Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислоҳ қилишдан бошланган. Фақат шундагина ҳақиқий маънода инқилобий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Зеро, ўтмиш сабоқлари замонавий тараққиёт учун хизмат қилади.
Ниҳоят, тарих «илми»да ҳукмронлик қилган жуда кўп нотўғри ақидалар юкидан қутуладиган, уларни қайта кўриб чиқадиган вақт келди.
Ўтган йилнинг охирида бўлиб ўтган халқ таълими ходимларининг Бутуниттифоқ създида СССР халқ таълими Давлат комитетининг раиси Г. Ягодин: «Социалистик интернационализм бемиллат эмас. У миллий ифтихор, илғор тарихий анъаналар, она тилини ҳурмат қилиш асосида қурилади. Бу соҳада кўпгина масалалар йиғилиб қолди. Масалан, «СССР тарихи» дарсликлари маълум даражада ҳамон рус халқининг, рус давлатининг тарихи бўлиб қолмоқда» деб, бу борадаги камчиликларни янгича тафаккур асосида ҳаққоний танқид қилди. Худди ана шундай фикрни «Правда» газетаси саҳифасидаям ўқиш мумкин: «Лавҳаларида: «Бошқаларни таҳқирлаб, ўзинг юксал!» деб ёзилган бирор дин йўқ. Аммо айрим ғоялар, сиёсий йўналишлар асосида айнан мана шу қабиҳ фикр ётганиям аниқ. Ўз халқини осмонга кўтариб, бошқа халқни ҳақоратлаган ҳолларни санъат, адабиёт ва тарих фанидаям учратиш мумкин. Токи бу чиркин йўналиш ҳаракатда экан, тарих фани ибтидоий, ёввойи этноцентризм манбаи бўлиб қолаверади. Маданият бундай қараш билан курашгандагина чиниқади. Фақат маданият эмас, шахс ҳам чиниқади. Бугунги жуда кўп ижтимоий иллатларимиз ўзини бошқалар ҳисобидан улуғлаш самараси эмасми?
Бугунги сиёсат ҳам тарихдан ўсиб чиққан, уни тарих шакллантирган. Шунинг учун ҳам бугун биз миллатлараро муносабатлар, иттифоқимиздаги муаммолар ҳақида гапирар эканмиз, мана шу асосий амални унутмаслигимиз керак. Бугунги жуда кўп ижтимоий фалокатларнинг идизи регионал тарих фанидан озуқа олади». («Правда», 1989 и. 27-сони.)
Ўзбекистон тарихида янгича тафаккур билан қараш зарур бўлган масалаларнинг бири — Ўрта Осиёнинг, хусусан, бугунги Ўзбекистон территориясига кирган ерларнинг Россия томонидан забт этилганига бағишланган ахборотларда тез-тез учрайдиган «оқ доғ»лардир. Пўлатхон қўзғолонига бағишланган мақола шу йўналишдаги илк қадам, албатта. Биз ушбу мақола муносабати билан мустамлакачилик сиёсати тўғрисида дарсликларда баён этилган айрим баҳсли ўринларга баҳоли қудрат ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Ўрта мактаб дарсликларида бу масалага бирёқлама баҳо берилган. Қизиғи шундаки, юртимизга юнон, араб, мўғул босқинчилари тажовуз қилганларидан сўнг рўй берган қирғин-баротлар аниқ ва равшан тасвирланади. Дарҳақиқат, бу фожиаларнинг ҳар бири Ўрта Осиё халқлари учун оғир асоратлар қолдирган. Чор Россиясининг Ўрта Осиёга босқинчилик сиёсати беозор бўлганми, деган ҳақли савол туғилади. Зўравонлик, баъзи бир тарихчилар таъкидлагандек, ҳақиқатан ҳам забт этилган ўлкаларга ёруғлик олиб келгани ростми? Биз — реалистлармиз: ҳақиқатга тик қараймиз ва «Европа халқларининг жаллоди» (В. И. Ленин ибораси) бўлмиш чиркин империя билан жафокаш рус халқи ҳеч қачон битта чашмадан сув ичмаганини яхши биламиз. Ва яна шу нарсани биламизки, рус халқининг асл фарзандлари юз йиллар давомида чоризмга қарши курашганлар, жонларини фидо этганлар!
Чоризм босқинидан сўнг Ўрта Осиё халқлари бошида ўйнаб турган зулм қиличи пайдо бўлди. Чор ҳукумати улуғ давлатчилик сиёсатини оғишмай амалга ошира бошлади. Босқиндан сўнг Туркистон ўлкаси Россия саноатининг моллари сотиладиган ва унга хомашё етказиб берадиган текин манбага айлантирилди. Ўлка аҳолиси подшо ҳукуматининг маъмурлари томонидан ҳам, олчоқ маҳаллий бойлар томонидан ҳам аёвсиз эзилди. В. И. Ленин сўзи билан айтганда, «Туркистон чинакам мустамлака»га айланди.
Рус буржуазияси вакиллари Россия саноати ва савдоси жамияти мажлисларида оғизларини тўлдириб, уятни унутиб ҳукуматни адолатсизликка даъват қилардилар. «Бўшаб қолган сандиқларимизни тўлдирувчи хазина Ғарбда эмас, у бизнинг Ўрта Осиёдаги мулкларимизда жойлашган», деб жар солардилар. Улар, Ленин таъбири билан айтганда, «Ватан саноати» учун ўт ва қилич ёрдами билан янги бозорларни қўлга киритиш йўлида «ватанпарварлик сиёсатини олиб борадиган» кучли ҳокимият бўлишини истардилар… ва «улуғ» капиталистик Россияни яратиш устида… қўлни қўлга бериб ишлашга тайёр» эдилар.
Жуда кўп тарихчилар К. Маркс ва Ф. Энгельснинг Англия ўз мустамлакаси бўлмиш Ҳиндистонда «икки миссияни: ҳам вайрон қилувчи, ҳам яратувчиликни бажарди», деган сўзларини пеш қилиб, Россия ҳам Ўрта Осиёда шу вазифани ўтади, деб ўша давр босқинчилик сиёсатини ёқлайдилар. Ҳолбуки, Маркс ҳам, Экгельс ҳам чор ҳукуматининг зўравонлигини ҳеч қачон қўллаб-қувватламаганлар. Худди мана шунинг учун ҳам рус тилида нашр этилган танланган асарларидан уларнинг «XVIII аср дипломатиясининг яширин тарихи» асари ўрин олмаган. Буни фақат пролетариат доҳийсининг чор Россияси босқинчилик сиёсатига берган аччиқ баҳолари бугунги совет (яъни, марксистик нуқтаи назарга асосланган) тарих фанида ҳукмрон бўлган ақидаларга тўғри келмагани билан изоҳлаш мумкин, холос.
Йиллар давомида, айниқса, «Сталин — тарих фанининг отаси» деб расмий эълон қилингандан сўнг рус подшолари, князлари, лашкарбошилари фақат ижобий тарзда тасвирланиб келинди. Ҳатто мустамлакачилик исканжасига тушиб қолган ўлка халқлари бошига солинган жабр-зулм, иқтисодий қашшоқлик, ҳақида рус тарихчилари очиқ-ойдин ёзган бўлсалар ҳам, лекин 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати тўғрисида фақат ижобий маънода ёзиш темир қонунга айланди. Бу ҳол фақат олимларнинг илмий асарларига хос бўлса майли эди, аксинча, дарсликларда, кинофильмларда, илмий-оммабоп китоблардаям нотўғри ташвиқот авж олдирилди ва авлодлар онги заҳарлаб келинди. Бундай тенденция адабий асарлардаям мавжудлиги кишини ташвишга солади: икки-уч йил аввал мен А. Горбовский ва Ю. Семёнов қаламига мансуб «Ўқ узмасдан» номли китобни ўқиган эдим. Муаллифлар Бухоро амири ишончини қозонишга улгурган рус жосуси Беневенини фош этган тошкентлик Хўжа Раим исмли савдогарни «чақимчиликда, айғоқчилик»да айблашади. Хўжа Раим ўзининг ватанпарварлик бурчини бажаргани муаллифларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Энг ажабланарлиси шундаки, Африка, Осиё, Лотин Америкаси халқларининг инглиз, француз, испан ва бошқа мустамлакачиларга қарши қаратилган кураши, ҳатто улар маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқарилган бўлса-да, ижобий баҳолангани ҳолда, чор Россиясига қарши қаратилган ҳар қандай халқ ҳаракати тўла (айрим ўринлари албатта миллатчилик, миллий маҳдудлик ранги билан бўялиб) қораланади. Бу фақат зарарли ташвиқот бўлмасдан, балки халқ ҳаракатларининг қутлуғ ғояларини ҳақорат қилишдир. Менимча, тарихни сохталаштираётган олимлар билиб-билмай улуғ давлатчилик ғояларига хизмат қилишаётганини тушунишлари керак. Улар социалистик давлат асосчисининг: «Эзилган миллатнинг ҳар бир буржуа миллатчилигида зулмга қарши бўлган умумдемократик мазмун бор, биз ана шу мазмунни мутлақо ёқлар эканмиз; миллий мумтозлик йўлидаги ҳаракатни жиддий равишда ажратиб кўрсатамиз», деган сўзларини ҳеч қачон унутмаслиқлари керак ва эзилган миллатларнинг ҳаракатларида мана шу «умумдемократик мазмунни» кўра билсалар ёмон бўлмасди.
Шу пайтгача биз рус самодержавиеси билан рус халқи деган тушунчаларни бир-биридан ажратмаган ҳолда, уларни бир-бирига тенг қадрият сифатида қабул қилганимиз учун ҳам чор Россияси сиёсатига қарши қаратилган ҳар қандай танқидий фикрни рус халқига қарши қаратилган деб келдик. Бу ғайриилмий, сталинча миллий сиёсатнинг ўқ томири неча авлодларни нобуд этди, неча онгларни заҳарлади. Тарих фанидаги даҳшатли асоратдак тезроқ қутулиш керак. Ўзаро ишончсизлик келтириб чиқарувчи бу қараш дўстлигимиз дарахти илдизларини кемиради, холос. Ажойиб рус адиби Борис Васильев «Россияни кулфатдаям сев» мақоласида («Известия», 17—19-сонлар, 1989 й.) совет тарих фанидаги бундай ғайриилмий ғояларни қотиб қолган тошларга ўхшатади. Хусусан, у Россия тарихига тегишли ҳар қандай салбий оқибатни, чунончи, асрлар бўйи давом этган рус миллий қолоқлигини (жумладан, сиёсий қолоқликни), фақат ташқи таъсирга — мўғуллар истибдоди билан боғлашга уринишларни кескин қоралаб, совет тарихи фанида янгича тафаккур тезроқ амалга оширилиши зарурлигини таъкидлайди.
Чор Россияси, Ленин ёзганидек, «халқлар турмаси» бўлганини, турмада эса ҳар қандай эркин фикр бўғилишини, унда эркин одамлар эмас, фақат маҳбуслар сақланишини унутмаслигимиз керак. Бу турмада 63 миллион (47 процент) рус бўлмаган халқлар ва элатлар яшарди ва улар улуғ давлатчилик ғояси билан заҳарланган ҳукмдор синф вакиллари томонидан даҳшатли тарзда эзиларди. Масалан, мустамлака Туркистон меҳнаткашларига солинган солиқ (1869 йилга нисбатан) 1890 йилга келиб 5 марта, 1910 йилга келиб 10 марта ошди. Чор ҳукумати ўзбек деҳқонлари ерларини зўрлик билан тортиб олиш сиёсатини юргизарди. Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё областларида мавжуд 63,9 миллион десятина ернинг 58,6 миллион десятинаси рус ҳукуматига тегишли эди. «Солиқларни ошириб бориш сиёсати воситаси билан чор ҳукумати Туркистон қонини сўриб ётарди», деб ёзади тарихчи 3. Д. Кастельская «Туркистон ўлкаси тарихидан» китобида. Ажабки, ўша пайтлари ҳам чор амалдорлари: «Туркистон рус миллионларини бекорга еб ётибди», деган гап тарқатган эдилар, лекин бундай бемаъни гапни бирор бир тарихий ҳужжат тасдиқламайди. Чамаси, миш-мишлар маҳаллий халқнинг шафқатсизларча таланаётганини яшириш учун ўйлаб топилган ғоявий «баррикада» эди. Қўрқоқ (фош бўлишдан қўрққан) олдин мушт кўтарар, деганлари шу бўлса керак.
Мустамлака ўлкадаги чор амалдорлари орасида порахўрлик ҳам жуда авж олган эди. Масалан, Сирдарё областининг ҳарбий губернатори Головачёв маҳаллий аҳолини шу даражада талаган эдики, ҳатто оқ подшо ўзининг нуфузли вакилини судга топширишга буйруқ берган. Бироқ кейин унинг ҳарбий хизматлари эътиборга олинадию порахўр амалдор жазоланмайди. Уезд бошлиғи Бикчурин эса бир солиқни аҳолидан 4 марта йиғиб олади…
Аммо чор ҳукумати даврида қонун йўқ эди деб бўлмасди: оддий деҳқонлар бир чақа учун қамоққа ташланарди. Яна мавжуд қонунга мувофиқ шу ерлик аҳоли алоҳида махсус тартиб билан бошқарилиши талаб қилинадиган, аниқроғи — оддий гражданлик ҳуқуқларигаям эга бўлмаган одамлар ҳисобланарди. Ўз элида ҳуқуқсиз бўлган халқнинг аҳволини турмадаги ҳаётга қиёслаш мумкин эди: Тошкентдаги катта кўчаларда ўзбекларнинг миллий кийимларда юриши қаттиқ тақиқланарди. Трамвайларда эса ўзбеклар учун алоҳида, ўриндиқсиз майдончалар ажратилган эди. Шунга қарамай, улуғ давлатчилик ғоясининг маддоҳлари уятни йиғиштириб қўйиб: «Бизнинг забт этилган халқларга нисбатан ўтказаётган сиёсатимиз тенг ҳуқуқлиликка асосланган. Куни кеча босиб олинган Тошкент, Самарқанд аҳолиси ўша заҳоти Москва граждани билан ҳуқуқда тенглашадилар», деб оламга жар солардилар. В. И. Ленин Россиядаги ўша давр сиёсатини баҳолаб шундай ёзган эди: «Ҳукумат сиёсати, буржуазия қўллаб-қувватлаётган помешчиклар сиёсати бошдангоёқ қорагуруҳчилик руҳидаги миллатчилик билан суғорилган сиёсатдир». Бу фикрни Ўрта Осиёни забт этишда жонбозлик кўрсатгани туфайли ўттиз тўрт ёшида генераллик унвонига эришган М. Д. Скобелевнинг учига чиқнан қорагуруҳчи М. Н. Катковга ёзган мактубидаги: «Бутун Ўрта Осиёни мустаҳкам ва фойдали иттифоқ эвазига Англияга бериб юбориш мумкин», деган жумлалари тасдиқлаб турибди.
Ўрта Осиё халқларининг қадим маданияти жаҳон тараққиётида муҳим ўринлардан бирини эгаллагани шак-шубҳасиздир. Бу ўлка дунёга Ал Фарғоний, Форобий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Бобур ва бошқа жуда кўп буюк мутафаккирларни берган, айни вақтда рус босқини олдидан ҳам ўзининг кучли санъати, адабиёти ва илму фани билан ажралиб турарди. Шу сабабдан бугун 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосан тожикларнинг 99,5; қирғизларнинг 99,4; туркманларнинг 99,3; ўзбекларнинг 98,4; қозоқларнинг 97,9 фоизи саводсиз бўлгани ҳақидаги маълумотни тўғри баҳолашимиз керак. Шу пайтгача бу ҳисоб-китоб ўлкада ташкил этилган рус-тузем мактабларида таълим олган болалар сонига нисбатан олингани жўрттага айтилмасди. Ўлкадаги эски мактабларда, мадрасаларда таълим олаётган ёшлар, ичкарида отинбибилар қўлида хат-савод чиқараётган хотин-қизлар эса умуман «саноққа» қўшилмасди. Ваҳоланки, 1897 йили Самарқанднинг ўзида битта рус-тузем мактаби бўлгани ҳолда, 21 мадраса, 83 мактаб ёки Бухорода ўша йилларда 103 мадраса бўлгани тарихдан маълум-ку! Шунинг учун ҳам 1900 йилда «Вестник воспитания» журналида эълон қилинган: «Ўрта Осиё ва Қозоғистон аҳолисини тўла саводхон қилиш учун 4600 йил керак», деган аҳмоқона мулоҳазани ҳадеб пеш қилавермаслик керак. Татар олимлари ўрганиб чиққан маълумотларга биноан, Туркистон мустамлакага айлантирилгандан сўнг маориф иши олдинга эмас, орқага кетган экан. Буни Туркистон генерал-губернаторларидан бири бўлмиш генерал Н. А. Куропаткиннинг ўз кундалигида битган: «Биз маҳаллий аҳолини 50 йил давомида тараққиётдан, мактаб-маорифдан ва рус ҳаётидан четда сақладик», деб битган сўзлари ҳам тасдиқламайдими? Рус тарихчиси ва этнографи В. Наливкин эса 1913 йилда ҳукумат томонидан очилган рус-тузем мактаблари ҳеч қандай натижа бермаётгани ҳақида ёзади: Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё областларидаги 143 рус-тузем мактабларида 8961 ўқувчи таълим олади, холос — бу аҳолининг 0,17 фоизини ташкил қилган. Мустамлака йиллари давомида маориф ишига ажратилган маблағ умум харажатнинг 0,7 фоизидан 2,33 фоизигача «ўсиб» борган. Агар биз ҳақиқатдан кўз юмиб, Россия Ўрта Осиёга маориф келтирди, деб айтсак, тўғри бўлармикан?
Юқорида айтиб ўтилган ва чор Россиясининг зулм-истибдодга асосланган сиёсатини фош қилувчи бошқа далиллар ўша даврда маҳаллий халқнинг аҳволи жуда оғир бўлганини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам халқ орасида чор ҳукмдорларига нисбатан бўлган қаҳру ғазаб кучайиб боргани табиий. Жуда кўп ҳолларда истибдодга қарши халқ қўзғолон кўтарарди. Мана шундай ҳаракатларнинг бири Пўлатхон қўзғолони бўлди. Мақола муаллифи: «Бу қўзғолонга баҳо беришда шу кунга қадар тарихчи олимлар ўртасида бирлик йўқ. Бири уни халқ ҳаракати, иккинчилари реакцион ҳаракат, учинчилари миллий озодлик уруши, тўртинчилари ўзаро феодал уруш, бешинчилари эса ҳеч қандай баҳо бермай келмоқдалар», деб ёзади. Ўйлашимча, бу ҳаракатга энг тўғри баҳони Пўлатхоннинг душмани бўлмиш киши айтиб кетган; қўзғолонни бостиришда фаол қатнашган (ўша пайтда у ҳали капитан эди) генерал Куропаткин олий қўмондонликка юборган маълумотида шундай ахборот беради: «Кураш хон билан эмас, аксинча, енгиш жуда қийинлашган халқ ҳаракати билан бўлди… Аҳоли билан жанг қилиш эса ҳамиша маҳаллий ҳукмдорларга қараганда жуда оғир бўлади».
Пўлатхон қўзғолони том маънода халқ ҳаракати эмас, у энг аввало озодликка чиқиш учун чор ҳукумати зулмига ва маҳаллий феодалларнинг халқ манфаатларига зид қилмишларига қарши қаратилганди. Мақолада тилга олинган генерал Троцкийнинг «қўзғолон рус вакилларига қарши кўтарилди» деган сўзларини мақола муаллифи ёлғон сўзлар деб айтади. Тўғри, бунга бир оз ойдинлик киритиш керак. Троцкийнинг сўзлари баъзи олимларнинг, юқорида айтганимиздек, рус мустабид тузуми билан рус халқи ўртасида фарқ йўқдек, уларни бир тушунча сифатида қабул қилишлари оқибатида ҳужжатдан ҳужжатга ўтиб, қўзғолонни қораловчи далил ўрнида фойдаланиб келинмоқда. Хўш, генерал Троцкий «рус вакиллари» деганда, бу ўлкага яхши мақсадда келган олим, сайёҳ ёки савдогарни назарда тутган эдими? Албатта, йўқ. Ахир, ўша пайтда босиб олинган ерларда рус қўшинидан, рус мустамлака қонунларини ўрнатишга хизмат қилувчи амалдорлардан бошқа рус вакиллари йўқ эди-ку! Мустабид генералга эса ҳимоясиз Андижонга ҳужум қилишга баҳона керак эди, холос. Ҳадеганда баҳона топилавермайди, генерал баҳонани ўзи тўқийди. Босқинчилар учун эса пашшанинг ғинғиллашиям баҳона бўлиши мумкин, деган экан бир шарқ донишманди. Демак, генералнинг «рус вакилларига қарши» деган сўзини «рус босқинчиларига қарши» деб тушуниш керак.
Мустабидлар қўзғолонни қонга ботирдилар. Мақолада келтирилган Ажаба қишлоғидаги қирғин, бу қишлоқ аҳолисининг мардлиги ҳеч қачон халқ хотирасидан ўчмаслиги лозим. Рус ҳарбийлари ўз эрки учун бош кўтарган ҳар бир одамни аёвсиз ўлдирардилар. 1869 йилнинг 1 июнида содир бўлган Самарқанддаги қўзғолон тақдири бунга мисол бўла олади. Қўзғолон бостирилгач, шаҳар уч кун солдатлар ихтиёрига топширилади, кейин ўт қўйиб юборилади. Юзлаб одамлар ҳеч қандай сўроқсиз отиб ташланади. Босқинда фаол қатнашган мусаввир В. Верешчагин шундай ёзган эди: «Генерал Кауфманнинг ҳовлимизда ўтириб олиб турли одамларни жазога ҳукм қилгани кўз ўнгимда турибди; саховатли Константин Петрович офицерлар даврасида ўтирар экан, ҳеч нарса бўлмагандек, бамайлихотир буюрарди: отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин». Қонли воқеаларни чизишни ҳаддан ташқари севган мусаввир бу сўзларни жазога тортилаётган одамларга ачинишдан эмас, балки «саховатли» Константин Петровичнинг иродаси ва қатъиятига қойил қолганини таъкидлаш учун қайд этади, албатта.
Қўзғолон бостирилди. Неча романларга мавзу бўладиган Пўлатхон тақдири фожиали тугади: ўз халқи эрки учун курашган 33 ёшли йигит дорга тортилади. Халқ қонини дарё қилиб оқизган, йўлида учраган барча қишлоқлар кулини кўкка совурган, тирик жонни — бола демай, аёл демай, қари демай тиғдан ўтказган генерал Скобелев эса 1876 йилнинг 19 февралида подшоҳ Александр I ҳукми билан ташкил этилган Фарғона областининг ҳарбий губернатори этиб тайинланади.
Қўзғолоннинг ҳақиқий қаҳрамони халқ эди. Шу сабабдан ҳам «реакцион маҳаллий элементлар бу қўзғолонни бошқариб тургани, улар Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсири кучайиб бораётганидан қўрқиб, халқни кўтаргани» ҳақида айюҳаннос солиш асоссиздир. Чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини ёқлаб, яъни қўзғолон русларга қарши қаратилгани учун хонлик чор қўшинлари томонидан босиб олинди, деб ёзган бир қатор тарихчилар ўз хатоларини англармиканлар? Агар англамаган бўлсалар, англайдиган вақт етди.
Чор ҳукумати халқ манфаатларига қарши борган ва сотқинлик йўлига ўтган кимсаларни ўз паноҳига оларди. Қўзғолонга хиёнат қилган Абдураҳмон офтобачи халқ қаҳридан қочиб, Екатеринославда яшайди ва сотқинлиги эвазига ҳар йили 3 минг тилла танга «садақа» олади. Унинг ўлимидан сўнг хотини билан қизига «садақа» мерос қолади. Мустабидлар хиёнатни жуда қиммат баҳолайдилар. Бундай сиёсат мустамлака ўлкасида ҳукм сураётган ҳар қандай зўравонлик, ҳар қандай жабру зулмдан даҳшатли эди. У одамлар кўнглига шубҳа ва хиёнат уруғларини сочарди. Бундай сиёсат кишилар онгида чақув ва айғоқчилик билан турмушни яхшилаш мумкин, деган тасаввур пайдо бўлиши учун хизмат қиларди.
В. И. Ленин шундай ёзган эди: «Биз миллатларнинг ихтиёрий иттифоқини, бир миллат иккинчи миллатга қандай бўлмасин зўравонлик қилишга йўл қўймайдиган иттифоқни истаймиз, тўла ишончга, қардошларча бирликни аниқ тушуниб олишга, тўла ихтиёрийликка асосланадиган иттифоқни тушунамиз». Ленин васиятлари қандай амалга оширилгани алоҳида бир мақолага мавзу бўлиши мумкин.
Мен фақат чор Россияси юргизган мустамлака сиёсатининг айрим белгилари жуғрофий номларда ҳалигача сақланиб қолаётгани ҳақида тўхталмоқчиман. Масалан, Тошкентга яқин бир жойни одамларимиз ҳамон шаҳарни қонга белаган генерал номи билан «Черняевка» деб аташади; Самарқандда эса шаҳарни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган босқинчиларга ўрнатилган ёдгорлик ҳозир ҳам қўр тўкиб турибди. Бу ҳақорат эмасми? Юртимизга мусаввир сифатида эмас, босқинчи сифатида кириб, бир қўлида мўйқалам ушлаб қонли жанггоҳларни чизгану бир қўлида бешотар тўтиб, одамларни қирган ва бу ҳақда мароқланиб мактублар битган В. Верешчагиннинг «улуғ рус мусаввири» эканлиги пеш қилиниб Тошкент кўчаларининг бирига унинг номи берилганини ким оқлайди, ким изоҳлайди? Наҳотки, бу интернационализм учун хизмат қилади, деб ўйлайдиган зот ҳали ҳам тирик бўлса?
Қайта қуриш бўрони Сталин қатағони, турғунлик йиллари булутларини тезроқ қувиши, дилларимизни ёруғ нурга — ҳақиқатга шерик қилиши керак.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон