(Шеърият ва қатли ом хусусида ўйлар)
Биринчи мақола
Йўқ, мен у чоғларда на ўзга осмон
На ўзга қанотни билгандим паноҳ.
Халқим, бахтга қарши, бўларкан гирён,
Мен ҳам халқим ила бирга чекдим оҳ.
Анна Ахматова «Марсия».
XX асрнинг атамаси кўп. Бироқ, асримиз ўз ғурубига яқинлашган сайин унинг асл ва чинакам номи замона зайли билан турли атамалар остидан ситилиб чиқиб, юзага қалқимоқда. Айниқса, 90-йилларга келиб биз энг ёвуз ва энг қонхўр юз йилликда — сон-саноқсиз урушлар, қонли инқилоблар, ҳарбий тўнтаришлар асрида яшаётганлигимизни теранроқ англамоқдамиз. Айниқса, ер юзининг олтидан бир қисмида — бизнинг мамлакатимизда бу аср беш-баттар беаёв ва даҳшатлироқ кечди. Ноҳақ тўкилган беҳисоб қонлар ва инсон ақли бовар қилмаган қатағонлар асри! — бу биз яшаб ўтган асрнинг номи, эҳтимол, келгуси авлодлар хотирасида абадул-абад қолажак бош белгисидир.
Бироқ энг афсусланарли томони тақдир бизга — XX аср авлодларига шафқатсиз даврларни бошдан кечиришни раво билгани эмас. Балки халқимиз кўрган-кечирган ваҳшатларнинг беиз йўқолиб кетаётгани ёки инсофсизларча йўқотилаётганидир. Большевиклар диктатурасининг қилмишларини, ғайриинсоний жиноятларини аср муаррихлари ёзиб қолдириш имкониятидан маҳрум этилди. Сал кам юз йиллик тарихимизнинг, асосан, «Оқ» ва «Қора» доғлардан иборат бўлиб қолганлиги шунинг оқибатидир. Ҳа, бу кун уч юз миллионлик улкан ва бесўнақай бир мамлакатнинг асрий тарихи, босиб ўтган йўли тўғрисидаги рост ёки ёлғон-яшиқ маълумотлар, тўғри ёхуд нотўғри ҳужжатлар ЧК, ГПУ, НКВД, КГБ, ВКП(б) ва бошқа Ҳарбий-сиёсий идора-ташкилотларнинг архиву сандиқларида ётибди. Биз — XX аср авлодлари келажакка ана шундай Сирли ва Номаълум бир «Тарих» қолдиряпмиз.
Бадиий адабиёт ҳам халқимизнинг беадад фожиалари хусусида етарли даражада гувоҳлик беролмайди. Афсуски, совет адабиётининг қайта қуриш ва ошкораликкача бўлган етмиш йиллик тажрибаси, асосан, тарихимизнинг бир томонлама ёки ғирт телба-тескари инъикосидан иборатдир.
Гап шундаки, Октябр тўнтаришидан кейин бошланган, бутун йигирманчи йиллар давомида у ёки бу шаклда хуруж этган, хусусан, ўттизинчи йилларда Сталиннинг ташаббуси билан авжига чиққан шафқатсиз қатағонлар большевиклар истибдодига қарши тура билажак барча маънавий-сиёсий кучларни ер билан яксон қилди. Адабиёт аҳлининг тақдири ҳам айнан шундай бўлди…
Пролетар диктатураси идеологиясининг яккаҳокимлигига ва таҳқиромуз сиёсий зўравонлигига қарши чиққан ёки эътироз билдириши мумкин бўлган аксарият ёзувчилар қатағонга учради; уларнинг бир қисми қамалган ёхуд қатл қилинган бўлса, бошқалари тириклайин ўлдирилди, яъни бир умр жим туришга ёки ёзганларини эълон қилмасликка маҳкум қилинди.
Маънавий ўлимни жисмоний ўлимдан афзалроқ билганлар эса инсоният тарихида мисли кўрилмаган ёвуз ва шарафсиз салтанатни шарафлаш йўлидан бордилар. Нафақат сталинизм даврининг, балки турғунлик йиллари адабиётининг ҳам кўпчилик намуналари ҳарбий-маъмурий режимнинг мадҳига бағишланган асарлардан иборатдир.
Нафақат Сталиннинг қонли сиёсий тузумига, балки унинг шахсан ўзига бағишланган қўшиқларни, турли жанрлардаги бадиий асарларни, санъат намуналарини тўпласангиз — улкан бир кутубхона, боши-кети йўқ кўргазма ҳосил бўлиши мумкин.
Сталин салтанатида яшашдай тақдирнинг омонсиз ҳукмига бўйин эгганлар истаб-истамай, билиб-билмай замон илллатларини куйлашдай гуноҳи азимдан қутула олмадилар.
Сталин замонида яшаб туриб унга мадҳия битмаслик амримаҳол эди.
Фақат мана шу даврда яшамаганларгина Халқлар Отасига бағишловлар ёзмаганлар.
Ҳатто асримизнинг энг ўжар ва мағрур санъаткорларидан, Сталин истибдодининг ғаддор душманларидан бири Борис Пастернак ҳам ўттизинчи йилларда Халқлар Отасига шеър бағишлаганди.
Ҳатто большевиклар диктатурасининг сиёсий найрангларини, Янги тузумнинг даҳшатларини очиб ташлаган романлар, қиссалар муаллифи, машҳур «Уста ва Маргарита»нинг яратувчиси Михаил Булгаков ҳам роппа-роса ўн йил (умрининг сўнгги ўн йили!) дўстларининг илтимоси ва насиҳати туфайли Отанинг муҳташам образини гавдалантириш учун не-не азобларни
бошидан ўтказади. Ва ўлгунча Жаллоднинг навбатдаги қўнғироғини илҳақ бўлиб кутади.
Ҳатто қатли ом чек-чегара билмаган бир пайтда даврнинг шафқатсиз айбномасини — жаҳоншумул «Марсия»ни (1935-40) яратишга ўзида куч топган Анна Ахматова атиги бир неча йил кейин яккаю ёлғиз ўғлини Сталиннинг ўлим лагерларидан қутқазиш учун Умум Ота шаънига мадҳия битади…
Биз қонхўр ҳукмдорга бағишловлар ёзган ижодкорларни айблаш ёки муҳокама қилиш ниятида эмасмиз. Зеро, қатли ом машинаси ўша даврда дилларда туғдирган ўлим васвасасида, беқиёс-қўрқув ва хавотир исканжасида Жаллод шарафига мадҳиялар битган адибларни бу кун айблашдан осони йўқ. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, ўша йилларда жон сақлаш учун қилинган барча уринишларни ҳам бирдай оқлаб бўлмайди. Сталиннинг сиёсий идораларининг талабларига «лаббай» деб жавоб берган, Умум Ота шаънига ҳар куни бир ашъор қоралайдиган эътиқодсиз ва имонсиз қаламкашлар билан ўз жигарбандини ўлим чангалидан халос этиш учун яккаю ёлғиз шеър ёзишга мажбур бўлган Она-Шоира ўртасидаги фарқни унутиб бўлмайди ахир!..
Ҳа, 30—50-йилларда Сталинга асар бағишлаган ҳамма ёзувчиларни ҳам бирдай айбситиш камида адолатсизликдир. Ахир, бола-чақаси, ёру дўстларининг тақдирини ўйлаб мадҳия ёзиш билан НКВД, ГПУ каби одамхўр ташкилотларнинг хуфясига айланишни ўзига эп кўрган, ўз касбдошларини таъқиб ва тергов қилган ижодкорларни тенг жабрдийда қилиб кўрсатиш инсофсизлик, аслида билиб-билмай сувни лойқалатиш-ку!
Бироқ шуниси аниқки, 30—50-йилларда бизнинг мамлакатимизда яшаб ўтган бирон-бир инсон бу ялпи қирғинга қарши чиқолмаган. Хусусан, ўттизинчи йилларнинг ўрталаридан эътиборан, мамлакатдаги деярли барча мағрур бошларнинг кесилиши, у ёки бу тарзда йўқ қилиниши охир-оқибат ялпи сукунатга олиб келди. Табиийки, ўша қонли йилларда қатли омга қарши ёзилган (агар ёзилган бўлса!) биронта асарнинг эълон қилинишини ҳам ақл бовар қилмасди.
Озодликда юрганлар — тақдирнинг беқиёс марҳамати туфайли (улар жудаям озчиликни ташкил этади) омон қолганлар ёки жирканч диктатурага ёлланиб, ит садоқати билан хизмат қилганлар, дўстларига, Ватанга, миллат ва адабиётга хиёнат қилганлар (улар кўпчилик эди) — Сталиннинг арши аълога ўрлаган зулмини бахт-саодат деб тинимсиз куйлашарди.
Ўлим лагерларида, сон-саноқсиз қамоқхоналарда жон бераётганлар ҳам бу даҳшатли тузумга нисбатан бирон-бир норозилик билдириш у ёқда турсин, аксинча, Жаллодни улуғлаб, унга насрий-назмий мактублар йўллашарди.
Ҳа, аҳволнинг фавқулоддалиги шунда эдики, тутқунликдагиларнинг анчайин қисми ҳам Халқлар Отасини куйлаш билан машғул эдилар.
