Эрамиздан олдин яшаган юнон адиби Лукианнинг «Ватан шаънига» номли асарида шундай сўзлар бор: «Менинг бу гапларим ғоят эски гаплардир. Лекин ҳақиқат шундаки, ўз отасини севмаган фарзанд ўзганинг отасини ҳам ҳурмат қила олмайди, ўз Ватанини севмаган киши ўзгалар Ватанини ҳам қадрлай билмайди». Икки минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган бўлса ҳам Лукиан учун жуда эски бўлиб туюлган бу гаплар нақадар замонавий жаранглаяпти.
Ватан деганда нимани англаш керак?
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га биноан, «Ватан — 1) Киши туғилиб ўсган ва ўзини унинг граждани ҳисоблаган мамлакат, она юрт; 2) Кишининг туғилиб ўсган ўлкаси, шаҳри ёки қишлоғи, юрт, диёр; 3) Турар-жой, бошпана, макон, уй».
Абдулла Авлоний эса «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобида бу ҳақда шундай ёзади: «Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилғон, ўскон ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу Ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан — ўз уюридан айрилса ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас. Маишати талх бўлиб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз Ватанининг муҳаббати турар.
Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдиғимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимўлар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши тириклик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб, ҳижрат қилурлар эди.
Боболаримиз: «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл,» демишлар».
Буюк мутафаккиримизнинг фикрича, биз туғилган юртимиздан узоқ кетсак, бизни «тортиб келатурғон қувват ўз ватанимизнинг, она тупроқнинг меҳру муҳаббатидур».
Биз «Ватан» сўзини не-не сўзларга қўшиб не-не қадриятларга ном топамиз: Ватан тупроғи, Ватан адабиёти, Ватан туйғуси, Ватан тарихи…
Ҳижратда Ватанни соғинсак, кўз ўнгимизга харитада сарҳадлар билан белгиланган маълум жуғрофий макон эмас, албатта уйимиз ёнида ўсиб турган олча дарахти, шу дарахт ёнида жилдираб оқувчи лойқа ариқча ёки қишлоқ четидаги, бир замонлар, болалик фаслларида биз варрак учирган қадимий қўрғонлар харобаси — улкан тепаликлар, оналаримизнинг мунгли кўзлари, фарзандларимизнинг кулгули қилмишлари ёдга тушади.
Жуда кўплар ўша жуғрофий харитадаги маконни, унинг байроғию гербини, давлат идораларини ватан деб англайдилар. Улар паспортларига босилган муҳрга биноан ўзларини муайян Ватан фуқароси деб биладилар. Улар қаерда яхши яшаш учун қулай шароит бўлса ўша ерни ватан қиладилар. Асл ватанпарвар эса ўз халқи билан, ватан тупроғи, бу тупроқдаги ҳар бир чечак билан уйғунлашган маънавиятли одамдир.
Ватан деганда фақат ўзи туғилган шаҳар-қишлоғини, улар атрофидаги қадимий боғларни, дилга яқин далаларнигина назарда тутмай, шу билан бирга, чеки йўқ пахтазорларда қора меҳнатдан умри хазон бўлган болалар, зах ва дим хоналарда сарғайиб, чанг босиб ётган қўлёзмалар, йўл тополмай ўт ичига кираётган аёллар, қуриётган денгиз, булғанаётган дарёлар қисмати туфайли дилда оғриқ, юзда уят совуғини туйган одамгина ватанпарвардир.
Ватанни, унда яшаш қулай ва бозорларида арзончилик бўлгани учун танламайдилар. Ватан бизни танлайди. Ватан муҳаббатига етишиш осон эмас. Бунинг учун кучли қалб эгаси бўлмоқ керак. Кучли одамгина Ватанни сева олади, ожизлар эса ҳамиша севилиш истагида бўладилар.
Ибн Арабий «ҳар бир инсон ўз яратганини севади» деган экан. Нақадар ҳаққоний сўзлар. Биз бандаи ожизлар бу ҳикматни «Сен севган одам сени яратади» деб тушунишимиз ҳам мумкин. Агар шундай тушунсак, демак Ватан ишқи бизни яратади, тилимизни, дилимизни яратади. Муҳаббат ҳеч қачон зулм, ёвузлик, жаҳолат маҳсули бўлган эмас. Жаҳолат ҳукмрон бўлган қалб ҳамиша таназзулга юз тутади.
Ватан деганда нимани англаш керак?
Она тупроқ Ватанми? Ҳижратда жон бераётган мусофир кўксида неча йиллар давомида яшириб юрган дил тўтиёси — бир ҳовуч тупроқни боши остига қўйишни васият қилади. Ўлжас Сулаймоновнинг шеъри эсингиздами? Оддий тупроқмикан Ватан тупроғи? Қанча қону қанча қора тер, қанча кўзёшу қанча она сути тўкилган бу тупроққа. Кўзимизни осмондан узмай яшаймиз-у, вужудимиз шу тупроқники… Бу тупроқ боболару момоларимизнинг муқаддас хоки. Умри иморат тиклаш, пахса уриш билан ўтган кекса усталаримиз албатта лой қориш олдидан хоки туробга айланган аждодлар руҳини ёдлаб, улардан ё изн, ё кечирим сўрагандек муқаддас китобдан оятлар ўқийдилар.
Тилимиз ҳам Ватанимиздир. Ахир юрт тупроғидаги ҳар бир гулнинг, ҳар бир майсанинг, ҳар бир оғочнинг, ҳар бир паррандаю дарранданинг, ҳар тоғу боғнинг номи бор — Номни тилга олар эканмиз, улар «ярқ» этиб бутун залвори билан кўзимиз ўнгида гавдаланадилар. Ғала-ғовур бегона шаҳар кўчаларида тўсатдан она тилимизда гапирган одамни учратсак, дилимиз орзиқиб кетади, уни тўхтатиб суҳбатлашгимиз келади. Шоирлар шеъридаги юртимиз мадҳи дилларимизда меҳр уйғотади.
Умримизнинг ҳар бир лаҳзаси Ватанга бўлган муносабат билан белгиланади. Ватан — умримизнинг мазмуни, мақсадимиз ғояси. Лосось деган балиқ бор. У умрининг сўнгида неча¬ неча денгизу дарёларни ошиб, тошлар устидан ҳатлаб, қачонлардир ўзи кўз очган кичик ва тинч ўзанга қайтаркан. Ҳар баҳорда уйингиз пештоқида ин қурган қушларни кўрасиз. Улар уйингизни адашмай топиб келадилар. Инсон тафаккури ҳам йиллару кулфатлар оша ўзининг ибтидоси — Ватанга қараб интилади. Бу интилиш абадийдир…
Давлат чегарасидан ўтаётган поезд хонасида ўтирган одам деразадан ташқарига қанчалик зийрак боқмасин, давлат чегараси устунини кўрмагунча, чегарадан қачон ўтганини билиши қийин. Зеро атрофдаги далалар бир-бирига уланиб кетган, бу далалардаги чечаклар, оғочлар бир хил бўёқда гуркираб яшнайдилар, кузда бир хил хазон тўкадилар, қишда бир тарзда қорга кўмилиб ётадилар.
Шунинг учун ҳам Ватаннинг табиий чегараси ҳеч қачон унинг асл чегараси бўлолмайди. Ватаннинг асл чегарасини унинг даҳо фарзандларининг умри, ижоди ва жасорати белгилайди. Ҳар бир даҳо ўз истеъдодининг қудрати, ўз маънавиятининг юксаклиги билан Ватан чегараларини кенгайтириб боради. Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фаробий, Улуғбек, Навоий, Маҳмуд ибн Вали, Исмоил Бухорий даҳоси Ватан чегараларини шу қадар юксакликка олиб чиқдиларки, баъзан жонимизни ҳовучлаб, ўйга толганимизда, бошимиз боболаримиз юлдузларига тегиб кетаркан, бу олий юксакликни бир қарич ҳам кўтаролмаганимизни ўйлаб, бизни муздек тер босади.
Ватан чегараларини унда яшаётган халқ санъатининг даражаси, адабиётиминг қудрати белгилайди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Кўҳна Урганч, Шаҳрисабз, Туркистон, Қўқон, «Девон-ул луғатит-турк», «Алпомиш». «Кунтуғмиш», «Ўтган кунлар» юртимиз сарҳадларини шу қадар кенгайтирдиларки, биз — уларнинг ношуд фарзандлари ҳанузгача бу бепоёнлигу кенгликлар аро довдираб, адашиб юрибмиз.
