Зуҳриддин Исомиддинов. Сув нафақат тириклик манбаи, балки ҳаётнинг энг улуғ мўжизасидир

Одамнинг фикр-ўйи, нияти ва қилмишлари пок бўлиши учун унинг халқуми тоза бўлиши керак, дейдилар. Халқум покланиши учун эса сув покиза бўлсин. Соғлиғимиз ҳам, умримизнинг узоқ бўлиши ҳам, аввало, ичар сувимизнинг сифатига боғлиқ.

Дин одам тупроқдан яратилган, деб айтади. Аммо қуруқ тупроқдан эмас, лойдан, албатта. Зеро, Аллоҳ таоло “…барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” деб айтади (Анбиё сураси, 30-оят). Рабғўзийнинг ёзишича, Аллоҳ Одам ато лойини қориб, устига ўтиз тўққиз йил аччиқ ва шўр бир йил эса чучук ёмғир ёғдирган экан (шунинг учун ҳам инсон ҳаётининг кўпи ғамли, озроғи қувончли бўларкан). Қирқ йил ёққан ёмғирдан баданимиз сувга хўп бўккан кўринади — инсон танасининг 65-66 фоизи, унинг энг олий узви бўлмиш бош миянинг эса 80-82 фои­зи сувдан иборат.

Танамизнинг учдан икки қисми сув бўлса, демак биз аввало сув эканмиз-да! Боз, одам ва умуман барча тирик организм истеъмол қилиб ютадиган озуқанинг ҳам саксон-тўқсон фоизи сувдан иборат бўлади.

Одамнинг фикр-ўйи, нияти ва қилмишлари пок бўлиши учун унинг халқуми тоза бўлиши керак, дейдилар. Халқум покланиши учун эса сув покиза бўлсин. Соғлиғимиз ҳам, умримизнинг узоқ бўлиши ҳам, аввало, ичар сувимизнинг сифатига боғлиқ. Ибн Синодан тортиб жами табиблар сувга алоҳида эътибор берган: ранг-туси, тузи, таъми, ҳиди, дарё сувими ёки қудуқ суви, ҳовузнинг, ариқнинг катта-кичиклигига қадар бирма-бир тафсиллашган.

Ҳаммага аёнки, сув қаттиқ (муз), суюқ (сув) ва газ (буғ) ҳолатида бўлади. Булар физикага тегишли. Аммо бундан ташқари, ҳар қандай сув ё тирик, ё ўлик ҳолда бўлади; ўлик сувнинг хоссаси билан тирик сувнинг хусусияти бошқа-бошқа. Уларнинг таъми ҳам бўлакча. Хўш, тирик сув нимаю ўлик сув нима?

Осмондан ёққан қор-ёмғир, ҳавонинг тунда совушидан пайдо бўлган шабнаму қиров, музликларнинг эриб сув ҳолига келаётган, дарё-сойларда оқаётган ҳолати — тирик сув, қизиган, қайнаган, ё қайнаб буғга айланаётган сув — ўлик сувдир. Табиатдаги сув айланиш тсиклида ушбу биологик ҳолатлар мудом алмашиниб туради: денгизу кўллардаги сув қизиб, аста-секин ўлик сувга айлана боради, унинг бир қисми буғланиш туфайли осмонга кўтарилиб, булут бўлади, қор-ёмғир бўлиб ерга ёғади — яна тирик сувга айланади. Демак, буғ-булутнинг атмосферада совиш орқали тўйиниши (унинг оқибатида буғ сув-қор бўлиб яна ерга қайтиб тушади) табиатдаги энг мўъжизали ва мўжизакор ҳодиса — тириклик ана шу ҳодисадан бошланади, у туфайлигина давом этади.

