Исмоил Бекжон. Бобурийлар маданиятига оид манба

Бобурийлар даври маданиятига оид қимматли маълумотларни қамраган ёзма ёдгорликлардан бири Абдусаттор бин Қосим Лоҳурийнинг 1612 йили Агра шаҳрида ёзган “Мажолиси Жаҳонгирий” номли асари бўлиб, унинг ягона қўлёзма нусхаси 2002 йил январида Лоҳур шаҳрида яшовчи Халил ур-Раҳмон исмли зиёлининг шахсий кутубхонасидан топилган. Қўлёзма лоҳурлик Ориф Навшоҳий, Мўин Низомий каби олимлар томонидан 2006 йили Теҳрондаги “Мероси мактуб” нашриётида кириш сўзи ва зарур изоҳлар билан икки минг нусхада чоп этилган.

Мазкур олимлар ёзишича, бу нодир манбада асосан 1608 йил 24 октябр – 1611 йил 15 ноябр оралиғида Жаҳонгир томонидан ташкил этилган кўнгилочар йиғинлар тафсилоти ҳикоя қилинаркан, бобурийлар даври маданиятига доир ана шу хабарлар асносида Ҳиндистоннинг ўша пайтлардаги Европа ва Мовароуннаҳр давлатлари билан сиёсий-дипломатик ҳамда маданий алоқалари борасида ҳам маълумотлар ҳавола этилган.

Айниқса, биз учун китобдаги Жаҳонгирнинг ота ватани Мовароуннаҳрни ўзи туғилиб ўсган Ҳиндистон билан бир хилда севгани, ота юрти тарихига қизиққани, ўзбек тилини яхши билгани каби маълумотлар муҳим бўлиб, айни ўринда шу мавзуга алоқадор тафсилотларни кўрсатиб ўтишни лозим топдик.

Чиндан ҳам, ўз туғилган ватани ва она тили мавқеини давлат, маданий ҳаёт мақомида тутган Бобур вафотидан сўнг Афғонистон, Ҳиндистон каби ўлкаларда туғилиб ўсган кейинги бобурийлар авлодида бу хислатларнинг пайдо бўлиш жараёнини, бир томондан, темурийлар сулоласининг тарихий шуҳрати туфайли деб тушуниб, иккинчи жиҳатдан, бу ҳолатни “Бобурнома”нинг тарбиявий аҳамияти билан боғласак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Жаҳонгир бин Акбар “Жаҳонгирнома” асарида Кобулга зиёрат учун боргани хотираларини баён этиш асносида қуйидагиларни ёзади:

“Кобул таърифи борасида ҳазрат фирдавсмакон Бобур подшоҳнинг “Воқеот” китоби кўздан кечирилди. Бу қўлёзма нусха бутунлигича аларнинг муборак хати билан битилган эди. Фақат унинг Кобул таърифидаги тўрт жузвини қўшимча равишда ўз хатим билан битиб, мазкур жузвлар охирига ҳам бу тўрт жузвнинг менинг ­хатим билан ёзилганини кўрсатиб туриши учун туркийча тилда иборалар ёзиб қўйдим. [Чунки] Ҳиндистонда туғилиб-улғайганимга қарамасдан, туркийча сўзлашиш ва ёзишдан қуруқ қолган эмасман”.

Яна “Жаҳонгирнома”да ёзилишича, Тоторхон лақабли Татарбек бин Али Муҳаммад Акбар подшоҳнинг салтанати охирларида (1605 йил) Султон Хуррам(Шоҳжаҳон бин Жаҳонгир)га ўзбек тилини ўргатувчи муаллим этиб тайинланган. Жаҳонгир даврида ҳам у саройда тил бўйича муаллимлик қилиш баробарида бошқа катта мансаб ва мукофотлар билан сийланган.

1611 йил 14 март кунги (етмиш тўртинчи) йиғинда Ҳиндистонга янги келган ва кейинчалик Жаҳонгир давлатида амирлик мансабига эришган асли мовароуннаҳрлик Абдураззоқберди ўзбек тилида Абдуллоҳхон Иккинчи ҳақидаги бир қизиқ воқеани сўзлаб ­бераркан, ҳикоядан завқланган Жаҳонгир ёнидаги ўзбек тилини тушунмайдиган кишиларга меҳмоннинг бу мароқли гапларини форсчага таржима қилиб ­беради.

Маълумки, Мовароуннаҳрда кечган сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаёт Ҳиндистон ҳукмдори Жаҳонгир подшоҳни ҳамиша қизиқтириб келган. Аммо шу билан бир қаторда Турон ўлкасининг ўтмишига нисбатан ҳам бефарқ бўлмаган. “Мажолиси Жаҳонгирий”да ёзилишича, унинг бу каби хислати Абдураззоқберди сингари туронликларни ҳайратга солган. 1611 йил 17 мартида ташкил қилинган навбатдаги (етмиш бешинчи) йиғин Абдураззоқбердининг Агра шаҳри четидаги янги иморат ва боғида ўтказилиб, амир Абдураззоқберди Жаҳонгирнинг ташрифидан боши осмонга етганини қувонч билан изҳор қиларкан, “Подшоҳ иноят қилган бу иморат ва бу янглиғ ташриф илтифоти қиёматгача ўзим ва фарзандларим учун муборак бўлсин”, дея дуо қилади. Шунда подшоҳ: “Бар дўст муборакему бар душман шум (Дўстга оқибатлимизу душманга шум)” дейди ва ёнидагиларга бу мисра келган рубоийнинг қолган мисраларини ҳам айтишни буюради. Ҳожи Муҳаммад исмли амалдор бу мисра олдига “Дар разм чу оҳанему дар базм чу мум (Урушда темирмиз гўё, базмда мисли мум)” сўзларини қўшади-ю, аммо қолган байтини айта олмайди. Сўнг Жаҳонгирнинг ўзи рубоийни тўлалигича эслаб, уни қуйидаги байт билан тугал қилиб ўқийди:

Аз ҳазрати мо баранд инсоф ба Шом,
Ва зи ҳайбати мо баранд зуннор ба Рум.

(Мазмуни: Адлу инсофимиз хабарини элтарлар Шомга, Ҳайбатимиздан зуннор ташлар эгнидан Рум.)

[“Рум” (Иккинчи Рум) – эрамизнинг тўртинчи асридан масиҳийликни қабул қилган Рим императорлари тасарруфидаги Византия мамлакати. Бу мамлакат XV асрда усмонли турклар қўлига ўтган даврга қадар христианлар ўлкаси, мағрибдаги унга чегарадош Шом (Сурия) мамлакатигача ерлар мусулмонлар давлати бўлган. Бу ерда ана шу чегараланиш кўзда тутилган – И. Б.]

Шундан сўнг бу ўтиришда мазкур рубоийнинг ўтмиш султонларидан бирининг қайсидир подшоҳга ёзиб юборган асари экани айтилиб, кетидан Чингизхоннинг Султон Жалолиддин Мангубердини қувлаб, Синд дарёсигача боргани ҳикояси тилга олинади.

Шунда амир Абдураззоқберди Жаҳонгирнинг туркий халқлар тарихига бунчалик қизиқишидан ҳайратга тушиб, “Ҳиндистон подшоҳини Турон тарихига бу даража қизиқади деб ўйламаган эдим. Демак, гарчи зоҳирда Ҳиндистон малики бўлсалар-да, аммо ботинда ва улуғворлик ва мерос эгалиги бобида бутун олам подшоҳи эканлар” дейди.

Албатта, айни рубоийнинг кимга ­алоқадорлиги фактини аниқлаштириш матншунослар ишики, бунда, биринчи навбатда, рубоий ҳавола этилган ­асарлар қўлёзма нусхаларини қиёсий ўрганиш лозим бўлади.

Аммо шунга қарамасдан, мантиқий хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Мажолиси Жаҳонгирий”да бу рубоий келтирилгач, унинг ижодкори “қайсидир султон” эканига урғу берилади. Шундан сўнг Абдураззоқберди қурган иморат ёки Жаҳонгир ташрифи воқеаси баёни билан боғланмаган ҳолда Султон Жалолиддин Мангуберди ҳикояси келтириладики, афтидан, бу султон номи мазкур рубоийга муаллифлик муносабати билан тилга олинган.

Бир юз йигирма иккинчи мажлисда (1611 йил 15 ноябр) Жаҳонгир подшоҳ ўтирганларга қуйидаги ҳикояни айтиб беради: “Бир куни ҳазрат арш остонийга (Акбар подшоҳ –И.Б.) марҳум шаҳзода (Парвез бин Жаҳонгир – И. Б.) оиласида ўғил фарзанд туғилгани хабари келади. Шунда болага исм қўйиш ўйига тушадилар. Чақалоқ толесини кўрган мунажжимлар жадвалда бу вақтнинг бош ҳарфи “то” устига тўғри келгани учун боланинг исми “Темур” бўлишини маслаҳат берадилар. Бу гап қулоғимга етишгач, менга оғир ботди. Чунки бундай улуғвор исм менга ҳам, фарзандларимга ҳам қўйилмагани ҳолда масъулияти жуда юксак бу номни ўғлимнинг ўғлига қўйиш эса ўта ўринсиз эди. Хуллас, саройга бориб, бу фикримни отамга айтдим”.

Жаҳонгирнинг бу ҳикоясидан кейин йиғин қатнашчиси Маҳобатхон: “Инсоф билан айтганда бундай исм Сизга муносиб бўларди” дейди. Жаҳонгир Маҳобатхоннинг бу гапини нотўғри деб билади ва “Мен ҳали у ёқда турай, адолат ва инсоф билан айтганда, бу ном Бобур Мирзога ҳам, Ҳумоюн подшоҳ ва Акбар подшоҳга ҳам етмайди. Бу исм қайси ҳукмдор шу пайтгача ҳеч ким қўлга кирита олмаган миқдорда юрт олса, ўшанга муносибдир. Ўзгага эса ҳаром” дейди.

Бу гапдан ҳамма қатори ҳайратга тушган йиғин қатнашчиларидан яна бири Диёнатхон Мовароуннаҳр ҳукмдори ­Абдуллоҳхон Иккинчининг ҳар гал ­Хуросон юришидан қайтиб, Самарқанд­га зиёрат учун борганида унинг учун ҳазрат соҳибқирон тахтгоҳи пойида жой ҳозирлашлари, аммо бир гал Хуросондаги катта ғалабадан кейин давлат ­катталари ва қозилар бу қоидани бузиб, ўтириш палосини соҳибқироннинг муборак тахтгоҳи устига тўшаганлари, буни кўрган Абдуллоҳхон Иккинчи эса ўз қўли билан уни тахт устидан тортиб олиб ­“соҳибқирон янглиғ жаҳонгирнинг ­тахтига ўтиришга муносиб эмасмен” ­дегани ҳикоясини бошлайди.

Ҳикоя давомида айтилишича, ўшанда ўзбек улуғлари “Нега энди, Мовароуннаҳр Сизники, мана Хуросонни ҳам тўлалигича эгалладингиз, Сиз соҳибқирон тахтида ўтиришга лойиқсиз” ­дейишган. Хон эса яна ўша гапини такрор айтган. Аммо хушомадгўй олим ва амалдорларнинг анча далил келтириб қилган илтимосларидан кейин тахтга жуда яқин ерда кигизини тўшатиб, аммо Амир Темур тахтига чиқиб эмас, балки тахтга суянибгина ўтирган экан.

Хоннинг бундай хислати Жаҳонгирга жуда маъқул келиб, “Улуғларни қадрлаш фақат улуғ кишиларга хосдир, бундай кишилар ўз ўрнини жуда яхши билишади” дейди ва “Мен Самарқандда яшаётган бўлсам эди, ҳар кун ўша ерга бориб, соҳибқирон тахти пойини ўпган бўлардим. Худои таоло Амир Темурга шундай мақомни ато этган экан, Бобур Мирзодан тортиб, ҳеч бир бобурийнинг бул тахт устига чиқиб ўтиришга ҳаққи йўқдир. Агар Абдуллоҳхон ана шу ҳурмат қоидасига риоя қилган экан, демак, бу билан у ўзининг улуғворлик ва инсофлилик хислатини кўрсатган” қабилидаги сўзларни қўшиб қўяди.

1626 йил ноябр ойида Лоҳурдаги Жаҳонгир ҳузурига бориб, ўша ерда тўрт ой туриб қайтган Мутрибий Самарқандий ҳам 1627 йил март ойигача Жаҳонгир подшоҳ уюштирган йиғинлар иштирокчиси бўлади ва ўттиздан ортиқ бундай мулоқотни ўзининг “Нусхайи зебойи Жаҳонгир” тазкирасига илова қилган хотима қисмида баён этади. ­“Мажолиси Жаҳонгирий”ни нашрга ­тайёрлаган олимлар Мутрибийнинг бу асарини Абдусаттор бин Қосим Лоҳурийнинг мазкур китоби давоми сифатида баҳолаганлар.

“Мажолиси Жаҳонгирий”да Мутрибий ҳикояларининг айрим маълумотларига ойдинлик киритадиган хабарлар мавжуд. Масалан, Мутрибий мулоқотлардан бирида Жаҳонгир подшоҳнинг Абдуллоҳхон ва унинг ўғли Абдулмўъминхон суратини кўрсатиб, расмнинг ўзбек хонларига ўхшатиб чизилган ё йўқлигини сўрайди ва Мутрибийнинг тушунтириши асосида рассомга уларни тўғирлаб қўйишни буюради.

Мутрибий ўз ҳикоясида рассомнинг кимлигини айтмаган. “Мажолиси Жаҳонгирий” муаллифи йигирма биринчи (1610 йил 29 июн) мажлис баёнида ­ёзишича, бу расмлар ижодкори Усто Фаррух экан.

“Мажолиси Жаҳонгирий”ни нашрга тайёрлаган олимлар ёзишича, асар муаллифи Абдусаттор бин Қосим Лоҳурий ҳақида Жаҳонгир подшоҳ ўзининг “Жаҳонгирнома” китобида маълумот берган бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича: Абдусаттор бин Қосим Лоҳурий 1619 йил Наврўзида Жаҳонгирга Ҳумоюн Мирзо қаламига мансуб асар қўлёзмасини ­совға сифатида тақдим қилади. Шариат ва илми нужум, мусиқа каби соҳалар ҳақида сўз юритилган бу китоб Ҳумоюннинг ўз қўли билан кўчириб ёзилган экан. Жаҳонгир бобоси ёзувини кўзига суртиб зиёрат қилади ва завқланиб: “Ҳеч бир совға бу тенгсиз туҳфа каби мен учун қимматли бўла олмайди” дейди.

Мутрибий “Нусхайи зебойи ­Жаҳонгир”да Абдуллоҳхон Иккинчининг Бухородаги кутубхонасида Ҳумоюн подшоҳнинг ўз қўли билан кўчириб ёзган “Ҳумоюннома” номли китобини кўргани ҳақида ёзади. Мутрибий бу китоб тавсифи ­борасида берган хабар айнан “Жаҳонгирнома” муаллифи тилга олган таъриф билан ҳамоҳангдир. Демак, Ҳумоюн подшоҳ бу асаридан бир нечта нусха кўчириб, уларни Мовароуннаҳрга ҳам юборган экан.

Шунингдек, “Мажолиси Жаҳонгирий” асарининг шайх Нажмиддин Кубро ҳамда унинг шогирди шайх Маждиддин Бағдодий билан Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ можароси, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг Улуғбек шогирди Али Қушчи билан анча чигал кечган муносабати, Абдуллоҳхон Иккинчи билан отаси Искандархон ўртасида рўй берган фарзанд тарбиясига оид воқеалар, Ҳиндистондан Ўрта Осиё хонлари ҳузурига юборилган элчилар фаолияти ҳақидаги ҳикоялари ҳам ўзбек китобхони учун қизиқарлидир.

Исмоил Бекжон,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 23-сонидан олинди.