Абдулла Орипов. Анингдек инсон бўл… (1985)

Муҳтарам зотлар ҳақида гапириш ҳамма замонларда ҳам фахр ҳисобланган. Лекин бундай гапириш ҳуқуқининг баъзи муҳим жиҳатлари бор: масалан, устоз Ойбек билан турли вазиятларда учрашганлар камми? Улар жуда кўп. Самимий ва ростгўй одамларнинг устози ҳақидаги хотиралари ҳамиша қимматлидир.

Ойбек адиб ва олим эди. У зотнинг ҳаёт фаолиятини мана шу нуқталар белгилайди. Шунинг учун ҳам биз, адиблар, адиб ва олим ҳақида сўз юритганимизда у зотнинг шу соҳага тааллуқли сифатлари ҳақида гапирмоғимиз лозим. Мен адабиётдаги ўз камтарин ўрнимга кўра ўша йилларда Ойбек билан ҳамсуҳбат бўлишга албатта ижодий жиҳатдан тайёр эмас эдим. Мени танг қолдирган бошқа бир нарса бўлди. “Навоий” ва “Қутлуғ қон”дек ўлмас асарлар муаллифи, каттакон шоир Ойбек биз тенги ёш ижодкорлар билан, уларнинг асарлари билан доимо қизиқар эди.

Мени ўша вақтларда иккита савол таажжубга солган: биринчиси, нега шундай улуғ одам биз билан қизиқаётир? Иккинчиси, Ойбек ахир хаста-ку? Бироқ андишаларимизга қарамасдан, устоз ёзувчи бизни ўзига тез-тез чорлар эди. Эсимда, биринчи учрашувимизда Ойбек ака шоир Ҳ.Шарипов ҳақида яхши фикрдалигини айтган эди. Устоз кейинчалик бу гапни астойдил тасдиқлагани ёдимда. Бундай мисоллар кўп. Адиб ёшлар ижодини муттасил равишда кузатиб борар эди.

Таажжубланишимнинг иккинчи томони – у кишининг хасталигида. Айтиш керакки, шу сабабли ёзувчи ихтиёрисиз унинг ҳузурига андишали одам бостириб киравермасди. Ойбек ака эса адабиёт борасида ўз соғлиғини ҳам аямасди. Негаки, у учун адабиётдан бошқа улуғ мартабанинг ўзи йўқ эди.

Мен бу ўринда ўзимнинг айрим шахсий қайдларимни айтишга журъат этаман. Яъни, ёш шоир сифатида мен Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Ғайратий, Мамарасул Бобоев, Қудрат Ҳикмат сингари таниқли адибларнинг дил суҳбатларида иштирок этганман. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат қуриш бахтига ҳам муяссар бўлганман. Гап шундаки, турфа қийинчилик ва довонлардан ошган адабиётимизнинг бу вакиллари бир овоздан шундай деганлар: “Агар орамизда энг покиза зот ким десангиз, у киши устоз Ойбекдир”. Эсимда, устоз Миртемирни баъзи шеърий учрашувлардан сўнг уйига кузатишга тўғри келарди. Йўловчи машинада кетаётиб, Миртемир ака устоз Ойбек эшиги ёнидан ўтишни ҳар гал илтимос қиларди. Ва у ердан ўтаётиб, қўллари кўксида, ҳайдовчидан худди шу жойда тезликни сусайтиришни илтимос қилар эди. Миртемир ака ҳеч қачон Ойбек номини ёлғиз талаффуз қилган эмас. Ёнига, албатта, “устоз” сўзини қўшарди.

Устозимга бўлган чексиз меҳрни адабиётимизнинг ҳар бир авлодида пайқашимиз мумкин. Муҳтарама шоирамиз Зулфия Ойбекни қадрлаб, “Қуёшли қалам” деган достон ёзди. Устознинг назари тушган Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Шукрулло, Туроб Тўла, Ҳусниддин Шарипов, Эркин Воҳидовлар бугунги кунда сўз санъатимизнинг етакчи вакилларидир. Уларнинг ҳар бирида Ойбекнинг меҳр зарралари мавжуд.

1985