Зуҳриддин Исомиддинов. “Донишмандлардан бири…”

http://n.ziyouz.com/images/radio.jpg

Санаторийдаман. Бу курорту санаторий деганлари зерикарли жой, азизлар. Хусусан, ёшинг ўтиброқ қолиб, диққинафасликни ёзишнинг бирдан-бир чораси сифатида кафтдеккина радиога кунинг қолган бўлса, жуда билинаркан. Ҳали у қулоғини бурайсан радиони, ҳали бу қулоғини. “Ўзбекистон”, “Машъал”, “Пойтахт” каналларига тушиб қолсангизу хўбу-хўб. Лекин эндиликда радиоэфир деганлари ҳам бисёр.

Мана, кеча шом маҳалида яна радиога қулоқ тутдим. Беш-олти сония жингалак-жингалак бир куй нағма қилиб тиндию хушторига дилдорлик қилаётган дўндиқнинг ғамзали оҳангида сухандон қиз тингловчиларни эркалаб-аллалаб, “дастури”ни бошлаб юборди.

Қизгина тушмагур малоҳатли овозидан ­ташқари, хийла билимдон ҳамми дейман, бир маҳал “Донишмандлардан бири умид ва яхши кунга ишонч – бахт, ноумидлик эса ­бахтсизликдир”, деб айтган эди, шундай экан, келинг, азизлар…” дея ҳаммамизни некбин бўлишга чорлади. Битта дилрабо қўшиқ эшитиш эса бунинг энг ажойиб воситаси экан.

Ашулани эшитяпману “Қайси донишманд шунақа деб айтувди”, деб ўйлайман: Ғарб философими ё ўзимизнинг Шарқ алломаларидан бўлсамикин, Пифагор, Тагор… эҳтимол Суқрот ё Афлотундир. Ўйлаб-ўйлаб, ожизлигимга иқрор бўлдим. Донишманд деганлари ҳам кўп ўтган-да бу дунёда!

Бу орада яна икки-уч қўшиқни тақдим этиб, бир коллеж ўқитувчиси билан силлиққина суҳбатлашгач, бошловчи қиз “дастур ўз ниҳоясига етгани”ни таассуф билан эълон қилди, эртага шу маҳал эфир тўлқинларида биз билан яна учрашишга ваъда берди, навбатни яна бир дастур бошловчи бўлмиш дугонаси фалончига ошираркан, бошқа каналга ўтиб кетмаслигимизни ўтинди ва студияни энг сўнгги дилбар тарона садолари остида рақсга туша-туша тарк этажагини билдирди. Негаки… “бир донишманд “ҳар бир хайрлашув эртанги дийдор кўришишнинг дебочаси”, деб айтган экан.

Рақсбоп мусиқа ҳам ўтиб, ваъда қилинган янги бошловчи қиз “Авваламбор, ассалому алайкум дейман, азизлар” дея эфирга кириб келди. Ашула-пашула қўйиб оҳанжама қилиб ўтирмай, дарҳол “Бир донишманднинг айтишича, қалби тоза инсонлар соғлом ва ақлли бўлишади”, дея, сиҳат-саломатлик ҳақида лутф қилишга тушди.

Билсак, соғ бўлишда гап кўп экан, унга эса, бир талай омиллар қатори, яхши куй-қўшиқ тинглаш ҳам сабаб бўларкан. Чунки, донишмандлардан бири “куй ва ашула – инсон қалбининг энг ажойиб таржимонидир, ҳеч нарса кўнгил кечинмаларини мусиқа ва ашула сингари теран англатишга қодир эмас”, деб лутф қилган экан.

Садағаси кетай бу донишмандларнинг! Ғарчча мойдай ҳикматларини қаранг! Ҳар қандай мавзуда шпаргалкадай тап-тайёр гаплари бор. Диктор-сухандон-бошловчи “Дунёдаги энг катта санъат – аёлни тушуниш”, деган эди бир донишманд”, дейди-да, аёл ва севгига оид исталган қўшиққа навбат бераверади. Фақат бир хижолатлик томони – замоннинг тезкорлигидан бўлсамикин, худди Аргентина ва Мексика сериалларининг қаҳрамонлари сингари бу радиобошловчиларнинг хотираси чатоқ: донишмандлар нима деганини сўзма-сўз ёд билганлари ҳолда, эсларига уларнинг номи кела қолмайди! Ноилож, худди “номаълум аскар” деганлари каби мавҳум қилиб “донишмандлардан бири” деб, ёки бу авранинг астар томонидан тутиб, “бир донишманд” деб қутулишга тўғри келади.

