Шеркон Қодирий. Унутилган сиймо (1989)

«…Ўзбекистон Олий суди томонидан Рафиқ Мўминга нисбатан чиқарилган ҳукм, унинг ҳаракатларида жиноий иш йўқлиги сабабли бекор қилиниб, у оқланган…».

Ушбу қувончли хабар Наманганга 1970 йил, 3 сентябрда етиб келди. Бу вақтда Рафиқ Мўмин оламдан ўтганди. Оталарининг оқлангани фарзандларгагина насиб қилди. Бу ишда шоирнинг ўғли Ҳакимжон Мўминовнинг хизматлари катта. У умрини отасининг меросини тўплаш, сиймосини тиклашга бағишлади. Жонкуяр ўғилнинг жонбозлиги туфайли 1970 йили 19 августда шоир, драматург Рафиқ Мўмин адабий меросини ўрганиш юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар союзида қарор қабул қилинди…

Қарордан сўнг 19 йил ўтди.

Ниҳоят «Фан ва турмуш» журналида (1989 йил 2-сон) адабиётшунос Наим Каримовнинг «Рафиқ Мўмин дарди» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Биз қуйида шоир ижодининг баъзи қирралари ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Рафиқ Мўмин 1900 йил 7 февралда Наманганда камбағал косиб оиласида туғилди. Инқилобдан сўнг Рафиқ Мўмин ижтимоий ҳаётда фаол қатнаша бошлади, саводсизликни тугатиш курсларида дарс берди.

Рафиқ Мўмин дастлаб болаларга атаб «Етимлар йиғиси», «Балли, кенжатойим», «Пионер», «Эй гўзал ғунча», «Гул капалаклари» каби шеърларини ёзади. Болалар Ленин ҳақидаги дастлабки хотираларни ундан эшитадилар. Мураббий болаларга дарс давомида Н. К. Крупская кимлигини, нима учун улар ўқиётган мактаб бу мўътабар аёл номи билан юритилишини тушунтиради. Ёшларни келажакда фидойи бўлиб етишишга чорлайди.

СССР халқ артисти, СССР Давлат мукофоти ва ЎзССР Ҳамза мукофоти лауреати Раззоқ Ҳамроев хотираларида шундай ёзган эди: «…1930 йил маориф халқ комиссарлиги йўлланмаси билан Наманганга ўқитувчи бўлиб бордим. Мени Рафиқ ака муаллим бўлиб ишлаётган 7 йиллик мактабга тил ва адабиётдан ўқитувчи этиб тайинладилар. Рафиқ Мўмин фақат қалбигина шоир бўлмай, ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракати, муомаласи билан ҳам шоирона одам эди…

Айниқса, болалар унинг атрофида ҳамма вақт гавжум эди… Нега десангиз болаларга янги-янги эртаклар, ажойиб эсдаликлар ҳадя этарди. Унинг эртак ва эсдаликларининг ниҳояси йўқлигидан, чамаси, ҳар сафар янги-янгисини «ўйлаб келсалар керак», деб тахмин этардим…»

Рафиқ Мўмин воқеани тез идрок этувчи туғма талант эгаси эди. 1920 йили Наманган яқинидаги Учқўрғон кишлоғида фожиа юз беради. Бу ҳақда «Қизил байроқ» газетаси қуйидаги хабарни беради:

«1920 йилда Наманган уездига қарашли Учқўрғон чишлоғида қўрбоши Омон полвон томонидан ваҳшиёна суратда ўлдирилган Абдувоҳид Увайсов, Солижон Мурод ўғли, Миробид Мирҳамид ўғилларининг вафотига 2 йил тўлиши муносабати билан Наманган ёш коммунистлари томонидан 7 июлда эсга олиш кечаси ясалди.» («Қизил байроқ», 1922 йил 20 июль).

Рафиқ Мўмин мотам маросимида одамларнинг олдига тушиб, марсия ўқиб беради. Сўнгра Ҳимойиддин Йўлдошқориев шу воқеа асосида «Ёш қурбонлар» асарини ёзади ва Рафиқ Мўмин ҳамкорлигида саҳнага қўяди. Бу ҳақда газетада шундай дейилади: «Шу кечада ўртоқ Йўлдошқориевнинг уч пардалик «Ёш қурбонлар» пьесаси ўйналди. Шу асарда вафот бўлган, босмачилар томонидан ваҳшиёна суратда ўлдирганини мужассам равишда тасвир этилганди. Шу халқда ниҳоятда жуда яхши таъсир қолдирди».

Бундан ташқари Рафиқ Мўмин 1921 йили болаларга атаб «Ёрилтош» асарини ёзади. Бу ҳақда кекса санъаткор Иброҳим Абдураззоқов шундай шоҳидлик беради: «Мен Наманганда ташкил этилган «Шарқ» труппасида Рафиқ аканинг «Ёрилтош» асарини автор билан ҳамкорликда 1926 йили саҳналаштирганман…». 1921 йили «Қизил Байроқ» газетасида эълон қилинган қуйидаги хабарда шундай дейилади: «7 октябрь, якшанба куни Наманган «Шарқ» саҳнасида ўзбек труппаси томонидан ёш ёзувчиларимиздан Рафиқ ўртоқнинг 4 пардали «Гулёр» отли асари ўйналди. Асарда Фарғона босмачиларининг Наманган қишлоқларининг бирида бир оилага қилғон ваҳшиёна зулмлари тасвир этилгани учун бу уйинга қўрбошиларнинг иштирок этиши табиий эди…». Бу маълумот Рафиқ Мўминнинг драматурглик фаолиятини тасдиқлайди.

1926 йили Тошкентда чоп этилган «Адабиёт парчалари» тўпламида шоирнинг «Тоғ сирлари» шеъри ва «Қапчиғай» достони босилди. Рафиқ Мўмин «Тоғ сирлари» шеърида мажозий образ «Ялпоқ»қа мурожаат этади:

Бағрингда кездилар интиқом учун,
Сўйилдилар, кесилдилар кайфу қон
учун.
Индамай турасен «Ялпоқ» не учун?
Ўтканга шаҳидсен,
Тарихга котибсен.
Исёндан сўйла!

«Қапчигай»да эса:

Чўллардан бораман, ҳоллар сўраман,
Бу тушган йўлларим жуда йироқми.
Қачонлар етарман?
Йўллар овлоқми?…—

деб хитоб қилади.

Шоир бу достонида мажозий образ «Қапчиғай» орқали тарихга мурожаат этади. Тарихнинг қора кунларини таъсирчан, тасвирлайди:

Тарихнинг гувоҳи қулларга бўлди,
Тарихнинг асари ерга кўмилди,
Тарихнинг шарафи унуттирилди,
Ёшларим очди,
Кимгина боқди?

Шоир «Тоғ сирлари» шеърини 1924 йил июль ойида, «Қапчиғай» достонини эса ўша йили октябрь ойида ёзади. Шуни таъкидлаш керакки, шоир тарих ҳақида куйлаш учун ўзини аввал шеърда синаб кўради, сўнг достон ёзишга киришади. Рафиқ Мўминнинг қаламига мансуб «Болахўр» достони ўзбек совет болалар адабиётининг бошланишида юзага келган дастлабки асар, десак муболаға бўлмайди.

Раззоқ Ҳамроев хотирасида шундай дейди. «У кишининг суҳбатига яна бир ажойиб хислат ҳусн берарди. Рафиқ ака яхши хонанда ва бастакор эди. У ўз шеърларига куй тўқиб болаларга ўргатарди. Ўша вақтларда расм бўлган «Сайёра», «Ваннайча» қўшиқларини қайта-қайта илтимос этиб, у кишига айттирар эдик».

Рафиқ Мўмин халқ ижодига жуда қизиққан. Филология фанлари кандидати Охунжон Собиров «Ёзи билан Зебо» халқ достонини икки марта «Ёш гвардия» нашриётида чоп эттиради. 1926 йили нашр этилган достонга кириш сўзида, шундай ёзилган. «Достон биринчи марта 1925 йилда марҳум шоир, журналист Рафиқ Мўмин томонидан Учқўрғон район Пойтич чишлоғидан Ёрмат бободан ёзиб олинган. Р. Мўмин бу асарнинг айрим парчаларини 1922 йилдан бошлаб тўплаган». Охунжон Собиров Р. Мўмин билан халқ ижодини тўплашда қанчалик масъулиятли изланишда бўлгани ҳақида шундай дейди: «Асардаги кўпгина бандлар жуда кўп ижро этилганидан қуйма ҳолга келиб, сайқал топган. Шунинг учун 1922—1925 йилларда Р. Мўмин томонидан тўпланган вариантдаги парчаларни ярим аср ўтгач ёзиб олинган вариантларга солиштириб, жуда кўп бандлар ўзгармай куйланиб келинганлигини аниқладик».

1934 йили Рафиқ Мўмин Ёзувчилар союзига аъзоликка қабул қилинади. Ёзувчилар I съездига делегат бўлиб қатнашади.

1926 йилга келиб Рафиқ Мўминнинг адабий фаолияти кенг жамоатчилик ўртасида юқори баҳолана бошлайди. Купчилик унинг совет адабиётига қўшган ҳиссасини таъкидлаб, ёзган асарларининг халқчиллигини эътироф этади. Бироқ машъум 37-йил Рафиқ Мўминни ҳам ўз домига олди.

Рафиқ Мўмин 1947 йилгача Куйбишевда тутқунликда яшади. Уйига қайтгач, оиласининг парокандалигини кўриб қаттиқ изтироб чекди. Ноҳақ азоблар шоирнинг тинкасини қуритиб, соғлиғига зиён етказганди. 1951 йил 5 мартда Рафиқ Мўмин ўпка сили хасталигидан бевақт вафот этди.

Отасининг меросини тўплашда шоирнинг ўғли Ҳакимжон Мўминов кўп меҳнат қилди. Ҳатто отаси тутқунликда бўлган жойларга бориб, бир «дафтар» олиб келди. «Рафиқ Мўмин — дея хотирлайди Раззоқ Ҳамроев, — ўша кезларда «Қаландар» деган роман устида ишлаб, ярим-ёртисини ёзиб бўлганлигини ҳам айтган эди. Афсус, бу асар тақдири нима бўлганидан хабарим йўқ». Эҳтимол, ўша «дафтар» «Қаландар» романидир.

Ҳакимжон Мўминов отасининг (169,5 саҳифа) меросини тўплаб (Куйбишевдан олиб келган «дафтар»ини ҳам) 1971 йил 25 январда Ўзбекистон Ёзувчилар союзига топширди. Бироқ у отасининг асарларини чоп эттиролмай, 1987 йил оламдан ўтди.

Рафиқ Мўмин ижодини тўлиқ ўрганилса, «…Бу вақтга келиб, буржуа идеологиясидаги шоирлар иложсиз қолиб, совет воқелигини зўрма-зўраки «ифодалаган» шеърлар ҳам ёза бошладилар. Чўлпон, Фитрат, Рафиқ кабилар шулар жумласидан эди» (Муҳиддин Бобохўжаев, «Кураш поэзияси», «Фан» нашриёти, 1979 йил), деган нотўғри фикрларга чек қўйган бўлур эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 июнь