Инсон тафаккурининг бир ожизлиги бор. У оз вақт ичида юз берган улкан ҳадисотлар силсиласини дафъатан қабул қилолмайди. Тоғнинг улуғлигини тасаввур қилмоқ учун ундан узоқлашиш керак бўлганидек, буюк тарихий воқеаларнинг ҳайбатини ростмана ҳис этиш учун маълум вақт масофаси лозим бўлади. Ҳозиржавоблик адибнинг яхши фазилати. Лекин у адабиётнинг белгиловчи шарти эмас. Замонавийликнинг ўзи ҳам бу кунги ҳаётимизни акс эттиришгина бўлмай, замонамизга муносиб бадииятки ҳам ўз ичига олади. Ўқувчи учун авторнинг ёшу қариси, унвонли, унвонсизи йўқ. У ҳамиша ёзилган сатрларга қараб муаллифга ўз муносабатини билдиради: ё қалбига жо қилади, ё унутади, йўқликка маҳкум этади.
Афсуски, бизда юзаки ёзилган асарлар анчагина бор. Баъзи ёзувчиларимиз, шоирларимиз сўз устида меҳнат қилишга иккинчи даражали иш деб қарасалар керакки, уларнинг асарларини ўқиб она тилимизнинг бойлиги ва рангинлигини ҳамиша ҳис қилавермаймиз. Улуғ адибларимиз Абдулла Қодирий, Ойбеқ, Ғафур Ғуломлар қолдирган мероснинг кўп жиҳатларини. таҳлил қилиб ўрганиш талай ёш ва ёш бўлмаган ёзувчилар учун мактаб бўлар эди.
«Сен етим эмассан», «Роксананииг кўз ёшлари», «Қутлуғ қон», «Синчалак», «Мушоира» каби асарларни кўз олдимизга келтирсак, уларнинг ўз даври учун нечоғлик актуаллигини, баркамоллигини кўрамиз.
Биз ғоят шиддатли бешафқат замоннинг восифларимиз. Ер сайёрасининг тақдири, одамзод тарихининг давом этиш ё этмаслиги масаласи ўртада турган бир даврда яшаяпмиз. Аслида, планетанинғ «ё ҳаёт-ё мамоти» олдида, башариятнинг аламли нидоси олдида қадим замон фожеалари нима деган гап? Эсхиллар, Шекспирларнинг замонларида ҳаёт-мамот саволи инсон олдида турган бўлса, бугун бу савол инсоният олдида турибди. Қадимда улуғ ёзувчилар нидоси замон устида юксалиб турган бўлса, бизнинг қаршимизда давр нидоси даражасига кўтарила олиш масаласи бор. Бу йил менинг биринчи китобим чиққанига йигирма йил тўлади. Ортга боқсам куни кечадай. Олдинга қараб ҳисобласам, яна шунча ўтса икки минг биринчи йил бўлади. Демак, бугун биринчи китоби чиққан йигит янги минг йилликнинг «ёш шоир»и бўлади. Ўша олис келажакнинг «ёш шоири»га айтадиган сўзим бор: Бизни эркалаб бағрига босган ҳам, шоир қилиб бийрон тил берган ҳам жафокаш, меҳнаткаш, бағри кенг, орзуларидай улуғ халқимиз. Шоир бўлишдан олдин шу халққа фарзанд бўлайлик, садоқатли, фидойи бўлайлик. Агар шоир бўлсак унинг юзига қараганда уялмайдиган шоир бўлайлик. Халқимиз жасоратли, матонатли, зукко халқ, Навоийхон, Бедилхон халқ. У олтин билан миснинг, олмос билан шишанинг фарқини билади. Ана шу ҳалол, қўли қадоқ, ақли теран халқимиз олдида ҳалол бўлайлик. Зар килолаб эмас, мисқоллаб ўлчанишини унутмайлик.
«Гап кўп-ку, умр оз», дейди ўзбеклар. Яқинлашиб келаётган Ёзувчиларнинг Бутуниттифоқ анжумани арафасида дўппини олиб қўйиб гаплашадиган гапларимиз кўп. Ютуқларимиз ҳам оз эмас, камчиликларимиз ҳам. Биз-ку, камчиликсиз асар бўлмайди, ҳар тўкисда бир айб деб ўзимизга тасалли берамиз. Аммо китобхон учун, адибнинг чин мухлчси учун ижодкор пир ва устоздир. Ихлос нуқсонни тан олмайди. Санъатнинг, адабиётнинг шарти — баркамоллик ва мукаммалликдир.
1981