Абдулла Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат (1955)

Бир ёш ёзувчи ёзган ҳикоясини менга ўқиб бериб, фикримни сўради. Мен ҳикояни маъқулламадим, камчиликларини кўрсатдим. Ёш ёзувчи ҳикоянинг камчиликларини кўрсатганимга хурсанд бўлди, лекин ҳозирча босиб бўлмайди деганимга хафа бўлди. «Сиз 20 ёшингизда, адабиётга энди қадам қўйган вақтингизда ёзган ҳикояларингиз бундан яхшимиди?» – деди. Мен: «Йўқ, бундан неча ҳисса ёмонроқ бўлган эди», – дедим.
Ҳозир адабиётга қадам қўйган ёш қаламларимиз ва уларнинг ўсиши учун зарур бўлган шарт-шароит ёши улғайиб қолган ёзувчиларимиз адабиётга қадам қўйган вақтларидаги ёш қаламлар ва уларнинг ўсиши учун зарур бўлган шарт-шароитдан жуда катта фарқ қилади.
1. У вақтларда ёшлар адабиётга кўпроқ ибтидоий маълумот билан қадам қўйган бўлса, ҳозирги ёшларимиз кўпроқ олий маълумот билан қадам қўйяпти.
2. Илгари ёшлар адабиётнинг вазифасини, унинг туб мақсадини яхши билмасдан қўлига қалам олган бўлса, ҳозирги ёшларимиз адабиётнинг вазифасини яхши билиб қўлига қалам олаётибди.
3. У вақтларда ёшлар рус тилини билмаслик ёки чала билиш орқасида буюк рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан фойдаланиш, ўрганиш имкониятидан буткул ёки қисман маҳрум бўлган бўлса, ҳозирги ёшларимиз бу хазинадан тўла фойдаланиш, ўрганиш имкониятига эгадир.
4. Илгари китобхон унчалик талабчан эмас эди, чунки у, бир жиҳатдан, ҳақиқий адабиётни – рус адабиётини, ғарб адабиётини билмаса, иккинчи жиҳатдан, китобга оч эди, маълумки, оч одамнинг уйида қатиқ уйимайди. Ҳозирги китобхон рус ва жаҳон ёзувчиларининг энг яхши асарларини ўқиб катта дид пайдо қилган, жуда талабчан китобхондир.
5. Ниҳоят, у вақтларда ёш ёзувчиларнинг ўсиши учун зарур шартлардан бири бўлган яхши адабий муҳит йўқ эди, ҳозир ёш ёзувчиларнинг ўсиши учун зарур шартлардан бири бўлган яхши адабий муҳит бор.
Мана шу сабабларга кўра у вақтлардаги ёшлар қийинчиликлар билан олға босар, секин ўсар эди. Ҳозирги ёш ёзувчилар шахдам қадамлар билан олға бораётибди, тез ўсаётибди. Лекин буюк тараққиёт асрида ҳар куннинг талаби, ўз талаби, ўз суръати бор.
Ёшларимиз, шубҳасиз, ўсаётибди. Лекин уларнинг яна ҳам тезроқ ўсишига, адабиётнинг аҳамияти тобора ортиб бораётган бизнинг кунларда бу фронтнинг ҳар томонлама машқи роса солдатлари бўлиб тезроқ етишувига ишимиздаги камчиликлар халал бераётибди.
Бу камчиликлардан бири адабий танқиднинг ниҳоятда заифлигидир.
Маълумки, адабий танқид асарга халқ манфаатлари, халқнинг талаблари нуқтаи назаридан баҳо беради, бунинг учун асарни мазмун жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам чуқур таҳлил қилиб, унинг фазилат ва нуқсонларини очиб беради. Танқид адабиётни олға сурадиган куч бўлиши билан бирга ёшлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Афсуски, ёшларимиз мана шу катта мактабдан маҳрум дейиш мумкин.
Ғафур Ғуломнинг йирик асарларини эмас, ҳатто биронта кичик асарини таҳлил қилган, унинг кучли ва заиф томонларини кўрсатиб берган биронта яхшироқ мақола йўқ. Ҳолбуки, унинг ижодини таҳлил қилиш билан ёшларга кўп нарсани ўргатиш, баъзи бир камчиликлардан уларни огоҳлантириш мумкин эди. Ойбекнинг «Олтин водийдан шабадалар» романи муҳокама қилинган вақтда китобнинг кўп камчилиги кўрсатилди. Бу камчиликлардан бири шўро кишиларининг ҳаёти, кураши жуда юзаки тасвир қилинганлиги, муаллиф бунга бағишланган саҳифаларни илҳомсиз ёзганлиги, бунда муаллиф ҳақиқий санъаткордан кўчадаги «беш минутлик фотограф»га айланганлиги кўрсатилган эди. Бу муҳокама мажлисда профессионал танқидчиларимиз «лом» дегани йўқ, гапиришни лозим кўргани ҳам китобнинг камчиликларини шувашга – бўяшга ҳаракат қилди. Муҳокама мажлисидан кейин ҳам бу китоб тўғрисида дуруст бир мақола чиққани йўқ. Натижада бу китобдаги нотўғри ижодий «метод» ёшларнинг ижодига ёмон таъсир кўрсатиб келаётибди.
Ёш ёзувчиларимизнинг яна ҳам тезроқ ўсмаётганлигига иккинчи сабаб ёзувчилар уюшмасининг ёшлар билан ҳали ҳам яхши ишламаётганлигидир.
Секцияларда бўладиган муҳокама мажлислари кўпинча паст савияда ўтади. Муҳокама қилинган асарнинг фазилат ва нуқсонлари умумлаштирилиб, назарий масалалар даражасига кўтарилмайди. Шунинг учун ёшлар бу мажлислардан кам баҳра олади, бундай мажлисларда қатнашишга кам қизиқади.
Тажрибали ёзувчилар ёшларга мунтазам ёрдам бермайди. Булардан биронтаси ҳам ёшларнинг асарларини мунтазам ўқиб бориши билан мақтанолмайди. Бу тўғрида биронта катта ёзувчини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатолмаймиз.
Уюшма остонасига бевосита ёки сиртдан қадам қўйган ёш қаламнинг қўлидан биринчи бўлиб ижодий маслаҳат бюроси ушлаши, туғилиб келаётган ёзувчига доя бўлиши керак. Ҳолбуки, ижодий маслаҳат бюросининг ўзи дояга муҳтож.
Ёзувчилар уюшмасининг органи «Шарқ юлдузи» журнали ҳам ёшлар билан ишлашда ўз вазифасини яхши бажармаяпти. Журнал саҳифаларида ёшларнинг имзоси кўпроқ кўриниши яхши, албатта, лекин босиладиган ҳар бир асар ўша муаллифнинг ижодида бир қадам олға силжиш бўлиши, бошқа ёшларни юқорига тортиши, уларни ўйлашга, ўз устида, асар устида кўпроқ ишлашга, бор имкониятини ишга солишга мажбур қилиши керак. Журналда ижодий рағбат характеридаги материаллар жуда кам кўринади.
Булар ёшларнинг яна ҳам тезроқ ўсишларига халал бераётган ташқи камчиликлар – ёшларнинг ўзларига боғлиқ бўлмаган камчиликлар. Булардан ташқари, ёшларнинг ўзларига боғлиқ бўлган камчиликлар ҳам бор.
Бу хилдаги камчиликларнинг биринчиси ҳаётимизнинг тараққиёт қонуни, адабиётимизни олға тортадиган куч – танқид ва ўз-ўзини танқид ёшларимиз орасида жуда расм бўлиб кетмаганлигидир.
Ёшлар орасида танқид, ўз-ўзини танқид расм бўлиб кетмаганлиги айрим ёшларнинг китобхонлар олдида жавобгарлик ҳиссини йўқотиб қўйишига сабаб бўлаётипти.
Сами Абдуқаҳҳоров баъзан очерклари билан кўриниб юрган ёш бир ёзувчи. Унинг ғарибгина ҳикоялардан иборат бир тўплами ҳам босилиб чиқди. Лекин унинг ёзган нарсалари тўғрисида ҳеч ким ҳеч нарса деган эмас. Натижада Сами Абдуқаҳҳаров ўз имкониятига ортиқ баҳо бериб чорвадорлар ҳаётидан қисқа бир муддатда қисса ёзди. Қисса проза кенгашида муҳокама қилинди.
Асарда воқеа – сюжет йўқ. Асарнинг иштирокчилари бошдан-оёқ ивирсиб юради, кўп гапиради, лекин ҳеч иш қилмайди. Демак, асарда биронта образ йўқ.
Сами Абдуқаҳҳоровнинг «Ҳаёт байроғи» деган бу қиссасида Барака ота деган одам бор. Бу одам қиссада бошдан-оёқ ҳеч иш қилмайди, лекин қўш-қўш орденлар олган, ўзи Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, асарнинг охирида «Сталин» мукофоти лауреати бўлади. Социалистик қишлоқ хўжалигимизнинг ҳамма соҳасида ҳам қўш-қўш орден олган, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Давлат мукофоти лауреати бўлган кишилар кўп. Бу ҳақиқат, лекин Сами Абдуқаҳҳоров тасвирида бу ҳақиқатга ҳам соя тушади, чунки муаллиф ўз қаҳрамонига бу ёрлиқни тупук билан ёпиштиради.
Қисса қазога учрагани сабаб муаллиф ўз кучига ортиқ баҳо берганлиги, китобхон олдида ҳар бир жумласи учун жавобгар эканини эсдан чиқариб қўйганлиги, «танқидсираб» қолганлиги орқасида бор имкониятдан фойдаланмаганлигидир. Ҳақиқатан, шундай эканлиги кейинчалик маълум бўлди: Сами Абдуқаҳҳоров бу қиссани жуда кам материал асосида, жуда қисқа муддатда, яъни идорада иш шароитида ёзган экан.
Ёшларимизнинг яна ҳам тезроқ ўсишига халал бераётган иккинчи камчилик ёшларимиз асарлари босилаётганига хурсанд бўлиб, билимларини етарли даражада бойитишга жон куйдирмаётганликларидир. Сўз санъатининг сирини билишга, бадиий маҳоратларини оширишга қунт қилмаётганликларидир.
Баъзи ёшларимиз бадиий асарнинг майдонга келишида муаллифнинг ниятигина, унинг нима демоқчи эканлигигина ҳал қилувчи роль ўйнайди деб ўйлашса керак.
Тўғри, адабий асарнинг жони – унинг мазмуни, лекин бу жоннинг жон бўлиши учун жасад ҳам керак.
Жонни жасадсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Баъзан юзаки танқид ёшларни шу масалада янглиштиради.
Қашқадарёдан Тўра Жуман деган бир ёш шоир шеър ёзиб, бундай депти:

Қоракўл, ёғ, пилла, ғалладан
Олган планингиз вақтида тўлди.
Яшанг, азаматлар, оқ олтиндан ҳам
Лафзни оқладингиз. Юрт хурсанд бўлди.

Бу – бир хабар. Танқидчининг назарида, бу хабарни шеър қилган нарса муаллифнинг шу ҳодисага муносабати, яъни хурсанд бўлганлиги. Чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Вилоят хўжалик планини бажарганига бир ёш йигитнинг хурсанд бўлиши фавқулодда бир ҳодисами? Ватанпарварлик халқимизнинг олижаноб туйғусидир, бир ёш шоир чиқиб: «Мен ҳам Ватанни яхши кўраман», – деса, бу фавқулодда бир нарса бўладими? Наҳотки, шоирнинг вазифаси фақат қўл кўтариш бўлса! Шоирнинг вазифаси қўл кўтаришгина эмас, мана шу олижаноб туйғуни ҳеч ким қилолмайдиган бир тарзда қисқа, сермазмун, чиройли, мусиқий, кишини ҳаяжонга соладиган қилиб ифодалашдир.
Ғафур Ғуломдан мана шу сатрларни олайлик:

Тақдирин қўл билан яратур одам,
Ғойибдан келажак бахт – бир афсона.
Саодат инсоннинг ўз ҳунаридир,
Тақдирнинг қудрати эмас баҳона.

Шу фикрни бундан қисқа, бундан чиройли қилиб бошқа ҳеч ким, ҳатто шоирнинг ўзи ҳам айтолмас. Шеър­да мана шунга интилиш керак.
Ёш ёзувчиларимиздан Иброҳим Раҳим «Янги ҳаёт» деган роман ёзди, муҳокама вақтида кўрсатилган камчиликларини ҳозир тузатаётипти. Бу романнинг ҳам катта камчилиги бадиий томондан бўшлигидир.
Кўп асарларимизда қўйилган масалалар, олға сурилган фикрлар тўғри бўлади, лекин асарни китобхон толиқмасдан ўқиб чиқолмайди. Биз ҳамма вақт шуни эсда тутишимиз керак: ўқувчи асаримизни қизиқиб, шавқ билан ўқимас экан, унинг ғоясини образлар орқали қабул қилмас экан, мақсадимиз қоғозда қолаверади. Тасаввур қилайлик, бир талай актёр навбатма-навбат ёки тўп-тўп бўлиб саҳнага чиқаверса, бир-бирига ёки ҳар қайсиси ўзича томошабинга маълум ё унча маълум бўлмаган ҳақиқатлар тўғрисида гапириб-гапириб чиқиб кетаверса, бу гапларни эшитишга томошабинни қизиқтирадиган ҳеч нарса бўлмаса, бундай спектаклда ким ўтиради?
Бадиий маҳоратимизни ошириш учун сўз санъатининг қонун-қоидаларини билишимиз, гўзал асарларнинг гўзаллик «сирлари»ни ўрганишимиз, бунинг учун ҳаётга яқин бўлишимиз, кўп ўқишимиз, кўп машқ қилишимиз керак.
Ҳозир қадам олишидан бир вақти келиб яхши новеллист бўлишига умид туғдираётган Аббос Муҳитдиннинг кўп ҳикоялари жуда яхши бошланади, қўлга олган киши иштаҳа билан ўқийди, лекин бу ҳикоялардан кўпининг мағзи тўқ эмас.
Аббос Муҳитдин «Кузатиш» деган ҳикоясида подшо ҳукуматини халқ қўлламас эди демоқчи, лекин ҳикояни ўзи яхши билмаган материал асосига қургани учун бундан рус армиясининг маънавий ҳолати уруш олиб боришга яроқсиз эди, бу армия душманнинг анчайин ҳамласидан пароканда бўлиши керак деган маъно чиқиб қолипти. Ҳолбуки, бутун тарих бунинг аксини айтади. Ёзувчи бир материалга қўл урар экан, уни ҳар тарафлама ўрганиши, жуда яхши билиши керак.
«Ёдгорнинг тўйи» ҳикоясида муаллиф ўзи истамагани ҳолда «инқилобдан бурун ўзбек меҳнаткашлари фанатик эди» деган фикрни олға суради. Ҳолбуки, бутун фольклор бунинг аксини кўрсатади. Ҳикоянинг қаҳрамони шариатни деб, диний ҳиссиёт орқасида ўз хотинини бировга беради. Ҳолбуки, ўзбекларда диний ҳиссиёт рашк ҳиссидан ҳеч қачон устун турган эмас.
Ёшлар билан ишлашдаги камчиликларни, ёшларимиз ишидаги нуқсонларни бартараф қилиш уларнинг яна ҳам тезроқ ўсишига имконият беради, мувофиқ шароит туғдиради. Лекин бу фақат имконият беради, шароит туғдиради, холос. Бу имконият, бу шароитдан қай даражада фойдаланиш ўзимизга боғлиқ.
Афсуски, ёшлар орасида меҳнатга унча тоби йўқ, адабиёт эшигини қалам билан очиб эмас, болта билан бузиб киришга уринадиган одамлар ҳам учрайди.
Саид Назар «Яшил бойлик» деган катта роман ёзди. Романни проза кенгашида муҳокама қилиб, фикримизни айтдик. Иккинчи марта муаллиф бизнинг олдимизга қизиқ талаб билан келди: биз бу романни муҳокама қилмасдан журналда босгани тавсия қилиб, босилиб чиққандан кейин муҳокама қилишимиз керак эмиш!
Роман журналда босилиб чиққандан кейин муҳокама қилиб биз нима деймиз, «босишга тавсия қилганимиз хато бўлган экан» деймизми?
Муаллифнинг айтишича, роман Мичурин агробиологияси соҳасида ишлаётган одамлар тўғрисида. Агар ҳақиқатан шундоқ бўлса, шу одамлар ҳаётида бўлган бирон воқеа романнинг асосий сюжет линиясини ташкил қилиши, бошқа ҳамма нарса шу линия атрофида айланиши керак эди. Ҳақиқатда ундоқ эмас. Романнинг асосий воқеаси бир жамоа хўжалиги раисининг жиноятларидан иборат, бошқа ҳамма гап шунинг атрофида бўлади. Бу жамоа хўжалиги замондан, макондан ташқарида турган бир хўжалик. Жамоа хўжалигининг жилови ҳокими мутлақ жинояткор раиснинг қўлида; жамоа хўжалиги бухгалтери юздан тўқсон тўққизини урадиган бир муттаҳам; табелчи ва кейинчалик кассир – ёт унсур, ҳатто ит билан гўшт талашадиган очкўз ўғри; раиснинг жиноят қилаётганини пайқаган, шунга ақли етган бирдан-бир одам – ичкиликбоз… Бригадирлар ишга чиқмайди, меҳнат кунлари нотўғри ёзилади, зотан, ҳисобга олинмайди, чигит бир аҳволда экилган, ғўза парвариши ҳеч айтгудай эмас, сув тошиб ғўзаларни босиб кетади, ҳоказо ва ҳоказо!
Савол туғилади: қишлоқда далада ивирсиб юрган одамлар кимлар ўзи? Булар колхозчиларми ёки отасидан мерос қолган хўжаликни барбод қилаётган ичкиликбоз бир феодал бойваччанинг деҳқонлари, яъни бу хўжаликдан бир чақалик манфаатдор бўлмаган қулларми?
Асарнинг ёзилиши – формал томони танқиддан тубан туради.
Асарнинг тилидан намуналар:
«Худди ғоздек икки тарафга ташлаб ҳаккалаб юради».
«Ҳайфсан китоб устида берилди».
«Салқин ер тешаси зарбидан балдоғи чирт учиб кетган сариқ, қизғиш япроқлар ҳавода қанот қоқа-қоқа ер бағирлаб оёқ чўзиб ётишибди».
«Ит Нусратга қараб илжайди»…
Биз мана шу нарсани журналда босишга тавсия қилишимиз керак эмиш! Биз кўриб туриб яроқсиз маҳсулотни тавсия қила олмаймиз, муаллиф хафа бўлса ҳам, дўқ қилса ҳам – барибир, тавсия қилмаймиз.
Ёшларимизнинг кўпчилиги, жуда кўпчилиги адабиёт эшигини меҳнат билан очиб кираётипти. Булар адабиётга холис ният билан, зўр мақсад билан келаётипти. Булар қаламга илғор инсониятнинг орзуси учун курашда ўз иқтидорига, қобилиятига мувофиқ танлагани қурол деб қарайди.

1955