Ён қўшни — жон қўшни.
Ўзбек халқ мақоли
Қўлдош ака одатича қўлида токқайчи, бошяланг, томорқасида куймаланиб юрган эди, ногоҳ девор ортидан қўшниларнинг гангур-гунгури қулоғига чалинди. Кўп ўтмай шовқин кучайди: даҳанаки жанг етилиб келаётгани аниқ эди.
У беихтиёр қаддини ростлаб, қулоқ солди: девор-дармиён қўшниси Баширали туғишган акаси билан тортишаётибди.
Хуррам ака укасини қора тортиб, шу ерга иморат соляпти. Янги режага кўра Баширалига тегишли томорқанинг бир қисми энди акасига ўтиши лозим. “Ҳойнаҳой, жанжал шу томорқадан чиққан-ов, — дея ўзича тахмин қилди Қўлдош ака. — Баширали-ку ғирт жинни (одамлар бежиз унинг исмига “жинни” сўзини қўшиб айтишмайди), кўзига қон тўлса отасиниям танимайди. Аммо Хуррам ака оғирлик қилса бўларди. Ҳарқалай, укасининг феълини билади-ку. Аслида шу ерга кўчиб келиб чакки қиляпти. Ҳарна бўлсаям, жигарим деганда. Мана энди, “узоқдаги кишнашар, яқиндаги тишлашар” деганларидай…”
Ҳаял ўтмай девор ортидан дарахтларнинг қарсиллаб сингани эшитилди. Баширали ҳар болта урганда “их, их” дея бор заҳар-зуғумини тўкиб соларди. Қўлдош ака ҳалиги тахмини тўғри чиққанини фаҳмлади. Шошиб токқайчини белига қистирдию можаро бўлаётган томон ошиқди. Бориб девордан мўраладию бир зум ҳайратдан серрайиб туриб қолди. Баширали гуллаб-яшнаб турган мевали боғни қийратиб кесар, боёқиш Хуррам ака кўзларига ишонмай, бир четда тушимми-ўнгимми дея мунғайиб қараб турарди.
Қўлдош ака девордан ошиб ўтгунча яна бир неча қимматли дақиқа ўтди. Болта ҳар урилганда ичида бир нима чирт-чирт узилиб тушаётгандек сесканар эди. Кесилаётган дарахтларнинг аксариятини Қўлдош ака ўз қўли билан пайвандлаганди.
— Тўхта! Тўхта дейман! — Қўлдош ака жон ҳолатда югуриб келиб, Баширалининг қўлига ёпишди ва болтани тортиб олди. — Эсингни едингми? Дарахтда нима гуноҳ? Уволидан қўрқмайсанми?
Аёвсиз, қийратиб кесилган ёш ниҳоллар ерда ётар, омон қолган икки-уч туп олма, беҳи кўчатлари бу кўнгилсиз можародан афсуслангандек баҳор шабадасида хомуш бош чайқаб турарди. Нохуш манзарадан Қўлдош аканинг юраги тўлиб кетди. Баширалига ғазаб билан ўқрайди-ю, ичидан хуруж қилиб кетган аламини базўр тутиб қолди. У қўшнисининг феълини яхши билар, унга танбеҳ бериш деворга гапириш билан тенг эди.
Қўлдош ака ҳамон беҳол-беҳуш турган Хуррам акани уйига етаклаб кетди. Бир пиёла чой устида кесилган боғни қайта тиклаб беражагини айтиб, янги қўшнисига далда берди. Ҳозиргина бўлиб ўтган кўнгилсизлик ҳақида чурқ этиб оғиз очишмади. Қўлдош ака, гарчи жанжалнинг асл сабабини билмаса-да, Баширалининг бу қилмиши ичқоралик, бахиллик эканини аниқ сезди. Ҳа, ука мевали боғининг бир қисми акага ўтиб қолишини истамасди.
Қўлдош ака яхши боғбон. Кейинчалик у ўша кесилган боғни беминнат қайта тиклаб берди. Хуррам ака туғишган укасидан топмаган оқибатини янги қўшнисидан топди.
Фалакнинг гардиши билан бу орада яна бир ғалати воқеа содир бўлди: Баширалининг боғи… қуриб қолди. Аллақандай сирли бир касаллик тегдими ёки бошқа сабабданми, ҳарқалай, мевали дарахтлар бирин-кетин, япроқ ёзар-ёзмас сўлиб, қовжиради. Қўни-қўшниларнинг хаёлига лоп этиб халқнинг доно мақоли келди: бахилнинг боғи кўкармас!
Баширали фақат бахилгина эмас, худбин, итфеъл кимса эди. Боғидан чиққан ҳосилни бола-чақасига ҳам едириб-ичирмай, қишга асраб, узоқ жойларга бориб қимматга пулларди. Унинг феъл-атворини яхши билган маҳалла аҳли “балодан ҳазар” дея ундан нарироқ юришарди. Баширали шунда ҳам билганидан қолмасди. Сув танқис маҳал одамлар навбат билан томорқасини суғорса, у сурбетлик билан хоҳлаган вақтда сувни навбатсиз эгаллаб оларди. Мабодо қўшнилардан биронтасининг товуғи ёки мол-ҳоли адашиб томорқасига ўтиб қолса, соғ чиқмас, баъзан умуман қайтиб чиқмасди. Энг ачинарлиси, хотини ва болаларининг феъл-атворида ҳам Баширалининг таъсири яққол сезилиб турар, ҳар бир оила аъзоси қонида худбинлик, манфаатпарастлик бор эди. Қишлоқда енгил машина ҳали унчалик расм бўлмаган кезларда Баширали яп-янги “Волга”сини кўз-кўз қилиб минарди. Хуррам ака оғир бетоб бўлиб қолганда Баширалидан акасини докторга олиб боришни илтижо қилишади. Баширали кўнмайди. Орада яна кўнгилсизлик бўлади. Хуррам ака бандачилик қилганда Баширали азага ҳам кирмайди. Аммо маҳаллада Қўлдош акага ўхшаган саховатли, олийҳиммат, диёнатли одамлар кўп эди. Улар ҳамиша бир-бирининг жонига ора киришади, тўй-ҳашам, маърака-маросимларнинг бошида туришади. Айниқса, ёлғизқўл, ночор кишиларга алоҳида ҳиммат кўрсатишади.
Фаришталар яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам омин дермиш. Баширали кейинчалик ростдан ҳам айниб, минг азобда ўлиб кетди.
Бу узуқ-юлуқ воқеа-тафсилотлар болалигимдан бир хотира сифатида онг-шууримга маҳкам ўрнашиб қолган. Назаримда, Қўлдош ака билан Баширали икки хил одам, икки хил олам, эзгулик ва қабоҳатнинг жонли тимсоли эди. Яхшилик ва ёмонликнинг нима эканлигини илк бор ана шу қўшниларнинг икки хил ҳаёт тарзига гувоҳ бўлиб билиб олганман.
Маҳалла! Қўшничилик!.. Аслида мен шу ҳақда гапирмоқчи эдим.
Албатта, ҳеч ким қўшнисининг Баширалига ўхшашини истамайди. Қўшнинг ёмон бўлса, кўчиб қутуласан деган нақл бор. Бошқа жойга кўчадиган одам биринчи галда қўшнисининг кимлигини сўраб-суриштиради. Янги уй билан қутлагани келганлар албатта биринчи галда “Қалай, қўшниларинг яхшими?” дейди. Ахир, “Ҳовли олма, қўшни ол!” деб бежиз айтишмаган.
Одамзотнинг бошида яхши-ёмон кунлар бор. Мақолда айтилганидек, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”. Аммо шу оддий ҳақиқатни билган ҳолда қўни-қўшничилик муносабатларига ҳамма вақт ҳам жиддий аҳамият беравермаймиз. Гап фақат Баширалига ўхшаган кимсаларда эмас. Сир эмас, гоҳо дуппа-дуруст, ўқиган, тушунган одамлар ҳам бир жойда туриб, ён қўшнисининг дарду қувончидан йироқ яшайдилар. Бу ҳол айниқса шаҳарларда яққол сезилади.
Шаҳар ҳаётининг ўзига хос, мураккаб томонлари бор. Шаҳарда одамлар бирмунча биқиқ, ўз кундалик ташвишларига кўмилган ҳолда яшайди. Глобаллашув даврининг шиддатли оқими шаҳарда яққолроқ сезилади. Вақт тиғиз. Асаблар таранг. Энг зарур ишларга ҳам улгуриш қийин. Ойлаб, йиллаб энг яқин одамларимизнинг ҳолидан хабар ололмаймиз. Хат ёзишни-ку буткул унутиб қўйганмиз. Зўр келса телефон, телеграмма каби замонавий воситаларни ишга соламиз. Шундай экан, ўзимиздан ортиб қўшнимиз билан кирди-чиқди қилиш мушкулдек кўринади.
Дарҳақиқат, битта “дом”да яшаб туриб (“Дом” деганимиз ахир бутун бир маҳалла!) бир умр бир-бирини танимайдиган, бир-бири билан қизиқмайдиган одамлар ҳам жуда кўп.
Янги “дом”га кўчиб ўтганимиздан кейин бир-икки йил ўтгач, қўшни йўлакдаги бир хонадонда меҳмон бўлишга тўғри келди. Гурунг авжида икки ҳамсуҳбат бир-бирига қўшнисидан шикоят қила кетди. Болаларнинг шўхлигию девор ортидан тарақа-туруқнинг тинмаслиги — ҳамма-ҳаммасини тўкиб солишди. Кейин сиз қайси йўлакда, нечанчи хонадонда турасиз, дея ўзаро суриштиришга тушишдию иккисиям бир-бирига тикилганча ҳанг-манг бўлиб қолди. Маълум бўлишича, улар девор-дармиён қўшни бўлиб, ҳалитдан буён ўзларини бир-бирига ёмонлашаётган экан. Олдинига роса кулишдик, кейин хижолат чекиб, жим бўлиб қолдик. Назаримда, ҳамма бу кулгининг замиридаги аччиқ ҳақиқатни ўйлар эди. Булар-ку бир-бирларини билмай-танимай шундай “қовун туширишди”. Аммо баъзан бир йўлакда яшаб, ҳар куни зинапояда, остонада юзма-юз келишса ҳам пайти келганда заррача бир-бирига ҳадди сиғмайдиган қўшнилар бор.
Бир куни йўлакдаги қўшнилардан бирининг юраги ёмон бўлиб қолди. “Тез ёрдам” ҳадеганда келавермади. Кўнгилсизликдан кўпчилик бохабар бўлди. Худди шу йўлакда бир дўхтир ҳам яшарди. Аммо ҳеч ким унга учрай қолишни маслаҳат бермади. Ҳалиги қўшни ҳам бунга ботинмади. Чунки ўша дўхтир ҳеч ким билан қўшничилик қилмас, ҳеч қачон биринчи бўлиб бировга салом бермас, ҳатто саломга зўрға алик олар, бировга мундоқ очиқ чеҳра билан боққанини ҳеч ким кўрмаган эди. Табиий, бундай кимсага оғиз очиб дард айтиш осон эмасди.
Қишлоқдаги одамлар бир-бири билан анча синашта бўлади, етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма бир-бирини танийди, муомала-муносабатлар самимий. Бутун туриш-турмушинг, кечмишинг ҳамманинг кўз олдида, ошкора…
Шаҳарда-чи? Айтайлик, янги “дом” қуриб битказилди. Бир-бирини етти ухлаб тушида кўрмаган, мутлақо нотаниш, касби-кори, феълу атвори ҳар хил одамлар энди бир жойда яшай бошлайдилар. Агар “дом”да лоақал бир-иккита одамларнинг бошини қовуштирадиган, диёнатли кишилар бўлса, нур устига нур. Бундай “дом”да файз бўлади, атрофда дов-дарахтлар яшнаб туради.
Кўриняптики, ҳамма нарса одамларнинг, қўни-қўшниларнинг ўзига боғлиқ. Ахир одамнинг тафтини одам олади, деб бежиз айтишмаган. Одамзот қаерда яшамасин, яхши кишилар, яхши қўни-қўшниларнинг меҳр-оқибатига муҳтож бўлади. Агар киши яхшилар орасида яшаётганини ҳис қилиб турса, бундай одамнинг ҳаёти завқли, мазмунли ўтади.
Бизнинг йўлакда ажойиб бир оила яшайди. Мен бу оилага ҳар жиҳатдан ҳавас қиламан. Ниҳоятда аҳил-тотув яшашади, болалари бир-биридан ақлли, одобли. Шундай оила билан девор-дармиён қўшни бўлганимизни катта омад деб биламан. Биз тез-тез кирди-чиқди қилиб турамиз. Шуниси диққатга сазоворки, бу қўшнимиз олдин яшаган жойидаги қўшнилар билан ҳам алоқани узмаган, улар билан худди туғишган қариндошлардек яқин бўлиб қолишган. Байрамлар, ҳар хил оилавий тантана-маросимларда албатта бир-бирларини йўқлашади. Шу қўшнимиз баҳонасида жуда кўп ажойиб хонадонлар, яхши одамлар билан танишиб, дўстлашдик, борди-келди қиладиган бўлдик.
Оқибатсиз қариндошдан оқибатли бегона яхши, деганлари шу бўлса керак-да. Шундай ҳаётий-ибратли воқеа-ҳодисалар хаёлимдан ўтганда беихтиёр севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг мана бу мисраларини эслайман:
Инсон билан тирикдир инсон,
Муҳаббатда ҳаётнинг боши.
Одамзотга бахш этади жон,
Одамларнинг меҳр қуёши.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 14-сонидан олинди.