Сирожиддин Саййид. Сариосиё осмонлари (1988)

1965 йилнинг 25 май тонги.

Мактабдаги анъана бўйича ҳар йили ёзги таътилдан олдин бошланғич синфларни экскурсияга олиб чиқишарди. Манзил — қўшни боғдорчилик совхозининг қишлоғимиздан бир чақирим юқорида, канал бўйига жойлашган қуюқ дарахтзори. Биз — биринчи синфни битирганлар учун илк қаникул, илк экскурсия. Олисдаги дарахтзор — илк ўрмонимиз. Ўшандан бошлаб «таътил», «экскурсия» бизнинг энг севимли сўзларимизга, қувончимиз-у орзиқтиргувчи байрамимизга айланди. Дарслар узундан-узоқ эди, катта танаффуслар бир зумда тугарди. Уйларимизда узун соқолларини селкиллатиб буваларимиз узун-узун эртаклар сўйларди, бостирма остида онаси йўқолган бузоқ узоқ-узоқ мўрарди, бўзларди. Йўллар олис эди, сувлар узоқ-узоқларга оқарди. Болалик — чексизликлар даври. Бунда ҳамма нарса бепоён. Борлиқ туганмас. Нуқтада кенгликлар ястаниб ётибди бунда. Шодлик чегарасиз, тасаввур булғанмаган. Ана шу беҳудуд, интиҳосиз олам қаршисида, бепоён осмон остида биз — биринчи синфни битирганлар экскурсияга борамиз, деб шайланиб турибмиз.

Ҳанузгача ёдимда: муаллимимиз қора кўзойнак таққан эди. Унинг ойнагида тизилишиб турган ўқувчилар, далалар-у олис адирлар ва тиниқ осмон кўзгудагидай акс этарди. Осмон қора кўзойнакда ҳам тиниқ, мусаффо эди унда.

Ҳаммамиз бирови кўксига ноғора осиб олган, яна бирови дастасига зарҳал попукли алвон тақилган горнни кўз-кўз қилаётгандай тутиб турган икки нафар мағрур пионерга қарардик. Алвон галстуклари ҳилпирар, улар командирлардай тутарди ўзини. Муаллимнинг ишораси билан пионерлар ишга киришди. Олисларга чорлагувчи, кўнгилни тоғдай кўтаргувчи дадил, ўктам садо янгради (бу садонинг «Пионерлар марши» эканини кеййнчалик пионер бўлгандан сўнг билдик). Шу кўтаринки садо остида биз — биринчи синфни битирганлар умримизнинг биринчи экскурсиясига отландик… Тепамизда — қайғусиз осмон, теграмизда кўм-кўк кенгликлар, ортда — қишлоғимизнинг ям-яшил тераклари сокин чайқалади, олдда — ям-яшил ўрмон — боряпмиз.

Олам ям-яшил, келажагимиз ҳам, ҳаётимиз ҳам шу марш сингари дадил ва мардона бўлишига қатъий ишониб боряпмиз.

…У осмонлар бир кун келиб тушга айланишини, гўдак хаёлимизни афсунлар этган, чорлаган, порлаган беғубор дунё қачонлардир чиппакка чиқишини ўйлаганмидик ҳеч?!

* * *

Ўн йилдан бери тушларимга бир дарё киради.

Армон тунларида ёдим адирлари қовжирайди. Гўё ҳозир жондан аланга тегиб ёниб кетадигандай.

Ҳавода ҳаво йўқ.

Қайлардадир адирлар ортида учган юлдузлар сувга тушиб вишиллайди.

Тошлар жазирамадан тарвузлар янглиғ тарс ёрилади.

Шаршаралар қоялар бўйида елпиғичлардай осиғлиқ.

Тепалар ҳансирайди.

Тепалардан «ДАРЁ-о-о» деган садо келади. Бу садо қоядан-қояга урилиб, булутдай тарқалади, сўнгра, АЙРО-ОВга айланади-ю дараларга тушиб кетади.

ДАРЁ-О-О…

АЙРО-О…

Иккинчи сўзни илғамасликка ҳаракат қиламан. Жудоликни тан олгим келмайди. Ичимда «дарё-ов» дейману заргор кўрпани бошга тортаман. Мавжлар шиносид кўзларим кетади. Шунда тушларимга дарё киради. Ўша дарё.

