Бугун ўқиб, ўрганиб ҳаётнинг оқ-қорасини бирмунча таниганимда уят тушунчасининг қадр-қиммати нечоғлик баланд эканлигини, айнан мана шу хислатни унутиб қўяётганимиз тенгдошларимнинг (айрим катталарнинг ҳам) хатти-ҳаракатларига қараб теранроқ англагандекман гўё. Магистрлик илмий ишим ёзувчилар ижодидаги фиқра жанрига оид асарларни таҳлил қилиш бўлгани учун жуда кўп адабиётларга мурожаат этишга тўғри келди.
Ана шу жараёнда дуч келган ушбу мавзу юзасидан айрим фикрларимни келтириб ўтмоқчиман.
Хусусан, бу ҳақда ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Уят” номли фиқрасида шундай фикрларни ўқиш мумкин.
“Уят фақат инсонга хос туйғудир. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлашолмайди, лекин инсон уятини йўқотиб ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин.
Оёғи ёки тили билан гандираклаб юрган мастга, қўлга тушиб ёки қўлга тушишдан қўрқиб эс-ҳушини йўқотган ўғрига, ҳийла-найранги фош бўлиб безрайиб турган товламачига, дуч келган аёлга “муҳаббат” изҳор қилган махлуққа разм солинг, буларнинг қайси бири ва нимаси ҳайвондан ортиқ? Тил-жағи дейсизми? Шоирдан эшитинг:
Қачон одам қаторига санарлар,
Бор ўлган бирла эчкунинг соқоли!..
Буларнинг тил-жағи эчкининг соқолидай гап – одамлик нишонаси эмас.
Бир донишманд уятни “виждоннинг сиртқи кўриниши” дебди. Демак, уятсизлик билан беадаблик, беадаблик билан ахлоқсизлик, ахлоқсизлик билан жинояткорлик орасида қалин девор йўқ, буларнинг ҳар бири виждонсизликнинг турли босқичидир. Модомики, шундоқ экан, уят жамиятимизни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон дейиш мумкин.
Ёв қалъани олмоқчи бўлса, ҳужумни посбонни босишдан бошлайди. Посбонни қўлга олиш қалъага раҳна солиш демакдир…
…Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилгандагина жаноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди. Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади”.
Худди шу мавзуга оид фикрларни Эркин Аъзамнинг “Уят бўлади” номли фиқрасида ҳам ўқиш мумкин. Унда ҳам бугунги жамиятимизда пайдо бўлган турли иллатлар, ёмон хислатлар ҳақида гап кетган бўлиб, ёзувчи ҳаётий мисоллар ёрдамида ўз мулоҳазаларини баён этган. Ушбу фиқра “Уят бўлади” сарлавҳаси остида берилган бўлиб, ундаги айрим фикрларни келтириб ўтаман. “…Хусусан, сўнгги йилларда уят ҳисси фақатгина ахлоқий тушунча эмаслигига бот-бот амин бўлмоқдаман. Назаримда, бу сўзнинг моҳияти хиралашиб, умуман, шу туйғунинг ўзи сусайиб, гоҳида аҳамияти тамоман йўқолиб ҳам кетаётгандек туюлади. Бўлмаса, кечагина айб саналган унча-мунча қилмишларга бугун фазилат деб қаралмаса-да, ҳарқалай, одатдаги бир ҳол сифатида бепарво муносабат қилинаётганига нима дейсиз!
Ваъда берамиз-у, устидан чиқмаймиз. Хижолат чекиш йўқ.
Бандасининг кўзига тик қараб ёлғон гапирамиз. Тап тортиш қаёқда!
Бировнинг ҳақини паққос урамиз-у, кўзимизни лўқ қилиб тураверамиз. Бор, қўлингдан келганини қил!
Ҳар тадбирни қўллаб, ўзганинг тагига сув қуямизу ўрнини эгаллаймиз. Инсоф-андиша – “эскилик сарқити”!
Фарзандларимизнинг онасини ҳар турли бозорларга йўллаб, муштипарнинг топиб келганига “иномарка” олиб минамиз. Номусларга ўлмоқ қани?
Мол-дунёмиз ўғирлик, ҳаромхўрлик орқасида орттирилганини ҳамма билади, ўзимиз ҳам биламиз. Лоақал, ерга қарамоқ, қизармоқ хаёлимизга келса-чи!
Кирдикорларимиз оламга овоза, биз эса адлу инсофдан лоф урамиз. Охиратда ҳам бир иложи топилар…
Уялмаймиз, уялмаймиз…”.
Бугун турли тартиб-қоидаларга бўйсунишни истамасак-да, ахлоқ, дин, шариат, ор-номус деганда бироз бўлса-да, сергак тортмайдиган инсон йўқ ҳисоби. Уят ҳам шарқона инсоний фазилатлардан бири саналади. Бу ишни қилма, у ёмон деган гапдан кўра, уят бўлади деган жумланинг салмоғи катталиги ҳам сир эмас. Лекин ёзувчи таъкидлаганидек, бугунга келиб унинг таъсир кучи сусайгандек, назаримда. Чунки авваллари уят саналган ишлар бугунга келиб одатий ҳолга айланиб улгурди. Балки бу ривожланишнинг бир поғона кўтарилган шаклидир. Айримлар бу ҳолатни глобаллашув таъсири ўлароқ пайдо бўлаётган “оммавий маданият”нинг оқибати деб аташмоқда. Чунки, замонавий технология инсоният учун бир томондан тамаддун белгиси бўлиб кўрингани билан, аслида унинг таназзулга бошлайдиган томонлари ҳам мавжуд. Буни эса ҳаммамиз яхши биламиз. Катта ёшли бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз аждодларимиздан миллий қадрият даражасида сақланиб келинаётган ор-номус, шаън ва орият каби тушунчаларни ҳали-ҳануз қ
адрлаб келишмоқда. Лекин бугун мен ва менинг тенгдошларим, ука-сингилларимга бу каби одатлар эскилик сарқитидек туюлаётганига нима дейсиз? Улар аслида, нима уяту нима уят эмаслигини яхши тушунишмайди, билишмайди ҳам. Бунга ўзим ҳам кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Улар мода билан уят тушунчаларини бир-бирига аралаштириб юборишмоқдаки, бунинг оқибатида мактаб, лицей, коллеж ва институтларда таълим-тарбия олаётган ўқувчи ва талабалар катта сумкага китоб-дафтар солиб юришни уят санашади. Аксарият ўғил болалар уй-рўзғор ишларини бажаришдан, онаси ва опа-сингилларига ёрдам беришдан ор қилишади. Қизлар эса сочларини ўстириб, майда ўришни замондан ортда қолганлик, қолоқлик деб тушунишади ва узун кийим кийиб юришдан уялишади. Аслида буларнинг барчаси ҳақиқий ўзбек фарзандининг шарафли бурчи, вазифаси эмасми?
Агар виждонан қарайдиган бўлсак, кўча-кўй, транспорт, иш, ўқиш ва жамоат жойларида қорни очиқ, ҳаддан зиёд калта ёки тор юбка, киндиги кўринадиган шимларда юрган қизлар уялсин. Уларни кўриб, орияти уйғонмаган, юзи қизармаган ўша замонавий йигитча уялсин. Сумка ўрнига битта дафтар кўтариб келадиган, ўқиш ўрнига соткасида гап сотадиган ўқувчи-ёшлар уялсин. Онасини рўзғор ишига кўмиб, ўзи дугонаси билан боғ айланиб юрган қиз уялсин…
Мана, аслида нимадан уялиш керагу, нимадан қочиш керак. Бугун биз учун одатга айланган бу каби майда нарсалар аслида келажакка отилган мудҳиш ўқдек назаримда. Тенгдошларимиз ва ука-сингилларимизни бундай одатлардан воз кечишга ундаш бизнинг ҳам вазифамиз саналади. Уятни емирадиган нарсалардан асосийси бефарқлик ҳисобланади. Бу ҳақда Асқад Мухторнинг “Ўзингизга қаранг…” деган мақоласида ҳам яхши фикрлар билдирилган. Унда ёзилишича, “…Бир оқшом мен кўчадаги қатор чиройли чироқларни тош билан уриб битта-битта синдираётган йигитчани кўрдим. У обод кўчани безаб, ёритиб турган катта лампаларни, астойдил меҳнат қилаётгандек, жиддий туриб, чил-чил синдирар, тоши текканда лампанинг “пақ” этиб отилишидан завқланар эди… Мен бу йигитни биламан. У асабий ё тентак эмас. Лекин тўрт йилдан бери на ўқийди, на ишлайди, кино афишаларига лой билан ёзган ифлос сўзларидан биламанки, саводи ҳам чала. Ўзига қарамай қўйган бундай одамларнинг “йирикроғи” ҳам бўлади. Улар ҳаётга, г
ўзалликка, инсон меҳнатига бефарқ ҳолда бирор мансабни эгаллаб ўтирган бўлсалар, бундан ҳам ёмон…”. Ушбу мақолада “ўзингизга қаранг” деган жумла бекорга ишлатилмаган. Мана шундай номаъқул ишлардан нарироқ юринг, турли бузғунчилик ва одобсизликдан ўзингизни тийинг деганидир.
Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор ва Эркин Аъзамнинг ҳам айнан шу мавзуга мурожаат этганлигининг боиси нимада деб ўйлайсиз. Бу биринчи навбатда – мана шу мавзунинг ёки туйғунинг инсонлар орасида камайиб кетаётганлигидан эмасмикан? Чунки ҳамма ҳам камайиб бораётган нарса ҳақида ташвишга тушади-да. Бундан чиқди, Абдулла Қаҳҳор яшаган вақтда камайиб бораётган уят тушунчаси Эркин Аъзам замонига қадар жуда оз қолган кўринади. Билмадим, бу кетишда биздан кейинги авлодларга нима қолади?
Мен ҳозирдан хавотирланишни бошладим.
Сиз-чи? Сиз, айни шу тобда нима ҳақида ўйлаб қолдингиз? Агар ҳеч нимани ўйламасангиз, уят бўлмайдими?..
Райҳона Хўжаева
“Маърифат” газетасидан олинди.