Қадимдан бозорлар кишиларнинг фақат моддий эҳтиёжини қондирадиган маскан бўлибгина қолмай, уларнинг дунёқарашини кенгайтирадиган, маънавиятини бойитадиган, маданиятини юксалтирадиган жой ҳам бўлиб келган.
Айниқса, ўтмишда Моварауннаҳр бозорларида боболаримиз сўзлашув маданиятига алоҳида эътибор берганлар. Тилимиздаги нозик иборалар, гўзал таъриф ва тавсифлар, юксак мақтов сўзлари, сирли қочиримлар айнан бозорда шаклланган ва кейин муомалада кенг қўллана бошланган.
Ҳатто, қадимги китобларда ёзилишича савдогарлар ўз молини ғазал билан таърифлаган эканлар. Тижорат билан шуғулланувчилар ширин ва ўткир сўзли сухандон бўлганликлари боис, подшоҳлар доимо уларнинг суҳбатларига ошуфта бўлганлар. Ўша китобларда яна қайд этилишича, савдогарлар бозорда савдо билан машғул бўлган вақтларида энг яхши либосларини кийиб олган ва улардан хушбўй мушку анбар ҳидлари анқиб турган. Харидорга ўта хушмуомалалик билан мулоқот қилишар, кўнгил бисотларидаги энг гўзал сўзларни уларга ҳадя этиб, харидорни ўзларининг доимий мижозларига айлантиришар экан.
Албатта, Шарқ бозорларидаги юксак маданият ҳозир ҳам сақланиб қолганида, сўзлашувдаги муомаламиз ташвишидан хавотирланишимизга, ҳатто уни мақола қилиб ёзиб ўтиришимизга ҳожат ҳам йўқ эди.
Аммо, оддий сўзлашув қоидаларини, муомала санъатини ҳам билмайдиган кўплаб савдо ходимлари ва бозорчи сотувчилар раста ёки пештахталар ортида фақат молини ўтказиш билан банд бўлиб, миллат шаънини ўйламай, маънавиятимизга путур етказаётган экан, уларга айтар сўзимиз, маданиятга чорловчи даъватимиз бўлиши даркор.
Ҳозирда ҳам Япония, Хитой ва Корея каби давлатларда савдо соҳасида ишлашга талабгор бўлганлар махсус муомалани ўрганиш курсида ўқиб, уни аъло даражада тугатган бўлсагина соҳада ишлашга қўйилар экан. Сўз билан харидор кўнглини ололмаган сотувчининг эса тезда ўз иши билан хайрлашишига тўғри келар экан.
Бизда эса баъзан зарур нарсаларни сўраб, сотувчига мурожаат қилганимизда ўша нарсанинг йўқлигидан эмас, сотувчининг қўпол ва нописанд муомаласидан кўнгил ранжийди. Чунки уларнинг кўпчилиги харидор билан қандай сўзлашиш зарурлигини ҳам англашмайди.
Савдогарлик аслида энг қадимий касблардан. Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тужжорлар юксак салоҳиятли ва маданиятли бўлишган.
Ҳозирги вақтда шундай улуғ касбнинг муомала маданиятига путур етказаётганлар кимлар? Умуман олганда ҳозирда савдо билан кимлар шуғулланаётир? Қолаверса, бозор иқтисодиёти дегани ҳамма бозорга бориб тирикчилик ўтказади дегани эмас-ку? Тўғри, давр тадбиркор бўлишга ундамоқда. Лекин савдо соҳасида фаолият юритиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун ҳам иқтидор, шу соҳа бўйича махсус билим олган, устоз кўрган бўлиш, соҳанинг сир-синоатини билиш керак.
Ҳозир бозорларда ва умуман савдо соҳасида шуғулланаётганларни уч тоифага ажратиш мумкин. Биринчисига ота-боболари касбини давом эттириб келаётган, яъни халқ таъбири билан айтганда “қонида борлар”. Улар бу ҳунарни ўзларига касб қилиб олган, унинг масъулиятини ҳам яхши ҳис қиладилар. Йўлнинг турли азобларидан чўчимай, иссиқни — иссиқ, совуқни — совуқ демай турли мамлакатлардан мол олиб келиб, бозорларнинг тўкинлигини таъминлаш учун астойдил хизмат қиладилар. Уларнинг маданияти ҳам, кийиниши ҳам, сўзлашув одоби ҳам юксак. Қолаверса, бундайларнинг маънавияти, билими тўкис. Чунки уларда шу хислатлар мужассам бўлмаса бозори касод бўлиши ёки хорижлик шериклари олдида панд еб қолишлари тайин.
Иккинчи тоифага қўшимча ёки осон даромад манбаини қидириб бозорга ўзини урганлар киради. Булар турли касб эгаларидан жамланган бўлиб, аксарияти ўз касб ихтисослиги бўйича ишини эплолмаган, касбини севмаган, ўзи ишлаган соҳага адашиб кириб қолганлар ҳисобланади. Агар улар иқтидорли ва қобилиятли бўлганларида ўз соҳаларида ҳам қўшимча даромад олган бўларди. Қолаверса, бундайларнинг кўпи маънавий қашшоқ бўлиб, ҳамма нарсани пул билан ўлчашга мойил бўладилар. Бу тоифадагилар сифатсиз ва арзон мол олиб келиб, юртдошларига уни қимматга сотиб, керагидан ортиқ даромад қилишни истайдилар… Уларнинг муомаласида кўпроқ сохталик, сўзларида пала-партишлик, ёлғон сўзлашга мойиллик сезилади. Бундайларнинг кўпчилиги ҳаёт гўзаллигини ҳис қилишдан бебаҳра бўлиб, нафснинг қули — ишкамбага айланганлар.
Бозордаги бу чиллаки тижоратчилар қўпол муомаласи, ўзларининг такаббурона ва беҳаё сўзлари билан харидор кўнглини ранжитади. Халқимизда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” ёки “Семизликни қўй кўтаради” деган ибратомуз мақоллар бор. Бу тоифадагилар чўнтагига уч- тўрт сўм ортиқча пул тушгандан кейин иймонини ютиб, ҳаром-ҳаришдан, харидор ҳақидан ҳазар қилмайдиган бўлиб қоладилар. Улар ҳам миллат шаънини, халқнинг гўзал урф-одатларини писанд қилмай, фақат ўз жиғилдонларининг қулига айланадилар.
Учинчи тоифадаги, яъни ўзини аҳли тижорат қаторига қўшганлар (буларни олиб-сотарлар десак ҳам бўлади) тирикчилик ўтказиш ниятида бозорларда жойлашиб олганлар. Бу гуруҳдагилар кўпроқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадилар. Айнан шулар бозорлардаги нарх-навонинг юқори бўлишига сабабчи бўлишаяпти. Чунки улар бозорга маҳсулот олиб келган ҳақиқий деҳқоннинг молини бозор дарвозасининг олдидаёқ арзон-гаровга сотиб олиб, кейин уни бир неча бор қимматига сотадилар. Ушбу тоифадагилар орасида бозор қонунларини билиш у ёқда турсин, оддий савдо қоидаларини билмайдиганлари ҳам бор.
Агар “сотаётган карамингиз нархи нега баланд” деб сўрасангиз долларнинг нархи ошган, — деб жавоб қайтаришдан ҳам уялишмайди. Аслида ўзи доллар қийматининг ошганининг сотаётган маҳсулотига қандай алоқаси борлигини тушунтириб ҳам бера олмайди.
Бугунги кунда бозорларимизда бозор маданиятини “шакллантираётганлар” мана шу кейинги икки тоифа вакилларидир. Чунки биринчи тоифага кирувчилар озчиликни ташкил этади.
Бозор иқтисодиётининг зарур талаби авваламбор поклик, иймон ва ахлоқий баркамолликни талаб этади. Шу хислатлар мужассамлашгандагина инсоннинг ижтимоий муносабатларида муҳим ўрин тутувчи ахлоқий маданияти юзага келади.
Ахлоқий ва муомала маданиятининг шаклланишида эса ташқи муҳитнинг таъсири, кишиларнинг турмуш тарзи ва бошқа манбалар муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, инсонларнинг энг кўп мулоқотда бўладиган жойи ҳам бозор.
Демак, бозорларда тижоратчилар ҳам, харидорлар ҳам, бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлишса, айтар сўзини ўйлаб гапиришса, минг йиллар давомида шаклланган гўзал тилимизнинг энг нафис томонларини кўрсатсалар, маданиятимиз янада юксалган бўлар эди.
Албатта, одамга сўзлашув маданиятини зўрма- зўраки сингдириб ҳам қолипга солиб ҳам бўлмайди. Буни ҳар бир инсон ўз виждони ва ички маданияти билан онгли равишда амалга оширмоғи лозим.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).