Сув остида тошлар чинниси ярқирайди. Сув тоза, ҳаво тоза, дунё беғубор. Синфдошим билан зангор сашдатдан баҳраманд бўлиб сузиб юрибмиз. Соҳилнинг илиқ қумлари ўз тафти билан танимизга ҳузур бағишлайди. Қишлоғимизга қараймиз. Тераклари кўм-кўк, мажнунтоллари кокил тарайди, ўриклари қуримаган, новвот узумлари войишлардан ошиб-тошиб ётибди. Шу соғлом салтанатда биз — унинг фарзандлари ҳам соғлом, тетик.

Бу туш энди иккй дунёда ҳам ўнгидан келмайди. Балиқнинг тириклиги сув билан бўлган каби менинг тириклигим энди шу туш билан.

Ҳар кеча дарёга киргандай ўринга кираман. Тўшак сойдай сокин. Кўрпа мавжлардай жимирлайди.

Дарё мени шундай муттасил таъқиб этади. У баъзан кўм-кўк ит мисоли остонамизда бош уриб ётади. Кетмайди. Баъзан деразада пайдо бўлади у. Тўлқинлари ойналарга урилиб, зор-зор чайқалади. Балконларни чангаллаб, баланд иморатга осилиб олган, деразадан қараётган дарёни кўрганмисиз ҳеч?

ДАРЁ-О-О!

Мактаб, муаллимлардан ташқари табиат ҳам тарбиялайди бизни. Сув, Ҳаво, Қуёш — болаликнинг беминнат тарбиячилари. Ўтлоқлар — очиқ синфхонамиз, вижирлаб учаётган қалдирғочлар — кўнглимиз имлолари, ўрикларнинг тошқин-тошқин гуллари — руҳимиз алифбоси. Тиниқ жилғалар бизга сабоқ берди, жайрон шамоллар сурур илмини ўргатди, ялангоёқ чангитганларимиз — тупроқ кўчалар тафти дилимиз лавҳига меҳру эътиқод вазифасини дарж этди.

Болалигида дарёси борнинг кўнгли бир умр дарёлар бўлгуси!

Болалигида дарёси йўқнинг, ўтлоғи, тупроқ кўчасию беғубор осмони йўқнинг…

Болалар табиатдан мунтазам баҳраманд бўлиб ўсмоғи керак. Бунинг учун энг аввал Табиатнинг ўзи керак. Бунинг эса ўз табиий шарт-шароитлари бор: тоза ҳаво, тоза сув, чимзорлар-у боғ-роғлар. Ўз навбатида болаларни табиатнинг табиий тарбиясидан бебаҳра қолдиргувчи сунъий тўсиқлар мавжуд.

Биз тўртта темир беланчакни осиб «Ҳамма яхши нарсалар — болаларга» дедик, аслида эса… ирмоқлари, оҳанрабо соҳиллар-у зангори кўллар, зумрад ўтлоқлар-у тоза ҳавогача — барчасини болалардан тортиб олдик. Уларни Табиат деб аталгувчи мўътабар муаллимдан айириб қўйдик. «Қачон одам бўласанлар!!» — дея маломатлар қилдик, лекин ўзларини пайдар-пай пахтага ҳайдадик. «Сентябрь» сўзи мактаб доскаларида кеч кузгача мўлтираб қолаверди.

ДАРЁ-О-О…

Дарё энди йўқ, дарё йўқ, дарё бошқа қайтмайди, дарёни бошқа кўрмайман! Армон соҳилига ўша дарё чиқариб ташлаган улкан дарахтнинг қуруқ баҳайбат илдизидирман гўё мен. Ҳар ҳолда ўзимга Шундай туюлади. Яна ким билсин. Жудоликни эса тан олгим келмайди.

* * *

Ўша, муаллимнинг қора кўзойнагида болалик жаҳонимиз акс этган тонгдан буён йигирма уч йил ўтибди. Бизни илк бор бағрига чорлаган яшил дарахтзордан энди ном-нишон ҳам қолмаган. У дарахтзор кейин мактабни битиргунимизча — ўн йил давомида бизнинг севимли гўшамизга айланди. Паноҳимиз эди у бизнинг. Уйдан аразласак ҳам, севинсак ҳам шу ерга келардик: Катта асфальт йўлдан оппоққина автобуслар оппоққина болакайларни лагерларга олиб кетарди, биз уларга, уларнинг оққина кўйлакларига ҳавас қилардик, лекин барибир ўз «ўрмонимизга» ошиқардик. Канал сувидай тез ўтгувчи уч ойлик ёзги каникулнинг кўп қисмини ана шу «яшил синфхона» да ўтказардик. Қушлар шу қадар кўп эдики, гўё ҳар япроқда биттадан қуш ўтиргандай, қушлар эмас, миллион япроқлар бараварига тинимсиз чуғурлар эди гўё. Мактаб гербарийсида йўқ ўсимликлар, гиёҳларни шунда учратардик, дарахтлар қуюқ шовулларди, майсалар шивирларди. Кейин ўзимиз ҳам шу яшил оламда қанот чиқарган паррандалардай учиб кетдик: кимдир жанубга, кимдир тақдир шимолига.

Кейин дарахтзор ҳам буткул кесиб ташланди.

Мана энди, синфдошлар қисматлардан бўшаб, онда-сонда йиғилиб қолганимизда гап даставвал ўша дарахтзордан бошланади: «Эсингдами!..», «Эсингдами!..», «Эсингдами!..» Ҳаммамиз дардли бир орзиқиш билан яшил дунёмизни эслаймиз.

У дарахтзор бизга нима берди?

Энди билсам Ватан туйғуси қалбларимизда шунда жо бўлган экан. Дилларимиздаги боқий боғлар шунда кўкарган экан. Бир умрлик соғинчимиз, меҳру эътиқодимиз томирлари шу дарахтларнинг илдизлари ила туташ экан.

Энди эса болалигида дарахтзори йўқ, болаларни, аниқроғи — дарахтзорлари пахтазорга айлантирилган болаларни кўриб жон ўртанади…

* * *

Синфдошим билан кўкаламзорда чалқанча ётиб, соатлаб термулганларимиз тиниқ осмон — болаликнинг энг тиниқ хотираси. Олисдаги тоғлар булутлар яктагини бошига ёпган. Теграмизда қўзичоқлар дикирлайди. Қуёш беминнатгина нур сочади. Оламда кўклам ҳиди, тирилиш, тароват нафаси. Осмон беқиёс даражада тоза, бундай осмон остида фақат осмон бўлиб, осмон бўлиб яшагинг келар.

Кейин йиллар ўтиб англадикки: имонларни ғубор қопласа — осмонлар қораяр экан.

Инсонларни имон тарк этса — осмонлар қораяр экан.

Юрт пешволари калтабин бўлса, умр майдонларида улуснинг шаъни-шавкати қолиб, ўз нафси, иззат-обрўси учун креслоларда кўпкари сурса — осмонлар қораяр экан.

Ўттиз йил даладан чиқмай, устихони пайкаллар аро чириган, умри, инсоний орзу — ҳаваслари ғўзапояга айланган сувчининг энг тансиқ таоми нон-у чой бўлсаю, ўғлини уйлантиришга пули — жамғармаси бўлмаса, осмонлар қораяр экан!

Сариосиёда салкам икки юз минг киши шу осмон остида яшайди. Салкам икки юз минг жуфт кўз ҳар кеча осмонга қарайди: Нима қиламиз энди!

Осмон энди самовот эмас — саволот.

Бу осмонда юлдузлар хира, ой ҳам сариқ касалига чалингандай нимжон. Етти пуштига ризқ берган, она юрт деган тушунчани жон-жонига сингдирган, меҳру эътиқод уруғларини кўкартирган азалий ҳовли-жойини ташлаб, тоза ҳаво сўроғинда саҳролар сари манзил-макон излаб кетганларнинг, дарвозалардаги қулфларнинг, ўт босган остоналарнинг надоматли саволидир бу осмон. Бу осмондан шабнамлар эмас, оғу ёғади ҳар тун, ҳар кеча.

Одамзод инсоний тимсоллари билан ҳам одамзоддир.

Унинг боқийлиги тимсолларда янада абадийроқдир.

Номлар ҳам тимсол. Меҳру ифтихор, аждодлар, насллар тимсоли.

«Дашнобод» ҳам кўҳна тимсоллардан бири. Асрлар шамоли метин қояларни силиққина тарашлагани каби бу номни ҳам ўз «тешаси» ила «сийпалаб» ўтди, яъни уни «Даштиноввот» деган серқирра сўздан силлиқ «Дашнобод»га айлантирди.

Рус императорлиги Жуғрофий жамиятининг кўрсатмасига мувофиқ 1879 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган «Амударё ёқалаб» тўпламида шундай сўзларни ўқиймиз.

«Даштиноввот дарёнинг номи унинг соҳилида жойлашган фаровон қишлоқ Даштиноввот номидан олинган. Бу қишлоқ ўзининг ажойиб анорлари билан маълум ва машҳурдир».

