Дамин Жумақулов. Алдов дарди

http://n.ziyouz.com/images/1.jpgБировни дўст билиб, унга ишониб, оқибатда ҳоли забун бўлган, тўғрироғи, алданган киши, шубҳасиз, моддий ва маънавий зарар кўради, сиқилади, соғлиги ёмонлашади. Аммо озроқ вақт ўтгач ишлари ўнгланади, соғлигини тиклайди, дард-у аламларини унутади. Баъзилар эса қисматимда шундай кўргилик бор экан, деб қўя қолади.

Фириб берган кишилар эса ўзгалар кўзича зоҳиран бой, тўкин-сочин яшайди. Бироқ уларнинг ич-етини емириб ётган бир нарса бор. Бу — ҳар доим таъқиб этадиган алдов дарди. У кимнидир чув туширганини ҳеч қачон тан олмаслиги мумкин.

Аммо у ростакамига ғолиб бўла олмайди ва бу атрофидагиларга билинмаса ҳам ўзига аён. Шу боис хотиржамлик унга бегона.

ундай фикрга келишимизга бир тасодиф сабаб бўлди. Аниқроғи, бир ҳамкасбимиз бу тўғрисидаги воқеани айтиб берди. Эҳтимол, сизга ҳам қизиқ туюлар, деган мақсадда уни суҳбатдошимизнинг тилидан баён этишга қарор қилдик.

“Талабалигимда бир эски ҳовлида ижарада турдим. Уй эгаси ўзим тенги йигит экан. Дарров дўстлашиб кетдик. Кейин у хорижга ишга кетди. Биздан ёши каттароқ курсдошим бор эди. Қадрдон эдик. Оиласи билан бир рус кампирнинг увадагина уйида яшарди. Кампир унга уйини сотмоқчи бўлиб, арзимаган нарх айтибди. У менга “Шу уйни икковлашиб олайлик, кейин­ сизга ҳаракат қиламиз”, деди. Бу таклиф менга ҳам маъқул бўлди. Аммо иккаламизда ҳам пул йўқ. Бу уй бозорга яқин жойда эди. Биз пул топиш учун бозорга, савдога чиқмоқчи бўлдик. У шаҳарда яшаш учун доимий рўйхатдан ўтмагани учун солиқ инспектсиясидан менинг номимга патент очдирдик. Патент менинг номимда бўлгани учун эртадан кечгача савдода ўтираман. Кечқурун нарсаларни унинг уйига олиб бораман-да, молни ва савдо пулини топшириб, трамвайга ўтириб уйга қайтаман. Эртасига ҳам аҳвол шу. Савдомиз юриша бошлагани сайин унинг муомаласи ўзгариб бораверди ва охир — оқибат мен бозордан кетиб, бировдан қарз олиб, аранг патентни ёпиб олдим.

Орадан чамаси икки йил вақт ўтиб ўша хорижга кетган дўстим қуруқ қўл билан қайтиб келди. Бунгача мен югуриб-елиб уч-тўрт сўм ғамлаб олган эдим. Бироқ бу пул уй сотиб олиш учун урвоқ ҳам бўлмас эди. Ўртоғимга ҳам уй керак. Нураб бораётган ҳовлисига келин олиб келишга уялади. Шундай қилиб иккаламиз баъзан ярим тунга қадар пул топишнинг йўлларини қидирардик. Ахийри, шерикликка новвойхона, сомсахона, дўконча қурмоқчи бўлдик. У маблағ берадиган, мен эса қурадиган бўлдим. Иш бошланди. Ишонасизми-йўқми, ака-укаларимни чақириб ташландиқ, бузилиб кетган иморатлардан елкамда ғишт ташиб, лой қориб бино тикладик. Эски тунука, шифер териб келиб, устини ҳам ёпдик. Бу ишларга ундан харажат талаб қилинмади. Қурилиш битганидан кейин у иккита тандир олиб келди. Новвойхона ишга тушди. Сомсапаз уста дарров топила қолмади. Дўкон очилиши учун касса аппарати сотиб олишга “сармоядор”нинг пули етмади. Аммо новвойхонанинг фойдаси тезда кўзга кўриниб қолди. Нима жин уриб шеригимнинг феъли ўзгара бошлади. Аҳвол шу даражага бориб етдики, уйини ҳам бўшатиб бошпанасиз қолдик. Ўғлининг табиатини билганми, бир куни онаси менга: “Шунинг ўрнига ўзингга уй қурсанг бўлмасмиди” деган эди ачинганнамо.

Яратганга шукр, ишларим йўлга тушиб кетди. Ҳозирда бировдан кам, бировдан зиёд, баҳоли қудрат ишлаб юрибман. Лекин алданиш ҳам одат бўлиб қолар экан. Фирибгарлар содда, умуман танимаган одамни қандай бўлса ҳам топиб келаверишига қойил қолмай иложингиз йўқ.

Бурунги йилнинг охирлари эди. Бир киши келиб янги газета чиқараётганини айтиб, ёрдам қилишимни сўради. Маълумотномага ўхшаш чала-чулпа қоғозларга кўмиб ташлади. ”Шуни мақола қилиш керак”, дейди. Эртадан кечгача қошимда ўтириб мақола ёздиради, дам олиш кунлари ҳам тиним йўқ.

Бахтга қарши мен “Вақтим йўқ”, ”Қўлимдан келмайди”, “Ишим кўп” деган сўзларни айтолмайман. Тарбиямиз шундай бўлса керак-да. Тунлари мижжа қоқмай, қисқа фурсатда газетанинг биринчи сонини тайёрлаб, саҳифаладик. Буюртмачининг наздида газета тайёр бўлгач, бизнинг ишимиздан камчилик топиб жанжал бошлади.

Ҳа, дарвоқе, у дам олиш куни ишлатаётганимга хижолат бўлганмиди ё меҳри тошиб кетганми, олтмиш минг сўмча пул берган эди. Шуни қайтиб беришимни сўради. Пулни қайтариб ­олгиси келиб, ҳар хил гапларни гапирарди-ю, лекин ўзини ноқулай ҳам сезарди. Уни ўнғайсизликдан чиқариш учун бундай дедим: “Сиз хижолат бўлманг, менга фириб бераётган бир сиз эмас. Алданавериб, кўникиб кетганман. Алданиш одат бўлиб қолган. Бу қисматимда бор, шекилли. Омонатингиз ишхонамда турибди, юринг қайтариб бераман. У ўзи келмай, бировни жўнатди…

Ҳар доим алданганимда қаттиқ изтиробга тушар, бунчалар соддалигим учун ўзимдан нафратланиб кетар эдим. Аммо менга ўзи бериб қўйган озгина пулни қайтариб олиш учун минг хил баҳоналар излаётган ўша одамни кузатар эканман, беихтиёр кўз олдимда олдинроқ фириб берган мунофиқларнинг ҳам қиёфаси жонлана бошлади: бири ноқулай жойда тургандек, олазарак сўрашади. Иккинчиси, ҳадеб ўша эски уйига таклиф қилаверади, учинчиси эса кўрмаганга олиб узоқлардан ўтиб кетади. Унга атайлаб қаттиқ тикиламан, оёқлари чалишиб кетади.

Халқимиз ҳар нарса ниятга боғлиқ, деб бекорга айт­маган. Ҳар бир ишда ҳар кимнинг ўз насибаси бўлар экан. Ундан ортиғини қанча “каромат” кўрсатсангиз ҳам ололмас экансиз. Бировнинг ҳақи барибир буюрмас экан. Дастлаб бирга ишлаган курс­дошим савдомизни барбод қилганидан сўнг ишлари зўр бўлиб кетмади. Анча йиллар ўтиб, бир амаллаб бошпанали бўлди. Иккинчиси эса фақат новвойхонадан фойдаланиш билан чекланди, холос, ­сомсахона ва дўконни ишга тушира олмади. Чунки уларнинг бири бизнинг насибамиз бўлса, бош­қаси иккаламизнинг ўртамизда бўлган. Учинчи бирга ишлаган танишим эса ном ҳам қозона олмади, юради шумшайиб, биров уни танимайди ҳам.

Шу воқеадан сўнг уларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрмоқчи бўлдим. Аммо ҳозирги ўрним яхшироқ экан. Мен алдандим. Йўқотганим арзимаган дунё моли бўлди, холос. Бошқа ҳеч нарса, хусусан, виждон азобида қолмадим, бировларнинг олдида юзим қора бўлмади. Шу жиҳатларни ўйласам, алданиб қолиш унчалик ёмон эмас-у, алдаганларнинг ҳоли чатоқ экан. Чунки алдаган одам бутун умри давомида бирор нарсадан панд еса ёки иши юришмай қолса ёхуд оила аъзоларидан бирови бемор бўлса, дарров “Фалончини бир вақтлар алдаб норози қилувдим, шунинг оқибати бу” деб шумшайиб яшашга маҳкум экан.

Суҳбатдошимизнинг гаплари ноўрин эмас. Алдов энг оғир гуноҳлардан бири сифатида муқаддас китоб­ларда ҳам қораланади. Аммо ҳозирги пайтда ёлғон гапириш, одамларни чув тушириш айримлар учун бир ҳўплам чойни ичишдек гап бўлиб қолганига ачинаман.

Зеро, алдов жамият учун ҳам хатарли бўлиши билан бирга инсонни тубанликка етаклайдиган, унинг умрини зулматга айлантирадиган иллатдир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).