Эркин Норсафар. Оқ ёмғир (ҳикоя)

…Ёруғликдан иборат поёни йўқ макон. Ўзга ҳеч нарса… фақат… Ёруғлик…
Оқ яктак, оқ иштончада ўғли кўриниш берди. Бутун вужудидан илоҳий бир нур, ажиб майин шуур таралиб турарди. Вужудидан таралаётган ёруғлик ва шуурдан оппоқ эгни-боши оҳиста тебраниб турибди, шу онда беҳад муаттар бир бўй таралдики…
«Дада! Мен… кетяпман…»
У уйқудан уйғонганда субҳидам, ним қоронғулик тарқаб улгурмаган эди. Деразани очиши билан, салқин ҳаво оқими дим хонага ёпирилиб кириб, вужудига ёқимли тароват, руҳига эса ором бағишлади. Чуқур-чуқур нафас олар экан, дилига хиралик, руҳига безовталик индирган туш ҳам тарқагандек бўлди.
Шифокор ҳузурига 32-35 ёшлар атрофидаги эркак ва жувон чамаси 2,5-3 ёшлар атрофидаги рангпар, чиройликкина болани етаклаб келишди. Онасининг қўлидан маҳкам тутиб олган болакайнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳатто атрофга қўрқувдан олазарак боқишлари ҳам ўзига ярашиб турарди. Ота-онаси эса жуда ташвишнок кўринар: уларни бу ерга катта бир дард, умид ва илинж бошлаб келгани юз-кўзларидан шундоққина билиниб турарди.
Эркак узун бўйли, яғриндор бўлиб, туришида ўзгача бир кибр, мағрурлик мужассам эди. Ўрта бўйли, қошларининг ораси очиқ, катта ботиқ кўзли, юпқа лабли жувон эса бутунлигича эгни бошини қамраган сариқ либосда эди.
…Улар кириб келишган вақтда шифокор эшикка орқа ўгирган кўйи, деразадан ташқарига тикилиб турарди. Бир-бирини қисимлаб турган панжалари тинимсиз очилиб-ёпилишидан ни­мадандир изтиробда кўринади. Стол ёнида эса ҳам­шира қиз энгашган кўйи қоғоз қораларди.
– Марҳамат, ўтирингизлар. Ҳамшира, сиз болани олиб кетинг, – деди шифокор.
Ҳамшира нигоҳларига қўрқув ва савол муҳрланган болани етаклаб хонани тарк этгач, шифокор ота-онага юзланди.
Унинг хатти-ҳаракатидан гапни нимадан бошлашни билмай қийналаётганлиги кўриниб турарди. Бу нарса жувоннинг диққатини, эркакнинг эса хавотирини оширди.
– Ҳм… Хўш… нима десам экан… Хуллас, улар қўй­ган ташхис тўғри бўлиб чиқди.
– А? – аёл ўрнидан ярим туриб, ҳолсизланиб ўтириб қолди. Эркак бошини хам қилди.
– Дард… ўтиб кетибди, – шифокор сўзида давом этди. – Тўғри, бу гапни ҳалироқ айтсам ҳам, бирор нарса деб умидлантирсам ҳам бўларди, аммо буни… хуллас, – шифокор кўзларини дераза томон олиб қочиб чуқур нафас олди,– болангизнинг куни эмас, ҳатто… соатлари ҳам саноқли.
– Нима дедингиз? – эркак ўрнидан туриб кетди. Унинг ранги ўзгарган, чуқур-чуқур нафас олар, лаблари гезариб, енгил титраб турарди. Жувон бошини столга қўйганича ўкириб йиғлаб юборди.
– Бу ёғига биз ожизмиз. Фақат… фақат бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Болангиз эртага эрталабгача, яъни тонг отгунча яшай олса, у жуда узоқ яшайди.
– Худойим, Худойжоним! – жувон муштдек бўлиб қолди.
– Камроқ юргизинг, тез толиқиб қолади. Мас­ла­ҳатим, сизлар учун қанчалик оғир бўлса-да, бола билан кунни жуда қувноқ ўтказинг. Бу кун сизлар учун бир умр­лик хотира бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Шифокор хонасидан эркак жувонни суяб чиқди.
– Аямга нима қилди? – бола югуриб келди.
– Доктор унга укол қилди, – деди эркак.
– Оғрияптими? Жуда қаттиқ оғрияптими?
Жувон бу гапдан сўнг болани маҳкам қучганича ўкириб йиғлаб юборди. Эркак эса лабини тишлаганича гоҳ ерга қарар, депсинар, гоҳо чуқур нафас олиб кифтига йўталиб қўярди. Айтарли безовта бўлганини сездирмасди. У жувоннинг билагидан меҳр билан тутиб, ўғлини кўтариб олар экан, бўйнидан тўйиб-тўйиб ҳидлади.
– Юринглар, бир айланиб келамиз. Ҳавони қа­ранглар, қандай яхши!
Ўйингоҳга, ундан чиқиб ҳайвонот боғига киришди. Хиёбонни айланган бўлишди. Бола шодон кулар, эркак у билан овунган, жувон эса хомуш эди.
«Ахир қандай ҳам қувнаб ўйнасин, яйрасин?! Жонидан азиз бўлган жигарпораси, умрининг мазмуни шундоққина кўз ўнгида шамдек сўнаётган бир лаҳзада-я! Унинг беғубор кулишларини, яйрашини қара. Наҳот, бу кулгу, бу табассум, бу лаҳзалар омонат?! Наҳот, жажжи одимчалари, тапиллаётган оёқ кийи­мининг шовқини омонат? Бу кун, бу дам, бу лаҳзалар наҳот ҳеч қачон қайтиб келмаса? Наҳот, унинг боласи энди ҳеч қачон бу қуёшни кўрмаса, ёқимли шаббодани туймаса? Ҳеч қачон чопқиллаб юролмаса, уларга эркалана олмаса? Наҳот, унинг эркаланишларини, хархашаларини кўрмаса, қийқиришларини, беғубор кулгуларини эшитмаса?! Ахир, ахир бу – даҳшат эмасми? Йўқ, бу ҳаёт эмас, бундай бўлмайди. У ҳам ўлади! Ўғли билан қўшилиб ўлади, бу ерда бир кун, бир лаҳза ҳам қолмайди!»
– Ая, нимага йиғлаяпсиз? Ҳали ҳам укол қилган жойи оғрияптими? – сўради ўғли рўпарасига келиб. Жувон бола қаршисида тиззаланди. Маҳкам қучиб, бўйнидан, юз-кўзидан тўйиб-тўйиб ўпиб, ҳид­лади.
– Йўқ, болам, – деди хирқироқ ва жуда шикас­та овозда жувон. – Бошим қаттиқ оғрияпти, шунга йиғладим.
Бола онасининг чаккаларидан жажжи қўлчалари билан ушлаб кўзларига термулди. Унинг қўлчаларидан таралаётган ҳароратнинг, ёқимли илиқликнинг тафти шу қадар кучли эдики, жувоннинг бутун жисмини ўт қамраб олгандек бўлди.
Боланинг маъно илғамоқчи бўлгандек қаттиқ тикилган беғубор кўзларида олам-олам меҳр, покиза туйғулар жилваланарди. Жувоннинг кўзларидан шашқатор ёш қуйила бошлади. Дили ўртанди:
«Эй Худо! Наҳот, боламнинг шу беғубор кўзларига қайта термулиш менга насиб этмаса? Наҳот, унинг мана шу қўлчалари тафтини қайта ҳис этмасам? Менга тириклик, ҳаётимга мазмун бахшида этиб турган ришта – болам эмасми?»
– Ҳозир мен сизни ўпаман, тузалиб кетасиз, – деди бола ва онасининг юзларидан ўпиб-ўпиб олди. Унинг ўпичлари шу қадар қайноқ эдики, жувоннинг яноқлари куйиб кетди. Кўз ёшлари яна қайнаб чиқа бошлади.
“Эҳ, болажон, болажон, қани, шу бўсалар одамзотга бахт, ҳаётига мазмун бағишлай олса! Қани, шу бўсалар барча оғриқларни, изтироб-у аламларни ювиб кета олса! Дунёни бўсаларга тўлдирмасмидик!”
– Энди оғримаяптими? – деб сўради бола.
– Йўқ. Оғримаяпти, болам.
Эркак эса қўлларини чўнтагига тиқиб олганича, нимадандир тоқатсизлангандек тез-тез депсиниб, кўкка қараб қўяр, атрофни кўздан кечирарди. Унинг юз-кўзида ҳеч қандай изтироб ифодаси сезилмас, аксинча, жуда хотиржам кўринарди.
