Ёхуд кўнгил ила каломнинг қоғоздаги зоҳирий шаклига эътиборсизлик оқибатлари ҳақида
Унутилмас сабоқ
Ўшанда 1974 йилнинг кузи, аниқроғи, эндигина мактабни битириб, туман газетасида ишлаётган кезларим эди. Бир сафар илғор механизатор ҳақида мақола ёзиш юзасидан топшириқ олдим. Шунга кўра, йиғим-терим авжига чиққан далага бордим, механизаторни иш устида учратиб суҳбатлашдим. Ҳатто, тракторчиликдан хабарим борлиги боис, унга қўшилиб машинада пахта тердим. Кейин шу асосда лавҳа ёздим. У газетанинг шанба сонида чоп этилди.
Албатта, бу мен – бошловчи журналист учун катта ютуқ эди. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Душанба куни эрталаб хонада ишлаб ўтиргандим, эшик шаҳд билан очилди-ю, остонада қаҳрамоним кўринди. У мен билан номигагина сўрашди-да, қўққисдан муддаога ўтди.
– Ҳов, ука! – деди кўзларимга қаттиқ тикиларкан, зардали оҳангда. – Мен отим Итолмас эканлигини айтгандим, сен нега Етолмас деб ёздинг? Хўш, нимадан қуруқ қолар эканман?..
Кутилмаган саволдан аввалига эсанкираб қолдим, сўнгра олдимда турган газетага шоша-пиша кўз югуртирдим. Қарасам, исми ростданам Етолмас ёзилибди. Уни ким, қачон ўзгартирганини билолмай, тасодифан хонага кирган бўлим мудирига илтижоли боқдим.
– Ҳа, тинчликми? – Бўлим мудири механизаторга юзланди. Унинг дардини эшитгач, масалага ойдинлик киритди. – Айб бу йигитда эмас, – деди менга кўз қирини ташлаб. – Аслида сизнинг исмингиз эскича ва ножоизроқ экан. Шунинг учун газетага қўл қўйишдан олдин муҳаррир билан маслаҳатлашиб, сал ўзгартирдик.
– Нега?!. – Механизатор баттар жаҳл отига минди. – Ахир, эскичами-янгичами, ёқимлими-ёқимсизми, бу раҳматли ота-онам қўйган исм-ку! Улар мендан олдинги беш фарзанди турмагани учун шундай қарорга келишган. Бу боламиз яшаб қолсин, уни Худо ўз паноҳида ва ёмон кўзлардан асрасин, лоақал ит ҳам дахл этолмасин деган маънода шундай йўл тутишган. Сизларга бировнинг отини бузиб ёзишга ким ҳуқуқ берган? – У бир зум тўхтаб нафас ростлагач, пичинг аралаш сўзида давом этди. – Унда, ана, бир ҳамқишлоғимнинг исми форсчада Зарима, ўзбекчаси – “паст, тубан, ёмон”, эҳтимол, униям ўзгартириб берарсизлар?!.
Хуллас, Итолмас ака узоқ тортишди. Охири бизни тавбамизга таянтириб, узр сўраттирди.
Бу воқеа мен учун бир умрлик катта сабоқ бўлди. Шу-шу мудом одамлар исмини тўғри ва тўлиқ ёзишга, мазмунига эътибор беришга одатландим. Кейинчалик република миқёсидаги нуфузли газеталарда ишлаган чоғларим айни мавзуда бирмунча чиқишлар қилдим. Энг муҳими, исмларга қизиққаним сайин барчаси ўзига хос теран маъно ва “таржимаи ҳол”га эгалигини чуқурроқ англай бошладим.
Исмлар тарихига бир назар
Одамга от қўйиш дастлаб қачон ва қаерда пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин. Аммо бир нарса тайин: исмлар чақалоққа ота-онаси, яқин қариндошлари, табаррук кексалар томонидан бериладиган, уни оилада, авлодлар ўртасида ва турли давраларда бошқалардан фарқлаш имконини яратадиган омил бўлиб, муайян сабаблар негизида шаклланган. Заҳматкаш олим Э.Бегматовнинг уқтиришича, барчаси эстетик ва этик тамойиллар, инсоний орзу-истаклар, тасаввур ва дунёқарашлар, миллий қадриятларга уйқашиб кетган. Уларга, айниқса, динлар кучли таъсир кўрсатган. Масалан, яккахудоликка асосланган христианлик вужудга келгач, унга оид муқаддас китоблар ва рисолалар мажмуаси – Библияда тилга олинган пайғамбарлар номлари талай халқларда оммалашган. Марказий Осиёга хос кўҳна исмлар эса дебочасига кўпроқ мардлик ва жасурликни билдирувчи рамзий тушунчалар орқали ифодаланган. Ислом дини кириб келгач, мусулмонча отлар кенг тарқалган. Аксарияти Аллоҳнинг гўзал исмларидан ҳосил қилинган ёки пайғамбаримиз номлари ҳамда илоҳий эътиқодларга дахлдор арабча каломлардан келиб чиққан.
Асрлар оша исм қўйишнинг турли расм-русм ва удумлари қарор топган. Аждодларимиз ҳар бир одам ўз номига ўхшайди, боланинг соғлиғи, келгуси ҳаёти ва бахти унинг руҳиятини ифодаловчи, хулқ-атвори ва тақдирига таъсир кўрсатувчи исмига алоқадор бўлади деб билишган. Насллари давомчиларига уларни ғурурлантирадиган, бамисоли ҳусндек яхши отлар танлаб, тўлиқ ва чиройли талаффуз қилишган. Ўзгалар исмини чала-ярим айтишни ёки дилга оғир ботгувчи лақаблар тўқишни одобсизлик ҳисоблашган. Зеро, ҳадисда ҳам “Кимки бировни ўз номи ўрнига лақаб билан чақирса, уни фаришталар лаънатлайдилар” дейилган.
Шубҳасиз, исмлардан айримлари ҳолат, вазият, табиат ҳодисалари, чақалоқ туғилган вақт, кун, фасл ва байрам-тантаналарга қиёсланган. Баъзан оиланинг тўнғич фарзанди Муқаддам, иккинчиси Сония, тўртинчиси Робия ёки Чори, бешинчиси Панжи деб аталган. Отаси кексайганида туғилганларга Олтмишбой, Етмишбой, Саксонбой, Тўқсонбой, ота ёки онаси вафот этган гўдакка Ёдгор, ҳар иккисидан айрилганига Етим исми қўйилган. Ҳафтанинг мусулмон оламида муборак саналмиш олтинчи кунида дунёга келганларга Жума, Жумақул (Аллоҳнинг шу куни туғилган бандаси), Жуманазар (жума туҳфаси), Жумагул (гулдек сулув қиз), Одина (хосиятли кунда таваллуд топган бола), омад ёр ва тўй-томошали пайтда, бозор куни, эрта ёки авжи кўклам ҳамда Йилбошида туғилганларга Мавлуд(а), Муқаддас, яхши фазилатлар ва бахт-шодиёналар эгасига айлансин деган ниятда “али”, ”хон”, “жон”, “бек”, “бой”, “ой”, “қул”, “гул” қўшимчали Хосият, Хуррам, Хурсанд, Тўйчи, Шодиёр, Шодмон, Бозор, Навбаҳор, Баҳор, Наврўз исмлари берилган. Нурафшон кечада ингаси янграган қизалоқларга иқболи порлоқ бўлишини истаган ҳолда Ойдин, оқшомги савсан ёки нилуфар гулидек барно, тун гўзали ва ёғдуси мазмунида Лайли отлари танланган.
Ҳижрий йил ҳисобидаги ойлар номи ҳам кўпинча исм вазифасини ўтайди, юқоридаги каби қўшимчалар эса уларнинг мазмунини кучайтиради. Масалан, “Қурбонали”, “Сафарали” ва “Ҳайитали”нинг замирида янги меҳмон буюк куч-қудрат, етук ақл-заковат соҳиби бўлиб камол топсин деган эзгу тилак мужассамлашади. “Қурбонназар” унга Яратганнинг назари тушганини, “Ҳайитмурод” фарахбахш онларда фарзанд кўриш орзуси ушалганини, “Ҳайитгул” ва “Сафаргул” чиройли-зебо қизни билдиради. “Навбаҳор” кўклам бошида бизга зурриёт насиб этди, “Баҳор” бола фасллар келинчагидек гўзал-барно, файзли-тароватли бўлсин деган маънони англатади.
Кўпчиликка аён иримларга кўра, оилада қизлар кўпаяверса, энди бас, етар, навбатдагиси ўғил бўлсин деган умидда Басанда, Ўғилой, Ўрилшод, Кифоят, Зиёда, борди-ю, болалар ўлик туғилаверса ёки ҳаял ўтмай нобуд бўлаверса, кейингиси яшаб қолиши, умри узоқ бўлиши илинжида Яшар, Турди, Турғун, Турсун, Ўлмас, Тўхтасин, Қўйсин, Омон, Эсон ўзакли исмлар лойиқ кўрилган. Узоқ орзиқиб кутилган, илтижо ва назр-ниёзлар эвазига кутиб олинган кичкинтойларга Худойберди, Эгамберди, Оллоберди, Бердимурод, Орзумурод, Тилов, Мурод, Отаниёз, Исмоил, Манзура, Марғуба, Матлуб(а), Мақсуд(а), Назир(а), Умид(а), Умидуллоҳ, Руқия, Хумор, Муножот, Ирода, Муяссар, Шавқия, Интизор исмлари маъқул деб топилган. Оддий холи бор фарзанд отига шу сўздан, агар хол қизил бўлса “Нор”дан сўнг “бек”, “бой”, “ой”, “дор”, “мирза”, “мурод”, “муҳаммад”, “мўмин”, “тожи”, “бека”, “биби” сўзлари қўшилади ёки Тожимурод, Тожихон Холида, Бибихол, Рўзихол, Норқобил, Норхол, Анор(а), Гулинор отлари ясалади. Баданида бирон белгиси, жуфт ёки ортиқча аъзоси мавжуд чақалоққа Нишон, Қўшоқ, Ортиқ, Қўчқор исмлари берилади. Айни чоғда, Нишон отадан белги, Ортиқ туғилган болалар етарли, Қўчқор фарзандимиз шу жонивордек кучли бўлсин маъноларини ҳам беради.
Яна бир қизиқ ҳолат: муқаддам уйда туғилган чақалоқлардан айримларининг киндиги меҳнат ёки жанг қуроллари ёрдамида кесилган. Шунга биноан, улар Болта, Теша, Ўроқ, Қилич исмларини олишган. Қолаверса, бола келгусида худди шу асбоблардек ўткир-кескир ёки турли-туман ноёб металлар ва қаттиқ жисмлардек мустаҳкам иродали, қадр-қиммати ва мавқеи баланд бўлсин деган умидда уларга Темир, Пўлат, Тошмурод, Тошпўлат, Тошқул, Тилла, Олтин, Олмос, Ёқут, Лаъл, Суҳроб, Кумуш, Динора исмларини ҳам раво кўришган. Қоғоноқ, яъни ҳомила пуфаги ёрилмай туғилганини Парда, тиши борини Бўри, киндигига ўралиб тушган жингалаксоч миттивойни Ўрол, сочи ўралиб туғилган чиройли “ҳолва”ни Зулфия дейишган.
Исмларга тааллуқли бунақа ажойиб-ғаройиб далилларни истаганча келтириш мумкин.
Фамилия ва ота исми хусусида
“Фамилия” асли лотинча сўз бўлиб, бизнинг тилимизда “оила”ни билдиради. У қадимги Римда қариндош-уруғлар ва қуллардан иборат хонадоннинг хўжалик-ҳуқуқий муносабатларини ўзида жам этган. Ҳозир эса фамилия ўзгартирилганда, никоҳ тузилганда, бола туғилганда ёки фарзандликка олинганда қабул қилинадиган ва наслдан-наслга ўтадиган оилавий ном саналади. Одатда шахс исмига қўшилиб келиб, унинг наслини англатади.
Илк фамилиялар уларни бола туғилган ёки “наслий мероси” жойлашган маскан номига нисбатлаш йўли билан ясалган. Бу усул Ғарбий Европада ХV асрдан эътиборан жорий этилган ва асосан юқори табақа орасида тарқалган. Бизда эса илгари ҳозирги кўринишдаги фамилия бўлмаган. Фақат VI-VII асрлардан ота исми ортидан “ўғли”, “қизи”, кейинчалик уларнинг “ибн”, “бинти” каби арабча муқобиллари қўлланилган. Шарқ фан-маданияти намояндалари эса турли нарсалар ва сифат-хусусиятларга, ҳаёт тарзи ёки қисматига ишора сифатида (Навоий, Лутфий, Бобур, Мунис, Завқий, Гадоий, Узлат, Фурқат), туғилган ёки тураржойи, машғулоти-ю касби (Бухорий, Кошғарий, Насафий, Хоразмий, Яссавий, Гулханий, Чархий) ва бошқа омилларга қараб, ўзларига тахаллус танлашган ёки олишган.
Ўзбекча исм-шарифлар ўтган аср бошларида ҳам асосан Фалончи Пистончи ўғли ёки қизи тарзида юритилган. Гоҳида зиёлиларнинг ота исмига “зода”, “ий”, “вий”, “ия”, “вия” қўшиш орқали исм, фамилия ёки тахаллус яратилган. Баъзан ҳеч қандай қўшимчасиз фарзанд ва ота исми кетма-кет ёзилган. 30-йиллар ўртаси ва 40-йилларда -ов, (-ова), -ев (-ева) ҳамда -ович (-овна), -евич (-евна) қўшимчалари кўмагида фамилия ва ота исми ясаш қонунлаштирилиб, бошқа барча миллий-маҳаллий шаклларини расман ёзиш тақиқланган. Бу тартибга Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) ва паспорт бўлимларида қатъий риоя қилинган.
Тил – тафаккур маҳсули, сўз эса унинг кўрки!
Энг ачинарлиси, шўролар замонида ўзбекча-мусулмонча отлар таркибидаги “шоҳ”, “бек”, “тўра”, “эшон”, “хўжа”, “саид”, “мир”, “бой”, “абду”, “қул”, “бегим”, “ойим”, “бону”, “отин” сўзлари эскилик сарқити ёки диний ақидапарастликка йўйилди ва киши шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда кўпинча тушириб қолдирилди. Устига-устак, аксарият гўзал-пуръмано исмларимизни русчада нечоғли бузиб талаффуз этишса, шундайлигича ёзишлар авж олди. Алалоқибат, улар Абыд, Аман, Астан, Арып, Акил, Адилджан, Алтибай, Алтынбек, Давкара, Курбан, Кадыр, Надыр, Кушак, Карабай, Гияс, Ильяс, Гани, Гайрат, Гулям, Гапур, Гаппар, Садык, Рафык, Хаджи, Таджи, Реджаб, Мухамед, Кабул, Шадман, Ядгар, Патта, Фарагат, Угилай, Кундуз сингари масхараомуз шаклга келиб, жозибасини йўқотди. Буям етмагандай, айримлари мустабид мафкура нуқтаи назаридан батамом тескари талқин қилинди. Масалан, азалий арабча исмлар сирасига кирувчи “Шокир”ни олайлик. Уни ўзбекчага ўгирсак, “шукур қилувчи”, “яхшиликларни билувчи”, “миннатдор инсон” дегани бўлади. Даҳрийлар эса унга мутлақо бошқача мазмун бериб, ўз наздиларида оламшумул “кашфиёт” яратдилар. Ишонмасангиз, эшитинг, мен бир вақтлар “Туркистон” газетасининг 1924 йилги 8 сентябрь сонидаги “Инқилобий исм” сарлавҳали хабарда қуйидаги сатрларни ўқиганман:
“Тошкент Эски шаҳар биринчи райком ёшлар уюшмасининг Минор янги шаҳар ячейкаси қайси кундаги мажлисида комсомол аъзоси Саидаҳмад Мавлон ўғлининг боласига от қўйиш масаласини қараб чиқиб, унга Шокир исмини берди. Бу инқилобий сўз-иборалардан қисқартириб олинғон бир исмдир. “Шарқ”дан “Ш”, “Озодлик”дан “О”, “Карл Либкнехт”дан “К”, “Инқилоб”дан ”И”, “Роза Люксембург”дан “Р” ҳарфлари олиниб, “Шокир” ясалғондир”.
Ўша даврларда йўқсиллар даҳоларининг отлари ёки уларнинг бош ҳарфларидан ташкил топган, инқилобий ўзгаришларни мадҳ этувчи, халқимиз тили ва руҳиятига етти ёт бегона исмлар ҳам пайдо бўлган. Уларни-ку, майли, яқин ўтмишнинг ҳам кулгили, ҳам ачинарли қора доғлари дейлик. Аммо бугун тилимизга давлат тили мақоми берилганига 25 йил тўлаётганига, Истиқлолни қаршилаганимизга 23 йилдан ошганига қарамай, ҳали-ҳануз Бобоевни Бабаев, Ёқубовни Якубов, Ортиқовни Артыков, Соатовни Сагатов, Ғойибовни Гаипов, Қосимовни Касымов, Тоғаевни Тагаев, Холиқовни Халыков, Холтоевни Халтаев, Қозоқбоевни Казакбаев, Холтўраевни Халтураев, Қултўраевни Култураев кўринишида ёзишлар давом этаётганини, кишини ноқулай аҳволга солиб қўядиган бир қанча исм-фамилиялар ҳамон ҳужжатдан-ҳужжатга, нашрдан-нашрга кўчиб юрганини қандай изоҳлайсиз? Гапимга қўшилмасангиз, дўст-биродарларингиз ва яқинларингиз паспорти ёки гувоҳномаларини синчиклаб ўқинг. Жилла қурса, ўзбекча газета-журналларимизга бирров назар ташланг. Уларнинг саҳифаларида ҳам шундай ҳолатлар кўп кузатилади. Қизиғи, журналистлар хатони тузатишга чоғланишса, муаллифлар кўнишмайди. “Мен бу мақолани иш ҳисоботимга қўшиб топшираман. Ундаги исм-фамилиям паспортдагиси билан бир хил бўлмаса, инобатга олинмайди!” дея рад этишади.
Ҳолбуки, жорий қонунларимизда муайян сабабларга кўра фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш, қўшимчалар киритиш, ёқимсиз ёки миллатга номуносиб бўлса, уларни миллий-тарихий анъаналарга монанд қилиб ёздиришдан ташқари, ноаниқликлар ва имловий хатоларни тўғрилаш ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бу иш талабгорнинг яшаш жойидаги ёки далолатнома ёзувлари сақланаётган ҳудуддаги ФҲДЁ бўлими томонидан Оила кодекси, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари ва ФҲДЁ органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги йўриқнома асосида амалга оширилади.
Бундан ҳаммамиз яхши хабардормиз. Шундай эса-да, баъзиларимиз негадир отимиз, фамилиямиз ва отамиз исми битигидаги қусурларни йўқотишга, қачонлардир йўл қўйилган, узоқ йиллардан буён ғашга тегиб келаётган луғавий-имловий путуротларни бартараф этишга қунт-ҳафсала қилмаяпмиз. Ўз исм-шарифимизни, насл-насабимиз ва сулоламизни ор-номус даражасида қадрлашни, уларнинг мусаффолиги учун қайғуришни ўйламаяпмиз. Тўғри, ушбу жараён унчалик осон кечмайди ҳам. Унга жазм этган киши, аввало, аллақанча жойдан қўшимча маълумотнома ва далолатнома келтириши лозим. Кейин эса, маълумоти ва ихтисоси ҳақидаги шаҳодатномаси-ю дипломига, ҳарбий билетига, никоҳ паттаси-ю меҳнат дафтарчасига, уйи, оила аъзолари ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилади. Акс ҳолда, улар расман тан олинмайди, бир-бирига мос тушмаса, қонуний ҳисобланмайди. Маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинлари, ФҲДЁ ва паспорт бўлимларида эса янги ҳужжатларни аввалгиси бўйича тўлдириш анъанага айланган. Инчунин, бу идоралар ходимлари хато, нуқсон ва чалкашликларни ўз ташаббуслари билан тузатишга журъат этишолмайди. Қарабсизки, ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомлигича қолаверади.
Қандайлигидан қатъи назар, биз эринчоқлик қилмаслигимиз керак. Негаки, илгари эркимиз қўлимизда эмасди, исм-шарифимизни аслича ёзишни талаб қилсак, миллатчига чиқарилишдан қўрқардик. Энди бу борада ҳадик-хавотирга заррача ўрин йўқ. Энг муҳими, расмий ҳужжатларимиз бизнинг Мустақил Ўзбекистон фуқароси эканлигимизни, миллатимиз, касб-коримиз, лавозим-вазифамизни тасдиқловчи асосий манба ҳисобланишини теран тушунишимиз зарур. Айни чоғда, барча сўзлар қатори ҳар қайси исмда ҳам бир рамз-ҳикмат борлигини, ақалли битта ҳарфи ёзилмай қолса ёки ўрни алмашиб кетса, туб мазмун-моҳиятига жиддий путур етишини зинҳор-базинҳор унутмаслигимиз даркор.
Бинобарин, эзгуликнинг эрта-кечи, савобли ишнинг катта-кичиги бўлмайди! Ўзлигини англаган, аждодлари номини улуғлаган, насл-насабини эъзозлаган, миллий тили ва ёзувини асраб-авайлаган киши ҳеч қачон афсус-армонда қолмайди!
2014 йил