Хўш, нега булар шунча панду ҳикматни жуда муфассал, ғирт адабий шаклда қайта тиклаганлари ҳолда, мунақа ажойиб гапларни ким айтганини эслашга келганда… хотиралари “ўчиб” қолади? Ғалатироқ, а!

Ҳозир эса бир талай газеталарда, журналларда ва ҳатто китобларда ҳам муаллифи “бир донишманд” деб кўрсатиладиган, аслида донишу ҳикматдан кўп йироқ, чучмал парчалар иқтибос сифатида қўштирноққа олиб тақдим этилаверадиган бўлиб қолди.

…Шу гапларни қоғозга тушириб ўтирар эканман, “Ёшлар” радиоканалида шакаргуфторлик қилаётган қизгина “Бир дононинг айтишича, кимки ўзига ишонса, у кўп нарсага лаёқатли бўлиб чиқади”, дея янги ҳикматни армуғон этди. Маладес, дедим. Аммо кўп нарсага лаёқатли, ўзига ишончи зўр бу қизга ҳам хотираси қурғур панд берди – икки пулга қиммат шундоқ ажойиб ҳикматни қайси “доно” айтганини эслай олмагани сабабли, “узумини енгу боғини сўраманг” қабилида иш тутди. Эвоҳ, дедим, ҳар кимнинг чўнтагидан тушиб қолган жўн, доноликдан нарироқдаги гапни минг ўраб-чирмаб, нақ “донишмандларнинг пири айтган”, деб қасам ичсангиз ҳам жумланинг маъноси теранлашиб қолмас экан.

Санаторий йўлланмасининг муддати ҳам тугай деб қолди. Дам олганга нима етсин, зеҳнинг ўткирлашиб, ақлинг ҳам тиниқлашиб кетар экан. Шунданми, дейман (биров эшитмаяптими?), каминанинг калласида бир фикр ўралашиб юрибди. Ҳозир нима кўп, радиоканал кўп. Ҳар бир каналда ҳар ярим соат-бир соатда янги бир бошловчи эфирга чиқиб келиб, уч-тўртта “бир дононинг айтишича” билан “дастур”ини безайди. Уёқда десангиз, газета-журнал каби нашрлар ҳам бисёр. Демак, ана шунақа “бир донишманд” айтган гапларга эҳтиёж ошгандан-ошадики, камаймайди. Шунга, дейман, бир устахона очсам, ана шунақа ялтир-юлтир гапларни патиллатиб ёзиб, дастур ижодкорларига пуллай берсам. Бир ёқдан, улар шунақа гапларни ўйлаб топиш ташвишидан қутулади, қолаверса, биз ҳам бирон нималик бўпқолармиз. Албатта, янгилари қимматроқ кетади, ишлатилиб сийқа бўлган, қуйқа бўлганларини эса арзон бериб юбораман. Қалай?

Нима, “маъноли, рисоладагидай гапни ёзиш кўпам қийинмас, аммо маза-матраси йўқ, шалдир-шулдир жумла тўқиш эса ҳар кимнинг қўлидан келавермайди, минг уринсангиз ҳам унақасини ёзиш мушкул-ку?”, деб сўраяпсизми? Йўқ, биродар, сиз ҳам менга ўхшаб бир ҳафта-ўн кун камида йигирматадан “дастур” тинглаб, “донишмандлардан бири” айтган ғалати-ғалати гапларни уқа берсангиз, сал ўтмай, ўзингиз ҳам бинойидай “донолар сўзи” ёзворадиган бўлиб қоласиз-да, ҳали олдимга ҳам келасиз, “Ака, мени ўзингизга зам қилиб хусусий корхонангизга ишга олсангиз”, деб.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 38-сон