Адабиёт ҳақида ўйлаганимда биринчи адабиёт ўқитувчиларим ёдимга тушади.
Урушдан аввалги оғир йиллар. Ҳали Улуғ Ватан уруши бошланмаса ҳам, унинг совуқ нафаси сезила бошлаган давр. Шаҳарда яшар эдик. Оиламиз бошига мусибат тушиб, туғилган қишлоғимизга кўчиб бордик.
Қиш бўлмаса ҳам далага қиров тушган совуқ пайтлар эди. Янги жойга, нотаниш болалар даврасига кўникиш қийин бўлар экан. Мактабга бўйнига арқон солинган қўйдан баттар бўлиб кириб бордим. Олтинчи «А» синфига олиб кириб қўйишди.
Биринчи қаторда биттагина жой бор экан, синф тўла болаларнинг масхараомуз нигоҳлари остида ўша жойга бориб ўтирдим. Бир пайт эшикда новчадан келган, озғин, хушсурат бир одам кўринди-ю, ғала-ғовур дарҳол тиниб, синф сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди.
Ҳануз эсимда: мени ҳаммадан бурун ўқитувчининг уст-боши лол қолдирди. У ниҳоятда сипо ва озода кийинган эди. Оҳори тўкилмаган оппоқ кўйлак, ўша пайтларда расм бўлган қора чарльстон костюм-шим, бўйнида гулдор галстук, оёғида ялт-ялт этиб турган қора туфли, бошида тахи бузилмаган чуст дўппи…
У синф ўртасида тўхтади, бирдан сукутга чўмган ўқувчиларни аллақандай вазмин нигоҳ билан кўздан кечириб чиқди-да:
— Пушкин. «Кавказ асири», — деди тиниқ, сокин овозда, сўнг қўлидаги китобга қарамасдан, машҳур достонни ёддан ўқий кетди.
Билмадим, эҳтимол ўша дақиқаларгача шеърни яхши ўқийдиган одамни кўрмагандирман, эҳтимол, ўқитувчининг каттагина достонни деярли ёддан билиши қаттиқ таъсир этгандир. Лекин, назаримда, ўша онларгача умримда ҳеч қачон бундай сеҳргар овозни, бундай мафтункор оҳангларни эшитмаган эдим! Нафақат мен, синфни тўлдириб ўтирган қирқдан ортиқ болалар ўзлари сезмаган ҳолда буюк достон сеҳрига «илинган», достон билан бирга ниҳоятда чиройли кийинган бу хушсурат одамга, адабиёт ўқитувчисига маҳлиё бўлиб қолишган эди!
Ўша дарсдан хотирамда муҳрланиб қолган яна бир тафсилот: мен қирқ беш минут қандай ўтганини билмайман, фақат қўнғироқ чалиниб дарс тугаб қолганидан қаттиқ афсус қилганим ҳануз эсимда.
Шу-шу, адабиёт дарси биз учун энг севимли дарсга, адабиёт ўқитувчимиз Маматамин ака Маҳмудов эса энг азиз инсон ва энг ҳурматли мураббийимизга айланди.
Маматамин аканинг ўзи ҳам шеърлар, ҳикоялар ёзар, биз адабиёт ва санъатга оид ҳамма янгиликларни у кишидан эшитар, ўша маҳалда машҳур бўлган янги асарлар «Ёш куч», «Гулистон», «Ўзбекистон адрбиёти ва санъати» журналларини ҳам шу одамдан сўраб олиб ўқирдик. Умуман, Маматамин ака фақат адабиёт эмас, бошқа фанлар, хусусан география, табиат, тарих фанларидан ҳам яхши бохабар эдилар. Шунинг учун илмга, адабиёт ва санъатга ишқибоз ёшлар у кишининг атрофида парвона эди. Шу тарзда саккизинчи синфга ўтгунча Маматамин акадан таҳсил олдик, саккизинчи синфдан бошлаб эса, тақдир бизга яна бир ажойиб инсон ва истеъдодли педагог Сулаймон ака Амировни инъом этди.