Айтишларича, ҳар битта томчи ёмғир ва қор заррасини осмондан ерга бир фаришта олиб тушар экан. Шунинг учун ҳам қор ва ёмғир “оби раҳмат”, яъни Аллоҳнинг раҳмат ёғдирган суви дейилади. Фаришталар сони шунчалик кўп эмишки, Ер юзи яралганда ёққан биринчи ёмғирнинг дастлабки томчисини олиб тушган фариштага иккинчи бир бор навбат келиши қиёматгача душвор экан. Тасаввур қилинг — Курраи замин яралганидан бошлаб охиратга қадар ҳар йили барча қитъаю уммонларга ёғадиган беҳисоб ёмғир, қор, дўл донасининг миқдорини! Айтайлик, бирон гектар жойга беш-ўн дақиқа ёмғир ёғиб ўтадиган бўлса ҳам, аниқки, шу жойга шунча вақт ичида миллиардлаб томчи ёмғир тушади. Бу нақл фаришталар кўплигини кўрсатиш учун айтилган албатта, аммо бошқа бир ҳақиқат ҳам бор: осмондан тушган ҳар бир томчи ё зарра — ҳаётбахш тирик сув, тириклик суви, бу бир Яратганнинг мўъжизаси. Тирик сув шоирлар обиҳаёт деб таърифлайдиган, илк баҳорда дарёларда шовуш ҳосил қилиб тўлиб-тошиб, ан­ҳорларда пишқириб, бўтана бўлиб оқадиган, жами дов-дарахт ва ўт-алафнинг томирига жон суви бўлиб етиб борадиган сувдир.

Тўғри, ўлик сувни ҳам ичса бўлади, экин суғориш мумкин, аммо таъсири тирик сув каби эмас. Ўлик сув, нари борса, кимёвий тилда айтсак Ҳ2О, холос. Жами ўсимлик ва дов-дарахтларнинг ҳаёти тирик сув билан боғлиқ: ер юзида ҳаёт пайдо бўлганидан бери тоғлар, ўрмонлар, яйловларга ёмғиру қор — тирик сув ёғади. Жон-жониворлар ҳам тирик сувни ичади.

Илгари одамларнинг энг кўп ичадигани ҳам чой ёки кофе эмас, сув эди (чойнинг юртимизга кириб келганига ҳали икки аср ҳам бўлмаган). Ариқ, сой ва дарёдан, улар йўқ жойда эса булоқ, қудуқ, кориз каби ер ости сувидан ичимлик сифатида фойдаланилган. Буларнинг барчаси ёғин сифатида тоғлар, чўллар ва текисликларга тушган тирик сув эди. Тоғлардан келган сойлар оқсув, булоқлардан ҳосил бўлган дарёлар қорасув деб аталган. Тирик сув организм учун фойдали, аммо ўлик сув аксар одамларга тўғри келмайди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун бир мисол кифоя: нозиктаъб, закий одамлар илгари бир қайнаган сувни яна қайнатиб чой дамлашни ёқтирмайди, чунки бу чойнинг таъми айниган, бемаза. Шунинг учун ҳар гал чой сувини янгилаймиз; ўлик сувни тўкиб ташлаб, қумғонга тирик сув қуямиз. Табибларнинг айтишича, нафақат ичиш, балки чўмилиш учун ҳам тирик сув дуруст. Чунончи, ёз чилласида томир кенгайиши туфайли бўшашиб, лоҳас бўлган одам фақат оқар сувда чўмилса, тетиклашиб, ўзига келади.

Аммо ҳозир кўп йирик шаҳарлар (қишлоқларнинг ҳам) аҳолиси тобора чала ўлик сувни истеъмол қилишга мажбур бўлаётир. Экин-тикин, чорва ҳам кўпроқ чала ўлик сувни ичади. Бундай сув бизга сув омборларидан келади.

Катта шаҳарлар дарёлар ёқасида, ирригатсион қулай масканда бино бўлган. Тошкент — Чирчиқ дарёси бўйида қад ростлаган, Самарқанд — Сиёбдан сув ичган ва ҳоказо. Уларга тоғ ирмоқларидан ҳосил бўлган дарёлардан тирик сув оқиб келган. Шаҳар ўз истеъмоли учун керакли сувни олган, дарё ўз ўзанида яна оқиб кетаверган.

