Мунаввара Усмонова. Тўйлар солган кўйлар

Яқин бир танишимиз қиз узатди. Тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлгани учунми, қизи оилага қайишган, ота-онасига меҳрибон эди. Юзидан ибо-ҳаёси балқиб турадиган латофатли қизни суйиб юрак очолмаган, унинг уйи яқинида кун бўйи бир кўришга зор ўтирган йигитларни ҳам доғда қолдириб келган совчиларга розилик билдиришди. Қизини келинликка сўраб келганларнинг оғир-вазминлик билан фикр юритиши, нурли чеҳрасини кўриб, ота-она: “майли”, деб юборишганини ўзлари билмай қолди.

Ҳамма ташвиш тўй арафасида бошланди. Эр-хотин аҳиллик билан  йиғиб-териб, қизининг анча камини тўлдириб қўйган эдилар. Тўй маслаҳатига келган қариндош­ларнинг атаганини бериб кетгани уларнинг бозорини қиздирди. Ўзи айтган вақтга тўй кунини белгилаган йигитнинг онаси бўлажак қудаларидан ҳол сўраган бўлиб сим қоқади: “Қизингиз энди менинг болам, болаларим бахтли бўлса бас! Тахтни-ку, топса бўлади, Яратган уларнинг бахтини бекам  қилсин. Аммо уй жиҳозларини барибир оласизлар… Яхшироғи олинса, пулингиз ёнингизда қолади-да, қуда. Мен уйларимнинг ўлчамини олдим, эртага биргалашиб мебель танласак бўларди…”

Дўконга бирга тушган қудаси минг тавалло билан танланган мебелларнинг баҳосини кўриб, она шўрликнинг юрагига  ғашлик тушди. Тўёнаю барча йиғиб-терганини жамлаганда ҳам мебель баҳосининг ярмига етмасди. Уйига қайтиб, эрига юрак ёзди. Оловланган эр: ”Ҳеч қанақа тўй бўлмайди, фотиҳани бузамиз, унга келин эмас, жиҳоз керак экан. Бирор бойнинг қизини келин қила қолсин. Қиз боқиб, балоғатга етказиб, илму ҳунар ўргатиб, ҳаётга тайёрлаб: “Олиб кетаверинг, болам энди сизники”, деб қўлига тутқазар эканмиз-у, яна бизга шарти бор эканми? Эртагаёқ лаш-лушларини қайтариб юбор, орамизда ҳеч нарса  қолмаслиги керак. Ўзимизга ўхшаган одамлар топилиб қолар”, деди. Аёл унга ёлвора бошлади: “Фотиҳаси қайтган қиз номини оладими, дадаси, кейин эшикдан биров сўраб келмайди-ку! Бўй етиб турган бир эмас, икки синглисининг тақдири нима бўлади?”

Эр-хотин юз ўй, минг андиша билан яшаб турган уйларини сотувга  қўйишди. Қўшниси харидор бўлиб кирганида бошлари кўкка етди. Уч хона уйда яшадик нима-ю, икки хонали уйда яшадик нима, дея бир-бирини овутди. Фарзандлари бахтини ўйлаб шу йўлни тутишди гўё. Қайнонасининг кўнглидагидек сарполар билан  кириб борган келинчак ўз бахтидан масрур эди. Аммо…

Келин туширган қўшнисининг уйидан меҳмон бўлиб қайтган қайнонанинг авзойини кўриб, келинчак ҳайрон бўлди. Жаҳли чиқса, гапини  мақол тарзида айтиб, тартибга чақирадиган ойижониси бугун бошқачароқ эди. “Бойга бой боқади, камбағалнинг кўзидан  ёш оқади, деб бежиз айтмаган экан онам раҳматли. Келиннинг уйидан келган қовурдоқни кўриб оғзимиз ланг очилди: тоғорага тирик оққушни ўрнатиб қўйгандек. Аторофидаги безакларини кўрсангиз нақ санъат асари, дейсиз. Пишириқларининг шираси тилни ёрай дейди. Келинчак салом бераётганда назар солдим, эгнидаги кўйлаги бу ерники, бу оламники эмас. Кўкдан тушган  фариштага ўхшайди. Одамда орзу-ҳавас бўлса, ҳамма нарсага имкон топади. Қовурдоқни атай ёнимизга обкелиб очди анави писмиқ қўшним, сизникидан келгани эсимга тушиб, уятдан ерга кириб кетай дедим. Фалон пулга “заказ” қилиб пиширтирган бундоғ бўлади-да. Онангиз мени қўни-қўшнилар олдида шарманда қилиб, филнинг қулоғича тоғорада юборган қовурдоғининг ярми хамир қўшилган дўлма, ярмиси тухум билан тўлатилган эди…”

Қиз бирор гап айтиб юрак ҳовурини босолмади, уйи­га  кириб, унсиз йиғлади. Ҳар куни, ҳар сонияда бундай таъна-надоматлар бўлиб турганидан юраги увишадиган бўлиб қолди. “Чарларида онангиз тузукроқ сарпо қўймади, дастурхонида ейдиган ҳеч вақо йўқ, фалончининг қудаси куёвига “SPARK” миндирибди, зиқна онангиз куёвига битта шим, оддий кўйлак қўйганидан уялдим, пешонамга айтмаган экан…” деган маломатлардан тўйиб, ота уйига кетди. Ҳомиладор экани аниқ бўлгач, онаизор қизини етаклаб уйи­га олиб борди. Қизи: “куёвингиз билан тортишиб қолдик”, дейишдан нарига ўтмаган эди. Ранг кўр, ҳол сўр, деган гап бор. Ота-онасининг аҳволини кўриб-билиб туриб, қайнонаси  айтган аччиқ гапларни қандай қилиб онасига айтади? “Қизим ёшлик қилибди, опажон, ҳаргиз уйимга аразлаб борса остонадан киритмайман”, деб бош уриб, кечирим сўради…

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, қизининг ой куни яқинлашиб бораётгани сари онанинг кўнглидаги ғашлик ортиб борарди. Бир томони ранглари сарғайиб, ҳолсизланиб, озиб-тўзиб кетган қизининг соғлиғидан хавотир олса, бир томони…

Ёмон туш кўриб, чўчиб уйғонган аёл минг андиша билан сим қоқиб, қизидан ҳол-аҳвол сўради. “Ойи, аҳволим яхши эмас. Қоним кам, қон босимим кўтарилиб, юрагим тинмай ўйнайди. Кеча текширувдан ўтдим, тайёрлов бўлимига ётинг, дейишди. Аммо ойижон рухсат бермаяптилар”, деди. Ўзим бориб, уйингдагилардан рухсат олиб, туғруқхонага олиб бораман, харажатларини ўзимиз тўлаймиз, деганига қизгина кўнмади.

УЗИ текширувидан сўнг ҳомила ўғил экан, дейилганини эшитган қайнона келинчакка: “Келинпошша, уйингиздагиларга айтинг, овора бўлмай бир йўла ўғил тўйини ҳам ўтказиб юборамиз. Қўни-қўшниларнинг кўзича урф-одатимизни ерга урмай, ижарага бўлсаям той ясатиб келишсин. Музлаткичми, каттароқ телевизорми совға қилиш ниятлари бордир, ҳамма шунақа қилаяпти ҳозир, эртароқ айтсангиз, ҳаракатини қилади”, деди.

Келинчак уйидагиларга айтишга ботинмади. “Турмуш дегани ёшгина жонга жазо дегани экан, ўша пайтда ажрашиб кетсам бўларкан. Оилам яхши бўлиши учун, шунча сарф-харажат қилиб ўтирган ота-онам учун сингилларим, укамни ўқитиб, уйли-жойли қилиш ҳам катта муаммо. Энди нима бўлади?”. Хаёлида фақат шу сўзлар айланарди.

Ота-она энди икки хонали уйларини сотиб, бир хоналик таъмирталаб  уйга  кўчиб ўтишди. Бўй етиб қолган икки қиз, ўсмир ўғил, эр-хотин барчасининг куни шу тор уйга қолди.

Ҳамма нарса тахт. Ҳали туғилмаган чақалоққа олинган кийимлар орасида мактаб ёшига етганида кийса бўладиганиям бор. Куёв, қуда-анда дегандек, ҳаммасига аталган сарполар тугунларга жойланган, фақат туну кун яхши хабар кутишади. Ҳомиладор келинчакнинг эса кундан кун ранги заъфарон тус олиб, ҳоли абгор бўлиб борарди… Ўзи сабаб ота-онасининг бошига тушган ташвишлар, тўйдан кейинги югур-югурдан кўзлари киртайиб, сочлари оқариб кетган отаси, гапирса мижжалари намланиб турадиган онаси кўз олдидан ўтади. Дили оғрийди, юраги нотинч уради. Дармонсизликдан силласи қуриб қолса ҳам уйидагиларга лом-мим демайди. У ота-онасининг ҳурмати, чеккан заҳмати учун ҳам шу оилада яшаши, барчасига кўниши, чидаши керак эди…

Ярим тунда эшик қўнғироғидан чўчиб уйғонган онанинг юраги ҳаприқди. Эшик ёнида кўзлари йиғидан қизарган куёви титраб турарди. “Вой, келинг, болам, нима гап? Нега хафасиз? Чақалоққа бирор гап бўлдими-а? Ҳозир юрагим ёрилиб кетади, гапиринг…”

Куёвнинг:

– Қизингиз жонлантириш бўлимида… – деган хабари онани ҳушидан айираёзди…

Тўй қилиб қиз узатиш ёки ўғил уйлаш барча ота-она зиммасидаги бурч.. Аммо тўйдан кейинги “тўй”ларни ким ўйлаб топган? Келин-куёв кўриш бахтига етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, дуо қилиб ўтириш ўрнига кийиму буюм ташвишида бозорма-бозор югурсак?

Бугун тўй бўлса, икки кундан кейин “чарлар” қилиб, яна тўй қилган хонадон эгаларининг “чоп-чоп”и давом этади. Янги қудага мулозамат, яна  сарпо-суруқ, патнис тўла ширинликлар билан сийлаб, карнай-сурнай билан уйига кузатиб қўйиши керак. Ўғил ўстирганнинг уйида ҳам беш-олти тоғора ташвиши айланганидан, жилмайиб салом билан чой узатаётган келинчакнинг чиройи ҳам уй эгаларининг кўнглига сиғавермайди. Бир хил рангдаги “Жип” ёки “Каптива”лар билан кўча тўлдириб, келинчак ҳузурига кириб борган  шўрлик куёвнинг гарданида анча қарз.

Бувим раҳматлининг бир гапи бор эди: “Чиллали одамнинг яқинига борма, чил одим берида тур. Янги туққан аёл ҳам, келин-куёвлар ҳам қирқ кунгача чиллали саналади. Яхши еб, яхши ичиши, шомдан кейин ухлаб дам олиши, кўринган одам билан қучоқ очиб кўришмаслиги керак. Балодан ҳазар-да, болам”, дердилар. Ҳозир эса тўйнинг эртасигаёқ келинчак тонгда қўлига супурги, челак кўтариб, хизматга тушиб кетади. Бир кун ўтиб, ота уйига  меҳмонлар қуршовида бориши, барча яқинлари, қўни-қўшнилар билан бағир очиб кўришиши, гоҳида юз марталаб эгилиб салом бериши керак.

Буларнинг ҳаммаси эл кўзига қилинаётгани аён-ку! Ёшларнинг юзида бахт нашидаси балқиши учун, янги ҳаётга ўрганиб, туп қўйиб, палак ёзиши учун уларга шарт-шароит яратиш керак эмасми? Ҳеч бўлмаганда, ўн кун борди-келди, супур-сидирдан нари бўлса кучга тўларди, бир-бирига ўрганиб, кўз қарашидан тушуниб оладиган бўлармиди?! Фарзанд дунёга келтириб, вужудини тўлғоқ азоби тарк этмай туриб, келинчакка – онага туғруқхонадан уч кунда уйига рухсат бериляпти. Қовурдоқ, бешик ташвишига тушган оналар туққан бояқишга тузукроқ эътибор ҳам бера олмайди. Чақалоқ сарпосини қучоқлаб, хотин-халажни етаклаб, тоғора кўтариб қизнинг онаси овора, янги туққан жувонга бир қошиқ ёвғонини ичкизиб, набирасини эркалаб ўтириш ўрнига дастурхон ёзиб, қуюқ-суюғига коса тайёрлаб, буёқдагилар овора….

Шукрона дастурхони ёзиш нияти бор одам чилласи чиқиб, суяги қотган гўдагини кўтариб келинчакнинг қизлик уйига олиб борса, оилавий гурунглашиб ўтирса ҳам бўлади-ку!

Энг ёмони, ана шу ўзимизча “орзу-ҳавас”,”қуда-андачилик”, “борди-келдининг зийнати”, деб ном қўйиб олган оворагарчиликларга боғланиб вақт, умр ўтяпти. Сочлар оқаряпти, тишлар тушяпти. Ҳолбуки, инсонга умр ўлчаб берилган.

Шундай экан, яшаш учун берилган умрга хиёнат қилмайлик. Уни бахтли, саломат ва осуда ўтказайлик…

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 3-сон