СМС самимий изҳорми?

Замон тараққий этгани сари кўп юмушлар осон ҳал бўлаяпти. Илгари узоқдаги дўстлар билан хат орқали хабарлашган бўлсак, ҳозир интернет тармоғи дунёнинг у бурчагидаги киши билан ҳам суҳбатлашиш имконини беради. Борган сари алоқа соҳасида барча нарсалар осонлашиб бораётгандек. Бугунги кунда уяли алоқа воситаси ҳам ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Уй бекасидан тортиб, касалхонадаги беморгача ўзининг беминнат дўстига суяниб қолди.

Кун сари уяли алоқа компаниялари турфа хил хизматларни таклиф қилиб, мижозларни ҳам бироз шошириб қўймоқда. Энди кимгадир хат, яъни СМС ёзмоқчи бўлсак, компания тақдим этган тайёр матн­дан фойдаланиш мумкин. Бироқ…

Ҳозир телевидениеда ҳам, радио ёки газета ор­қали ҳам фалон рақамга СМС юборинг деган ундовни тинглаш, кўриш мумкин. Тўғри-да, дейлик, радионинг қутловлар дастурига телефон орқали уланиш мушкул, СМС эса кўпсонли мухлислар талабини бир вақт­да қондиради.

Яқинда тунги соат 23:00 лар атрофида обрўли радиоканаллардан бирида ажойиб эшиттириш берилди. Мавзу кишининг ички ва ташқи гўзаллиги ҳақида экан. Танланган мавзу мушоҳадали, эфирга уланаётган мухлислар фикри эса бир-биридан қизиқ. Орада СМСлар ҳам ўқиб эшиттирилди. Шунда ўзига хос бир СМС эътиборимни тортди. “9- “г” синфидаги Иззат ҳам ички ва ташқи томонлама гўзал. Мен уни ҳурмат қиламан. Мадина”.

Бошловчи эса, бу СМС муаллифига жавобан шундай йўл кўрсатади: “Ўртангиздаги бу ришта висол билан якун топсин”.

Кечирасизу, 9-синфдаги ўсмир қизга бундай тилак билдириш, бизнингча, бошловчи этикасига тўғри келмайди. Шу баҳона ҳар куни истар-истамас қулоққа чалинаётган СМСлар мазмуни ҳақида айрим мулоҳазалар туғилди.

– … Салом, абонент яхши ётиб турсинлар.

– !…Қарши шаҳридаги фалончихонга юракча…

-…Салом азизим­­­, ______ М, кечирасиз (бошловчи бошлаб қўйгану, у ёғини ўқишга уят йўл бермайди).

Албатта, мухлис билан радиоканалнинг жонли мулоқотга киришгани яхши, аммо ёзиш керак экан деб, ҳамма нарсани ҳам ёзавермайди-да. Ҳурматли бошловчилар ҳам қайсидир ҳамма эшитиши зарур бўлмаган, баъзан беҳаё СМСларни ўқимасалар, нари борса, бир абонент (йўғ-э, мухлис демоқчи эдим) хафа бўлади. Аммо минглаб тингловчилар бемаза сатрларни эшитмайди. Эфир вақти ҳам беҳуда сарф бўлмайди. Яна мавзуга доир бир жиҳат. Бир куни тасодифан ҳамкасб қизга келган СМСларга кўзим тушди. Ишонасизми, бир ҳафтада нақд 160 хабар келибди. Ҳа, шоиртабиатлигига борибди-да, дедим ичимда. Бироқ хабарларда ёзилган “шеърлар” СМС муаллифи ҳақидаги фикримнинг  ўзгаришига сабаб бўлди. Кейинроқ эса, бу бепарда сатрлар тайёр севги изҳорларидан кўчирилганлигини айтишди.

Миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатиш, уларни ушлаб туриш, тўғриси, уяли алоқа компанияларига ҳам осон эмас. Кучли рақобат шароитида абонентларни жалб этиш анчагина тер тўкишни талаб қилади. Қилинган меҳнат эса мижозлар сони ошгани билан қадр­ланаверади. Аммо бу абонентни нима қилиб бўлса ҳам ушлаб туриш дегани эмас. Даромад ўз йўлига, аммо шундай ажойиб, бир-бирига ўхшамас хизматлар (дейлик, эртанги об-ҳаво ҳақидаги, иқтисод ва нарх-наво билан боғлиқ хабарлар) кўрсатаётган заҳматкаш ходимлар нега мижоз савиясини ўтмаслаштириб қўйишдан хавотирланмаётирлар? Севги изҳори учун СМС тайёрлаш керак экан, бўлар-бўлмас сўзлар қоришмасини ёзиб, қийналгандан кўра, мумтоз асарлардаги шоҳ байтлардан ёхуд замондош шоирларимиз ижодидаги гўзал сатрлардан фойдаланилса бўлади-ку. Албатта, бу менинг қарашларим. Асосийси, ўсмир ёшларимиз шеър деганда ўша «жўқий» изҳорларни тушуниб қолишларидан хавотирдаман.

Зуҳра Бобохўжаева
“Маърифат” газетасидан олинди.