Эндиликда кўп шаҳарлар елкасида сув омбори қурилган. Тошкент шарқида Чорвоқ сув омбори, Андижон кунчиқарида Кампирравот, Ўш жанубида Попон сув омбори…

Аксар сув омборларининг сатҳи саёз, яъни тўпланган сув кенг майдонда ёйилиб ётади. Чунки бу сув ҳавзалари чуқур эмас — бирон даранинг торроқ жойи­га тўғон солиниб, дарё ўзанидан табиий чуқурлик сифатида фойдаланилади. Ўзбекистондаги энг катта Туямў­йин сув омборида қарийб саккиз миллиард куб метр сув сақланади (бу тўртта Андижон ёки тўртта Чорвоқ сув омборидаги сувга тенг дегани), аммо тўғонининг баландлиги бор-йўғи 28 метр. Бошқа аксар сув омборларидаги ҳолат ҳам шунга яқин. Саёз жойда тўпланган жуда кўп сув Туроннинг қайноқ қуёши остида қизийди, ойлар давомида бир жойда ҳаракатсиз, тинч туриши туфайли биологик фаоллиги пасайиб, айнийди. Аҳён-аҳёнда ундан кўпроқ сув оқизиб юбориладиган бўлса, теваракни кўлмак сувнинг ёқимсиз ҳиди тутиб кетиши ҳам шундан. Ҳар мавсумда сув омборларида тирик жоннинг саломатлиги учун зарарли жуда кўп сув захираси тўпланиб қолади. Шаҳарнинг сувқувур тармоқлари аҳоли учун сувни ана шу улкан тарелкалардан — неча юз миллион куб метрлаб сув турғун сақланадиган сув омборларидан (ёки улардан дарёнинг қуйи ўзанига ташланадиган сувдан) олади. Биз гарчи зарарсизлантириш ва тозалаш-филтрлаш иншоотларидан ўтган бўлса-да, таъми айниган, узоқ муддат давомида ҳаракатсиз турган, саёз ҳавзаларда мудом қизиб-совугани боис, тириклик хоссасини анчагина йўқотган, ўликликка мо­йил — тириклик хосиятини деярли йўқотган шу сувни ичамиз, овқат пиширамиз. Тўғри, бу сув тип-тиниқ, аммо бу унинг экологик тоза эканлигини кўрсатмайди. Фақат дарё ва табиий кўл сувигина ўз тириклик хусусиятини яхши сақлайди.

Тошкент сувининг таъми ҳатто Марказий Осиёдаги кўп жойларникидан яхши. Чойи ширин. Чунки Тошкент қайноқ чўллар оралаб етиб келадиган дарёлардан эмас, шаҳарнинг шундоқ елкасидаги Чотқол, Угом, Писком, Кўксув тизмаларидан пайдо бўладиган Чирчиқ дарёсидан сув ичиб келган. Ҳозир эса Тошкент шаҳри Чорвоқ сув омборидан оқиб чиқадиган Бўзсув канали сувини тозалаб ичади. Тўғри, сув тиндирилади, филтрланади, тозаланади… Аммо пок бўлиб қоладими? Кимёвий жиҳатдан балким “тоза”дир, аммо маънавий жиҳатдан-чи? Сув етти юмаласа ҳалол дейдилар. Тўғри, аммо гап бу “юмалаётган”, яъни оқар сув ҳақида айтилган. Чунки оқар сув тозаришга мойил бўлади, уни нопок қиладиган жисмлар сув йўлида қолиб кетаверади. Лекин… ҳамиша ҳам шундайми? Бизнингча, сувда ифлослантирадиган, макруҳ қиладиган бирон нопок нарса ётганини кўрсагу, олиб ташламасак, сув ҳар қанча юмаласа ҳам ҳалол бўлмайди.

Бинобарин, биз ичимлик суви деб берилаётган сувнинг ҳам тиббий, ҳам маънан жуда пок бўлишини талаб қилишга ҳақли бўла борамиз. Бу талабни қондириш учун юртимизда сув манбаларини покиза асрашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Мутахассисларнинг айтишича, сувнинг ранги, таъми ва ҳиди унинг таркибида қанақа микрофлора ҳамда микрофауна (микроскопик ўсимлик ва жониворлар) кўпроқ тарқалганлигига боғлиқ. Чиндан ҳам, дарё сувидан бир томчи олиб, микроскоп орқали кузатсангиз, шу бир қатра сувда ўнга яқин турли сув ўтлари ўсиб турганига ва ўнлаб антиқа жониворлар яшаётганига ишонч ҳосил қиласиз (сув қизиганида буларнинг барчаси ҳалок бўлади. Қайнаган сувнинг “ўлик” деб, муздан тушиб, яна ҳаёт кечириш учун яроқли ҳолга келган сувнинг “тирик” деб аталишига сабаб, эҳтимол, шудир?).

Одамлар “фалон дарёнинг суви ширин, анов сойнинг суви бадхўр” деган гапларни бекорга айтмайди. Чунки ҳар бир ариқ ё анҳор бўлак ердан оқиб ўтади, шунга қараб туз, ёд… нисбатига эга бўлади, микрофлора ва микрофаунаси ҳам ўзгача бўлади. Демак, синчиклаб текширилса, Чирчиқ дарёсини ҳосил этадиган Чотқол, Угом, Писком, Оқсув каби сойлар суви ҳам бир-биридан оздир-кўпдир, фарқ қилишини аниқлаш мумкин. Бунда улардан қай бирининг таркиби истеъмол учун энг мақбуллигини белгилаш қийин эмас.

Бизнинг таклифимиз — гидролог ва биолог олимлар, тиббиёт ходимлари хулосалари асосида истеъмол учун энг мақбул бўлган дарё сувини аниқлаб, уни Тошкент шаҳри яқинидаги тиндиргичга етказиб бериш дурустлигини ҳал этиш мумкин эмасми? Сўнг шу дарёнинг бош ирмоғидан этагига қадар бутун гидрографик муҳит яхшиланиши — чорва молларидан иҳоталаниб, табиий биосфера муҳити тикланиши, ва, ниҳоят, шу манбанинг суви қувурларга олиниб, бошқа сувларга қўшилмаган ҳолда Тошкент водопроводига сув олинадиган ер ости сизгичларига ёпиқ ҳолда етказилса. Албатта, бунинг учун техник ва иқтисодий жиҳатдан ечими топилса, бу қувур металл эмас, керамика бўлиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу… хийла катта маблағни ташкил этади-ку, дейишлари мумкин.

Ичимлик сувнинг тозалиги туфайли эришиладиган саломатлик ва ундан келадиган иқтисодий-ижтимоий манфаат эса ҳазилакам бўлмайди!

Биров бир валидан «Сиз авлиё бўлсангиз, мўъжиза кўрсатинг, биз ишонайлик» деса, вали уни қўлидан ушлаб, “Атрофинга қара, мўъжиза бўлмаган нарсани менга кўрсат” деган экан. Ҳа, Аллоҳ шу муаззам дунёни бошдан-оёқ мўъжиза қилиб яратган. Аммо улар ичида ҳам энг табарруги — сув…

Ўзбеклар сувни ”ҳаётий муҳим модда ё “ресурс” деб эмас, улуғ қадрият деб эъзозлайди. Уволидан қўрқади. Зеро, сув нондай, балки нондан ҳам азиз, муқаддас бир неъмат. Ҳатто ҳар бир мўъминнинг сўнгги насибаси ҳам оғзига томизиладиган бир неча томчи сув… Уни пок сақлаш ҳар бир инсофли одамнинг, ҳар бир мусулмоннинг ва ҳар бир фидойи ўзбекнинг виждон ишига айланиши лозим.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).