Мактабда муаллимимиз фахр билан сўйларди: «Дашнобод анори «СССР Қизил китобига» киритилган».

Бунда у «СССР»га алоҳида урғу берардики, биз ҳам бундан алоҳида фахр туярдик. Яъники боғимиздаги шу қирмизи анорлар, ҳар кун кўраверганимиздан парво қилмай қўйганимиз шу оддий анорлар районмас, область ва ё республика ҳам эмас, нақ СССРнинг «Қизил китоб»ига киритилган-а!

Анорлар.

Улар менга ҳамиша нимагадир ғамгин, мискин бир ҳолатларни эслатарди. Анор гуллари ҳам не учундир хандон эмас, уларда қандайдир ҳазинлик, изтироб ниҳондай туюлаверарди. Ва бу туюлишлар кун келиб, не ажабки, амалда ўзини намоён этди. Адабиёт ўқитувчимиз шеър ўқирди, мен анграяр эдим, ўқитувчи шеър ўқирди. Синфхонамиз алвон рангга бўялди, ўқитувчи шеър ўқирди, синфдош қизларнинг чеҳралари анор, улар жилмайса, табассум ўрнига ақиқ анор доналари ситилиб кетадигандай: ўқитувчи шеър ўқирди, доскада эса оқ бўр билан катта-катта ҳарфларда ёзилган «АНОР» сўзи қизғиш тусга кирган, ўқитувчи шеър ўқийди, мен деразага қарайман — ойналар ол, ташқари дунё қирмизи, мактаб ҳовлиси алвон, анор гулларидай мискин қизалоқлар — мактабдошларим — кейин йиллар ўтиб пахтазорларда саратон оташида анор пахтазорларда, саратон оташида анор юзларини куйдиргувчи, сўлдиргувчи бенаво анорларим!

Ўқитувчи ҳамон шеър ўқийди:

Бул на гумбаздур эшиги, туйнугидин йўқ нишон
Неча гулгун пок қизлар манзил айлабдур макон.
Туйнугин очиб аларнинг ҳолидан олсам хабар,
Юзларида парда тортуғлиқ, турарлар бағри қон.

Бир келсам Лабиобдаги тоғам бир лаган анор чиқарди дастурхонга. Чойнакдай-чойнакдай анорлар. Бирин-кетин сўяди. «Қондан» асар ҳам йўқ. Ҳаммасининг бағри доғ — қоп-қора. Бир лаган бағри доғ анор. Бир лаган бағри доғ анор! Қайси асрнинг қайси бағри қон шоираси шеърга соларкин бу бағридоғларни!..

* * *

Абдусаттор — менинг синфдошим…

Алпомишдай отаси бор эди Абдусатторнинг — энди йўқ. Отаси борида Абдусатторнинг бошида чинор шовулларди — энди чинор йўқ, бошида бўронлар қарсиллайди Абдусатторнинг.

Абдусатторнинг ҳам кўнглини кўтарадиган, одамшакл жонзотлар орасида хор-зор қилдирмайдиган онаси бор эди, ёронлар! Энди йўқ. Онаси борида Абдусатторнинг бошида қуёши бор эди, бу қуёш бир куни уюмгина сассиз оқ булутга айландию одамларнинг елкаси узра жимгина юзиб кетди. Қайтмас бўлиб кетди! Абдусаттор қолди бошда суронлари билан.

Абдусатторнинг икки акаси бўлган бир пайтлар, уруш йиллари оч қолиб ўлган. Абдусаттор уларни кўрмаган. Лекин баъзан армон қилади: «Акаларим тирик бўлганда…»

Абдусаттор ҳаммасига чидади.

Тупроққа, лойга беланиб ишлади.

Қоришмага қоришиб тер тўкди Абдусаттор.

Уйланди. Қарз-ҳавола қилиб уй қурди, Абдусатторнинг уйи Абдуназарникидай ҳашаматли эмас, лекин бу Абдусатторнинг уйи, ўз уйи.

Абдусатторнинг дунёдан орттирган дунёси — бола-чақаси. Улар олти нафар. Қизлари ҳам, ўғиллари ҳам худди Абдусатторнинг ўзи. Хотини ҳам ўзидай заҳматкаш. Кечқурунлари, унчалик тўкин бўлмаган дастурхон устида эр-хотин ният қилишади: «Насиб бўлса уй битса, қарзлардан қутулсак, болаларга тўй қиламиз».

Дунёда ниятлар жувонмарг кетмасин экан.

Ё, фалак, бу қандай мотам?!

Ҳовлисида аза: «Абдусатторнинг хотини ўлибди. Қорнида ҳомиласи билан». Қизчалари ҳайрон, олазарак одамларга қарашади. «Ота нея йийлаяпсиз!…» Ўғилчалари ҳали ҳеч нарсани билмайди, улар қум устида ёнғоқ ўйнаб ўтирибди. Одамлар шивирлайди: «Абдусатторга қийин бўлди». «Абдусатторга қийин бўлди». «Абдусатторга қийин»…

Бекинмачоқ ўйнаб юрган пайтларимизда қийин бўлишини билганмидинг, Абдусаттор!

«Хотинимни сариғ билан алюмин ўлдирди».

«Акаларим ўрнида мен туғилсам, акаларим ўрнида очдан мен ўлиб кетсам бўлмасмиди!!»

— Йиғлама, жўра! Кўргулик экан.

Мен қандайин дўст бўлдимки, мушкул кунингда кам-кўстингга ишлатарсан, деб чўнтагингга ўн-ўн беш сўм пул солиб қўёлмадим. Мен қандайин дўст бўлдимки, сенга ўқишинг керак деб тазйиқ ўтказмадим, диплом — ҳеч бўлмаганда такаббурлар орасида қимтинмай яшашингга қўл келарди, мен бу ишни қилмадим, шунчалар паст кетдимки, нуқул ўзим ўқидим, дунё илмини фақат ўзимники деб билдим ва сен бир кун айтингки: «Жўра, сен катта одам, биз фақирларга ким қўйибди… Кўксимда бир нарса чирт этиб узилгандай бўлди, мен яна кетдим — ўша шаҳримга, шаҳримдаги ўша «баланд» курсимга!…

* * *

Май ойининг охирларида, ишхонада, салқин, ойнаванд кабинетда шаҳрим ва дунёйим йўқотган тиниқ осмонларни қўмсаб ўтирар эдим, телефон жиринглади. Кўтардим. Садо бердим.

— Ака-а, — деган бир мусофир овоз келди, овоз эгасининг телефонда гапиришга қийналаётгани, ўзини ноқулай сезаётгани билиниб турарди, танидим — жияним Ғолиб. Тошкент аэропортидан қўнғироқ қилаётган экан, аэропортда нима қилиб юрганини сўрасам:

— Армияга кетяпман, —деб жавоб берди. Етиб бордим.

Офтобда куйган, қорайган, пастаккина бир бола. Ўнни битирганига бир йил ўтган бўлса-да, ўсмир деб аташга тил бормайди. Ўсмаган. Мен салқин кабинетда соғиниб ўтирган тиниқ осмонлардан келган элчи эди гўё у. Бироқ «элчи»нинг кўриниши ҳам, бўй-басти ҳам мени қониқтирмади. У ҳарбийга кетаётган, билаклари бўлиқ, қадди-қомати келишган шоввоз йигитга эмас, мурғаккина болага ўхшарди кўпроқ. Сўнг жўралари йиғилишди. Ўн-ўн беш чоғли бола. Ҳаммаси Сариосиёдан экан, ҳаммаси бир-бирига ўхшаш. Бўйлари паст. Уларга қараб эзилиб кетдим. Булар — мени парқу булутларию оппоқ тонглари билан йўргаклаган, марварид ёмғирларию биллур шаб-намлари ила умрим-руҳимни оқ ювиб, оқ ўстирган осмонларнинг эмас, бошқа дунёнинг бошқа осмонлари остида «катта бўлган» бошқа болалари эди. Булар бутифоснинг, заҳил, бетоб тупроқ, чиркин сувлар-у, заҳарланган ҳавонинг болалари эди. Қуёшнинг алюмин заводи тутунларидан заҳарланган нурларини шимиб «улғайган» фарзандлари эди булар. Булар рус тилини яхши билмайди, булар мактабда рус тилини ўрганишдан кўра пахта парваришига, пахта теримига кўпроқ вақт кетказганлар, улар билмайдиларки, бу йигитчаларнинг қонидан энди Алпомишлар шиддати эмас, бутифос ҳиди келади, шунинг учун Ўзбекистондан ҳарбийга чақирилганларнинг аксарияти икки йилдан сўнг «Ватаннинг содиқ аскари» бўлиб эмас, балки «Ватаннинг содиқ ғишт терувчиси» бўлиб қайтади. Шунинг учун Марказий телевидениенинг «Совет Иттифоқига хизмат қиламан» курсатувида кўпинча ўзбек йигити кўрсатилмайди. Гўё бу диёрдан ҳеч ким армияга кетмаган, гўёки бу диёрнинг болалари ҳеч нарсага ярамайди…

