Орхан Памук. Дераза орти манзаралари (ҳикоя)

1

Ҳеч нарсани кўриб ҳам, тинглаб ҳам бўлмаса, бу ҳаёт эмас, ғирт жаҳаннамнинг ўзи. Болалигимдан зерикиш билан қандай курашиб келинганининг гувоҳи бўлганман — радио тинглашган, дераза ортидан кўчани кузатишган, у ёқдан-бу ёққа ўтаётган йўловчиларни, дераза қаршисидаги уйларни томоша қилишган. 1958 йилларда ҳали Туркияда телевизор оммалашмаган эди. Бутунлай бўлмаган эди, деб бўлмайди. “Бўлмаган” сўзи кўпроқ Истанбул кинотеатрларида “ҳали прокатга олиб келинмади” деган сўзларга оҳангдош эди, холос. Аслида, ўша турли Голливуд мелодрамалари тўрт-беш йил олдин суратга олинган бўлиб чиқарди.
Дераза ортидан кузатиш шу қадар одат тусига киргандики, телевизорлар пайдо бўлганидан сўнг ҳам одамлар деразадан туриб, ташқарини кузатишни тарк этмаганлар. Отам, бувам ва бувим телевизордан кўз узмай суҳбатлашишар ва ора-сира жанжаллашиб ҳам олишарди. Бир-бирларига қарамай, гўё деразадан ташқарини кузатиб ўтиришгандай, нимани кўришаётганини бир-бирларига айтиб туришарди.
— Бу қиш қор узоқ туриб қолади, — дерди холам эрталабдан буён оҳиста ёғаётган қорни кузатиб.
— Буниси ҳолва. Сотувчи яна Нишонтоши бурчагида туриб олибди, — дердим мен бошқа деразадан трамвай йўлларини кузатарканман.
Бозор кунлари амаким, холам ва бизнинг оила бувимникида тушлик қилардик. Ҳаммамиз битта уйда, фақат биз бир неча қават пастда яшардик. Дастурхон тузатишларини кутганча дераза ортидан кўчани кузатиб турар эканман, мен ўзимни туғишганларим, қариндош-уруғларим орасида шундай бахтли сезардимки, ҳатто катта столни ғира-шира ёритиб турган хира биллур қандиллар ҳам кўзимга ярқираб кўринарди. Бувимнинг ошхонаси ҳамиша ним ёруғ, бошқа хоналари ҳам худди шундай, балки бундан-да қоронғироқ бўларди. Бу балким ҳеч очилмайдиган балкон эшикларига осиб ташланган оғир дарпардалардан тўкилаётган, сирғалиб тушаётган соялардандир, балки дим хоналарда ўтириб қолган ҳидлардандир. Бу хоналар садаф қадамали кўчма дарпардалар, эски сандиқлар, катта-кичик столлар, улкан думсимон роял, унинг устидаги рамкага солинган фотосувратлар ва бир уюм бошқа нарсаларга тўла. Тушликдан сўнг бувам ошхонага ёндош хоналардан бирида тамаки тутатарди.
— Менда футбол ўйинига чипта бор, лекин ўзим боролмайман, — деди у дабдурустдан. — Сизларни ўйинга отангиз олиб бора қолсин.
— Дада, бизни футболга олиб боринг, — илтимос қилди акам.
— Болалар бир ҳаво олиб келишсин, — деди онам меҳмонхонадан туриб.
— Ўзинг олиб бор уларни, — деди отам онамга.
— Мен онамникига кетяпман, — эътироз билдирди онам.
— Бувимникига бормайман, — деди акам.
— Ана, машинам, ўшанда бора қол, — деди шартта бувам.
— Ота, олиб бора қолинг, илтимос, — туриб олди акам.
Узоқ вақт орага ғалати жимлик чўкди. Меҳмонхонада ўтирганларнинг бари отамнинг оғзидан нима сўз чиқаркин деб, қараб туришарди. Отам эса буни сезиб:
— Машинамни бераман, деяпсизми? — деб сўради бувамдан.
Онам бизга катак-катак иссиқ пайпоқ ва свитер кийгизаётган пайтда отам узун даҳлизда сигарет чекканча у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Бувамнинг оч яшил ранг машинаси Ташвиқия масжиди ёнида турарди. Отам иккимизни машинага ўтқазгач, моторни бир ёқишдаёқ ўт олдирди.
Стадионда одам сийрак эди.
— Манови чипта икковига, — деди отам чиптачига. — Бири саккиз, иккинчиси ўн бир ёшда.
Чиптачининг ўткир нигоҳларидан қочиб, ичкарига кирдик. Кўп ўриндиқлар бўш экан, дарҳол жой топиб, ўтириб олдик.
Жамоалар нам майдонга тушиб келишди. Менга оппоқ калта иштондаги футболчиларнинг совқотмаслик учун майдонда сакрашлари ёқди, уларни мароқ билан кузатардим.
— Қара, Кючюк Меҳметни кўраяпсанми? — улардан бирини бармоғи билан кўрсатди акам. — Уни ёшлар жамоасидан олишибди.
— Ўзим ҳам биламан, – дедим.
Ўйин бошланди, нафасимизни ичимизга ютиб, ўйинни томоша қила бошладик. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, менинг кўзим ўйинда-ю, хаёлим бошқа томонларга кетиб қолди. Нега футболчиларнинг кийимлари бир хилда-ю, исмлари турлича? Назаримда, стадионда ўйинчилар эмас, уларнинг исмлари югуриб юргандек эди. Ўйинчиларнинг уст-бошлари борган сари ифлосланиб борарди. Менинг эътиборимни аста-секин сузиб келаётган пароходнинг трубаси тортди. Пароход Босфор қўлтиғидан сузиб ўтаркан, ўйингоҳ минбарининг очиқ жойидан яққол кўриниб турарди. Биринчи тайм якунлангунча ҳам дарвозага тўп ура олишмади, танаффус пайтида нон билан нўхат сотиб олдик.
— Ота, мен ҳаммасини ея олмайман, — дедим.
— Қолганини кейин ерсан, — деди у.
Танаффусда биз ҳам худди бошқалардек исинишга уриндик, оёғимизни оёғимизга ура бошладик. Учаламиз ҳам қўлимизни шимимизнинг чўнтагига солиб, футбол майдонига орқа ўгирганча, бош-қа томошабинларни кузата бошладик. Тўсатдан оломон орасида кимдир отамни чақириб қолди. Отам эса қўлларини қулоғига тутиб, унинг гапларини эшитолмаётганига ишора қилди.
— Боролмайман, — деди у бизга ишора қилиб, — болаларим билан биргаман.
Сиёҳранг шарфдаги одам атрофдагиларни нари-бери итариб биз томонга ошиқди.
— Булар сенинг болаларингми? — деди у отам билан қучоқлашиб кўришар экан. — Ишонгим келмаяпти, катта бўлиб қолишибди-ку!
Отам мийиғида кулиб турарди.
— Қачон катта қилиб улгурдинг? — тинмай жаврарди отамнинг таниши бизга ҳайратланиб тикиларкан. — Мактабни битирибоқ уйланибсан-а?
— Ҳа, — деди отам танишининг юзига қарамай.
Улар гаплаша бошлашди. Сиёҳранг шарфли киши бизнинг кафтимизга биттадан америка пистасидан тутқазди. У кетгач, отам ўриндиққа ўтириб, узоқ сукутга чўмди.
Футбол жамоалари майдонга тоза кийимда югуриб чиқиб келишаётганда, отам:
— Уйга кета қолайлик. Совуқ тушиб қолди, — деди.
— Мен совқотмаяпман, — деди акам.
