Собит оға Муқонов ранг-баранг ижоди билан умумсовет адабиёти камолотига улкан ҳисса қўшган ажойиб қалам соҳибидир. Ижод майдонига 20-йиллар бошида шеърий асарлари билан кириб келган адиб бадиий адабиётнинг ҳамма жанрларида унумли қалам тебратиб, қозоқ совет адабиётини иттифоқ доирасига олиб чиқишда муносиб ҳисса қўшди.
У қозоқ совет адабиётининг биринчи бўғини бўлмиш Сакен Сейфуллин, Бейимбет Майлин, Илёс Жонсугиров, Мухтор Авезов каби ижодкорлар билан бир сафда туриб, она юрт жамолини, қозоқ халқининг бахт-саодатини, ўтмиши ва бугунини, орзу-умидларини мадҳ этиш билан бирга, халқлар дўстлиги ва биродарлигини, байналмилал ғояларни жўшиб куйлади. Қардош халқлар адабиёти вакиллари билан, жумладан, ўзбек совет адабиётининг пешқадам қалам соҳиблари билан дўст тутинди. Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийни устоз сифатида таниб, Муқимий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза асарларини мутолаа қилди.
«1927 йилнинг кузи. Улуғ Октябрь социалистик революциясининг байрам арафаси. Қозоқ совет адабиётининг асосчиси, Қозоғистонда Совет ҳокимиятини барпо этишда фаол иштирок этган инқилобчи шоир Сакен Сейфуллин менга Октябрь байрамини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф қилди. Мен Тошкентда илгари бўлмаган эдим, Тошкентга келиб, «Ревью» меҳмонхонасига жойлашдик», деб хотирлайди Собит Муқонов «Буюк маданият арбоби» мақоласида. Ўша кезларда Ҳамза, А. Қодирийлар билан танишади, улар билан ҳамсуҳбат бўлади. Сакен Сейфуллин Ҳамзани «Биринчи ўзбек революционер шоири», деб таништиради. «Ревью» меҳмонхонасига жойлашганимиздан кейин, эртаси куни бизни Абдулла Қодирий ўз уйига меҳмонга таклиф қилди. Сакеннинг тавсияси билан мен А. Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асарини ҳижжалаб бўлса-да, ўқиб чиққан эдим. Унинг уйидаги меҳмонлар орасида буғдойранг, сийрак мўйлов бир киши сўзга чечан, ҳазилкаш ва қувноқлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Бу киши Ҳамза Ҳакимзода экан», деб эслайди адиб.
Собит Муқонов қардош ўзбек ёзувчилари билан бўлган алоқаларни кейинчалик ҳам давом эттирди. Айниқса у Ғафур Ғулом билан жуда яқин эди. Ўз навбатида шоир ўртадаги дўстликни қадрлаб, Қозоғистоннинг 25 йиллиги муносабати билан ёзган «Қозоқ элининг улуғ тўйи» шеърида жумладан шундай деб ёзган эди:
Мақтанмайман, чин айтганда,
Бир чамалаб қарайман.
Айтисувда Собит билан
Тортишувга ярайман.
Собит Муқонов жонажон дўсти Ғафур Ғуломни дафн этиш маросимида: «…Мен у билан 35 йил дўст бўлдим, иккаламиз ҳамкасб, қадрдон эдик»,— деган эди чуқур қайғу билан кўзига ёш олиб. Ҳар иккала қалам соҳибининг бирбирига ёзган хатларини, шеърларини кўздан кечирар эканмиз, ўртадаги самимий дўстлик туйғуларининг гувоҳи бўламиз. Улар ижодида турмуш маданияти, халқларимиз урф-одатлари, азалий дўстлик туйғулари мароқ билан куйланди. Чунончи, Собит Муқонов «Сирдарё» романида ўзбек қизи Саодат образини гавдалантирди, кейинги қатор асарларида қозоқ-ўзбек халқлари дўстлигини тараннум этди. Бундан ташқари, «Салом, Ўзбекистон», «Буюк маданият арбоби», «Қардошлигимиз ҳақида сўз», «Ҳамниятлар», «Ғафурнинг сўнгги дақиқаси», «Камолотимиз кўриги» каби адабий-танқидий мақолаларида ўзбек адабиёти вакилларининг ўзига хос хусусиятларини очиб беради. Адиб ўзбек-қозоқ халқлари биродарлиги ҳақида фикр юритар экан: «Бу икки халқнинг тақдири ҳам бир! Тарихга назар ташласак, уларнинг ички ва ташқи душманларга қарши бир ёқадан бош чиқариб, курашиб келганликларини билиб олиш қийин эмас. Бирининг бошига қийинчилик тушганда, иккинчиси унга ёрдам қўлини чўзган. Шундай қилиб, улар бир вақтлар ўзларининг ерларига бостириб кирган мўғул босқинчиларига қақшатғич зарба беришган, ички душманларга қарши аёвсиз курашганлар», деб ҳар иккала халқ ўртасидаги дўстликнинг моҳиятини очади. Ўз навбатида, адибнинг «Ҳаёт мактаби», «Чўлоқ полвон», «Йилқичининг боласи» қиссалари ҳамда машҳур «Бўтакўз» романлари ўзбек тилига таржима қилинди.
Моҳир шоир, етук носир, ажойиб драматург, йирик адабиётшунос олим, улкан жамоат арбоби, халқлар дўстлигининг оташин жарчиси — Собит оға Муқонов 1973 йили 73 ёшида оламдан ўтди. Лекин, у яратган ранг-баранг ижод дурдоналари, халқлар дўстлиги ва биродарлигини ривожлантиришга қўшган хизматлари ҳамда адабий алоқаларнинг янги-янги қирраларини очишдаги таҳсинга сазовор ишлари қалблардан-қалбларга ўтиб, абадий яшайверади. Шунинг учун ҳам ҳозир кенг жамоатчилик унинг 90 йиллигини қизғин нишонламоқда.
Қалдибек Сейданов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги қозоқ адабиёти кенгашининг раиси
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон