Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи правлениесининг пленуми ҳақида ҳисобот
Газетанинг ўтган сонида хабар қилганимиздек, шу йилнинг 12 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи правлениесининг «Қайта қуриш ва Ўзбекистонда ҳозирги адабий жараён» муаммоларига бағишланган пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда Ўзбекистон КП Марказий Комитетининг секретари М. Ҳ. Холмуҳамедов нутқ сўзлади.
Яқин-яқинларда ҳам кишилар йиғинларга расмий зарурат учунгина, худди «бўйнидан бойлагандай», чапак чалиш учунгина келишар эдилар. Мажлисларда бўладиган гапларни улар олдиндан билишар, йил бошида ёзилган битта нутқ йил охиригача бўладиган йиғинларда такрорлаш учун кифоя қиларди. Қайта куриш кишилар зиммасидаги расмий заруратни ҳам, бўйнидаги арқонни ҳам олиб ташлади.
Эндиликда, одамларнинг ўзлари мажлис қидиришмоқда… Бундай мажлисларда айтилаётган гапларнинг янгилиги, фикрларнинг кескинлиги, мунозаралар, баҳсларнинг оташинлиги кишининг хаёлини чархлайди, ўйлантиради. Баъзан бир томонлама, эҳтирослар оғушидаги гап-сўзлардан ҳам дунёнинг аччиқ-чучугини тушуниб етган одам ўзича маъқул хулоса чиқариб олади.
Бугунги йиғинларга бўлган интилиш шунчаки ҳавас эмас, ҳаётий заруратдир Ҳаётнинг ўзи кишиларни ўйлашга, ҳаракат қилишга, воқеа-ҳодисалдрдан мантиқ излашга мажбур этмоқда. Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи правлениесининг навбатдаги пленуми жуда қизғин баҳслар, ўткир мунозаралар асосида бошлангани ҳам ёзувчилар ушбу пленумни жуда интиқлик билан кутишганидан далолат берди.
Пленумни Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи правлениесининг биринчи котиби Одил Ёқубов қисқача кириш сўзи билан очди.
— Бугун биз бу ерга республикамизда, умуман, Иттифоқда кечаётган қайта қуриш, демократиялаш, ошкораликнинг адабий жараёнга таъсири хусусида очиқ ойдин гаплашиб олиш учун тўпландик, — деди О. Ёқубов. — Ўйлайманки, мазкур пленум, бу ерда бўладиган гаплар ҳозирги адабий жараённи янада жонлантириш, республика ҳаётидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.
Пленум кун тартибига иккита муҳим масала қўйилган. Уларнинг биринчиси қайта қуриш ва Ўзбекистонда ҳозирги адабий жараён, иккинчиси ташкилий масала. Куни кеча Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида республика ёзувчилари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтганлигини сизлар биласизлар. Бундай учрашувлар кейинги йилларда анъана бўлиб қолди. Учрашувда жуда муҳим, жиддий масалалар хусусида гап кетди. Учрашувни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комктетининг биринчи секретари Р. Нишонов олиб борди. Ёзувчилар республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги етилган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапиришди. Адабий ҳаётимизга оид бир қатор масалалар хусусида ҳам келишиб олинди. Хусусан, «Ёзувчи» нашриётини ташкил этиш, адабиёт газетамизнинг ҳажмини ошириш, ёзувчиларнинг турмуш шароитларини яхшилаш каби масалалар ҳақида ҳам гап борди. Марказий Комитет бу масалаларни ўрганиш учун ташкилотларга топшириқлар берди.
Шундан кейин мажлис раиси республика Ёзувчилар союзи правлениесининг секретарлари Е. Березиков ва А. Орипов ижодий ишга ўтиш учун ариза берганликларини, бўлиб ўтган секретариат уларнинг аризаларини кўриб чиқишни племумга ҳавола этганлигини, пленум ана шу ўртоқлар ўрнига янги секретарлар сайлаши лозимлигини айтди. Ташкилий масала юзасидан мунозарали фикрлар билдирилди. Шу муносабат билан сўзга чиққан Исфандиёр, М. Қўшжонов, С. Азимов, Б. Бойқобилов, X. Тўхтабоев, Н. Худойберганов, Н. Қиличев, А. Аъзам ва бошқалар секретарликка номзодлар, Ёзувчилар союзи правлениеси секретариатининг фаолияти, кун тартибига қўйилган масалаларнмнг актуаллиги, масалаларни муҳокама этишда қизишмасдан, ҳар бир нарсани ўз номи билан атаб фикр юритиш лозимлиги хусусида фикр юритдилар. Секретарликка номзодлари қўйилган ёзувчилардан Хайриддин Султонов ва Михаил Гребенюк ўз номзодларини қайтариб олишди. Шундай қилиб узоқ баҳслар ва мунозаралардан сўнг қолган тўртта номзод орасидан Ёзувчилар Тоҳир Малик ва Николай Гацунаев яширин равишда берилган кўпчилик овоз билан Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи правлениесининг котиблигига сайландилар.
Пленум кун тартибндаги иккинчи масала юзасидаи республика Ёзувчилар союзи правлениесининг биринчи котиби Одил Ёқубов маъруза қилди.
— Кейинги, Ёзувчилар союзининг пленумлари оралиғидаги йил мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида ҳам, совет кишиларининг ижтимоий онгида ҳам катта ўзгаришлар даври бўлди, — деб таъкидлади маърузачи. — Жамият ҳаётидаги ўзгаришлар, қайта қуриш жараёнлари албатта ёзувчилар фаолиятида, союзимиз фаолиятида ҳам ўз аксини топди. Бизда ҳам янгиланиш томонига силжиш бўлди. Бироқ, қайта қуриш бизда силлиқ, камчиликлардан холи, ортиқча эҳтиросларсиз, айрим хатоларсиз кечяпти, деб айтсак нотўғри бўлур эди. Янглишишларнинг сабаблари нимада? Хусусан, мен ҳар ҳолда асосийси бўлмаса-да, лекин кўп нарсани англатувчи сабаблардан бирини — турғунлик даврида жуда узоқ сукут сақлаганимизда кўраман. Ҳаммамиз бўлмасак-да, лекин жуда кўпчилигимиз ўзимизни муросасоз тутдик. Баъзиларимиз эса «катта бошлиқлар» нимани айтишни буюришса, ўшани шунчаки такрорладик, холос. Қайта қуриш ва ошкоралик ёзувчиларни уйқудан уйғотган сарин сабо бўлди. Уйғониб қарасак, республика ачинарли ва қайғули аҳволга тушиб қолган экан. Дехқонларимизнинг оғир меҳнатдан ҳолдан тойганини кўрдик. Барбод бўлган иқтисодий ҳаётни яширувчи сохталикни, ўлка табиатига таҳдид солиб турган хавфни англадик. Кўрган кечирганларимиздан дахшатга тушдик. Кўпчилигимиз ёлғон шиорларга ишониб, қанчалик алданганимизни тушуниб етдик. Буларнинг ҳаммаси, баъзан, ёзувчиларнинг охирини ўйлаб кўрмай фикр айтишга ва ҳаракатлар қилишга ундади. Масалаларга чуқур ўйлаб ва асосли ёндашиш ҳам баъзан ортиқча шовқин-сурон боис эҳтирослар тўлқинига чўкиб кетаётгани, баҳсларнинг шунчаки ур-тўқмоққа айланиб қолаётгани ҳақида бизнинг номимизга билдирилаётган тўғри танқидни қабул қилишимиз керак. Бундай ҳол етилган муаммоларни осойишталик билан ва чуқур ўйлаб ҳал этилишига ёрдам бермаслигини биз яхши тушунамиз. Бироқ, шуни айтмоқчиманки, ёзувчиларнинг узоқ уйқудан уйғонганлигининг ўзи — қувончли ҳодиса. Бу — уларнинг инқилобий қайта қуриш жангчиларининг шубҳасиз, олдинги сафларида туришига ёрдам берувчи жараёндир.
Бизнинг назаримизда, ижодий зиёлиларнинг эндиликда тўла ростгўйликка интилаётганлари тушунарли. Улар, айтайлик, пахта яккаҳокимлиги, аёлларнинг оғир меҳнати, ўн йиллар мобайнида майиб этиб келинган ўзбек болаларининг аҳволи каби мураккаб, фожиали ҳодисалар ҳақида ҳақиқатни гапиришга уринмоқдалар. Ҳа, кўпчилик зийрак ёзувчилар тўпланиб қолган бу қийинчиликларни бир-икки йилнинг ичида бартараф этиб бўлмаслигини тушунишмоқда. Бунинг учун йиллар, кўп йиллик катта меҳнат, жамиятнинг барча ахлоқий ва маънавий кучларини жалб этиш зарур бўлади. Бироқ, бунга ўхшаш барча, «оғриқ»ларимиз ҳақида сукут сақлашнинг наинки иложи йўқ, балки, бундай йўл тутиш ахлоқсизлик бўлур эди. Баъзан шундай фикрларни ҳам эшитиб турибмиз: «Марказий журналлар ва адабий нашрларда айтилаётган фикрларга тақлид қилиш нимага керак? Биз, ахир, ювош-мўмин, меҳнаткаш халқмиз, бизга эҳтиросга берилиш ҳам, масалан, тилимизга давлат тили мақоми бериладими ёки йўқми, деганга ўхшаш баҳслар, тарихга, она халқимизнинг ўтмишини теран ўрганишга оид мунозаралар керак эмас. Буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлади». Бундай гапларни асосан марказий матбуотни ўқимайдиган, ошкоралик ва қайта қуриш туфайли ҳаётимизда юз бераётган янгиликларни кузатиб бормайдиган кишилар айтишмоқда. Биз Совет Социалистик Рвспубликаларининг ажралмас бир қисми бўлган ҳолда бу ерда кўзимизни юмиб, қулоғимизга пахта тиқиб ўтира олмаймиз ва бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Мамлакатда юз бераётган барча нарсалар биз истаймизми, йўқми, қатъий назар, қалбларимизда, онгимизда ўз акс-садосини топади. Тўғри партиявий йўлни ушлаш, Қорабоғда бўлган воқеаларга ўхшаш ҳодисалар юз беришига йўл қўймаслик масаласи бошқа гап. Бироқ, бу нарсага республика ҳаёти ҳақида рост гапни айтаётган ва айтишга ҳаракат қилаётган адабиёт ва санъат намояндаларининг танобини тортиб қўйиш республика матбуотимизда, айниқса, бу соҳада машҳур бўлган «Ташкентская правда» газетаси қилаётганидек, уларга турли ёрлиқлар ёпиштириш билан эришмаслик керак. Биз ўз номимизга билдирилаётган танқидий фикрларни зийраклик билан эшитамиз. Бироқ, биз, турғунлик йилларининг оғир оқибатларини, ундан кейинги дастлабки йилларда айрим раҳбарларнинг ҳаммаёқни бадастур кўриш, адабиёт намояндаларидан ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги буюк ғалабалар хусусида — фақат ҳамду саноларни эшитиш ҳақидаги орзуларини унутмаслигимиз керак. Абдуллаевачилик даврида ўшандай вазият, фақат бошқача рангларда тўла намоён бўлди. Маданиятга нисбатан яна декретлаштириш усули қўлланилди. Мажлисларда ўзбек тилида сўзлашни тақиқлашга, тарихий ўтмишга, халқнинг урф-одатларига нисбатан ўчиришга ҳаракат қилинди. Қадимги халқ меъморларининг ижоди миллатчилик сифатида талқин этилди. Йўқ, партиямиз ошкоралик ва демократиянинг буюк шиорларини бу учун эълон қилмаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар союзи мавжуд хатоликлар ва «чиқимнинг ўсишига» қарамай, кейинги йилларда ўз миссияси — халқ оммасининг ўй ва умид-орзуларини акс эттириш даражасига аста-секин кўтарилмоқда. Қайта қуришнинг ҳаётбахш шабадаси ёзувчиларни ўткир, ростгўй, жасоратли асарлар яратишга, гражданлик жасоратини намоён этувчи ҳаракатларга даъват этмоқда. Республика ёзувчилари долзарб муаммолар хусусида бор овозлари билан гапиришмаяпти, деган мишмишлар емирилмоқда. Ёзувчилар союзимиз ўз қобиғига ўралган, алоҳида, ички масалаларини ҳал қилиш билан ўралашиб қолган ташкилотдан қайта қуришнинг ҳақиқий жанговар марказига айланиб қолди.
Ёзувчилар жамият ҳаётининг барча соҳаларига тобора чуқурроқ кириб боришга, жамоат арбоблари, олимлар, мутахассислар, маданият соҳасининг барча ижодий ходимлари билан бирлашишга интилмоқдалар.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида яқинда бўлиб ўтган учрашувда бизга нисбатан жиддий танқид 6илан бир қаторда Ёзувчиларнинг экологик муаммолар, айниқса, Орол ва Бўстонлиқ бўйича чиқишлари, бу масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратганликлари тўғри ва ўз вақтида қарорлар қабул қилишга ёрдам берганини эшитиш бизни хушнуд этди. Оролни асраш бўйича комитет худди шу ёзуачилар ташкилотида туғилди. Камтарлик бўлмасада, айтиш керакки, КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Соввтининг Орол муаммоси бўйича махсус қарор қабул қилишида бизнинг ёзувчиларимизнинг ҳам ҳиссалари бор. Денгизимизни асраш учун курашаётган Тўлапберган Қайипберганов, Пирмат Шермуҳамедов, Ўрозбой Абдураҳмонов, Сарвар Азимов, Акромжон Аминов ва бошқалар сафида Сергей Татур, Юрий Ковалев, Константин Волков, Владимир Ковалев каби рус ёзувчиларининг ҳам борлиги бизни қувонтиради.
Республика ёзувчилари Ўзбекистон тарихидаги, адабиётимиз тарихидаги «оқ доғларни» йўқотишда актив иштирок этмоқдалар. Ёзувчиларимиз Сталин репрессиялари қурбонларига ёдгорлик тиклаш ишига қўшилдилар. 20—30-йиллар адабиёти вакиллари ижодий меросини ўрганиш бўйича катта ишлар қилинди. Чўлпон, Фитрат, Элбек, Усмон Носир, Сулаймон, Боту ва бошқаларнинг асарлари халққа қайтарилмоқда. Ошкоралик, аввало, ростгўйлик ва жасоратдир. Инқилобий қайта қуришга даъват этган партия «зарарли таъсирлардан» ҳеч қачон қўрқмайди. Чўлпоннинг «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилган «Кеча ва кундуз» романи адабиётимиз маънавий хазинасига қўшилган сезиларли ҳиссадир.
Жанговар ва тезкор адабий жанр – публицистикамиз ривожида муҳим силжишлар бўлди. Темур Пўлатов, Мурод Муҳаммад Дўст, Норбой Худойбергановнинг марказий матбуотдаги чиқишлари умумиттифоқ жамоатчилиги эътиборини жалб этди. Таниқли шоир Шукрулло ўзининг ёрқин асарларида салбий ҳодисаларнинг, тарихдаги «оқ доғ»ларнинг илдизларини чуқур тадқиқ этмоқда. Публицистларимиз ҳозирда жуда кенг миқёсли мавзуларда қалам тебратишмоқда. Маъруф Жалил, Аҳмад Аъзам ва Хуршид Дўстмуҳамедов — заҳарли кимёвий моддаларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақида, Муҳаммад Солиҳ ва Зоҳир Аълам пахта яккаҳокимлиги проблемаси ҳақида, Мурод Абдуллаев Сариосиё фожиаси тўғрисида, Исфандиёр, Ҳабибулло Олимжонов, Шомурод Сиддиқов ҳуқуқ масалалари хусусида, Озод Шарафиддинов, Дадахон Нурий, Юрий Ковалев, Ортиқбой Абдуллаев Бўстонлиқ муаммолари ҳақида, Ёқубжон Хўжамбердиев республикада соғлиқни сақлашнинг аҳволи, болалар ўлимини камайтириш масалалари тўғрисида ёзишмоқда. Мирза Кенжабоев ва Шодмонбек Отабоев маданият ва тил муаммоларига эътиборни қаратишмоқда. Садриддин Салимов, Неъмат Аминов, Мухтор Комилов тарихий ёдгорликларни асраш ҳақида қалам тебратишмоқда. Республикамиздаги кекса рус ёзувчиларидан бири Сергей Бринский меҳнат ресурслари, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш, кооператив ҳаракат мавзулари устида ишламоқда. Бироқ публицистларимиз олдида, ҳали катта вазифалар турибди. Ўзбекистон ҳали-ҳозирча фожиавий «рекордлар»га эга экан, болалар ўлими, атроф-муҳитнинг ифлослиги, турмуш даражасининг пастлиги жиҳатидан «биринчилар» сафида қолар экан, хотиржам бўлмаслик лозим.
Узоқ йиллар дунё юзини кўрмай ётган асарлар: Т. Қайипбергановнинг кўп планли «Кўз қорачиғи» романи, Т. Пўлатовнинг «Тарозий тошбақаси» ва «Денгиз кўчманчилари» асарлари чоп этилди. Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» деб номланган янги романида турғунлик йилларидаги салбий ҳодисалар даври манзаралари акс этади. Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор», Сергей Татурнинг «Вилоят», Нурали Қобулнинг «Унутилган соҳиллар», Олег Сидельниковнинг «Асрнинг таланиши» романларида маъмурий-буйруқбозлик услубининг емирилиши масалалари тадқиқ этилади. Омон Мухторнинг «Эгилган бош» ва Раул Мирҳайдаровнинг «Пиёда сайрлар» романлари уюшган жиноятчиликларни фош этишга бағишланган. Мирмуҳсин «Япроқлар ва илдизлар» романининг янги, тўлдирилган нусхасини нашр этди. Шукур Холмирзаев ўзининг «Йўловчи» романида Совет ҳокимиятини тиклаш йилларидаги ижтимоий жараёнларни ҳар томонлама англашга ҳаракат қилади. Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» ва Борис Боксернинг «Муқаддас қоровул» романларида Улуғ Ватан уруши мавзусига янгича қараш ўз аксини топган. Эмил Амитнинг «Сўнгги имконият» романида қримтатар халқининг тақдири ҳақида ростгўйлик билан ҳикоя қилинади. Ражаббой Ота Туркнинг «Нур Дарвозаси» қиссасида ҳозирги ўзбек қишлоғининг оғир ҳаёти тасвирланади. Учқун Назаров ўзининг «Чаён йили» романини Сталин репрессиялари фожиаларига бағишлаган. В. Александровнинг «Болаликнинг кўчалари» қиссаси ҳам шу мавзуда. Саъдулла Сиёевнинг «Аваз» ва Евгений Березиковнинг «Қизил Бухоро» тарихий романлари ўқувчининг мулкига айланди. Пиримқул Қодиров ўзининг янги «Авлодлар довони» романида кенг миқёсдаги тарихий полотно яратишда давом этади. Турли халқларнинг ўзаро чуқур маданий алоқалари ҳақида ҳикоя қилади. Бу асарга интернационализм ғояси чуқур сингдирилган. Жаҳондаги инсонпарвар кишиларнинг бир-бирларини тушунишларига хизмат қилади.