— Йўқ, совуқ-ку. Али ҳам совқотиб қолади. Қани, тура қолинглар.
Ўтирганларнинг тиззаларига урила-урила, оёқларини боса-боса ўйингоҳдан чиқиб кета бошладик. Кўчага чиқишимиз ҳамон ҳакамнинг ҳуштаги эшитилди. Иккинчи тайм бошланган эди.
— Совқотдингми? — сўради акам мендан. — Нега отамга совқотмадим, деб айтмадинг?
Акамнинг гапига жавоб қайтармадим.
— Аҳмоқ, — деди у.
— Иккинчи таймни уйда радиодан эшитасизлар, – деди отам.
— Бу ўйинни радиода беришмайди, — жавоб қайтарди акам.
— Бўлди, — деди отам. – Уйга Тақсим орқали қайтамиз.
Биз индамай йўлда давом этдик. Отам машинани Тақсим орқали ҳайдади. Тақсимдан ўтгач, от пойгасига кўзимиз тушди. Пул тиккани отам машинани бир четда тўхтатди.
— Эшикни ҳеч кимга очманглар. Мен тезда қайтаман.
У машинадан тушди. Машина эшигини калит билан қулфлагунча бўлмай, биз уни ичкаридан қулфлаб олдик. Лекин отам чиптачининг олдига эмас, бошқа тарафга қараб йўл олди. Илдам одимлаб, хиёбонни кесиб ўтди-да, аллақандай дўконга кириб кетди. Дўкон деразасидан осиб қўйилган самолётлар, кемалар, гўзал манзарали катта-катта плакатлар кўриниб турарди.
— Отам қаерга кетаяптилар?
— Уйга борганимиздан кейин “Тоқ ва жуфт” ўйинини ўйнаймиз, — деди акам саволимга жавобан.
Отам қайтиб келгач, акам тезлик билан узатиш дастасини жойига суриб қўйди.
Биз Нишонтоши майдонига етиб келдик. Отам машинани мачит ёнига қўйди ва Оловуддин дўкони ёнидан ўтиб кетаётганимизда:
— Сизларга бирон нарса олиб бермоқчиман, фақат анови “Маш-ҳур” деган сақичдан олиб беринг, деб тиқилинч қилманглар, — деди у.
— Отажон, олиб беринг, — ялиндик биз.
Отам Оловуддин дўконига кириб, биз хуш кўрадиган сақичдан ҳар биримизга ўн донадан олиб чиқди. Биз уйимиз йўлагига киргач, мен бесаранжом бўла бошладим. Лифт ичида ҳожатга чиққим келиб қолса бўладими? Уйимизнинг ичи иссиққина эди. Ойим ҳали бувимникидан қайтиб келмаган экан. Биз отам олиб берган сақичларни шоша-пиша очиб, қоғозларини ерга ташлай бошладик. Сақичимнинг ўрамидан Февзи Чакмак Пошо сурати, бошқасидан Чарли Чаплин ва жангчи Хамит Капланнинг сурати чиқди. Ганди, Моцарт ва Шарль де Голл, иккинчисидан Отатуркнинг тасвири, яна биттасидан Грета Гарбонинг тасвири чиқди, — бундай қистирмалар акамда йўқ эди. Қўлимда роппа-роса 173 та қистирмам бор, бироқ ҳамма туркумларни тўплаш учун менга яна 27 та турли қистирмалар керак эди. Акамнинг қўлига маршал Февзи Чакмак Пошо акс эттирилган тўртта қистирма, Отатуркнинг сурати бор бешта қистирма, Эдисон суратли битта қистирма тушиб қолди. Биз оғзимизга биттадан сақич солдик-да, қистирманинг орқа томонига ёзилган сўзларни ўқий бошладик:
“Маршал Февзи Чакмак (1876-1950), Озодлик уруши бош қўмондони. “Машҳурлар” туркумидан 1000 та турли қистирмали тўплам йиғинг ва теридан ясалган футбол тўпини Мамбо Шикер Чаклет Санайи фабрикаси томонидан туҳфа сифатида қабул қилинг”.
Акам аввалдан йиғиб келаётган қоғозли сақичдан чиққан жами 165 расмни қўлида ғижимлаб:
— “Тоқ ва жуфт” ўйинини ўйнаймизми? — сўради у.
— Йўқ, — дедим.
— Менинг ўн иккита Февзи Чакмакимга битта Грета Гарбони алмашасанми? Шунда сенда роппа-роса 184 та бўлади.
— Йўқ, алмашмайман, — жавоб қайтардим мен.
— Сенда Грета Гарбодан иккита-ку.
Мен индамай туравердим.
— Эртага эмлаётган пайтда яна юрагим торс ёрилади, деб ёнимга югуриб келмагин, хўпми?
— Келмайман ҳам.
Кечки овқатни жимгина тановул қилдик. Ҳаммамиз “Спорт дунёси” кўрсатувини кўриб, ўйин 2:2 билан якунланганини эшитдик. Онам бизни уйқуга ётқизиш учун хонамизга кириб келди. Акам папкасини саранжомлаётганди, мен меҳмонхонага югуриб чиқиб кетдим. Отам дераза ёнида кўчага қараб турарди.
— Ота, эртага мактабга боргим келмаяпти.
— Нималар деяпсан, ўғлим?
— Эртага бизни эмлашмоқчи, — дедим мен. — Хат ёзиб беринг. Иссиғим чиқиб, нафасим сиқилиб қолади. Ойим биладилар.
Отам менга индамай қараб турарди. Мен қоғоз-қалам олиб келиш учун югуриб чиқиб кетдим.
— Ойингнинг бундан хабари борми? — сўради отам ўйиб, ниҳо-ясига етказа олмаётган Кьеркегорнинг китоби устига мук тушиб. — Мактабингга, албатта, борасан. Мен сени эмламанглар, деб ёзиб бераман.
Отам хат ёзиб берди. Хат сиёҳини пуф-пуфлаб қуритдим-да, буклаб чўнтагимга тиқдим. Сўнг хонамга кириб, хатни сумкамга солиб қўйгач, каравотда сакрай бошладим.
— Жиннилик қилма, — деди онам. — Қани, ётиб ухла.
2

Мактабда танаффус пайти жуфт-жуфт бўлиб сафланганча бутун синф эмланиш учун ошхонага тушдик. Биров йиғлар, кимдир қўрқув билан ўз навбатини кутарди. Йод ҳидидан юрагим ғалати бўлиб кетди. Мен сафдан чиқиб, зинапоя ёнида турган ўқитувчининг ёнига келдим.
— Нима бўлди? – сўради ўқитувчим.
Мен чўнтагимдан отам ёзиб берган хатни чиқариб, ўқитувчимнинг қўлига тутқаздим. У афтини бужмайтириб, хатни ўқиди.
— Сенинг отанг доктор эмас-ку, — деди у. Сўнг бирпас ўйланиб турди. — Бўпти, тепага чиқиб, 2-“а”да кутиб тур.
2-“а” синфида менга ўхшаш олти-еттита “сабабли” болалар бор эди. Улардан бирининг бутун диққат-эътибори деразада эди. Коридордан қичқириқ ва йиғи овозлари эшитилар, семиз, кўзойнак таққан навбатчи писта чаққанча Киновнинг китобини мутолаа қиларди. Эшик очилиб, директорнинг найнов ёрдамчиси Сайфибей кириб келди.
— Сизлардан бирингиз ростдан ҳам касал бўлишингиз мумкин, — дея гап бошлади у. — Агар кимнингдир ҳақиқатдан ҳам сабаби узрли бўлса, унда эмламасликка мажбурмиз. Тез орада ўсиб, улғаясиз. Она-Ватан учун хизмат қиласиз. Мустақил ҳаётга йўл оласиз. Бугун кимда-ким эмлашдан қочса, келгусида Ватанига муносиб фарзанд бўлиб етишолмайди. Ўғил болалар учун бу — уят!
Орага узоқ жимлик чўкди. Мен Отатурк портретига тикилиб туриб, кўзимга ёш қалқди. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек синф томон қараб кета бошладик. Эмланган болалардан қай бирлари қўлларини авайлаганча, қай бирлари кўзларида ёш, афтлари оғриқдан буришиб, синфхонага кириб кела бошладилар.
— Уйи яқинларга рухсат, кетаверинглар, — деди ўқитувчимиз. — Уйидан одам келувчилар охирги қўнғироққача ўтирадилар. Бир-бирингиз билан уришманглар, қўлларингизни эҳтиёт қилинглар. Эртага мактабга келманглар. Ўқиш бўлмайди.
Ҳамма севинганидан қичқириб юборди. Эшик тагида “эмланганлар” енгларини шимариб, эшикбон Ҳилмий афандига қўлларидаги йод доғини кўрсатарди.
Мен қўлимга сумкамни олдим-да, кўчага отилдим.
Қорабата гўшт дўконининг олдида от арава йўлимни тўсиб турарди. Мен арава ёнидан сирғалиб ўтдим-да, кўча ошиб, йўлкачамга тушиб олдим. Тайёр кийимлар сотувчиси Хайрининг, гулфуруш Солиҳнинг ёнидан ўқдай учиб ўтдим. Эшикни уйимизнинг эшикбони Нозим афанди очди.
— Нега мактабдан барвақт келдинг? — деб сўради у.
— Бизни мактабда эмлашган эди, шунинг учун барвақт қўйиб юборишди, — жавоб бердим мен.
— Аканг қани? Бир ўзинг қайтиб келдингми?
— Ҳа, трамвай йўлидан ўзим ўтдим. Эртага ўқишга бормас эканмиз.
— Ойинг уйда эмас, шекилли, — деди у. — Бувингнинг ёнига чиқа қол.
— Уйимга бораман, — дедим мен. — Мазам йўқроқ. Илтимос, эшикни очиб берсангиз.
У девордан калитни олди ва биз лифтга чиқдик. Лифтнинг ичи тутунга тўлиб кетибди, кўзим ёшланди. Нозим афанди эшигимизни очиб берди.
— Эҳтиёт бўл, электр анжомларини ўйнама, тағин, — эшикни бекитди-ю, сўнг, эшикбон ташқарига чиқиб кетди.
Уйда ҳеч ким йўқлигини билиб турсам-да, бор овозим билан:
— Уйда ким бор? — деб қичқирдим.
Мен сумкамни қўйиб, акамнинг жавонини очдим-да, кино чипталари йиғиндисини томоша қила бошладим. Буларни у менга кўрсатмасди-да. Футбол ўйинлари босилган газеталардан қирқиб олиб, дафтарига ёпиштирган суратларни томоша қилишга берилиб кетганимдан эшикка калит солиб очаётганларини пайқамабман ҳам. Қўрққанимдан қотиб қолдим. Уйга кириб келаётган кимсанинг қадам товушидан онам эмас, отам эканлигини пайқадим. Мен эҳтиётлик билан чипта ва дафтарни акамнинг жавонига солиб қўйдим. Отам ётоқхонага кириб, шкаф эшигини очиб, уни кўздан кечирди.
— Шу ердамисан? — деди у.
— Йўқ, Париждаман, — дедим мен мактабда болалар берадиган жавобларга тақлид қилиб. — Бугун синфимиздагиларни эмлашди.
— Аканг кўринмайдими? — сўради у. — Яхшиси, хонангга бор-да, тўполон қилмай ўтир.
Мен хонамга кириб, пешонамни дераза ойнасига тираганча, ташқарини кузата бошладим. Тарақлаган овоздан отам шкафдан жомадонни олаётганини сездим. Бироз вақт ўтиб, у шкафдаги шим, свитер, ички кийимлари, кўйлак, пайпоқларини олаётганини пайқадим. Уларни жомадонга солаётган эди. Ювиниш хонасига кириб чиқди-да, сўнг жомадонни шиқирлатиб қулфлади.
— Бу ерда нима қиляпсан?
— Деразадан ташқарига қараяпман.
— Қани, ёнимга кел-чи.
Отам елкамдан қучди, шу кўйи узоқ вақт деразадан ташқарига қараб турдик. Қаршимиздаги уй ўртасида баланд бўйли сарв дарахти бўлиб, учлари шамолда оғир чайқаларди. Мен отамнинг қадрдон ва азиз ҳидини туйдим.
— Мен узоққа кетяпман, — деди у мени ўпиб қўяркан. — Онангга ҳеч нарса дема. Кейин ўзим айтаман.
— Самолётда учиб кетасизми?
— Ҳа, — деб жавоб берди у. — Парижга учаман. Ҳеч кимга ҳеч нарса дема.
Отам чўнтагидан катта танга пул олди-да, менга берди.
— Ҳеч кимга ҳеч нарса дема, — деди у яна бетимдан ўпиб қўяркан. Мени бу ерда кўрганингни ҳеч кимга айтма.
Пулни дарҳол чўнтагимга солиб қўйдим. Отам мени қучоғидан чиқариб, жомадонини кўтариб олди.
— Отажон, кетманг, — ялиндим мен. У яна мени қучиб ўпди-да, чиқиб кетди.
Мен дераза ёнига бориб, унинг ортидан қараб қолдим. Отам Оловуддин дўкони томон йўл олди, йўлда келаётган таксини тўхтатди. Таксига ўтиришдан аввал уйимиз томон ўгирилиб қаради-да, менга қўлини силкиди. Мен ҳам қўл силкитиб қўйдим. Отам машинага ўтирди-да, кетди.
Мен бўм-бўш кўчага узоқ қараб қолдим. Бу орада бир трамвай, сўнг от қўшилган сув араваси ўтди.
Нозим афандини чақирдим.
Уйга кириб келаркан:
— Сен қўнғироқ қилдингми? Қўнғироқни ўйнама дегандим-ку, — деди у.
— Манави икки лирага, — дедим унга. — Оловуддин дўконига бориб, менга “Машҳурлар” сақичидан олиб келиб беринг. Қайтимини қайтариб берарсиз.
— Пулни отанг бердими? — сўради у. — Қара, яна онанг хафа бўлиб юрмасин.
Мен унга лом-лим демадим, у кетди. Мен унинг ортидан кузатиб, Оловуддин дўконига киришини томоша қилиб турдим. Орадан бироз вақт ўтгач, у дўкондан чиқиб келди. Қаршимиздаги уйдан чиқиб келган ўша уйнинг эшикбонига дуч келиб қолди-ю, иккаласи гаплаша кетди.
Ёнимга келиб, айтган нарсам билан қайтимни қўлимга тутқазди. Мен шошилмасдан сақичнинг ўрамини оча бошладим. Яна маршал Февзи Чакмакдан учта қистирма, битта — Отатурк, Линдберг, Леонардо да Винчи, Қонун султон Сулаймон, Черчилл, генерал Франкодан биттадан — бунақаси менда йўқ эди. Акамда бўлмаган 21-рақамли — Грета Гарбо тасвири туширилган битта қистирма. Шундай қилиб, мендан 183 та қистирма бор, футбол тўпига эга бўлишим учун яна 27 та турли қистирма зарур.
Мен биринчи бўлиб, самолётда Атлантика узра учиб ўтган Линдберг тасвири туширилган қистирмани томоша қилиб ўтирганимда, калит товуши эшитилди ва эшик очилди. Онам! Мен тезда полда сочилиб ётган нарсаларимни йиғдим-да, уларни ахлат қутисига ташлаб юбордим.
— Эмлашган эди, шунинг учун уйга барвақт келдим, — дедим онамга. — Ҳар хил касалликларга чалинмаслигим учун эмлашди.
— Аканг қаерда?
— Уларнинг синфини ҳали эмлашмади, — жавоб бердим онамга.
— Бизнинг синфимиздагиларга жавоб бериб юборишди. Йўлдан ўзим ўтиб келдим.
— Ҳеч қаеринг оғримаяптими?
Индамадим. Орадан ҳаял ўтмай, акам кириб келди. Унинг қўли оғриётган эди. У каравотга ётди, ўнг қўлини авайлаб, уйқуга кетди. Акам уйғонганда атрофга қоронғулик ўз чодирини ёпган эди.
— Ойи, жудаям оғрияпти, — деди у.
— Кечга бориб, иссиғинг ҳам чиқиши мумкин, — деди онам бош-қа хонада оқлиқларни дазмолларкан. — Али, сенинг ҳам қўлинг оғрияптими? Қимирламай, жим ётсаларинг оғримайди.
Биз онамнинг айтганини қилиб, жим ётдик. Акам бироз мизғиб олгач, спорт ҳақидаги газетани ўқий бошлади. Сўнг иккинчи таймда қолмай, тўртта гол урилганини кўролмай қолганимизга мен айбдор эканлигимни айтди.
— Нима, майдондан биз кетмаганимизда бу голлар дарвозага урилмаган бўлармиди? — бўш келмадим мен.
— Нима?! — ўшқирди акам.
Акам яна ухлаб қолди. Уйқудан уйғониб, олтита Февзи Чакмак суратига тўртта — Отатурк ва учта Грета Гарбо тасвирини алмаштириб беришимни сўради. Мен рози бўлмадим.
— “Тоқ ва жуфт” ўйинини ўйнаймизми? — деди акам.
— Ўйнасак, ўйнайверамиз!
Бу ўйинда кафтларингга “Машҳурлар” туркумидаги қистирмаларни териб қўясан. Устими-ости деб сўрайсан. У ости деса, сен пастдаги қистирмани суғурасан. Унга қарайсан, рақамини кўрасан. Масалан, 178-рақамли Рита Ҳайворт. Устидаги қистирма эса — 8-рақамли Данте. Шунда пастдаги қистирмалар қўлингдан чиқиб кетади, сен ўзинг-да кўп бўлган қистирмалардан бирини шеригингга берасан. Кечгача Февзи Чакмак қистирмаси мен билан акам ўртасида роса югурди.
Кечки овқат пайтида онам:
— Биттангиз юқоридан хабар олинг-чи, отангиз келдими-йўқми? — деди.
Ака-ука юқорига кўтарилдик. Бувим билан бувам ҳордиқ чиқаришмоқда эди, отам кўринмасди. Биз радиодан янгиликларни эшитиб, газетада ёритилган спорт саҳифасини ўқиб чиқдик. Бувим билан бувам овқатлангани ўтиришганда, биз пастга тушдик.
— Қаёққа йўқолдиларинг? — сўради онам. — Ҳарқалай, у ерда овқатланмагандирсизлар? Ҳозир шўрва сузиб бераман. Отангиз қайтгунча бемалол овқатланиб олинглар.
— Иссиқ нон борми? — деб сўради акам.
Онам бизнинг жимгина овқат ейишимизга қараб турарди. Бошини тутиб, қулоғини динг қилиши, бизларга маъюс боқишидан лифт юрмаётганмикан деган маъно сезилиб турарди. Биз овқатланиб бўлгач, онам: “Яна сузиб берайми?” — деб овқатли идиш ичига қараб қўйди.
— Овқат совумасдан ичиб олсаммикан, — деди у ўйланқираб. Ўрнидан турди-да, Нишонтоши майдонига қараётгандек деразадан таш-қарига узоқ тикилди. Анча пайтгача индамай пастга қараб турди. Ортга ўгирилиб, ўзига ҳам шўрвадан сузиб ичди. Биз ака-ука кечаги футбол ўйинини муҳокама қила кетдик.
— Секин, — деди онам. — Лифтнинг овозими эшитилаётган?
Биз баҳсдан тўхтаб, диққат билан қулоқ тутдик. Бу лифтнинг овози эмас эди. Жимликни трамвайнинг шовқини бузди, стол ва унинг устидаги сув тўла графин ҳам зириллар эди. Биз пўртаҳолни еб бўлган ҳам эдикки, лифт овози эшитилди. Овоз тобора яқинлашиб келарди. Лифт бизнинг қаватда тўхтамай, бувимлар томон юқорилаб кетди.
— Юқорига чиқиб кетди, — деди онам.
Овқатдан сўнг онам:
— Ликобларингизни ошхонага олиб бориб қўйинглар. Отангизники жойида қолсин, — деди.
Биз стол устини йиғиштириб олдик. Отамиз учун қўйилган ликоб узоқ вақт стол устида қолиб кетди.
Онам полиция идораси кўриниб турадиган дераза ёнида анчагача туриб қолди. Сўнг қандайдир фикр бошига келиб урилгандек отамга қўйилган ликоб, қошиқ ва санчқиларни олиб, ошхона томон йўл олди. Идишларни ювмасдан ҳам:
— Бувимизнинг олдига чиқаман, — деди у. – Уришмай ўтиринглар.
Мен акам билан “тоқ ва жуфт” ўйинини ўйнай бошладик.
— Жуфт, — дедим мен.
Акам кафтидаги қистирмалардан бирини чиқарди-да, менга кўрсатди:
— Дунёдаги энг машҳур курашчи — Улкан Юсуф. 34-рақамли паст-дагисига қаради. — Отатурк, 50-рақамли. Сен ютқаздинг, — деди у. — Менга яна битта қистирма бер.
Узоқ давом этган ўйинда фақат акам ютди.
— Мен бошқа ўйнамайман, — дедим жаҳлим чиқиб. — Онамнинг ёнига чиқаман.
— Онамнинг жаҳли чиқади.
— Уйда бир ўзинг қолишга қўрқяпсанми, қуёнюрак?
Бувимнинг уйи ҳар доимгидек очиқ экан. Улар овқатланиб бўлишган, Бакир ошпаз идиш-товоқларни ювмоқда эди. Бувим билан бувам бир-бирларига рўбарў ўтиришарди. Онам эса Нишонтоши майдони кўриниб турадиган дераза ёнида турарди.
— Бу ёққа кел, — деди онам ойнадан кўзини олмай. Мен шу ондаёқ худди мен учун тайёрлаб қўйилгандек ойна билан онам ўртасидаги бўшлиққа суқилдим ва онамга орқам билан ёпишиб туриб олиб, икковлон Нишонтоши майдонига диққат билан қарай бошладик. Онам қўлини бошимга қўйиб, узоқ вақт сочларимдан силади. — Отанг чошгоҳда уйга келибди, сен уни кўрибсан, — шивирлади у.
— Ҳа, — дедим мен.
— У келиб, жомадонини олиб кетибди. Нозим афанди айтди.
— Ҳа.
— Қаерга кетаётганини сенга айтдими?
— Йўқ, — жавоб бердим мен. — Улар менга икки ярим лира бердилар.
Тунги қоронғулик ичидан дўконлар қорайиб кўринар, у ёқдан-бу ёққа юраётган машиналарнинг чироқлари милт-милт қиларди. Чор-атрофда маъюслик ҳукмрон эди: кўча ўртасидаги йўл нозирининг жойи бўм-бўш, хиёбондаги тошлар, реклама тахталаридаги ҳарфлар ёмғирдан ҳўл бўлган. Яна ёмғир ёға бошлади. Онам ҳамон сочимни силарди.
Бувим билан бувам ўртасидаги доимо шанғиллаб турадиган радио ҳозир миқ этмай турарди, мен қўрқиб кетдим.
— Қизим, у ерда турма, — деди бувим онамга. — Келинглар, бу ёққа ўтиринглар.
Шу топда акам ҳам бизнинг ёнимизга чиқиб келди.
— Ошхонага киринглар, — деди бувим бизга. — Бакир, — чақирди у ошпазни. — Уларга копток ясаб бер, даҳлизда ўйнашади.
Бакир идиш-товоқларни ювиб бўлган эди.
— Бу ёққа келинглар, — деб чақирди у бизларни ва бувимнинг ойнаванд гулхонага айланган балконидан газета ўрамларини олиб келиб, бизга қоғоздан копток ясай бошлади. Копток унинг муштумидек бўлгач, Бакир:
— Бўлдими? — деб сўради биздан.
— Сал каттароқ қилинг, — илтимос қилди акам.
Бакир газета ўрамларидан копток ясагунига қадар қия очиқ эшик оралиғидан бувим билан бувамнинг қаршисида ўтирган онамни кузатдим. Бакир қутидан боғич олиб, газетадан ясалган коптокни чандиб, ўради. Букланмай қолган ерларини текислаш учун копток атрофини латта билан ҳўллади-да, қўли билан яна бир эзғилаб қўйди. Акамнинг сабри чидамай, коптокка қўлини теккизиб кўрарди.
— Буни қаранглар-а, — деди у, — тошдек бўпти-ку.
— Босиб кўр-чи, — деди Бакир.
Акам авайлабгина бармоғи билан кўрсатилган жойни босиб кўрди. Бакир чилвир билан коптокни яна бир карра чандиб, сўнг бизга берди. Биз коптокни уриб, осмонга ота бошладик.
— Даҳлизга чиқиб ўйнанглар, — деди Бакир. — Бу ерда у-бу нарсани синдириб қўясизлар.
Мен ўзимни “Фонарбоғча”даги Лефтердек тасаввур қилдим ва ўйинга берилиб кетдим. Эшикка гол ураман, деб бир неча марта акамнинг оғриб турган қўлига зарба бериб юбордим. У ҳам мени тепиб ўтди, аммо буни мен сезмадим. Биз қора терга ботдик, тўп титкиланиб кетди. Мен 5:3 ҳисобида ютаётган эдим. Тўп билан яна акамнинг оғриётган қўлига уриб юбордим. У полга ётиб олди-да, йиғлай бошлади.
— Оғриғим ўтсин, сени ўлдираман, — деди у менга пўписа қилиб.
У ютқазиб қўйганидан аламзада эди. Мен даҳлиздан меҳмонхонага ўтдим, бувим, онам ва бувам кабинетга ўтишган эди. Бувим телефон рақамларини айлантириб:
— Алло, алло, — деди у оналарга хос эркаловчи оҳангда. — Алло, бу “Ешилкой” аэропортими? Азизим, биз самолётда Европага учиб кетган бир йўловчи ҳақида сўрамоқчи эдик. — У отамнинг исми шарифини айтди. Қўли билан телефон шнурини айлантирганча бирпас кутиб турди. — Менга сигарета олиб кел, — деди у бувамга. Бувам чиқиб кетгандан сўнг гўшакни қулоғидан олди. — Қизгинам, айт-чи, —дея у онамга ўгирилди. — У бошқа бир аёлга илакишиб қолмаганми? Бирон нарса биласанми?
Онам нима деб жавоб берганини илғаёлмадим. Бувим унга шундай тикилдики, гўё онам ҳеч нарса демади, бувим ҳеч нарсани эшитмади. Кейин телефонда нимадир дейишди. Бувимнинг жаҳли чиқди.
— Бундай маълумотни беришмасакан, — деди у қўлида сигарета ва кулдон билан бувимга яқинлашаётган бувамга.
Шу ерда бувам мен ҳам борлигимни кўриб қолди, онам унинг қарашини тушуниб, қўлимдан ушлаганча мени даҳлизга етаклаб чиқди. Қўлини ёқам ичига тиқиб, менинг терлаб кетганимни билди, аммо аччиғи чиқмади.
— Ойи, қўлим оғрияпти, — деди акам.
— Ҳозир пастга тушамиз, сизларни ухлатаман.
Пастда, биз яшаётган қаватда учаламиз узоқ вақт сукут сақлаб ўтирдик. Ўринга ётишдан олдин мен тунги кийимда ошхонага кириб, стаканда сув олиб, меҳмонхона бўлмасига ўтдим. Онам дераза ёнида сигарета чекиб турарди.
— Ялангоёқ юрма, совқотасан, — деди онам мени кўриб. — Аканг ётдими?
— Ухлади. Ойи, менинг сизга айтадиган гапим бор.
Онам билан дераза оралиғига суқулиб олиш учун бирпас кутиб турдим. Онам озгина сурилди ва мен ўша илиқ жойни эгалладим.
— Отам Парижга кетдилар, — дедим мен. — Биласизми, улар қайси жомадонни олдилар?
Онам ҳеч нима деб жавоб бермади. Биз тунги сукунат ичида ёмғирли кўчани узоқ кузатдик.

3

Бувимнинг уйи Шишлидаги мачитнинг рўпарасида жойлашганди. Бу — трамвай депосининг олдидаги сўнгги бекат. Ҳозир бу ердаги майдонни автобус бекатлари, катта-катта реклама тахталарига тўлиб-тошган йирик дўконлар босиб кетган. Унинг атрофида баҳайбат офис бинолари қад кўтариб келмоқда, уларда жуда кўплаб одамлар ишлайди. Ҳар куни тушлик пайтида улар йўлакларга тўпланадилар-да, чумолилардай у ёқдан-бу ёққа югуришади. Бу — Истанбулнинг ғарбий қисмида жойлашган чекка жойлардан бири эди. Биз ҳар гал сарв ва тут дарахтлари остидан юриб, онамизнинг қўлидан ушлаб, уйимиздан ўн беш дақиқалик масофада жойлашган кенг, сокин, тош терилган майдон томон ўтиб борар эканмиз, ўзимизни худди шаҳар чеккасига келиб қолгандай ҳис этардик.
Бувим уйнинг тўртинчи қаватида яшарди. Уй бетон ва тошдан қурилган, у тик қилиб қўйилган гугурт қутисини эслатарди. Уйнинг бир томони ғарбий, яъни шаҳар томонга, иккинчиси — шарқий, яъни қирларга, тутзорларга қараган. Бувим эри ўлиб, қизларини турмушга бергандан сўнг бу уйнинг бир хонасидагина яшай бошлаган. Хона шкафлар, столлар, стуллар ва пианино билан тўлдириб ташланган эди. Унга овқатни катта қизи пишириб берар, ўзи олиб келар ёки ҳайдовчидан бериб юборар эди. Бувим ўзига овқат пишириш учун уйидан икки қават пастдаги ошхонага тушиб ўтирмасди, бошқа хоналарга кирмас, улардаги ипаксимон пўпанаклару икки энлик қалинликдаги чангни тозаламасди, худди онаси сингари йиллар давомида ҳайҳотдай ёғоч уйда истиқомат қилиб келарди. Онасидан унга “ёлғизлик” деб аталувчи сирли касаллик юққан, – на хизматкор, на ходима ёллаш унинг фикри ўйига келмасди.
Биз бувимни кўргани келганимизда онам узоқ вақт қўнғироқни босар, муштлари билан уриб темир эшикни дўпиллатарди. Охири бувим Шишли мачитига қараган иккинчи қаватдаги деразанинг темир табақасини очар, баланддан пастга қараб, биздан овоз чиқариб чақиришимизни сўрарди. Кексаликдан хиралашган кўзларига ишонмасди, шекилли-да.
— Эшик олдидан нари туринглар, бувиларинг сизларни кўрсин, — дерди ойим. Биз йўлакнинг ўртасига бориб турардик. Онам унга қўлини силкитарди ва қичқирарди:
— Ойижон, мен болаларим билан келдим, эшитяпсизми?
Шунда бувиминг юзида табассум пайдо бўларди. У бизни кўрганини, билганини тушунардик. Бувим тезлик билан дераза ёнидан ўзини ичкарига урарди, ёстиғининг тагидан катта калитни оларди, уни газетанинг бир бўлагига ўрарди-да, йўлакка ташларди. Биз акам билан ким ўзарга чопиб, калитга ташланардик.
Ҳозир акам оғриган қўли билан калитга қараб югуролмасди, мен калитни ердан олдим-да, онамга бердим. Онам калитни базўр айлантирди. Охири темир эшик ғийқиллаб очилди. Қоронғуликда димоғимизга ислар, пўпанаклар, диққинафаслик, фақирлик, кексаликнинг оғир нафаси урилди. Мен бундай ҳидни бошқа ҳеч жойда учратмаганман. Эшик ёнидаги кийимилгичда бобомнинг мўйнали пальтоси, бош кийими осилиб турар, пастда ҳамиша мени қўрқитиб турадиган этиклари кўринарди. Бувим буларнинг ҳаммасини, уйга ўғрилар кириб келса, уйда эркак киши бор, деб ўйласин учун қўйиб қўйган эди.
Биз ёғоч зинанинг тепасида турган бувимизни кўрдик. У қоронғиликда худди шарпадай қимирламай турар, қўлида ҳасса, қиров босган деразадан тушиб турган хира нур уни ғира-шира ёритиб турарди.
Зинапояларни ғичирлатиб битта-битта босганча тепага кўтариларканмиз, онам бувим билан гаплашмаётганди, одатда, онам доим у билан:
— Нечуксиз, ойижон? Сизни соғиндим. Ташқари жуда совуқ, ойи-жон, — деб сўрашарди.
Зинапоянинг юқорисига чиққач, онам бувимни чўпиллатиб ўпди, юзи ва қўлидаги катта-катта холларига эътибор бергани йўқ. Биз унинг битта тишли оғзига, осилган жағига ва узун тукли холига қўрқиб қарадик. Хонага кириб, онамнинг икки томонидан унга маҳкам ёпишиб ўтириб олдик. Бувим узун тунги кўйлак ва узун жун нимчада эди. У шу кийимда бутун кунни ўтказарди, чунки доим тўшакда ётар эди-да. Бувим бизга жилмайиб қаради ва кўзларида айёрона кулгу ўйнади: “Қандай мени хурсанд қилинглар-а!”– дегандай.
— Печкангиз ёмон иситаркан, — деди онам. У қўлига оташкуракни олиб, печка ичидаги ўтинларни ковлади.
Бувим бирпас кутиб турди.
— Қўй, шу печкани. Яхшиси, мен билан гаплашиб ўтир. Оламда нима гаплар?
— Ҳеч гап йўқ, — деди онам ёнимизга ўрнашиб ўтираркан.
— Ҳеч гап йўқми?
— Мутлақо, ойижон.
Қисқа сукутдан сўнг бувим сўради.
— Ҳеч кимни кўрмадингми, ҳеч ким билан гаплашмадинг ҳамми?
— Буларни биласиз, ойижон, — деди онам.
— Эй, Худойим-ей, наҳотки биронта ҳам янги гап бўлмаса?
Ўртага жимлик чўкди.
— Бувижон, бизларни эмлашди, — дедим мен.
— Шунақами?! — ҳайрат билан деди бувим мовий кўзларини катта-катта очиб. — Оғримадими?
— Менинг қўлим оғрияпти, — деди акам.
— Ўҳ-ўҳ-ўҳ, — ҳамдардлик билдирди бувим.
Яна ўртага узоқ сукунат чўмди. Биз акам билан дераза олдига келдик ва олис-олислардаги қирларга, тутларга қарадик, томорқалар ортидаги бўм-бўш эски товуқхоналарни кузатдик.
– Шундай қилиб, олам сув қуйгандай жим де, — деди бувим онамга ялингансимон оҳангда. — Қайнонангникига чиқиб турарсан. Уникига ҳам ҳеч ким келмаётган эканми?
— Кеча пешинда Дилрабо хоним келди, — деди онам. — Улар анча вақтгача қарта ўйнаб ўтиришди.
Худди кутганимиздек, бувим ҳаяжонланиб, қийқириб юборди:
— У саройда яшаган, ахир!
Албатта, бувим безаклари, ранглари ўчиб кетган, биз газета ва журналларда кўп ўқиган Боту қасрини эмас, балки Дўлмабоғча саройини назарда тутаётганди. Бувимнинг Дилрабо хонимга ғаши келаётгани йўқ эди. Бу хоним ёш пайтида сўнгги подшоҳ ҳарамида канизак бўлган, кейинроқ бир савдогарга турмушга чиққан, гап бунда эмас. Ҳамма гап — бувим уни дўстлашишга, билишга арзимайдиган одам деб ҳисобларди, холос. Унинг ғашига теккан мана шу нарса эди. Мен буни кўп йиллар ўтиб тушундим. Улар гапни бошқа томонга буришди, бу мавзуда ҳам онам бувим билан тинмай баҳслашарди: бувим ҳафтада бир марта энг қиммат ва машҳур Абдухолиқ афандининг ресторанига борар, у ерда бир ўзи овқатланар, кейин анчагача таомларнинг яхши эмаслигидан нолиб ўтирарди. Учинчи ўзгармас мавзу тўсатдан берилган саволдан очиларди:
— Болалар, бувингиз сизларга кўкат-пўкат берадими?
Биз онам ўргатгандай бир овоздан:
— Йўқ, бермайдилар, — дердик.
Одатдагидек, бир кун кимнингдир томорқасида кўм-кўк кўкатлар устига “ўтириб қўйган” мушукни кўриб қолганини ҳикоя қила бошларди. Энди бу кўкатни кимдир олади, қайсидир ресторанда таомга қўшилади, қайсидир одам уни тановул қилади-ку, деб яна эски ашуласини айтарди.
— Ойижон, — деди онам, — болалар зерикишди, улар бошқа хоналарни ҳам кўришмоқчи. Мен рўпарадаги хона эшигини очиб бераман.
Дераза оша биронта хонага кирган ўғри бошқасига киролмасин, деб бувим ҳар бир хона эшигини қулфлаб қўярди. Онам бизга катта ва совуқ хонани очиб берди. Деразаси трамвай йўлига қараган бу хонада онам ҳам бир муддат биз билан қолиб, ундаги оппоқ мато қопламали оромкурси ва диванларга, занглай бошлаган ва чанг босган чироқларга, стол ва сандиқларга, газеталар ўрамига, деворга тираб қўйилган аёллар велосипедининг эгма рулига қаради. Бироқ у ҳар доимгидай сандиқнинг олдига югуриб бормади, у ердан ки-йимларни олиб, чиқариб:
“Болалар, қаранглар, ойингиз болаликда кийган кийимлар! Холангизнинг мактаб фартуғини кўрасизми? Онангизнинг болаликдаги папкасини-чи?” — дея бизга ҳаяжонланиб кўрсатиб ўтирмади.
— Совқотсангиз, кирарсизлар, — деди онам ва ўзи чиқиб кетди.
Биз акам билан дераза ёнига югуриб бордик ва уй рўпарасидаги мачит, майдондаги трамвай бекатини кузатдик. Кейин газеталарни титкилаб, бўлиб ўтган футбол матчлари ҳақидаги хабарларни ўқидик.
— Зерикиб кетдим, — дедим мен. — “Жуфт ва тоқ” ўйнаймизми?
— Йиқилган курашга тўймас, — деди акам газетадан бош кўтармай. — Мен ҳозир бандман.
Кеча кечқурун ва тушликда ҳам ўйнаган эдик, омад фақат акамга кулиб боққан.
— Бир қўлгина ўйнайлик!
— Битта шартим бор. Ягар яна ютсам, менга иккита қистирма берасан, агар сен ютсанг, битта оласан.
— Йўқ.
— Унда ўйнамайман, кўраяпсан-ку, газета ўқияпман.
У газетани бирпас биз яқиндагина “Мелек” кинотеатрида кўрган инглиз фильмидаги изқуварга тақлид қилиб, ўқиётгандай ушлаб турди. Мен деразадан ташқарини бироз томоша қилдим-да, акамнинг шартини қабул қилдим. Чўнтагимдан бир сиқим “Машҳурлар” қистирмасини чиқардим. Ўйин бошланди. Аввалига мен ютдим. Кейин бирваракайига ўн еттита қистирмани ютқазиб қўйдим.
— Мен фақат ютқазаяпман, — дедим мен. — Агар биз эски қоидалар билан ўйнамасак, мен бошқа ўйнамайман.
— Яхши, — деди акам ҳамон ўша фильмдаги изқуварга тақлидона. — Унда мен газетамни ўқийман.
Мен деразадан ташқарини яна бироз томоша қилдим. Диққат билан қўлимда қолган қистирмаларни санадим — 121 та. Кечагина, дадам кетаётганда улар 183 та эди! Мен кайфиятимни бузгим келмади ва акамнинг шартини қабул қилдим.
Бошида мен ютдим, кейин акам юта бошлади. Акам ютиб олган қистирмаларини ўзиникига қўшиб қўйди. У менинг аччиғимни келтирмаслик учун бошқа кулмади.
— Агар истасанг, бошқача йўллар билан ҳам ўйнаб кўрамиз, — деди у. — Ким ютса, битта қистирма олади. Мен ютсам, сендаги қистирмаларни танлаб оламан. Менда баъзи қистирмалар йўқ, сен уларни менга ҳечам бермайсан.
Мен рози бўлдим. Кетма-кет уч марта ютқаздим, то ўзимга келгунимча иккита Грета Гарбо, 21-рақам ва қирол Фаррухлардан биттаси, 78-рақам акамнинг қўлига ўтди, аммо булар унда бусиз ҳам бор эди.
Мен шуларнинг барисини бир қўлдаёқ ютиб олишга қарор қилдим. Ўйин қизиб борарди, натижада қўлимдан Эйнштейн, 63-рақам Мавлоно,3-рақам Саркис Назарян,100-рақамли “Мамбо” қандолат корхонасининг асосчиси, Клеопатра, 53 -рақамлар қўлдан кетди. Бу қистирмалардан менда бир нусхадан бор эди, акамда эса мутлақо йўқ эди.
Бўғзимга ёш тиқилди. Йиғлаб юборишдан қўрқиб, дераза ёнига чопиб бордим-да, кўчани томоша қила бошладим. Беш дақиқа олдин ҳаммаси ажойиб эди: бекатга яқинлашиб келаётган трамвай, хазонрезги дарахтлар ортидан кўриниб турган уйлар, кўчанинг бир четида ётиб олиб, қашинаётган ит — завқли кўринаётган эди! Агар вақт тўхтаб, от пойгаларидаги каби биз беш квадрат ортга сурилганимизда эди! Мен ўшанда ҳечам акам билан тоқ-жуфт ўйнамаган бўлар эдим!
— Яна ўйнаймизми? — сўрадим акамдан пешонамни ойнага тираганча.
— Йўқ, мен бошқа ўйнамайман, сен йиғлаб юборасан.
— Йиғламайман, Жеват, қасам ичаман, — дедим қаттиқ товушда унга яқинлашар эканман. — Фақат бошидаги қоидалар билан, ўша шартлар бўйича ўйнайман.
— Мен газета ўқимоқчиман.
— Яхши, — дедим мен. Кетаётиб, камайиб қолган қистирмаларни чийлаштириб ташладим. — Фақат менинг қоидаларим бўйича. Айт-чи, тоқми-жуфт?
— Фақат, йиғлама. Яхши, жуфт.
Мен ютдим, у менга Февзи Чакмак туширилган қистирмани тутқазди. Мен олмадим.
— Илтимос, менга қирол Фаррух, 78-рақамни қайтариб бер.
— Йўқ, деди у. — Биз бунга келишмаганмиз.
Биз яна икки қўл ўйнадик, яна ютқаздим. Учинчи қўлни ўйнамасам яхши бўларкан! Наполеон, 49-рақамни бериб қўйдим.
— Мен бошқа ўйнамайман, — деди акам.
Мен ўтиниб сўрадим. Яна икки қўлни ютқаздим. У мендан қистирмаларни сўраган эди, қўлимда борини бердим. Мэн Уист, 28-рақамли Жюл Верн, 82-рақамли Фотиҳ Султон Мехмет, 7-рақам қиролича Элизабетта, 70-рақамли журналистлар — Желяли Солиҳлар, 41-рақамли Вольтерлар, 42-рақам – мен буларнинг ҳаммасини икки ярим ой ичида тўплагандим. Уларнинг ҳар бири ҳақида ҳар куни ўйлардим, уларни шунақанги авайлаб-асрардимки, қўяверинг. Улар ҳозир ҳавода учиб юрар, хонада битта бўлиб сочилиб ётарди.
Бутунлай бошқа жойда, бутунлай бошқача ҳаётда яшаётган бўлганимда эди! Бувимнинг хонасига кирмай, ғирчиллаган зинапоядан бир-бир пастга туша бошладим. Шу пайт негадир жонига қасд қилган суғуртачи қариндошимиз хаёлимга келди. Энг пастки зинага тушиб, бутунлай қоронғуликда қолдим. Орқага қайтиб, юқорига кўтарилдим ва бувимнинг эшиги ёнидаги зинага келиб ўтирдим.
— Қайнонангнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, — деди бувим. — Болаларни улғайтириб, кутасан энди.
— Яна бир марта илтимос қилиб сўрайман, ойи, мен болаларим билан шу ерга қайтмоқчиман.
— Сен бу чанг босган, арвоҳлару ўғрихонада иккита боланг билан тура олмайсан, — деди бувим.
— Ойижон, опаларим турмушга чиқиб, бу ердан кўчиб кетишгандан сўнг отамнинг охирги йиллари учаламиз қандай яхши тургандик!
— Гўзалим Мебрура, сен ўшанда кун бўйи отангнинг эски “Иллюстрасьон”ига тикилиб ўтирардинг.
— Мен пастдаги катта печкани ёқаман. Уй икки кунда исиб кетади.
— Ўшанга турмушга чиқма, дегандим-а, сенга, — деди бувим.
— Яна битта аёл бўлса, биз икки куннинг ичида ҳаммаёқни чиннидай қилиб юборардик, — деди ойим.
— Бу уйга ўғри хизматкорни киритмайман, — қайириб ташлади бувим, — сен бу уйдаги чангларни артиб, тозалайман дегунингча ярим йил ўтади. Бу вақт ичида сенинг бетайин эринг ҳам қайтиб келади.
— Шу гапингиз гапми, она? — сўради ойим.
— Мебрура, бебаҳо қизгинам, иккита боланг билан бу ерга кўчиб келсанг, нима билан тирикчилик қиламиз?
— Ойижон, Бебекдаги уйимиз, ҳовлимизни сотайлик, бўлмаса мусодарага тушиб қолади, деб неча марта айтдим сизга.
— Мен бундай қоғозларга имзо ҳам чекмайман, кадастр идорасидаги ифлос ўғрилар билан юзма-юз бўлмайман, ер ютсин ҳаммасини!
— Ойижон ундай деманг. Биз опам билан нотариусни эшигингиз олдига олиб келдик-ку, — деди ойим овозини кўтариб.
— Мен бу нотариусга ўлсам ҳам ишонмайман, — деди бувим. — Унинг юзидан фирибгарлиги шундоқ кўриниб турибди. У нотариус ҳам эмасдир ҳали. Мен билан бундай оҳангда гаплашма!
— Яхши, ойи. Бошқа бундай қилмайман, — деди ойим. Кейин бизни чақирди: — Болалар, болалар! Бўлинглар, кетамиз.
— Тўхта! Қаёққа?! — сўради бувим. — Биз яхшилаб гаплашиб ҳам олмадик.
— Сиз бизнинг келишимизни истамайсиз, ойи, — деди онам шивирлаганча.
— Буни ол. Болаларингга хўрозқанд.
— Улар тушликкача ширинлик ейишмайди, — деди онам ва акам иккаламизга очиб берган хонага кирди. — Бу қистирмаларни ким сочиб юборди? Тезда териб олинглар-чи. Сен ҳам қараб турма, — деди онам акамга.
Биз индамай қистирмаларни териб олдик. Онам эски қутиларни очди, болалар кийими, шойи парда, қоғоз қутичаларга қаради. Тикув машинасининг остидан кўтарилган чанг томоғимга тиқилди, кўзимга ёш тўлди, бурним қичишди.
— Мебрура, қизгинам, мана бу чойнакни ол, уни яхши кўрасан, ахир. У — сеники. Бобом уни онам учун Шишли губернатори бўлган пайтда Хитойдан келтирган! Олақол, илтимос.
— Мен бошқа сиздан ҳеч нарса олишни истамайман. Чойнакни эса шкафга солиб қўйинг, синдириб қўясиз, ахир. Болалар, бувингизнинг қўлидан ўпинглар.
— Мебрура, қизгинам, бечора онангдан аччиқланма, — деди бувим бизга қўлини узатаркан. — Нима бўлганда ҳам, мени ташлаб қўйма, келиб тур.
Биз зинапоядан тез тушдик, темир эшикни ёпдик, ташқарига чиқдик ва қуёшнинг илиқ нурларига кўмилдик, тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан симирдик.
— Эшикни яхшилаб ёпинг! — баланддан туриб қичқирди бувим. — Мебрура, келгуси ҳафтада ҳам кел, майлими?
Онам қўлимиздан ушлади ва биз йўлга тушдик. Биз йўтала-йўтала бекатда одамлар билан бирга трамвайни кутдик. Трамвай келиб тўхтаган заҳоти акам билан келишганимиздай ҳайдовчи кўриниб турадиган олдинги ўриндиққа ўтириб олдик ва “жуфт-тоқ” ўйинини бошлаб юбордик. Мен қувонганимдан кетма-кет ютдиму шу ернинг ўзида яна ютқазиб қўйдим. “Усмонбей” бекатида акам таклиф қилди:
— Ўн бешта қистирмангни истагингга кўра алмаштираман.
Мен яна ўйнай бошладим. Мен ўзимда яшириб қўйган иккита қистирмамдан бошқа ҳаммасини ютқаздим. Онамнинг олдига келиб ўтирдим. Йиғламадим. Онам каби деразадан липиллаб ўтаётган ғаро-йиб, ҳеч вақоси қолмаган дўконлар, нонвойхона, гуруч унидан кисел тайёрлайдиган сотувчилар чодирлари, биз тез-тез тушиб турадиган “Тан” кинотеатри, деворга суяниб турган болалар ва арзон-гаровга сотадиган китобфурушлар, мен доим қўрқиб қарайдиган қайчили сартарошлар, шу сартарошлар ёнида изғиб юрувчи маҳалла девоналари (бундайлар ҳар бир маҳаллада учрайди) — ҳаммасини томоша қилиб борардим. “Ҳарбийлар” бекатида трамвайдан тушдик. Акам жуда хурсанд эди ва бу мени ақлдан оздираётганди. Чўнтагимдан Линдберг тасвири туширилган қистирмаларни чиқардим. У бундай қистирмани биринчи марта кўриб турарди.
— 91-рақамли Линдберг, — ҳайратланиб ўқиди акам. — Самолётда Атлантикадан учиб ўтган. Қаердан олдинг?
— Кеча мени эмлашмади, — дедим мен. — Мен уйга эрта қайтдим ва отам кетиши олдидан кўриб қолдим. Отам олиб бердилар менга.
— Унда ярми менга, — деди акам. — Шунга келишганмиз. Охирги ўйиндаги қистирмаларнинг ҳаммаси меники.
У қўлимдан қистирмаларни олишга уринди, аммо ололмади. Шунда у билагимдан ушлаб олди-да, маҳкам қисди, аммо мен унинг оёғига тепиб юбордим. Биз олиша бошладик.
— Бас қилинглар! — қичқирди ойим. — Бас қилинглар! Кўчанинг ўртасида-я!
Биз олишувни тўхтатдик. Ёнимиздан галстукли эркак ва қалпоқли аёл ўтиб борарди. Кўчада ёқалашаётганимиздан мен ерга киргудек бўлмоқда эдим.
Акам икки қадам юрди-да, ерга ўтириб қолди.
— Вой-вой-вой, — деди у оёғини ушлаб.
— Тур ўрнингдан, — шивирлади онам. — Тезроқ тур. Ҳамма бизга қараяпти.
Акам турди ва бутун оғирлигини битта оёғига солиб, фильм қаҳрамонларидай юра бошлади. Мен бир томондан, унинг оёғи қаттиқ оғриётганига ачинсам-да, иккинчи томондан, унинг қийналаётганини кўриб, завқланардим. Биз бир муддат индамай кетдик, сўнг акам менга деди:
— Мен сенга уйда кўрсатаман, — Кейин онамга: — Ойи, Алини эмлашмабди! – деди.
— Йўқ, мени эмлашди, ойи!
— Жим! — аста қичқириб деди онам.
Биз уйга яқинлашдик, фақат йўлни кесиб ўтиш қолди, холос. Биз Мачкадан келаётган трамвай ўтиб кетишини кутиб турдик. Унинг ор-қасидан юк машинаси, кейин тутун бурқситиб, Бешиктошдан келадиган автобус ўтди. Бошқа томондан эса гиацинт рангидаги “Десото” кўчани кесиб ўтди ва кўздан йўқолди. Мен шунда деразадан қараб турган бувамни кўрдим. У бизни кўрмасди, илғамасди ҳам, ўтиб кетаётган машиналарни кузатарди, холос. Мен унга узоқ тикилиб қолдим.
Йўл аллақачон бўшаган эди. Мен онамга қайрилиб қарадим, нима учун бизни кўчанинг нариги томонига олиб ўтмаётганига тушунмасдим. Онам овоз чиқармай йиғларди…

Русчадан Назира Жўраева, Ойгул Суюндиқова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон