Қарға, буғу, бўри

Бир бор экан, бир йўқ экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, узоқ ўтган замонда қалин ўрмонда қарға билан буғу дўст бўлиб яшаган экан. Кунларнинг бирида бўри буғуга дуч келиб дебди:
— Буғужон, кел, дўст бўлайлик, бирга-бирга яшайлик.
Буғу айтибдики:
— Хўп, бўрибой, хиёнат қилмасанг дўстлашамиз, — дебди. Бўри ваъда берибди.
Ана шундан сўнг бўри билан буғу иноқ дўст бўлиб яшайверибдилар. Бу воқеани эшитган қарға буғу олдига учиб келиб, дебди:
— Буғужон, бу нима қилиқ? Бўридан ҳеч қачон дўстлик чиқмайди. У билан зинҳор ош-қатиқ бўлмагин. У шунақа аблаҳ йиртқич, айёрки, бир кун алдаб, еб қўйганини билмай қоласан. У ўзидан юз карра катта туяни алдаб, бурнидан тишлаб, чўктириб, шериклари бирпасда ёриб еяверади. Эшакми, ҳўкизми, қўй-эчкими бўлсин, алдабгина, думини ликиллатибгина олдига бориб олгунча, сўнгра гиппа бўғиб олиб еб қўяди.
Аммо буғу қарғанинг насиҳатларига эътибор бермай, у билан ўйнаб-кулиб юраверибди. Бир куни бўри буғу томонга бораётганида ўрмоннинг қалин, ўт кўп ўсган ерида қопқон қўйилганини кўриб қолибди-да, ўзича ўйлабди: “Ана энди омадим келди, буғуни алдаб, бу ерга олиб келаман, қопқонгаки илинди, вассалом, уни ейман. Барибир, мендан кўрмайди”. Бўри шулами ўйлаб, буғуни излаб топибди ва дебди:
— Буғужон, ўрмоннинг бир ўтлоқ ерини кўрдим, жуда мазза жойда ўзиям. Бир неча кун тўйиб ўт ейсан. Юр мен билан.
Буғу бўридан хурсанд бўлиб, унга эргашиб борибди. Ҳийлагар бўри уни кичик сўқмоқдан эргаштириб, тўғри қопқон қурилган ернинг устидан олиб келибди. Буғу жонивор ширқ этиб, қопқонга тушиб қолибди-да, маърай бошлабди:
— Бўрибой, бошимга мусибат тушди, болаларим етим бўлди, менга ёрдам бер, дўстмиз-ку ахир. Дўст дўстга хиёнат қилмаслиги керак. Бўри узоқдан увуллаб дебди:
— Эй буғу, ҳар кимга ҳам ўз жони ширин. Қопқоннинг эгаси келса, мени соғ қўядими, қўрққанимдан бу ерга келиб, яшириниб ётибман. Аммо бўри ўзича ўйлабди: “Қопқоннинг эгаси келиб, буғуни сўяди, мен мазза қилиб еб юраман”.
Ана энди, буғу дод солиб ётаверсин, бўри унинг гўштига хумор бўлиб, пойлаб тураверсин, буёқдаги ҳангомани қарғадан эшитинг. Қарға ўша кечаси билан пойлаб чиқибди, аммо буғудан дарак бўлмабди. Эрта тонг отиши билан қарға учиб келибди, қараса, буғу қопқонга илиниб, мадордан кетиб ётибди. Қарға сўрабди:
— Эй, дўстгинам, сени қайси жаллод бу аҳволга солди? Болаларинг йиғисига шу кеча чидай олмадим. Тонг отишини кутиб, мана етиб келдим.
Буғу дебди:
— Эй қарғажон, сен сўрамагин, мен айтмайин. Дўстингдан топ дегани рост экан. Ноқобил бўри билан дўст бўлиб, шу аҳволга тушиб қолдим. Яхши ўтлоқ ерга олиб бораман, деб мени шу ерга олиб келди. Нияти нопок, ҳийлагар экан, хазон бўлгур. Энди менга раҳм қил, ёрдам бериб, ажал домидан халос этгин.
Қарға дебди:
— Дўстим, ёмон билан дўст бўлмагин, дедим, бўридан дўстлик чиқмайди, дедим, сен унинг ҳийласига тушдинг. Энди гап бундоқ, ҳали замон сайёд келади, сен ёнбошингга ағдарилиб, ўлик ҳолига тушиб ётгин, мен яқин дарахтга қўниб, пойлаб тураман, сайёд, э, бу ўлибди, деб сени бўшатади, мен қағиллайман, сен турасола қочасан. Қулай йўли шу!
— Хўп, — деб сайёдни кутиб ётибди буғу. Қарға дарахтга қўниб оиираверибди. Бўри бўлса ҳамон буғу гўштини орзу қилиб ётган эмиш. Бир вақт сайёд келиб қараса, қопқонга илинган буғу чўзилиб ётибди.
“Эй, бу жонивор оииб қолибди”, — дея буғуни бўшатиб, бир ёққа ташлабди, шу пайт қарға икки-уч қағиллаган экан, буғу турасола сакраб-сакраб қоча бошлабди. Буғунинг ҳийла қилганини кўрган сайёд ханжарини суғуриб отибди, ханжар бўғига эмас, уни пойлаб ётган бўрининг кўксига тегибди, бўри тил тортмай ўлибди. Қарға билан буғу дўст бўлиб яшаб, мурод-мақсадларига етибдилар.