Тарихдан маълумки, инсоният цивилизациясида турли ашё ва ҳайвонларнинг кўз илғамас, лекин беқиёс даражадаги ўрни бор. Агар илмий нуқтаи назардан ёндашилса, бунга кўп мисоллар келтирилиши мумкин. Биргина бронза ва темир асрларида ит ва отнинг қўлга ўргатилиши, дастлабки кишилик жамияти тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Яна туркшунос олимлар ва тарихчиларнинг эътироф этишича, туркий халқлар томонидан узангининг кашф этилиши уларнинг ҳарбий-ижтимоий ҳаётида улкан бурилиш ясаган. Таъкидлаш керак, юқоридаги фикрлар отнинг инсоният ўтмишидаги ўрни ва аҳамияти нечоғли эканини асослаб беради. Бугунги кунда ҳам от билан боғлиқ кўп асрлик қадриятларимиз борки, таъбир жоиз бўлса, улар минг йиллардан бери туркий халқларнинг миллий камолотига хизмат қилиб келмоқда. Қуйида ана шу ҳақда фикр юритамиз.
От хосиятли бўлади. Эскиларнинг айтишича, у эгасининг хонадонига ризқ тилар экан. Бизда шундай нақл бор: “Отингдан айрилсанг ҳам жаккамик (яккамих)ингни бузма”. Жаккамик — от бойланадиган, бақувват ёғочдан қилинган қозиқ. Узунлиги уч метр атрофида бўлиб, ярми ер остига кўмилади. Отни шунга боғлашади. Одатда янги кўчиб чиққан уй эгалари оти бўлмаса-да, келажакда бизнинг ҳовлида ҳам от ризқ тилаб турсин деган ниятда жаккамик ўрнатади.
Яна “От ақлли бўлади” — дейишади. Уларнинг аксарияти одам танлайди. Ёқтирмаган кишисини ёнига йўлатмайди. Улоқчи отларда шунақа хусусият бор. Булунғурнинг Оқтепа бозорида шундай воқеага гувоҳ бўлганман. Даллолларнинг ғала-ғовури остида уч ёшли тойни савдо қилишди. Нархи бир тўхтамга келиниб, барака олингач, янги хўжайини тойнинг арқонини ечолмади. Жонивор уни яқинлаштирмади. Шунда йилқининг аввалги эгаси отга маст ҳолда яқинлашмаслигини айтиб, саманни бозордан ташқарига чиқариб берди. Отларнинг биз билмаган ва эътибор бермаган нозик хусусиятлари кўп. Синчиклаб кузатган, у билан ҳамнафас яшаган кишиларгина сир-синоатга бой эканлигини яхши билишади. Яна бир мисол: одатда отларнинг айили чап томонидан тортилади. Ва шу тарафдан минилади. Яхши йилқи ўнг томонидан минишга йўл қўймайди. Эътиборли томони шундаки, айил чап томонидан тортилганидан кейин чавандоз чап оёғини узангига тираб, ўнгини оширади. От ҳам дастлаб ўнг оёқдан қадам ташлайди. Бунда ўз-ўзидан чавандоз ва отнинг ўнг томони билан ҳаракатланиши уйғунлашади. Шарқ халқларидаги “Отлиқнинг иши ўнгидан келади” — деган нақл ана шу уйғунликдан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Баъзи бир қирчанғи ва чўбир отлар бундан мустасно. Қирчанғи — узоқ йиллар кўпкари қилган, қартайиб қолганлиги боис, аравага қўшиладиган, юк ташиш, мол-қўй боқишда ишлатиладиган от. Чўбир — кўпкари қилолмайдиган, тезлиги паст, умуман олганда зоти бузуқ от. У ҳам асосан хўжалик ишларида ишлатилади. Булунғурлик от ишқибозлари чўбир билан қирчанғини шундай фарқлайди. Яна йилқини икки ёшгача қулун, иккидан учгача той, учдан тўртгача ғунон, тўртдан бешгача дўнон деб аташади. Беш ёшида от бўлар экан.
Уларни эл орасида покиза жонивор дейишади. Ҳақиқатдан ҳам от бошқа жониворларга қараганда тоза юради. Отбозларнинг айтишича, мабодо сайисхона бирор кун тозаланмай қолиб кетса, отлар безовта бўлишар экан. Шунингдек, улар ҳар қандай жойда думаламайди. Думалаш учун жой танлайди. Илгари дадам кунда бир марта улоқчи отларини думалатгани олиб чиқарди. Уларнинг жой танлашини кўп кузатганман. Отлар ҳеч қачон эшак думалаган жойни танламайди.
Азалдан от ва инсон ўртасида қандайдир яқинлик бор. Шу боис асрлар оша бадиий адабиётларда от ҳақида кўп ёзилган. Ҳатто, Ҳадиси шарифда ҳам “Фарзандларингизни от минишга ўргатинг”, дейилган. Назаримда улар фаросатлилиги ва ўткир зеҳнлилиги билан бошқа ҳайвонлардан ажралиб турса керак. Қадимда ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида отдан унумли фойдаланишган. Сир эмас, от устида ўтирган кишининг руҳияти соғломлашади. Баландлик одамни сергаклантиради. Уни бошқариш жараёнида ёш боланинг абжирлиги ва жасурлиги ортади. Эгар устида эшакдаги каби бепарво эмас ҳушёрроқ бўлади. Отнинг тез чопиши одамни чиниқтиради. Юқоридаги Ҳадис негизида ушбу тарбия усули яширинган бўлса керак, назаримда.
Одатда, отларни кўпкарида синашади. Чунки ҳар қандай отнинг оёқ олиши улоқда маълум бўлади. Йилқини бу тарзда синовдан ўтказиш аждодларимиздан қолган. Болалигимда бобом Бухоро амирлиги қўшинига от тўплашда ҳам биз томонларда кўплаб улоқ маросимлари ўтказилганлигини айтиб берган. Кўпкари кўп асрлик мусобақа. У азалдан туркий халқлар ҳаётининг ажралмас бўлаги бўлиб келган. Унда отлар билан бирга полвонларнинг ор-номуси, ғурури, абжирлиги ва довюраклиги синалган. Полвонлик қон қувади. Ота-боболарида чавандоз ўтган бўлса, албатта, авлодларидан бири от чопади. Булунғурда бир замонлар Азим полвон деган чавандоз ўтган. Унинг ўғли ҳам Суюн полвон деб ном қозонди. Суюн полвоннинг Зоҳид, Шуҳрат деган фарзандлари ҳозирги кунда Булунғурнинг олди полвонларидан. Невараси Элмурод полвон ҳам яхши чавандоз. Полвонларнинг айтишича, чавандоз мард бўлиши керак. Шу билан бирга полвон бўлишда кучнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун кишида мардлик, олижаноблик, тантилик хусусиятлари бўлиши лозим. Илгари Бахмалда Туроб деган полвон бўлган. Айтишларича, полвон дўстларининг илтимосига кўра пахсачи дўсти билан қўлда куч синашган. Узоқ вақт давом этган беллашувда полвон енгилган. Натижада ўртоқлари уни мазах қилиб кулишган. Шунда у мен мезбон рақибим меҳмон эди, шунинг учун уни мулзам қилмадим, деб жавоб берган. Кейинчалик пахсачи дўсти билан алоҳида учрашганда “Мен ўшанда ростдан ҳам енгилувдим, лекин кўпкарида тортишсак эгаринг билан узиб оламан”, деган экан. Нагзи паст одамдан ҳам полвон чиқмайди. Нагзи паст — дангалчи ва ҳалол эмас, деганидир. Кўпкари одамни тилга туширади. От эгасининг номини элга танитади. Тулпор билан бирга эгасининг номи ҳам олам кезади. Бировлар кўз-кўз учун ҳам от боқади. Кўпкари беради. Бахмалдаги бир кўпкарида Шертой полвон “Тайсон” лақабли отда энг катта солим (соврин) — туяни олди. Баковул шундай эълон қилди. “Ғаллаороллик Шертой полвон ургутлик Зайниддинбойнинг отида туяга ташлади”. Йилқининг қанча вақт кўпкари қилиши айнан бир давр билан чегараланмайди. Илҳом полвоннинг айтишича, ўтган асрнинг 80-йилларида ўлкамиздаги улоқ маросимларида “Васка” лақабли от машҳур бўлган. У 3 ёшида катта солимлардан бири — тойга ташлаган. 25 ёшида Бахмалдаги бир кўпкарида оёғи синиб, ўлган.
Дарвоқе, улоқчи отларнинг эл ичида ўзига хос лақаби бўлади. Лақаб полвон ёки эгаси томонидан отларнинг айрим хусусиятларидан келиб чиқиб ёки тилга тушган тулпорларга ҳавас қилиб қўйилади. Айни пайтда Самарқанд ва Жиззах ҳудудларидаги кўпкариларда қуйидаги отлар машҳур: “Янтар” (егасининг айтишича шу номдаги от бор), “Қорабайир” (зоти шундай), “Васка” (юқоридаги шу номли отнинг зурриёди), “Кўккаптар” (ранги кўк, чавандознинг айтишича каптардек енгил чопади), “Мишка” (шу номдаги спортчи от бор), “Жийрон” (ранги шунақа), “Танка” (полвоннинг айтишича, ҳар қандай тўдани ёриб ўтадиган от), “Бўзсаман” (ранги шундай), “Делфин” (шу номдаги спортчи от бор).
Бугун отнинг ўрнини техника тараққиёти маҳсули — автоуловлар эгаллаган ҳамда уларга бўлган эҳтиёж анчагина сусайган пайт. Шу боис от билан боғлиқ қадриятларимиз ва урф-одатларимиз йўқолиб бормоқда. Қолганлари ҳам тадқиқотчиларини кутиб ётибди. Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш лозим, мазкур меҳнатсевар жониворлар характери бадиий адабиётларда татбиқ қилингани каби илмий нуқтаи назардан ҳам ўрганилса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Аёнки, минг йиллардан бери инсоннинг энг яқин дўсти ҳисобланган жониворларнинг тийнатидан оламшумул ихтиролар зоҳир бўлажак.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).