Чўлпон меросини ўрганиш тарихидан
XX асрнинг дастлабки чорагида, айниқса, Октябрь тўнтариши арафасида адабий-маданий меросимиз осмони узра Ҳамза, Абдулла Қодирий, Фитрат каби янги улуғвор сиймолар ёрқин юлдуз бўлиб чарақладилар. Хусусан, Чўлпон Навоийдан кейинги бетакрор истеъдод соҳиби сифатида тез танилди ва кўп ўтмай ўқувчилар қалбини абадий забт этди. Унинг илк шеърлар тўплами «Булоқлар»га ёзилган биринчи тақризларда ҳам Чўлпоннинг шеърият дунёсидаги янги оҳанглари, ўзига хос овози, изланишлари ҳақида фахрланиб ёзилди: «Чўлпон ўзбекнинг янги шоиридир. Унинг учун ўзбек элининг бу кунги руҳи, ҳоли, сезгиси «Булоқлар»да қайнайдир. Ўзбек тили, ўзбек оҳанги «Булоқларида сайрайдир, ўқийдир. Ўзбекнинг руҳи тўлқинлари бунда кўпирадир, кўклар сайин учадир, кўтарилади. «Булоқлар»да ўзбекнинг сезгиси инграйдир, сизлайдир, титрайдир…
Ўзбек янги шеъриятининг оҳангсиз бўлишини ўйламайин сўзлайтурғон оғизларға «Булоқлар» туфурадир. Ўзбек адабиётига тил тегдурмоқчи бўлғон машҳур «нодонлар»ға бу «Булоқлар» куладир…» (В. М. «Чўлпоннинг «Булоқлар»и. «Туркистон», 1923, 10 декабр).
Чўлпоннинг кичик замондоши шоир Шокир Сулаймон эса Чўлпонни халқимиз истиқболига умид ва ишонч билан қараган буюк шоиримиз деб таърифлайди ва бунинг исботи учун шоирнинг қуйидаги мисраларини мисол келтиради:
«Йиғлама юртим агарчи, бу кунингда йўқ баҳор,
Келгуси кунларда бахтинг юлдузи ўйнаб қолар.
Муаллиф Чўлпоннинг бу мисраларига «ҳатто ўлик жонларни ҳам руҳлантириш» каби кучли қувватга эгадир деб баҳо беради. (Шокир Сулаймон. «Юксалишнинг биринчи босқичи». «Фарғона», 1924, 7 август).
Берлин Давлат дорилфунунининг фалсафа-тарих куллиёти талабаси Аҳмад Шукрий бўлса Чўлпон ва Шекспир шеърияти ўртасидаги уйғунлик ва руҳий яқинлик тўғрисида фикр юритиб, самимийлиги жиҳатидан Чўлпон ҳатто Шекспирдан ҳам устунроқ деб ёзади:
«Чўлпон оти қулоғимга кирдикча кўзимга Шекспир руҳи кўринадирда турадир. Шекспир лиризмаси билан Чўлпон шеърияти орасида нақадар айирма ахтарсамда уни топа олмадим. «Уйғониш»ни неча топқирлар ўқиб чиқим. Шекспирни мутолаа этдим. Энг сўнг Шекспир Чўлпондир, ёхуд Чўлпон Шекспирдир фикрига келдим. Чўлпон шеърлари Шекспир самимийлигидан ўтадир. Чўлпон бизда севги тангриси, сезги яратғувчисидир. Чўлпон — лирик. Чўлпон — шоир. Чўлпон — Чўлпондир. (Аҳмад Шукрий, «Чўлпон — Чўлпондир», «Кўмак», Берлин, 1923, № 1, 19—20 бет).
Профессор Абдураҳмон Саъдий ўзининг «Амалий ва назарий адабиёт дарслари» (Т., 1925) китобида жаҳон адабиётидаги қайғу-мотам шеърлар ёзувчи инглизлардаги Байрон, немислардаги Ҳенриҳ Ҳейне, руслардаги Жуковский, Пушкин, Лермонтов, Усмонли туркларидаги Холид Зиё, Тавфиқ Фикрат каби улуғ сиймолар қаторида «ўзбек шоирларидан Фитрат билан Чўлпон шундоғ шоирларнинг энг олдин эсга олатурғонларидандур», — дейди. (Ўша китоб, 134-бет).
Профессор Абдурауф Фитрат бўлса, ўзининг «Адабиёт қоидалари» (Т., 1926) китобида услуб масалалари юзасидан фикр юритиб, «тажоҳули ориф» (билмасликка солиш) санъатига Чўлпон шеъридан шундай мисол олади:
Бир-икки яхши сўз айтдинг,
Ҳолимни англаганингми?
Кўзларни қайғули артдинг,
Ҳолимга йиғлаганингми?
Етлиқлар битдими энди
Ортиқ мен сенга яқинми?
Қарғишлар кетдими энди?
Олдимми эски ҳақимни?
Тўлдирғич қопқора тунлар,
Епқични олдими биздан?
Юргайми, ёғдули кунлар
Сен босган севгили издан?..
Бу даврда М. Беҳбудий, А. Қодирий, Фитрат каби Чўлпон ижоди на фақат ўзбек танқидчилигининг, балки рус танқидчилари ва адабиётшуносларининг диққатини ҳам ўзига тортди. Инқилобгача ва ундан кейинги дастлабки даврларда рус шарқшунос ва туркшунос олимларидан А. Самайлович, Г. Андреев, С. Малов, Б. Пестовский, М. Февралский ва бошқалар М. Беҳбудий, А. Фитрат, С. Айний, А. Қодирий, Чўлпон каби ижодкорларнинг айрим саҳна ва шеърий асарларини рус тилига таржима қилиб, маҳаллий ва марказий матбуотда тарғиб-ташвиқ қилдилар, шахсий кутубхоналарида ардоқлаб сақладилар.
Чўлпонга нисбатан танқиддаги бу самимий муносабат ВКП(б) МКнинг 1925 йил августидаги «Фирқанинг адабиёт соҳасидаги сиёсати ҳақида» қароридан сўнг кескин ўзгарди. Шу йилларга қадар матбуотда олқишланиб келинган А. Қодирий, Фитрат каби Чўлпон ҳам адабиётда йўқсил ғояларига ёт бўлган буржуа мафкурасини ўтказувчилар қаторида танқид қилинади. «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси саҳифаларида Чўлпон ижоди, дунёқараши, унинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, йўқсиллар адабиётига муносабати ҳақида очилган мунозараларда Айн (Олим Шарафиддинов), Ойбек, Усмонхон ва бошқалар актив қатнашадилар. Хусусан, адабиётшунос олим ва танқидчи Айн «Ўзбек шоирлари. Чўлпон» мақоласида шундай ёзади: «Ўзгаришгача ҳам ундан сўнгги адибларимиз орасида энг кўп ёзувчи, булар орасида айрим ўрин тутқувчи шоир шубҳасиз Чўлпондир. Унинг айрим ўрин қозонишиға сабаб эски қолмамизнинг тор рамкасини бузиб, парчалаб унинг (қоласимиз) ифода йўсинини, оммаға англашмайдурған тилни соддалаштириб, оммаға яқин қўйиш учун уринишидир… Унинг тили содда, ҳар бир турли фикр, туйғуларни ифода қилишға ярарлик ҳам нуқсонсиздир. Бу кунги ўзбек адабий тили шубҳасиз Чўлпон тилидир. Бутун адабийлилик унинг тилини бирор ўрнак танийди, унга тақлид қилади. Чўлпон бунинг билан тақдир этиларлик, мақтанарликдир…
Чўлпон ким? У кимнинг шоири деган сўроққа, қисқача қилиб, Чўлпон бутун кирликдан озод инсондир; …у йўқсил халқнинг шоиридир, — деб чиройлик жумла билан жавоб берувчилар, унга баҳо қўювчилар орамизда бор.
Чўлпоннинг бу кунгача ёзган асарларини текшириб чиқсак юқоридаги баҳонинг бутунлай нотўғри эканини англаймиз. Чўлпон миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир. Унинг мафкураси шуларнинг мафкурасидир. Уни қайнатғон, унга илҳом берган нарсалар шулардир… У бу соҳада ёшларни ўз мафкура таъсириға, миллатчи ватанчилик ҳисларини ўтказар» («Қизил Ўзбекистон», 1927, 14 феврал). Ойбек бунга қарши «Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?» мақоласида шоир маҳоратиға ҳақиқий баҳо беришни талаб қилиб чиқади: «Чўлпон бизнинг ҳозирги адабий эҳтиёжимизға жавоб беролмас деб, ундан қўл йиғамизми? Менимча, бу нарса хато. Бу кун рус биродарларимизға қарасак, улар Пушкинни қандай севганлигини кўрамиз. Пушкинни рус ишчиси, комсомоли, фирқалиги, олими — ҳаммаси севади, ҳаммаси ўқийди. Пушкин инқилобдан сўнг ҳам Пушкин бўлиб қолди… Ҳозирги йўқсил ёшлар унга яна катта қиймат берадилар. Уни ўқиб, асарларининг гўзаллигида чўммак истайдилар… Биз ҳам Чўлпондан қўл торта олмаймиз. Чўлпон янги адабиётда янги нарсалар яратди. Мувашшах адабиёти ўрниға бу куннинг бадиий завқиға яраша ёқимли, гўзал шеърлар ўртаға чиқарди. Бугунги ёш насл унинг содда тилини, тотли услубини, техникасини кўп севади. Ундан кўп гўзалликлар олади. Чўлпоннинг мафкураси эмас, балки яратган бадиий намуналари ўқилади, воз кечилмайди» (Ойбек, «Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?», «Қизил Ўзбекистон», 1927, 17 май). 1927 йил Октябр ойи бошларида бўлиб ўтган «Мафкура учун кураш ва бунда маданиятчиларнинг вазифалари» кенгашида Ўзбекистон Коммунистлар фирқаси котиби ўртоқ Акмал Икромов маъруза қилиб, матбуот саҳифаларида бўлиб ўтган бу баҳсларга ҳам муносабат билдиради. Маърузада ўртоқ Акмал Икромов Чўлпон ижодига, жадидларга, асосан ВКП(б) МК 1925 йилги адабиёт сиёсати ҳақидаги қарори руҳидан келиб чиқиб, фақат тор синфийлик жиҳатидан ёндашади, Айн фикрларини қувватлаб, Чўлпонни русларнинг Пушкини билан қиёслаган Ойбек фикрига эътироз билдириб дейди: «Баъзилар «адабиёт адабиёт учун» деб тушунишади. Биз бундай тушуниш даврини ўтган бўлсак керак. Адабиёт ҳам синфлар учун ишлайди. Ул синфларнинг аҳволини чиройлик қилиб кўрсатади. Масалан, Туркиянинг «Иттиҳоди тараққий»чиларини олсак, ёхуд жадидларнинг асарларини олсак, улар шеър, адабиёт йўли билан ўз тилакларини тушунтирар, тасвир қилар эдилар. Масалан, шоир Номиқ Камол феодаллар қўлида «ватан»нинг хароб бўлаётганини «Эй, ватан» деб қичқириб айтади. Айн Чўлпонни мафкура ёғидан тўғри танқид қилди, Чўлпоннинг ҳозир бизға қарши буржуазияни ёқлаб ёзғон шеърлари билан Пушкиннинг шеърлари орасида ер билан осмонча фарқ бор («Қизил Ўзбекистон», 1927, 10 октябр).
Бундай қарашларга Чўлпон «Эътироз» номли аризасида норозилик билдирган бўлса-да, барибир, улар кейинчалик адабиётда Чўлпон асарларини тақиқловчи курашнинг кучайишига олиб келди. Масалан, Сотти Ҳусайн 1929 йилда В. Яннинг Чўлпон таржимасидаги «Ҳужум» пьесасига тўхтаб: «Асар яхши тузилган. Унинг устига Чўлпоннинг санъати қўшилиб, яна ҳам томошабинларнинг диққатини ўзига тортди. Русчадан таржима қилувчи Чўлпон бу асарга борлиқ маҳоратини тўкиб солган» («Шарқ ҳақиқати», 1929, 25 январ) деган бўлса, орадан 2—3 йил ўтгач ёзган «Ўзбек театри» тўплами ҳақида» номли мақоласида Чўлпон ҳақидаги ўзининг аввалги ижобий фикрларидан қайтиш у ёқда турсин, ҳатто у ҳақда ижобий фикрда бўлган Техановични ҳам миллатчилик фикрларини тарқатишда айблаб шундай ёзади: «Ўша вақтларда (1927—1928—1929 йилларда) ўзбек давлат театрига муаллимлик қилган Теханович Чўлпон билан бирликда миллатчилик фикрларини ёқловчи илмий адвокат бўлиб майдонга чиқди… Теханович Чўлпонларни тамомила ўз ҳимоясига олади» (С. Ҳусайн. «Ўзбек театри» тўплами ҳақида», «Ўзбекистон шўро адабиёти». 1932, № 3, 59-бет).
Ваҳоланки, Чўлпон ижодига бу даврда фақат Техановичгина эмас, москвалик театршунос А. Февралский, қозонлик адабиётшунос Зариф Баширий ва бошқалар ҳам катта баҳо берган эдилар. Татар адабиётшуноси Зариф Баширий 1929 йили Қозонда нашр этилган «Ўзбек адабиёти» китобида Чўлпон маҳоратли шоир эканлиги ва бу соҳада унинг айрим татар ёшларига ижобий таъсири ҳақида шундай деб ёзган эди: «У маъно бойлиги, ширали тили, услуби, ифодаси билан санъатнинг энг юқори босқичига кўтарилиб чиқди. У санъат ёғидан, бизнинг Тўқай билан Дардманға ортиғи билан баробар келарлик даражага етди.
Чўлпон мактаби, ўзининг санъатча кучлилиги орқасида, тилуслуб ёғидангина эмас, маъно ва мундарижа жиҳатдан ҳам бир қанча ёш шоирларни ҳам ўз йўлига тортиб кетди».
ВК(б) МК 1932 йил 23 апрел қароридан кейин А. Қодирий, Фитратлар билан бирга Чўлпон ижодига нисбатан ҳам ижобий гаплар аста-секин жонлангандай бўлди. Унинг А. С. Пушкин, Н. В. Гоголь, И. С. Тургенев, А.П. Чехов, М. Горький, В. Шекспир ижодидан таржималари, М. Горький, А. Лоҳутий, Фузулий, Увайсий, Юсуф Қизиқ ҳақидаги мақолалари, айрим шеър ва ҳикоялари ҳамда «Кеча ва кундуз» романи, «Соз» (1935) шеърлар тўплами нашр этилди. Улар ҳақида баъзи ижобий тақризлар ёзилди, шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш ўрта мактаб адабиёт дастурларига ҳам киритилди. Шунга қарамасдан бу илиқ шабадаларнинг ўрнини кўп ўтмай ҳалокатли бўронлар эгаллади. Унинг асарлари киритилган мактаб дастурлари, асарларини нашр этган матбуот шўъбалари, у ҳақида ижобий фикр билдирган Ҳомил Ёқубов каби айрим мунаққидларнинг бошлари ҳам балога қолди. Ишдан ҳам бўшатилиб ишсиз қолдилар. Чўлпоннинг бутун ижоди, рус ва жаҳон мумтоз адабиётидан қилган таржима асарларининг байналмилалчилик аҳамиятлари ҳам бир томонга итқитилиб ташланди. Чўлпон миллатчиликда, бузғунчиликда айбланди. (Н. Тўрақулов. «Ҳамлетига туҳмат» (1936), Туйғун. «Жўшқин лирика ниқоби остида зараркунандачилик», «Охиригача фош қиламиз», Юнус Латиф. «Чўлпоннинг «Сози»), Ҳатто Ҳомил Ёқубовнинг шоирда бир қадар ғоявий силжишлар бўлганлиги ҳақидаги гаплари ҳам буржуа миллатчиларини илоҳийлаштириш, уларни шўро ёзувчиларига айлантиришга уриниш деб қаралди.
«Тўлқин» имзолик танқидчи ўша йилларда ҳатто шундай деб ёзишдан ҳам тоймади: «Чўлпон Шекспирнинг «Хамлет», Гогольнинг «Иван Иванович билан Иван Никифирович ўрталарида бўлган низолар тўғрисида ҳикоят» деган асарини нуқул арабий сўзлар, диний-ҳурофий иборалар, мадраса тили, Чиғатой адабиётининг тили билан таржима қилганки, буни совет меҳнаткаш халқи ўқиган билан ҳеч тушунмайди… Буюк пролетар ёзувчиси Максим Горькийнинг вафотига бир йил тўлиши муносабати билан 18 июнда «Қизил Ўзбекистон» газетаси бир саҳифа материал берди. Чин кўнгилли, совет ватанига содиқ ёзувчилар ва адабиётчилар тургани ҳолда шу саҳифада халқ душмани Чўлпоннинг мақоласи босиб чиқарилди. Бир қанча сигналларнинг берилишига қарамай, душманга матбуотдан яна минбар бердилар.
Бу материалларнинг ҳаммаси, албатта, редакциянинг адабиётчилари Аъзам Аюб, Иззат Султонларнинг қўлидан ўтиб, муҳаррир Камоловга борган, миллатчи Камолов учун бу нарсаларни босиб чиқариш асл муддао-ку» (Тўлқин. «Халқ душманларига совет матбуотида ўрин йўқ», «Ёш ленинчи», 1937, 10 август).
Шундан кейинги қарийб йигирма йиллар давомида А. Қодирий, Фитрат каби Чўлпоннинг номи, асарлари то фирқанинг XX қурултойига қадар мутлақо тилга олинмайдиган бўлди, ҳатто тилга олганлар ва асарларини ўқиганлар ҳам қатағон қилинди.
Фирқанинг XX ва Ўзбекистон зиёлиларининг I қурултойидан сўнг 30-йилларда бегуноҳ қурбон бўлган Ф. Хўжаев, А. Икромов каби фирқа раҳбарлари, А. Қодирий, Фитрат каби адиблар қатори 1937 йилда бегуноҳ қатағон бўлган Чўлпон ҳам оқланди. У дастлаб Иззат Султонов, Аҳмад Алиевларнинг 20-йиллар ўзбек адабиёти ҳақидаги мақолаларида жиддий ғоявий-сиёсий зиддиятларни бошидан кечирган муаллиф сифатида тилга олинди.
Шундан кейин Озод Шарафиддинов таҳрирчиси, Муҳсин Зокиров тўпловчиси бўлган «Тирик сатрлар» китобида, «Ўзбек тили ва адабиёти» журнали (1967, № 6) саҳифаларида Чўлпоннинг мақолалари ва шеърлари адабиётшунос олим Наим Каримов ва бошқалар томонидан тўпланиб, эълон қилинганини, Аҳмад Алиевнинг 1983 йил нашр этилган «Адабий мерос ва замонавийлик» китобини ҳисобга олмаганда Фитрат, Чўлпон ижодларига эҳтиёткор муносабатда бўлиш то фирқа XXVII қурултойига қадар адабиётшунослик асарларида у ёки бу даражада давом этди. Чўчиб, ҳадиксираб ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто ижобий томонга қараб дадилроқ ҳаракат қилишга бўлган ҳар қандай интилиш ҳам тўсиққа учради ва матбуотимиз бу ҳақда ўша йилларда очиқдан-очиқ ёзиб ҳам чиқди: «20-йилларда ўзбек совет адабиёти тарихидаги кемтикларни Чўлпон ва Фитратнинг сохта кўз ёшлари билан эмас, балки Ҳамза, Ғайратий ва бошқа жуда кўп курашчи шоирларнинг ғоят ҳаққоний, юксак ғоявий шеърий асарлари билан тўлдириш керак» («Қизил Ўзбекистон», 1962, 29 январ), «Тирик сатрлар» китоби ҳам дунё юзини кўрар-кўрмай тарқатилишдан тўхтатилди ва матбуотда қаттиқ танқид қилинди. «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 1967 йил 6-сонида Чўлпон туғилган куннинг 70 йиллиги муносабати билан нашрга тайёрланган унинг асарлари рўйхати ҳам дунё юзини кўролмади. Бунинг устига бизнинг «20-йиллар ўзбек ҳикояси» мавзуидаги диссертациямиздан ҳам Чўлпон ҳикоялари таҳлил қилинган ижобий фикрлар ва қикояларидан парчалар мутлақо чиқариб ташланди ва бир йилдан сўнг 1969 йилда кечикиб ҳимоя қилинди…
1969 йил Москвада ССЖИ Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Ўзбек адабиёти кенгаши мажлисида ССЖИ ФАнинг «Наука» нашриётида рус тилида нашр этишга тайёрланаётган бир жилдлик «Ўзбек совет адабиёти тарихи» номли илмий асар қўлёзмасини ўқиб чиққан профессор А. И. Дейч Чўлпон ва Фитратларнинг ўзбек адабиёти тарихида тутган алоҳида ўринлари ҳақида марҳум совет шарқшунос олими Е. Э. Бертельс хотираларини эслаб шундай деган эди: «Марҳум Е. Э. Бертельс, агар сизлар ўзбек адабиёти тарихини чинакамига ўрганмоқчи бўлсаларингиз унда Чўлпон ва Фитрат каби улкан саньаткорларни билишларингиз керак бўлади, деб таъкидларди».
Қайта қуриш ва ошкоралик даврининг шарофати билан Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш ишларида ҳам ижобий силжишлар юз берди.
Кейинги йилларда унинг шеърлари, ҳикояларидан намуналар, «Кеча ва кундуз» романи ўзбек ва рус тилида босилди. 1988 йили «Чўлпон» нашриёти унинг «Баҳорни соғиндим» номли шеърлар тўпламини адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул сўз бошиси билан кўпминг нусхада босиб чиқарди. Таржимашунос ва адабиётшунос олима Н. В. Владимирова, Ҳамид Исмоилов ва бошқалар Чўлпон ҳикоялари ва романлари, таржималари устида тадқиқот олиб бормоқдалар. Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриёти Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Шерали Турдиев ва бошқалар томонидан тўпланган Чўлпон асарларининг бир жилдлигини нашрга тайёрлади.
Бироқ улуғ санъаткоримиз ижодий меросини ўрганиш ва нашр қилиш соҳасида амалга оширилган мазкур ишлар мутлақо етарли эмас. Биз Чўлпоннинг мангу руҳи олдида ҳали кўп қарздормиз.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 3-сон