Сулаймон ака йигирманчи йилларнинг охири ва ўттизинчи йилларнинг бошида Самарқанд педакадемиясида таълим олган. Ҳамид Олимжон, Миртемир, Шайхзодалар билан мулоқотда бўлган, илм доираси ниҳоятда кенг, мушоҳадаси ўткир, инсон сифатида ҳам ниҳоятда самимий, хушчақчақ, дилкаш одам эдилар. У киши классик адабиётимизни ҳам, замонавий асарларни ҳам, рус ва жаҳон адабиётини ҳам жуда яхши билар, шеърни ниҳоятда чиройли ўқир, мактабда ҳам, мактабдан ташқарида бўладиган суҳбатларда ҳам бир зумда ҳаммани ўзига ром қилиб олардилар. Биз ўспиринлар у кишининг суҳбатларига, ёддан шеър ўқишларига, жаҳон классикларининг ўлмас асарлари ҳақидаги ҳикояларига маҳлиё эдик. Сулаймон ака гўзаллик ва нафосатни ҳис этиш ва бу ҳисларини ёшларга «юқтириш» санъатини мукаммал билар, шу санъати ва меҳри билан бизни тамом ром қилиб олган эди. Узун қиш кечалари домламизнинг тор бўлса ҳам шинам хонасига йиғилиб, танча атрофида, Сулаймон ака билан тонготар суҳбатлар қурардик…
Хўш, бу узундан-узоқ муқаддимадан мақсад нима?
Ҳурматли газетхон гапнинг нишаби қаёққа қараб кетаётганини аллақачон сезаётган бўлса керак. Дарҳақиқат, мақолани ўз ёшлигим, ўз домлаларимдан бошлашимдан мақсад — мен, авваламбор, бугунги адабиёт ўқитувчиси, унинг ёш авлодни тарбиялашдаги роли, қолаверса, умуман, мактабларда адабиётдан дарс бериш муаммолари тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларим, тўғрироғи, ташвишли ўйларим билан ўртоқлашиш эди.
Йўқ, мен бугун мактабларимизда ўз илмининг шайдоси бўлган, адабиёт ва санъатни чуқур идрок этиб, севиб дарс берадиган адабиёт ўқитувчилари йўқ, демоқчи эмасман. Улар бор, ҳатто бундайлар адабиёт ўқитувчилари орасида кўпчиликни ташкил қилади, десам янглишмасман. Мен буни қишлоқ мактабларида бўлган учрашувлардан ҳам, газетамизга адабиёт ўқитувчиларидан бот-бот келиб турадиган хатлардан ҳам сезаман. Лекин, минг афсуски, бунинг аксини кўрсатувчи фактлар, яъни ўз фанини яхши билмаган, бадиий асардан завқланиш нималигини англаб етмай туриб дарс берадиган, оқибатда ўз ўқувчиларида адабиёт ва санъатга меҳр уйғотиш ўрнига, ундан совитиб қўяётган адабиёт ва музика ўқитувчилари ҳам оз эмаски, бу нарса бизни ташвишлантирмай қолмайди. Энг ёмони, бундай ўқитувчилар адабиётга ўта юзаки, агар таъбир жоиз бўлса, ниҳоятда расмий ва қуруқ бир нарса, деб қарайдилар. Аксар ҳолларда уларнинг дарслик китобини очиб, «фалончи ёзувчи фалон йили фалон шаҳарда туғилди, фалон йили фалон асарни ёзди, бу асарида у писмадон қаҳрамоннинг образини яратди» каби тайёр гапларни, ҳис-туйғусиз ўлик матнни қуруқ, жонсиз овозда зерикарли ўқиб беришдан нари ўтмайдилар. Улар бадиий асарни ҳаёт билан солиштириб ўқиш кераклигини, асар қаҳрамонларининг қувончи ўқувчининг қувончига, мусибати — сал муболаға қилиб айтганда — унинг шахсий мусибатига айланиб кетиши лозимлигини ё англамайдилар, ё бунга иқтидорлари етмайди. Чунки Анна Каренина ёхуд Отабек-Кумушларнинг фожеий севгиси ўқувчини ларзага солиши учун ўқитувчи бу асарларни ёниб ўқиши ё улар ҳақида ёниб ҳикоя қилиб бериши зарур. Бусиз том маънода адабиёт ўқитувчиси бўлиш қийин, лекин афсуски, биз бу ҳақиқатни унутиб қўймоқдамиз.
Албатта, ҳозирги даврни биз таҳсил кўрган уруш йилларига таққослаб бўлмайди. Бугунги ўқувчиларнинг қизиқиш доираси бизнинг ёшлик чоғларимиздагидек, фақат адабиёт билангина чекланган эмас. Бугунги ёшларнинг маънавий оламини бойитишга хизмат қилувчи омиллар кўп. Уларнинг эътиборини ёлғиз адабиёт эмас, санъатнинг бошқа турлари — кино, телевидение, спорт ва ҳоказо-ҳоказолар жалб этмоқда. Боз устига физика, математика, биология каби аниқ фанлар тараққиёти ҳам шундай ривож топдики, улар ёшларнинг хаёлот оламини ром қилиб олиши табиий бир ҳол. Лекин бу ҳаётий ҳақиқат адабиёт ўқитувчисининг қиёфаси ва унинг ёш авлодни тарбиялаш тўғрисидаги фикрларимизни инкор этмайди, билъакс, уларнинг олдига янги, илгаригидан ҳам мураккаброқ вазифалар қўяди. Бу вазифаларнинг энг муҳими — адабиёт ўқитувчиларининг дунёқараши, илми, диди ва маданий савияси билан боғлиқдир. Албатта, илм ва маданий савия ҳамма ўқитувчилар учун баб-баробар, муҳим. Лекин адабиёт ўқитувчиси учун айниқса зарур. Чунки математика ўқитувчиси ўз фанини яхши билса, эҳтимол, шунинг ўзи кифоядир, бироқ адабиёт ўқитувчиси учун бу етарли эмас. У нафақат программадаги ёзувчилар ижодини, балки, бугунги адабий жараённи актив кузатиб бориши шарт. Бугун адабиёт ва санъат соҳасида нима гаплар бўляпти, қайси китоб, қайси кино, қайси санъат асари халқнинг эътиборини тортяпти, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти, нима учун севиб ўқиляпти ёки қайси асарлар нима сабабдан танқидга учраяпти — буни билиш деярли фарз. Нега? Чунки ўқувчи ёшлар бугунги адабиёт ва санъат асарларини кўп ўқишади, томоша қилишади, бу асарлар ҳақида ўзаро кўп баҳслашишади. Энди тасаввур этинг: ўқувчи бу янгиликларни билса-ю, унга гўзаллик ва нафосатдан дарс берадиган ўқитувчи билмаса, ёшларнинг саволларига «ўқимадим, билмайман», деб турса!
Афсус-надоматлар бўлсинки, маориф соҳамизда илмли-билимли, юксак маданиятли ўқитувчилар билан бирга, биз айтгандай, ўз савияси, диди, маданиятини ўстириш ҳақида ўйламайдиган, адабиёт муаллими бўла туриб программадан «бир қадам чиқолмайдиган», бугунги адабиёт ва санъат билан қизиқмай қўйган, савияси паст ўқитувчилар ҳам бор, ҳатто дадил айтиш мумкинки, оз эмас!
Бундан уч-тўрт йил муқаддам эл оғзига тушиб, ёшларнинг меҳрини қозонган бир шоир менга: «Фалон институтнинг сиртқи бўлимида ўқийдиган адабиёт ўқитувчилари билан учрашув бўлар экан, бирга бориб келайлик», деб қолди.
Уч-тўрт киши бўлиб бордик. Институт домлалари бизни яхши қарши олишиб, иззат-ҳурмат билан катта аудиторияга бошлаб киришди. Учрашув шу ерда бўлиши керак экан. Лекин негадир ҳеч ким йўқ эди. Бирор соат ўтгандан кейин домлалар орасида шивир-шивир бошланди, кейин улардан бири хижолатдан дудуқлана-дудуқлана узр сўради. Маълум бўлишича, учрашувга келадиган ўқитувчилар қаёққадир кетиб қолишибди. Бу гапни эшитган адиблар, айниқса ёш шоирлар, қаттиқ ранжишди. Тўғрисини айтсам, аввал-бошда мен ҳам хафа бўлдим, бироқ дўстларимнинг кайфиятини кўриб гапни ҳазилга бурдим:
— Қўйинглар, оғайнилар, учрашувга келишмаган бўлса… бунинг бирор-бир сабаби бордир. Сиз билан биз ҳали классик бўлганимиз йўқ. Ўқитувчилар узоқ жойлардан келишган. Пойтахтда нима кўп — театр кўп, музей, санъат саройлари кўп. Янги кинолар қўйиляпти. Ўшаларни кўришга кетишгандир!
Эрталаб уйда телефон жиринглади. Трубкани олсам — ўша таниқли шоир. Асабий куляпти.
— Кеча учрашувга келцаган адабиёт ўқитувчилари қаерда бўлишган экан, биласизми? Чақардаги чойхонага бориб ош ейишипти!
Бир куни урушдан ярадор бўлиб қайтган ўша ўқитувчимиз — Сулаймон ака синфга кулиб кирдилар-да, бир-икки болани четга тортиб:
— Тирик шоирни кўришни хоҳлайсанларми? — деб сўрадилар.
— Хоҳлаймиз, — дедик биз…
— Хоҳласаларинг… Иқонга Тошкентдан Миртемир келибди, юринглар, бориб кўриб келайлик. Шоир одам, кўп нарсдаларни билади, бир мириқиб суҳбатлашиб келамиз, — дедилар Сулаймон ака.
Бизнинг қишлоқ билан Иқон ораси эллик чақирим келади. Кеч куз эди. Биз эшакларга миниб қирлар, адирлар оша, сойлар кечиб Иқон томон йўл олдик. Қишлоқдан эрталаб чиққан бўлсак, кунботишда Иқонга кириб бордик. Омадимиз юришмаган экан: биз боргунча Миртемир ака Тошкентга қайтиб кетиптилар. Афсус билан орқага қайтдик. Лекин тирик шоирни кўриш умидида босиб ўтилган икки кунлик йўл ва бу йўлда бўлган куз офтобидай тиниқ суҳбатлар, севикли ўқитувчимизнинг урушда кўрган-кечирганлари, ўқиган шеърлари, ўзбек ва жаҳон классиклари асарлари тўғрисидаги қизиқ-қизиқ ҳангомалари ҳануз дилимда, ҳануз хотирамда. Бу сафар эса… Тошкентга ўқишга келган адабиёт муаллимлари адибларни эмас, адиблар уларни истаб бориптилару улар… йўқ, кинога эмас, театрга, музейга эмас, эски чойхонага маишат қилгани жўнаб қолишипти!
Ажабо, бу ўқитувчилар (кейин билсак, уларнинг аксарияти битта имтиҳон топшириш учун уч-тўрт марта «юмалаб», «бир амаллаб» «3» олиб кетишар экан!) ўз қишлоқларига қайтиб боришганда пойтахт янгиликларини эшитиш умидида кўзлари жовдираб ўтирган болакайларга нимани айтиб беришар экан?.. Йўқ, мен уларга эмас, балки Тошкентдан қайтган муаллимларининг оғизларига тикилиб ўтирган ўша болакайларга ачинаман! Ахир, наҳот бу муаллимлар гўзалликка, нафосатга ташна бу болаларга янги фильм, янги спектакль ёхуд адабиёт ва санъат оламидаги янгиликлар ўрнига Чақар ёки Эски Жўва чойхонасида еган ошлари тўғрисида гапириб беришса?
Мана, барча ўқитувчилар, хусусан, адабиёт ўқитувчиларининг маънавиятига оид яна бир муаммо. Биз бу муаммога 1983 йил обуна пайтида дуч келдик. Мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бош редактори бўлганлигим важидан мазкур масалага тўхтаб ўтишни лозим деб топаман.
Аввалло шуни айтиш лозимки, обуначиларимизнинг учдан бир қисмини ўқитувчилар ташкил этади. Бунинг учун биз маориф ходимларидан, жумладан Маориф министрлиги ва унинг қуйи ташкилотларидан жуда миннатдормиз. Лекин обуна пайтида шундай мактабларни (айниқса, шаҳар жойларда) ҳам кўрдикки, уларда ўнга яқин адабиёт муаллими бўла туриб, уларнинг биттаси ҳам адабиёт ва санъат газетасига обуна бўлмаган!
Албатта, мен ўзим муҳаррирлик қилаётган газетага обуна бўлмадингиз, деб бировга таъна қилишга ҳаққим йўқ. Бу сатрларга кўзи тушган одам эҳтимол: «Газетангиз қизиқ эмасдирки, улар ёзилишмагандир!» дейишга ҳам ҳақлидир. Лекин, биринчидан, бизнинг қўлимиздаги фактларга қараганда, бу мактаблардаги адабиёт ўқитувчилари фақат бизнинг газетамизгагина эмас, умуман бошқа адабий журнал ва газеталарга ҳам обуна бўлмаганлар! Иккинчидан, ўша мактабларнинг ўзида адабиётдан йироқ кўплаб ўқитувчилар борки, улар адабий журнал ва газеталарга обуна бўлишгану адабиёт ўқитувчилари ёзилишмаган! Демак, бу ерда гап адабий газета ва журналларнинг савиясидагина эмас, ўша бир тоифа адабиёт муаллимларининг бугунги адабиёт ва санъатдан узилиб қолганларида, адабий жараённи фаол кузатиб бормаётганларида, бошқача қилиб айтганда, ўз устларида ишламай қўйганликларида! Учинчидан, бизнинг фикримизча, ҳар қандай ҳолда ҳам, адабиёт ўқитувчиси, агар у ўзи тарбия қилаётган ёшлардан орқада қолишни истамаса, адабий журнал ва газеталарга обуна бўлиб, уларни муттасил кузатиб бориши шарт. Акс ҳолда, ўқитувчи ўз талабаларидан орқада қолиб, уларга кулги бўлиб юриши ҳеч гап эмас!
Албатта, яна қайтараман, менинг бу гапларимдан биз ўқиган пайтларда ҳамма ўқитувчилар зўр эди-ю, ҳозир яхши муаллимлар кам, деган хулоса чиқмаслиги лозим. Бахтимизга, ҳозир ҳам ўз касби, ўз фанининг шайдоси бўлган фидойи ўқитувчилар кўп. Зотан, ҳар бир даврнинг ўз фазилати бўлганидек, ўзига хос қийинчиликлари, ечилиши лозим бўлган, аммо ечилмай қолаётган мураккаб муаммолари бўладики, уларни ҳисобга олмай фикр юритиш адолатдан эмас.
Бугун ана шундай долзарб масалалардан бири — ўқитувчининг обрўсини кўтаришдир. Сир эмас, сўнгги йилларда хўжалик, савдо ва маиший хизмат соҳаларида ишлаб, бол ушлаган бармоқларини ялайвериб жир битиб кетган калондимоғ шахслар ҳам кўпайиб кетдики, уларнинг тасаввурида ўқитувчилик иккинчи даражали касбга айланиб қолган! Шу сабаб бу олижаноб касбга менсимай қараш ҳоллари бор. Лекин, биринчидан, мана, бахтимизга КПСС Марказий Комитетининг умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган умумий таълим ва ҳунар мактабини ислоҳ қилиш ҳақидаги лойиҳаси эълон қилинди. Унда ўқитувчининг қадри, уни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириш масалалари бутун борлигича ўртага қўйилди. Иккинчидан, ўқитувчи фақат ўқитишгина эмас, ҳаётий қийинчиликларни бартараф этишда ҳам фаол бўлиш ўрнига, бир чеккада томошабин бўлиб туриши тўғри эмас. Адабиёт ва адабий қаҳрамонлар ҳаётий қийинчиликлар билан курашда тобланганидек, ўқитувчилар ҳам турмуш қийинчиликларини енгиб ўтишда намуна бўлишлари керак. Ҳар кун, ҳар соат фарзандларимизни юксак орзулар билан яшашга, улуғ идеалларимиз учун курашга тинмай ўргатиб боришлари даркор. Яхши ўқитувчилар ҳамиша шундай бўлган ва шундай бўлиб қоладилар. Тўғрисини айтсам, мен ҳар сафар ўз фарзандларим ҳақида ўйлаб, улардан қувонган онларимда ўзимдан эмас, балки уларга одоб ўргатиб, илм берган ўқитувчилардан миннатдор бўламан. Шунинг учун ҳам бу олижаноб касб эгалари олдида ҳамиша бош эгаман.