан ўз ёзувларини давом эттирган эди.
«Биринчи курсни тугалладим. Аммо сессияни ҳаммадан сўнг зўрға ёпдим. Ўзи шунақа, «калла» билан баҳо олмоқчи бўлсанг ҳафталаб сабр қиласан. Агар сабринг чидамаса марҳамат, xохлacaнг «танка» суриб зачёт ол, истасанг отангнинг бебилиска пулини домланинг чунтагига тиқ. Бу тариқа иш тутсанг, бир ойга чўзиладиган сессия бир кунда тугайди.
Ҳеч нарсани билмайсан деб, дарсга келмаганлигинг ҳақида деканатга рапорт бериб, сени ўқишдан ҳайдатмоқчи бўлиб турган домла, “Аслида зеҳнинг ўткир, фақат ўқимайсан. Майли, бу гал ишонаман. Кейинги гал яхшилаб ўқирсан”, деб кўз қисганча синов дафтарига отнинг калласидай «беш»ни қўйиб эшикка қадар кузатиб қуяди.
Менда эса «танка» ҳам, бебилиска пул ҳам йўқ. Лекин худога шукурки, сабр бор, мўлтираб қарагани кўз бор, ялингани тил бор. Ана шунақа вақтларда «Ҳаёт эгилмайдиган бўйинни эгишни, ялинмайдиган тилни ялинтиришни яхши кўради» деган нақлга минг бор иқрор бўласан…”
Шунқорнинг ёзуви шу ерда узилганди. Янги варақни очиб давомини изладим. У университет мавзусини давом этиришни истамаган булса керак, таътилдаги воқеаларни ёзибди. Энди ўқишга тутинган эдим ҳамки тамбурга бир йигит билан бир қиз чиқиб келишди. Ҳаёлларимни тўзғитиб бир пас валақлашишди, сўнг менга қараб-қараб яна ичкарига кириб кетишди. Мен яна мутолаага тутиндим.
“Бугун кечки овқатдан сўнг отам: “Улим ўқишингди бошланишига оз қолдиёв, ертага бозорга бориб сенга кийим қиламиз”, деб қолди”.
Ўзим ҳам шу гапларни кутиб турган эдим, суюниб кетдим. Эрталаб бозорга жўнадик.
Биз томонларда ҳафтасига бир марта бозор бўларди. Бу бозор шаҳардаги бозор билан осмон билан ерча фарқ қилади. Биринчидан, бизнинг бозорларга ҳеч ким ясан тусан қилиб келмайди. Иккинчидан, шаҳар бозорларидагидек расталар йўқ. Учинчидан, қишда лой, ёзда тупроқ кечиб савдо қиласан. Тўртинчидан, ҳеч қачон сифатли мол тополмайсан. Бешинчидан…, олтинчидан…, еттинчидан…
Бозорга кирганимиздан сўнг отам, “Жур, кастим сотадиган таниш бор ўшанга учрашайликчи”, деб бозорнинг қибла томонида қатор тизилган юк мошинаю тележкалар томон бошлади. У ерда қўшни қишлоқлик Олломурот савдогар қўли-қўлига тегмай савдо қиларди. Отам унга етмасдан, баланд овоз билан, “Ҳей қиззиғорди Олломуроти, бизнинг жигитга жарашатоғон кастим-пастимининг борми”, деб уни ўзига қаратди. Олломурот бизга қараб тиржайди, отам билан тенгқур шекилли, “Опкелганинг битта жигит ваҳиманг журтти бузадией. А баччағарди ўнтасини олиб келмайсанми, мен куёв жигитдай кийинтириб қўйманми”, деди сенсираб.
Шу тариқа иккови ҳазил-ҳузил қилиб сўрашдилар. Олломурот савдогар гап орасида, “Ҳей ойна[1], қишлоғингдаги Йўлдош сенинг жўрангми?”, деб қолди. Отам бош ирғагач, “Менга қара ойна, биздинг ул ер жетди, шу Йўлдошнинг қизиға овуз солсамма деб туриппан, бир уйинга ўтайин шу савоб иш, сенам бош қўш чироғим”, деди. Негадир отамнинг авзойи ўзгарди. “Сен нокаснинг орангга тушиб нима обрў топардим, бошимни қотирмай латталарингни кўрсат”, деди кескин оҳангда. Бу гап Олломурот савдогарга бир айл ботти-ёв, рангги ўзгариб томоқ қирди. Лекин савдосини ўйладими, “Бўпти”, деб зарда қилганча осиб қўйган костюмларга ўгирилди.
Костюмларнинг бирортаси менга ёқмади. Отам тўғри келган костюмни олиб менга кийишни буюрди. Кийганимнинг елкаси тор, енгги бир оз узун, астарлари шалвираб тушган эди. Отам мени айлантириб кўргач нархини сўради. Отамга костюм ёқмаганини айтдим. Менга бир ўқрайдию, “Бўлмаса қайссисини оласан”, деди. Бу гапни бошқасини танла деган маънода тушиниб, бошқа костюм танладим. Аммо нархини эшитиб отамнинг пешонаси тиришди, “Бунинг пулига сен тугул укаларинггаям иккитадан кастм олса бўлади”, деди у қошларини чимириб. Хуллас ўша биринчи кийган костюмни олдик …
Навбат туфли олишга келди. Отам ўзига маъқул туфлини ушлаганча савдолаша бошлади. Ич-ичимдан «илоҳим савдо пишмасин» деб турдим. Бироқ айтганим бўлмади.
Ота бошқасини олайлик менга ёқмади, — дея юрак ютиб эътироз билдирдим. Отам менга яна ўқрайиб, «Ёқадиганини энангникидан топиб берайма», деганча пул санашга тушди …
Одатда бозорга тушиб кийим қилган киши шод қайтади. Мен эса айни дамда ўшанақа одамга ҳавас қилардим …
Энам кайфиятимни сездими ёки олган нарсалар унга ҳам ёқмадими, «Ҳай отаси улимиз йиғлагудай бўп ўтирипти, оберганга яраша ўзи ҳоҳаганини обермайсизма», деб гап бошлаган эди. Отам жеркиб ташлади. «Оберганимга нима қипти, қаери кам. Сен ўзи бир нарсани ўйлайсанма. Битта буни кийинтириб қолганини нима қиламан, ё уларди кўчадан топиб олганманми».
«Ҳов-в, отасиёв, у нима деганингиз, буни кийинтирса арзийди. Шаҳарда юради, ер етган жигит бўп қолди. Энди бунингам ҳоҳиши билан ҳисоблашмасангиз бўмайди-да».
Онамнинг ақл ўргатиши отамни баттар тутатди: «Ҳей мулланинг қистолоқ қизи, менга ақл ўргатиб дангкийма. Аёл зотидон ақл олган куним шу калламни тошга уриб ёраман».
Онам муросага келгандай бироз паст тушиб, хомсиқди: «Отам мулло бўлганига гуноҳкорми, экки гапнинг бирида шуни гапирас. Бола билан ҳам мундай ҳисоблашинг, бу туришда охири яхши бўлмайди».
Отам баттар ловуллади: «Тур йўқол, питна, нуқул бир нарсани кавлаб жанжал бошлайсан. Эсингда бўлсин сен биланам, боланг биланам ҳисоблашмайман. Чунки мен сенинг эринг, болангнинг отасиман, вассалом. Энангни емгур бор овқатингни суз».
Шу билан энам қозон бошига, мен ташқарига чиқиб кетдик…»
Поезд силкиниб тўхтади. Ўқишга берилиб кетганимдан кичикроқ станцияга келиб қолганимизни сезмабман. Чиқиб тушаётганларга ҳалал бермаслик учун ўзимни четга олдим. Купега киргим келмади, кўп ўтмай поезд қўзғалди. Мен яна уз жойимни эгаллаб мутолаага берилдим.
