Икки кунда ўқиб ташлаш мумкин бўлган баъзи китобларимизни ўқувчи ҳафталаб ўқийди. Китоб столнинг чеккасида оғир юк бўлиб ётаверади. Ҳар сафар унга кўз тушганда узиб бўлмайдиган катта қарз ёдга тушгандай юрак орзиқади. Ўқишга фурсат бўлганда киши уни не машаққат билан қўлга олади; хинин ютгандай афтини буриштириб, сабри етгунча ўқийди; авторни ичида ёки барала сўкади… Бундай китобни адабиётчи ўқиса адабий ҳаётдан орқада қолмаслик учун ўқийди, китобхон нима учун ўқиши керак — худонинг ўзи билади.
Мана шу хилдаги китоблар озми: ҳажми хийла салобатли, ҳозирги замон темасида, ҳозирги замон темасида бўлганда ҳам «майда» эмас, «йирик» темада. Қаҳрамон «жамоат ишида актив», кундалик нормасини юз элликдан кам бажармайди; ишдан кейин романлар, ўз касбига доир китоблар ўқийди; қабр устида нутқ сўзласа, ўлик бажаролмай кетган ишларни давом эттиришга ҳамма номидан сўз беради; тўйни ишлаб чиқариш кенгашига айлантириб, ўзининг ажобий режаларини, таклифларини ўртага ташлайди… Ҳамма унинг сўзларига қулоқ солади…
Бу хилдаги қаҳрамон ҳаммага ақл ўргатиши керак, шунинг учун атрофдаги одамлар ундан ақлсизроқ бўлиши шарт.
Эҳтимол, бу схема дағалдир, эҳтимол, баъзи бир ёзувчиларнинг иззат-нафсига тегар, лекин илҳом, яъни қалб ҳарорати билан илитилмаган, дардсиз, эҳтироссиз ёзилган совуқ асарлар кўп. Бунақа асарларни мақтайдиган дидсиз танқидчилар ҳам топилади. Бу тоифа танқидчилар ўқиб бўлмайдиган, бадиий жиҳатдан ғоятда ғариб бўлса ҳам рўй-рост «ғоявий хатоси» йўқ китобларни ахтариб, улар тўғрисида мадҳиялар ёзиб ўрганган, шуни касб қилиб олган. Мазкур китоб шундай танқидчиларнинг қўлига тушса, ёзиладиган тақриз ҳам китобнинг ўзига жуда мос бўлади: тақризчининг ички қаноати эмас, ҳар хил «фойдали» мулоҳазалари натижаси бўлиб вужудга келади. Тақризчи аввал ҳозирги замон темасининг аҳамиятини тушунтиради, ундан кейин ижобий қаҳрамон ҳақида жуда тўғри муҳокамалар юргизади, сўнгра «асар айрим камчиликлардан қатъий назар, ижобий ва тарбиявий роль ўйнайди», деган хулоса чиқаради.
Китобни ўша ижобий ролидан баҳраманд бўладиган, тарбия оладиган китобхон ўқиёлмаса, ўқимаса-чи! Танқидчининг бу билан мутлақо иши йўқ.
Бизнингча, бу хилдаги китоблар ҳеч қандай ижобий ва тарбиявий роль ўйнамайди, аксинча, адабиётнинг тарбиявий ролига заха етказади; замонавий темани, ижобий қаҳрамонни, умуман, адабиётни китобхон кўзида бебурд қилади.
Эртанги кишининг онгини етук қилишда, шубҳасиз, адабиётнинг роли жуда каттадир. Модомики, шундоқ экан, ўқиб бўлмайдиган китоб, ёзувчи халқ ҳаётини нақадар чуқур ўрганганига ва бу ҳаёт унга қай даражада илҳом берганига эътибор қилмайдиган танқид бундай ролни ўйнай олмайди.
Бизнингча, рангсиз, нурсиз, ҳароратсиз ёзилган асарлар ҳаётни чуқур ўрганмасдан, унинг аччиқ-чучугини татимасдан, ўша ҳаёт одамларининг қалбига қалбни пайванд қилмасдан, дардсиз, эҳтироссиз, яъни илҳомсиз ёзилган асарлардир.
Бундан бир неча йиллар бурун бизда ҳамма ўзини поэзияга урган, ўшанда: «Литфондга бериладиган ариза ҳам шеър билан ёзилаётибди», деб кулишар эдик. Кейинги йилларда проза жанри тараққий қила бошлади, прозачиларнинг сони кўпайиб кетди. Ҳозир адабиётимизда мустаҳкам ўрин олган, шу жанрда дадил-дадил қадамлар ташлаётган йигирмадан ортиқ прозачимиз бор. Булар, албатта, катта тўлқин яратди. Айрим прозачиларимиз, афтидан, шу тўлқин остида бир лаҳза бўлса ҳам кўздан ғойиб бўлмасликка талпиниб, баъзан зўрма-зўраки асарлар ҳам ёзишади.
Бундай асарлар илҳом натижаси эмас, ёзувчи бўлгандан кейин, умуман, ёзиб туриш, иложи бўлса мумкин қадар каттароқ нарсалар билан майдонга чиқиш хоҳишидан туғилади.
Бунақа илҳомсиз ёзилган ўлик асарларни ҳеч қанақа юксак ғоя, ҳеч қандай муҳим тема, техника, малака тирилтиролмайди.
Ўлик асарлар, хусусан, эҳтирос — илҳом, яъни юрак қони билан ёзилиб яшнаб турган асарлар ёлқинида яна ҳам хунукроқ кўринади.
Лермонтов Пушкиннинг ҳалокатига ёзган шеърини шу даҳшатли воқеага ўзининг муносабатини айтиб қўйиш учун ёзган эмас. «Ревизор»ни ёзмаслик Гоголь учун ҳаётнинг маъносини йўқотиш билан баравар эди. Борис Полевой «Чин инсон ҳақида қисса»ни шу иродаси зўр кишига ўзининг муносабатини билдириш учунгина ёзган эмас, буни бутун вужуди талаб қилган. «Инсон тақдири» ҳикоясида совет кишисига бўлган чексиз меҳру муҳаббат, унинг уруш йилларида чеккан азоб-уқубатлари учун куйиш, ирода ва бардоши, олижаноб қалби учун фахр туйғулари Шолоховнинг кўкрагидан қўшиқдай отилиб чиқади.
Дарахтни ундирадиган, ўстирадиган ва мевасини лазиз қиладиган қуёш, ер ва сув бўлса, бадиий маҳоратни ундирадиган ва ўстирадиган, самарасини жозибали қиладиган халқ ҳаётидан олинган илҳомлар. Бунинг яна ҳам ёрқинроқ мисолини профессионал ёзувчи бўлмаган, ҳатто қўлига биринчи марта қалам олган, лекин қаламни шуҳрат ёки бошқа нарса тама қилиб эмас, қалбидаги муҳаббат ва нафрат оловини оламга сочиш учун олган кишиларнинг асарларида кўриш мумкин. Илҳом билан ёзилган яхши китобларимизнинг баъзан ҳуснини бузадиган иллатларидан бири сохта монументализмдир. Бизда ёзувчилар тегишиб китобнинг ҳажмини лист билан эмас, килограммлаб ўлчашади: фалончининг китоби эллик грамм, фалончининг китоби уч кило, беш кило…
Биз баъзан яхши очерк бўладиган материалдан ёмон повесть, ўртача повестни шишириб, роман қиламиз. Наинки, реформадан кейинги рус қишлоғи бу қадар ёрқин ва ҳаққоний тасвир этилган Чеховнинг «Мужиклар»и трилогия, совет кишиларининг фикр-туйғулари, хислатлари ва мамлакатимиз ҳаётининг улуғвор манзаралари куйланган «Узоқлардан узоқларга» поэмаси шеърий роман бўлганда ҳуснига-ҳусн, салмоғига-салмоқ қўшилса!
«Ҳамма лақмаликлар орасида энг ёмон лақмалик, шубҳасиз, адабий лақмаликдир. Жўн лақмага чап беришнинг иложи бор, унга оталарча насиҳат қилиш, у билан гаплашмай, саломлашмай ўтиш, уни калака қилиш мумкин. Бироқ битта Иваннинг, битта Пётрнинггина эмас, мингларча одамларнинг кўнглини оздирадиган адабий лақмаликдан қутулишнинг иложи борми». (И. Шчедрин).
Афсуски, кўпимиз мана шу олтин сўзларга риоя қилмаймиз.
Китоб қайси жанрда ёзилмасин, ўқишли бўлиши керак. Қитобнинг ўқишли бўлиши авторнинг китобхонга айтадиган тўла мағизли ва жуда зарур фикри бўлганини кўрсатади. «Китоб ўқишли бўлиши шарт эмас», дей-диган ёзувчилар ўқишли китоб ёзиш қўлидан келмайдиган ёки ҳаётни чуқур ўрганиб илҳом олишга эринадиган ёзувчилардир:
Рус классик ёзувчиларидан қайси бири ўқиб бўлмайдиган китоб ёзган? Буларни жаҳонга танитган китоблари энг ўқишли китоблари эмасми?
Ўқишли китоб гўзалликдир, лекин гўзалликда ҳам гўзаллик бор. Қоронғи кечада отилган мушак ҳам гўзал, қуёшга қараб хандон ташлаб турган гул ҳам гўзал. Осмонда сочилиб кетган ранг-баранг олов ва оқиш излар гўзаллиги кўзни қамаштирса ҳам пуч гўзаллик, шунинг учун бебақодир. Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун абадий гўзалликдир. Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ, чунки унинг бағрида икки ҳаёт — ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор.
1968 йил.