Бутун бошли бир мамлакат Сталиннома яратиш билан банд эди…
Хуллас, сталинизм даври адабиётининг, деярли, нашр қилинган барча намуналари Сталинни ёки унинг қонли тузумини ҳеч бир иккиланмасдан куйлашга, кўкларга кўтариб мақташга бағишланган.
Нақадар аччиқ ва афсусланарли бўлмасин, барибир, эътироф этиш зарур: сталинизм мафкураси ва сиёсати билан заҳарланган бу улкан ва ёлғон мерос бу кун том маънода яроқсиздир. Ўз даври ҳақиқатларини ифодалашга ожизлик қилган ёки шунга қурби етмаган адабиёт ўз замондошлари учун ҳам, келгуси авлодлар учун ҳам нафақат кераксиз, балки зарарли бир кўрсатмалардир. Сталинизм ғояларига бевосита ёки бавосита хизмат қиладиган бундай асарларнинг ҳануз тарғиб-ташфиқ қилиб келиниши нафақат бу кун, умуман, келажак олдида кечириб бўлинмас жиноятдир.
Бу давр адабиётининг мафкура ва сиёсат оғуси билан заҳарланмаган, азал-абад муаммоларга ва соф инсоний кечинмаларга бағишланган камёб намуналаригина биздан олдин ўтган омадсиз ва бахтиқаро авлодларнинг ҳаққоний маънавий мероси сифатида тан олиниши ва қадр топиши муқаррардир.
Машҳур Октябр тўнтаришидан кейин ўтган етмиш йил давомида большевиклар диктатурасининг жиноятларига, айниқса, сталинизм даҳшатларига совет санъатининг муносабатига ҳали жуда кўп тадқиқотчилар тўхталади. Бугунги кунда ҳам ушбу масала илмий-эстетик ва ижтимоий фикрнинг диққат марказида турадиган бениҳоя ҳаётий ва зарур маънавий-ахлоқий масалалардан биридир. Қайта қуриш ва ошкораликнинг илк кунлариданоқ авж олган бу қизиқиш борган сайин кучайгандан кучаймоқда. Кейинги беш йил мобайнида бирин-кетин эълон қилинган ўнлаб тадқиқотлар, юзлаб мақолалар бу қизиқишнинг асло мавсумий ва ўткинчи эмаслигини кўрсатади.
Бу кун виждони ва имони бутун ҳар бир инсонни, ҳар бир ижодкор зиёлини муҳим бир муаммо қаттиқ ўйлантирмоқда; сал кам бир аср муттасил рўй берган мана шу разолатларга, ўн йиллар давомида узлуксиз содир бўлган сон-саноқсиз, турли-туман хунрезликларга Санъат ўз муносабатини қандай ифодалаган? Санъат, айниқса, Сўз санъати бу асрий жиноятларга, жаҳоншумул фожиаларга қандай Гувоҳлик бермоқда? Биз жуда кўп, ўнлаб, юзлаб санъаткорларнинг, ижодкорларнинг, турли соҳаларга мансуб зиёлиларнинг 2030-йилларда шафқатсизларча қатл қилинганини ҳам биламиз. Бироқ ўша қатли омдан бир амаллаб қутулганлар, омон-эсон қолганлар, тириклар орасида, наҳотки, ўз асрининг Виждони даражасига кўтарилганлар, умуммиллий фожиаларимизнинг Шоҳидлигини ўз бўйнига олганлар топилмаса?..
Ана шу саволлар нуқтаи назаридан етмиш йиллик адабиётга, хусусан, 30-50-йилларнинг бадиий тажрибасига ёндашганимизда ғамгин ва ғариб бир манзаранинг гувоҳи бўламиз.
