Мусо Ойбек ҳаёт бўлганида 2005 йилда юз ёшга кирган бўларди. Ахир юзга кириб, ундан ҳам ошиб яшаётган одамлар бор-ку, оламда!
Ойбек бутун ҳаётини республикамизда адабиёт ва илм тараққиётига бағишлаган ва бу соҳада ўз куч-қудратини аямасдан ишга солган, шу йўлда кўп машаққатлар, дарду аламли кунларни бошидан кечирган улуғ сиймодир. Ойбек халқ онгига шу даражада сингиб кетдики, каттаю кичик учун бу ном таниш ва қадрли. Уни бутун бир аср, яъни ХХ асрнинг йирик арбоби десак бўлади. Ўлкамизда туғилган чақалоқларнинг камида юзтадан биттасига Ойбек номи қўйилган. Ойбек адабиётимиздан кўчиб, халқ орасига кенг тарқалганлигининг белгисидир бу. Иккинчи томондан ўзбек халқининг бадиий ижодга қай даражада яқин эканлигига далил.
Ойбекнинг ёш пайтларига тегишли бир ривоят бор: У 4-5 ёшлик пайтларида бўлса керак, қандайдир юмуш сабаб бўлиб, ойиси билан томга чиқади. Маълумки, у пайтларда томнинг усти сомон сувоқ қилиниб ясси ва текис бўлган. Ўша кечаси осмон мусаффо бўлиб, ой ўзининг саховатли нурини ерга сочиб, чарақлаб турган экан. Тасаввур қилиш мумкин, ердагига нисбатан томда яна ҳам чароғон кўринган ойни кўриб бола ҳайратга тушиб.
Ойи, ойи! Менга шу ойни олиб беринг! деган экан.
Шундан маълумки, бўлажак адиб ёшлигидан бошлаб гўзаллик шайдоси бўлган. Бу ҳол унга тахаллус танлашда ҳам қўл келгани шубҳасиз. Оддий, маънодор сўз Ойбек!
Ойбек шундай улуғ ижодкорларданки, у нисбатан қисқа умрининг бир лаҳзасини ҳам бекорга ўтказмаган. Ёшлигидан илм негизларини эгаллашга ҳаракат қилган. Ўша вақтда савод, илм учун зарур бўлган китобларни топиб ўқиган, ўрганган ва ҳар биридан ўзига керакли хулосалар чиқарган. Шундай бўлиши ўз-ўзидан маълум. Қарийб ўспиринлик чоғларидан бошлаб шеърият машқига берилган.
Бугун алоҳида таъкидлаш керак бўлган бир масала бор. Бу шундан иборатки, 30-йилларда мафкуравий тазйиқ ўта кучайган бўлиб, энди туғилиб шаклланаётган ўзбек романнавислиги қаттиқ шикастланди. Биринчи ўзбек романнависи қамоққа олиниб, тоталитар мафкура қурбонига айланди. Унинг машҳур романлари “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” қатағон қилинди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, кимнинг уйида “Ўткан кунлар” ёхуд “Меҳробдан чаён” кўзга ташланиб қоладиган бўлса, ҳеч қандай сўроқсиз ҳибсга олиниб, озодликдан маҳрум қилинаверган. Шу қаторда Чўлпон ҳам ҳибсга олиниб, унинг “Кеча ва кундуз” романи мафкуравий жиҳатдан зарарли асарлар қаторига киритилди. Ўша даврнинг машҳур романларидан бири бўлмиш А.Қаҳҳорнинг “Сароб” романи ҳам қатағонга учради. Шундай ҳолат рўй бердики, роман ёзиб уни китобхонга тақдим қилиш ўта хатарли иш бўлиб қолди. Маълум бир давр давомида ижодкорлар бу ишга қўл уришга қўрқиб қолишди. Бу йирик жанрда бир неча йиллик жимликдан кейин Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи чоп этилиб, китобхонлар қўлига тегди. Бу ҳол мусаффо осмонда момақалдироқнинг гулдуросидек тасаввур қолдирди китобхонларда. Табиий, китобнинг майдонга келиши осон бўлмади. Қатор муҳокама, баҳслар ташкил қилиниб, муаллиф номига танқидий фикрлар айтилди. Бу фикрларнинг бир қисми матбуот саҳифаларида ҳам кўзга ташланди. Романда маиший манзараларнинг кўплиги ва Россия