Савдо майдонлари, иқтисодий манбалар, хом ашё марказлари учун бошланган жаҳон урушининг иккинчи йили тугаб, учинчи йилига қадам қўйилган вақти эди.
Урушга боғланған Русияда яшаған халқлар урушдан чарчаған, ҳар бир жиҳатдан қисилған эдилар.
Туркистонлилар у вақтда ҳарбий хизматга олинмасалар ҳам уруш «фойдасиға» деб Туркистон халқларининг раҳмсиз таланишлари, солиқлар устига солиқлар солиниши ҳамманинг кўз олдида эди. Русиянинг подшоҳ ҳукумати бўлса, туркистонлилардан аскар олишқа қўрқар эди. Туркистонлилар подшоҳлиқ ҳокимиятини мўдофаа этишга «лаёқатли» ҳам эмас эдилар.
Русияда қўзғалишқа яқинлашқан ғалаённи бостириш, фронтларда озая борған кучни тўлдириш учун бошқаларни ҳам фронтга олиб бориш керак эди.
Туркистон халқидан аскарликка олиш ўрниға мардикорликка олиш қонуни эълон қилинди. Туркистон халқининг подшоҳлиқ ҳокимиятига «садоқатсизлиги» биринчи кунданоқ кўринди. Ҳамма ерда норизолиқ, ҳамма ерда тўполон, ҳамма жойда қўзғалишлар бошланди.
Қўқон ҳокими Мидинский: «сартларнинг этини каклит қилиб итимга едираман» дейиши, жаллод Ивануф губернатўр томонидан Жиззах халқининг отилиши, ўлдирилиши, хонавайрон қилиниши; Тошкент Эски шаҳар палисмистри Колесникуфнинг Олмазор маҳкамасидан туриб халқни, бола-чақани, ёш-қари, хотин-қизларни оттириши ҳаммаси ҳам биринчи даврда қўзғолонни тўхтата олмаған эди.
Шу воқеалар юзаға келган вақтда бу сатрларни ёзувчи Қўқон шаҳрида эди.
Қўқон тўполончиларининг зўр ери ҳам Оровон (Авғон боғи томонида) деҳқонлари эди. Бир неча юзлаб ёш йигитлар, қари-мўйсафидлар Қўқон кўчаларидан ҳайдалиб турмага келтирила бошландилар.
Ёш деҳқонлар у вақтда ҳам салла ўрамас эдилар, мўйсафидларнинг саллалари бир-бирларининг бўйинлариға боғланған эди. Баъзиларининг қўллари орқага боғланған, баъзиларининг юзлари ёрилған, қонлар томчилаған эди. Юзларда, чеҳраларда мотам, қон аралаш йиғлар эди…
Йиғлаб келган бола-чақалар, хотин-халажлар билан Қўқон турмасининг атрофи ўралған, тўлған эди.
Кўпчилик, подшоҳнинг «садоқатсиз» фуқаролари ғизабдан тушмас, қўзғолондан тўхтамас эдилар.
Лекин у вақтнинг катталари, мўйсафидлари, оқсоқоллари, донишмандлари саналғон бойи бўлсин, уламоси бўлсин, эшони кўпчилик билан бирлашиш ўрниға мачитларда дуойи-фотиҳалар, инсофсизларга инсоф сўраш, йўлдан қайтқонларни йўлға солиш, садоқатга келтириш билан овора бўлдилар.
Содда халқ инқилобий йўл билан боришни билмаган. Интизомсиз кўпчиликнинг шу насиҳатларга қулоқ солиши табиий эди. Бир томондан раҳмсиз сувратда қўзғолон ва норизолиқларни бостириш, иккинчидан, ўз орасидан чиқған ватанфуриш уламо ва бойларнинг садоқатқа чақиришлари «подшоҳи аъзамга» содиқ фуқаро бўлишға ундашлари, табиий таъсир қилди.
Кўтарилган алангалар секин-аста сўна, юракдан қайнаб чиққан ғазаблар ўча бошлади. Туркистон халқ устига «ватан» хизмати йўқланади. Баъзи бир шаҳарларда «мардикорликка боришқа тайёрмиз» деган ул вақтнинг жадидлари томонидан хитобномалар ҳам тарқатилади, (Мардикорликка боришға розий бўлғанлар Наманганнинг бир қанча ёшлари эди.)
Мардикорчилик масаласи қўзғолгандан кейин бўлған тўполон, қўзғалишлар Туркистонда яшаған бутун маҳаллий хўжалиқнинг устига катта гуноҳ бўлиб тушди. Булар поездда юришдан, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга боришдан маҳрум этилдилар. Истансаларнинг бир бурчагидан иккинчи томониға ҳайдалишлар, вагунлардан қувлаб чиқариб ташлашлар, истансаларда маҳаллий халқни масхара қилишлар бир неча вақтлар давом этди.
Биз бир неча ўртоқларимиз билан Тошкентга келишға ва оиламиз турған ердан мардикорчиликка кетишга мажбур бўлған эдик. Устимиздаги ўзбек тўнимиз, бошимиздағи «мусулмон» тўппи билан поездға ўлтира олмаслиғимиз, Тошкентга етмасдан йўлда поезддан ҳайдалишимиз турған гап эди. Биз кўз «бўяшқа» киришдик. Тужурка ва шапка жуда қулай тушди. Жонимизни қўлға олиб вагунга ҳам тушдик. Вақт кеч бўлғанлиғидан вагунга ўлтириб олиш қулай эди. Тўртинчи класс вагуннинг юқори полкасига чиқиб ўринлашиб олдиқ. Азон отар-отмас Ховосдан ўтилди… Сирдарё истансасига келдик.
Истансаларда поезднинг келишини мўлтайиб сабрсизлик билан кутиб ётқан саллалик, тўнлик ва тўппилик кишилар истансада бўлғани каби бу истансада ҳам сонсиз-саноқсиз эди. Лекин уларнинг поездга яқинлашиш, вагунга ўлтириш учун, «ҳақлари» йўқ эди. Поездга яқинлашқанлари поезд олдидан урилиб, сўкилиб ҳайдалар эдилар.
Узун бўйлиқ, азамат гавдалик, серсоқол бир мўйсафид елкасига хуржинини солиб олған ҳолда жон оччиғида вагунга кириш ҳаракатида бўлади. Ҳайда-ҳайда, пўшол-вонларға қарамасдан кўлини вагуннинг қўл ушланадирған жойидан қўйиб юбормайди. Бунинг учун бундай учарлигига ҳайрон қолған баъзи бир руслар раҳмдиллик қилғулари келади в а ортиқ ғазабланишдан тўхтай бошларлар.
Қўнғироқ урилди. Поезд жўнаши керак эди. Вагун ичидан эшикка чиққан қозоқ (казак) ўрис мўйсафиднинг кўкрагига тепиб юборди. Тепиш шу қадар қаттиқ зарбали эдиким, мўйсафид поезд юриб кетмакда бўлған йўлнинг ёниға чалқаси билан йиқилиб тушди.
Унинг кўзидан оққан ёши, маъюсона чеҳраси, ҳалиги ифлоснинг ғурурланиши кўкракда алам, кўнгилда ғазаб қўзғатар эди. Икки қўл маҳкам муштланади. Лекин, на чора, замона ҳеч нарсани кўтармас эди…
МАРДИКОРЧИЛИККА КЕТИШ
Сармоя усулиға қурилған Русия ҳокимияти мардикор олишда ҳам «тенглик» деган нарсани билгуси келмади. Мардикор олиш қонуни бўйинча ҳар бир ўзиға қудратли киши (бой, савдогарлар) бошқаларни ёллашқа ҳақли эди. Ишнинг оғири, «ватанга хизматнинг» зўри яна камбағаллар устига тушди. Бойлар ва бой болалари «ватан хизматидан» озод қилиндилар.
Мамлакат катталари ўз маслаҳатларида (бу Тошкент ўлчовида. Бошқа жойда ҳам шу йўл билан мардикор олинған эди) бир оилада уч эркак киши бўладирған бўлса, шулардан бири биринчи навбатда борсин ва бормайдирғон бўлса, ўрниға иккинчи кишини ёллаб юборсин, деган қарорға келадилар, бойлар ва уларнинг думлари, уламоларнинг бу йўлда қилған қарорлари қоғоздагина қолади.
Одам ёллаб юборилмайдирғон камбағал оилалар, бойларға ёлланиб уларнинг болалари ўрниға мардикорчиликка боришға мажбур бўладирлар. Маҳаллама-маҳалла одам ёллаш, нега сен бормайсен-у, мен борамен, деган жанжаллар, одам сотиб олиш баҳоси кўтарила бошлайди. Ҳатто одам ёллаш ишида фойда қилған, яхшилаб пул ишлаб олғанлар ҳам бўлди.
Биринчи партияда кетувчилар ичида шундай йўл билан мардикорликка олинғанлар камбағал оилалардан бўлғани каби, ёлланған кишилар ҳам оз эмас эди. Йиғи-сиғи, жанжал-сурон остида Туркистондан дастлаб жўнаш учун Тошкентнинг тўрт даҳасидан 1000 мардикор тўпланди.
Уларнинг оилаларидан ажралишлари (сабабики, уларнинг кўпи мусофирчилик, оиладан узоқ туришқа ўрганмаган эди) Тошкентни «осмонға» кўтаради. Хотин-халажларнинг йиғи-сиғиси, мўйсафидларнинг дуолари, ул вақт жадидларнинг оталари саналған Мунаввар Қорий ва бошқаларнинг «Худоё подшоҳимизни сақла» деган ашулани кўчаларда айтиб боришлари, Бадриддин Аъламуфнинг (ўлган) Никалайнинг сувратини кўтариб юриши хайрлашувчилар ва томошабинлар билан Тошкент кўчалари тўлқинланар эди.
Шу янги йиғилған биринчи партия 1000 кишига бошлиқлар тайинлаш учун Олмазорда палисмистр маҳкамасининг боғида бир йиғин бўлади. Шу йиғинда Убайдулла Хўжаеф, Мунаввар Қорий ва бошқалар мардикорларга насиҳат қилдилар, «подшоҳи аъзамга» садоқатли бўлиш, «ватан» томонидан йўқланган бундай улуғ ишни бажо келтиришга ундадилар. Иш бошлиқларини тайин этишга ўтилди. Шу минг кишига мингбоши этилиб ўртоқ Мусахонуф (ҳозир аптика управленияда ишлайди) кўрсатилади. У вақтда қўл кўтариш, қарши ва тарафдор бўлиб чиқаришлар бўлмағанлиғидан қабул қилинади. Бундан кейин ҳар юз кишиға юзбоши белгиланади ва мингбошиға мирза этилиб мен белгиландим.
Шу минг кишини вокзал атрофида бўлған қандайдир бир казармага келтирдилар. Атрофни солдатлар ўраб олди. Кузатиб келган қариндош-уруғлар, ота-оналар ташқарида қолдилар. Минг киши орқасидан хайрлашмак учун келган бир неча минг халқнинг қайтиб кетгуси келмасдан казарма атрофида ўрнашди.
Ундан-бундан туриб боласини, ўғлини чақирған товушлар давом этди. Худди шу минг кишидан она-оталари, қариндош-уруғлари абадий ажралғандай кўринади.
Туркистондан биринчи галда мардикорликка жўнатиш учун белгиланган кишилар билан хайрлашмак учун келган оға-инилар, дўст-биродарлар кечалаб бўлса ҳам казарма атрофида ётиб қолдилар. Жўнагувчилар бир томондан бўлса, жўнатувчилар иккинчи томондан бўлиб, ойдин кечада суҳбатлашиб ўтган кунларни эслашиб узун кечани қисқартадирлар.
Иккинчи кун мардикорга кетиш учун йиғилғанларни жўнатадирған кун. Тошкантнинг аскар жўнатадирған (военний) истансаси кенг майдон. Шунга қора чарм тужурка ва шундай шим кийган бир минг ўзбек йигитлари «подшоҳи аъзамга» бағишланган ашулалар, дуойи-фотиҳалар, хайрлашувлар, йиғи-сиғилар билан узатиб келинади.
Кенг майдон иккига бўлинади. Бир томонда хайрлашувчилар хотин-халаж, бола-чақа, чолу мўйсафидлар. Иккинчи томонда қаерга боришини билмай, юраклари пўкиллаган, чеҳралари мотамли минглаб кишилар. Ўртада милтиқли бир қанча солдатлар. Кетувчилар бутун пилотпурма бўйида иккитадан аскар каби қатор қилиниб қўядирлар. Ҳар қайси юз кишининг олдида бошлиғи юзбоши. «Ундай тур, мундай қил», деган бўлиб билар-билмас тартиб киритган бўладилар. Мингбошимиз қайдадир қолған. Нима учундир уч рангли байроғ билан мен шўппайиб олдинға чиқиб қолдим.
Гинирол Курапаткин вабир қанча шолоб-шулоблилар мардикорлар билан саломлашиб келдилар-да, мардикорлар сафининг олдида турған менга яқин келиб гинирол Курапаткин алланималар сўзлайди. Курапаткининг тўхташига сабаб ҳам, мени мардикорлар бошлиғи Мусахонуф деб ўйлағонлиғидан экан.
Аввал сизлаб сўзлашиб турған губирнатур «жаноблари» менинг оддий мардикорлардан бўлғанлиғимни тушиниб санлашга бошлади ҳам:
— Мардикорлар бу ёққа (ота-оналариға бўлса керак) хат ёзғанларида аҳвол яхши деб ёзсинлар,—деган насиҳатни қилди.
Мардикорлар билан саломлашқандан сўнг расмий қисм тугади. Подшоҳ томонидан юборилған губирнатур жанобларининг кетатурған минглаб кишиларға қилған илтифоти фақат «издирасти»дан иборат бўлди.
Гинирол-губирнатур жанобларини кузатгандан кейин турончиларнинг ўз кишилари саналған Мусахонуф билан хайрлашмак учун у замоннинг бир қанча «оталари» вагун олдига йиғиладурлар.
Шу вақтда мардикорлар учун белгиланган қизил вагунлар кетувчилар билан тўла бошлайди.
Мунаввар Қорийнинг қўлида бир қўлёзма — Қуръон. Атрофини ўраб олган ўз кишилари орасида туриб Мусахонуфга қараб айтган нутқида Мусахонуфнинг Туркистон йигитларидан 1000 кишига бошлиқ — мингбоши этиб тайинланганлиги, ватан олдида каттакон хизмат йўқланганлиги, шу хизматини яхшилаб тугатишини сўзлаб ўтади ҳам қўлидаги Қуръонни шунга далил бўлсин, деб тақдим қилади. Мусахонуф Қуръонни қўлига олиб ўпади.
Мунаввар Қорий менга нимадир демакчи бўлади. Лекин кимнингдир туртиб қўйиши орқасида оғзи очилғанича сўзсиз қола беради. Менинг у вақтда турончиларға муносабатим бўлмағанлиғи бунга сабаблардан бири бўлса ҳам ажаб эмас.
Биз Тошкантдан жўнадик, кузатиб қолғувчилар, йиғи-сиғилар сонсиз-саноқсиз эди. Йўл бўйидаги одамлар бир неча истансагача узатиш учун чизилган одамлар бир қанчалаб эди… Йўл-йўлдаги Туркистондан жўнаб турған бир партия мардикорларни қарши олиш, нутқ сўзлашлар бўлади.
27 кун йўл юрғандан кейин, Маскав, ҳозирги Октябрь темир йўлидан (Маскав-Ленинград темир йўли) ўтиб, Пискув томонига йўл солдиқ ва уч кунда Пискувга бориб етдик. Истансада бизни аскарий бошлиқлар ва бир қанча томошабинлар қарши оладирлар. Аскарий бошлиқлар ичида ғарб фронтининг бошлиғи гинирол Руцкий ҳам бор эди. Биз мардикорларнинг ҳолимиз қизиқ эди. Сабаби, бизлар на аскар ва на маълум ҳарбий бир интизомда эдик. Шунинг учун аскарий бошлиқлар билан қандай муомала қилишни билмас эдик. Шундай бўлса ҳам аскарлар каби сафланиб туриш, чист беришларга мажбур эдик. Мингбошимиздан тортиб, пастки бошлиқларимизға қадар бундай вақтда ҳеч қандай рўл ўйнамаслиқлари табиий эди.
Бизнинг бошлиғимиз саналған ва бизни олиб бориб фронтға яқин жойда аскарий ишга ташлаб кетиш учун Тошкентдин Жўрабек деган гинирол тайинланган эди. (Ҳозирда ҳам тирик ва Тошкент атрофида туради). Пискув вокзалидан туширғандан кейин, бизни подадек қилиб ҳайдаб Пискувнинг машҳур турмасига ўринлашдирдилар. Нима учундир, турманинг энг катта биноси бўш бўлған ва бизларни шу жойда калантарак (карантина) қилиш керак экан.
Бу турма ўзининг баҳайбатлиги билан биринчи кирган кишини қўрқитар эди… Икки-уч кун туришнинг ўзи ҳам ҳар бир кишини аллақандай ваҳима ва хавотирга солар эди. Шу турма ичида уч кеча ўтказиш бизларга ёмон таъсир қилди. Сўнган руҳ, бузилған чеҳрани яна оғирлашдирди. Бизларни бу турмаға ўринлашдирғанларининг сабабини кейинроқ суриштирсак:
— Бу турмани кўриб қўйинг, жиноятчиларни совитадирған ердир, — дегандек имо қилинди.
ҚИЛҒАН ИШИМИЗ
Бизларни шунча кунлар судраб юриб, ниҳоят Пискув билан Рига ўртасида бўлған латишлар қишлоқлари(га олиб келган) эди. Пискувдан шу ерга қадар темир йўл бўлиб, бундан Ригағача ҳарбий йўл солиш ва бу йўлни жуда ҳам тезликда битириш керак эди. Сабабки, Ригада Русия аскарининг ҳоли ёмон бир фронт берилиб, иккинчи ерга кўчишлар давом этган ва қурол ҳам асбоблар етишмаган давр экан. Шунинг учун ҳар қайсимизни ишга ҳайдаб чиқариш, сувиқларға ўрганмаганларнинг ҳоли, аҳволи билан санашмасдан, эртадан кечга қадар ишлатиш, чарчаб-ҳориб дам олишқа ўлтиришни ўйлаған ҳар бир мардикорни солдот милтиғи билан уриб ишга солиш ва ҳақаротлар узилмасдан давом этди.
Қиладирған ишимиз бўлса, музлаган ерни бориб очиш ва шуларни иккинчи томонга кўчириш учун вагунларға юклаш, 15—20 лаб вагунлар лиқ тўлдирилғандан кейин йўл солинмақда бўлған жойға олиб бориб келтириш эди.
Шул минг кишиға қилинган ҳаракат олти ой ичида ўша вақтнинг пули билан 200-250 минг сўмға етди. Берилган овқат, турадирған жойлар бу ҳисобға кирмас эди. Бир шаҳардан иккинчи кўчиришларни, устимизға қўйилған бошлиқлар (мингбоши, юзбошилардан ташқари) учун сарф қилинған пулларни ва бошқаларни қилған ишларимиз билан солишдириб кўрганимизда Русия хазинасиға фойдамиздан кўра зараримиз кўпроқ эди…
Иш даврида Тошкантдан тайин этилган мингбоши, юзбоши, мирзабошиларнинг рўли тўққиз пуллик эди. Сабабки, булардан бошқа тайин этилган аскарий бошлиқлар бор эди. Шунинг учун маҳаллий халқдан бўлған бошлиқларнинг аҳамияти қолмади. Юзбоши ва бошқалар ҳам мардикорлар билан биргалашиб ишлашга мажбур эдилар. Шунинг орқасида турончилар томонидан ишонилиб белгиланған Мусахонуф касал бўлиб кетишга ва ишчилар турончиларнинг бошлиғисиз қолишқа мажбур бўлған эдилар.
Оғир кунлар, қаҳратон қишларға ўрганмаган ҳолда солдотларнинг милтиқлари зарби остида ишлашға тўғри келди.
… Бутун Русияда яшағанлар учун бўлған эркинчилик хабари бизларға ҳам бориб етди. Атрофда бўлған қўзғалишлар, намойишлар, оғиздан оғизға ўтган хабарлар бизларни ҳам шодландирди, бизларни қўзғатди.
Мардикорлар ичидан бир нечаларини (аскарий бошлиқлардан сўрамасдан) Питроградға юбориб, хизматда бўлған мардикорларни бўшатишқа ҳаракат қилишға ният қилинди. У вақт Никалай иккинчи Пискуф истансасида подшоҳлиқдан воз кечган кун. Питроградда феврол инқилобининг қизиған вақти эди.
Питроградда қозоқ-қирғиз мардикорларидан ҳам вакил келған экан. Биргалашиб, маслаҳат қилиб Муваққат ҳукуматнинг ҳарбий министириға учрашни тиласак ҳам бу масала ҳақида нима учундир ер ишлари министири Шингаруф(га) боришни маслаҳат бердилар.
Шу министирни кўриш учун бир неча кун овора бўлсақ-да, кўра олмадиқ ва маҳкама бошлиқлари мақсадимизни сўраб олиб бир неча кундан сўнг жавоб олиш учун келишга қўшдилар. Қирғиз, қозоқ мардикорларидан вакил бўлиб келганлар қайтишқа мажбур бўлдилар. 4-куни Туркистондан мардикорликка олинганларнинг қайтишиға рухсат бўлди.
Тартибсиз сувратда ҳар ким ўз бошича қайтиш, элига йўл солишда давом этди.
«Ер юзи» журналининг 1928 йил 1-сонидан Тешабой Зиёев нашрга тайёрлаган