Яқин кечмишимизнинг ҳали идрок этилмаган саҳифалари кўп. Мозийга ичкарилаб борган сари нафақат тарихий сиймолар, шунингдек, воқеа-ҳодисалар бешигини тебратган оддий одамлар тақдирига ҳам дуч кела бошлайсиз.
XX асрнинг иккинчи ярми бошларида Китобда Жўрабек, Шаҳрисабзда Бобобек ҳоким бўлган даврда бу шаҳарларнинг мавқеи жуда баланд эди. Беклар Бухоро амирлигида ўз сўзига, ўз ўрнига эга бўлган эдилар. Чор Россияси Бухоро амирлигига дағдаға солган суронли йилларда Жўрабек ва Бобобек ҳам ялангтўш бўлиб майдонга тушган эдилар. Бу курашнинг оқибати дастлаб амир Музаффарнинг истилочилар билан тузган шармандали иттифоқи сабабли, сўнгра эса амирнинг ўғли — Ғузор тўраси Абдумалик билан Жўрабек ва Бобобекларнинг чор истилочиларига қарши биргаликда курашиш юзасидан тузган аҳдномалари амалга ошмаслиги (уларнинг ўз аҳдида турмаслиги ва Абдумаликнинг ёлғизланиб қолиши) оқибатида мағлубиятга юз тутган эди.
Тарихнинг аччиқ сабоғини қарангки, кешлик додҳоларнинг ҳал қилувчи лаҳзаларда иккиланиши 1869 йил кузининг ўрталарида амир лашкарларининг чор қўшини билан бирлашиб жанг қилиб, Шаҳрисабз ва Китобни эгаллашига йўл очади. Натижада Жўрабек ва Бобобек омон қолган бир қисм кишилари билан Қўқонга йўл олишга мажбур бўладилар. Бекларга ҳамроҳ бўлганлар 200 киши эди. Улар орасида сипоҳийлар, бийлар, оддий одамлар бор эди. Босқинчиларнинг юртни эгаллаши уларни оилаларидан, бойликларидан, ер-сувларидан бир умрга жудо қилганди.
Генерал Фон Кауфман Шаҳрисабз ва Китоб мулкларини идора қилиш ихтиёрини кутилмаганда амир Музаффарга топширади. Бу, чор истилочиларининг Туркистоннинг бутун ҳудудини аста-секинлик билан босиб олиш йўлида “қиличнинг сопини ўзидан чиқариб” амалга оширган вақтинчалик бир тактикаси эди. Шу сабабли ҳам амирнинг ватанпарвар кучларга қарши биргалашиб курашиш ташаббусига тезкорлик билан “марҳамат” кўрсатилади. Тўраю додҳолар эса Ватан тақдири ҳал бўлаётган энг қалтис лаҳзаларда бири панд бериб, бошқаси иккиланиб, учинчиси билан боши бирикмаганлиги оқибатида мана шундай дуч келган томонга тирқираб кетишга мажбур бўладилар.
Тўкилган қонларни ёмғирлар ювиб кетади. Қўқонга паноҳ истаб келган Жўрабек ва Бобобекни Худоёрхон яхши кўриниш учун Фон Кауфманга топшириб юборади. Ватанпарвар кучларнинг боши бирикмаслиги оқибатида келиб чиққан кўргуликлар, мулзамликлар энди ўзини кўрсата бошлайди. Хўш, Жўрабек билан Бобобек-ку истилочилар қўлига топширилибди. Улар билан бирга Қўқонга келган 200 кишининг тақдири қандай кечган?
Бу савол тарихшуносларни кўпдан буён қизиқтириб келади. Шаҳрисабз ва Китобдан, бу шаҳарлар атрофидаги қишлоқлардан Қўқонга кетишга мажбур бўлганларнинг ўз уруғ-аймоғлари, яқин хешлари билан дийдорлашиб туриши ҳам ана шу аччиқ қисмат туфайли жуда қийин кечган. Жўрабек ва Бобобек Тошкентда, Туркистон генерал-губернаторининг назорати остида яшаб, истилочилар хизматига киришга мажбур бўлганлар. Кейинчалик бири генерал, иккинчиси полковник ҳарбий унвонларига етишган. Бироқ, улар Тошкентга олиб кетилган дастлабки йилларда кўп қийинчиларни бошдан кечирганлар. Иқтисодий танглик, оилавий ришталарининг узилиб қолиши қаттиқ изтиробларга сабаб бўлган.