Уразақ Бекбаулов, Шовдирбой Сеитов, Абдулла Содиқов, Кенжабой Алламберганов, Мамбетали Каипов ва бошқа кўплаб қорақалпоқ ёзувчилари самарали ижод қилишмоқда. Ёш ёзувчи Ойгул Маматова ўзбек мактабларидаги проблемалар ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли романини Ёзувчилар союзига муҳокама учун топширди. Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Зоҳир Аълам, Ғаффор Ҳотамов, Хайриддин Султонов, Мамадали Маҳмудов, Эркин Аъзамов, Тоғай Мурод, Станислав Кулиш, Николай Гацунаев, Ибраим Паши, Леонид Шорохов, Юрий Слашинин ва бошқа кўплаб ёзувчиларимиз, деди нотиқ, кейинги йилларда замонавий ўткир, ёрқин асарлар яратдилар. Эркин Самандаров, Муҳаммад Али, Ўктам Ҳакимали янги романларига нуқта қўйишди. Шоир Барот Бойқобилов бўлиб ўтган холис ва жиддий муҳокамадан кейин Навоий ҳақидаги шеърий романини охирига етказмоқда.
Таниқли носирларимизнинг шу куннинг долзарб масалаларига, турғунлик ва шахсга сиғиниш даврига бағишланган бундай катта миқёсдаги асарлари ҳар жиҳатдан эътиборга лойиқ. Бу асарларнинг бутуниттифоқ китобхонига етиб боришини таъминлаш ҳам бизнинг бурчимиз. Айни пайтда, деб таъкидлади маърузачи, агар биз бу асарларнинг камчиликларини ҳам кўрсатиб ўтмасак, адолатсизлик бўлур эди. Назаримизда, кўпгина янги романларимиз учун республикада юз берган салбий ҳодисаларнинг барча зиддиятлари ва бир хил бўлмаган сабабларини чуқур тадқиқ этиш етишмайди. Айниқса, гап салбий қаҳрамонларни тасвирлаш масаласига бориб тақалар экан, айрим романларимиз бир қолипга тушиб қолгандай туюлади. Фақат бир «қора ранг» ёрдамида ёзилгандек таассурот қолдиради. Уларда образларнинг серқирралиги, ўша йиллар, айтиш керакки, бугунгн кун манзараларини яратишда ҳам ранг-баранглик, кенг қўламлилик етишмайди.
Бугунги кун шеърияти учун публицистик руҳ, ўткир ижтимоийлик хосдир, деб таъкидлади нотиқ. Шукрулло, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Жамол Камол, Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Ойдин Ҳожиева, Гулчеҳра Нуруллаева, Маъруф Жалил, Миразиз Аъзам, Чўлпон Эргаш, Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азимов, Хуршид Даврон, Собит Мадалиев, Шавкат Раҳмон, Абдулла Шер, Муҳаммад Али, Мирза Кенжабоев, Азим Суюн, Александр Файнберг, Владимир Лешченко, Йўлдош Эшбек, Тожиддин Сейтжонов, Тўлибой Қобулов, Тиловберган Жумамуродов, Пирлепес Тлаганов, Эргаш Муҳаммад, Шамси Аппазов ва бошқа кўплаб шоирларнинг янги асарларига гражданлик туйғуси сингдирилган. Шоирларнинг мазкур авлодини янги тўлқин, ҳаётга, шеъриятнинг халқ ҳаётида тутган аҳамиятига нисбатан ўз қарашлари билан адабиётга кириб келган авлод дейиш мумкин.
Достончиликда ҳам маълум ютуқлар қўлга киритилгани сезилади. Азим Суюннинг «Сарбадорлар» тарихий достони бугунги кунимизнинг инқилобий руҳи билан ҳамоҳанг. Қутлибека Раҳимбоеванинг «Қишнинг сўнгги кунлари» достони қишлоқ аёлининг тақдири ҳақида ростгўйлик билан ҳикоя қилади. Ибройим Юсуповнинг «Булбул уяси» ва Сирожиддин Саидовнинг «Тўполондарё билан видолашув» достонларида табиат муҳофазаси масалалари ўткир қўйилади. Катта ва адабиётга энди кириб келаётган янги авлод вакилларининг овозлари ҳамоҳанг бўлиб бормоқда. Масалан катта авлод вакиллари Рамз Бобожон ва Асқад Мухторнинг достон-монологлари ҳамда ёш шоир Равшан Файзнинг «Уйқудаги одам» достони ахлоқий масалаларга бағишланган. Абдулла Орипов бюрократияга қарши қаратилган янги «Ранжком» драматик достонини яратди. Муҳаммад Юсуфнинг «Ёшлик» журналида чоп этилган, шахсга сиғиниш даврига бағишланган «Қора қуёш» достони китобхонлар назарига тушди. Қримтатар шоири Шокир Салимов қайта қуриш мавзуида достон яратди. Бугунги Ўзбекистон шоирлари, қайси миллатга, қайси авлодга мансуб бўлишмасин, уларни бир нарса, аччиқ, лекин шифобахш ҳақиқатга интилиш бирлаштиради.
Драматургиямизда ҳам тубдан қайта қуриш шароитида айрим сифат ўзгаришлари сезилмоқда. Шукур Холмирзаевнинг Туркистонда Совет ҳукуматини ўрнатиш ҳақида ҳикоя қилувчи «Қора камар» драмаси «Ёш гвардия» театри томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинди. Шароф Бошбековнинг «Тақдир эшиги», «Темир хотин», «Эски шаҳар гаврошлари» пьесалари кўпгина театрларда қўйилмоқда. Тўра Мирзо ва Исфандиёрнинг асарлари бутуниттифоқ мукофотлари билан тақдирланди. Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Ўлмас Умарбеков, Асқад Мухтор, Шукрулло, Учқун Назаров, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Машраб Бобоев, Обид Юсупов, Арон Шаломаев пьесалари театрлар саҳналарида қўйилмоқда. Туроб Тўла, Муҳаммад Хайруллаев, Владимир Баграмов янги драматик асарлар ёзишмоқда. Анвар Обиджон, Ҳожиакбар Шайхов ва бошқаларнинг болалар учун ёзилган асарлари саҳнага қўйилмоқда. Бироқ, менингча, деб таъкидлади нотиқ, драматургиямиз ҳали-ҳозирча бор овози билан гапирмаяпти. Томошабинларимиз интиқлик билан кутаётган юксакликка кўтарилганича йўқ. Ҳали-ҳозирча Ёзувчилар ташкилоти билан Маданият министрлигини, республика театр арбоблари жамиятини бирлаштирувчи кўприк мустаҳкам эмас. Бунда, барчамизнинг ҳам айбимиз борга ўхшайди.
Эндиликда мамлакат келажаги бўлган ёш авлодга катта эътибор берилмоқда, деб давом этди нотиқ. Мактаб реформаси, ўқув программаларини қайта кўриш, ёш авлоднинг тарбияси ҳақида жонли баҳслар бормоқда. «Юлдузча» нашриётининг ташкил этилиши ўзбек болаларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан далолат беради. Худойберди Тўхтабоевнинг яқинда чоп этилган «Мунгли кўзлар» романи, Фарҳод Мусажонов, Сафар Барноев, Николай Красильниковларнинг қисса ва ҳикоялари, Аивар Обиджоннинг ҳажвий қисса, ҳикоя ва шеърлари, Қамбар Ўтаев, Раим Фарҳодий, Турсунбой Адашбоев, Рауф Толипов, Владимир Данько ва бошқаларчинг шеърлар тўпламлари ёш китобхонларнинг севимли асарлари бўлиб қолди. Болалар адабиётининг оқсоқоллари Ҳаким Назир, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин ва бошқалар фаол ижод қилишмоқда. Бироқ, қишлоқ болаларининг ижтимоий ҳаёти, мактаблар, уларнинг кундалик ташвиш ва қувончлари, муаммолари акс этган китобларнинг камлиги болалар адабиётининг кенириб бўлмас камчилигидир. Кўпгина китобларда чучмал насиҳатгўйлик, қайтариқ образлар устун туради.
Адабий танқид жанри сезиларли даражада жонланди, деб таъкидлади нотиқ. Мақтовдан иборат қасидагўйлик ўрнини асарларни хушёрлик билан, асосли таҳлил этиш эгалламоқда. Бу борада аввало, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Матёқуб Қўшжонов, Норбой Худойберганов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Ботир Норбоев, Юрий Мориц ва бошқа танқидчиларнинг мақолалари ўз услуби билан ажралиб туради. Раҳмон Қўчқор, Аҳмад Отабоев, Яшар Қосимов ва бошқа ёш танқидчиларда жонланиш бўлаётгани кишини қувонтиради. Бироқ, адабий-танқидий асарларни нашр этиш билан боғлиқ қийинчиликлар бу ёшларнинг ўсишига халақит бермоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирги Ўзбекистон адабиётига хос жараёнларни таҳлил этувчи кенг кўламли мақолалар ҳали ҳам кам. Бутуниттифоқ китобхони ўртасида ўзбек адабиёти жуда бўш тарғиб этилмоқда. Марказий матбуотда фақат бир Норбой Худойбергановгина фаол қатнашмоқда.
Таржимонларимиз ўзбек китобхонларини жаҳон классикаси, ҳозирги замон Совет адабиётининг бирмунча қизиқарли намуналари билан таништирмоқдалар, деб давом этди нотиқ. Қ. Мирмуҳамедов Гомернинг «Илиада»сини X. Аҳророва Бальзакнинг «Йўқотилган сароб», Ж. Камол эса Шекспирнинг кўпгина пьесаларини, шу жумладан, ўлмас «Ҳамлет»ни таржима қилишди. Абдулла Шер ва Сулаймон Раҳмон Байроннинг «Дон Жуан» поэмасини ўзбекчага ўгиришди. Миразиз Аъзам П. Неруда, Н. Ҳикмат, Б. Брехт, А. Нето, М. Дарвеш каби XX аср машҳур шоирларининг шеърларини нашр эттирди. Шавкат Раҳмон китобхонларимизни испан лирикаси дурдоналари билан таништирди. Муҳаммад Солиҳ ўғуз эпоси «Қўрқут ота китоби»ни ва ўрта асрлар буюк турк шоири Юнус Эмро девонини таржима этди. Мирза Кенжабоев «Евгений Онегин»нинг янги таржимасини қилди. Ёдгор Обидоа «Игорь полки ҳақида сўз»ни ўзбек тилига ўгирди. А. Твардовскийнинг «Хотира ҳукми» поэмаси Р. Парфи таржимасида, Анна Ахматованинг «Марсия»си Г. Нуруллаева таржимасида ўқилмоқда.
Иброҳим Ғафуров таржимасидаги Чингиз Айтматовнинг «Кунда», Валентин Распутиннинг «Ёнғин» асарлари, Эмин Усмонов таржимасидаги Ч. Амирежиби асарлари ва бошқа сўз усталарининг кўплаб асарлари ўзбек китобхонининг мулки бўлиб қолди.
«Ёшлик» журнали ўз атрофига истеъдодли ёшларни тўплай билди, деб давом этди маърузачи. «Кекса» журналларимиз бўлмиш «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока»да жонланиш юз берди. Фақат биргина ўтган йили «Шарқ юлдузи» журналида бешта катта ҳажмдаги романлар нашр этилди. «Йилдиз» журнали қримтатар адабиёти анъаналарни асраш ва ривожлантириш вазифасини шараф билан бажармоқда. «Ёш куч» журналида кўплаб қизиқарли материаллар босилмоқда. Натижада унинг тиражи ўсмоқда. Бу журналнинг русча нусхаси «Моладая смена» ҳақида бу фикрни айтиб бўлмайди. Аксинча, унинг тиражи пасайиб кетмоқда.
Адабиёт газетамиз — «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» чинакамига умумхалқ эътирофига ва оммавийликка эришди. Унинг саҳифалари етилган муаммолар юзасидан ўткир баҳслар, қизиқарли адабий мунозаралар минбарига айланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар союзи, — деб сўзида давом этди нотиқ, — мустаҳкам интернационал оила. Бу ерда турли тилларда ижод қилувчи турли халқлар вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Мен юқорида қардош қорақалпоқ адабиёти ҳақида гапириб ўтдим. Қорақалпоқ дўстларимизга бир нарсани — кўпроқ яхши публицистлар тарбиялашни истардим. Автоном республикадаги ижтимоий ва экологик вазият шуни талаб этади. Рус адабиёти Кенгаши етарли даражада ижодий кучларга эга. Бироқ, Кенгаш ўша кучлардан ҳар доим ҳам тўла фойдаланмаяпти. Улар бизнинг умумий оғриқларимиз ва ташвишларимизга кўпроқ эътиборни жалб этишларини истардим. Қримтатар адабиёти кенгаши Шомил Алядин, Жовтабели, Жаваирий, Черкез Али ва бошқа кекса авлод томонидан эришилган мавқени наинки асраб келишмоқда, шунингдек, Э. Амит, Н. Умеров, А. Осмонов, У. Эдемова, Б. Мамбет ва бошқа муносиб ўринбосарлар тарбияланмоқда. Кенгашда қримтатар адабиётини тарғиб этиш бўйича кўп иш қилинмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар союзи қошида шунингдек, уйғур, тожик, корейс, бухор жуҳудлари адабиёти секциялари ишлаб турибди. Мазкур секциялар аниқ иш плани асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу адабиётларнинг декадалари, кечалари, байрамлари ўтказилди.
Қайта қуриш, Демократия, ошкоралик союзимиз ҳаётини янада бойитди ва серқирралик кашф этди, қанот бағишлади. Биз кўп нарсани тушундик, ўргандик ва кўп нарсаларга эришдик. Лекин, ҳали кўп нарсаларни ўрганиш керакка ўхшайди. Аавало, ижтимоий масалаларда ҳам, адабиёт масалалари бўйича ҳам мунозара, баҳс маданиятини ўрганишимиз лозим. Адабиётчиларга, айниқса, шоирларга хос ортиқча эҳтирос, мунозарали масалаларда бир томонлама фикрлаш; ишончсиз ёки текширилмаган ахборотлардан фойдаланиш бизнинг энг олижаноб интилишларимизни ҳам йўққа чиқариши мумкин. Қизиққонликни оғир-босиқлик билан, баланд руҳни мантиқ билан қўша билишга, келтирилаётган асосларнинг аниқлигига, баҳс қилинадиган масала юзасидан чуқур билимга эга бўлишга ўрганишимиз лозим. Ана шундай тақдирдагина ёзувчи сўзи ҳар қандай масала юзасидан керакли даражада тош босадиган бўлади.
Айни пайтда республика табиатини ҳимоя қилиш ҳаракатига, ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича олиб бориладиган мунозараларга Кружилинга ўхшаш журналистлар ва айрим матбуот органларида бўлганидек, аллақандай миллатчилик тенденцияси сифатида қараш нотўғри. Шу нарса афсусланарлики, Ёзувчилар союзи юқоридаги муаллифнинг ўринсиз фикрларига уз вақтида зарба беролмади. Соф ҳаво, тоза сув учун, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, болалар соғлиги ва катталар бахти учун кураш — Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакилларининг вазифаси эканлигини тушуниб етиш пайти келди.
Ўзбек адабиёти дунёни инсонни тушунишда янги бадиий чўққиларга чиқмоқда. Бугун ҳаёт, тарих, адабиёт саҳнасига янги қаҳрамон — фаол гражданлик ҳаракатига эга инсон, қайта қуриш жангчиси чиқмоқда, — ўз нутқини тугатди нотиқ. — Ўша қаҳрамонга қўйилаётган маънавий талаблар чўққисида туриш, балки, бошқа ҳар қандай касб вакилларига нисбатан ҳам кўпроқ ёзувчи учун зарур.
Шундан кейин пленум қатнашчилари маъруза муҳокамасига киришдилар. Сўзга чиққан шоир Муҳаммад Али маърузачи икки пленум оралиғидаги муҳим ижтимоий воқеаларга, адабий жараённинг энг актуал муаммоларига батафсил тўхталганини таъкидлади. Союзимизда ошкоралик муҳити таркиб топмоқда, деди у. Бу ердаги баҳсларда секретариат фаолияти ҳақида гап кетди. Менимча, секретариат ёзувчиларни турли тазйиқлардан, маломатлардан ҳимоя қилиши керак. Маърузачи, журналист Кружилин ҳақида жуда тўғри гапирди. Афсуски, союз Ёзувчиларни ўша журналистнинг «ҳамлаларидан» ўз вақтида ҳимоя қилмади. Биз ўз тарихимизни ҳали яхши билмаймиз. Яқинда бўлиб ўтган республика қишлоқ хўжалик ходимларининг қурултойида ёзувчи ва журналистлар шаънига ножоиз фикрлар билдирилди. Қурултой қатнашчиларидан бири минбардан туриб, ёзувчи ёзувчилигини қилсин, пахтакорга шунча пахта экасан деб ўргатмасин, бу ишга аралашмаган фақат бир гинеколог қолди, деди. Ўртоқлар, ўша гинеколог пахта ҳақида ёзиши керак эди. Аёлларнинг оғир меҳнат туфайли камқон касаллигига учраётганлиги, болаларнинг аҳволи ёмон ҳолатда экани ва буларнинг ҳаммаси пахта монокультураси туфайли эканини ёзиши керак эди…
Сўзга чиққан Александр Файнберг ўзбек тилининг давлат тили ҳуқуқини олиш масаласига тўхталиб, шундай қилинса тўғри бўлишини таъкидлади. Айни пайтда у институтларда, мактабларда, ўзбек тилини ўрганиш учун ўқитувчилар тайёрлаш, дарсликлар нашр этиш, болалар боғчаларида, мактабларда бошқа тиллар қаторида инглиз тилини ҳам ўргатиш зарурлиги ҳақида сўзлади. Ўзбек кинематографиясида халқ ҳаётини биладиган режиссёрлар камлиги, Тошкентда Абдулла Қаҳҳор ҳайкалини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.
Сўзга чиққан Абдулла Шер қайта қуриш, ошкоралик кечаётган бир шароитда ҳам баъзан узоқ йиллар мобайнида таркиб топиб қолган қолиплардан қутулолмаётганимиз ҳақида гапирди. Ҳалигача ҳужжатларнинг устига «ўта маҳфий» деб ёзиб қўйиш давом этаётгани, миллий кадрларни кўпайтириш, уларга мустақил ишлаш учун тўла ҳуқуқ бериш, «номенклатура» кишилари ҳақида, айрим комиссияларга фаолиятсиз кишилар аъзо бўлиб қолишаётгани хусусида гапирди.
Адабиётшунос олима Нинель Владимирова Ёзувчилар союзининг рус адабиёти Кенгашидаги «носоғлом вазият» тўғрисида шахсий мулоҳазаларини айтди.
Биз сиз билан бир масалани ҳал этиб олишимиз керак, деди ёзувчи Темур Пўлатов. Бизлар зиёлилармиз. Кўпгина мажлисларимизни бир-биримиздан қасд олишга йўналтираяпмиз. Ортиқча эҳтиросларга берилмайлик. Мен сизларни оқил бўлишга чақираман.
Шундан кейин минбарга шоира Гулчеҳра Нуруллаева чиқди. Яқинда бўлиб ўтган СССР Олий Советига сайловларда йўл қўйилган хатоларга тўхталди. Айрим ўртоқлар союз минбари митингбозликка айланиб кетяпти, деб айб қўйишмоқда. Хўш, Ороли қуриган, далалари боғлари пахта яккаҳокимлигидан эзилган ёзувчи бонг уриши керак эмасми? Тошкент шаҳар Советининг митинглар ўтказиш ҳақидаги яқинда чиқарилган қарорини ўқиб, инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро декларацияни эсладим. Ахир, қонуний ҳақ-ҳуқуқларимизни қачонгача тилаб оламиз..»
Бугун сиз билан муҳим масалани муҳокама этяпмиз, деди сўзга чиққан Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси Сарвар Азимов. — Қайта қуриш ва адабий жараён масаласи ўта мураккаб масала. Ўтган йиллардаги қилинган ишларга баҳо бвриляпти. Бу борада маъруза қилинди. Гапларимиз кўпроқ ана шулар ҳақида бўлиши керак. Ижодий планларимиз хусусида келишиб олайлик. Кейинги бирнечта мажлисларда қатнашдим: бир хил гаплар, бир хил одамлар. Ёзувчилар ўйловчи кишилар. Шунинг учун ҳам партия сиз билан бизга маслаҳат соляпти. Ҳеч ким камчилигимиз йўқ, деб айтаётган эмас, камчиликлар бор. Биз улар ҳақида гапирар эканмиз, бир-биримизнинг нафсониятимизга тегмаслигимиз керак. Ҳозир катта ишлар қиладиган пайт.
Марказий Комитетда бўлиб ўтган учрашуа зиёлилар билан бошқа ташкилотлар ўртасида ҳеч қандай англашилмовчиликлар йўқлигини кўрсатди. Агар бор бўлса, томонларнинг бири тўла ахборотга эга эмаслигидан. Музокарада сўзга чиққан профессор Озод Шарафиддинов шундай деди: бугунги баҳслардан ҳам кўриниб турибдики, ҳаммамизнинг кўнглимизда кўп гаплар тўпланиб қолибди. Бу гаплар нега қизғин тус оляпти? Чунки, анчадан буён гаплашиб ололмадик. Ваҳоланки, айтайлик, экология масаласини бафуржа гаплашиб олишимиз мумкин эди. Қўшни республиканинг Семипалатинск шаҳри яқинида ядро синовлари тез-тез ўтказилади. Хўш, ўша синов пайтида ажралиб чиққан радиация ер тагидан қаерга кетади? Шу пайтгача миллий масалага бағишланган пленум ўтказилиши мумкин эди. Шундай қилинганда, бугунги гаплар ўша учрашувларда айтилган бўларди. Зотан, айтилаётган гаплар, қўйилаётган масалалар яхши. Лекин, Марказий Комитет билан ёзувчиларни бир-бирига қарши қўйиш яхши эмас. Ахир, ўртоқлар, ҳамма масалаларни бир зумда ҳал қилиб бўлмайди. Масалан, мен 3 миллион тонна пахта етиштириш тарафдориман. Айрим кишилар пахтани камайтирсак камбағаллашамиз дейишмоқда. Аксинча, бойиймиз. Лекин, бу гаплар қандай бўлишидан қатъий назар, улар таклиф. Таклиф қилган одамни кўкрагидан итариш яхши эмас. Шунинг учун ҳам аниқ таклифлар, масалалар юзасидан тез-тез гаплашиб туришимиз лозим.
Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси Туроб Тўла ўз сўзида қуйидагиларга тўхталди: Маърузачи адабий жараённи чуқур таҳлил этгани қўриниб турибди. Албатта, битта маърузада кўп нарсани қамраб олиб бўлмайди. Ёзувчилар қайта қуришга ёрдам беряпти. Марказий Комитетда бўлиб ўтган учрашувда ёзувчилар айтган таклифлар қизғин кутиб олинди. Адабиёт газетамизнинг, «Шарқ юлдузи» журналининг ҳажмини ошириш, «Ёзувчи» нашриётини ташкил этиш ҳақида таклифлар айтилди, Ижодий уйимизда музей, яна бир янги бино қурилиши мўлжалланмоқда. Охирги сўзим шуки, оқсоқол ёзувчиларимизга нисбатан муносабатларни яхши томонга ўзгартириш керак.
Шоир Мирза Кенжабоев ҳам ўз сўзида Марказий Комитетда бўлиб ўтган Ёзувчилар билан учрашув самарали бўлганини таъкидлади. Лекин, деҳқонлар номидан ёзувчиларни уларнинг ишига аралашмаслигини талаб қиладиган кишиларнинг сўзларига қўшилиб бўлмайди, деди у. Баҳслар тўхтатилмаслиги керак. Айрим маълумотларга қараганда, республикамизда тўрт миллионга яқин киши сариқ касали билан оғриди. Колхозчилар, пахтакорлар тўйиб гўшт, мева-сабзавот емайди. Буларнинг ҳаммаси пахта монокультураси билан боғлиқ. Бу гапларни раис, бригадир, райком секретарларига эмас, аввало бевосита пахта етиштирадиган халққа айтиш керак. Бугун халқимизнинг аҳволи маълум. Пахтадан келиши мумкин бўлган даромад асосан четга чиқиб кетяпти, Республиканинг ўзида пахтани қайта ишловчи саноат корхоиалари қуриш керак. Мавжуд заводларда миллий кадрларни кўпайтириш лозим. Тошкент шаҳар Советининг митинглар ўтказиш ҳақидаги қарори инсон ҳуқуқларини камситади. Халқимиз кўчага чиқиб кетадиган халқ эмас. Улуғ Ватан уруши йилларида республикамиз кўплаб кишиларни қабул қилиб олди. Бу кўчиш зарурат эди. Лекин, турғунлик йилларида юз берган кўчишлар (миграция) республикамиз иқтисодий, демографик аҳволини мураккаблаштирди. Россия ва бошқа жойларда юзлаб қишлоқ ҳувиллаб қолгани ҳолда, бизда ишсизлар кўпаймоқда. Натижада, ерлик аҳоли бошқа республикаларга ишга жўнатилмоқда. Кўчиб келаётган айрим кишилар «ҳукмронлик кайфиятида» бўлдилар. Улар ер шароитларини, одамларнинг урф-одатларини, тилини, психологиясини яхши билишмайди.
Айтилган фикрларга бирон бир янги гап қўшишим мушкул,— деди сўзга чиққан Ўзбекистон ССР халқ шоири Шукрулло. Е. Евтушенко ўзининг «Тарбиясиз тарбия» мақоласида «крепостной тузум сақланиб келмоқда» деб айтди. Дин масаласида оғиз очолмай қолувдик. Минг раҳматки, Наврўзимиз қайтди. Бу масалаларни биринчи бўлиб ёшларимиз кўтариб чиқишди. Яқинда Тоҳир Қаҳҳорнинг адабиёт газвтасида босилган мақоласини ўқиб қолдим. Билимли, зукко ёшларимиз кўп. Яна бир гап шуки, яқин-яқинларгача ҳам «Ўзбекистонда ҳамма пахтакор» деб жар солдик. Биз ёзувчилар энди пахтакор бўлмай қолдикми? Қурултойда, ана шу ҳақда биров оғиз очиб гапирмади.
Ёзувчи Михаил Гребенюк Адабиётчилар уйи яхши ишламаслиги, ўзбек тилини ўрганиш учун дарсликлар йўқлиги ҳақида гапирди.
Шоир Раим Фарҳодий баъзан айтаётган фикрларимиз ўз нуқтасига тегмаётгани хусусида тўхталди.
Қорақалпоғистон АССР халқ шоири Ибройим Юсупов қайта қуриш адабий жараёнга жон киритганини таъкидлади. Мен Оролни сақлаб қолишга ишонмайман, деб айтди у. Чунки, Оролбўйи регионидаги баъзи ишлар ҳали-ҳозирча қуруқ ваъдадан нарига ўтмаяпти. Кейинги йилларда қорақалпоқ ёзувчилари союздан ажралиб қолаётгандек. Улар ўз асарларини чоп эттириш учун турли нашриётлар, рвдакциялар остоналарига кўп марта бош уришларига тўғри келяпти. Биронта ҳам қорақалпоқ ёзувчиси ўзбек ёзувчилари двлегациясида чет элга чиққани йўқ. Нега Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 100 йиллик юбилейини ўтказиш комиссиясида биронта ҳам қорақалпоқ ёзувчиси йўқ? Бу гапларни хафа бўлганимиздан эмас, камоли зарурат туфайли айтмоқдаман.
Шундан кейин республика Ёзувчилар союзи правлениесининг биринчи котиби О. Ёқубов маъруза юзасидан тушгаи саволлар, таклифларга муносабат билдириб шундай деди: бу ерда айтилган кўпгина фикрларга қўшиламан. Рости ҳам, бугунги пленумимизда соф адабий масалаларга қараганда ҳаёт, турмуш, ижтимоий масалалар хусусида кўпроқ гап бўлди. Бу табиий. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Бундай ҳолни наинки бизнинг союзимиз мажлисларида, шунингдек, Москва, Ленинград ва бошқа жойлардаги ёзувчиларнинг йиғинларида ҳам кузатиш мумкин. Чунки ҳақиқий ёзувчи аваало халқ ҳаёти, турмуши билан яшайди. Халқнинг оғриқларини, умид-орзуларини чуқур идрок эта билган адиб учун соф адабий масалалар, назариялар ортидан қувишга хожат ҳам қолмайди. Бугун ушбу пленумда яна бир нарсани ҳам уқдик: ҳох халқ ҳаётини ўрганишда бўлсин, хоҳ ижодкорларни союзимиз атрофида жипслаштиришда бўлсин, ҳали камчиликлар кўп. Биз албатта, уларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ҳаммамиз якдил бўлишимиз, етилган масалалар юзасидан қизишмасдан, ортиқча эҳтиросларга берилмасдан фикр айтишимиз керак бўлади. Токи, бугун халқ ёзувчи сўзига катта ҳурмат билан қараётган экан, бу ҳурматни кўз қорачиғидек асрашимиз лозим.
Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзининг бўлиб ўтган пленуми кўрилган масалалар, мунозарада қатнашган ўртоқларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида тегишли қарор қабул қилди. Шу билан пленум ўз ишини тугатди.
Ё. Хўжамбердиев, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» махсус мухбири
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 21 апрель