Шуҳрат Сирожиддин. Навоий кимни севган? (1991)

Бу масала совет даврида Навоий ҳаёти ва ижоди ўрганилишининг илк кунларидан ҳозиргача кўпчиликни қизиқтириб келмоқда. 1959 йил 4 февралда ўтказилган навоийшунослар анъанавий анжуманида улуғ санъаткоримиз, академик Ғафур Ғулом шоирнинг:

Ёрдин ҳеч ким манингдек зору маҳжур ўлмасун,
Жумлаи оламда расволиққа машҳур ўлмасун.

матлаъли ғазалига асосланиб, Навоийнинг атайлаб ҳеч бир ерда ўз севгилисининг номини тилга олмаганлигини, уни ёридан жудо қилганларини, ёрини тортиб олган одамнинг давлатмандлигини, лекин доимо маст ҳолатда бўлишини уқтириб, у одам — Ҳусайн Бойқаро эканлигини исботлашга ҳаракат қилган[1].

Шарқшунос олим Е. Э. Бертельс «Навоий ва Жомий» монографиясида Навоий билан Гул исмли қиз орасидаги севги, шундан хабарсиз Султон Ҳусайннинг ҳам уни севиб қолиши ва Навоийни совчиликка юбориши ҳақидаги ривоятни келтиради. Навоий уйланишга журъат этолмаслигини айтгач, қиз аста-секин таъсир этувчи ажал дорисини ичади ва Навоийга эрлик қувватини йўқотувчи дорини ичиради. Е. Э. Бертельс ёзишича, «Бу афсона, шубҳасиз, Навоийнинг бўйдоқ ўтганлиги сабабларини тушунтириш мақсадида тўқилгандир. Улар асосида бирор факт ётади, деб ўйлаш, албатта, мумкин эмас. Бу афсона — Яқин ва Ўрта Шарққа хос бўлган ишқий қиссадир»[2].

Бироқ яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт томонидан чоп этилган ва асосан, Алишер Навоий ҳаётига бағишланган «Тарих бадиияти» номли мақолалар тўпламида ҳам Бертельс келтирган ривоят такрорланиб, шундай хулоса чиқарилади: «…Чунки Навоий ичган иккинчи пиёладаги гулоб эрлик хусусиятига таъсир кўрсатиш қувватига эга экан. Албатта, бу ривоят. Аммо ҳар бир эртак, афсона ҳам маълум даражада ҳақиқатга асосланади»[3]. Ҳурматли тадқиқотчининг ишорасини тушунган бўлсангиз керак.

Биз бу ўринда Ҳусайн Бойқаро қаламига тегишли[4] «Мажолис ул-ушшоқ» («Ошиқлар мажлиси») номли тазкирада Алишер Навоий ҳаётининг ёритилиши масаласи ҳақида ва баъзи мантиқий тахминларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Маълумки, Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ёшликларидан бир-бирларини яхши билишган. Уларнинг дўстлиги ҳақида кўпгина манбаларда айтиб ўтилган. Шу боис Султон Ҳусайн тазкирасини диққат билан ўрганиш, айниқса, тазкира шоир вафотидан кейин яратилганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қимматли маълумотлар бериши мумкин. Тазкиранинг етмиш тўртинчи мажлиси «Сухан иқлимининг хисрави Амир Низомиддин Алишер Навоий»га бағишланган. Муаллиф Навоийнинг ўзи билан ишқ мактабида ҳамсабоқ, давлат ва ҳукумат ишларида мунису ҳамдам эканлигини сўзлайди, унинг ижодига юқори баҳо беради. Сўнг унинг ҳаёти тавсифига ўтади ва муҳим бир гапни айтади:

«Мурғи дилаш ҳамвора дар доми сайёде хунхоре гирифтор буд. Фаммо дар охири кор ўро тааллуқи узбат ба онаст, жавоне (жувоне) некном даст дод ва узбати оташе дар хирмани умраш уфтод…» (Унинг кўнгил қуши қонхўр овчи тузоғига илинган эди. Хуллас, унинг бўйдоқлигига келсак, у яхши хулқли бир жувонни учратиб қолди ва умр хирманига ажиб чўғи тушди).

Айтиб ўтиш жоизки, бу асарнинг бизгача етиб келган нусхаларида «узбат», яъни «бўйдоқчилик» сўзи нотўғри ўқилиши оқибатида «ғариб» тарзида қабул қилинган (Узбат ва ғариб сўзлари бир хил ёзилиб, фақатгина нуқталарнинг ўрни билан фарқланади). Фақат 1606 йили кўчирилган қўлёзмада[5] ўша сўз «узбат» шаклида ёзилган.

Гап шундаки, «Ба онаст» кўрсатиш олмоши кейинги асрларда кўчирилган нусхаларда «нисбат» тарзида ўзгартирилиб юборилган. Натижада, «узбат ба онаст» сўз бирикмаси «ғариб нисбат», яъни «ғарибга ўхшаган» деган маънони англатувчи сўзга айланиб кетган. Жумладаги маънони тўғри тушуниш учун ундаги «жавон» сўзига эътибор бермоқ керак. «Жавон» — жувон сўзи ёш маъносида келиб, йигит-қизларга нисбатан баробар ишлатилган. Кейинчалик пайдо бўлган «ғариб нисбат» тушунчаси «йигит» сўзига контекстда тўғри келганлиги сабабли «Мажолис ул-ушшоқ» нусхаларида «нек», яъни яхши маъносини англатувчи сифат «бек», яъни исмга айлантирилиб ўқилган ва ёзилган.

Фикримизча, биринчи нусхада яхши хулқда ном чиқарган жувон, яъни турмуш қуриб улгурган ёш аёл назарда тутилгандир. Биз ўз хулосамизга сал қуйироқда далил келтирамиз. Энди воқеа ривожига назар ташласак.

Тазкирачи, шоир ул нозанинни учратганидан сўнг, ўзлигини унутиб, қўли ишдан қолди, дейди.

Муаллиф Навоийнинг ўша ҳолатидан жуда яхши хабардор бўлганлиги яққол сезилади:

«…Фи-л-воқеъ ончи ўро дар ин қазия пеш омада буд, тоқати шенидани он ҳеч касро аз табақоти арз нест ва ончи аз он воқеа маро маълум аст, аз ғояти тавил қобилияти арз не». (Ҳақиқатан ҳам, у шунчалик азобларни бошидан ўтказдиким, уни эшитишга ҳеч кимнинг тоқати йўқ ва у воқеадан менга маълумларини айтиб ўтиш жуда ҳам узун бўлганлиги учун мақсадга мувофиқ эмас).

Тазкирачи шоирнинг ишқ можароси билан боғлиқ асосий гапни айтиш билан чегараланади:

«…Алқисса, баъд аз гуфтугуи бисёр ва мазойиқҳои падару модари он жувон ва жангҳои хешу табор рўзе дар фасли баҳор, он жувон мутаважжиҳи хонаи Мир шуд ва ороми дили он ҳақир гашт…» (Алқисса, кўпдан-кўп тортишишлар, ул жувоннинг ота-онасининг қаршиликлари ва қавм-қариндошларининг уришишларига қарамасдан бир куни баҳор айёмида ул жувон Мирнинг уйига равона бўлди ва ул ҳақирнинг (Навоийнинг) дилига ором бўлди).

Бу парча «Мажолис ул-ушшоқ» тазкирасининг бизгача етиб келган нусхаларидаги «Бек исмли йигит бола» тушунчаси хато эканлигига ёрқин исботдир. Бундан ташқари, агар йигит бола, деб тушунсак, унда йигитнинг ота-онаси ва қариндош-уруғлари билан интим масалада гаплашишни ақл бовар қилмайди.

Табиийки, ўқувчида шундай савол туғилади: хўш, нима сабабдан, ул жувоннинг Навоий билан бирлашувига унинг ота-онасию қавм-қариндошлари қарши чиққан? Ахир, тазкира муаллифи таъкидлаганидек, бу воқеа «Навоий катта мажлислар тартиб берган даврда», яъни амирлик пайтида юз берган. Наҳотки, улуғ амир билан қариндош бўлишдан бош тортишган?

Воқеанинг қуйидаги хотимасига назар солсак-да, сўнг ўз мулоҳазаларимизни билдирсак. Хуллас, ота-онаси ва қариндош-уруғларининг эътирозига қарамасдан, Мирга бўлган оташин муҳаббатдан ўзини йўқотган ул жувон Мирнинг уйига кириб боради: «…Чун он рахшандаи кавкаби авжи буржи оламоройи ва ферузандаи гавҳар дар дуржи зебои

Рухе чун тоза гулҳои диловез,
Гулоби ў чу гулҳои арақрез.

саҳар аз дари хонаи Мир даромад ва дуд аз жони он фақир бар омад. Аз аввали рўз то онки, моҳ хиргоҳ зад ба сарҳади шом, азбарои он моҳи тамом мажлис биёрост… Дар авқотеки, бағоят паришон буда ва ошифта, ғазалиёти бисёр жиҳати ў гуфта. Оқибат ал-амр, ў низ рахт (аз дунё) бар баст… ва орзуи ўро ба хок бурд». (…Ул олам буржининг тоқидаги чароғон юлдуз, зеболик дуржининг ярқироқ гавҳари:

Юзи худди янги очилган гулдек,
Унинг гулоби (юзидаги тери) гулларнинг ширасидек.

Эрта тонгда Мир эшигидан кириб борди ва ул фақирнинг (Навоийнинг) оҳи дуди жонидан чиқиб кетди. Кун чиққандан то ой шом сарҳадида чодирини ёйгунча ул моҳтобон учун зўр мажлис ясатди… Жуда паришон ва ошифта бўлган маҳаллари унга атаб кўплаб ғазаллар айтган. Хуллас, у (Навоий) ҳам дунёдан кўз юмди ва унга етишиш орзусини тупроққа олиб кетди).

Кўриниб турибдики, у аёл кечгача шоирнинг уйида меҳмон бўлган. Улар ўртасидаги оташин ишқ можароси ҳақидаги фикрни тазкира муаллифи шу ерда тугатади ва Навоий уни эслаб кўп ғазаллар ёзганлигини ҳамда унинг орзуси билан умр кечирганлигини таъкидлайди.

Демак, Навоий шу аёлга бўлган юксак муҳаббати туфайли бошқага уйланмаган ва умри давомида ҳижрон азоби уни тарк этмаган.

Бу аёл ким бўлиши мумкин?

Маълумки, Навоийнинг йигирма беш ёшигача ёзган ғазалларидан иборат 1465—66 йилларда тузилган девон ҳозиргача сақланган. Бироқ ундаги оташин ишқ уфуриб турган ғазаллар Навоийнинг амирлик даврида эмас, балки анча илгари бу савдони бошидан ўтказганлигидан далолат беради. Айниқса, тазкирадаги «Навоий билан ишқ мактабида ҳамсабоқ эдик», деган фикрга кўра, Алишер ва Ҳусайн Бойқаро ўспиринлик даврларида, яъни Абулқосим Бобур саройига кириб-чиқиб юрганларида кимгадир илк бор муҳаббат қўйганлар, дейиш мумкин. Биз шоирнинг илк девонидаги ишқий ғазалларни «Мажолис ул-ушшоқ» тазкирасидаги тафсилотлар ҳамда Ҳусайн Бойқаронинг таржимаи ҳоли билан қиёслаганимизда, мавзу майдонига султоннинг суюкли хотини Хадича бегимнинг номи қалқиб чиқди.

Дарҳақиқат, Бойқаронинг Хуросон тахтига чиққандан сўнг ўз душмани марҳум Султон Абу Саид Мирзонинг ғайриқонуний (!) хотини, яъни ғунчачиси Хадичабегим билан қонуний турмуш қуриши ва Хадичабегимнинг энг севимли хотини сифатида, ҳатто султонга тазйиқ ўтказадиган даражага етиши Султон Ҳусайннинг унга уйланиши тасодифий бўлмаганлигини билдиради. Биз Хадичабегимнинг насл-насаби билан қизиққанимизда бирор манбада унинг ота-бобоси ҳақидаги маълумотга кўзимиз тушмади. Бироқ Зайниддин Восифий «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарида Амир Шоҳвали ҳақида сўз юрита туриб, унинг Хадичабегимга кўкалдош бўлганлигини қайд этади. Шунингдек, Амир Шоҳвалининг отаси Амир Ёдгор Кўкалдош улуғ амирлардан бўлиб келганлигини ва Шайбонийхон Ҳиротни босиб олганида Амир Ёдгорнинг Ҳиротдаги обрў-эътиборидан фойдаланмоқ мақсадида уни улуғ мансаблардан бири билан сийлаганлигини ёзади. Шунга қараганда, Амир Ёдгор Кўкалдош Султон Ҳусайн Бойқаронинг нуфузли амирларидан бўлган. Ундан ташқари Кўкалдош лақаби авлоднинг темурийларга яқинлигини билдиради. Агар Амир Шоҳвалининг Ҳусайн Бойқаро билан тенгдошлигини ҳисобга оладиган бўлсак (бунга «Бадоеъ ул-вақоеъ»нинг 1105—1111-бетларида ишора бор), Амир Ёдгор Абулқосим Бобур давридан бошлаб Хуросон султонларига хизмат қилиб келган амир, деб ўйлаш мумкин. Модомики, Амир Шоҳвали Хадичабегим билан кўкалдош экан, Хадичабегимнинг отаси Амир Ёдгор Кўкалдошга ҳам жуда яқин кишилардан эканлиги шубҳасиз. Бу эса Хадичабегимнинг юқори даражали оилага мансублигидан ҳамда Ҳусайн ва Алишер униб-ўсган муҳит доираси уни ҳам четлаб ўтмаганлигидан далолатдир.

Султон Ҳусайндек аёлларга нисбатан нозиктаъб (Бадиуззамоннинг онаси Султонбегимни кажхулқлиги ва иккинчи хотини Абу Саиднинг қизи Шаҳрибонуни отга минмай, ўжарлик қилганлиги учун талоқ қилиши — Ш. С.) бир ҳукмдорнинг Султон Абу Саиднинг ғунчачисига уйланиши ва кўпинча унинг маслаҳати билан иш кўриши эътиборга олинса, подшоҳнинг Хадичага бўлган ишқига биринчи муҳаббат натижаси сифатида қарашга тўғри келади. Аёнки, биринчи муҳаббат инсон қалбида ўчмас из қолдиради. Шу жиҳатдан Ҳусайн ва Алишер ўспиринлик йилларида гўзал чеҳрали Хадичани севишган бўлсалар ажаб эмас. Албатта, Навоий табиатига кўра ўта эҳтиросли бўлганлиги учун ҳам қизни қаттиқроқ севган. Бу ўринда Навоийнинг йигитлик даврида ёзилган бир ғазали диққатга сазовордир:

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.
Ўқларингдан дам-бадам таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.
Бир диловардир кўнглумким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга[6].

Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Навоий Машҳадда юрганда ҳам у қизга атаб жуда кўплаб ғазаллар битади. Абу Саид Мирзо Ҳирот тахтига ўтириб, Хуросон нисбатан тинчланган даврда Навоий Ҳиротга қайтади. Бу пайтга келиб, балоғатга етган ва тўлин ойдек тўлишган гўзал Хадича Навоийни янада баттарроқ мафтун этганлигини тасаввур этиш қийин эмас:

Оразу холингни бир дам кўрмасам, эй дилрабо,
Айладурменким, кўрунмас кўзима оқу қаро.

Ҳажр аро раъно қадинг нахлин тилармен тенгридин,
Шомлар шамъ истагандек хайр аҳлидин гадо.
Гар фироқ айёмининг билмон ҳисобин, не ажаб,
Ким, юзунг ҳажрида кундуз кеча янглиғдур манго…

Унинг оташин ғазаллари Ҳирот аҳли ўртасида машҳурлик тутиб, хушовоз хонандалар томонидан жўшиб куйланадиган бўлди. Девони ошиқларнинг ажралмас ҳамдардига айланди… Эҳтимол, шу даврда Хадича қалбида ҳам Алишерга нисбатан ишқ куртак ёзган бўлиши мумкин. Навоийнинг илк девонида ёрдан келган мактублар ҳақида бир неча ғазаллар борки, бу нарса улар ўртасида яқин муносабатлар мавжудлигидан дарак беради. Албатта, кўпчилик мухлисларга маълумки, Навоий ёр деганда фақатгина маҳбубани эмас, балки юксак тимсолларни ҳам тушунган. Илк девонда мазмунидан дўст тушуниладиган рамзлар бор. Бироқ биз маҳбуба маъносида келаётган ёр мактублари ҳақидаги ғазаллардан бирини келтирамиз:

Ёрдин келмиш менга бир турфа мактуб, эй кўнгул,
Ким, эрур ҳар сатри бол ҳар лафзи марғуб, эй кўнгул.
Лафз йўқ, ҳар ҳарфи жон хирзи, даҳи ҳар нуқтаси,
Мардумак янглиғ биайниҳ кўзга матлуб, эй кўнгул.
Айладим тумор, агар тумор этар дафъи жунун,
Бу мени қилмиш жунун илгида мағлуб, эй кўнгул,
Сафҳада эрмас муҳаббат шарҳиким келмиш кийиб,
Хуллаи кофургун бир турфа мактуб эй, кўнгул.
Асру кўп такрор этардин ул париваш номасин,
Бўлмишам эл ичра мажнунлиққа мансуб, эй кўнгул[7].

Хадичабегимнинг тенгсиз жамоли сарой аъёнлари ўртасида овоза бўлган бўлса ажаб эмас. Балки шу туфайли султон Абу Саид уни ўз нафси комига тортган, ғайриқонуний хотин, яъни ғунчачи сифатида ўз харамига киритгандир. Ширин орзу-умидларнинг саробга айланиши Навоийда султон Абу Саидга нисбатан ғазабкор рашк туйғулари ва ички адоватнинг пайдо бўлишига олиб келди. Боз устига Хадичабегимнинг Навоийга бефарқ эмаслигини пайқаган султон шоирга нисбатан совуқроқ муомалада бўла бошлагандир. Дарғазаб бўлган Навоий ватандан бош олиб, Самарқандга жўнаб кетади. У ердан Сайид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида кетишининг асосий сабаблари ҳақида ишора этишга, албатта, йигитлик ғурури йўл қўймас эди. Ўрта асрлар шароити ва Навоийнинг улуғ султонлар табақасига муносабатини, хусусан темурий султонларга юксак ҳурмат-эҳтиромини ҳисобга олсак, унинг Абу Саидга қаратилган исёнкор сатрлари фақат чексиз адоват, нафрат натижасидагина отилиб чиқиши мумкин эди. Бизнингча, не-не умидлар билан энтикиб кутилаётган Бахтдан зўравонлик оқибатида ажраб қолишгина буни юзага келтириши мантиқан тўғридир.

Мавжуд тадқиқотларда Навоийнинг Самарқандга кетиши султон Абу Саид Мирзонинг золимлиги, Навоийнинг тоғаларини қатл эттириши ва асосан, Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг дўстликлари туфайли юз берган, дейилади. Баъзи тадқиқотларда ҳатто, «Абу Саид Мирзо Навоийни Самарқандга бадарға қилди», деган фикрлар ҳам учрайди, ваҳоланки, Бобур «Билмон, не жарима била султон Абу Саид Ҳирийдин ихрож этди», деганида Навоийни Самарқандга бадарға қилди, маъносини эмас, балки «Билмайман, қайси гуноҳи учун шоир кишини салтанатдан бадарға этди?», деган маънони кўзлаган эди. Негаки, шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш барча султонларга обрў келтирган. Акс ҳолда, шоирларнинг ўткир ҳажвлари султонни етти иқлимга шарманда қилишга қодир эди.