«Кечки овқатдан сўнг ёнимга укам келиб отам чақираётганини айтди. Кайфиятимни билинтирмасликга уриниб отамнинг олдига чиқдим. У киши менга ўтиришни буюриб, гап бошлади: «Ўқишингнинг ҳам эккинчи курси бошланаяпти. Ҳа демай, қолган курсларниям тугатасан. Сени уйлантирмоқчимон. Бир ойдан сўнг унаштириб қўяман. Эккинчи курсни тугатганингдан сўнг келинди тушириб оламиз. Келин Йўлдошнинг қизи бўлади, хоҳласанг бориб кўр».
Отам гапини тyгаллаб менга тикилди. Бу тикилишда “розимисан” деган савол аломати эмас, балки билмасанг билиб қўй, деган маъно устунроқ эди.
Шу вақтгача отамнинг имо-ишораларидан уйланиш масаласи кўтарилиши аниқ бўлиб қолганлигини сезардим. Аммо бу тариқа «мажбурий-ихтиёрий» шарт қўйилишини кутмагандим. Отамга нима дейишни билмай қолдим. Афтидан отам топган қиз менга ёқадими-йўқми бу билан қизиқишни истамаяпти, демак ҳамма иш ҳал этилгану мен шунчаки oгoҳ этиб қўйилаяпман холос. Бозорда бекорга авзойи бузилмаган эканда.
Юзига фотиҳа тортиб эшикдан чиқиб кетаётган отамнинг ортидан алам билан тикилиб қолар эканман, кузим эшик ёнида турган бозор сумкасига тушди. Сумканинг оғзидан отам олиб берган туфлининг беўхшов тумшуғи мунғайиб чиқиб турарди…
Бировнинг қизини бебахт қилиб қўймайманми, у билан яхши яшаб кетоламанми, деган уйдан анча вақт ўзимга келолмай юрдим».
Ёзув шу билан тугаб янги вараққа кўчган эди. Мен эса Шунқорнинг ўша вақтдаги ҳолатини эслаб кетдим. Ўшанда у жуда кўп нарсаларни унутди, лекциялар қулоғига кирмас, фикри ҳеч қачон бир жойга жамланмас эди. Қишки таътилдан сўнг у жуда хафа кайфият билан келди. Нима гаплигини сўраганимда ҳар галгидек қўл силтаб индамай ўзини каравотига ташлади. Мен ўша вақтдаги жавобсиз қолган саволимга дафтарнинг янги варағидаги ёзувлардан жавоб олдим.
«Қишки таътил бошланиб, уйга қайтдим. Остона ҳатлаб эшитган биринчи гапим, «Келин томон куёвни чақирибди. Иккови бир-бирини кўриши керак экан», деган гап бўлди.
Унаштиришганига бир қанча вақт бўлгандан сўнг мен келин билан учрашувга жўнадим. Бўлажак қайлиғимни илк кўрганимдаёқ ҳамма хавотирим ўз исботини топди … »
Дафтарни ортиқ ўқишга сабрим чидамади. Шундоғам ҳаммаси эсимда, иккинчи курсни тугатганидан сўнг отаси тўй ҳаракатига тушди. Ёзги таътил тугашига бир ойдан ошиқроқ вақт қолганда тўй бўлиб ўтди. Мен тўйга боролмаган эдим. Лекин Шунқорни ўқишга қайтганидан сўнг албатда табрикладим. У ўшанда менинг табригимни катта мамнуният билан қабул қилмаган, аксинча хўрсиниб қўя қолганди.
Гарчанд уйланганидан кейин биз унга бироз бошқачароқ муомала қиладиган, қизлар эса бўйдоқларга нисбатан ундан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолган бўлса-да, у ҳамон ётоқхонада, ўша ярми захлаб кeтгaн, ҳожатхонага қўшни хонада мен билан бирга яшайверди. Кейинроқ хотинимни олиб келаман деган уй билан оилавий ётоқхонадан жой беришларини сўраб, ётоқхоналар директори ҳузурига ариза кўтариб кирди. Унинг ёнида мен ҳам бор эдим.
— Ҳозирча жой йуқ. Кейинроқ хабар олинг, балки бўлиб қолар.
Директорнинг гапи шу бўлди. Шунқор аризани ахлат челакка ирғитди. Шундан сўнг оилавий туриш учун ижара қидирди. Мен унга бир хонадонни топиб бердим. Ижара ҳаққини келишиб хотинини олиб келиш учун қишлоғига кетдию аммо яна ўзи қайтиб келди. Сабабини сўраганимда отам рухсат бермади деганча чуқур хурсиниб қўя қолди.
Ушанда отаси нега Шунқорга рухсат бермаган экан?
Кўнглимга келган бу савол яна дафтарни ўқишга ундади.
«Меҳр кузда деган гап рост экан. Аста-секин хотиним ҳам, мен ҳам бир-биримизни кам қўмсайдиган, кам ўйлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Хотинимнинг бу жиҳати менга яққол сезилади. Шуларни уйлаб бирга яшасак бир-биримизга кўникиб кетармикинмиз деган хаёлга бордим. Ижарага уй ҳам топиб қишлоққа равона бўлдим. Отамга ниятимни айтганимда, «Ўқишингди тугатаверчи олиб кетиш бир гап бўлар, сенинг хотинингди биз еб қўймаймиз», деб жеркиб берди. Бошқа гапга ҳожат йўқ эди. Индамай ортимга қайтдим.
Инсон ҳар нарсага кўникиб кетади, аслида унинг фожиаси ҳам шунда. Чунки, мана шу кўникиш туфайли у тубанлик ботқоғига ҳам ботиб кетади гоҳо. Мен ўз жуфтимнинг ҳижронига кўникиш билан бирга курсдошим Садоқатнинг ўзим билан тоборо яқинлашиб боришига ҳам кўникмоқда эдим. У менинг уйланганимни биларди. Шунга қарамай муносабатларимиз кундан-кунга чуқур илдиз отди. Энди мен ота-онам, хотиним, қишлоғим, хуллас, ҳеч нарсани ўйламасдим, барчасини унутган эдим. Кунларнинг бирида биз Садоқат билан аудиторияда ёлғиз қолдик…
— Ахир сизнинг хотинингиз бор, — бу гап менга ток ургандек таъсир қилди. Бағримдаги оловни ўзимдан нарига итариб юбордим. Ўзимдан ҳам ундан ҳам нафратланиб кетдим. Қизнинг кўзлари эса ҳайратдан катталашди. У нима гаплигини илғаб етгунча мен аудитория эшигини орқа томонидан ёпиб улгурган эдим…
Ётоқхонага бориб, ўз хонамда шифтга термулганча кечгача ётдим. Қишлокда фариштадай хотиним мен ярамасни кутиб ўтирибдию, мен бўлса… Тамом, эртагаёқ қишлоққа жунайман. Тупурдим ҳаммасига.
Қош қорая бошлаганда, хонага курсдошларим келиб, «Ош қилгандик юринг ҳозир сузамиз», деб ошга таклиф қилишди.
Ҳамон авзойим бузуқлиги учун рад этдим, барибир қўярда қўймай олиб чиқишди. Аммо ошни ейиш насиб қилмади. Кимдир ошни қозони билан гумдон қилибди. Одатий ҳол, бироз ўтиб бўш қозон ошхонадами, эшик тагидами пайдо бўлса ажабмас…»
Шундан кейин бўлиб ўтган воқеалар менга маълум эди. Ўшанда Шунқор бир ҳамқишлоғидан қарз олди. У уйига шошарди. Эҳтимол, хиёнаткор эрини кутиб йўлга кўзларини тикиб ўтирган, аёли олдида бош эгиб, «Мени кечир, кўзимни ғафлат босибди. Менга сендан бошқа ҳеч ким керакмас. Мен энди ҳеч қаерга кетмайман», демоқчи, бу гаплардан унинг юзига югурган бахтиёр табассумни томоша қилмоқчи бўлгандир…
У шунинг учун шошилган, шошилиб автобусга эмас, киракаш машинага ўтирган. Йўлда эса ҳайдовчининг кўзларини уйқу элтганди…
Фалокатни эшитиб уни кўргани касалхонага бордим. У зўрға гапирарди, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб анча гаплашиб ўтирдим.
Суҳбат давомида дўстим вужудига азоб бераётган оғриқларга бир амаллаб чап бериб, менга шундай воқеъани айтиб берди: «Бир куни овчи қўйган қопқонга бўрининг олдинги оёғи тушиб қолибди. Бўри эса ўзи у ёқдан бу ёққа уриб, ғингшиш ўрнига, жимгина оёғини ғажиб узиб ташлабдию уч оёқлаб қонли из қолдирганча йўлида давом этибди. Аммо қисматига ўша куни ўлиш битилган экан, унга рўбарў келган иккинчи қопқон ягона олд оёғини ҳам қисиб қолибди. Жониворнинг иродасини қарангки, такдирга тан беришни истамай бу оёғини ҳам узиб ташлаш учун ғажий бошлабди. Бу вақтда қопқондан хабар олиш учун чиққан овчи унга рўпара келиб, яқинлашгани қўрқиб нарироқдан уни мўлжалга олиб ўқ узибди. Яратганнинг синовини қарангки, бўрининг яна омади келмабди. Ношуд овчи отган ўқ унинг биқинини тешиб ўтган бўлсада ажали етмабди. Бечора бўрининг пешонасига азоб уқубат билан улиш битилган эканми, уни овчи учта ўқ билан ҳам тинчитолмабди. Бошқа ўқи қолмаган овчи эса ноилож милтиқ қўндоғи билан бўрининг бошини мажақлаб ўлдирибди. Шунча азобланиб лоақал бир марта ғингшимагани овчини ҳайратга солган экан. Қишлоғимизда шундан бери “бўри ғингшимайди”, деган гап юради».
Сўзи сўнгида: — Ўша овчи менинг отам бўлган, менга доим «бўри ғингшимайди», бўри бўл, — деб ўргатарди, — деб синиқ жилмайди Шунқор…
Орадан бир неча кун ўтиб, у касалхонада узилди. Узилишидан олдин отасини сўради. Сўнг беҳол шивирлаб бошқаларнинг чиқиб кетишини илтимос қилди. Биз уларни ташқарида анча кутдик. Шунқорнинг амакиси хавотирланиб бир хабар олай деганча палата эшигини очдию беҳол эшикка суянганча туриб қолди. Юрагим шувиллаб кетди. Ичкарига югурдим. Каровотда ётган Шунқорнинг кўзлари отасига тикилганча очиқ қолган, унинг кўзларига тикилган одам ҳаттоки жонсиз кўзлар ҳам нималарнидир ифодалаши мумкинлига амин бўларди.
Дўстимнинг жонсиз кўзларида тубсиз алам ва изтироб кўрдим.
Отаси чўк тушганча унинг юзларини силар, «Шунқоржон, айналай, кўзингни оч болажоним. Ҳеч бўлмаса айтолмаган гапларингни айт. Мени ўз ёғимга қовуриб кетма, болам», деганча Шунқорнинг қўлларини юзига босиб фарёд қиларди…
Палатага кириб келган врач эса унинг узилганини айтиб отани тинчлантиришга уринди.
Мен ўшанда оталарнинг фарзандларини худбинларча севишларига гувоҳ бўлганман…
Укаси олиб келган машинага Шунқорнинг жасадини отасининг ўзи опичлаганча кўтариб чиқди. Бутун йўл давомида уни қучоғидан бўшатмай жимгина кетди. Фақат қишлоққа яқинлашгандагина уйқудан уйғoнгандай алланечук алпозда ўғлининг чеҳрасига тикилиб қолди. Оғир бир хўрсиниш олган отанинг лабларидан, алам ва яна аллақандай мамнунлик аралаш сўзлар учди, «Худойга шукур, шармисорликни кўрмай кетдинг, Шунқорим…»
Унинг нимага бундай деганини тушунмадим. Аммо тазияда Шунқорнинг хотини кўринмади…
Жанозага курсдошларимизнинг барчаси боришди…
Қайтганимиздан сўнг Садоқатнинг жудаям чўкиб қолганига эътибор қилдим. У узукун хаёл сурарди. Бир ҳафтада бутунлай озиб кетди, дарсларга ҳам келмай қўйди. Кейинроқ суриштириб билсак андижонга кетиб қолибди.
Шу-шу Садоқат қайтиб келмади…
Дафтарни барибир тўлиқ ўқигим келмади. “Ўзганинг асрор дафтари” ҳақидаги фикрларим охир-оқибат яна ғолиб кела бошлади. Энг сўнги варағини очдим холос. Бу саҳифада «Фарзандинг гўдаклик чоғида уни подшоҳ, ўзингни қул ўрнида, у ўнг билан чапни ажратгандан сўнг уни қул, ўзингни подшоҳ ўрнида кўр. Аржумандинг балоғатга етгандан сўнг дўстинг қатори муомала қил», деган ҳадис ёзилган экан.
Купега қайтдим, кирганимда унинг хотини ҳамон йиғлаб ўтирарди. Дафтарни унга беришга аҳд қилиб, олдига қўйдим. Бир муддат сукунат чўкди. Сўнгра янганинг овози осойшталикни бузди.
— Бизни оталаримиз бебахт қилди. Биз бир-биримизни яхши кўрмасдик. Отам норозилигимга ҳам қарамай мени у кишига никоҳлаб берди. Аслида бу никоҳдан иккимизнинг ҳам кўнглимиз тўлмаган. Биз гўёки бегоналардек яшадик. Яхши кўргани борлигини билардим. Унга тегмасдан олдин мен ҳам бошқа йигит билан севишардим. Ҳеч бўлмаса доим бирга бўлганимизда ҳам бир-биримизга кўникиб кетармидик …
Бироқ бундай булмади у ойлаб келмасди. Охир-оқибат бу айрилиқ мени хиёнатга бошлади. Мен ахмоқ жуфтингга қилган хиёнатинг тангрига қилган хиёнат эканлигини бошим тошга теккандан сўнг билдим. Шунқор аканинг ўлимидан икки кун олдин мени хиёнат билан ушлаб олиб ҳайдаб юборишган эди. Нима қилайки кўз очиб кўрганимни сўнгги йўлга ҳам кузатолмадим, — у ҳиқиллаб ортиқ гапиролмай қолди.
Бу гап менинг барча ғайратимни, куч-қувватимни парчалаб ташлади. Хаёлимда “Ахмоқ бўлиб қаёққа кетаяпман ўзи”, деган савол пайдо бўлди. Кейин эса, қаршимдаги аёлдан нафратланиб кетдим. Ортиқ унинг юзига қарагим келмай ўрнимдан туриб купедан чиқдим. Кўзларимга эса шашқатор ёш қуйилар, ўзимга-ўзим сўзланиб йиғлардим: “Шунқорни шулар ўлдирган экан. Анаву худбин отаси, мана бу шаҳватини тия олмаган алвасти.
Шулар…
Ҳаммаси шулар…
Кўкси қорайган оталар, фарзандини молчалик кўрмаслар…
Ҳозир поезд биринчи тўхтаган станцияда тушаманда, орқамга қайтаман. Булардан жирканиш керак. Жирканиш”.
Кўп ўтмай поезд бир станцияда тўхтади. Анаву хотинни яна кўргим келмагани учун купеда қолган нарсаларимни ҳам олмасдан тушиб қолдим. Поезд жўнади. Уфқда эса қон рангли қуёш ботарди. Унинг тоборо заифлашиб бораётган нурлари сўнишни истамагандек дарахтларнинг учларига, биноларнинг томларига чирмашиб турарди…
______________
[1] Ойна — Шевада ука маъносида