Аслида ушбу технологик жамиятда инсонларга фойда келтириш учун яратилган буюмлар айрим пайтларда муаммо келтириб чиқарувчи омилга ҳам айланиб қолаётгандай, гўё. Дарсда бироз зериккан ўқувчи учун “сотка”дан яхши овунчоқ йўқ. Ўқитувчи ўзига-ўзи гапиравермайдими? Нима қилибди, уй ишларидан ортиб, кечаси билан дарс режасини тузиб келган бўлса?! Телефондаги ўйинлар, видеоклиплар, қўшиқ ва расмлар математика, география ёки физиканинг «тушунарсиз» формула ва масалаларига қараганда қизиқарлироқ…
Мактаб ўқувчиларининг уяли алоқа воситасидан фойдаланиши ўқитувчилар учун каттагина муаммоларни юзага келтиряпти. Мобил алоқа туфайли ўқитувчилар 45 дақиқанинг асосий қисмини дарс ўтишга эмас, замонавий технологияларнинг домига тушиб қолган ўқувчиларнинг эътиборини жамлаш ва аудиторияни тинчлантириш учун сарфлашга мажбур. СМС орқали муаллимларнинг соч турмаги ҳақида фикр алмашиш, расмга тушиш, мусиқа тинглаш билан овора бўлган бугуннинг мактаб ўқувчиси асосий вазифаси билим олиш эканлигини баъзан унутиб ҳам қўяди.
Бугун ўқитувчилар дарс давомида бир неча маротаба телефон “садолари”нинг жаранг сочиб ўтишидан ҳайратланмай қолган, бироқ…
– Танаффусда доимо бир хил манзара: ҳамма болалар бир жойга тўпланиб, “сотка” ҳақида гаплашади, телефонидаги расмлари, қўшиқларини кўз-кўз қилади. Ёки бўлмаса, йўлакларда суҳбатлашаётган қизларни кўриш мумкин. Ўзаро эмас, ҳаммаси ўз телефонида. Бу билан чекланмаган ўқувчилар дарс вақтида ҳам телефонини қўлидан қўймайди. Жазо тариқасида бир неча марта уларнинг “сотка”сини олиб қўйдик, кейинги дарсда эса, яна шу аҳвол, – дейди Миробод туманидаги 175-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Замира Отаниёзова.
Ўқувчилар мобил алоқа воситасидан у аслида нима учун кераклигини англаб етмаган ҳолда фойдаланадилар. Бу ҳақда улардан сўраганимизда, болалар телефондан ота-онаси билан хабарлашиб туриш, мусиқа эшитиш, ўйин ўйнаш учун фойдаланишларини таъкидладилар. Оддий қилиб айтганда, улар алоқа воситасидан навбатдаги ўйинчоқ сифатида фойдаланишади.
Сотсиологик тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, мактаб ўқувчисининг қўлидаги уяли алоқа воситаси уни ўқишдан фақат ва фақат чалғитиши мумкин.
Нотўғри ёндашув туфайли қўл телефони ўқувчилар орасидаги маданиятсизлик ва ялқовликнинг тарғиботчисига айланиб қолди. Қолаверса, ота-оналарнинг «ғамхўрлиги» билан олиб бериш турли модел ва кўринишларда ишлаб чиқарилаётган бу “матоҳ” ўқувчилар орасида табақаланишни юзага келтирмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси таълим муассасаларида уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги тавсияларни ишлаб чиқди. Унга кўра, олий ўқув юртлари ва мактабларга кираётганда хусусий мобил телефонни ўчириб қўйиш лозим, дарс вақтида ундан фойдаланиш мумкин эмас. Тартибни бузган ўқувчи мактаб раҳбарияти ёки педагоглар томонидан икки маротаба огоҳлантирилади. Учинчи ёки иккинчи марта қўпол тарзда қоидага риоя қилмаган ўқувчининг телефони 2 нафар ўқитувчи ва ўқувчи гувоҳлигида олиб қўйилади. Ота-она мактабга чақирилиб, чора кўрилганидан сўнггина телефон эгасига қайтарилади.
Айтиб ўтиш керакки, уяли алоқадан фойдаланиш борасидаги чекловлар болаларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига зид келмайди.
Кўпгина мактабларда эшигига “ТЕЛЕФОНДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН ЭМАС” деб ёзилган синфхоналарни учратиш мумкин. Хўш, бизда кўрилаётган чоралар қандай натижа бермоқда?
– Мактабга қўл телефони билан келган ўқувчи машғулотлар бошланишидан олдин уни ўқитувчисига топшириб қўяди. Дарслар тугагач, телефон қайтариб берилади. Бу вақт оралиғида, қўнғироқларга ўқитувчи жавоб бериши мумкин. Мактабимизда жорий қилинган ушбу тартиб дарсларнинг самарадорлиги ва хавфсизлигига ижобий таъсир қилмоқда, чунки энди ўқувчилар “Онам телефон қилиб чақириб қолди, уйга боришим керак”, деган баҳоналар билан компютер клубларига “қочиб” кета олмайди, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 207-мактаб ўқитувчиси Д.Азаматова.
Аммо, гап фақат мактаб раҳбарияти қўяётган талабда эмасга ўхшайди.
– Айрим катта ёшдаги одамлар телефондан фойдаланиш маданиятини билмагандан кейин, мактаб ўқувчилари нима қилсин? Ҳеч қайси ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, “сотка”ни ҳам яхши ниятда, нуридийдасидан хабар олиб туриш мақсадида олиб беради. Лекин, телефон орқали беҳаё филмларни томоша қилиш, дарс вақтида “смслашиб” ўтириш, гаплашиш каби ҳолатлар ўқувчилар орасида кўп учрамоқда. Хўш, фарзандига “сотка” олиб берган ота-она бу ҳақда биладими? Ўғил-қизининг телефонидаги видеоклиплар ёки расмлар билан қизиқиб кўрганми? – ажабланади Юнусобод туманидаги 235-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Саодат Зоидова.
Боланинг қўлидаги телефон гўёки унинг кўринмас текширув остига олинганлигини англатади. Ота-оналар фарзандининг мобил алоқадан фойдаланиши – доимий равишда унинг холидан хабардор бўлиб туришнинг яхши усули деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, уларнинг бу хайрихоҳликлари боланинг ўқишига тобора салбий таъсир кўрсатиб бораётгани, соғлиғи ва ундаги айрим муаммоларнинг юзага келаётгани эвазига бўлаётганини пайқамай ҳам қоладилар. Ота-оналарнинг бу жавоби шунчаки баҳона, дейди психологлар. Ота-она эрталабдан фарзандини мактабга жўнатдими, кун давомида унинг қаердалигини, албатта, билади. Телефони бор бола эса, интернет-кафеда ўтириб ҳам, “мен мактабдаман” деб ота-онасига ёлғон ахборот бермаслигига ҳеч ким кафил бўла олмайди. Бу ҳолатни назорат остига олинган назоратсизлик деб ҳам аташ мумкин.
6-синф ўқувчисининг онаси Шоҳиста Иноғомова фарзандидаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди: “Қизим телефон олиб беришимни сўраб хархаша қилаверди, ҳамма синфдошларида бор эмиш. Сўнгги пайтларда у фақат телефони билан овора, ҳатто дарсини ҳам наушникда мусиқа тинглаб тайёрлайди. Дарс жадвалини суратга тушириб олганини айтмайсизми, унинг айтишича, бу сурат кундалик вазифасини бажарар экан. Телефон қўнғироқлари кўплигидан қизим билан кам мулоқот қиладиган бўлиб қолдик. Бу масала мени кўп ўйлантирди. Шундан сўнг унга жазо сифатида телефондан фойдаланишни тақиқламоқчи бўлдим. Лекин, назаримда, муаммони бу тарзда ҳал қилиб бўлмас экан”.
Мамлакат ва миллат келажаги учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган ушбу масала дунё ўқитувчилари ва таълим соҳасидаги бошқа мутахассисларни ҳам ташвишга солиб улгурган эди. ворлд. кбс. ком сайтининг маълумотларига кўра, Кореянинг Сеул шаҳар кенгаши бошланғич синф ўқувчиларига мактабда телефондан фойдаланишни ман этиш арафасида. Гарчи, ўқувчиларнинг ўзи бунга қарши бўлса ҳам. Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, ота-оналарнинг 53,2 фоизи кенгаш қарорини маъқуллаган бўлса, қолган 46,8 фоизи фарзандларининг телефонда гаплашишига умуман қарши эмас. 77,9 фоиз ўқитувчи болаларга мактаб вақтида қўл телефони керак эмас, деган фикрни билдирган. “Бошланғич синф ўқувчилари ўзини тўлиқ назорат қила олмайди. Катталар қўл телефонини ўчириб қўйиб, зарур вақтдагина ундан фойдаланади, болакайларда эса, ўйинларга чалғиб кетиш оқибатида дарсга бефарқлик билан қараш ҳолатлари кузатилган”, – дейди қўл телефонини тақиқлаш тарафдорлари.
Сўнгги пайтларда япониялик болаларнинг телефонда гаплашиш имконияти тобора камайиб бормоқда. Умуммиллий сўровнома хулосасига кўра, мамлакат миқёсидаги 20527та бошланғич ва 9936та ўрта мактабда телефондан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман ман этилган. Бошланғич мактабларнинг 11636таси, ўрта мактабларнинг 5105тасида фақат айрим ҳолларда (масалан, фавқулодда ота-онага қўнғироқ қилиш ҳолатда керак бўлганда)гина телефондан фойдаланишга рухсат этилган.
Яқин қўшнимиз – Тожикистоннинг барча умумтаълим мактабларида мобил алоқа воситаларини олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Унга амал қилмаганлар муқаррар жазо – жаримага тортилади.
Греция, Украина ва бошқа бир қанча мамлакатларда ҳам телефонда тинмай сўзлашувчи ўқувчиларга қарши кураш чоралари ишлаб чиқилган.
Тиббиётчиларнинг айтишича, уяли алоқадан мунтазам равишда 10 йил мобайнида фойдаланиш инсон эшитиш йўлларининг саратон хасталигига йўлиқиш эҳтимолини 50-60 фоизгача оширар экан. Олимлар буни катта одамлар мисолида ўрганган. Демак, ёш болаларнинг тўла ривожланмаган организмларида бу касалликларга чалиниш хавфи сақланиб қолаверади.
Қолаверса, узлуксиз наушникда эшитиш қулоқнинг эшитиш қобилиятининг сусайишига, кичик шаклдаги ўйинларни ўйнаш эса кўз равшанлигининг пасайишига, ўйинларнинг мавзусига кўра урушли вазиятларга дуч келавериш асабийликка олиб келади.
Болангиз қўлидаги сотка аталмиш ўйинчоқни ўйнаб бўлгач, бир кун келиб эскиради, шунда у бошқа, ўртоғиникига ўхшаган, яъни янада қимматроғини олиб беришингизни хоҳлаб хархаша қилади. Эскисини тутгиси келмай қолади, сиз эса назоратни узмаслик учун янгисини олиб беришга мажбурсиз. Афсус, у айтгани отнинг калласидай нархда турибди, кейинги ойликдан олиб бераман, деб ваъда бериб қўйдингиз. Унгача эса соткасиз мактабга қатнади, бора-бора бунга кўникиб ҳам қолди. Дарс тугагач вақтида уйда бўлади… Ваъда қилинган муддат келди. Фараз қилинг, 35 нафар боладан иборат синф. Ўқитувчи болаларга тенглама ечишни ўргатаяпти. Шу пайт… “ЭС-ЭМЕЕЕС!!!!!!” ҳамманинг хаёли ўша товушда. Бир неча дақиқадан кейин бошқа ўқувчининг телефони қўшиқчи Шаҳзоданинг “Ассалому алайкум…” таронаси садолари остида жиринглайди. Бундай шароитда на дарс ўтиш мумкин, на бирор нарсани ўрганиш. Бир сўз билан айтганда, мактабда уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш таълим жараёнига ва ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади.
Уяли алоқа компанияларининг ўқувчиларга мўлжалланган тарифлари ОАВ орқали тинимсиз равишда реклама қилиняпти. Бу фарзандингизнинг “сотка”га бўлган қизиқишини янада кучайтиради. Яратилган “имтиёзлар” болаларнинг ҳуда-беҳудага суҳбатлашиш, СМС орқали керакли-кераксиз маълумотлар алмашиниш “имкониятлари”ни оширмоқда. Ўйлаб кўринг, сиз учун нима муҳим, оила аъзолари ўртасидаги илиқ муносабатларни сақлаб қолишми ёки уяли алоқа компанияларининг манфаати?
Ўтаётган ҳар бир лаҳза ғанимат эканлиги, ёшликда олинган билим нега тошга ўйилган нақшга қиёсланишини 14-15 ёшли бола тушунмас, балки. Лекин ота-она муаммони англаши, фарзанди олдида масъулиятни ҳис қилиши лозим. Бу масъулият “сотка”нинг қиймати билан эмас, болага бўлган эътибор, меҳр-муҳаббат билан ўлчанади.
Шунча гапдан кейин ҳам тарбия ва таълим беришдек муқаддас бурчни телефонга топшириб қўяверамизми?
Висола Қаршибоева,
Мухлиса Мўминова,
«Маърифат» газетасидан олинди.