Болалар бир соатгина бўлса ҳам Тошкентни кўрсин, бу баҳонада ул-бул тановул қилиб олсин деган мақсадда рухсат сўраш учун йўлбошчисини изладим. Қиличдай бир лейтенант экан. «Ярим соатдан кейин учамиз, — деди — Владивостокка». Кейин сўраб-суриштирди. Кимлигим, нима иш қилишим. Яна сўрадики, «Нега бу болалар бунчалик абгор!». «Алюмин заводи бор, — дедим, — шунинг касофати». Бир болаларга, бир менга, бир болаларга қаради, менга айтдики: «Ничего, икки йилдан сўнг ҳаммаси одам бўлиб келади»…

Лейтенантнинг бу тасаллисидан озроқ ранжиган бўлсамда, ичимда ўйлар эдим: майли, икки йил ўша ёқларда алюмин заводидан узоқроқда юргани маъқул, ҳеч бўлмаганда тоза ҳаво беминнат-ку…

Бу ёқда эса…

Бу ёқда яна куз, яна ёмғир, яна оқ олтин… Болалар яна далаларда. Ожиз имлолардай пайкалларга сочилган болалар. Жиян укасига хат ёзади: «Ўқи, кўпроқ ўқи. Айниқса рус тилини яхшилаб ўрган…»

Укаси эса…

Укаси ҳозирча пахта теришни яхшилаб ўрганяпти. Она тилини ўрганишга фурсати бўлмаган ука қандай қилиб рус тилини ўргансин?…

Мактабда ўқиб юрган йилларимда бир шиорни жуда ёмон кўрардим, Яъни: «Тўхта! Бугун сен қанча пахта тердинг!» Шиор эмас, симёғочга осилган болға эди гўё бу, кўчадан юриб бораётганингда «тўқ» этиб пешонангга уриларди. Гўёки сен тўхтаган билан хирмонга бир нима қўшиладигандай. Гўёки шу билан колхозинг пахта планини бажарадигандай. Республиканинг қайси бурчагига борманг, бундай шиорлар ҳозир ҳам кўчалар, бинолар манглайини қашқа қилиб турибди. Биз пахтадан кўра шундай бетайин, бемаъни шиорларни кўпроқ «етиштирдик» шекилли, шиор осилмаган жойлар қолмади.

* * *

Осмонлар ҳақида гапираман деб кўп сўзларим тупроқ бўлди, дардларим туфроғий бўлди. Қадимгилар «Ҳар бало келса кўкдан келур» деб бекорга айтишмаган. Ҳозирнинг ўзида бу «бало»нинг биргина «Узун» ўрмон хўжалигига келтирган зарари салкам 3 миллион сўмликни ташкил этади. Жони тошдан дарахтлардан бири — арчанинг ривожи 55 фоизга пасайди. Арчанингки аҳволи бу экан, одамзодни — хотин-қизларни, йигитлар, чақалоқларни қўяверинг!— Бу водийда алюминий заводи бунёд бўлгандан бери атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича СССР қонуни мунтазам бузилиб келинмоқда ва бунинг ягона гуноҳкори — СССР Рангли металлургия министрлигидир. Рус адиби Валентин Распутин айтгандай: «Баъзи министрликларнинг она заминда иш юритиш усулини фақатгина мустамлака сиёсати билан қиёслаш мумкин». Биз мустамлака эмасмиз, қардошлармиз, дарддошлармиз, лекин шундай ўйламаслигимиз ва шундай ўйлашимиз учун, келинг, сарфлашни ҳам бирга қилганимиздай асрашни ҳам биргалашиб кўрайлик, ўйлайлик, чорасини топайлик. Тупроқни-ку истаган кўйга солдик. Менделеев тирик бўлганда, бу тупроқнинг таркибини текшириб, жадвалини икки маротаба кенгайтирган бўларди, аммо, бундан сираям мамнун бўлмасди, ёқиб юборарди ўша жадвални! Осмонни асраш керак энди. Булутларга булутлигини, ёмғирларга ёмғирлигини, ҳавога ҳаволигини қайтариш керак. Осмонлар остида эл яшаяпти, элнинг болалари яшаяпти. Элнинг болалари — келажакнинг болалари.

“Ёш ленинчи” газетаси, 1988 йил 3 декабрь