Баъзи ота-оналар кичкинтойларини ухлатаётиб, уларни қоронғуликдан қўрқитишга, ажина ёки ялмоғиз ҳақида ваҳимали сўзларни айтиб уларни тезроқ ухлатиб қўйишга одатланишган. Руҳшунослар эса бу ниҳоятда нотўғри усул эканлигини таъкидлашади. Баъзи ота-оналар кичкинтойларини ухлатаётиб, уларни қоронғуликдан қўрқитишга, ажина ёки ялмоғиз ҳақида ваҳимали сўзларни айтиб уларни тезроқ ухлатиб қўйишга одатланишган. Руҳшунослар эса бу ниҳоятда нотўғри усул эканлигини таъкидлашади.
Қоронғуликдан қўрқиш 3-5 ёшли кичкинтойларга хос хусусиятдир, дея ҳисоблашади мутахассислар. Чунки бола бу ёшга келиб муайян билимга эга бўлади. У эртак эшитган, филмлар кўрган бўлиб, ўзи ҳам фантазия қила бошлайди.
Албатта, қўрқиш табиий ҳол. Бироқ, бу катталарнинг мазах қилиши ёки “бола катта бўлса қўрқиши ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади”, дея бепарво бўлишига асос бўлолмайди. Негаки боланинг қоронғудан қўрқиши унга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ота-оналар ўзларининг «қўрқоқвойлари»га ёрдам беришлари жоиз.
Болакай қоронғуликдан қўрқмайди, балки у ерда қандайдир қўрқинчли шарпалар тургандек ҳиссиёт уни ваҳимага солади. Бунинг учун ана шу шарпа нима эканлигини аниқлаштириш лозим. Уни ваҳимага солаётган ялмоғиз кампир, кўланка ёки бошқа нарсанинг суратини чизишингиз, пластилиндан ясашингиз керак. Унинг хаёлидаги образ тайёр бўлгач, ясалган, чизилган қўрқинчли махлуққа секин-аста турли кулгили, беўхшов ёки мафтункор деталлар қўшиб боринг. Масалан, даҳшатли чизилган кучукнинг бир қулоғи тикка, иккинчиси шалпайтирилса, жунлари жингалак қилинса, оғзи кулиб турса, думи гажак қилинса унинг қўрқинчли томони йўқолади.
Кейинги босқичда даҳшатли махлуқ чизилган суратни йиртиб ташлаш ёки ғижимлаш, пластилиндан ясалган бўлса оёқ билан тепкилаш ва бақириб: “Йўқол, мен сендан қўрқмайман” деган сўзлар айтилади. Махлуқ билан шундай “жанг” болангиз ухлашдан олдин эмас, балки кундуз куни амалга оширилади. Кечаси бола ухлашга ётишидан олдин секингина унга бугунги қаҳрамонлигини эслатиб: “анқовни роса бопладик-а! Энди у бошқа келмайди, чунки уни мажақлаб ташладик”, дейиш мумкин.
Бола билан ўйнаётганда уни қўрқмас, ботир киши ролига киритиш лозим. Гўё у ёш болалар, мушуклар ёки ўйинчоқларининг ҳимоячиси деган тасаввур уйғотиш зарур. Имкон туғилиши билан танишлар, қариндошларга фарзандингизнинг ботирлиги, қўрмаслиги тўғрисида гапириб бериш керак.
Болани қоронғуликда ухлашга мажбур қилмаслик зарур. Агар у истаса чироқни ўчириб, истамаса ёқиб ухласин. Умуман болага ўзи яшаб турган жойнинг хўжайини бўлишга имкон яратиш лозим. Унинг каравотига қўл чироғи қўйиб қўйиш ҳам энг мақбул ишдир.
Кичкинтойни бир хил тартиб-қоидага ўргатиш лозим. Ҳар куни кечқурун бир вақтда ўрнига ётқизинг, эртаклар айтиб беринг. Шундай одатга ўргатиш боланинг хотиржам ва ишончли бўлиб ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.
Доимо қувноқ яшашга ҳаракат қилинг. Яхши кайфият қўрқувнинг олдини олиш учун қилинган саъйи-ҳаракатлар ўз нишонасини беради. Катталар ҳаётида рўй берадиган барча жиддий муаммолар хафагарчилик онларидан дарҳол ошиб ўтиб, ҳазиллашишга, тез-тез кулишга, кичкинтойларингиз билан иложи борича бирга бўлишга ҳаракат қилинг. Кичкинтойга турли хил ўйинлар, қувноқлик бахш этадиган онлар сув ва ҳаводек зарур эканлигини унутманг. Болаларимиз гўдаклигидан қўрқув ҳисси билан вояга етмасин. Жасур ва мард бўлиб катта бўлсин.
Игор КОСТИН,
руҳшунослик фанлари номзоди
“Ҳуррият” газетасидан олинди.