Ватан чегарасини фарзандлар тилаклари, орзу-интилишлари кенгайтиради. Шоҳ Бобур ўз диёрига сиғмай бегона ерларда бир салтанат туздиким, унинг чегаралари шаксиз ва чексиз эди. Бироқ, шоир Бобур ўз қалби сарҳадларини шу қадар кенгайтирдики, юракка сиққан бу диёр жаҳонга сиғмайди. Шоҳ Бобур салтанати асрлар ўтиб, замонлар бўҳронларига дош беролмади, шоир Бобур диёри эса барқарор қолди. Шу боисдан унинг душманлари шоир Бобурни енгишга куч қувватлари етмаслигини, фитналари даҳо олдида ожиз бўлишини билиб, шоҳ Бобурга ёпишадилар. Улар даҳо шоирнинг асрлар шердек ғажиган этакларини итдек ғажийдилар. Улар билмайдиларки, этак бўм-бўш, руҳ эса юксакда — сарҳади йўқ коинотда учиб юрибди.
Ватан сарҳадини унинг ман-ман деб, тарих йўлларидан чанг кўтариб ўтган, «урҳо-урҳо»ю қарсакларга кўниккан, ўз халқини алдаб, кўкрагига нишонларни маржон қилиб таққанлар эмас, юрагида эътиқод туйғуси уйғоқ фарзандлар кенгайтирадилар. Ватан чегараларини Тўмарис, Широқ, Нажмиддин Кубро, Спитамен, Темурмалик, Номоз, Қурбонжон она, Бобон ботир кўксида яшаётган, аламдек безовта, муҳаббатдек абадият мезони бўлмиш эътиқод кенгайтиради. Бу эътиқод номи — озодлик!
Ватан чегараларини унинг тили, бу тилнинг равнақи кенгайтиради. Она тили ўрнини боса олгувчи иккинчи тил йўқ бу жаҳонда! Ўз она тилини унутган ўзбек бор экан, у ҳеч қачон ўзбек эмас, ўзбек бўлолмайди ҳам. Чунки у бу тилда куйлолмайди, ўйлолмайди, илло, севолмайди. Ҳар бир одам «Она тилим — улуғ тилим!» деб ҳайқириш ҳуқуқига эга.
Ватан чегарасини унинг тарихи, унинг маданий мероси белгилайди. Ўтмишни бугун яратиб бўлмайди, ўтмиш бугунни яратади. Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислоҳ қилишдан бошланган. Ўтмишга бўлган ҳар қандай ижобий мурожаат эса ҳамиша инқилобий ўзгаришларга замин тайёрлаган, ўтмиш ақидалари бугун учун хизмат қилган. Бироқ, ўтмишга мурожаат қилишдан аввал унга бўлган муносабатни ҳалол, тўғри йўлга солиш керак.
Минг афсуским, бугун ўтмишни қайтадан яратмоқчи бўлганлар, даҳоларни тарозига ўтқазиб, бозорга солаётган кимсалар ҳам биз билан ёнма ён, ҳамнафас яшамоқда. Соат милларини орқага бурган билан Ватан — тарихини қайтариб, ёки тўхтатиб бўлармикан, сарҳади йўқ фалакда учиб юрган буюкларнинг руҳларини ўқ узган билан ўлдириб бўлармикан?
Ватан душманлари, ўтмиш ағёрлари юрт сарҳадларини кенгайтирадиган одамлардан қўрқадилар. Шунинг учун умри ва даҳоси Ватан сарҳадининг устунларига айланган халқ фарзандларига, Алпомиш, Навоий, Бобур, Қодирий, Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев, Иброҳим Мўминов кабиларга ҳужум қиладилар, уларнинг руҳини таъқиб қиладилар.
Аммо халқ уларни — ўз болаларини кўксига яширади: душманлар Чўлпон шеърларини гулханда ёқадилар, билмайдиларки бу шеърлар аллақачонлар халқ кўксида Ўрхун-Энасой тошларига битилган битиклардек абадиян муҳрланган. Бу кўкракларни очадиган калит — эътиқод, бу эътиқод — Ватан ишқи, Ватан озодлиги!
Ватан қўйнида яшаётган ҳар бир инсон ўз муҳаббати билан Ватан сарҳадларини кенгайтиради. Муҳаббатсиз юракка Ватан сиғмайди. Ҳар бир гўдак, ҳар бир қария ўз дарди билан Ватанни бепоён этади. Дардсиз юракка Ватан сиғмайди. Ватан дарди, Ватан муҳаббати яшаган юракгина инсониятни севади, инсоният учун куйинади. Ўз юртини, ўз халқини севмаган, ўз она тилини алқамаган одам ҳеч қачон бошқа тилни, ўзга элни севолмайди, бегона тупроққа ҳам меҳр қўёлмайди.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 1-сон