Шоирлар ва илм аҳли сиёсатда бетараф бўлганлар. Улар бир подшоҳдан қанчалик мурувват кўрсалар, унинг вафотидан сўнг унга мухолиф бўлган кейинги подшоҳлардан ҳам шунчалик мурувват кўрганлар. Шу боис Навоийнинг тоғалари ёки Бадахшон ҳокимининг Абу Саид буйруғи билан қатл этилиши султон ва Навоийнинг бир-бирларига совуқ муносабатда бўлишларига асос бўла олмайди (Навоийнинг жияни Амир Ҳайдарнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан қатл эттирилиши каби). Қолаверса, Навоий Абу Саид Мирзо замонида сиёсат билан шуғулланмайдиган ёш шоир эди. Ҳусайн Бойқаро эса Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Навоий билан кўришмаган, унинг Абу Саидга қарши юришларига Навоийнинг мутлақо алоқаси йўқ эди. Агар султон Навоийга Ҳусайн Бойқарога кўкалдошлик алоқаси борлиги учун душманона кайфиятда бўлганда эди, унда у Абулқосим Бобурнинг амирларини ҳам ўз хизматига олмас эди (Худди Султон Ҳусайн Бойқаро Абу Саиднинг амирларини ўз хизматига олгани каби). Темурий султонлар кўкалдошлар ва амирларнинг қайси темурий султонга қилган хизматини эмас, балки уларнинг умуман темурийлар сулоласи султонларига содиқликларини қадрлаганлар. Шунинг учун ҳам султонлар алмашгани билан кўпчилик амирлар иззат-ҳурматда қолаверганлар ва кўкалдошлар ҳам темурийларга яқин кишилар сифатида шу давлат ҳудудида хос эътиборга эга бўлганлар. Бу жиҳатдан Абу Саиднинг Навоийга Ҳусайн билан кўкалдошлиги учун ёмон муносабатда бўлиши ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди.

Султон Абу Саид вафот этгач, Хадичабегим висолига етишиш имконияти туғилади ва Ҳусайн Бойқаро тахтга ўтиргач, Навоий яхши умидлар билан Ҳиротга қайтади. Хадичабегим ҳам у билан турмуш қуришга рози бўлган бўлса керак. Мақола бошида келтирилган парчалар шу ҳақда гувоҳлик бергандек… Унинг ота-онасию, қавм-қариндошларининг эътирозига сабаб, биринчидан, Хадичабегим ғайриқонуний бўлса ҳам, ҳар ҳолда Султоннинг хотини ҳисобланиб, ундан бир қизи бор эди. Шу боис унинг вазир билан турмуш қуриши сарой аъёнлари ўртасида ҳар хил фисқу фасоднинг юзага келишига сабаб бўларди. Иккинчидан, балки улар Султон Ҳусайннинг ҳам Хадичага кўнгли борлигидан хабардор бўлишса, ажаб эмас. Навоий ҳам Ҳусайн Бойқаронинг Хадичабегимдан умидини уза олмаётганлигидан ва унга уйланиш режаси борлигидан бехабар бўлмаган. Шунинг учун ҳам уйига кириб келган маъшуқасини изига қайтариб юборади.

Фикримизча, Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг Машҳаддан қайтиб, Самарқандга кетгунича бошидан ўтказган воқеалари, ишқий кечинмаларини билмаган. Чунки Навоий ва Хадичабегим ўртасида ўтган гапларни бири вазири, иккинчиси хотини бўлганликлари учун ҳам ундан қаттиқ сир тутишган. Жуда кам бохабарлар эса Хадичабегимдан ҳайиқиб бу сирни ичларига ютганлар. Шу сабабли Алишер ва Хадича муносабатлари ҳақида бирор манбада ҳаттоки ишора ҳам йўқ.

Бизнингча, бу кейинчалик баъзиларга маълум бўлиб, тилдан-тилга кўчган ва афсонага айланган. «Мажолис ул-ушшоқ» тазкирасидаги воқеаларнинг ҳаққонийлигига келсак, уларнинг ростлигига шубҳа йўқ. Бу воқеани султон кексалик йиллари эшитиши ва оғринмай қабул қилган бўлиши мумкин. Аниғи шуки, Султон Ҳусайн халқнинг гап-сўзини ўйламай, Абу Саиднинг ғунчачисига уйланиб, уни ўзининг энг яқин маҳрами ва сирдошига айлантириши Хадичабегимга бўлган севгиси ёшликдан бошланганлигини ва ўша илк муҳаббат туйғулари умрининг охиригача сўнмаганлигини билдиради. Навоий ҳам дўсти учун ўз ишқини қурбон қилганлиги унинг шеър, ғазалларидан сезилиб туради. У ҳар куни Хадичабегимни кўрар экан, ишқ олови янада кучаяр ва оқибатда бошқага уйланиш учун ўзида қувват топа олмас эди:

Ваҳки, кўнглум ғуссаси ҳар лаҳза қасди жон қилур,
Ҳажрим андуҳи бузуғ сабрим уйин вайрон қилур.
Кўп мададдур ҳажр андуҳида совуғ оҳлар,
Ким, сингурса мен киби ўзига қасди жон қилур.
Неча йиллик меҳнатим ишқ ичра билгай ошиқе,
Ким, ҳадисин ёр ила ағёрдин пинҳон қилур.
Жонни истармен чиқарсам уйидин, кўзларни ҳам,
Кўнглум ул дамким, хаёлин лаҳзае меҳмон қилур.[8]

Хадичабегим эса, Бобур айтганидек, «ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй» хотин, мол-давлатга берилган, унинг учун ишқ-муҳаббат туйғуси иккинчи даражали бўлса ҳам, ҳар ҳолда баъзида Навоийга илтифот қилиб қўяр, бу эса Навоий дардининг яна қайталашига сабаб бўларди. Буни қуйидаги ғазалдан ҳам яққол сезиш мумкин:

Бор эди, ул ҳамки, бир чоғ, бизга ёр эди,
Кулли ар ёр ўлмаса, филжумла боре ёр эди.
Васлидин буткармаса, таскин берур эрди сўруб,
Хаста кўнглум дар иниким, хажридин афгор эди.
Мен агар маҳрум эдим, маҳрам ҳам эмас эрди ул
Кўнглум ар озурда эрди, лек миннатдор эди.
Шамъ агар ёрутмаса, куйдурмаса ҳам яхшидур,
Не улусқа улфат ондин не менга озор эрди.
Гўйиё шукр этмадимким, онсиз ўлмишман бу дам,
Ул қуёшимни ёшурган чархи кажрафтор эди.

Ушбу ғазални биз таниқли адабиётшунос А. Ҳайитметовнинг «Навоий лирикаси» китобидан олдик. Олим бу ғазал асосида Навоий реал севги ва ёр соҳиби бўлганлигини чуқур мулоҳаза билан изоҳлайди ва «Навоийнинг ҳамма ишқий ғазаллари традицион-романтик мазмунда эмас… Улар орасида гоҳо шоирнинг шахсий ҳиссиётлари билан боғланган ғазаллар ҳам учрайди. Бундай ғазалларда шоир тўғридан-тўғри ўз образини гавдалантиради»[9], дейди. Ҳақиқатан ҳам, Ҳусайн Бойқаро томонидан «Мажолис ул-ушшоқ» тазкирасида келтирилган Навоий таржимаи ҳолига оид муҳим факт олимимиз фикрини тўла-тўкис тасдиқлайди.

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 5-сон

_____________________

[1] Қаранг: А. Ҳайитметов. «Навоий лирикаси». Т., 1961, 167-бет.

[2] Бертельс Е. Э. «Навои и Джами». М., 1965, стр. 201.

[3] Равшанов П. «Тарих бадиияти», Т., 1989, 94-бет.

[4] Баъзи тадқиқотчилар «Бобурнома»га асосланиб, уни Ҳусайн Бойқаро номидан ёзилган Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий асари, деб айтадилар. Бу фикр қисман тўғри. Бизнингча, тазкира Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб бўлиб, Гозургоҳий тарафидан қайта ишланган ва тўлдирилган.

[5] Мажолис ул-ушшоқ. ЎзФАШИ. № 3476.

[6] Алишер Навоий. Илк девон. Ҳ. Сулаймон тайёрлаган факсимил нашри. Т., 1968, За-варақ.

[7] Алишер Навоий. Илк девон. Т., 1968, 88а-варақ.

[8] Навоий. Мукаммал асарлар тўплами, 1-жилд, Бадоъе улбидоя. Т., 1987, 136-бет.

[9] Ҳайитметов. А. Навоий лирикаси. Т., 1961, 167-бет.