Истилочилар ўз хизматига олинган бекларни текин боқишни хоҳламаган. Сопни ўзидан чиқариб, уларнинг Шаҳрисабз ва Китобда қолган ер-суви, мол-мулки ҳисобидан амирлик орқали маблағ ундиришни жорий этганлар. Иккала бекка ҳам интиқоми жиловсиз бўлган Бухоро амири бу ишни атайлаб пайсалга солган. 1875 йилнинг 15 январида амир номига Туркистон генерал губернатори томонидан ёзилган хатда эътироф этилишича, “беклар моддий жиҳатдан ниҳоятда тангликда қолганлар”.
Жўрабек ва Бобобекнинг Тошкентда ушлаб турилиши, уларнинг жазоланмай қолиши аслида истилочиларга бу беклар юртида ҳар онда юз бериши мумкин бўлган кўтарилишлар олдини олиш учун зарур эди. Бундай хавф XX асрнинг охирларида ҳам сўнмаганди.
Шу боис уларни сарсон-саргардонлик хароб қилади. Жўрабек ва Бобобекни орқа қилиб Қўқонга борганлар бу хонликнинг чор ҳукумати қўлига ўтиши ва ишонган сардорлари Тошкентга маҳбус янглиғ олиб кетилиши туфайли аросатда қоладилар. Уларнинг ўз юртларига қайтиши ҳам мумкин эмасди. Амир Музаффар қўйган ҳокимлар Жўрабек ва Бобобекнинг омон қолган, яшириниб юрган сипоҳларини тутиб ҳибсга олар, қатл этар эди. Бекларнинг, улар хизматида бўлганларнинг мол-мулки, ер-суви мусодара қилинган, яқин қариндошлари қаттиқ сиқув ва назорат остида яшарди.
Жўрабек ва Бобобекни Фон Кауфман қўлига топшириб истилочилардан омонлик кутган Худоёрхоннинг умиди ҳам пучга айланади. Тақдир эврилиб, унинг ўзи ҳам юртидан олисларга бадарға этилади. Қўқонда муваққат яшаб турган кенагаслар аҳволи ниҳоятда оғирлашиб кетади. Бухоро амири тирик экан, улар юртига қайтишни орзу ҳам қилолмасди. Собиқ бийлар, аъёнлар меҳнат қилиб нон топишга уқувсиз эди. Уларни хизматга олишмас, чор қўшинларига қарши курашган кимсалар сифатида ўгайлаш, шубҳа қилиш давом этарди.
Додҳолар Тошкентга олиб кетилгач, кимдир Қўқонда яшаб қолган, бошқа бирлари боши оққан томонга кетишга мажбур бўлган. Улар қаерга бормасин, шубҳа кўланкаси ортларидан қолмаган. Самарқандга келганларнинг ҳам аҳволи ўнгланмаган. Улар генерал-губернатордан ўз юртларида қолган мулклари ҳисобига яшаш тарзини ўнглашда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қиладилар. Шаҳрисабзлик Муҳаммадқул Тўқсоба Ҳусанқул Мирохур ўғлининг ва бошқаларнинг 1877 йилнинг 4 июлида Фон Кауфман номига ёзган арзномаси шундан далолатдир.
Улар генерал губернатордан Шаҳрисабзда қолган мол-мулкларига эгалик қилишда ёрдам сўрашган. Арзнома юзасидан Шаҳрисабз беги Абдулкарим девонбегига хабар бериш чор амалдори Веенбергга топширилади. Ижозат олингач, тўртала арзгўй Шаҳрисабзга йўл оладилар. Уларнинг мол-мулки, ер-сувлари мусодара қилинганлиги сабабли, амир розилигисиз Абдулкарим девонбеги бу ишни ҳал қилмаслигини айтади. У амир ижозатини олиш учун Бухорога боришни тавсия этади…
Муҳаммадқул тўқсобанинг Шамканд ва Доуза мавзеларида 700 ботмон ери, боғи ва уйи бўлган. Генерал-майор Абрамов Абдулкарим девонбегига уч марта хат йўллаб, махсус чопар жўнатган. Муҳаммадқул тўқсобанинг кўчмас мулклари ҳисобидан Шаҳрисабз беги бори-йўғи 67 сўм 20 тийин бериб юбориш билан кифояланган. У бундан қониқмай яна арзнома ёзган. Аросатда қолган биргина у эмасди. Яна архив ҳужжатларини варақлаймиз…
Кенагаслар Маҳмуд Али эшик оғобоши Мирзо Алибой ўғли, Ёқутбек тўқсоба Бўтабек тўқсоба ўғли, Муҳаммадқул тўқсобаларнинг: “кун ўтарлик важҳидан кўб қаттиғлик ва интизорлик тортиб, бул мусофирлик шаҳрда ҳеч бирор ҳунаримиз ва бирор бошқа ишимиз йўқдурким, ул сабабдан овқатларимизни ўткарсак.., бизлардек бечора ғариблар хорлик кўрмай, хурсанд бўлсалар…” каби арзларидан ҳам ҳеч бир натижа чиқмаган. Вақтида ўз мулкларида эътиборли бўлиб, етти йилдан ошиқроқ вақт давомида сарсонлик ва хорлик бошига тушган бу кишиларнинг илтимосу арзлари ора йўлда қолиб кетади.
Абдурасул Қори Каримбой ўғлининг 1877 йилнинг 13 июлида Туркистон генерал-губернатори элчилик бўлимига: “Ватанимдан ташқарида гуноҳ иш қилмадим, номимни ёмонга чиқармадим. Шу боисдан менга юртимда яшашимнинг бемалол бўлишини таъмин қилувчи тегишли ҳужжат берилишини сўрайман”, дея ёзган арзномалари ҳам ҳеч иш бермаган.
Мустабид амалдорлар маҳаллий аҳолидан тушадиган арзномаларга ҳозиржавоб бўлганлар. Улар арзномалар асосида Бухоро амирининг қушбегисига расмий хатлар йўллаганлар. Бироқ рус маъмурлари аралашган ўринларда амир амалдорлари ишни пайсалга солган, турли важ-карсонлар билан рухсат беришни хоҳламаганлар.
Абдулкаримбек тўқсобанинг аёли отасидан қолган меросни олиш учун Шаҳрисабзга бориш учун рухсат сўраганлари ҳам мана шундай сансоларликка солинган. Амир қушбегиси рухсатни рад этишнинг антиқа усулини топади. Чунончи, у рус маъмурларига: “Абдулкаримбек тўқсоба деганни билмадук ва яна Шаҳрисабз ва Китобға ҳам уни билатургон киши йўқтур”, деб жавоб ёзади.
Жўрабек ва Бобобек билан бирга кетган икки юзга яқин кишининг ҳаёти шу тариқа жуда аянчли кечган. Уларнинг бир қисми Қўқонда, яна бир бўлаги Самарқандда, бекларга қариндош бўлганлар эса Тошкентда яшаб қолганлар. XX асрнинг сўнгларида, амир Абдул Аҳадхон даврида ҳам муносабат юмшамаган, уларнинг ўз юртларига қайтиши таъқиқланганича қолган. 1885 — 1900 йилларда узилиб қолган оилавий ришталарни боғлаш ҳаракатлари давом этади. Шаҳрисабз ва Китобда қолган фарзандлар улғаяди, уларнинг борди-келдиси, тўйлари амир ва руслар идора қилиб турган ҳудудларда минг машаққатларга сабаб бўлади.
* * *
Император салтанати хизматига олинган Жўрабек ва Бобобекларнинг тақдир йўллари Тошкентда туташганини айтдик. Улар билимдон, фозил кишилар бўлгани сабабли эътибор қозонадилар. Ҳарбий унвонлари ошиб боргани билан уларни зимдан назорат қилиш бир зум тўхтамаган. Буни полковник Бобобекнинг қизи Тўхтабибининг Шаҳрисабз сафари билан боғлиқ ёзишмалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Бобобек 1897 йил 31 мартда Туркистон генерал-губернаторига сўровнома йўллаб: “Шаҳрисабзда беклик қилиб турган вақтида туғилган ва удумга кўра Шаҳрисабз фуқароси Сайид Мирак Мусахожаевга бешиккетти қилинган қизи Тўхтабиби бир йил бурун Тошкентга келиб турмушга чиққани ва энди куёви Мусахожаев билан юртига қайтиш ниятида” эканини айтиб, уларнинг Шаҳрисабзга эсон-омон етиб олишлари ва доимий яшаб қолишларида ёрдам кўрсатишларини чуқур эҳтиром билан сўрайди.
Чор маҳкамасининг элчилик бўлими бунга жавобан барон Александр Вревский имзоси билан Россиянинг Бухородаги сиёсий агенти В. Игнатьевга қуйидаги хатни йўллайди: “Марҳаматли жаноб Владимир Иванович! …Менинг томонимдан полковник Бобобекнинг қизи Тўхтабибининг Шаҳрисабзга кўчиб боришида тўсиқлар йўқ деб ҳисоблашим ҳақида Бухоро ҳукуматига хабар етказишингизни сўрайман”.
Чор маъмурлари ижобий жавобга ишончи комил бўлганидан амирликнинг расмий жавобини олмаёқ, Бобобекнинг қизи ва куёвига Шаҳрисабзга йўлга чиқишга ижозат беради. Бу ҳақда Бухородаги сиёсий агентига: “Мусахожаев хотини билан 14-июн куни Тошкентдан Шаҳрисабзга жўнаб кетди”, деб хабар йўллайди.
Бироқ сафар бехатарлигини таъминлашга қаратилган ниятларга дарз кетади: В.Игнатьев барон А.Б.Вревскийга “махфий” тамғаси қўйилган қуйидаги маълумотномани юборади: “…Қушбегидан полковник Бобобекнинг юртига қайтмоқчи бўлган қизи Тўхтабибига эри Сайид Мирак Мусахожаев билан Шаҳрисабзда эркин истиқомат қилишига тўсқинлик қилмаслик ҳақида Шаҳрисабз бегига кўрсатма беришни сўрадим. Қушбеги амир рухсатисиз Шаҳрисабз бегига тегишли кўрсатма беришга ўзини ҳақли деб билмай, сўровномамни Амир жаноби олийлари ихтиёрига — Пятигорскига жўнатиб юборибди.
Кеча Остонақул девонбеги Амирнинг топшириғига мувофиқ, у жаноби олийларининг Бобобек қизининг Бухоро мулкларида яшашига ижозат беришни истамаганлигини айтди. Шу муносабат билан мендан Тўхтабибининг Шаҳрисабзга қайтишини маън қилиш ҳақида йўриқнома беришимни сўради”.
Амирлик томони Тўхтабибининг Шаҳрисабзда бўлиши яхшиликка олиб келмайди, деб ҳисоблаган. Бордию Тўхтабиби Шаҳрисабзда яшаб қолгудек бўлса, бу вилоят билан Бобобек ўртасида доимий алоқа ўрнатилади, бу алоқаларда бошқалар, жумладан, Бобобекнинг Шаҳрисабзда қолиб кетган қариндошлари ҳам иштирок этади, деб тахмин қилинган. Хуллас, Тўхтабибининг бу жойда бўлиши Бухоро амирлигига душманлик руҳидаги низоларни келтириб чиқариши мумкин, деган хавотирга борилган.
Ялтада хордиқ чиқараётган Амирнинг Тўхтабибига рухсат берилишига қатъиян қарши эканлиги чор маъмурларини ҳушёр торттирди. Чунки, XX аср охирларида Абдул Аҳадхон билан шусиз ҳам ора совуб бораётган, арзимаган нарсалар устида гина-кудурат пайдо бўлиб турарди. Тўхтабиби муаммоси деб Амирнинг кўнглини қаттиқ ранжитиш мустабидларнинг ўша кунлардаги режаларига тўғри келмай қолгани боис Бобобек тезда Амирнинг қароридан воқиф этилади.
Тўхтабиби бу орада Шаҳрисабзга етиб борган ва бир неча кундан бери ота юртида яшаб турган эди. Унинг турмуш ўртоғи Сайид Мирак Мусахожаев эса, чамаси, чор маъмурлари ваъда қилган ҳужжатларни кутиб Самарқандда қолган.
1897 йилнинг 10 июлида генерал-губернатор буйруғи билан Самарқандга, полицмейстерга жўнатилган шошилинчномада “Самарқандда яшаб турган Шаҳрисабз фуқароси Сайид Мирак Мусахожаевга хотини билан Шаҳрисабзга бормасдан, Тошкентга қайтишини айтиш буюрилди”, дейилган.
Тўхтабибининг рад жавобидан олдинроқ — 14-июнда Шаҳрисабзга етиб борганлиги унинг эри билан Тошкентга қайтарилиши чўзилиб кетишига сабаб бўлади. Генерал-губернатор рухсати билан хотинини олиб келишга Шаҳрисабзга борган Сайид Мирак ҳам Тошкентга қайтишга шошилмаган кўринади. Уларнинг Шаҳрисабзда августга қадар ушланиб қолишларига, эҳтимол, Тўхтабибининг Тошкентга қайтишни хоҳламаганлиги, бетоб бўлгани ёхуд бўлак жиҳатлар сабаб бўлгандир. Шу тариқа Бобобек билан боғлиқ сарсон-саргардонликлар, амирлик билан давом этган ихтилофлар ёшлар тақдирининг мунгли кечишига сабаб бўлади…
Тўхтабиби ва Сайид Мирак 1897 йилнинг августи бошларида ҳам Шаҳрисабзда туришган эди. Уларнинг Тошкентга қайтмаётганлиги Туркистон генерал-губернаторини қаттиқ безовта қилади. Генерал-губернатор канцелярияси бошқарувчиси Федоров 1 августда сиёсий агент номига хат йўллаб, “генерал губернатор Мусахожаевнинг Шаҳрисабзда қолмай, тезда Тошкентга қайтишини зарур деб ҳисоблаётир”, дейди.
Полковник Бобобекнинг қизи ва куёви Шаҳрисабздан чиқарилиб юборилиши денгиз бўйларида дам олаётган Амир томонидан ҳам қаттиқ талаб қилинаётган эди. 1897 йилнинг 18 июлида Ялтадан генерал-губернаторга етказиш учун ёзилган Амирнинг хусусий мактуби сиёсий агент томонидан эгасига топширилади…
* * *
Тўхтабибининг ота юрти Шаҳрисабзга қайтишини таъқиқлашга доир мунгли қисса шундай. Одатдаги фуқаролик иши замоннинг кажравлиги боис сиёсий тус олиб, давлат муаммосига айлантирилган. Унинг интиҳоси архивлардаги мавжуд ҳужжатларда акс этмаган. Амир билан орани бузишни истамаган чор маъмурлари ҳар ҳолда келин ва куёвнинг Тошкентга қайтишига эришган бўлсалар керак. Бу воқеаларга бир асрдан ошиқроқ вақт ўтди. Эҳтимол, Тўхтабиби ва Сайид Мираклар XX асрнинг қирқинчи йилларига қадар ҳам ҳаёт бўлган бўлишлари мумкин. Бугун фарзандлари, набиралари, эваралари уларнинг чироқларини ёқиб туришгандир…
Чор истилоси ва амир Музаффархоннинг шижоатсизлиги, юртнинг додҳою тўра-беклари боши бирикмаганлиги оқибатида келиб чиққан сарсон-саргардонлик билан боғлиқ мозийнинг унутилмас сабоқларига доир ҳикоямизни бу тарихий воқеалар тақдирида ўчмас из қолдирган аждодларнинг давомчилари тўлдирадилар, деб умид қиламиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 15-сонидан олинди.