Бу жиҳатдан XX арснинг улуғ санъаткорларидан Д. Шостаковичнинг ижодини юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, теран ёритган мақолалардан бирида жуда муҳим мулоҳаза бир қадар кескин тарзда ўртага ташланади: «Мамлакатимизнинг маданиятга шунчаки эрмак деб қарамайдиган, уни чинакам маънавий эҳтиёж сифатида қадрлайдиган ҳар қандай фуқароси, менимча, Шостакович мусиқаси биз ҳақимиздаги аёвсиз ҳақиқат эканини ва абадий шундай бўлиб қолажагини тушунади, ҳис қилади. Анъанага кўра Русияда ҳақ гапни ҳамиша ёзувчилар айтишган. Бироқ бу гал ҳақиқатни ёзувчи эмас, аксинча, даҳо бастакор айтди — бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки янги Русияда сўз ҳақоратланган, оёқости қилинган бўлса-да, ҳарҳолда бутунлай соқовга айланмаган адабиётда буюк ёзувчиларимиз бу ҳақиқатнинг бир қисминигина айтдилар. Шостакович эса, менимча, ҳақиқатни баралла айтган. Тўғри, рус маданиятини теранроқ биладиган ўқувчи Платонов, Зошченко, Пастернак номини тилга олар (гарчи бу рўйхат унча катта бўлмаса-да, бошқа номларни ҳам келтириш мумкин). Аммо Шостакович номи тилга олингани заҳоти бадиий ҳақиқатларнинг бирёқламалиги дарров сезилиб қолади. Ҳа, ўша ёзувчилардан бирортаси ёлғон ёзмаган бўлса-да, барибир, мусиқанинг кўламдор ҳақиқати шак-шубҳасиздир». Ушбу фикр мақолада бир неча ўринда таъкидланди: «Зўравонлик асри гувоҳликлар асрига айланди. Энг даҳшатлиси шундаки, ўз мамлакатида адабиётни гунг, кинони эса кўр бўлишига мажбур қилган тоталитар тузум ўзининг энг шафқатсиз ва одил гувоҳининг яралишига сабаб бўлди — фақат мусиқагагина гувоҳлик қилиш қолди. Русияга шундай даҳо бастакорни тангри ато қилдими? Менимча, Русиянинг ўзи аср бошида мусиқа даҳоси пайдо бўлиши учун бутун кучини тўплаган, шундай қилиб, гувоҳни яратган эди». (Леонид Гаккель. «Ад! Где твоя победа?» «Известия», 14 июня, 1991 г.)
Таниқли санъатшуноснинг мазкур мулоҳазаларига, умуман олганда, жиддий эътироз билдириш қийин, албатта. Ҳақиқатан ҳам ўша оғир ва хатарли йилларда улуғ рус бастакорининг бетакрор ижодий жасорати таҳсинга лойиқдир. Бироқ муаллифнинг «Янги Русияда Сўз таҳқирланганди», ёки 30-70-йилларда «адабиёт соқовга айланганди» йўсинидаги узил-кесил ҳукмлари билан келишиш қийин. Биринчидан, ушбу ҳукм-хулосалар, агар таъбир жоиз бўлса, фақат матбу сўзгагина нисбатан ўзини оқлайди, яъни эълон қилинган, нашр этилган асарларгагина улар тааллуқлидир. Иккинчидан эса мақола давомида қайта-қайта таъкидланган «30-70-йиллар»ни на ижтимоий-сиёсий, на адабий-эстетик жиҳатдан яхлит бир давр сифатида олиш мантиққа тўғри келмайди. Зеро, 30-50-йиллар ҳам, 60-70-йиллар мустақил ва ўзига хос босқичлардир. Ва ҳар иккала босқичда бадиий Сўзнинг лаёқатини тасдиқлайдиган анча-мунча асарлар мавжуд. Бундай насрий ви поэтик намуналар, хусусан, 60-70-йилларнинг бадиий тажрибасида кўпроқ учрайди.
30-50-йилларнинг том маънодаги ҳиқуқсизлик, сиёсий режимлар ва салтанатлар тарихида учрамаган шафқатсиз эрксизлик муҳитида ҳам адабиёт ўзининг миллий-инсоний ва ижтимоий-эстетик лаёқатини, жуда кўп қурбонлар ва йўқотишларга қарамай, асрашга қаттиқ уринарди. Фақат юқоридаги мақолада тилга олинган Платонов, Зошченко, Пастернак эмас, Осип Мандельштам, Михаил Булгаков, Анна Ахматова, Марина Цветаева, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ҳусайн Жовидлар ҳам асрнинг ва тузумнинг фавқулодда жиноятларининг диёнатли ва жасур Гувоҳлари бўла олади. «Уста ва Маргарита», «Доктор Фаустус» каби муҳташам бадиий обидалар, А. Платоновнинг романлари, М. Зошченконинг кескин ҳажвий насри, Мандельштам, Цветаева, Пастернак, Ахматоваларнинг миллий-дунёвий изтиробларга йўғрилган лирикаси замон даҳшатларидан Гувоҳлик бермайдими?! Лекин улкан ва кўп миллатли бир мамлакатдаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли кўргуликларни тугал тасвирлаш, бадиий мукаммал ёритиб беришга бармоқ билан санарли ижодкорлар камлик қилади дейилса, шунга қўшилмасдан илож йўқ. Зеро, жаҳоннинг энг катта бир мамлакатида рўй берган беадад хунрезликларнинг юздан бирини ҳам гавдалантириш учун қадимги ва бугунги дунёнинг барча фожианависларини, юзлаб, эҳтимол минглаб Солженицинларни сафарбар қилишга тўғри келади. Худди ана шу вазиятни ҳамда 30-50-йиллардаги ижтимоий-сиёсий шарт-шароитнинг бениҳоя фавқулоддалиги эътиборга олинса, ўз даври ҳақиқатларига Гувоҳлик қила билиш нуқтаи назаридан ўша даврлар адабиётидан бундан ортиқроқ, бундан теранроқ ва бундан жасораглироқ муносабатни талаб қилиш ақлга сиғмайди. Ўша машъум йиллардан бизгача етиб келган.бармоқ билан санарли даҳо ижодкорларнинггина юрак қони билан ёзилган мана шу камёб ва нодир бадиий дурдоналар, ҳеч шубҳасиз, инсон маънавияти ва қудратининг мўъжизалари қаторида туради.
Бу жиҳатдан асримизнинг улуғ санъаткорлари Анна Ахматованинг «Марсия» (1935—1940) ва Александр Твардовскийнинг «Хотира ҳуқуқи» (1966-1969) асарлари ўз даврининг ноёб ва бетакрор бадиий намуналаридир. Булардан биринчиси Сталин қатли оми ва қатағонлари авжига чиққан паллада ғайриинсоний хунрезликларга буюк ва жасур бир Қалбнинг исёни сифатида туғилган бўлса, иккинчиси 60-йилларнинг иккинчи ярмидаги сталинизмни оқлаш, шахсга сиғиниш даҳшатларини хаспўшлаш уринишларига қарши аламли эътироз руҳида ёзилган. «Марсия» ҳам, «Хотира ҳуқуқи» ҳам бу кун биз учун шуниси билан қимматлики, қайта қуриш ва ошкораликкача кўп миллатли шўро адабиётида, хусусан, шеъриятда шахсга сиғиниш фожиаларини тарихан ҳаққоний ва юксак бадиий тарзда ёритиш нуқтаи назаридан уларга тенг келадиган асарлар, дадил айтиш мумкинки, йўқ. Хар иккала асар ҳам ёзилганидан анча кейин — «Марсия» («Октябрь» 1987, №3) сал кам ярим аср, «Хотира ҳуқуқи» эса йигирма йилча сўнг дунё юзини кўрди.
Хусусан, «Марсия»ни қайта-қайта ўқиркансиз — беихтиёр сизни икки нарса ҳайратлантиради; бири буюк санъаткорнинг ҳар лаҳзаси хавф-хатарга, қўрқув ва ваҳимага тўла ўша даҳшатли йилларда қонли тузумнинг беаёв айбномасини мислсиз бир жасорат билан қоғозга туширишга ўзида куч тониши бўлса, иккинчиси, бу буюк шеърда илоҳий маҳорат билан бадиийлашган ёниқ изтироб ва нигоронликка йўғрилган кечинмаларнинг теран инсоний самимиятидир.
Ахир, Анна Ахматова ёвуз ва қонсираган салтанатга қарши бир нима ёзишни хаёлига ҳам келтирмаган, бегуноҳдан бегуноҳ юзлаб, минглаб сафдошларини қатли ом аждарҳоси ўз домига тортганлигини жуда яхши биларди-ку! Бу маънода софдил ва мардона шоиранинг жасорати асримизнинг ҳамда қолган барча асрларнинг фавқулодда маънавий жасоратларидан биридир.
«Марсия»нинг теран фожиавий моҳиятини ва ўта таъсирчан услубини белгилайдиган ўзига хос бир жиҳатни алоҳида қайд этиш зарур. Гап шундаки, асарда қандайдир тўқима, шоир тахайюлининг маҳсули бўлган образлар қисмати, ўйлаб топилган ёки соф поэтик тасаввурдан туғилган кечинмалар қаламга олинмаган. «Марсия»нинг бош қаҳрамони Анна Ахматованинг ўзидир. Янада тўғрироғи, севимли турмуш ўртоғидан жуда эрта жудо бўлган (Анна Ахматованинг эри, машҳур шоир Николай Гумилёвни большевиклар 1921 йилда отиб ташлаган эди), ўлим чангалидаги яккаю ёлғиз ўғлини бир лаҳза кўриш учун Сталиннинг ваҳимали қамоқхоналари олдида «уч юз соат»лаб навбатда турган жафокаш Она-Шоирнинг (Анна Ахматова уни «Шоира» деб аташларини ёқтирмасди) мотамсаро изтироблари шеърий туркумнинг поэтик-руҳий яхлитлигини таъминлаган. Ҳа, асардаги бадиийлашган барча ақл бовар қилмас азоблар, инсон иродасини чилпарчин қилгувчи ҳайратомуз қайғу, қалбларни ларзага солгувчи ички оғриқ ва қийноқлар — булар барча-барчаси шоирнинг бевосита бошдан кечирганлари, бевосита ўз кечинмаларидир.
Тасодифий эмаски, муаллиф 1957 йилда Туркумга ёзган ихчамгина насрий муқаддимада ана шуни алоҳида таъкидлашни лозим кўрганди:
«Ежовчиликнинг даҳшатли йиллари ўн етти ойни турма навбатларида ўтказдим. Кунларнинг бирида кимдир мени «илғаб» қолди. Орқамда турган, лаблари кўкимтир аёл исмимни, албатта, бирор марта эшитмаган бўлса ҳам, у пайтлари ҳаммамизга хос бўлган карахтликдан ўзига келиб, қулоғимга шивирлади (у ерда ҳамма шивирлаб гапирарди):
— Буни сиз тасвирлай оласизми?
— Тасвирлай оламан, — дедим.
Шу дафъа бир вақтлари унга хос бўлган чеҳрада табассумга ўхшаш нимадир лип этиб ўтди».
«Марсия»нинг бениҳоя таъсирчанлигини ва чуқур мотамсаро пафосини балгилайдиган асосий омиллардан бири, ҳеч шубҳасиз, унинг аниқ шахсий-ҳаётий мундарижаси билан боғлиқдир. Бу жиҳатдан «Марсия» жаҳон шеърияти тарихидаги камёб поэтик намуналардандир. Зеро, бунда ўз жигарбанди аламида ёниб адо бўлаётган жабрдийда ОНА ҚАЛБИ БИЛАН НОЗИК ВА ХАССОС шоирона қалб ажиб бир тарзда туташган. Шеърдаги ҳолат ва кечинмаларга оралаган илоҳий бир муқаддаслик, сўз ва мисраларга сингиган илоҳий бир жозиба, эҳтимол, ана шу ваҳдатнинг натижасидир. Эҳтимол, ана шу фавқулодда ваҳдат туфайли ҳам шеърий туркумда индивидуал-биографик чекланганлик, фардий-шахсий маҳдудлик сезилмайди. Аксинчи, «Марсия» умуммиллий-умуминсоний мундарижаси билан эътиборни жалб қилади. Зотан, буюк шоир қуйидаги сатрларни битишга юз бор, минг бор ҳақлидир:
Йўқ, мен у чоғларда на ўзга осмон,
На ўзга қанотни билгандим паноҳ.
Халқим, бахтга қарши, бўларкан гирён,
Мен ҳам халқим ила бирга чекдим оҳ.
Анна Ахматова. Марсия. «Шарқ юлдузи». 1988 й., № 3 (Гулчеҳра Нуриллаева таржимаси).
Нафақат «Марсия», балки улуғ Санъаткорнинг ярим асрдан ошиқ давом этган бутун сермашаққат ижодий йўли мана шу мисраларнинг ҳаққонийлигини тўла-тўкис тасдиқлайди.
«Марсия»га «Муқаддима ўрнида» деб берилган қисқа насрий сўз ва юқоридаги тўртликдан ташқари ўнта шеър кирган. Туркумдан ўрин олган ҳар бир шеърда ўзига хос ҳолатлар тасвирланганига қарамай, биз унди мудом улуғвор ва яхлит нигоҳнинг ҳароратли тафтини сезамиз. Фақат туркумнинг умумий мундарижасида ва якуний таассуротидагина эмас, балки ҳар бир шеърда аламзада Она ва эл-юрт бошига тушган кулфатлардан қаттиқ азобланаётган Шоир нигоҳининг илоҳий уйғунлигидан вужудга келган буюк Изтиробнинг нигоҳини кўриш, кузатиш мумкин. Асар давомида шахсий қийноқлар баёнидан умуммиллий фажиалар тасвирига (ёки аксинча) ўтишлар беҳад табиий кечади. «Марсия»да турли йўналишдаги ва мазмундаги мураккаб ҳиссий ҳолатларнинг кетма-кетлиги, ўрин алмашиши ниҳоятди маҳорат билан амалга оширилган. Эҳтимол, бу буюқ шеърга, қолаверса, Анна Ахматованинг «Марсия»сидаги туйғу ва кечинмалар ифодасига нибатан «маҳорат» сўзини қўллаш ўнғайсиздир. Зеро, унинг безовта қалбида биз айтаётган, ҳайратланаётган туйғулар, ахир, ёнма-ён, юзма-юз яшаган-ку!
Туркумдаги илк шеър — «Бағишлов»ни ўқиган заҳотиёқ умумфожиа манзараларига дуч келамиз:
Бу қайғу олдида букилади тоғ,
Оқмасдан қўяди ҳайбатли дарё.
Турма эшиклари қилт этмас бироқ,
«Ғурбат коваклари» улардан нарёқ,
Улардан нарёғи — заққумли дунё.
Умуммиллий қайғунинг кўламдор ва таъсирчан тасвири банддан-бандга тиниқлашиб, кучайиб бораверади:
Ким учун шаббода эсади майин,
Ким учун нозланар оқшом оғуши.
Биз эса бенасиб, бизларга тайин
Калитлар ғижири дақиқа сайин
Ва солдат қадамин хунук товуши.
Тонгги ибодатга боряпмиз гўё,
Пойтахт ҳувиллаган, ёввойи тусда.
Учрашдик мурдадай, ютганча нафас,
Нева туман аро, қуёш қадди паст,
Умид эса мудом куйлар олисда.
Бу мисраларга Азобнинг шоирона қалбдаги кучайтирилган акс-садоси ёки муболағадор ифодаси янглиғ қарамаслик керак. Қолаверса, «Марсия»да умуман муболаға йўқ. Дарднинг аниқ, ҳаққоний ва самимий тасвири бор, холос. Худди шу боис «Бағишлов»даги қатор сатрлар, айтайлик, «Бу қайғу олдида букилади тоғ, Оқмасдан қўяди ҳайбатли дарё» ҳам асло муболаға эмас, балки дарднинг, кўргуликларнинг сокин баёни, кўпроқ таъкиддир. Муаллиф 30-йилларнинг даҳшатларини ҳаётий поэтик чизгилар орқали аниқроқ гавдалантиришга интилади. Оддий инсоний тасаввурларга сиғмайдиган ана шу даҳшатларнинг характерли белгилари биргина турма эшиклари ортидаги разолатлар — «ғурбат коваклари», «заққумли дунё» эмас. Ташқаридаги ҳаёт ҳам ундан асло қалишмайди. Ғариб-ғамгин оқшомларнинг майин шаббодаларидан, сокин-роҳатбахш оғушларидан бенасиблик, шулар ўрнига тинмай азобларнинг овозин тинглаш — «Калитлар ғижири», «солдат қадамин хунук товуши» — турма эшикларидан берёқдаги, ташқи дунёнинг белгиларидир. Кейинги банддаги «Тонгги ибодатга боряпмиз гўё», «Ёввойи тусдаги, ҳувиллаган пойтахт», «Учрашдик мурдадай, ютганча нафас», «Нева туман аро, қуёш қадди паст», «Умид эса мудом куйлар олисда» каби поэтик чизги ва таъкидлар ҳам ўша (ташқи) дунёни кўз ўнгимизда гавдалантиради.
Мана шу кулфатлар ва кўргуликлар оқимида «Мен»нинг хавотиру қийноқлардан йўғрилган қиёфаси кўрина бошлайди:
Ҳукм… Ёш селоби оқар шу заҳот,
Шўрликни олдилар ҳаммадан узиб.
Гўё юлинганди юракдан ҳаёт,
Гўё юлингану отилган азот.
Лекин кетиб борар… Гангир… Бир ўзи…
Дардлар қуюнида, аламлар гирдобида ёлғиз, иложсиз қолган кўнгил ҳолатини бундан ҳам аниқроқ, ҳаққонийроқ чизиб бериш мушкулдай:
Гўё юлинганди юракдан ҳаёт,
Гўё юлингану отилган азот.
Лекин кетиб борар… Гангир… Бир ўзи…
Фақатгина шахсий фожиани бунақанги ёниқ ифодалаш амримаҳол. Умумфожиани ҳам бу даражада таъсирчан қоғозга туширишни ақл бовар қилмайди. Ахир бу қадим ва омонсиз дунёда не-не кўргуликлар бўлиб ўтмаган. Не-не кўнгиллар қонга, зардобга тўлмаган. Бироқ «Марсия»даги трагик лиризм беқиёсдир. Нафақат рус, балки Шарқу Ғарб лирикасида ҳам «Марсия»нинг бетакрор фожиавий пафоси билан қиёслагувлик бадиий намуналар, эҳтимол, кўп эмасдир… Хўш, «Марсия»нинг сири нимада? Сабаби аниқ: Шоирона Қалб шахсий ва умумфожианинг туташ нуқтасига айланган тақдирдагина жаҳоншумул «Марсия»лар туғилади…
Пўртанага тўлган икки йилимнинг
Эрксиз дўстларини сўроқлай қайдан?
Сибир қуюнлари не айлар инъом?
Кўзларига нелар кўринар ойдан?
Уларга йўллайман видоли салом.
«Умид эса куйлар мудом олисда». Бироқ олис умид шарпалари билан умидсизлик ўртасидаги масофа жуда яқин. Олис, жуда олис умид учқунларини аёвсиз «Сибир қуюнлари» чилпарчин қилади. Чилпарчин бўлган умидларнинг ер юзида бошпанаси, манзили йўқ. Уларнинг мангу маскани — Осмон, Ой… Бежиз айтилмаган бу дардкаш мисра: «Кўзларига нелар кўринар ойдан?» Ой — умидсизларнинг ягона умидгоҳидир. Осмон бағридаги юлдузлар, эҳтимол, нобакор заминда чилпарчин бўлган умидларнинг сон-саноқсиз синиқларидир… Бу маънода «Марсия»га кирган шеърларда осмон, ой, юлдузларга қаратилган бот-бот нолишли хитоблар тасодифий эмас, албатта. Айни ушбу муаммони сал кейинроқ махсус тўхталмоқчимиз.
Шеърий туркумдан ўрин олган навбатдаги шеърда — «Кириш»да ҳам қатли омнинг фавқулодда даҳшатлари, қирғин-қиёматнинг миллий бепоёнлиги кўзларимиз олдида намоён бўлади. Ҳайратланарли мисраларда абадийлашган, соғлом инсоний-ҳаётий мантиқ сарҳадларига сиғмайдиган ана шу кечинмаларни яшаган сайин (уларни муаллиф даражасида қайта яшаш иложсиз, албатта) ишонгинг келади; йўқ, ўлим — тирикликнинг сўнги эмас, балки ҳаётнинг ягона нажоти, энг сўнгги паноҳидир. Ҳа, қуйидаги мисраларда бадиий тажрибада камдан-кам учрайдиган — ўлимнинг халоскор қудрати куйланади…
Буни кўрса, ўлим, деб аъло,
Марҳум яна қабрига чўккай.
Турмалари ёнида гўё
Ленинград ортиқча юкдай.
Қийноқлардан йўқотган қушин,
Маҳбус полки ўтиб боради.
Айрилиқнинг зумлик қўшиғин
Паровозлар айтиб боради.
Совуқ боқар бошлар устида,
Ўлимларнинг муждаси — юлдуз.
Қонли этик, таъқиб остида
Тиришади гуноҳи йўқ Рус.
Каттол замон даҳшатларини ҳайратомуз даражада ҳаққоний ва бешафқат тасвирлайдиган бу мисралар 1935 йилнинг кузида битилган. Сталиннинг қатли ом машинаси эндигина ишга туширилган. 36-39-йилларнинг ақл бовар қилмаган кургуликлари ҳали олдинда. Бутун мамлакатни ўзининг бепоён ўзанига айлантирган бетартиб фожиалар оқими ҳамда уларнинг моҳияти, кўлами ва миқёслари ҳақидаги тасаввурлар ҳали тиниб-тиниқлашиб улгурмаган. Сталинизм иллатларини аёвсиз фош ва таҳлил қиладиган илмий-ҳужжатли-бадиий асарлар яратилишига ҳали чорак аср кейин киришилади. «Архипелаг гулаг» дунёсини жаҳонга маълум қилиш — аср жиноятларини очиб ташлаш ғояси ҳали азобкаш Муаллифнинг хаёлида йўқ… Ҳали Александр Солженициннинг қамалишига анча бор.
Ажабланарли томони шундаки, «Марсия»га «Кириш»дан олинган юқоридаги мисраларда акс этган шафқатсиз ҳақиқатлар ғеран фожиавий моҳиятига ва юксак фалсафий пафосига кўра ўзидан анча кейин, аниқ тарихий ҳужжатлар асосида ёзилган асарлардан асло қолишмайди. Хусусан, «Буни кўрса, ўлим, деб аъло, Марҳум яна қабрига чўккай», «Кийноқлардан йўқотиб ҳушин, Маҳбус полки ўтиб боради», «Совуқ боқар бошлар устида, Ўлимларнинг муждаси — юлдуз», «Қонли этик, таъқиб остида тиришади гуноҳи йўқ Рус» каби мисраларда ифодаланган, унча-мунча санъаткор поэтик тасвир имкониятларига сиғдиролмайдиган умуммиллий қайғу манзараларини А. Солженициннинг публицистик-ҳужжатли тадқиқотлари, «Иван Денисовичнинг бир куни», «Қаторда биринчи» сингари шахсга сиғиниш йиллари кулфатлари таҳлилига бағишланган ўта реалистик асарлари билан ҳаққонийлик нуқтаи назаридан бемалол қиёсласа бўлади. Бу ўринда «Иван Денисовичнинг бир куни» қиссаси юзасидан айтилган ўзига хос оир фикрни эслаш жоиз деб ўйлайман: «Менимча, виждонсиз одамгина бу асарга лоқайд қараши мумкин. Унда адабиётдан ҳам кенгроқ ва устунроқ нимадир бор. Бироқ бу нолиш эмас, балки умумхалқ фожиаларининг сокин, теран ва ҳаққоний тасвиридир». (Мих. Лифшиц. О повести А. И. Солженицина «Один день Ивана Денисовича». «Вопроси литератури». 1990 г. № 7. стр. 74.) Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, ана шу эътиборга лойиқ мулоҳазалар Анна Ахматованинг «Марсия»сига ҳам тенг даражада тааллуқлидир.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 10-сон