Даврон Орипов. Баққон тутган қизалоқ

http://n.ziyouz.com/images/limuzin.jpg

“Замонавийлик” соясида қолаётган айрим урф-одатларимиз хусусида мулоҳаза

Қуда-андалар қўшни вилоятдан эди. Тушга яқин улар ўтирган тўй карвони карнай садолари янграб турган ҳовли дарвозасига келиб тўхтади. Меҳмонларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш учун олдиндан тайёрланган кайвони аёллар одатдагидек ота-боболар удумини бажаришга киришади.

Момолардан бири исириқ тутатилган идишни куёв навкарлар, қудалар атрофида айлантириб, инс-жинс, бало-қазоларни “даф” қилади. Яна бирови қудаларнинг елкасига оқлик сепади.

Куёв жўралардан бири нохос жаҳл­га минади. Қайрилиб, қудалар елкасига оқлик сепаётган момони жеркиб ташлайди. Нарироқда келаётган, эгнига кўзни қамаштирувчи ялтир-юлтир кўйлак кийган меҳмон аёл эса: “Бо худо, фаросатдан ҳам бериб қўйган экан-да, кўрмаяпсизми, яп-янги кўйлакни ун сепиб расво қилай дедингиз-а, қай гўрдан чиққан одат бу?”, дея бобиллаб берди. Ноилож аҳволда қолган кайвони кампир: “Ахир одатимиз шунақа-да, қуда”, де­йишга аранг улгурди.

Ҳаммасидан ошиб тушгани кейинроқ, келин-куёв машинага ўтириб, тўй карвони қишлоқ йўлига чиққанда рўй берди. Безатилган оппоқ машинани бир-бирига боғланган шоҳи белбоғли арқон билан тўсиб чиққан икки қизалоқ келиннинг тоғасидан “келин ҳақи” ҳадясини олиш умидида олдинги ўриндиқда ўтирган амакига жилмайиб боқишади. Бироқ машинадан тоға эмас, балки аллақачон ширакайф бўлиб қолган куёв жўра тушиб келади: “Буниси яна қанақа одат, сал бўлмаса арқон машина безакларини дабдала қилиб қўярди, қани йўқолларинг бу ердан”, дея қизалоқларнинг қўлидаги шоҳи белбоғли ар­қонни олиб улоқтиради. Аввал қишлоқ тўйларида бунақа бебошликни кўрмаган қизалоқлар гап нимада эканлигини англаб етгунча, тўй карвони қишлоқ йўлини чангитиб кўздан ғойиб бўлди…

Яқинда ўтган қиз узатиш маросимида кузатганларим — ушбу воқеаларни ўзимча таҳлил қиларканман, беихтиёр 30-40 йил аввалги шу каби тўй-маросимлар кўз ўнгимдан ўтади. Уларда халқимизнинг ўзига хос одати, удумларига қай тариқа амал қилингани-ю, умуман, замонасозлик баҳонасида минг йиллардан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу удумларнинг йўқолиб кетаётгани ҳақида мушоҳада юритаман.

Миллатни миллат қилиб кўрсатадиган, уни бор бўй-басти билан намоён қиладиган асосий унсурлардан бири — миллий урф-одат, маросимлар эканлигини яхши биламиз. Ўзбекона умуммуштарак урф-одатларни-ку қўйиб турайлик, ҳатто ҳар бир қишлоқ, овул ва туманларнинг ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган урф-одатлари мавжудки, улар халқимизнинг бошқа халқ, миллатлар наз­дида кўз-кўз қилишга арзигулик бебаҳо номоддий бойлик, маданий ва маънавий мероси сифатида хал­қаро ташкилотлар, дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Фақат кейинги пайтда “замонавийлик” балоси бу урф-одатларнинг анча-мунчасини “ютиб” кетаётгани ҳам бор гап.

Кўҳна Сурхон воҳаси ўзига хос тўй удумлари, маросимларга бой. Узоқ йиллардан буён авлоддан-авлодга ўтиб, сайқалланиб келган бу удумларнинг ҳар бирини ўз маъно-моҳия­ти, мазмуни мавжуд.

Сурхондарёда фотиҳа тўйларида, шунингдек, қиз узатиш маросимларида келин хонадонига ташриф буюрган қудалар, куёв жўралар елкасига оқлик белгиси сифатида ун сепиш одати кенг тарқалган бўлиб, бу одатга воҳанинг деярли барча ҳудудларида бирдек амал қилинади. Икки хонадон қуда-андалик ришталарини боғлаш, икки ёшнинг бошини қовуштириш арафасида ушбу одатнинг бажарилиши замирида қуда-андалар кўнгли ундек пок, оқ бўлсин, деган маъно мужассам. Пок кўнгил билан бошланган иш эса одатда ҳамиша хайрли бўлган.

Қиз узатиш тўй маросимларида “баққон тутиш” энг ажойиб удумлардан бири бўлиб, бугунги кунда ушбу одат деярли йўқолиб бормоқда. Ҳозиргача сақланиб қолган тоғ қишлоқларида ҳам баъзан бу одатни, айниқса, ёшлар келин-куёвнинг олдини тўсиб чиқиб нимадир таъма қилиш сифатида талқин қилишади. Ваҳоланки, яқин-яқинларгача воҳанинг барча ҳудудларида амал қилинган ушбу удум ўзига хос мазмунга эга бўлиб, унинг келиб чиқиши ҳақида халқ орасида бир қанча ривоятлар мавжуд. Шу ўринда ўша ривоятлардан бирини келтиришни лозим кўрдик.

Айтишларича, бир қишлоқнинг нуроний оқсоқоли бўлиб, қишлоқдаги ҳар бир тўй-марака, маросимлар унинг йўриғи билан ўтказилар экан. Айниқса, бу овулдан бошқа қишлоққа қиз узатилса, келинни албатта оқ отга ўтқазишиб, куёв етагида қишлоқни айланиб чиқишгандан кейин уларга оқ фотиҳа берилган. Келин-куёвни қишлоқдан чиқиш жойида албатта ўша оқсоқол кутиб олиб, келин ўтирган от жиловини тутиб, уларни тўхтатган, яъни келин-куёвнинг йўлини “тўсган”. Келинни бирга кузатиб кетаётган падарвакил — тоға шу қишлоқда униб-ўсган қиз учун оқсоқолга “ҳақ” — ният қилган нарсасини тортиқ этган. Шундан сўнг оқсоқол қишлоқдан чиққунча отни ўзи етаклаб, ёшларни оқ фотиҳа билан кузатиб қўйган.

Ҳозирги келинлар, албатта, замонавий машиналарда келиши аллақачон урфга айланган. Бироқ яқин-яқингача ҳам ота хонадонидан чиқаётганида келинни тоғаси, агар тоғаси бўлмаса, амакиси кузатиб борган. Олдинда ўтирган тоға ўзи билан турфа ҳадялар олиши шарт бўлган. Негаки, янги хонадонга етиб боргунча келин-куёв олдини тўсиб чиққан баққон тутувчиларга тоға яхши ният қилиб, тўй ҳадяларини улашган. Баққонни ҳар ким истаган жойда тутиши эркин бўлган, бунга на куёв жўралар, на тоғаю аммалар эътироз қилишга ҳақли бўлган. Эътиборлиси шуки, тоға улашадиган ҳадялар ичида келин бола шахсан ўз қўли билан тўқиган рўмолча ва қийиқлар ҳам бўлган. Баққон тутган ёш-яланглар бизни ҳам шу кунга етказсин, дея келин томондан берилган ҳадяларни яхши ниятлар билан сақлаган.

Афсуски, бугунги тўйларда келинни тоғалар эмас, балки маст-аласт куёв жўралар кузатиб бориши урфга айланаётгани яна бир ўзбекона тўй-удумларининг “замонавийлик” соясида қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Мен ҳали шу пайтгача қиз-йигитнинг ота-оналари иштирокида танишув маросимини ҳаётда кўрмаганман, бировдан ҳам эшитмаганман. Узоққа бормайлик, 4-5 йил муқаддам Сурхондарёда “қизлар базми” удуми бўлмаган. Аввалига келин дугоналарининг шунчаки, тўй оқшомидан бир кун олдин бўладиган учрашув-гурунглари алал-оқибат “ким ўзар” базмига айланиб кетди. Ачинарлиси шундаки, ушбу базм оқшомида куёв бола ўз ўртоқлари билан келиб иштирок этиши, ҳатто қайнота-қайнонаси билан даврага кириб рақсга тушишидек бачкана ҳол оммалашиб кетаётганига жамоатчилик, маҳалла-кўй томошабин бўлиб турибди, холос. Ваҳоланки, бизда азалдан тўйгача келин-куёвларнинг ҳар икки томон қуда-андаларига кўринмаслик, яъни юз кўрсатмаслик каби шарқона ҳаё, ибо, одоб-ахлоқ меъёрларини сақлай билиши мажбурий бўлган. Куёв билан юз кўришиш келинни олиб чиқиш олдидан, қайнона-қайноталар томонидан тайёрланган сарполарни тантанали равишда кийгизиш билан амалга оширилган. Келин билан “юз кўришиш” эса тўй оқшомидан ке­йин, эрталабки келинсалом вақтида бўлган. Шунгача келин-куёв қайнота-қайноналари, қайниларига кўриниш бериши, яъни “қочмаслиги” уят, одобсизлик саналган. Энди бир тасаввур қилинг, “қизлар базми” оқшомида кайфи тароқ бўлган куёв бола ўз қайнота-қайнонаси билан рақсга тушса, эртаси келин болани олиб кетиш учун борганда бажариладиган тўй удумларига бирор-бир маъно-мазмун қолармикан?

Албатта, бир мақола орқали тўй маросимларида амал қиладиган барча урф-одатлар ҳақида фикр юритиш имкони бўлмагани боис, уларнинг баъзи бирлари ҳақида, хусусан “замонавийлик” баҳонасида соф миллий удумларимизни бой бераётганимиз хусусида мулоҳаза ва эътирозларимизни баҳоли қудрат баён этишга ҳаракат қилдик. Шуларсиз ҳам шўро замонида атеизм булоғидан заҳарланиб, қанчадан-қанча урф-одатларимиз, айниқса, тўй-маросимларимизни йўқотганимизни ёддан чиқармайлик, дейман. Мустақиллик туфайли ўзлигимизга қайт­ган эканмиз, демак, аждодлардан мерос бўлиб келган, ҳатто биз учун аҳамиятсиздек туюлган урф-одатларимизни сақлашга ҳаракат қилайлик. Замонавийлик ўз йўлида, истаймизми-йўқми, у биз билан, бизнинг ҳар бир кунимиз билан бирга қадам ташлайверади. Биз билган ва билмаган миллий урф-одатларимиз эса ҳар бир замонда қайта сайқаллансин, миллат бойлиги, тарихнинг бўлаги — зарраси сифатида биздан кейинги авлодларга ҳам ўтаверсин.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).