инқилобчиларининг образлари асар тўқимасига тўлалигича киритилмагани танқид қилувчиларнинг асосий даъвоси эди. Бироқ, оддий китобхон бу янги романни зўр иштиёқ ва қизиқиш билан ўқий бошлади. Китоб қўлдан-қўлга ўтди, кенг тарқалди. Бу романнинг пайдо бўлиши шу жиҳатдан муҳим эдики, бутун бир йирик жанрнинг узилган занжири янгидан уланди. Ижодкорлар роман ёзавериш мумкин экан-да, деган хулосага келишди. Бу ҳол Ойбекка илҳом бағишлади. Унинг қалами тезкорлик билан ишга тушди. Ўткир фалсафий маънодаги шеърлар билан бир қаторда қатор достонлар яратилди. Адиб йилдан-йилга ўтиб, куч ва ғайратга тўлиб борди. Шикастланган роман жанрининг тараққиётини яна ҳам мустаҳкамлаш бурчи Ойбекнинг зиммасида эди. Адиб иккинчи жаҳон урушининг айни авжига чиққан йиллари Алишер Навоий ҳаётини акс эттирадиган “Навоий” романи устида иш бошлади. Тасаввур қилиш мумкин. Адиб “Қутлуғ қон”да тасвирланган воқеаларни болалик пайтларида ўз кўзлари билан кузатган бўлиши мумкин. Бироқ, 500 йилдан мўлроқ вақт илгари ўтган Алишер Навоий сиймоси билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларни топиб, бош сюжет ипига боғлаш осон иш эмас эди. Бунинг учун кутубхоналарда ёки китобсеварлар жавонларида чанг босиб ётган қўлёзмаларни обдон ўрганиш зарур эди. Ижод отига миниб олган Ойбек бу ишнинг уддасидан чиқа олди. Романнинг ёзилиши узоққа чўзилмади. Иккинчи жаҳон урушининг айни авжига чиққан йиллари асар чоп этилди. Тезкорлик билан роман рус тилига таржима этилиб, босилиб чиқди. Роман Ойбекка катта шуҳрат келтирди. Бу китоб ҳам қўлдан-қўлга ўтиб ўқилди. Ўзбек ва рус китобхонлари орасида кенг тарқалди. Ўбекистонда ва марказда роман ҳақида мақолалар эълон қилиниб, унинг фазилатлари тарғиб қилинди. Ўша йиллардаёқ Ойбек бу роман учун собиқ СССРнинг давлат мукофотига сазовор бўлди. Бироқ, кутилмаганда мафкуравий ҳолат ўзгарди. Марказий бошқармалар томонидан жиддий мафкуравий камчиликлар топилган бўлиб, ўша даврдаги зиёлиларнинг бир қисми ёзувчилар, бастакорлар, ҳатто баъзи аниқ фанларнинг етук вакиллари қаттиқ танқид остига олинди. Маълум даражада тоталитар мафкуранинг 1937-38 йилдаги кирдикорлари янгитдан ишга тушгандек эди. Турли-туман тазйиқлар матбуот ва нашриётларнинг қаттиқ назорат остига олиниши, айрим етук арбобларнинг ҳибсга олиниб, сургун қилиниши бошлаб юборилди. 50-йилларнинг бошларида навбат Ойбекка ҳам етиб келди. 1952 йили Ўзбекистон КП Марказқўми пленумида бир неча ёзувчилар қатори Ойбекнинг номи ҳам тилга олиниб, у қаттиқ танқидга учради. Танқиднинг маъноси шунда эдики, “Ойбек гўё ўтмишни улуғлаяпти”, яъни ўрта асрдаги феодал тузумга хос бўлган ҳаётни қўмсаяпти. “Навоий” романига нисбатан айтилган бу танқидий фикрлар тоталитар мафкура нуқтаи назаридан ўта жиддий ва хатарли ҳисобланарди. Шундай бир ҳолат юзага келдики, фақат “Навоий” романи қисмати эмас, балки роман муаллифининг ҳам ҳаёти қил устида тургандек бўлди. Воқеа Ойбекнинг қаттиқ бетоб бўлиб қолиши билан якунланди. Натижада айни куч-ғайратга тўлган паллада адиб узоқ муддатга сафдан чиқди, тилдан ажралди. Узоқ даволанишлар натижасида адибнинг онги, иш фаолияти қайта тикланган бўлса ҳам, бетобликнинг асорати унинг тили ва умумқиёфасида сезилиб турарди.
Бугун “Навоий” романига назар ташласак, унда заррача ҳам мафкуравий хатоликлар борлигини англаш қийин. Романда адибнинг асосий мақсади улуғ шоир Алишер Навоийнинг кенг ва кўламли ижодига хос инсонпарварлик ғояларини очиб беришдан иборат эди. Ойбек шу вазифани аъло даражада бажарди.
Ўша давр нуқтаи назаридан қараганда ҳам, бугун “Навоий” романига назар ташласак ҳам асарнинг асосий конфликти бир томондан Навоий, иккинчи томондан Ҳусайн Бойқаро ва унинг атрофидаги айрим унсурлар орасидаги қарама-қаршиликларга боғлиқдир. Бу зиддиятларни Ойбек тўла-тўкис акс эттириб берди. Бироқ, асл ҳақиқат бирмунча бошқача. Етук навоийшунос, профессор Абдуқодир Ҳайитметовнинг эътирофича, Навоий билан Ҳусайн Бойқаро ораларидаги дўстлик ришталари ўта мустаҳкам бўлган. Аксар ҳолларда улар бир-бирларини тўғри тушунган. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг буюк шоир бўлиб етишишига хайрихоҳлик билан қараган. Ҳатто мавжуд бўлган манбаларга қараганда, Ҳусайн Бойқаро шеъриятда ўзи ҳам саводхон бўлганлигидан Навоий асарларини таҳрир қилишга ўзини ҳуқуқли ҳисоблаган. Алишер Навоийнинг ҳар бир муваффақияти уни қувонтирган. Ҳатто Алишер Навоий улуғ “Хамса”ни битказиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим қилганда, султон шу даражада хурсанд бўлган эканки, Навоийни оқ отга миндириб, отни ўзи етаклаб саройни айлантирган экан. Баъзи манбаларга қараганда, Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарони ўзига пир даражасида кўрган. Бу воқеадан кейин эса, аксинча Ҳусайн Бойқаро Навоийни пирим деб тан олган. Бугина эмас, Навоийнинг ўлими Ҳусайн Бойқаро учун катта йўқотиш бўлган. Шу боисдан бўлса керак, мамлакатнинг султони бўлишига қарамасдан Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг жаноза маросимларини ўзи бошқарган ва шоир эшиги олдида бир неча кун ўтириб мотам маросимларининг иштирокчиси бўлган.
Булар ҳаммаси тарихий ҳақиқат. Ойбек тоталитар мафкура талабларини яхши тушунган адиб бўлганидан бу воқеаларни асарга кирита олмаган. Борди-ю шоир ва султоннинг ораларидаги бу яқинлик роман саҳифаларида акс эттирилса, асар балки ёруғ дунёни кўрмаган бўлар эди. Асарга бу воқеалар кириб қолгудек бўлса, бетоб бўлишига қарамасдан, Ойбек Сибирнинг изғиринли ўрмонларида қолиб кетар ёхуд Абдулла Қодирий, Чўлпонлар қисмати яна бир гал такрорлангандай бўларди.
Ойбекнинг “Навоий” романи “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Сароб”лардан услуб жиҳатидан фарқ қилади. Бу роман ортиқча тўқималардан холи бўлиб, тарихан ҳаётда рўй берган аниқ маълумотларни тадқиқ қилган ҳолда ёзилган илмий романдир. Шу маънода “Навоий” ўзбек адабиётида яратилган том маънодаги тарихий биографик романдир. Шу жиҳатлари билан “Навоий” ўзбек романчилигининг янги босқичи эди, деган хулосага келиш мумкин.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги адабий муҳитга нисбатан расмий доираларнинг ўз “талаб”лари бор эди. Улардан бири “инқилобий” мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиш ва шу асосда асарлар яратиш адабиёт олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланарди. Эндиликда биз тасаввур қилган “инқилоб” сўзининг маъноси ўзгариб, 1917 йил давлат тўнтариши тарзида изоҳланяпти. Бироқ, Ойбек ўша давр ижодкори сифатида мафкура талабини ҳисобга олмасдан иложи йўқ эди. Шунга биноан адиб “инқилобий” мавзуга тегишли янги манбаларга асосланган йирик асар устида бош қотириб ўтирмади. У “Қутлуғ қон”нинг давоми сифатида “Улуғ йўл” романини режалаштирди. Бу пайтларда адибнинг соғлиғи анча заифлашган бўлиб, романнинг тугаши хийла чўзилди.
“Улуғ йўл”нинг марказида Йўлчининг синглиси Унсун образининг тасвирини кўрамиз. Акасидан ажралиб қолган Унсуннинг бошига тушган машаққатли кунлар ўша давр талаби асосида унинг ўша давлат тўнтариши ҳаракатига қўшган ҳиссалари анчагина батафсил тасвирланади.
Романнинг асл фазилати Унсун образи билангина боғлиқ эмас. “Улуғ йўл”да Ойбек “Қутлуғ қон”да акс этган анъаналарга содиқ қолган ҳолда оддий халқ вакилларининг турмуш тарзини, ўша даврга хос бўлган азим шаҳар оилаларидаги маиший ҳаёт, ҳатто бозорчилар ва ҳунармандлар ҳаётига тегишли манзаралар теран ва нафис акс эттирилди. Бу хилдаги фазилатларни фақат халқ ҳаётини етук биладиган Ойбекдек моҳир ижодкорлардангина кутиш мумкин эди.
Ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан бири бўлмиш Ойбек иккинчи жаҳон урушининг жанг майдонларида бўлгани ҳам маълум. Бу воқеаларга тегишли унинг эсдаликлари алоҳида китоб шаклида эълон қилинган. Адиб бу билан чекланиб қолмади. Ўтган асирнинг 60-йилларида уруш воқеаларини акс эттиришга бағишланган “Қуёш қораймас” романи устида ишлади. Уни ҳам тугатиб, чоп эттирди. У жанг майдонларида қисқа муддат бўлганлигига қарамасдан, “Қуёш қораймас”да ўша оғир жангларнинг реал манзарасини яратиб берди.
Булардан ташқари, Ойбекнинг Навоийнинг болалиги ҳақидаги асари, “Болалик” деб аталадиган ўзининг ёшлик йилларига бағишланган қисса китобхонларга маълум. Ойбек қатор шеърий тўпламларни ҳам чоп эттирган. Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий номидаги Адабиёт ва тил институти Ойбек асарларининг 20 жилдлик академик нашрини тайёрлади ва чоп эттирди. Адибнинг кўпгина асарлари чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Хулоса қилиб айтганда, Ойбек А.Қаҳҳор, F.Fуломлар билан бир сафда туриб ХХ аср адабиётининг тараққиётига беназир ҳисса қўшган улуғ сиймодир. У бадиий ижод билан баробар илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам банд бўлган. Бу жиҳатини ҳисобга олганда Ойбек том маънодаги академик ижодкор эди.
Мақолани Ойбекнинг тахаллусига тегишли бир ривоят билан бошлаган эдик. Матнни шу ривоятнинг шарҳи билан якунлаш маъқул кўринади. Гап шундаки, Ойбек ХХ асрнинг бошларида, яъни 1905 йили бамисоли янги ой сингари дунёга келди. Вақтлар ўтиб, у ўсди, улғайди. Умрининг маълум бир даврида, у йирик адиб сифатида шаклланиб ўзбек элига ёруғ нур таратди. Бироқ худди шу йиллари Ойбек тоталитар мафкура тазйиқига дуч келди. Табиатда биз ойнинг тутилиш ҳодисаларини кўрганмиз. Айрим онларда ойнинг бир қисми баъзан тугаллигича қоронғулашади. Илмий маънода ва халқда буни ой тутилиши деб аталади. Ўз адабий тахаллусини “ой” сўзига боғлаб танлаган адибнинг тўлин ойдек даврига эришган пайтлардаги қисматини ўша ой тутилишига ўхшатиш мумкин.
Юқорида айтганимиздек, ойнинг тутилиши табиий ҳодиса. Ўзбек адабиёти оламига тўлин ойдек нур сочиб турган Ойбекнинг мафкуравий тазйиққа дуч келиб қолиши тоталитар мафкура ҳукмронлик қилган пайтларда учраб турадиган ижтимоий ва сиёсий ҳодисалар билан боғлиқдир. Демак, яхши ният билан танланган тахаллус бугун бизга гўё табиатда рўй берадиган ой тутилишларини эслатаётгандек кўринади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон