Бир куни таниш бир режиссёрга эргашиб қотма ва қорача бир йигит келди. Режиссёр билан суҳбатимиз давомида бу йигит чурқ этмади, қадимги муллаваччалар сингари қўлини қовуштириб ўтирди ва режиссёр кетмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғалганда менга тортиниброқ бир даста қоғоз узатиб:
— Фурсатингиз бўлганда кўриб берарсиз, — деди.
Эллик саҳифадан ортиқроқ қўлёзмани кўз узмай ўқидим, яна ўқиб чиқдим. Авторни қидириб топдим, узоқ гаплашиб ўтирдик. Йигит хийлагина мулла экан. Ҳикоя бир оз таҳрир билан «Шарқ юлдузи» журналида, кейин русчага таржима қилиниб, «Дружба народов»да босилиб чиқди.
Кўпгина ёш ёзувчиларимнз шу ҳикоянинг автори Учқун Назаров сингари талантининг ёлқини, катта маданияти билан оиламизга кириб, дилларии қувонч ва ифтихор туйғусига тўлдираётибди.
Беихтиёр кечаги кун эсга тушади.
20—30-йилларда жуда кўп киши адабиётга қадам кўйган эди, улардан чинакам истеъдод эгалари адабиётда мустаҳкам ўрин ишғол қилди. Булар адабиётимизнинг донғини чиқарди, бизда йўқ жанрларни эгаллади, тилимизни бойитди. Пушкин, Толстой, Шекспир, Лопе де Вега сингари жаҳон гигантларининг асарларини таржима қилишга қодир ва қобил қилди. Ҳозирги оқсоқолларимиз бунёд этган янги адабиётимиз иттифоқ халқларининг бойлиги бўлиб қолди.
Бироқ ўша вақтларда қўлига қалам олган кўпгина одамларнинг умумий савияси паст эди. Булар рус тилини билмаганлари сабабли рус ва жаҳон классикларидан баҳра олиш имкониятидан маҳрум эди. Лекин ўқиш-ўрганиш машаққатларига тоб берган, қунт билан маданиятини оширган кишилар муродига етди.
Кечаги кунни эслашдан мақсадим — ёшларнинг ўсиши, камолоти, халқ маданиятини тараққий қилдириши учун нималар ва қандай имкониятлар муҳайё эканини писанда қилишдир.
Киши шунга суюнадики, адабий ёшларимиз замонамизнинг талабини сезади, адабиётга унинг юксак ижтимоий-эстетик вазифасини идрок қилиб, олий мақсад учун курашда қўлидаги қурол эканини англаб киратётипти.
Ёшларнинг сараси ёшлигига риоя талаб қилмайди, ҳолбуки, илгарилари ёшликда ёшлигига, қариганида қариб қолганига риоя талаб қилиб ўтган кишилар оз эмас эди.
Ёшларимизнинг кўпчилиги дастлабки асарларидаёқ замонавий фикр-тафаккур, олижаноб ҳақгўйлик, мавқеининг масъулиятини чуқур ҳис қилганини, сўз композициясининг заргари бўлишга интилаётганини кўрсатмоқда, ҳаммадан муҳими, ғоявий ва бадиий маҳоратга жило бериб, ҳаётнинг мағзига киришга, замонанинг муҳим масалаларига қўл урушга тиришаётипти.
Эркин Воҳидовнинг «Нидо» поэмасини олайлик. Поэманинг лирик қаҳрамони — уруш жафосини тортган, фашизмга қарши буюк жангда ҳалок бўлган одам. Унинг қалб садоси миллион-миллион кишиларнинг нидоси — урушга нафрати, ҳаққоний урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасидир.
Абдулла Орипов «Темир одам» деган шеърида мураккаб техника сиридан воқиф бўлган, лекин инсоннинг қувончи, ғам-ғуссасига келганда қулоғи кар, тили лол бўлган, йиғлаган гўдакнинг бошини силолмайдиган, онага таскин-тасалли беролмайдиган одамларга таъна тошини отади.
Ҳусниддин Шарипов шеърларида инсонни, унинг ақлини, меҳнатини, эзгулик ва адолатни куйлайди, улуғлайди.
Ўлмас Умарбеков «Севгим, севгилим…» повестида одам боласига ишонч, одамлар қалбининг софлиги тўғрисида завқ-шавқ билан гапиради.
Талантли ёшларимизнинг муваффақиятларига суянганимиз ҳолда, ҳар нечук буларнинг олдига каттароқ талаблар қўйишимиз керак, деб ўйлайман.
Ёшларимизнинг ўсишида катта хавф бўлмаган тақдирда ҳам хавотирлик туғдираётган нарса нима? Юқорида зикр қилинган ёшларни кўпроқ тилга олсам ҳам, мен айтмоқчи бўлган нарса кўп жиҳатдан ҳамма ёш ёзувчиларга тааллуқлидир.
Баъзи ёш ёзувчиларимиз биринчи муваффақиятдан кейин имиллаб қолишаётипти.
Ёзувчи биринчи қадамини илҳом билан қўяди, иккинчи қадамини қўйгани эса ҳали илҳом келгани йўқ, илҳомсиз қадам қўйилганда тизза қалтирайди.
Кўнгилга тугиб, бойитиб юрилган ҳаётий тажриба сарф қилиниб, ёзилган китобга яхши тақриз чиқади, автор Ёзувчилар союзига қабул қилинади. Шу хилдаги ёзувчилар матбуотда кўриниб туришга уриниб баъзан кўп ёзишади, биринчи муваффақиятнинг кайфи билан масъулиятини унутиб қўйишади. Ҳолбуки, «кўриниб туриш» мақсадида ёзилган китоб авторни кўрсатмайди, балки кўрмайди. Хайриятки, бундай ёзувчилар бизда камдан-кам учрайди. Иккинчи китоб ҳамма ёшлар учун жиддий синовдир.
Ҳозир омади гапни айтганда, Эркин Воҳидов билан Ҳусниддин Шарипов ўзларидаги бор куч-қувватни тўла ишга солишаётгани йўқ. Юқорида шеъри мақтов билан тилга олинган Абдулла Ориповда ўз талантига масъулиятсиз қараш ҳоллари сезилаётибди. Ўлмас Умарбековнинг биринчи йирик асари қўшиқдай қалбидан отилиб чиққан эди, ўзи яхши билмаган геологлар ҳаётидан олиб ёзган асари эса зўрма-зўраки, тасодифий чиқиб қолди. Шукур Холмирзаев биринчи асарида ҳаётнинг бир парчасини ғоят чиройли бир табассум билан чизиб берган эди, кейинги бир асарида воқеа қидириб қолгани сезилиб турибди. Учқун Назаров кейинги ҳикояларида биринчи ҳикояси даражасига яқин ҳам боролмаётибди.
Зўрма-зўраки ёзиш, сувдан ҳолва ясаш, ҳаётий воқеаларни тополмай сохтагарчиликка берилиш сингари нуқсонлар хусусан ҳикоянависларда кўпроқ кўриняпти.
Аҳвол шу хилда кетаверса, қулф уриб ўсаётган бу ёшлар катта дарахтнинг тўнкасида битган новдага ўхшаб қолиши хавфи туғилмаса гўрга эди. Бу хавфни танқидчиларимиз аллақачонлар сезиб бонг уряпти. Шу ёшларнинг тенгқурлари бўлган танқидчилардан Умарали Норматов билан Норбой Худойбергановлар ҳам шу хавфни сезиб, бунинг сабабини қидиради ва ёшларимизнинг бир зайлда қадам-бақадам олға силжишларига монелик қилаётган иллат, уларнинг жўшқин ҳаётдан чеккароқда эканликлари деган хулосага келади. Бу хулосага қўшилмай илож йўқ. Ҳақиқатан, назарий билим ёзувчининг энг яхши фазилатидир, лекин назарий билимни кундалик ҳаёт бағрида, халқ ҳаётининг қаърида бевосита ақл-идрок ва меҳнат билан орттириш керак. Ҳақгўй ёзувчи шунда ўсади, баркамол бўлади.
Талант учун энг хавфли шира «офарин»чиликдир.
Хайриятки, матбуотимиз, адабий жамоатчилик буни яхши тушунади. Лекин баъзан шундай ҳоллар ҳам бўлади: битта-иккита яхши шеъри билан диққатни жалб қилган ёш шоира Ойдин Ҳожиевага уч ой мобайнида бир неча газета ва журнал «Оқ йўл» тилади. Бу «офарин»лардан Ойдиннинг ўзи хижолат.
Албатта, шира нимжон ўсимликни енгади, бизнинг ёш талантларимиз нимжон эмас, лекин «офарин» айрим ёшларга винодай таъсир қилиши, кўпини маст-карахт килиб қўйиши мумкин. Хусусан, ўртамиёна асарларга ўқилган «офарин» бахил кўрнинг тилагига ўхшаб кетади: ҳасти Хизр саҳрода бир кўрни кўриб раҳми келибди-ю: «Эй бандаи худо, тила тилагингни», депти. Кўр худодан кўзига нур тилаш ўрнига: «Эй ҳасти Хизр, худодан тилаб бергин, оламдаги ҳамма одамларнинг ҳам кўзи кўр бўлсину, менинг аламим босилсин», деган экан.
Қарияларга чексиз ҳурмат Шарқда ғоят кучли таомилдир. Бу ҳамма ҳавас қилса арзийдиган аломат таомил. Лекин бу таомил суяк-суякига сингиб кетган бир доктор ошнам бир куни шу таомилдан шикоят қилиб қолди. Унинг ҳовлиси узун тор кўчанинг охирида бўлиб, доктор ҳар куни ишга кетишида тор кўчада имиллаб кетаётган бирон мўйсафиднинг орқасидан тушиб қолар ва катта кўчагача шунинг қадамига қараб юрар экан.
Менимча, бунда шикоятга ўрин йўқ, айб таомилда эмас, таомилни эътиқодга айлантириб олган докторнинг ўзида: мўйсафидга салом бериб, ҳол-аҳвол сўраб ўтиб кетаверса ҳеч бокиси йўқ!
Бизнинг ёшларимиз таомилни эътиқодга айлантирмасликлари керак. Ҳурмат ўз ўрнида, мусобақа ўз ўрнида. Бу борада ёшларимиздан ўпкалашим керак. Кўп ёшларимиз илмли, доно бўлгани, масъулиятли ҳунарнинг миридан-сиригача яхши билгани ҳолда адабий мунозараларда, муҳокамаларда кам иштирок қилишади, фикр-мулоҳазаларини ёнларига тугиб юришади, қатнашганда ҳам қимтиниб, тортиниб, беодобчилик бўлмасин дегандай оқсоқолларнинг оғзига қарашади. Ҳолбуки, оқсоқоллар сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни, нимадан хафа, нимадан хурсанд эканликларингизни, қандай қийинчиликлар тортаётганликларингизни, бизнинг китобларимиз, суйган касбимиз ҳақидаги ўйларингизни билгиси, жуда-жуда билгиси келади. Оқсоқоллар ниҳолларимизнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлишни, сизларга таълим беришнигина эмас, сизлардан таълим олишни истайди. Келинглар, касб-коримиз тўғрисида гурунглашайлик, тенг туриб мусобақалашайлик, талант халқ бойлиги, халқ мулки эканини назарда тутиб, бир-биримизга ёрдам қилайлик.
1965 йил