Сабоҳат Азимжонова. «Бобурнома» қандай ёзилган? (1990)

Бобурнома» Ҳиндистонда ёзилган, бироқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур қандай манбаларга асосланиб, қачон, қаерда ўз асарини ёза бошлагани ҳақида аниқ тарихий маълумотлар йўқ. Бобурнинг қизи Гулбаданбегимнинг Ҳиндистон халқлари тарихининг XVI аср ўрталаридаги даврини ўзида акс эттирган «Ҳумоюннома» асарида келтирилган маълумотларга қараганда, Сикри шаҳридаги боғда, чавгон ўйини учун барпо қилинган майдоннинг юқорисида қад кўтарган иморатлардан бирида Бобурнинг китоб ёзиш одати бўлган. Бу қайд «Бобурнома»нинг Ҳиндистонда ёзилганини тасдиқлайди.

Маълумки, «Бобурнома» 1483 — 1529 йиллардаги Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон халқлари тарихидан ҳикоя қилади. Асар асосан уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI асрнинг дастлабки чорагида Ўрта Осиё ва Эронда рўй берган воқеаларга, иккинчи қисми XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида Афғонистонда бўлиб ўтган воқеаларга, ниҳоят учинчи қисми XVI асрнинг биринчи чорагидаги Шимолий Ҳиндистон халқлари тарихига бағишланган.

Заҳириддин Бобур ўз давридаги сиёсий воқеаларни мукаммал баён қилар экан, ўз юрти Фарғона вилояти ва унинг пойтахти Андижоннинг ўша замондаги сиёсий-иқтисодий аҳволи, Ўрта Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз каби йирик шаҳарлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтиради. Асар муаллифи давлат ва маданият арбоблари, шоирлар, адиблар, айрим йирик бой-зодагонлар, ҳатто бинокор усталар, дурадгорлар, наққошлар ҳақида ўша даврда ёзилган тарихий асарларда учрамайдиган маълумотларни баён этади.

«Бобурнома»да келтирилган ноёб ҳужжатлар ўша давр тарихий манбалари: Мирхонд, Хондамир, Муҳаммад Солиҳ, Биноий, Муҳаммад Ҳайдар, Фаришта, Абдул Фазл Алломий, Ҳинди Мирхий ва бошқа алломаларнинг асарларида учрамайди. Улуғбек Мирзо, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беҳзод ва бошқа фан, маданият, санъат арбобларига нисбатан самимият ва ҳурмат билан фикр юритар экан, айни вақтда Бобур Хуросон ҳокими Султон Ҳусайн, Қундуз-Бадахшон ҳокими Хусравшоҳ, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий ва унинг саркардаси Нажим Соний, Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдий каби олий мартаба ва нуфузга эга бўлган кишиларнинг манманлик ва адолатсизлик, саркашлик табиатларига алоҳида тўхталиб, бундай нуқсонларни холисона қоралайди.

Бобур Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдийни 1526 йили Деҳли шаҳрига яқин бўлган Панипат майдонида тор-мор қилади, 1527 йили Малва рожаси Рано Сангони ҳам енгиб, Буюк Бобурийлар империясига асос солади, «Бобурнома» ана шу воқеалардан сўнг — кундалик ён дафтаридаги хотиралар асосида

ёзила бошланган, деган фикрга олиб келади, чунки унинг бошқа ҳамма асарлари: Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонда ёзган шеърий девонлари, «Мубаййин» деб аталган ҳуқуққа доир асари, «Рисолаи Волидия» деган Хўжа Аҳрор асарининг таржимаси ва «Хатти Бобурий» деб номланган махсус алифбоси «Бобурнома»да ёзилган йиллари билан бирга аниқ қайд этилгани ҳолда, «Бобурнома»нинг ўзи қачон ва қаерда ёзила бошлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмайди, у ҳатто саройда махсус воқеанависи бўлган ёки бўлмагани, «Бобурнома»ни ёзиш фикри унда қачон туғилганлиги ҳақида ҳам ҳеч нима демайди. Бу ҳол «Бобурнома» бошдан охиригача Бобурнинг ўз қўли билан ёзилган, унинг чуқур илмий тафаккури ва ақл-идрокининг нодир ҳосили бўлмиш асарининг ёзила бошлаган йилини аниқлашни қийинлаштиради. Лекин «Бобурнома»ни чуқурроқ ўрганиш бу жумбоқни аниқроқ ҳал қилишга ёрдам беради.

Бобур 899 ҳижрий (1493— 1494 йиллар) воқеалари баёнида Мовароуннаҳр ҳокими Султон Аҳмад Мирзо вафотидан сўнг унинг ўғил-қизлари ва амирлари изоҳига тўхталар экан: улардан бири Саид Юсуф ўглакчи эди, мен биринчи марта Кобулга келганимда, у менинг қошимда эди, мен унга кўп меҳрибончиликлар қилдим, мен Ҳиндистонга биринчи марта юриш қилганимда уни Кобулда қолдирдим, кейинроқ у Кобулда вафот этди, деб эслайди. («Бобурнома». Аннет Бевериж нашри. Лондон, 1905, 22а-саҳифа).

903 ҳижрий (1497 — 1498 йиллар) воқеалари баёнида эса Бобур Самарқанддаги Улуғбек Мирзо расадхонасини таърифлар экан, шу муносабат билан Маъмун, Батлимус, Ҳиндистондаги Бикрамжит Ҳинду, Дхара шаҳридаги расадхоналар ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Маълумки, Бобур Малвадаги Бикрамжит расадхонаси билан 1528 йилдагина танишган. Бу ҳол «Бобурнома»нинг Ҳиндистонда ёзилганини тўлиқ исбот қилиб беради. Худди шу фикримизнинг исботи учун яна бир мисол келтирайлик.

Бобур 908 ҳижрий (1502:—1503 йиллар)да Фарғона водийсида рўй берган воқеалар баёнида, биз Поп қалъаси дарвозаси олдида ҳужум вазиятида турганимизда, шу кунларда Қоил шаҳрининг солиқ йиғувчиси Кичик Али ниҳоятда жасорат кўрсатди (113-саҳифа), деб эслайди. Маълумки, Қоил шаҳри Ҳиндистон шаҳарларидан биридир. 911 (1505 — 1506) йил воқеалари баён қилинган қисмда Султон Ҳусайн Мирзо вафотидан кейин унинг оила аъзолари: ўғил-қизлари ва саркардалари хусусида бирма-бир тўхталар экан, «унинг амирларидан яна бири Султон Жунаид барлос эди, у кейинроқ Султон Аҳмад Мирзо қошига ўтиб кетган эди; у ҳозирда Жаунпур ҳокими Султон Жунаид барлоснинг отаси эди», деб ёзади. Юқорида биз келтирган маълумотлар Бобур шахсан ўзи йиғиб юрган ҳужжатлар асосида ўз асарини Ҳиндистонда ёзган, деган фикрни тасдиқлайди.

«Бобурнома»даги айрим кичик воқеаларга чуқурроқ ёндошиш натижасида Бобурда мазкур асарни ёзиш фикри 913 ҳижрий (1507 йил)да пайдо бўлган деган хулосага келиш мумкин. Худди шу йиллар тарихий воқеалари баёнида Қандаҳор ва Келат вилоятларининг ҳокимлари Шоҳбек ва Муқим арғун Бобурни бу ерга бостириб келаётган Шайбонийхонга қарши ёрдамга чақирганлари, бироқ у Қандаҳорга етиб келгач, шаҳар дарвозаларини беркитиб олиб, ўз сўзларидан қайтганликлари, лекин шундан сўнг Бобур Қандаҳорни қўлга киритиб, унинг ҳокимлигини укаси Носир Мирзога топширгани, ўзи Ҳиндистон орзусини амалга ошириш учун Кобулга қайтгани айтилади. Шу юришда «Бад-и-пиг» кўтолидан ўтгани ва сўнг бу воқеани абадийлаштириш ниятида Мирак Юсуф ва наққош Шоҳ Муҳаммадга тоғ бағридаги тошлардан бирига бу тарихни битишни буюрганини эслайди. Бизнинг фикримизча, худди шу воқеадан сўнг Бобурда тарихий асар ёзиш фикри туғилган ва шундан сўнггина у ўзининг кундалик дафтарига энг муҳим воқеалар баёнини тўлиқ ёзиб юришга киришган. Кейинчалик эса ўзи тўплаган маълумотлар ва унга ҳамроҳ бўлган саркардаларнинг ҳикоялари асосида 1526 — 1529 йиллар мобайнида «Бобурнома»ни Ҳиндистонда яратган.

«Бобурнома»нинг муаллифи йирик тарихнавис олим, тенги йўқ адиб ва нозиктаъб шоирдир. У ўз замонасидаёқ Алишер Навоийи соний деган юксак таърифга сазовор бўлган.

«Бобурнома» ҳужжатларнинг ниҳоятда нодирлиги, тили ва услубининг жозибалилиги билан ўрта асрлар Ўрта Осиё ва Ҳиндистонда ёзилган ҳамма тарихий асарлардан тубдан фарқ қилади. Бобур тарихий воқеаларни баён қилар экан, ўзидан илгари ўтган муаллифларнинг асарларига бефарқ қарамайди. У ҳамма воқеаларни ўзи кўрган, билган ёки ўз қулоғи билан эшитган мисоллар асосида, масалага танқидий ёндошган ҳолда баён этади. Бу ҳақда Бобурнинг ўзи шундай ёзади:

«Бу битилганлардин ғараз шикоят эмас, рост ҳикояттурким, битибтурмен. Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзнинг таърифи эмас, баёни воқии бу эдиким, таҳрир этибтурмен. Чун бу тарихда андоқ илтизом қилибтурким, ҳар сўзининг ростини битилгай ва ҳар ишнинг баёни воқиини таҳрир этилгай. Ложарам ота-оғадин ҳар яхшилиқ ва ёмонлиғким шойиъ эди, таҳрир қилдим ва қариндош ва бегонадан ҳар айб ва ҳунарким баёни воқиъ эди, таҳрир айладим. Ўқуғувчи маъзур тутсун, эшитгувчи таарруз мақомидин ўтсун» («Бобурнома», Тошкент, 1960 йил, 264-бет).

Бобурнинг шоҳ асари «Бобурнома» ҳамда унинг муаллифининг латофатли шеърлари ўша замонлардан то ҳозиргача жаҳон олимлари ва жамоат арбобларининг диққат марказида бўлди. Жавоҳарлаъл Неру ўзининг машҳур «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» асарида Бобур сиймоси ва «Бобурнома» асари ҳақида гапириб, «у (Бобур) Ҳиндистонда гарчи Фарғона олма-ўриги, гуллари, сергўшт таомлари, тоғлари, музликлари ва оби-ҳавосини ниҳоятда соғинган бўлса ҳам, Ҳиндистонни гўзал диёр деб атаган эди. У Ҳиндистонда кўп вақтини урушларда ўтказган бўлса ҳам, айни вақтда ўзини Агра шаҳрида ҳашаматли бинолар барпо этишга бағишлади. У ниҳоятда ёқимтой, жасоратли, серғайрат киши бўлиб, санъатни, адабиётни ва ҳаётни яхши кўрар эди», деб юқори баҳо берган. «Бобурноманни инглиз тилига таржима қилган машҳур инглиз шарқшуноси А. Бевериж ушбу асарни ҳамма даврларда ёзилган энг жозибали адабиётлар қаторига қўйиш лозим, деб тан олди. Ҳинд олими Абдул Латиф: «Бобур ҳам насрда, ҳам шеъриятда тоза услуб соҳибидир», деди. «Бобурнома»нинг тарихий, адабий ва маданий қиммати ҳақида совет шарқшунослари, жумладан, Ўзбекистон олимларининг баҳоси ҳам беназирдир.

Жаҳон халқлари маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган Бобурнинг илмий-адабий мероси, жумладан унинг «Бобурнома» асари ўзбек халқи бой ўтмиш тарихининг зарҳал саҳифасидир.

Сабоҳат Азимжонова, ЎзССР ФА мухбир аъзоси

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон