Бир танқидчи бир адабий асар тўғрисида ёзган мақоласида асарнинг фалон еридан: «Очерк ҳиди келади», деб бурнини жийиради.
Очеркнинг ҳиди келганда бурнини жийирган танқидчи очеркистнинг ўзини кўрса нима дейди! Очеркист ўзини ёзувчи деб атаса, айниқса Ёзувчилар союзига киргани ариза берса, бу хилдаги танқидчилар, адабиёт хонақосига ўт тушди деб, дод солмайдими?
Бу хилдаги «танқидчилар»нинг фаҳмича, очерк билан ҳикоя икки олам. Очерк ерда, ҳикоя кўкда. Ҳикоя гуноҳкор бўлиб ерга, очерк оламига тушиб кетиши мумкин, аммо очерк ҳеч қачон қанот боғлаб ҳикоя кўкига кўтарила олмайди. Очерк лойдан, ҳикоя нурдан яратилган.
Очерк билан ҳикояга бу хилда қарайдиган кишилардан бу икки жанрнинг фарқини сўраманг — хижолат бўласиз. «Шуни ҳам билмайсанми?» деган ишора қилиб илжаяди. Киши билмаганиии билса ва билиш учун сўраса ҳеч айби йўқ дейсизми? Хайр, сўранг. «Мен билмайман, сиздай бир адабиётшуноснинг мўътабар фикрини эшитгани келдим», денг. У вақтда «мўътабар фикр»ни эшитасиз, лекин қаттиқ ишонаманки, бу мўътабар фикр тил келишмайдигаи сон-саноқсиз терминлар, талай цитаталардан иборат бўлиб, сизга ҳеч нарса бермайди. Натижада, билолмай қоласиз: бу одам шунча термин ва цитаталар воситаси билан фикр баён қилмоқчи бўлдими, ё фикр баён қилиш баҳонаси билан шу терминлар, шу цитаталарни билганлигини айтмоқчи бўлдими?
Сиз агар бу икки жанр орасидаги айирма ҳақида унинг фикрини билишга жуда ҳам қизиқсангиз, тўғридан-тўғри қўлига бир асарни беринг-да: «Бу ҳикоями, очеркми?» денг. Шундай қилсангиз, у ҳеч қандай термин, ўз фикри бўлмагани учун ижарага олгани ҳеч қандай цитата остига қочиб киролмайди. Асарингизда масалан: «Товуқ томдан учиб тушди», деган жумла учраса, «мўътабар фикр» эгаси бурнини жийириб: «Бу очерк» дейди: агар: «Товуқ томнинг лабидан сакраб, канотларини қоқа-қоқа ҳаволарни тўлқинлатиб тушди», деб ёзилган бўлса, чеҳраси очилиб: «Бу лирик ҳикоя», дейди.
Буюк Пушкин ҳозир тирик бўлса «Ҳаёт қўшиғи» деган ҳикоялар тўплами чиқарган Маъруф Ҳакимнинг қулоғидан чўзиб, юзига бир тарсаки урар ва: «Пушти гуллаган ўриклар ўз гулларини тўкиб, довучча тугар эди», «Отнинг жиловини силтаб, тезлашини қистади» («Учрашув») дема, «Ўрик гулини тўккан эди», «Отни жадаллатди» дегин, дер эди. Пушкиннинг ўзи шундай ёзган. Бунга унинг ҳамма проза асарлари далил. Шундай ёзгангина эмас, замондош бўлган адиблардан ҳам шуни талаб қилган эди.
Очеркка бундай назар билан қараш, умуман, адабиётни билмаслик орқасида уни бошқа жанрлардан кам кўриш, иккинчи сорт жанр, деб билишнинг натижасидир.
Медицинанинг талай тармоқлари бор: физиология, остеология, гистология, миология ва бошқалар. Бу илмларнинг ҳар қайсиси турли «материал»да, турли йўл билан бир мақсад учун хизмат қилади: кишиларни касалликдан сақлаш, киши касал бўлган тақдирда тузалгани ёрдам бериш. Энди медицинага: «Бу илмларнинг аҳамият жиҳатидан қайсиниси биринчи ўринда-ю, қайсиниси ўнинчи, йигирманчи ўринда?» деб савол қўйиш мумкиими? Конкрет ҳолларда бирининг роли катта, бирининг роли кичик ва ҳатто мутлақо роль ўйнамаслиги мумкин.
Адабиётда прозанинг ҳам турли тармоқлари — жанрлари бор: ҳикоя, очерк, роман, повесть. Булар ҳам турли материалда, турли йўл билан бир мақсад учун хизмат қилади. Конкрет ҳолларда булариинг ҳам, бири катта, бири кичик роль ўйнаши мумкин. Шундай бўлгандан кейин: «Ҳикоя аҳамиятли жанрми, очеркми?» деб савол қўйиш ўринли бўладими? Демак, очеркнинг материали, ёзилиши бошқа жанрлардан фарқ қилар экан, бу фарқ уни адабиётда иккинчи даражали жанр дейишга мутлақо асос бўлолмайди. Бундан маълум бўлдики, очерк ҳам адабиётда тўла ҳуқуқяи жанр. Очеркист — ёзувчидир.
Баъзан: «Очерк одамни завқлантирмайди», деган гапларни эшитишга тўғри келади. Очерк одамни завқлантирмаса, очерк бўлгани учун эмас, ёмон ёзилгани учун завқлантирмайди. Ёмон ёзилган ҳикоя, повесть, роман завқлантирадими бўлмаса? Бизда сўнгги йилларда босилиб чиққан кўп ҳикояларни В. Катаевнинг озод қилинган ўлкаларда юриб ёзган очеркларига солиштириб қарайлик. Қайсиниси завқлантиради? Демак, гап жанрда эмас, асарнинг қандай ёзилганида. Ҳикоя ҳикоянависдан қанча меҳнат, қанча моҳирлик, қанча маданият талаб қилса, очерк ҳам очеркистдан шунча меҳнат, шунча моҳирлик, шунча маданият талаб қилади. Яхши ҳикоя узоқ умрли бўлса, яхши очерк ҳам узоқ умрли бўла олади. Чеховнинг ҳикоялари бугун қанча севиб ўқилса, Успенскийнинг очерклари ҳам шунча севилиб ўқилади. Чеховнинг кўп ҳикоялари классик ҳикоялар ҳисобланса, Радишчевнинг «Петербургдан Москвага саёҳат»и, Пушкиннинг «Арзрумга саёҳат»и рус адабиётида очеркнинг классик намуналари ҳисобланади.
Бизда яхши очерклар йўқ ҳисоби. Очеркка ҳозирги назар шунинг натижасидир. Яхши очерк бўлмагани сабабли, бу жанрнинг назарга кира олмаётганлиги, ўз навбатида бу жанрнинг тараққий қилишига халал бераётипти. «Ипак қурти илгари бино бўлганми, қурт уруғи капалагими?» дегандай, боши-кети йўқ бир муаммо бўлиб қолаётипти. Лекин, ҳар ҳолда, бизнингча, яхши очеркнинг бўлмаслигига сабаб, унга ёмон назар билан қаралиши бўлса керак. Бугунгача қанча ёмон ҳикоялар, шеърлар тўплами чиқди, ҳеч қандай қиммати бўлмаган пьесалар босилди. Аммо ёмон очерклар тўплами чиққани йўқ. Кўпинча ёмон шеър ёш шоирни, ёмон ҳикоя ёш ҳнхоякависни рағбатлантириш учун-ку босилади, нима учун худди шунингдек ёш очеркистни рағбатлантириш керак эмас? Ҳолбуки, ёмон шеърлар, ёмон ҳикоялар, ёмон пьесалар ўқувчига ҳеч нарса бермагани ҳолда, ёмон очерк ҳеч бўлмаса ўз объекти тўғрисида ўқувчида маълум тасаввур ҳосил қилади. Бу гапларни айтишдан мурод халтурага йўл очиш, йўл қўйилган хатоларни таъна қилиб, онгли равишда хато қилишни талаб қилиш ҳам эмас, албатта. Бундан мақсад очеркка тўла ҳуқуқли бир жанр, деб қаралмаслигини таъна қилишдир.
Ҳикоянавис китобхонга айтиши зарур бўлиб қолган қувончини, ҳасратини типик бир воқеага солади. Воқеа типик бўлгани учун ўқувчининг эсига ўзи кўрган ё эшитган бошқа воқеалар тушади; ҳикоя персонажлари билан ўзи билган кишилар, баъзан ўзи орасида қандайдир яқинлик кўради; ҳикоя қаҳрамони, ундаги персонажларга ўзи билган кишиларни, баъзан ўзини қарши қўяди. Бундай вақтда ўқувчи ҳеч қачон лоқайд қололмайди, воқеага ва бу воқеани вужудга келтирган кишиларга нисбатан маълум муносабатда бўлади.
Ҳикоя қилган ишни очерк ҳам қила олади. Бироқ унинг воситалари, имкониятлари ҳикояга қараганда бошқачадир. Ҳикоянавис кўп ҳодисаларни умумлаштирувчи воқеа яратса, очеркист бир воқеанинг характерли чизиқларини танлаб олиш йўли билан уни типиклаштиради.
Очеркист ўзи бевосита кўрган, мушоҳада қилган кишилар, ҳодисалар тўғрисида ёзгани учун фантазиядан фойдаланмайди. Фойдаланган тақдирда ҳам маълум чегарадан нари ўтолмайди. Ҳикоянавис, масалан, ўзининг кекса қаҳрамонида ёшлик туйғуси уйғонганини айтмоқчи бўлса, унга шу ҳис уйғонганлигини кўрсатадиган бир иш қилдиради, сўзлатади. Очеркист ўз қаҳрамонида шундай туйғу уйғонганлигини айтмоқчи бўлса, унга ҳеч қандай иш қилдиролмайди, сўз ҳам айттиролмайди, чунки бу қаҳрамон — конкрет одам, эртасига: «Мен қачон ўшандай иш қилдим, қачон шундай гапни гапирдим», деб очеркистнинг ёқасидан тутиши мумкин. Қаҳрамон индамаган тақдирда ҳам уни таниган, билган одамлар айтади. Сохта воқеа ҳикояни бир пул қилганидай, эркин фантазия очеркни бир пул қилади.
Очеркист ҳикоянависда бўлган бу имкониятлардаи маҳрум бўлса, унинг бошқа имкониятлари бор. У ҳикояда ўзига ўрин тополмайдиган муҳокама қилиш, хулоса чикариш, ўз фикрини баён қилишдек имкониятларга эга.
Донгдор пахтакорларимиздан бири тўғрисида очерк ёзишга тўғри келди. Қаҳрамонимиз сўз орасида болалик ва йигитлик чоғлари нима бўлиб ўтганини билмаганини айтди. Мен унинг болалик йиллари қандай ўтганлиги билан танишганимдан кейин, муҳокама юргиздим, яъни очерк имкониятидан фойдаландим:
«Болаликда ҳар нарса, ҳар ҳодиса бир янгилик бўлиб хотирда маълум из қолдиради. Хотирда из қолдирувчи янгиликлар билан тўла бўлган ёшлик кунлари «узун», йиллари «баракали» туюлади. Кишининг бугун кўраётганлари кеча кўрганларининг такрорланишидан иборат бўлса, йиллардан «барака қочади»… Болаликдаги йиллари бир-бирига ўхшаган «қуйма йиллар» бўлиб ўтган киши улғайганда болалигининг нима бўлиб ўтганини билмаганлигидан нолийди…»
Ҳикоянавис қўлига қалам олмасдан бурун ўз олдига аниқ бир мақсадни қўйиб, ихтиёрида бўлган материалдан шунга қараб фойдаланади. Мақсад ёзувчининг ўзига «умуман» маълум, лекин аниқ-равшан бўлмаса, ҳикоя ортиқча деталлар, кераксиз тафсилотлар билан оғирлашади. Кўпинча ёш ҳикоянавислар айтмоқчи бўлган фикрларни жуда ҳам аниқлаб олмайдилар-да, назарларига қандай деталь, қаидай тафсилот, қандай сўз яхши кўринса ҳикояга киритаверадилар. Натижада ҳикоя шишиб кетади ёки ҳеч тамом бўлмайди.
Очеркист ҳам ўз объектига яқинлашган вақтида аниқ бир мақсад кўзлаши керак. Мақсад аниқ бўлмаса очерк фактларни регистрация қилишдан иборат бўлиб қолади. Очеркист, масалан, «Аёллар озодлиги фақат паранжи ташлашдангина иборат эмас» деган ҳақиқатни кўрсатиш мақсади билан бирон аёлни олар экан, бу аёл тўғрисида нима билса, унга боғланган қандай ҳодиса кўзига кўринса ҳаммасини очеркка киргизавермайди, мақсадга хизмат қилмайдиган фактлар, таассуротлар қандай қизиқ, қандай чиройли бўлмасин очеркистнинг блокнотида фойдаланилмай қолаверади.
Турмушни чуқур англаш, унинг ҳодисаларини таҳлил қила билиш, баъзан кундалик икир-чикирлар ғуборни босиб, юзини хиралаган ҳаёт ҳақиқатининг жилосини кўра олиш ҳикоянависдан қанча талаб қилинса, очеркистдан ҳам шунча талаб қилинади.
Мана шу айтилганлардан ҳикоя билан очеркнинг асосий хусусиятлари англашилса керак. Шу хусусиятлар бу икки жанрни бир-биридан фарқ қилдиради, лекин икковининг орасига қатъий суратда бир чизиқ тортиш мумкин эмас, негаки, яхши ва ширали тил билан ёзилган, яхши умумлаштирилган, образ яратилган очерк — ҳикоядир. Катта Фарғона канали қазилаётган кунларда халқ ташаббусини, қаҳрамонлигини кўрсатадиган қанча типик воқеалар юз берди. Буларнинг ҳар қайсиси типик воқеа — турмушнинг бир парчаси бўлганлиги учун ҳикоя, ёзувчи томонидан ўйлаб чиқарилмагани, умумлашган конкрет бир ҳодиса бўлгани учун очерк дейиш мумкин. Шундай бўлгандан кейин бу икки жанр орасига қандай қилиб қатъий бир чизиқ тортиб бўлади? «Воқеий» деб атаганимиз ҳикоя — очерк, типик воқеа тасвир этилган очерк — воқеий ҳикоя эмасми?
Бизнинг кунларда очерк адабий ҳаракатнинг олдинги сафида туриши керак. Мамлакат ҳаётининг ҳар соҳасида кун сайин эмас, соат сайин катта-катта ўзгаришлар бўлмоқда. Кишиларнинг янгидан-янги сифатлари кўринмоқда. Халқимиз ўзи қилаётган буюк оламшумул ишларни, ўзи тарбиялаган кишиларни, ўз ичидан чиққан қаҳрамонларни кўриши керак. Турмушнинг ҳар соҳасидан олинган конкрет мисоллар билан оммани тарбиялашда адабиётнинг ҳамма жанрларидан кўра очерк чаққонроқ жанрдир. Очеркистнинг вазифаси мана шундай масъулиятли ва шу билан бирга шарафли вазифадир.
1940 йил