– «Бу қандай одам ўзи?» – ўйлади жувон. – «Боласи яна бир неча соатда жон берса-ю, унинг бепарволигини. Одам ҳам шу қадар тошбағир, бемеҳр бўладими? Наҳот, шундай одам билан яшаб келаётган бўлсам? Ўз боласига, бағридан юлинаётган жигарига ачинмаган, кўз ёш қилмаган одам – инсонми? Отами?»
Жувон беихтиёр эридан нафратланиб кетди.
– Кетдик, азизам. Бирор ошхонага бориб ов­қат­ланиб оламиз, ўғлимизнинг ҳам қорни очиқ­қандир, – дея эркак болани кўтариб олди-да, хотинининг билагига қўл узатди.
Худди илон чирмашаётгандек жирканиш ва наф­рат билан қўлини олиб қочаётган жувон эрига ижир­ғаниб қаради. Эркак унинг юзидаги ифодадан кўнг­лидан кечган гапларни ўқигандек бўлди. Вазиятни тўғри баҳолаб, жилмайиб қўя қолди.
Ресторанда ҳам жувоннинг қовоғи очилмади. Эри бўлса, бола билан ўйнар, қаҳ-қаҳ отиб куларди.
– Ярамас, артист. Бу кунингиздан кўра ўлганингиз яхши! – деди жувон шундай лаҳзаларнинг бирида наф­ратини яшира олмай.
Эркак бошига калтак теккандек, бир лаҳза гангиб, жувонга бақрайиб қолди. Ниманидир ўйлади чоғи, бошини хам қилди. Сўнгра, бирдан чеҳраси очилиб, қаҳ-қаҳ отиб кулди-да, уларнинг ўртасидаги муносабатдан ҳайрон бўлиб, ҳадик билан кузатаётган ўғлини кўтариб олди.
– Юринглар, ўйинчоқ дўконларини айланамиз. Яхши ўйинчоқлар оламиз!
Бутун кунни ота-бола ўйин билан, жувон эса кўз ёши билан, нафратини эридан яширмай, очиқча қарғаш билан ўтказди. Эркак буларга эътибор бермас, хотинининг нафратини, суяк-суягига ботиб бораётган ҳақоратларини табассум билан, гоҳо эса унинг сабрини синамоқчи бўлгандек қаҳ-қаҳа билан қарши оларди.
Улар гўё мушук-сичқон ўйнаётгандек эди. Бу ўйиннинг замирида эса, қарталарни сузаётган қисмат эркак ва аёл ўртасидаги меҳр-оқибат ва ирода-матонатни синовдан ўтказаётган эди.
– Сиз ўзи артист бўлишингиз керак экан. Эртага, – жувон шу жумлани айтиши билан ниманидир эслади чоғи, бир қалқиб олди-да, ранги ўзгарди… – Сиз билан ажрашаман. Энди артистлигингиз менга ўтмайди, бугун кимлигингиз билинди. Пасткаш…
– Дада! Эртага ҳам айлантиргани олиб чиқасизми?
– Ҳа, ўғлим! Худо хоҳласа, эртага ҳам, индин ҳам, ҳар куни айлантиргани олиб чиқаман!
– Болани алдаманг! Унинг ҳам ўзингизга ўхшаган субутсиз бўлишини истайсизми?
– Азизам…
– Тупурдим ҳаммасига!
Жувоннинг важоҳати жуда ёмон эди. Шу тобда унинг ҳар қандай шарм-ҳаёни, уят ва ибони йиғиштириб қўйишига шубҳа қилмаса ҳам бўларди…
Кеч киргач, меҳмонхонага келиб жойлашишди. Болани ўрнига ётқизишгач, аёл бош, эркак эса оёқ томонидан жой олди.
Жувон ҳам, эркак ҳам шу тобда муштдек бўлиб қолганди. Уларнинг сукутга тўла бу туришида қисмат ҳукмига, тобелик аломатлари мужассам эди.
Бола отасига қараб илжайди, ётган кўйи қучоғини кенг очди.
Отанинг меҳри ийиб кетди. Бу унинг хатти-ҳа­ра­катида, ўзини тутишида яққол билинди. Оҳиста ўғ­лини бағрига босар экан, ўз навбатида ўғли ҳам отаси бўйнидан маҳкам қучди. Бу шундай улуғ лаҳзалар эдики, бу манзарани кузатиб турган малак­лар ҳам булут сийратида фалакдан кўз ёш тўкаётган бўлса ажаб эмас. Ҳа, дарҳақиқат, не ажабки, таш­қарида ёмғир ҳам шитирлаб ёға бошлаганди. Бу олам мўъжизаларга бой, аммо ҳеч бир мўъжиза улкан қоянинг нозик ниҳол узра меҳр билан энгашгани каби улуғвор гўзаллик, фусункор ва оқибатли манзарани содир эта олмайди. Ота-боланинг кўриниши ушбу бетак­рор манзарани касб этган эди. Бунда туғёнлар; бири руҳини толиқтираётган ором илинжида, иккинчиси йўқотажак ором ва руҳидаги туғилган бесаранжомлик оғушида.
Ўғлининг митти вужудини қучиб ўтираркан, ота бўғинлари бўшашиб, қандайдир бошқача бўлаётганини англади. Ич-ичидан бир нарса «чирс» этиб, кўнгли бузилди. Хаёлида тойгандек бўлди, ё қандайдир улуғ бир туйғу чекингандек.
– Юзсиз, артист…
– Дада! Сизни яхши кўраман!!!
– Во-о-оҳ!!!
Шуниси бўлмади! Ҳа, шуниси бўлмади. Матонатнинг зўри билан йиллар давомида базўр тутиб келинаётган алам, изтироб ва ўкинчлар вулқон бўлиб портлади. Шундай қудратли вулқонни жиловлаб турган ор-номус, шарм, ғурурни жигарбандининг бир оғиз сўзи парчалаб юборганди. Эркак шаҳд билан бош кўтарди. Ён-атрофга томчилар сачради. Ўғлини ҳайратда қол­дириб, қучоғидан юлқиниб чиқди-да, ўгирилиб, ўзини эшик томон отар экан базўр бўғиқ, алам ўртаб кетган овозда «Газ!» деди. Ҳиссиётдан устун бўлган ақл ҳали буткул тизгиндан чиқмаган, кўз ёшларини ўғли ва хотинига кўрсатмасликни истаб қўшни хонага чиқиш учун газни баҳона қилмоқчи бўлганди. Аммо сўнгги лаҳ­заларда ҳиссиёт устун келиб, оқсай бошлаган идроки бу ер уйи эмас, меҳмонхона эканлигини унутган эди. Аслида у ҳам инсон, у ҳам ожиз бир банда эди.
Эшикка юзланган эркакнинг юзи таниб бўлмас даражада, худди сув тўлдирилган пуфак сингари бўғ­риқиб кетган, ҳасрат ва аламга тўла кўзларидан ёш томчиларди.
Эркак талмовсираб, худди ўт кетгандек шошар, аслида эса, худди узоқ йиллик хасталикдан яқиндагина оёққа тургандек бир тарзда судралган кўйи хонани тарк этди. Ваннахонада нимадир «гурс» этди. Жувон ниманидир англагандек, бўлди. Эри ортидан ваннахонага ўтди.
Эркак овозини чиқармаслик учун катта сочиқни тишлаб олган, ер билан битта бўлиб ётарди. Катта-катта очилган, косасига сиғмаётган кўзларидан ёш тинмай қуйиларди. Жувон эрини ҳеч қачон бу қадар афгор ҳолда кўрмаган эди.
Шунда жувон уни тушунгандай бўлди. Қаршисида ер билан битта бўлиб ётган ўша «Ярамас!», ўша «Пасткаш, артист» ҳам бир олийжаноб, сабр-матонатли, саботли инсон эканлигини, ундаги қалб, меҳр-мурувват ўзиникидан минг чандон ортиқ эканлигини англади. Бирор сабабсиз, уни тушунмасдан заҳрини сочганлигини, эрига айни ўша лаҳзаларда қанча оғир бўлганлигини шу он англади-ю, кўксида шундай бир аламли, чидаб бўлмас оғриқ турдики, оёғидан мадор қочиб, эшик кесакисига суянган кўйи беҳол ўтириб қолди. Ахир, отаси ҳам… Наҳот, эркакнинг меҳри ташида эмас, ичида бўлишлигини, бурч, сабот-матонат каби туйғулар билан ҳисларини пинҳон тутишини унутган бўлса?!
Ниҳоят, ўғли ёлғиз қолганини англаб, амаллаб куч топиб ўрнидан турди-да, хонага кирди. Бола эшикка термулиб ётарди.
«Наҳот, шу меҳрибон ва азиз, қадрдон нигоҳлар тупроқ билан қорилса?! Наҳот шу нигоҳлар уни тупроқ тагида ҳам худди шундай интизорлик билан кутиб ётса?! Ахир, ахир, бу даҳшат эмасми бундан-да оғир қисмат, кўргилик бормикан?!»
Жувон ўғлининг қўлини ўпиб, кўз ёшлари билан юва бошлади. Унинг қўлчалари иссиқ ва юмшоқ эди. Кўп ўйнаб толиққанидан бўлса керак, болани ширин уйқу элитди. Боланинг юзига термулсанг, Аллоҳнинг сийратини кўрасан, дейишади. Унинг юзида чиндан ҳам ўзгача бир илоҳий мунавварлик жилваланарди.
У эса ўғлининг ухлашини истамасди… У ўғлини уйқудан қизғонди, худди ҳозир ухласа…
Хона эшиги оҳиста очилиб, эркак кириб келди. У бундан бир неча дақиқа илгаридек адл қоматли, куч-қувватга тўла эркак эмас, пажмурда ва нотавон қиёфада эди. Бор-йўғи бир неча дақиқа ичида чакка сочларига оқ оралабди! Ерга телбанамо қадалган нигоҳларида аввалги ўктамлик, шижоатдан асар ҳам йўқ. Жувон эри қаршисида тиз чўкди, оёқларидан қучган кўйи сассиз йиғлаб юборди. Кўз ёшлари дарё бўлиб оқди. Сел бўлиб оқди. Нозик елкалари силкиниб-силкиниб кетди. Эркакда эса, қувват қолмаганди. Базўр оёқда турар, шашқатор ёш тўкаётган кўзлари ҳануз бир нуқтага маъносиз термулганича қотган эди.
– Кечиринг мени. Мен кўрнамак, нодонни, тентакни кечиринг, бегим…
Эркак титраётган қўллари билан хотинининг елкасидан тутиб ўрнидан турғазди, бир сўз демай қучоғига олди. Шу тахлит улар бир муддат туриб қолишди.
Эр уйқудаги ўғлининг бош томонидан, жувон эса оёқ томонидан жой олишди. Бутун тун бўйи мижжа қоқишмади. Ўғилларининг тобора гулгун яшнаб бораётган чеҳрасидан кўзларини узишмасди. Боланинг чеҳраси зулмат қўйнини ёритиб турган илоҳий гулга ўхшарди.
Ўша тун гувоҳ бўлди, одамнинг кўзларига бутун бошли денгизнинг шўр сувлари ҳам жо бўлишига. Ўша тун билди, инсоний қалбнинг шижоати, оқибатини. Ўша тун синалди одамзотнинг сабри-матонати…
Соат миллари имилларди. Юраклар умидвор шошарди. Сассиз хонани ҳамоҳанг юракларнинг тепиши тутиб кетганди. Гупира-гупира, гуп-гуп…
Тунги уч. тўрт… Бола бир маромда нафас оларди. Эр-хотин бир-бирига умидвор тикилди. Боланинг қорачиқларида қандайдир бир учқун йилтиллади. Соат тўрт ярим… бола хириллаб нафас ола бошлади. Ота-она таҳликада, юзларини бола юзига теккизгудек алфозда қимир этмай ўтиришар, кўзларини ундан узишмас, бири тинимсиз йиғлар, бири эса карахт эди.
Соат бешдан ўтавериб, боланинг нафас олиши равонлашгандек бўлди. Ота-она енгил тин олишди, аммо яна… унинг нафас олиши гоҳ равонлашар, гоҳида эса секинлашиб-билинмай ҳам қоларди.
Эр-хотин ҳар лаҳзада яшаришар, қартайишарди. Тонг отишига эса яна ярим соат, ҳа, ярим соатгина қол­ганди. Яна ярим соатгина бардош берса, тонг отади…
Ташқарида эса, гоҳ отанинг кўз ёшларидек шиддатли, аччиқ, гоҳо эса онанинг кўз ёшларидек ма­йин, мулойим ва таскинли ёмғир ёғарди. Ёриша бошлаётган осмон сатҳида эса увада булутлар мақсадсиз кезиб юришарди. Ўша тонгнинг ёмғирлари ҳар доимгидан бошқачароқ, кўнгил кўз ёшлари каби оппоқ эди…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.