Бизда адабий танқид ҳаддан ташқари заиф. Китобхон яхши китобларимизнинг ташвиқ қиладиган идеясини яна ҳам чуқурроқ англаш, нуқсонларни очиқроқ кўриш учун зарур бўлган ёрдамдан маҳрум деса бўлади. Гончаров яратган Обломов образи буюк танқидчи Добролюбовнинг танқидий мақоласидан кейингина ўша вақтдаги китобхонлар олдида ҳақиқий бир тип ҳолида гавдаланганлигини ва бу образ ишёқмас, эринчоқ, тепса-тебранмас маъноларида рус тилига бир термин бўлиб кирганлигини эсга олсак, бизда адабий танқиднинг заифлиги адабиётимиз учун қанчалик зиён экани яна ҳам очиқроқ кўринади. Адабий танқиднинг заифлиги соясида адибларимизнинг бор кучи батамом ишга тушмай, унинг бир қисми потенциал бир куч ҳолида қолиб келаётипти. Бу кучни ишга солиш учун адибнинг ижодига кўз-қулоқ бўлиш, шу асосда унинг даражасини белгилаш, шу даражага яраша унинг олдига талаблар қўйиш керак бўлади.
Бизда бутун ёзувчилар «катталар» ҳам «ёшлар» номи билан икки категорияга бўлинади, аммо бир ёзувчи қандай асосга биноан ёшлар ёхуд катталар категориясига кирганлигини билиб бўлмайди. Фақат бир нарса маълум: ҳар иккала категория ҳам ҳар бир ёзувчини айрим ўрганиш, унинг даражасини чинакам белгилаш асосида бўлган категория эса, ҳар иккаласи ҳам брак асар ёзувчининг ёқасидан тутгани қўймайди, ҳар иккаласи ҳам ҳар бир адибнинг олдига ўз кучига яраша талаб қўйишга халал беради. Ёшлар категориясига кириб қолган брак асар ёзувчига. «Сен ўн йиллаб адабиётда юриб нима қилдинг, нега ҳадеб китобхонларнинг адабиётдан ҳафсаласини совутадиган ишларни қилаверасан» деб сўраб бўлмайди, чунки у «ёш», у «умидли», у «ўсиб келаётган» ёзувчи. «Сен нима учун ёш, ниманг умидли, ўсиб келаётганингни нимадан билса бўлади? Сен ёш ёзувчи номи билан юрганингда хат-саводи бўлмаган болалар ҳозир сендан ўтиб кетди-ку?» десангиз, унингча — ёшларнинг ўсувини кўролмайдиган, «адабиётнинг ёвуз душмани» ҳисобланасиз. Сизнинг тўғрингизда ҳар хил миш-миш гаплар тарқалади, устингиздан аризалар тушади: ёзган китобингиз бўлса юз жойига қизил қалам билан чизилиб, минг жойига катта-катта савол аломатлари қўйилади. «Катталар» категориясидаги «атоқли» ёзувчилардан биронтаси брак йўлига кирган бўлса, унга ҳам бир нарса деб бўлмайди, чунки у, ўз номи билан катта. Бирон идоранинг каттакони табелдан озод бўлганидек, катта ёзувчилар таънадан озод. Шуниси қизиқки, ёшлар категориясига жуда қадрдон бўлганлардан биронтасига «сен энди ёш эмас, катта ёзувчисан» десангиз аччиғи келади. Бу камтаринлик важидан эмас, ҳар бало-ю, ҳар қазони даф қиладиган «ёшлик» деган тумордан ажралиб қолиш қўрқуси. Катталар орасида ҳам шундай одамлар топилиши мумкин. Катта деган унвон бало-қазони даф қилмаслигига ақли етиб қолса, ундай одамлар ўзини дарҳол гўдак эълон қилишдан қайтмайди.
Адибларни шундай категорияларга бўлиш керак, буни союзимизнинг устави ҳам талаб қилади. Адабиётга энди қадам қўйиб келаётган киши билан бир қадар тажрибаси бўлган кишини бир текис кўриш, икковига ҳам баравар талаб қўйиш деган сўз. Категорияга бўлган вақтда ҳар бир ёзувчини айрим ўрганиш, даража-сини белгилаш керак бўлади.
Маълумки, адибнинг даражасини белгилашда унинг адабий стажи асос бўлолмайди. Адабий стаж асос бўлса, Чехов бир неча йиллик адабий фаолиятида Толстойдан «Чехов прозада Пушкин» деган баҳони олмас эди. Адабий стаж эътибор бўлса, ўзимизда Лермонтов, Чеховдан ортиқ адабий стажи бўлган ёзувчилар топилади. Шунингдек адибнинг асарлари кўп ё озлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Мопассан биринчи асари билан кўтарилган даражага, масалан, Немирович-Данченко (1848—1927)дек ёзувчилар 20 жилдлаб китоб ёзиб ҳам кўтарила олган эмас. Ўзимизда Гоголдан кўп асар ёзган ёзувчи йўқми? «Адиб ёки алоҳида адабий асарнинг қиймати унинг маълум давр ва маълум халқнинг табиий интилишларини қай даража ифода этганлилиги билан ўлчанади» (Добролюбов). «Санъат асарининг яхши ё ёмонлиги унинг нима деётганига ва бу гапни қай тарзда айтганлигига ҳамда бу гап қай даражада юракдан чиққанлигига боғлиқ» (Л. Толстой).
Биз ҳақиқий ёш ёзувчилар орасида анчагина расидалик даъво қилишга ҳақи бўлганларни топиш мумкин. Шунингдек кексалар орасида адабиёт майдонида курашиши учун эмас, курашчиларнинг куч ва ҳунарига ҳаваси келиб ўтирадиган томошабинга айланаёзган кишиларни топса бўлади. Биз учун бу категориялар яқин антик афсона қаҳрамони йўлбосар Пракростнинг машҳур каравотига айланаёзган: расида бўлаёзган адиблар икки букланиб бешикка тиқилади, гўдак ҳолига келаёзган кексаларга сунъий соқол-мўйлов қўйилади.
Биз айрим адиблар билан эмас, бутун бир гуруҳ билан сўзлашиб келдик. Натижада ҳар қайси адибнинг олдига унинг кучига яраша талаб қўёлмасдан, ишга солиниши зарур бўлган кучини ҳаракатсиз қолдирдик. Бу адибнинг ўсувига, адабиётнинг ўсувига зарар етказади.
Ёшлар билан биз ёппасига гўдак тилида гаплашганимиз учун булар орасида расида бўлаёзганлар ҳам баъзан гўдакларга хос қилиқлар чиқазадилар: хом-хатала асарларини ҳеч тортинмасдан газета ёки журнал редакцияларига элтадилар ва у ерда бўлар-бўлмас гапларни айтиб редакция ходимларининг дилини сиёҳ қиладилар. Буларнинг баъзиси «Мени нима учун кўтармайсан?» деб хархаша қилган чоқлар ҳам бўлди. Кексалар билан ёппасига фарзандларча қўл қовуштириб гаплашганимиз сабабли булар орасидаги сунъий соқол-мўйлов эгалари қилаётган брак ишлари учун ўзларини жавобгар сезмайдилар.
Артелга костюм буюрган киши, машиначи пинжакнинг енгини тескари қадаб қўйган бўлса, бепул ўнглатиб олиши мумкин. Магазиндан энсасини қотирадиган адабий брак сотиб олган китобхон ундай қилолмайди. Адабий брак энг ўткир ташвиқот қуролимиз бўлган адабиётни бебурд қилади. Бунга йўл қўядиган ҳеч қандай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас. Кексаларга муносабат, ёшлар билан ишлашда бугунгача тутган йўлимизни қараб чиқишга мажбурмиз. Бу, (ёш-қарисига қарамасдан) ҳар қайси ёзувчини алоҳида кўздан кечиришни, унинг ижодига ҳеч қандай мулоҳазага бормасдан тўғри баҳо бериб, шу асосда талаблар қўйишимизни тақоза қилади…
Биз мана шу нуқтаи назардан Маъруф Ҳакимнинг ижодига бир кўз ташламоқчи бўлдик. Бунинг ижодини асосан «Ҳаёт қўшиғи» деган тўплами ташкил қиладиган бўлса, бундан кўринадики, у ҳикоя жанрини эгаллашга интилиб, дадил-дадил қадамлар ташлаяпти. Бу қадамлар унда дард, талант учқуни борлигини, бу учқундан олов чиқиши мумкинлигини кўрсатиб турипти. Бунга умид боғлаш мумкин, чунки, Горький айтгандек, талантнинг 99 проценти меҳнат бўладиган бўлса, Маъруф Хаким меҳнат қилиши мумкин. Етарли кучга эга бўлмай туриб қадам ташлаган киши, шубҳасиз, тентирайди. Агар у равон йўлга чиқиб олганидан кейин куч тўплаб, баҳузур кетаверишига кўзимиз етса ёрдам қўлини чўзишимиз керак.
Биз Маъруф Ҳакимни яқин келажакда яхши бир ҳикоянавис бўлишига ишонар эканмиз, «Ҳаёт қўшиғи»да кучсизлиги орқасида йўл қўйган камчиликлари, ҳафсаласизлиги натижасида қилган гуноҳларини кўрсатиш йўли билан кўмак берамиз.
Мана унинг бирннчи ҳикояси «Қаҳрамоннинг ўлими».
Тема гражданлар уруши. Мақсад Ботирнинг қаҳрамонлигини, қаҳрамонларча ўлимини кўрсатиш билан китобхонда қаҳрамонлик орзуси туғдириш. Яхши ният, лекин асарнинг санъат асари бўлиши учун — Толстой қўйган шартга кўра — унинг нима тўғрида гапираётганигина кифоя қилмайди, бу гапни қай тарзда айтганини ҳам эътиборга олиш зарур. Толстой кўзда тутган тарзда айтиш қаҳрамоннинг қаҳрамонлигини айтиш эмас, кўрсатишдан иборат. Бунинг учун ўша давр, воқелик жараёнидан шундай бир пайтни танлаб, воқеа яратиш керакки, бу воқеа давомида қаҳрамон автордан «нима қилай?» деб сўраб ўтирмасдан, ўзи қаҳрамонларга хос ишлар кўрсатсин. Бунинг учун ижодий фантазия керак. Маъруф Ҳаким шуни қилолмайди. Қаҳрамон автор томонидан ўйлаб чиқарилган ҳазилакам урушда икки мартаба қатнашади-да, қаҳрамонларга хос ҳеч қандай иш кўрсатолмайди. Бутун воқеа давомида қаҳрамон автордан худди «қаҳрамон бўлишим учун нималар қилишим керак?» деб сўраётгандай. Ҳақиқий қаҳрамон эса ҳеч қачон бундай савол бўлмайди. Ички дард, кишини ҳар ўтни кечишга мажбур қиладиган идея уни ҳаракатга солади. Қаҳрамон қаҳрамонлик қилаётган пайтида бу қаҳрамонлик эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Маъруф Ҳаким ўз қаҳрамонига зўр бериб бомба отишни маслаҳат беради. Шунинг учун беш варақли кичкина бир ҳикояда бомба тўғрисида 9 мартаба гапирилади. «Ўша ердан бомба билан ҳужум қилишни буюрди», «Мен ўзим ҳам бомбадан бир жуфтини ҳадя қилиб…» «Гум, қарс, бух (!)» деган бомба товушлари эшитилди. «Белига қистириб олган бир жуфт бомбасини…» «Белига қистирган бомбанинг бир жуфтини олиб кўчага улоқтирди», «Ботир белига қатор бешта бомба қистириб….», «Ботир бомба билан яна беш-олтитасини осмонга учирди», «Қўлида бомба ушлагани ҳолда кўчага югурди», «Босмачиларга устма-уст икки бомба отди» ва ҳ. к.
Дуруст, уруш чоғида, эсанкирамасдан, уруш техникасини ишга солиш ҳам қаҳрамонлик, лекин бу сохта урушдан эсанкирашга ўрин йўқ. Бу нарса Ботирни бир қаҳрамон сифатида гавдалантирмайди, чунки шу шароитда Ботир отган бомбаларни урушга киргани журъат қилган ҳар бир киши ҳам отолади.
Гражданлар уруши темасида бошқа авторлар томонидан ёзилган анчагина ҳикоялар бор. Буларнинг кўпчилиги мана шундай сохта. Бу ҳикоялардан маълум бўлишича, босмачилик — милтиқ отиш, ярадор бўлишдан иборат. Кўпинча бизнинг кишиларимизнинг ўқи тамом бўлиб қолади-да, бирдан партизанлар ёрдамга келади (ўқи тамом бўлмагунча келмайди). Баъзан босмачилар молдай пода-пода бўлиб, ўзини пулемётга тутиб беради. «Қаҳрамоннинг ўлими»да авторнинг мақсадига хизмат қиладиган гаплардан бошқа ҳамма гап бор: момақалдироқ дейсизми, чақмоқ дейсизми, Андижон иқлими учун характерли бўлмаган сентябрь ойидаги туман дейсизми…
«Қаҳрамоннинг ўлими» 1936 йилда ёзилган. Бунга ундан кейин ёзилган «Рашк» ҳикоясини солйштирайлик.
Зотан бу ҳикояни «Рашк» эмас, «Бахиллик» деб аташ керак эди. Автор бу икки сўзнинг фарқига бормай, шундай сарлавҳа қўйипти. Рашкнинг муҳим даражада ижобий маъноси бор. Рашк қилган киши рақиби билан тенг, ёки тенг бўлиш имкониятига эга бўлади-да, бирон ҳодиса унинг рақибидан кейинда эканини, ўз имкониятидан фойдаланмаганини кўрсатади қўяди. Шунда ички бир норозилик туғилади. Бу норозилик натижасида у одам ўз рақибини орқага тортишга, ўзи билан баравар бўлишга, ундан ўзишга ҳаракат қилади. Бахиллик тамом салбий маънода. Балки ўз рақиби билан тенг эмас, тенг бўлишга имконияти ҳам йўқ, бўлган тақдирда ҳам бу имкониятдан фойдаланиш ё қўлидан келмайди, ё буни истамайди. Рақибининг олдинда бўлиши унда норозилик эмас, ғазаб туғдиради. Бу ғазаб натижасида ўз рақибини орқага тортишга, ўзи билан тенг қилишга интилади: рақибини яна илгарилашига тўсқинлик қилади, имконият топилса, уни тамом йўқотишдан ҳам қайтмайди. Бу тор индивидуализм, ожизлик, нотавонлик, яшаш учун қобилиятсизликнинг натижаси. Индивидуализм асосига қурилган эски жамиятдан қолган палид мерос. Бу жамиятимизнинг ҳеч қаеридан ўзига ўрин тополмайди. «Рашк» ҳикояси мана шу бахилликнинг бугунги қисмати ҳақида гапиради. Шунинг учун бу «Рашк» эмас, «Бахиллик» деб аталиши керак эди.
Тема муҳаббат.
Икки ёш бир фабрикада ишлайди. Зоҳиран иккови ҳам яхши, бир-бирига хўп муносиб. Икки орадаги самимий ўртоқлик муносабатлари, одатдагича, муҳаббатга, айланади. Йигит қизнинг «муҳаббат билан боққан кўзларига қараб тўймайди». Қиз, қизларга хос тортинчоқлик билан «эҳтимол мен ҳам севарман» дейди, Бу фабрика томонидан энг яхши чертёжга эълон қилинган конкурс кунларига тўғри келади. Икки ошиқ конкурсга қатнашади.
Қиз конкурснинг натижасини шахсий устунлик масаласи эмас, фабрика фойдаси, жамият фойдаси деб билади, шу ишга жон-дили билан киришади, бутун куч ва билимини ишга солади ва шу билан бирга айрим масалаларда йигит билан фикр олишади.
Бир кун йигит қизнинг уйига келганида стол устида турган чертёжларга кўзи тушади. Яхши йигит, албатта, қизни қутлаши ва ундан ўзини билимдон ҳисобласа, маслаҳатлар бериб ишга иштиёқини ошириши керак эди. Кутилмаган нарса бўлади:
«…стол устида турган бир қанча чертёжларни кўрдим. Булардан биттаси тугаб қолай деган эди. Мени муздай тер босди. Бошим ғувиллаб, кўзим тинди. Мен нима қилишимни билмасдан дудуқландим.
— Сиз, сиз конкурсга қатнашасизми?
— Ҳа, — деди қиз, — мен шу чертёжнинг устида кўпдан бери ишлайман, нима натижа берар экан…
Менинг жуда ғашим келди… Менинг ғазабим ва бу ернинг ҳавоси гўё мени бўғар эди. Мен тездан бориб чертёжнинг устида ишлашни ўйлаб қолдим, индамасдан Маҳбубага қарадим. Бу гал у менинг кўзимга ажина — қўғирчоққа ўхшаб кўринар эди…»
Йигит бу чертёжни кўргандан нима учун севгилисининг жасоратига, ғайратига суюнмасдан совуқ тер чиқаради? Нима учун чертёжнинг битаёзганини кўриб, ҳаваси келмайди-ю, ғазаби келади? Нима учун «муҳаббат билан боққан кўзларига қараб тўймагани» бир қиз ҳозир кўзига «ажина — қўғирчоқ» бўлиб кўринади? Бу ерда йигит зоҳиран қанча бежирим бўлмасин, ўзининг чирик томонини кўрсатиб қўяди. Бу чирик томони ўз манфаати билан жамият манфаати орасига чизиқ тортиши, индивидуализм.
Шундан кейин қиз унинг севгилиси эмас, гарчи буни яширса ҳам душманига айланади. Конкурсда эса биринчиликни қиз олади. Мана шунда индивидуализм ва шу билан бирга ожизлик, нотавонлик натижаси бўлган бахиллик очиқ юз берди. Совуқ тер босган, ғазаби келган йигит конкурснинг натижасини олдиндан билса, яъни қизнинг кучига ишонса унинг устун чиқмаслиги учун қўлидан келадиган ҳамма ёмонликни қилар эди. Энди нима қилиш керак? Энди ҳамма бахиллар шундай пайтда нима қилса, у ҳам шундай қилади.
«У ғолиб келди. Уни бутун ўртоқлари табриклади. Ҳатто кимдир бир даста гул ҳам тақдим қилди. У, хурсанд. Менга яқин келди… Мен кўзларимни қисиб, жаҳл билан дедим:
— Мен биламан нима учун сенга биринчиликни бердилар. Менинг ишим сеникидан яхши бўлса ҳам барибир менга бермас эдилар».
Қизга бу гап ҳақорат бўлиб туюлиши керак эди, Лекин қиз буни ҳақорат деб билмайди ва тўғри қилади. Агар қуруқ бир ҳақорат деб билса йигитдан ўпкалар эди холос. Қиз бу гапга бошқа маъно беради. Шу сўздан унинг чирик томонини кўради. Бу чирик томони йигитнинг ўзигагина зарарли бир дард эмас, жамият учун ҳам зарарли бир хулқ эканини англайди. У эса жамият учун зарар бир хулқ эгаси бўлган кишини ўзига муносиб кўрмайди. Бир неча кундан кейин йигитга хат ёзиб, унда, бир вақтлар «икки томон бир-бирини синашмай туриб, муҳаббат билан ўйнашиб бўлмайди» деганини эслатади ва ёзади: «…Сиз ўзингизнинг ким эканингизни кўрсатдингиз… Менга оғир бўлса ҳам шу кундан бошлаб ёдимдан кўтарилдингиз… Ким эканингизни билмай туриб сизга яқинлашмаганим жуда яхши бўлган экан… Хайр, бундан кейин мени ҳеч эсламанг…»
Йигит саросималикда телефон қилиб, «Ахир жиндак бўлса ҳам раҳм қилинг», деб бақиради. Қиз қулоқ солмасдан, трубкани илади, қўяди.
Шу ерда Жек Лондон персонажларидан бири эсга тушади. Буржуа қизи Руфи Мартин деган йигитни яхши кўради. Мартин катта, куч, зўр матонат, темир ирода эгаси. У жамият учун катта фойдали бир мақсадга эришмоқчи ва шу йўлда ҳеч нарсага қарамай курашади. Руфи уни «Бу беҳуда ниятни қўйиб, одам қаторига киришга» яъни ҳеч бўлмаса бирон баққоллик дўкони очишга ундайди. Шу асосда келишмовчилик бўлиб, Руфи Мартинга хат ёзади ва хатини «Энди мен билан кўришгани овора бўлиб юрманг» деб тугатади.
Мана икки қиз. Икки хил муносабат, муҳаббатдан воз кечиш учун икки хил сабаб.
«Рашк» диққатни жалб қиларлик ҳикоя, лекин катта бир камчилиги бор. Бу камчилик «Ҳаёт қўшиғи»даги бошқа кўп ҳикоялар учун характерли камчиликлардан бири. Бу камчилик шундан келиб чиқадики, автор ҳикоя ёзиш учун қаламни қўлга олмасдан бурун нима демоқчи эканини жуда аниқлаб, чегаралаб олмайди. Мақсад жуда аниқ бўлмагани учун ҳикоя ҳам хирароқ бўлиб чиқади. Ҳалиги қизнинг баъзи бир қилмишлари бахил йигитга «Кўп вақт мендан уни-буни сўраб ўз ишини битказаётган экан-да» дейишга ҳақ беради ва шундай дейди. Бу қизнинг образини бузади. Унга меҳр қўйган китобхонни хафа қилади. Маъриф Ҳаким мақсадни жуда аниқлаб, қатъий суратда чегаралаб олган бўлса бу детални киргизмас эди. Чеховнинг машҳур бир гапи бор: «Бир парча мармардан кишининг юзини ясаш учун шу юзга алоқаси бўлмаган бирон-бир тукни ҳам қолдириш керак эмас — ҳаммасини тарашлаб ташлаш керак». «Рашк»даги бу камчилик айниқса «Ҳаёт бошланиши», «Яшасин дўстлик» деган ҳикояларда очиқроқ кўринади.
«Ҳаёт бошланиши»да автор янги одамларни кўрсатмоқчи. Маълумки, майда ҳикоя ёзадиган киши бирон ҳодиса ёки кичикроқ воқеа асосида социал турмушнинг бирор томонини, унинг моҳиятини очиб бериши, ҳикоя қаҳрамонининг социал рафторларидан бирини равшан кўрсатиши керак. Янги одамни кўрсатиш эски одамда бўлмаган ундаги хислатларни кўрсатиш демакдир. Доктор Муродда янги одамнинг энг асосий хислатларидан бири бор: у энг аввал жамиятни, ундан кейин ўз шахсий ҳаётини ўйлайди. Унинг йигитлик чоғлари жамият тинчлигини таъминлаш учун яна ҳам кўпроқ хизмат қилгани тайёрланиш билан ўтган: энди, ёши бир ерга етиб қолган вақтда ҳам шу йўлдан боради — бор кучини жамият хизматига беради. Қиз ҳам шундай. У шаҳарда катта докторга тегиш билан ўз шахсий ҳаётини таъминлаши мумкин эди, лекин бундай қилмайди. У аввал жамият хизматига тайёрланиш, ўқишни афзал кўради. Ҳикоянинг идеяси мана шу. Лекин Маъруф Ҳаким шу идеяни аниқлаб олмагани учун ҳикояга кераксиз, ҳатто зарарли деталлар киргизади. Масалан: докторнинг уйида «хирагина ёнмоқда бўлган чироқ, столда тартибсиз сочилиб ётган китоблар ва бурчакка тўплаб қўйилган супуриндини яққол ёритиб туради». Ундан кейин қизнинг уйи: «Муроднинг ўтирган жойига ўхшамас, бу ер тартибли, озода кўринади. Деразаларга тутилган майин тўр пардалар мулойим эсмоқда бўлган шабадада ҳилпиллар эди». Буёғи қандоқ бўлди? Доктор Мурод Дилнорни уйининг бурчагида тўпланиб ётган супуриндини олдириб ташлагани, деразага парда тутдиргани оладими? Бундан чиқдики, шу вақтгача ҳеч ким уни, у ҳеч кимни севмаганлигига сабаб оилани ва оилавий турмушни Муродга ўхшаб англайдиган қизнинг топилмагани экан-да? Ҳақиқатда бундай эмас. Автор ўз қаҳрамонига тўғридан-тўғри туҳмат қиляпти, чунки ҳикояда бошдан-оёқ Муроднинг на сўзидан, на қилмишларидан оилага шундай назар билан қарашлиги кўринмайди. Супуринди билан парда авторнинг ўринсиз «лирик чекилиши»дан келиб чиққан, Идея олдиндан яхшилаб аниқланмаса мана шундай бўлади. Автор идеянинг очилишига хизмат қиладиган деталлар, фактлар топиш ўрнига аллақаёқларда тентираб юради-да, ҳикоя хира, баъзан нотайин кўланка бўлиб қолади.
Бу икки ҳикояда идея авторнинг ўзига «умуман» маълум, лекин жуда аниқлаб олмаган, «Яшасин дўстлик»да эса «умуман» ҳам маълум эмас.
Ланж бир йигит ҳикояда бошдан-оёқ қовоқарига ўхшаб ғўнғирлаб юради. Унинг нима деётганини, нимадан рози, нимадан норози эканини ва бунинг сабабларини билиб бўлмайди. Унинг ҳамҳужраси уйланади. Бу йигит унинг хотинига кўз олайтиради, хотиннинг самимий муносабатларини хушторлик нишоналари деб ўйлайди. Бу ланж йигит шу хотинга ошиқ. Ҳатто кўча-кўйда одамлар қараса рашк қилади. Шу билан бирга «бугун менинг бир қиз билан ваъдам бор, уни Хайри билмайди» дейди. Бундан йигит бадахлоқ бир киши бўлиб кўринади: ўз дўстига хиёнат қилишга тайёр, Хайрининг самимий муносабатлари унинг эгри қалбида эгри акс этади, кўнглида Хайри бўлгани ҳолда ваъдалашган қизи олдига муҳаббат изҳор қилгани боради. Бир вақт қарайсизки, унинг оғзидан мана бундай гаплар чиқади: «Агар дўстларни бахтли кўришнинг ўзи бир бахт десам, ҳеч қандай янгилик топган бўлмайман».
Унинг шундай фикрга келиши учун на ички, на ташқи, ҳеч қаидай сабаб йўқ. Автор нима демоқчи?
Бу саволни автор ҳам ўзига берган, жавоб ололмаган. Китобхондан ҳам шундай савол кутади ва жавоб беролмаслигини билади. Бунинг учун нима қилади? Бу ҳикояни бошқа ҳамма ҳикояларндан ажратиш, унга гўё ҳамманинг ҳам ақли етавермайдиган сирли бир тус бериш учун устига «Новелла» деб ёзиб қўяди. Гўё новелла деган билан унга бир маъно киради. Гўё китобхон: «Э, бу новелла экан, новелла шунақа бўлса керак» деб қўяқолади.
Новелла нима? Ҳикоя эмасми? Ғарбий Европа адабиётида бу термин биздаги ҳикоя маъносида юритилади. Чехов, Мопассаннинг ҳикоялари новелла эмасми? Горькийнинг, масалан, «Челкаш»и новелла бўлганидек, Боккаччо, Генрининг новеллалари ҳикоя, Горький ҳикоялари билан, масалан «Баҳори дониш» ҳикоялари бир-биридан фарқ қилар экан, унинг бири новелла, бири ҳикоя эмас. Бу фарқ конкрет тарихий шароит, адабий стилдан келиб чиққан. Автор нима деётганини ўзи билмай чулдираса новелла чиқмайди.
Чеховнинг шундай бир нарсаси бор: икки эркак анҳорда чўмилиб юриб, хотинлар чўмиладиган ғусулхона ёнига келишади. Қаттароқ бир тешикни топиб қарашсаки, иш йирик: оппоқ рўйжанинг устида ағанаб ётнбди… Ўзи тўлагина… арзигудай… Иккови ҳам шошиб қолади. Кейин биттаси аста киради.
Шу ерда Чехов ўқувчини огоҳлантиради: рўйжанинг устида ағнаб ётган тўлагина, арзигудай нарса бир шиша настойка (вино) эди. Чўмилган хотин баданига шуни суртар экан, кетишида эсидан чиқиб қолибди. Бу нарса сал кулги учун ёзилган. «Яшасин дўстлик» нима учун ёзилган? Биз Чеховдан ўрганар эканмиз, унинг бу хилдаги нарсаларидан эмас, Чеховни Чехов қилган ҳикояларидан ўрнак олишимиз керак. Зотан бу хилдаги нарсалар Чеков ижоди учун характерли ҳам эмас.
Қўлга қалам олмасдан бурун мақсадни жуда ҳам аниқлаб олмаслик натижасида баъзан мақсадни очишга хизмат қилмаса ҳам «чиройли» ёки «қизиқ» бўлганига учиш соясида ҳикояга кераксиз, ҳатто зарар етказадиган деталлар, тафсилотлар киргизиш Маъруф Ҳакимнинг биринчи асосий камчилиги. Бу камчилик бошқа кўп ёш ёзувчиларда ҳам учрайди.
Иккинчи камчилик унинг китобхонни ўзидан негадир гўлроқ деб фаҳмлаганидан келиб чиқади. Бу ёлғон фактлар, ёлғон гаплар.
Адабий асарнинг майдонга келиши учун автор ташвиқ қилмоқчи бўлган идеясини ташвиқ қила билиши шарт. Ташвиқ қила билишнинг асосий шарти ишонтира билишдир. Кўрсатилган фактларга, айтилган гапларга китобхон ишонмаса, ҳатто шубҳа қилса ҳам асарнинг қиммати бир пул.
«Ҳаёт қўшиғи»нинг ичида «Бўта» деган ҳикоя бор. Бўта ўн уч яшар бола. Бола бўлиб ҳамки унақа ўткир, «тегирмонга тушса бутун чиқадиган» бола эмас. Диққатни жалб қиларли гап ҳам гапирмайди. Сунъий урушда иштирок этганлигини эътиборга олмасак, уни шундай тасаввур қилади киши. Шу бола, партизанлар отрядининг разведкаси хат бериб, буни отрядга элтасан, деса, бирданига ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган нарсани ўйлайди. Авторнинг айтишича у «ўзига шундай милтиқ кўтарган «тўртинчи»ларнинг, айниқса, Метрохиндай рус ёзган хатни ишониб топширгани учун ўзида йўқ хурсанд бўлди». Наҳот шу бола шундай деб ўйласа?
Бу бола катта одамлар қиладиган иш топширилса ва буни бажариш қўлидан келишига ишонса хурсанд бўлиши мумкин, лекин бу хилда мураккаб ўйга боролмайди. Бу ерда Бўтанинг ўзи бу хилдаги ўйлар менинг калламга сиғмайди, деб додлаб турибди. Автор унинг додини эшитмайди.
Бўта хатни отряд начальнигига элтади. Бунга ишонамиз. Лекин фавқулодда бир нарса бўлади: шу Бўта неча-неча урушларни кўрган партизанлар билан бир қаторда милтиқ кўтариб урушга киради, қанча босмачини бир ўзи отади. Унинг отасини ўлдирган босмачи ҳам унга рўпара кела қолади. Бўта уни ҳам отади, Модомики, автор шунга китобхонни ишонтирмоқчи экан, буни асослаш керак.
Бу ҳикояни ўқиган Бўтанинг тенгқурлари Бўта билан ўзлари орасидан ҳеч ўтиб бўлмайдиган довон кўрадилар. Ҳолбуки ҳикоянинг мақсади болаларда қаҳрамонлик ҳиссини тарбиялаш. Автор уларга «Бўтадай бўлинглар» демоқчи. Ҳикоядаги асосланмаган сохта факт вужудга келтирган бу довон болаларни Бўта бўлишга хаёл қилгани ҳам қўймайди. Биз яратган қаҳрамонлар билан «оддий одамлар» орасида бундай довон бўлмаслиги керак. «Оддий одамлар» ҳам қаҳрамон юрган йўлдан борганда қаҳрамон бўла олсин, турмушда шундай.
«Учрашув» деган ҳикояда автор халққа қарши қўл кўтарган киши қаерга қадам босмасин ўтга босади, ҳеч қаерда ўзига замин тополмайди, демоқчи бўлибди. Воқеада келтирган фактлари сохта бўлгани учун ҳикоядан шу маъно чиқмайди. Душман Салоҳ ўз отасининг уйига келганда иттифоқо уйда ичгани сув бўлмайди. Қизни сувга чиқаришади. Қиз тасодифан йиқилади ва ҳушдан кетади. Бу қишлоққа келаётиб, йўлда Салоҳ қўлидан ярадор бўлган Аҳадга доктор келтиргани кетган кишилар иттифоқо қизнинг инграганини эшитиб қоладилар, Улар қизни тасодифан Аҳад ётган уйга олиб кирадилар. Қиз, Салоҳ кимнингдир йўлини тўсиб, ҳозиргина келганини сўзлаб беради. Демак, душман Салоҳ тасодифий суратда қўлга тушади. Қиз сув келтиргани чиқиб йиқилмаса, айниқса, ҳушидан кетмаса, Салоҳ қишлоқдан омон-эсон чиқиб кетар эди. Ҳикоянинг идеяси қаёқда қолди?
«Ҳаёт қўшиғи» деган ҳикояда Қипчоқ ота авторнинг берган маълумотига қараганда «ўтган йил бригадасидан 60 центнердан пахта берган. Райондан келган меҳмонлар олдида бу йил 70 центнер беришга ваъда қилган ва бешинчи бригада билан шартнома тузган…» Автор бу берган маълумотини факт билан тасдиқлаб, чолнинг меҳнатга муносабатини китобхонга кўрсатмоқчи бўлади. Ву факт шундан иборатки, чол қаттиқ касал бўлган ҳолда шундай дейди:
— Бу йил қиш яхши келди, албатта, бажарамиз. Шарманда бўлмасмиз. Менга раисни айтиб келиб бер, ўғлим.
Раис шаҳарга тушиб кетган экан, гаплашолмайди. У ўзини билмай қолган вақтларда алаҳлайди.
— «Бу йил қиш яхши келди. Албатта, бажараман».
Агар автор ўз олдига қўйган масалани шу хилда осон йўл билан ҳал қиладиган бўлса, шу ҳикоянинг структурасини ўзгартирмасдан, жуда кўп масалаларни ҳал қилиши мумкин бўлар эди. Масалан, чолнинг бригадаси тўғрисида берилган икки оғиз маълумотни ўчириб, унинг ўрнига «чол фалон кампирни яхши кўриб қолган эди» дейилса ва ундан кейин чол ўша кампирнинг номини айтиб алаҳласа, ҳикоя, анчайин бир ўзгариш билан, муҳаббат тўғрисидаги ҳикояга айланади.
Бўндан ташқари ҳикоядаги бошқа фактлар Қипчоқ отанинг шундай одам эканига китобхонда шубҳа туғдиради. Автор бу қадар яхши қилиб кўрсатмоқчи бўлган одам — Қипчоқ ота — бир ой бўйи ўлим тўшагида ётади-ю, на ўз бригадасидаги кишилар, на колхоз правлениесидан бирон киши ҳол сўраб эшигидан бошини тиқмайди. Ҳолбуки, Қипчоқ отанинг жуда оғир аҳволда ётгани ҳақидаги хабар авторнинг тили билан айтганда «Уч кундан бери ёғаётган қордай бир текис бутун қишлоққа тарқалди». Биров хабар олиш уёқда турсин, докторга боргани от сўралганда колхоз отбоқари бермайди. Ҳикоя идеясини очишда отбоқар от бермаслиги фактининг қандай аҳамияти бор? Буни автор нима учун киргизган? Чолнинг хотини «Чолим ўлаётибди» деб чиққандагина одамларнинг эсига Қипчоқ ота тушиб, докторга одам юборилади. Бу ерда қайси бири ёлғон: Қипчоқ отанинг шундай яхши одамлигими, ёки колхозда яхши одамга бўлган шундай муносабатми?
Адабиётда ёлғоннинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси ҳам баравар зарарли. «Учрашув»да мана бундай ёлғон гап бор:
«Аҳад осмонга қаради. Ҳақиқатан кўкни булут босган. Биронта ҳам юлдуз йўқ эди».
Шундан беш сатр пастда:
«Аҳад осмонга назар ташлади. Ҳақиқатан узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутларнинг кўриниши хунук эди».
Узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутларни кўриш учун ҳаво қисман бўлса ҳам очиқ бўлиши керак. Бу ерда ё «кўкни булут босган, биронта ҳам юлдуз йўқлиги «ёлғон», ёки «узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутлар» тўғрисидаги гап беҳуда.
«Рашк»дан:
Қиз йигитнинг уйига келиб «Сиз оёқ остингизга япроқлардан поёндоз ташлаб қўйган боғларда сайр қилишни (!) севасизми?» дейди. Қизнинг худди шундай деганига ишонмайман. Бу ерда қиз гапираётгани йўқ, китоб ўқияпти.
«Қаҳрамоннинг ўлими»дан:
Ботир «Султон аканинг оёқларини силаганда қўлига елимга ўхшаган бир нарса ёпишганини сезди, қоронғида нима эканини билолмай қолди».
Шу ернинг ўзида:
«Женя… йигитнинг кўзига узоқ тикилиб қолди».
Қўлга теккан қон кўринмаган қоронғида кўз кўринмайди.
Бу Маъруф Ҳаким ҳикояларидаги асосий камчиликларнинг иккинчиси. Бу ёлғонларга, албатта, Маъруф Ҳакимнинг ўзи ишонмайди, лекин негадир китобхон ишонади, деб ўйлайди. Бу китобхонни билмаслик, ҳикоя ёзаётган вақтда китобхонни кўз олдида тутмасликдан келиб чиқади. Ёзувчи қандай жанрда ёзмасин, китобхонни эсдан чиқаришга ҳақи йўқ. Бу драма асарлари учун ҳам қонун. Драма асари постановкачи режиссёр, актёрларнинг ҳаракати билан саҳнада «йилт» этса-ю, бу учқунни китобхон кўролмаса, ундай асарни режиссёр ҳам, актёр ҳам узоқ вақт елкасида кўтариб юролмайди. Бу камчилик жуда кўп ёш ёзувчиларнинг асарларида учрайди.
Биз юқорида икки камчиликни кўрсатиб ўтдик ва буларни асосий камчилик деб атадик. Булар нима учун асосий камчиликлар? Бунга сабаб шуки, ҳар иккиси ҳам адабий асарнинг юраги бўлган идеяга таъсир қилади.
Адабий асарнинг идеяси йўқолса эмас, ҳатто сусайса ҳам ҳеч қандай ташқи эффект уни адабий асар ҳолида тутиб туролмайди. Идеяга етган зарарни ҳеч қандай ташқи эффект тўлдиролмайди. Баъзан шундай ҳоллар ҳам бўлади: ёзувчи асарининг идеясига зарар етувига қарамасдан қизиқ деталлар, чиройли парчалар киргизади. Қизиқ детал, чиройли парча шу вақтда асарнинг қийматини оширадики, шу қизиқлиги, шу чиройлилиги билан идеянинг ташвиқ қилинишига хизмат қилса. Ташқи эффект кетидан қувиш идеяни қўйиб, формага чўқиниш даражасига етса, ундай ёзувчиларнинг «асарлари ҳамма вақт авторларининг ўзларининг ўзлари яшаган ижтимоий муҳитга бўлган маълум — умидсизларча салбий — муносабатларини ифода қилади» (Плеханов, «Санъат ва ижтимоий турмуш»).
Мана биз адабий асарнинг формал томонлари ҳақида гапирамиз. Асарнинг формал томонлари ҳақида гапирганда нимани кўзда тутамиз? Ҳеч шубҳасиз идеяни. Асарнинг формал томонлари тўғрисида гапирганимизда унинг асар идеясини ташвиқ қилишдаги хизмати тўғрисида гапирган бўламиз. Асарнинг формал томонлари яхши ишланган бўлса, демак, идея яхши ташвиқ қилинган, яхши асар майдонга келган бўлади. Мана шу сабабли адабий асарнинг майдонга келиши учун фақат идеянинг ўзигина кифоя қилмайди. Шу билан бирга идеясиз форманинг ўзи ҳам пуч.
Энди Маъруф Ҳакимнинг гуноҳлари тўғрисида:
Модомики, адабиётда образ, сўз — тил воситаси билан яратилар экан, модомики, «тил — адабиётнинг энг биринчи элементи ва фактлар, турмуш ҳодисалари билан бирга унинг материали» (Горький) экан, тилни, унинг қонун-қоидаларини, хусусиятларини, ишлатилишини ўрганишга ҳаракат қилиш адибнинг энг асосий вазифаси бўлиши керак. «Фактлар ичига беркиниб ётган социал турмушнинг маъноларини бутун аҳамияти, тўлалиги ва очиқлиги билан тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган адабий асардан аниқ, равшан тил ва жуда диққат билан хилланган сўзлар талаб қилади» (Горький).
Демак, сўз адабиётнинг энг биринчи унсури, унинг асосий қуроли. Шундай бўлгандан кейин бу қуролдан фойдаланишдан адибнинг бепарволиги катта гуноҳ бўлади. Горький ёш авторлардан бирини «жуда қобилиятли» дейди ва шунинг билан бирга бепарволигини кўрсатиб, қаттиқ койийди. «Авторнинг тили жуда бемаза, дағал. Жулдур кийим жаранглар эди» депти, бемаъни гап — латта жарангламайди».
Китобхонга бир фикрни англатиш ёки бир нарсани тасаввур қилдириш учун кишининг бошини қотирмайдиган, очиқ, равон ва содда тил керак. Сурат олдираётган киши суратга чиройли тушмоққа беҳуда зўр бериб, ўзининг табиий ҳолатини бузганидай, ёзувчи «чиройли» ва «қойил қилиб ёзиш»га беҳуда зўр берса, адабий асар учун зарур бўлган тилдаги соддалик, табиийлик бузилади.
Маъруф Ҳаким ёзган нарсаларини ўзи бир китобхон сифатида кўздан кечиришга ё ҳафсала қилмайди, ё кўздан кечириб, кўрган чатоқликларини тузатишда эринади. Ҳар иккиси ҳам ёзувчи учун гуноҳ. Агар Маъруф Ҳаким ёзган нарсаларини босмага беришдан аввал кўздан кечирган бўлса, китобхонни гангиратадиган мана шундай гаплар билан қандай келишди экан:
«Рашк»да қиз йигитга айтади: «Мен ҳам сизни яхши кўраман… Нимага шекилли (?) ўзим ҳам билмайман». Яна шу ҳикояда: «…жаланглаб турган қора кўзлари кўзимга санчилар эди». Шундай вақтда «санчилди» деган сўз русчада қўлланилади. Лекин ўзбекчада ҳеч қачон айтилмайди. Ўзбекча билган рус ёзувчиси қандоқ қилиб «юрагим тутдай тўкилди» деган гапни айнан таржима қилиб ишлатади? «Бўта»да чол «эҳ-ҳе» деб йўталади. «Қаҳрамониинг ўлими»да бомба «бух» деб ёрилади. Булар ҳам русчадан айнан кўчирилган. «Рашк»да Маъруф Ҳаким рашк билан бахилликнинг фарқига бормаганидай, «Яшасин дўстлик»да шамол билан шабаданинг фарқига бормайди. Унингча «Очиқ деразадан майнинг майин шамоли эсади. «Тасаввур қилар эдим» демай «Хаёлим уни тасаввур қилар эди» («Рашк») дейди. «Отни жадаллатди» дейиш ўрнига «Отнинг жиловини силтаб, тезлашини қистади» («Учрашув») дейди.
Унинг ўхшатишлари ҳам аксари ўхшатишда кўзда тутиладиган мақсадга жавоб бермайди. Горький қомати хунук, семиз бир қизни бир қоп тарвузга ўхшатади. Китобхон қопга тарвуз солиб кўрмаган тақдирда ҳам дарров кўз олдига келтиради. Гоголь бировнинг юзини куракка, яна бировнинг юзини бодрингга ўхшатади. Бодринг билан куракни китобхон жуда яхши билади. Булардан кўринадики, ўқувчига оз маълум бўлган ёки мутлақо маълум бўлмаган нарса унга жуда ҳам маълум бўлган нарсага ўхшатилиши керак. Ўхшатиш адабий асарда жуда катта роль ўйнайди, лекин у китобхоннинг тез англашига, тасаввур қилишига ёрдам бермаса ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.
«Қоронғида чақмоқдай отилган ўқларнинг овози катта мис жомнинг четига бир тош билан ургандай бўлди». («Қаҳрамоннинг ўлими».)
Аввало мис жомдан чиқадиган товуш ўқ товушига ўхшамайди, сўнгра бундан кўра ўқувчига ўқ товуши яқинроқ. Мана бу ўхшатишда мантиқ ҳам йўқ: «У қайғули бир тусда бўйнини қисиб, ўликдан қўрқиб кетиб, қаерга қочишни билмай қолган кишидай кўз ёшларини мўлтиллатиб турар, кўз ёшлари эса икки чаккасидан пастга оқиб тушар эди («Назира»).
Қўрқиш билан қайғу орасида бир муносабат кўриш қийин. Ўликдан қўрқиш ўрнига «яқин кишисининг тобути устида тургандай» деса муносабат бўлар эди.
Булар анчайин камчиликлар эмас. Санъатда, умуман «анчайин» деган гап йўқ. Юз чизиқлар тортилган жонсиз суратга «анчайин» бир чизиқ жон киргизиши мумкин.
Китобхонни кўз олдида тутмаслиги орқасида Маъруф Ҳаким ҳатто айб иш ҳам қилиб қўяди. Унинг «Назира» деган ҳикояси оригинал асар эмас. «Назира»даги айрим гаплар, айрим фикр ёки қаҳрамоннинг бирон хулқи, турмуш ва тақдири Перл Бакнинг «Ўғил» ҳикоясини эслатса, адабиётда бундай ҳодисалар бўлиши мумкин дер эдик. Ҳақиқатан ҳам бўлади. Умар Хайёмнинг муфтиларга қарата «Сизлар одам қонини ичасизлар, биз узум қонини ичамиз» деган мазмундаги рубоийси бор. Шундай мазмун Байроннинг «Дон Жуан»ида ҳам бор. «Дон Жуан»да Байрон «Эркаклар эркакларга нисбатан кўпинча, хотинларга нисбатан ҳаммавақт ноинсофлик қиладилар», деган. Шу фикр худди шу шаклда Жек Лондонда такрорланади. Пушкиннинг «Капитан қизи»даги Иван Кузьмич, Маша Еальтер Скоттнинг Бръедвардейн ва Розасига ўхшар экан. Анна Каренинанинг турмуш ва тақдири «Момақалдироқ»даги Катеринанинг турмуш ва тақдирига ўхшайди. Адабиётдаги бундай ҳодисаларнинг ҳар хил сабаблари бор. Бу ҳеч қачон адабий ўғирлик эмас. Маъруф Ҳакимнинг «Назира» ҳикояси Перл Бакнинг ҳикоясига ўхшайди, деган киши буни кўзда тутади. У бир-икки жумлани тутиб олиб, тирноқ остидан кир излагани йўқ. У келтирган далилларни кўрган ҳар қандай киши ҳам Маъруф Ҳакимни оқлашда ожиз келади.
Маъруф Ҳакимнинг бундан енгил бўлмаган яна бир гуноҳи шуки, тўпламини ўртоқ Ҳошим Зоҳид таҳрир қилишига рози бўлган. У китобхон олдида масъулият сезса тўпламга қалам тегизишига, ундаги ҳикоялар тўғрисида бирон фикр айтишига кўзи етмайдиган кишининг муҳаррир бўлишига рози бўлмас эди. Тўплам бошқа кишининг қўлига тушса, албатта иш бошқачароқ бўлар эди. Қандай бўлишини Маъруф Ҳаким яхши билади. Агар нашриётда бир асарни таҳрирга беришда фақат моддий мулоҳазалар юзасидангина унинг автори билан келишмаслик практикаси бўлса, бундай практика таг-томири билан нотўғри. Муҳаррир асарни яхшилашга, унинг авторига ёрдам беришга қодир одам бўлиши керак.
Энди бу гаплардан қандай хулоса чиқариш керак? Хулоса чиқарганда шуни кўзда тутиш керакки, биз ҳикоялар тўғрисида фикр юргизганимизда бугунгача расм бўлган либерал мулоҳазаларни четга ирғитиб ташладик. Бундай мулоҳазаларга борсак, «Ҳаёт қўшиғи»ни ҳозир майдонда бўлган кўп ҳикояларга таққослаб, қиёсий баҳо берадиган бўлсак, бугун айтилган гапларнинг охирига каттакон бир «аммо» қўйиб; анча мақташимиз ҳам мумкин эди. Маъруф Ҳаким бундай мулоҳазаларга, қиёсий мақтовларга муҳтож эмас. Унинг кучи бор, лекин етилмаган, у ишлай олади, лекин бир оз эринчоқ. Мана шу билан у кўп «адабий ёшлар»дан ажралиб туради. Мана шунинг учун биз уни ёш, талантли, умидли дедик.
1940 йил