ёки ҳуқуқ-тартибот ишидаги номутаносибликлар
«Комсомольская правда» газетасида чоп этилган «Хонадонни тунаш» деб номланган мақолани ўқиб ўтириб, ўзимни алланечук сездим. Буни қарангки, хўроз ҳамма ерда бир хил қичқирганидек, ўғирликлар ҳам бир хилда кечар экан. Ўйлайманки, эндиликда бу ҳақда баралла гапириш, жиноятчиликни миридан сиригача фош этиб ташлашнинг пайти келганлигини ҳеч ким инкор этмайди. Мамлакатимизда жиноятчилик шу даражада авж олиб кетдики, сўнгги икки-уч йил оралиғида у ёки бу ҳолда жиноятчиларнинг зуғумига дуч келмаган оила кам бўлса керак. Фикримизнинг асосли чиқиши учун турмуш тарзимизнинг «барометри» — матбуотимиз саҳифаларига разм солайлик. «Известия» газетаси мамлакат бўйлаб сохта пуллар бемалол «сайр» этиб юрганини, давлат аслаҳалари эса уларни керагидан зиёд босиб чиқараётганини ёзади. Худди шу мақоланинг қуйироғида Бокудан тайёра олиб қочилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Қозоғистон ССРнинг Олға шаҳрида музофот ички ишлар бўлимига талончиларнинг бостириб киргани ва пўлат сандиқдан 14 та жиноий иш ҳужжатлари ўғирланганини эшитганингиздан сўнг тамоман ҳушингизни йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
«Ташкентская правда» газетасида «Хавфли чизиқ ёнида» сарлавҳали мақола ҳам жамиятимизда туп қўйиб, томир отаётган иллатдан дарак беради. Мана ўша мақоладан бир парча:
«Ўтган йили жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан 169 та жиноятчилар тўдаси фош этилган. Бу тўдалар 1 минг 740 та жиноят содир қилганлар. Шулардан 22 таси қотиллик, 11 таси жинсий зўрлаш, 108 таси талончиликдан иборат.
Жумҳуриятимизда ташкил этилган махсус бўлинма уюшган жиноятчиларга қарши курашда сезиларли даражада фаоллик кўрсатди. Уларнинг иштирокида 1 минг 730 та жиноят фош этилди. Ўтган йилнинг ўзида учта «Қонун муҳофаза қилган ўғрилар», 15 та ўта хавфли, 33 та «обрўли» жиноятчилар жавобгарликка тортилди. 6 мингта ҳар хил тоифадаги жиноий ишларнинг олди олинди. 5 миллион сўмлик қимматбаҳо буюм, 94 та отадиган ва совуқ қурол, 75 килограмм заҳригиёҳ, 48 та автомашина…»
Нималар бўлаяпти ўзи?
Мамлакат бўйлаб жиноий жавобгарликка тортишнинг янги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинаётган кезда бу ҳақда жиддий фикрлашиб олишимиз зарур. Тўғри, лойиҳа муҳокамасида асосан ана шу соҳанинг пирлари — ҳуқуқшунослар, назариётчиларнинг фикрлари ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу нарсани таъкидлаш керакки, қабул қилинаётган қонун лойиҳасида «уюшган жиноятчилик», «мафия»лар назарда тутилмаганлиги муҳокама жараёнида маълум бўлди. Гўё мамлакатимизда бундай жиноятчилар умуман йўқдай.
«Юность» журналининг шу йилги учинчи сонида ҳуқуқшунослик фанлари доктори Г. Хохряковнинг «СССРда мафия: ўйлар, фикрлар, далиллар» деб номланган мақоласи чоп этилди. Ўқиб, бу яқин орада осойишта умр кечиришнинг иложи йўқ экан-да, деган фикрга келади киши. Бизнинг қонунчиларимиз эса, ҳали ҳамон қоғозлар исканжасидан халос бўла олмай юрибдилар. Кўнгилни кенг қилиб, мамлакатимизда юзага келган мавжуд аҳволдан журналистларимиз, ёзувчиларимиз орқалигина хабардор бўлаётганимизни тан олайлик. Аслида бу ҳақда Ички ишлар министрлиги, Давлат хавфсизлиги комитети, Ҳуқуқшунослик министрлиги, Олий суд ва прокуратура, партия, комсомол, касаба союз ҳамда депутатларимизнинг катта қисми ва бошқа мутасадди ташкилотлар биринчи бўлиб мавжуд вазиятдан кенг оммани хабардор қилишлари лозим эди.
Халқ хўжалигида юзага келган иқтисодий, моддий, ғоявий парокандалик жиноятчиликка қарши курашадиган ташкилотларнинг фаолиятида ҳам содир этилганлиги эндиликда аён бўлиб қолаяпти. Бугунги кунга келиб биз гражданларнинг деярли ҳамма томонлама, ҳатто ҳуқуқий жиҳатдан ҳам муҳофаза қилинмаганлигини англай бошладик. Бўлиб ўтган сайлов жараёнини кузатиб, ўйланиб қоласан киши. Буни қарангки, мамлакатда ҳуқуқ-тартибот муҳофазаси шу қадар ночор аҳволга келиб қолгани барчага маълум бўлгани ҳолда ҳурматли депутатларимизнинг аксарияти ўз режаларини баён қилаётиб мазкур масалани четлаб ўтдилар.
Ўртоқ Михаил Сергеевич Горбачев шу йил апрель ойида матбуотда эълон қилинган зиёлилар билан суҳбатида «Жамоат тартиби ёмонлашди, ҳатто айрим жойларда тартиббузарлар ва жиноятчилар ҳаддиларидан ошиб кетаяптилар», деб алоҳида таъкидлади. Бу хусусда атрофлича гапиришнинг пайти етилди. Шу муносабат билан ўз қарашларимни таклиф сифатида таъкидлашни лозим деб ўйлайман:
- Аввало мамлакатда жиноий ишлар СССР Олий Советининг янги сессияларидан бирида ёки махсус пленумда алоҳида масала сифатида кўрилиши шарт.
- Агар биз гражданларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазаси ҳақида қайғурар эканмиз, аввало буни амалда исбот этишимиз зарур: шу сабабдан таланган, тунаб кетилган, жабрланган ва ҳоказо инсонларга аниқ муддатда зарар кўрган миқдорда ҳукумат тўловини жорий этиш лозим. Шундагина жиноятчиларга қарши курашиш давлат аҳамиятига молик иш даражасига кўтарилади. Ички ишлар министрлигида ишлар жонланади, жиноий ишлар ўз муддатида очилади, жойларда жавобгарликка тортиш ишининг ташкилий жиҳатдан самарадорлиги ва моддий манфаатдорлиги ошади. Ниҳоят, жиноятчилар ҳукумат билан ҳисоблашишга мажбур бўладилар.
Ҳозирги аҳволда, масалан, ойлаб, йиллаб емай-ичмай оиласининг тирноқлаб йиққан жамғармасига сотиб олган машинасини ўғирлатган одам жиноятчи ҳукм этилган жойдан ойига кўпи билан 5 сўм миқдорида товон пулини дўқ-пўписали мактуб билан қўшиб олишга маҳкум. Аслида ҳар қандай давлатда мана шундай ҳақоратомуз хат учун янги жиноий иш қўзғатилиши керак. Бизда эса бунинг акси — жиноятчилар доимий равишда жабрланганларни ҳақоратлаш, ҳатто ҳуқуқ-тартибот ташкилотларини муттасил чалғитиш билан шуғулланиб келишади.
Мабодо ғарб мамлакатларидаги қонунчиликка нисбат берадиган бўлсангиз, азиз ўртоқлар, уларнинг турмуш шароити, имкониятлари, иқтисоди, оладиган маошлари ўзларига хос-да, деб тушунтириб қўядилар. Айтайлик, ўша томонда хонадони талаб кетилган одам узоғи билан бир-икки йилда ўз моддий аҳволини тиклаб олиши мумкин. Бизда эса (бу кўргиликни ҳеч кимнинг бошига солмасин) йиллар кетидан йиллар ўтса ҳам жиноий ишлар очилмай қолиб кетаверади.
Бунга жумҳуриятимиз вилоятларидан ва шаҳарларидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жойлардан келаётган шикоят хатларидан кўриниб турибдики, том-том жиноий ишлар ниҳоясига етказилмай қолиб кетаяпти. Вақти-соати билан бу масала даврнинг долзарб масаласига айланиб қолиши, шубҳасиз. Чунки амалдаги ҳуқуқ-тартибот муҳофазаси қонунлари бу муаммони мустақил ҳал этишга ожизлик қилиб келаяпти.
Бунинг устига кейинги пайтда жабрланганлар бир четда қолиб, маҳкумларга қайишиш, раҳм-шафқат кўрсатиш тарғиб қилинаяпти. Балки, шундай қилиш тарбиявий жиҳатдан ўзини оқлар, аммо бу билан содир қилинажак жиноятларнинг олдини олиб бўлармикан?
Гапнинг индаллосини айтганимизда, қонун аввало жабрланганларни қатъий ўз ҳимоясига олиши ва шу нуқтаи назардан жиноятчига нисбатан жазо белгиланиши керак. Ахир жабр кўрганлар ҳеч вақт ўғридан келиб, менинг хонадонимни тала, машинамни ўғирла, қизимни зўрла, ўғлимнинг бошини ёр, ўэимни тепкилаб, майиб қилсангчи, деб илтимос этмайди-ку!
Қуйидаги воқеани эшитинг. Икки ўсмир қишлоқ томошахонаси ёнида бир йигитни дўппослаб кетишган. Калтакланган йигит бир умр ногирон бўлиб қолди. Жиноятчилар 5 йил озодликдан маҳрум бўлдилар. Икки йилдан сўнг давлат авфи билан қамоқдан озод этилдилар. Хўш, энди ҳалиги ногироннинг аҳволи нима кечади? Бир челак сувни ҳам кўтаришга ярамай қолган шўрлик бир умр қирқ сўм атрофида нафақа олишга маҳкум. Ёш умр хазон этилди.
Адолат юзасидан фикрлайлик, эҳтимол, жиноятчилар қилмишига яраша жазо олди ҳам дейлик. Шу билан ора очиқ бўладими? Масаланинг айнан шу нуқтаси ҳал қилувчи тарбиявий рол ўйнаши керак. Жиноятчиларнинг гарданига ана шу ногиронни бир умр боқиш, кийинтириш, соғлиғини асраш қонун йўли билан юклатилганда эди, бу сингари жиноятни содир қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмас эди.
Қолаверса, нима учун давлат, яъни сиз билан биз қайсидир безбет безорининг айби билан ногирон этилган одамни ўз ҳиссамиздан боқишимиз керак? Бу фикрни айтиш майдакашлик эмас. Инсонийлик нуқтаи назаридан шундай бўлиши шарт. Чунки хуқуқли ҳокимиятда қонун аввало сиз билан бизнинг манфаатимизни ҳимоя қилишга қаратилган.
Яна инсонпарварлик ҳақида. Эндигина 16 ёшга қадам қўйган ўспирин қотиллик қилиш жиноят эканлигини билмайди, деб ўйлайсизми? Бу тушунча ёш гўдакка ҳам маълум гап-ку! Ғарбга эргашавериш керак эмас. Мабодо қаерлардадир Олий жазога маҳкум этиш бекор қилинган бўлса бордир — уларнинг йўли бўлак. Келинг, майли жиноятлар миқдорини таққослаб кўрайлик: 1988 йилда бизда 17 мингга яқин, АҚШда эса 20 минг қотиллик содир бўлди. Кўриниб турибдики, оралиқдаги фарқ ҳеч қанча эмас. Ваҳоланки, бизнинг давлат тузумимизда инсонга меҳр-муҳаббат улуғланади, бунинг устига мамлакатимизда АҚШдаги каби қурол-яроқларнинг очиқ савдоси йўқ. Тасаввур қилиб кўринг, агар қурол-яроқлар савдоси йўлга қўйилган бўлганида ҳолимиз нима кечарди?!.
Агар биз АҚШ билан соғлиқни сақлаш, турмуш тарзимиз сифати бўйича баҳслашсак бунинг аҳамияти бўлакча эди. Афсуски, далил-исботлардан юз ўгириш мумкин эмас.
Кейинги пайтларда матбуотда қуролни тортиб олиш мақсадида милиционерларга қилинаётган ҳужумлар ҳақида кўплаб хабарларни ўқиётибмиз. Яшириб нима қиламиз, жиноятчилар тобора яйраб бораяптилар. Хонадонларни туновчилар, чўнтаккесарлар, талончилар, фоҳишаларнинг ўртача ёши 12—13—14 дан ошмайди. Ишонаверинг, уларнинг кўпчилиги пионер ёшида!
Аёл зотининг жиноятчилигига нима дейсиз? Табиати нозик, ҳатто атрофидагиларнинг доимий мулозаматига, ҳурматига сазовор бўлиб келаётган аёл қайси мамлакатда шунчалар тубанлашиб кетган? Демак, хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг ўсиб бораётгани — алоҳида масала. Бу тўполончи хонимчаларнинг жиловини ортиқча бўш қўйиш ярамайди.
Жиноят оламининг ўз назариётчилари, тарғиботчилари бўлади. Улар бизнинг лоқайдлигимиздан, сусткашлигимиздан, иккиюзламачилигимиздан тез ва соз фойдалана оладилар. Биз эндигина уюшган жиноятлар ҳақидаги маълумотларга дуч кела бошладик. Аслида бу — янгилик эмас. Улар бизга нисбатан уюшқоқроқдирлар. Айниқса, кейинги йилларда миллионлар қўлдан-қўлга ўтиб турган кезда бунинг ҳайрон қоларли жиҳати йўқ. Оддий қиморбознинг бир кечада миллион сўм ютиб ёки ютқазиб турганини кўз олдингизга келтиринг.
Жиноятчилар орасида меҳнатни ташкил этиш аллақачон мукаммал йўлга қўйилган! Ҳар бирининг ўз вазифаси аниқ — хонадон таловчилар, ёлланган қотиллар, йирик талончилар…
Биттаси жараённи ипидан игнасигача ўрганади, жараён режасини тузади, ижро этувчилар эса, қўлида изига қайтиш учун учоқпатта тайин ҳолда четдан келиб, ишни амалга ошириб кетади. Шунга қарамасдан, қонунларимиз жабрланувчиларга эмас, жиноятчиларга қайишаверар экан, ишонаверинг, янги-янги жиноятлар содир қилиш имкониятлари очилаверади. Чунки бизнинг раҳмимиз келаётган ўша 14-15 ёшли ўғриваччаларнинг орқасида тоғдай суянчиқлари — ҳақиқий жиноятчилар туришиптида! Ёшларни бу ишга жалб қилиш, ўз орқаларидан эргаштириш, керак бўлганида рағбатлантириш учун уларнинг имконияти ҳам, қудрати ҳам етарли. Бизнинг ҳуқуқ-тартибот ишимиздаги номукаммалликни яхши билган, кўнгилчанлигимиздан хабари бор жиноятчи ўзининг сувдан қуруқ чиқишига ишонади.
Олижаноб замонимизда хотин-қизларга нисбатан раҳм-шафқат қилинишини яхши билган жиноятчилар уларнинг хизматидан самаралироқ фойдаланадилар. Мана шу тариқа жиноятчи хонимчалар кун сайин кўпайиб бораяптилар. Айниқса, давлат авфи муддати яқинлашаётганда жиноят содир қилиш кўпайиши кузатилмоқда.
Узоқ йиллардан буён биз қолоқ, қўпол, ўта маданиятсиз одамларгина жиноятга қўл урадилар, деган тушунчага ишониб келардик. Адашган эканмиз, улар ўта уддабурон, ўта сезгир ва ҳушёр ҳамда узоқни ўйлаб иш тутишга моҳир бўладилар. Бир жиноятчи: «Биз ҳамиша сизларнинг ландовурлигингиздан фойдаланамиз», деган экан.
Бизнинг қонунларимиз жиноятчиларни талтайтириб юборгани етмагандай, турмушимиздаги мавжуд нарсалар: уйимизнинг лойиҳасидан тортиб (гўё атайлаб ўғри киришга қулай бўлсин учун) то қоғоз эшикларимизгача уларга хизмат қилади. Қулф ишлаб чиқариш-ку худди ўғри билан келишилгандай — у калит тушмаса буниси тушаверади.
Ҳадеб ички ишлар ходимларини танқид қилавериш билан иш битмайди. Мавжуд аҳвол олдида улар ҳам ожиз. Вақтдан ютқазиб қўйдик, чамаси. Фикримиз тасдиғини яна ўша «Хавфли чизиқ ёнида» мақоласидан излайлик. Шундай қилиб Ўзбекистон ССР Ички ишлар министрлигининг жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи, полковник В. В. Гордиенко бу ҳақда шундай фикр билдиради: жиноятчиликнинг авж олаётганига таъсир кўрсатаётган биринчи муаммони ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг ўзидан излаш керак. Ички ишлар ташкилотлари ошкоралик вазиятида ишлай олмаслиги кўриниб қолди, дейди у. Шошилинч чора кўрувчилар, терговчилар, прокурорлар хато қилиб қўйишдан чўчиб, масъулиятни ўзларидан соқит қилишга, подадан аввал чанг кўтаришга тушиб қолдилар… Полковник шундай мисол келтиради: ҳатто ўта катта жиноят содир қилган гумондор шахсни ҳам уч кундан сўнг ҳеч қаерга кетиб қолмаслик ҳақида тилхат олиб қўйиб юборишга мажбурмиз. Имкониятдан фойдаланган жиноятчилар тилхат берганларига қарамай жуфтакни ростлаб қоладилар. Ўтган йили 10 минг граждан худди шундай «огоҳлантирилди», бу эскича иш усулидан воз кечишимиз зарур. Тўғри, масалан, тўсатдан машинаси билан одам уриб кетган ёки билиб-билмай жиноят содир қилиб қўйган шахсларга шундай йўсинда муомала қилиш ўзини оқлар, аммо қип-қизил ўғрилар учун бу усул мулозамат қилишдан ўзга нарса эмас. Тилхат олиб, қўйиб юборилган талончилар чўнтаккесарлар ёки катта миқдорда жиноят содир қилганлар уч кун оралиғида нималар қилишга улгурмайди, дейсиз. Аввало улар гувоҳлар билан «шуғулланадилар» ёки гадой топмас жойларга қочиб кетадилар. Бундан ташқари, жиноятчилар жазосиз қоладиган ҳолатлар ҳам талайгина. Қисқаси, бунақа тажриба бир томондан жиноятчиларга қўл келса, воқеани кўриб-билиб турган аҳолида ҳуқуқ-тартибот идоралари ишига нисбатан ишончсизлик пайдо қилади.
Тергов ва прокуратура ходимларнинг кишилар кўз ўнгида ҳатто жиноий ишларни фош этишнинг дастлабки босқичидаёқ масъулиятни ўзларидан соқит қила бошлаши жиноятга қарши фаол кураш олиб бориш ишига ярашмайди. Афсуски, инсонпарварликка қаратилган жиноят қонунчилигини янги лойиҳасида жабрланувчиларнинг ҳамда жамиятнинг манфаати ҳимоясига кам аҳамият берилган. Мутахассислар лойиҳанинг кўпгина ижобий жиҳатларини умуман инкор этмаган ҳолда унинг инсонпарварликка оид янги асосларида жазолашнинг муқаррарлиги билан мустаҳкамланмаганлиги хусусида анчагина ташвишланмоқдалар.
Иккинчи муаммо милициянинг ўзига тааллуқлидир. В. В. Гордиенконинг айтишича, ички ишлар бошқармаси ходимларининг кўпчилиги малакасиздир. Бу ҳол ташвишли бўлиб, милициянинг обрўсизланишига олиб келади. Шунингдек, уларнинг моддий аҳволи ҳам қониқарсиз, бунинг устига иш вақти ҳам деярли чегара билмайди. Хизмат транспортининг камлиги ёки ёқилғи етишмаслиги ҳам жиноят қидирув иши олдидаги жиддий тўсиқдир. Республикада 825 нафар жиноят қидирув ходими етишмайди. Тошкентнинг ўзида уларнинг сони 250 кишидан иборат. Бу ҳақда ким жон куйдиради?
Милиция моддий техника билан таъминланмас экан, бу шармандали аҳволдан чиқиш амримаҳол. Ўйлаб кўринг, бир машинага 10 литр ёнилғи берилади. Жиноятчининг омади чопгани шу-да! Машиналар носоз, эҳтиёт қисмлар тахчил, бу аҳволда уларни тутиб бўладими? Кинолавҳалар учун ёзув жиҳозлари, зарур магнитафон ва фотоаппаратлар етишмайди. Ҳозирги пайтда кучли ва режали суратда тараққий этаётган жиноят оламидаги уюшган жиноятчилар тўдасига милиция қарши тура оладими? Шунинг учун ҳам рақиблар қаршисида ҳатто ип ҳам эшолмай қолаётганимизни тобора сезиб қолаяпмиз. Бу жуда ташвишли ҳолдир.
Милиция ходимлари шаънига ҳаққоний танқидлар ёғилиб турибди, буни ички ишлар идоралари раҳбарлари ҳам инкор этмайдилар. Шунга қарамай, ноқулай шароитда ўз вазифасини ўтаётган милиция хизмати ҳақида илиқ гаплар айтиш мумкин. Масалан, улар ўтган йили ана шундай вазиятда 1987 йилга қараганда 4306 та кўп жиноий ишни фош этдилар. Уларнинг 182 таси қасддан одам ўлдириш, 204 таси оғир тан жароҳати етказиш, 352 таси талончилик, 2057 таси ўғирликдан иборат эди. 3971 жиноятчи қидириб топилди ҳамда бедарак йўқолган 2976 киши аниқланди.
Жиноий тўлқин кучланиб тургани сари ўтган йилларда очилмай қолган ишлар устига янгилари келиб қўшилмоқда. Бунинг устига милициянинг кунлик маълумотлари ҳамон ташвишлидир. Ўртача, бир кеча-кундузда 130-160 жиноят содир бўлаётир. 10829 та очилмай қолган, аммо аллақачон излари йўқолган жиноий ишларни ҳам эътиборга олсак аҳвол янада танглашади.
Жиноят олами кескин ўзгариб кетди. Журналистлар билан бўлган учрашувларнинг бирида гиёҳвандликка оид улкан рақамлар қайд этилди. Ўтган 1988 йили республикада гиёҳвандлик билан боғлиқ 1692 та жиноий ишни очиш учун 7000 милиция ходими жалб этилди. 1000 дан ошиқ машина, мотоцикл ва вертолётлар (улар вазифани бажариш учун 896 соат учди) ишга солинди. 400 та ГАИ пости ҳушёр турди. 24,8 гектар яширинча кўкнори экилган майдон аниқланди. Демак, «қора бозор» бир неча миллион сўмлик маҳсулотдан маҳрум этилди. Вазият янада жиддийлашди. «Қора бозор»да кўкнори нархи икки баравар ошиб кетди. Бу эса гиёҳвандларнинг пул топиш йўлида янги-янги жиноятларга қўл уришга олиб келди. Жиноят оламида хуфия савдо йўлга қўйилган эди. Кейинги икки-уч йил ичида 700 га яқин ана шундай гуруҳ аниқланди.
Ҳали «совиб улгурмаган далиллар»га таяниб, шуни айтиш мумкинки, ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан жиноят содир қилиш 31,8 фоизга кўпайди. Ўта оғир жиноятлар 58,7 фоизга, талончилик 52 фоизга ортганини алоҳида таъкидлаш керак. Шунинг учун ҳам жумҳуриятимиз ички ишлар министрлиги бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилишни лозим топди. Чунки, энди бу ҳақда сукут сақлаб бўлмасди. Бу уюшган жиноятчиларга қарши курашишни фақат милицияга ташлаб қўйишнинг ўзи жиноят. Бизнингча, энг тўғри йўл бу ишга партия ошкора сиёсат олиб бораётган кезда иши бироз енгиллашган Давлат хавфсизлик комитетини ҳам жалб этиш зарур.
Уларнинг структураси пухта, ташкилий жиҳатдан мустаҳкам, энг асосийси ҳамиша ва ҳар ишга шай. Халқимиз уларнинг сафларини мустаҳкамлаш учун кўп йиллардан бери ўзининг мард фарзандларини сафарбар қилди. Энди ўз навбатида уларнинг ёрдамига муҳтожлик сезилмоқда.
Икки ташкилотнинг ҳамкорликда иш олиб бориши милиция фаолияти учун фойдадан холи бўлмайди. Шунингдек, бу ҳамкорлик халқнинг кўз ўнгида ўзини обрўсизлантириб қўйган, порахўр ички ишлар ходимларидан ҳам бир йўла халос бўлишини тезлаштиради.
Сайловолди кунларида барча номзодларга қуйидаги саволлар берилди: нима учун бошқарув идорасининг айрим табақалари ўзлари номуносиб имтиёзлардан энг аввало: махсус дўконлар, буфетлар, дала ҳовлилари, касалхоналар, истироҳат-шифохоналардан фойдаланишади? Назаримда, кўзга яққол ташланиб турган айнан шу имтиёзлар жиноятчиликка кенг йўл очиб бераяпти. Қаердаки, юқори табақага мансуб шахслар яшашса, уйлар ва қатто бутун бошли мавзелар махсус посбонлар томонидан қўриқланади. Махсус форма ва граждан кийимидаги одамлар кечаю кундуз бу уйларни ҳушёрлик билан қўриқлайдилар. Мана шунинг учун ҳам бу жойларда машъум хонадон талови кам. Содир бўлганда ҳам бошқача тугайди. Шундай бир воқеа кўпчиликка маълум. Собиқ раҳбарлардан бирининг хонадонидан қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирланган. Шунда нафақат бутун милиция, балки жиноятчилар оламининг «энг кўзга кўринган» бошлиқлари ҳам оёққа турдилар. Бир ҳафтадан кейин жабрланган аёлга катта кумуш лаганда ўғрилардан тортиб олинган жавоҳирларни олиб келиб: «Кўрингчи, буларнинг орасида қайси бири сизники экан»,— деб сўрашди. Ўша нуфузли амалдорнинг хотини ўйлаб ўтирмасдан, «ҳаммаси меники», деб тақинчоқларни патниси билан олиб қўяди. Мана сизга маънавият…
Ўзбекистон ССР Езувчилар Союзи биносида Жумҳурият ички ишлар министри билан бўлган учрашувларнинг бирида ёзувчи Ўктам Ҳакимали «Тошкентдаги чўнтаккесарларга қарши қандай кураш олиб борилаяпти? Ахир бутун бошли шаҳарни улар тақсимлаб олишган-ку! Трамвайларда бизлар уларни тез-тез учратиб турамизу, шаҳардаги тартиб ўрнатувчилар наҳотки уларни кўрмасалар?» деб савол берганида ҳақ эди.
Тошкентни нафақат райком ва ижроия қўмиталари бўлган районлар, балки ўғрилар ҳам ўз тасарруфларига бўлиб олишган.
Ахир авваллари ўғирликлар ва зўравонликлар тунда содир бўларди. Энди эса куппа-кундуз куни, аҳоли гавжум жойларда хотин-қизларнинг қулоғидан зиракларини қулоғининг қонини оқизиб юлиб олишади, бўйнидаги олтин тақинчоқларини узиб оладилар. Шуниси даҳшатлики, жабрланганлар ҳеч қаерга арз қилиб бормайди. Чунки милициянинг қудрати ва имкониятига ишонмай қўйишганига анча бўлди.
Хизматдан қайтаётган ҳар бир киши хонадонимни ўғри уриб кетмадимикан, деб хавотирланиши табиий ҳолга айланиб қолган. Кўчага бемаҳалда чиқиб кетган боласидан хавотирланмайдиган киши йўқ ҳисоби. Негаки, бири-биридан нохуш кўнгилсизликлар одамларни ана шундай чўчитиб қўйган.
Шундай экан, жиноятчига нисбатан бугунги кунда олижаноблик қилишга ёки олий жазони бекор қилишга бирон-бир асос борми?!
Бир неча йиллардан буён жиноят муаммолари билан шуғулланаман. Бултур ана шу мавзуга бағишланган «Пиёда сайрлар» номли романим босмадан чиқди. Роман мафия ҳақида — ҳуқуқ-тартибот ва партия идораларининг маълум қисми муроса қилиб келган жиноят олами ҳақида эди. Махсус юридик нашрларда чоп этилган тақризларга кўра, роман фақат китобхонлар учунгина эмас, балки ички ишлар идорасида хизмат қилаётган одамлар учун ҳам кутилмаган ҳодиса бўлди. Асаримга ёзилган тақризларга асосланиб, ана шундай фикрга келдим.
Роман эълон қилингандан кейин кўплаб мутахассис ҳуқуқшунослар билан суҳбатлашдим. Уларнинг аксарияти ҳам жиноятчилар оламининг кенгайиб, жипслашиб бораётганидан қаттиқ ташвишдалигини айтишди. Бу оламдаги ана шундай зўравонлик ўз бошимдан кечди. Роман босилиб чиққач оила аъзоларим билан ниҳоятда махфий ва даҳшатли машина ҳалокатига учрадик. Ҳаммамиз ярадор бўлдик. Ҳозир турмуш ўртоғим ногирон, ўзимнинг умуртқа суягим, саккиз қобирғам, оёғим синди. Ўғлим ҳам шикастланган. Жиноятчилар эса, сувдан қуруқ чиқиш арафасида.
Худди Адолат маъбудасининг тарозисини занг босиб қолгандай…
Жамиятда янги муносабатларни вужудга келтирар эканмиз, ўтмишни асло унутмаслигимиз лозим. Зеро, инсон ҳамма нарсани бирбир таққослайди. Ажаб эмаски, жиноятчилик шу қадар бетизгин бўлиб қолган бир пайтда одам демократия ҳақида эмас, метиндек мустаҳкам ҳокимият ҳақида орзу қилади.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 6-сон