Пиримқул Қодиров. Ҳиндистон сабоқлари (1990)

Тарих саҳифаларида маънавий сабоқлар қанча кўп бўлса, улкан мамлакатларга қилинган сафарлар ҳам ҳаётингизга шунча кўп янги тушунчалар, тасаввурлар ва тозаришлар олиб киради. Ажойиботларга кон бўлган Ҳиндистоннинг улуғ ва ноёб мамлакат эканига аввалги икки сафарим чоғидаёқ имон келтирган эдим. Ўтган қиш учинчи марта Ҳиндистонга бориб, ҳали кўрмаган кўп жойларни кўрдиму энг аввало унинг гуллаб‑яшнаб турган табиатига ва шу табиатга чин фарзанддек меҳру оқибат кўрсатиб яшаётган халқига ҳавасим келди.

Табиат ва ҳукумат

Москвада совуқ минус 26 даражага чиққан декабрь ўрталарида Юрий Иванович Суровцев билан Шереметьево аэропортига йўл олдик. Ўзбек китобхони Юрий Ивановични яхши билади — жумҳуриятимизга кўп марта келган, катта анжуманларда сўзлаган нутқлари телевизорлар орқали кўрсатилган. У СССР Ёзувчилари уюшмасининг котиби бўлишидан ташқари, машҳур адабиётшунос ва таржимондир. «Улуғбек хазинаси» ва «Юлдузли тунлар» Ю. И. Суровцев таржимасида Москвада қайта-қайта нашр этилди ва хорижий тилларга ўгирилди. Унинг навбатдаги ижодий режаси — «Авлодлар довони»ни таржима қилиш эди. Романнинг асосий воқеалари Ҳиндистонда бўлиб ўтгани учун Ю. И. Суровцев мен билан бирга бориб, романда тасвирланган шаҳарлар, дарёлар, водийлар, тарихий обидаларни, энг муҳими, минг йиллардан бери дунёни ўзига жалб этиб келаётган ҳинд халқини ва бу мамлакатнинг табиатини ўз кўзи билан кўришни режалаштирган эди. Бу режа йил охирида амалга ошадиган бўлди. Бизга таржимон қилиб тайинланган Наталья Изосимова билан «Советский писатель» нашриётининг вакили шоир Эдуард Балашов бир ҳафта олдин жўнаб кетишган экан. Улар билан Деҳлида топишиб, тўрт кишилик ёзувчилар делегациясига айландик. СССР билан Ҳиндистон ҳукумати орасида тузилган маданий алоқалар шартномасига биноан ижодий мақсадларни кўзлаб келганимиз учун бизни яхши кутиб олдилар, қулай меҳмонхоналарга жойлаштириб, барча йўл харажатларимизни кўтардилар, қадимда «явмул харж» деб аталадиган кундалик сарфларга ҳинд пули — рупийлар ҳам бердилар.

Сафаримиз арафасида Ҳиндистоннинг ҳукумат бошлиғи ўзгарган, Раджив Ганди ўрнига Пратап Синх сайловда ғолиб чиққан, мамлакат Асосий қонунига биноан, барча нозирлар, шу жумладан, бизга мезбонлик қилган маданият соҳасининг мутасаддилари ҳам янгиланиши кутилмоқда эди. Шунга қарамай, мезбонларнинг муносабатида бирон совуқлик, муваққатлик ёки бошқача ўзгаришлар сезмадик. Деҳлида биз билан учрашган совет элчихонаси вакиллари ҳам «муносабатларимиз аввалгидай яхши давом этмоқда, чунки бизнинг Ҳиндистон билан алоқаларимиз доимий бир дўстлик ва ҳамкорлик асосига қурилган» дейишди.

Аслида, демократик йўл билан сайланадиган ҳукумат азалдан бор бўлган мамлакатни ва унинг халқини табиий бир мавжудотдек, иқлимдек қабул қилади. Иқлим инсоннинг иродасига бўйсунмайди. Аммо ўтмишда «Халқ менинг иродамга бўйсунсин!» деган мутлақ ҳокимлар табиатни ва иқлимни ўзига итоат этдиришга интилувчи зўравонлардек зулм ўтказган, беҳад кўп фожеаларга сабаб бўлган эдилар. Тарихий тараққиёт жараёнлари бундай зўравонликни табиий асосга эга бўлмаган ичи пуч сунъий нарсадек улоқтириб ташлади. Халқнинг иродасини табиий мавжудоддек қабул киладиган ва парламент жорий этган қонунларни барчага баробар иқлим ўрнида кўриб иш юритадиган ҳукуматлар ҳуқуқий давлат сирасига кирадилар. Ҳиндистонда мана шундай табиий асосга эга бўлган демократик давлатни М. Ганди ва Ж. Нерулар тузиб кетган эдилар. Индира ва Раджив Гандилар ота-боболарининг шу анъанасини тадрижий давом эттирдилар. Кўпчилик ишониб овоз берган янги ҳукумат бошлиғи ҳам ҳуқукий давлат тартиботини яна тадрижий тарзда давом эттиради, деган ишонч бор.

Хуллас, ҳукумат бошлиғи алмашинган нозик бир пайтда ҳам ҳуқуқий давлат талабларига яхши риоя қилган ва биз каби меҳмонларга аввалгидай илик муносабатда бўлган мезбонларимиздан ўзимча мамнун бўлганимда кўнглимдан бир фикр ўтди: табиатга хос барқарорлик ва тадрижийликни ўзига сингдирган давлат халққа табиат каби яқин ва зарур бўлади. Қайта қуриш жараёни бизда ҳам ана шундай ҳуқуқий давлатни камолотга етказиши керак.

Иқлим ва ҳаёт тарзи

Гарчи ёз ойларида Ҳиндистон иссиқларига тоқат килиш четдан борган одам учун беҳад қийин бўлса ҳам, бунга асрлар давомида мослашган халқ учун иссиқ иқлим — улуғ бир неъматдир. Чунки йил бўйи бутун борлиқ ям-яшил баҳор либосини тарк этмайди. Биз борган қиш ойларида ҳам Ҳинд уммони бўйидаги Мадрас, Майсор, Бангалор атрофларида юз хил ажойиб гуллар муаттар ҳид таратиб очилиб турарди. Айни шу вақтда далаларда сарғайиб пишган шолининг иккинчи ҳосилини ўриб янчаётган, шамолда совуриб, донини ажратаётган, ёки боғларда пишган банан ва хурмоларни узиб, бозор расталарига олиб бораётган деҳқонлар… Табиат куз ёмғирларидан кейинги қуёшли кунларда тиниқ ва беғубор бўлиб яшнаб турибди. Одамлар енгил ёзги кийимларда, оёқларида шиппак.

Улуғвор долға тўлқинлардан кўпириб ётган уммон бўйлаб минг чақиримдан ортиқ йўл босдик. Ҳамма жойда илиқ, фаровон ва майин табиий муҳит. Унинг бағрида яшаётган одамлар егулик ва кийгулик ҳамма нарсани меҳнат қилиб топишлари учун имконият бор.

Ҳиндистон тарихини ўрганар эканман, бир нарсага ҳайрон қоламан: минг йиллар давомида шуҳрат ва бойлик изловчи фотиҳлар бу мамлакатга гоҳ шимолдан, гоҳ ғарбдан, гоҳ жануб ва шарқдан бостириб келганлар. Аммо шу минг йиллар давомида Ҳиндистоннинг ўзи ёки унинг подшо ва саркардалари на шимолга, на ғарбга, на жануб ва шарк мамлакатлари устига қўшин тортиб, фотиҳлик қиличини ўйнатиб борган эмаслар. Бунинг кўп сабабларидан бири шуки, Ҳиндистоннинг ўзи бой, табиати сахий, халқи қаноатли ва меҳнатсевар. Бу халқ барча эҳтиёжларини ўз ватанида қондира олади, шунинг учун баднафс, шуҳратпараст лашкарбошилар халқ оммасини бошқа мамлакатларга бостириб боришга кўндира олган эмас. Бунинг яна бир сабаби — турли элларни тинч-тотув яшашга, бағри кенг бўлишга, биродарларча муроса қилишга ўргатувчи энг қадимий ахлоқ низомлари Ҳиндистонда минг йиллар давомида ўз кучини йўқотмай келади. Уч минг йил олдин яратилган «Ману қонунлари», «Ахтарваведа» ва «Гита» — шулар жумласидандир. Бундан уч ярим минг йил олдин номи муқаддас китобларда қайд этилган ҳинд тангриси Брахма Яҳудийларнинг муқаддас «Тавро»тига Авраам номи билан ўтади. Қейинчалик бу тангрини мусулмонлар Иброҳим пайғамбар номи билан улуғлаб, «Қуръон» сураларига киритадилар. Мана шу анъанавий бағрикенглик туфайли ҳиндистонликлар VIII асрда ислом динини ихтиёрий равишда қабул қиладилар. Ўрта Осиёда Қутайба қилган зўравонлик ва хунрезликларни Ҳиндистонга борган араблар қилмайдилар. Шу билан исломнинг Ҳиндистонда соғлом бир муросали асосда ривожланишига имкон яратадилар. Ҳозир Ҳиндистон ярим оролида, Покистон ва Бангладешни қўшиб ҳисоблаганда, уч юз миллиондан ортиқ мусулмон яшайди. Дунёнинг бошқа ҳеч қайси қитъасида мусулмонлар бунчалик кўп эмас.

Тўғри, зўравонликдан манфаатдор бўлган тор кўнгилли таъмагирлар гоҳ Кашмирда, гоҳ Панжобда ҳиндлар билан муслимлар орасига низо уруғини сочадилар. Бу ёвуз уруғлар гоҳо бегуноҳ одамларнинг қонига зомин бўлаётгани ҳакида матбуот ташвишли хабарлар келтириб туради. Лекин биз саёҳат қилган жанубий ўлкаларда, Деҳли ва Агра атрофларида ҳиндлар билан муслимлар бир-бирларининг ҳурматларини жойига қўйиб, осуда ва иноқ яшаётганларига гувоҳ бўлдик. Буни исбот этадиган далилларни қуйида Мирзо Ҳумоюн ва Акбар мақбаралари ҳақида сўз юритганда яна келтирмоқчиман.

Ўзбекистон каби Ҳиндистонда ҳам кўпчилик аҳоли қишлоқларда яшайди. Ҳинд қишлоқларида ҳам кулбалар шаклини олган кўримсиз уйлар кўп. Фақат ҳинд уйларининг томлари бамбук барглари билан ёпилган. Катта кўча бўйларида шинам қилиб қурилган ғиштин бинолар ҳам оз эмас. Лекин иқлим илиқ ва ўғри кам бўлгани учундир, икки қаватли, темир панжарали деразаларни учратмайсиз. Қишлоқларида қулфланадиган эшиклар йўқ. Умуман, қулфу калитларни биз фақат шаҳарларда, ўзимиз турган меҳмонхоналарда кўрдик. Қишлоқларда ва шаҳарларнинг оддий меҳнаткашлари турадиган маҳалла-кўйларида одамлар кулфу калитсиз, темир панжараларсиз очиқ-сочиқ яшайдилар.

Бир вақтлар ўзимизнинг Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларимизда ҳам қулфланадиган жойлар жуда оз бўларди. Ҳатто бозор расталарида қимматбаҳо буюмлар сотиладиган дўконлар кечаси фақат чий билан бекитиб кетиларди. Мен бу яхши одатни ўша жойларда соғинч билан эсладим.

Маҳалла-кўй бўлиб яшаш одатлари Ҳиндистонда жуда яхши сақланиб қолган. Бир оиладай иноқ яшайдиган маҳалла-кўйга ўғри ёки шумоёқ кишилар оралай олмайди, чунки биронтаси ёмонлик қилса кўпдан қочиб қутулолмайдиган қуёндай қўлга тушади. Қишлоқ жамоалари ва шаҳар маҳаллаларида «панчаят» деб аталадиган беш кишидан иборат ҳайъат ва раҳбарият бор. Энг эътиборли одамлардан ташкил топган шу панчаят маъмурий ишларга ҳам, тўйга ҳам, азага ҳам мутасадди бўлиб туради. Улар мохият эътибори билан бизнинг энг яхши маҳаллаларимизда фаолият кўрсатиб келаётган маҳалла кенгашларини эслатади.

Шарқда асрлар синовидан ўтиб келаётган маҳалла‑кўй бўлиб тинч-тотув яшаш анъаналарини маънавий қадрият сифатида эъзозлашимиз ва ривожлантиришимиз керак. Тошкентимиз бир қанча чет эл шаҳарлари билан биродарлашган. Шу биродарликни муайян мазмун билан тўлдириш учун Тошкентдаги энг яхши маҳалла ўтағасилари Ҳиндистондаги биродарлашган шаҳарларнинг маҳалла панчаятлари билан борди-келди килсалар, тажриба алмашсалар, буни матбуотимиз радио-телевидение орқали тарғиб этса жуда яхши бўларди.

Иқтисод ва техника

Ҳиндистонда аҳоли жуда зич жойлашган. Худди бизнинг Фарғона водийсидаги каби қишлоқлар қишлоқларга уланиб кетган. Мамлакатнинг аҳолиси 817 миллиондан ортиқ. Ер майдони эса бизнинг мамлакатимиздагига қараганда тўрт-беш баробар кам. Шунга қарамай Ҳиндистон ўзини ўзи боқади, четдан дон ва бошқа озиқ-овқат сотиб олмайди. Бозор ва магазинларида егуликлар, кийим ва буюмлар истаганингизча топилади. Пули борга ҳамма нарса тўкин. Нисбатан олганда, нархлар ҳам инсоф билан қўйилган. Дейлик, бизнинг валюта ҳисобидаги 1 сўмимизга 24 рупий алмаштириб берилади. Шу 24 рупийга бозордан икки кило яхши қўй гўшти олишингиз мумкин. Иккита банан билан тушлик қилиб кетадиган одамлар бор. Иккита банан эса 1 рупий туради…

Тўғри, иш тополмай тиланчилик килиб юрган, моянаси пастлигидан камбағалона яшайдиган оилалар ва бошқа ижтимоий муаммолар Ҳиндистонда ҳам оз эмас. Лекин ишсизлар, камбағаллар ёки тиланчилар бизда йўқми?

Энг муҳим мезон — мамлакат табиатини ва халқининг ахлоқини яхши сақлай билиш билан боғлиқ.

Махатма Ганди ва Жаваҳарлал Нерудан бошланган ҳинд анъанаси — фан-техника инқилобининг табиатни бузадиган айрим томонларидан мамлакатни эҳтиёт қилишга қаратилган. Дейлик, жазирама иссиқда ер ҳайдаш оғир. Ерни кўп бузмайдиган резинка ғилдираклик кичик ҳайдов тракторлари бор. Улар деҳконнинг оғирини енгил қилади. Шунинг учун давлат бундай тракторларга йўлни кенг очиб қўйибди. Аммо тупроқни шиббалаб қотириб ташлайдиган занжиртиш оғир тракторлар, ерни ағдар-тўнтар қилиб юборадиган экскаваторлар, бульдозерлар ва шуларга ўхшаш қурилиш техникалари Ҳиндистонда деярли қўлланилмайди. Уларни ишлаб чиқарадиган завод қуришга рухсат берилмаган. Четдан келтириб сотишни истаган фирмаларга жуда катта бож солиқлар солинади, фойда ўрнига зарар кўришни эса ҳеч қайси фирма истамайди. Оғир юкларни кўтарадиган кранлар бор. Улар ерни кўп бузмайди. Аммо экскаватор, бульдозерлар йўқ. Ўларнинг ишини ҳам одамлар қилади. «Эҳтимол, бу унча тўғри эмасдир, — дейишди ҳинд мезбонларимиз. — Лекин бизда ишчи кучи кўп. Қўл меҳнати арзон. Одамларни иш билан таъминлаш учун ҳам қурилиш техникасини кам ишлатамиз. Энг муҳими, қурилиш техникасидан табиатимиз ортиқча зарар кўрмайди».

Бу ҳақда мунозара қилиш мумкин. Бизда Катта Фарғона канали қўл меҳнати билан қурилгани кўпчиликка маълум. Техника ёрдамида қурилган Аму-Бухоро ёки Қарши каналларини Катта Фарғона канали билан солиштирсангиз, инсон қўли чиндан ҳам гул эканига амин бўласиз. Чунки Катта Фарғона каналининг ҳар иккала қирғоғида табиат яхши сақланган, юзлаб чакирим соҳилнинг ҳаммаси дарахтзор, боғ. Аммо Мирзачўлда, Қарши чўлида қурилган каналларимизнинг қирғоқларида бундай обод манзиллар жуда кам.

Албатта, бунинг учун қурилиш техникаси айбдор эмас. Гап техникадан меъёрида ва ўз ўрнида оқилона фойдаланиш ҳақида боряпти. Кўчаларни ортиқ даражада кавлаб ташлашлар ва ойлар давомида бузилган ерни тузатмай ташлаб қўйишлар ҳаммамизни безор қилади. Агар ернинг ёки кўчанинг ҳақиқий эгаси бўлса эди, уни кавлаб ташлаб қўйишга йўл қўймас эди.

Бошқа бир нарсани олинг. Бир кишининг ярим кунлик қўл меҳнати билан битадиган ишга ҳам «Белорусь» ёки ундан каттароқ еркавлагич машина келади. «Нега?» десангиз, баъзилар «бизда ҳамма иш механизациялашган, ёшлар кетмон билан ер кавлашни истамайди» дейишади.

Бироқ игна билан битадиган ишга жуволдиз ишлатилса нозик мато бузилади. Шунга ўхшаб, икки метр жой кавланиши керак бўлса, «Белорусь» ёки экскаватор бирпасда юз-икки юз метрлик жойни ағдар-тўнтар килиб кетади. Уни текислаш учун чақириладиган бульдозер йўлида учраган бирор нарсани бузиб, йиқитиб ўтади. Яна бунга қанча ёнилғи сарфланади, техника харажати ортади. Ахир мунча бузғунчиликка кетган пулни иккита ёлланма ишчига берсалар, ҳам ўн баробар арзонга иш битириш мумкин бўлади, ҳам табиат беҳуда бузилмайди, ҳам кўнгилдагидек чиройли натижага эришилади.

Ахир қўл билан қилинган иш пухта, гўзал, умрбоқий бўлади. Самарқанд, Бухоро обидалари буни кўрсатиб турибди. Техника ишлатишда бирёқлама кетаётган одамларга яна битта мисол келтирай. Сўзана ёки дўппининг каштасини «попоп» машинада ҳам тикиш мумкин. Лекин биз асл дўппи кийгимиз келганда чеварлар қўлида тикилганини оламиз. Қўлда тикилган асл дўппи «попоп» машинаникидан беш-олти баробар қиммат бўлса ҳам, чеварникини афзал кўрамиз.

Ҳаётнинг жуда кўп соҳаларида техникага бирёқлама берилиб, қўл меҳнатини менсимаган одамлар кетмонни ҳам бекорга «пуфсассиққа» чиқариб йўқотиб юбормоқчи бўлдилар. Ҳатто баъзи шоирларимиз «кетмонга» қофия қилиб, «кет мандан, рўдапо!» деб, аждодларимиз кашф қилган бу ажойиб меҳнат куролига ҳақоратомуз сифатлар бердилар. Лекин кетмондан кулганларнинг ўзлари кулгули аҳволга тушиб қолди. Чунки кетмонсиз чопиқ йўқ, кетмонсиз ўтоқ йўқ. Кетмонсиз экин суғориб бўлмайди.

Пахтанинг оғир меҳнати ва якка зироатчилик иллати учун кетмонни айбдор қилиб қутулиб кетмоқчи бўлганларга қарши Қашқадарё вилоятининг Ульянов ноҳиясида катта йўлнинг чорраҳасида бир ҳайкал ўрнатилган. «Сувчи» деб аталадиган бу ҳайкалнинг қўлидаги улкан кетмони яқин ўтмишнинг баъзи раҳбарларини ғазабга келтиради. Ҳайкални олиб ташлаш ҳақида буйруқ ҳам берилади. Лекин ҳаётга ақл кўзи билан қарай олган ҳалол одамлар ҳайкал атрофидаги далаларда, боғларда ишлаётган деҳқонларга қарайдилар. Улардан бирортасининг иши кетмонсиз битмаслигини кўрадилар. «Ҳаётда бор нарса нега ҳайкалда бўлмаслиги керак?» дейишиб, чорраҳадаги кетмон тасвирини ўз ўрнида қолдирадилар.

Техникага бемеъёр ружу қилган баъзи одамлар трактор ёки машина кабинасидан тушмасликка тиришадилар. Озгина пиёда юрсалар бир жойлари кемтилиб коладигандек бўладилар. Баъзи қурилиш бошлиқлари катта самосвал ёки КАМАЗ машиналарини юксиз қуруқ ҳайдаб юриб майда-чуйда шахсий ишларини битирадилар. «Мана шу менинг персонал «Волгам»!» деб мақтаниб ҳам қўядилар. Бу ҳаммаси давлат ва халқ маблағини ноинсофларча исроф килишдан ташқари, иложи бўлса ҳожатга ҳам техника миниб боришга ўрганган одамларнинг соғлиғини емиради. Нуқул трактордан тушмайдиган, яна уни мудом енгил машинадай чопдирадиган тракторчилар муттасил силкинишлар окибатида ичлари эзилиб, қоринлари нок шаклига кирадию бедаво касалларга чалинади. Нуқул машинада юриб, беш қадам пиёда қадам ташлашга эринадиганлар бора-бора оёқдан қоладилар. Чунки инсон ҳам табиат фарзандидир. Агар одам бутунлай табиатдан узилиб қолса-ю, қўл-оёғи ерга тегиб турмаса соғлиғи тез ишдан чиқади.

Мен Ҳиндистонда сафарда юриб булар хақида ўйлаганимнинг сабаби шуки, бир вақтлар, бизда ҳам кимёвий дорилар кам, техника меъёрида ишлатилган пайтларда одамларимиз табиатга жуда яқин ва ундан она бағрида яшагандай яйраб яшар эдилар. Ҳозирги сариқ касалликлари йўқ эди. Ҳиндистон халқининг аксарияти ҳозир ҳам сариқ нималигини билмайди. Тўғри, у ерда безгак, ичбуруғ, ҳатто вабо учраб туради. Лекин бу касалларга чалинганларни мамлакат аҳолисининг умумий сонига қиёс қилсангиз, ярим фоизга ҳам бормайди. Бизда сариқ касалга чалинганлар сонини жумҳурият аҳолиси сонига қиёс қилганингизда ҳиндлар биздан кўра соғломроқ ҳаёт кечираётганига ишонч ҳосил қиласиз. Бунинг кўп сабабларидан бири шуки, кимёвий ўғитлар уларда жуда қиммат, шунинг учун тежаб-тергаб, ниҳоятда кам ишлатишади. Техника воситаларига муносабат ҳам худди шундай. Қўл меҳнатига ҳурмат баланд. Ҳунарпеша косиблар беҳад кўп. Ерга, дарахтга, тошга, умуман табиий мавжудотга қўл-оёғи тегиб меҳнат қиладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун мамлакат одамларида табиий бир соғломлик яхши сақланган.

Ахир биз ҳам табиат бағрида ишлаб юрган пайтларимизда соғломроқ эмасмидик? Табиат — она. Ундан ёмонлик кутмайсиз. Болалик пайтларимизда дуч келган ариқ бўйига кўкрак қўйиб, кийик каби сув ичардик. Доим ерда ўтирардик. Чунки ерларда қурилиш чиқитлари, кимёвий дори қолдиқлари, пластмасса парчалари ва машина ёғлари бўлмас эди.

Эгалик масъулияти

Ҳиндистон ҳам саноати тараққий этган индустриал мамлакатга айланган. Шаҳарларида машиналар ва қурилишлар жуда кўп. Лекин қурилиш чиқитларини кўрмайсиз, чунки цемент, ғишт ва бошқа материаллар тежаб-тергаб сарфланади. Ҳамма одамлар тежамкорликка ўргатилган. Кимки истрофгарчиликка йўл қўйдими, бунинг пулини чўнтагидан тўлайди. Чунки ҳар бир қарич ер, ҳар бир кило цемент, ҳар бир сўм пул — эгалик. Кўпгина корхоналар, қурилишлар ва йўллар давлатники. Лекин улардаги ҳисоб-китоб ва шахсий манфаатдорлик худди хусусий мулк эгаларидагига ўхшаш иқтисодий жавобгарлик асосига қурилган.

Фикримнинг исботи учун битта мисол келтирай: Ҳайдаробод шаҳрида бир соатча бўш вақт бўлиб қолди. Кўчага айланиб чиқдим. Катта кўчанинг четига пиёдарав йўлак қурилаётган экан. Антарма-машина, яъни самосвал турибди. Йўл қурувчиларга хос сариқ рангли кийим кийган уч-тўрт ишчи ортиқча тош-тупроқ ва қурилиш чиқитларини тоғорага ўхшаган нарсаларга солиб бошларига қўядилар-да, борти очиқ турган самосвалга элтиб тўкадилар. Офтобда чиниққан чайир ишчилар бир пасда йўлак бўладиган жойни текислаб, ортиқча чиқитларини антарма-машинага ортиб бердилар. Агар бунинг ўрнига еркавлагич техника чақирилса, озгина юк ортгунча кўп жойни бузиб қўярди. Уни текислаш учун яна бульдозер чақиришга тўғри келарди. Бунга қанча вақт, ёнилғи, пул кетишини ўйланг!

Ҳайдарободлик қурувчиларнинг бошлиғи билан гаплашиб қолдим.

— Агар, — дейди, — бу жойни мен кавлаб ташлаб қўйсам, ернинг эгасига ҳар куни ўз чўнтагимдан бир талай жарима тўлайман.

Мен ҳайрон бўлдим:

— Қурилиш давлатники эмасми?

— Давлатники. Лекин давлат менга харажатини ҳисоблаб пул берган. Йўл қурилишини ижарага олганман.

Биздаги ижара пудрати эсимга тушди:

— Демак, сиз давлат берган пул учун жавобгарсиз?

— Ҳа, шартнома тузиб қарз олганман. Бу пулнинг бир қисми чўнтагимда, қолгани банкадаги ҳисобимда. Агар иккита ишчи белкурак билан битирадиган ишга ер кавлагич техника чақирсам… Бизда ёнилғи ҳам, техника ҳам қиммат — беш-олти баробар ортиқ ҳақ тўлашимга тўғри келади. Ундан кўра мана бу ишчиларни ёллаш арзонга тушади. Мен буларга моянани ҳар беш кунда бехато тўлайман. Кассир ҳам, бухгалтер ҳам ўзим. Чунки давлат карз пулни менга ишониб берган. Иш ҳақини бехато оладиган қурувчилар ишни ҳам бехато бажаришади.

Қаранг, давлат бирор сўмини эгасиз қилиб қўймайди. Кимга қанча маблағ берилса, бу одам шу маблағни эгалик ҳисси билан сарфлайди ва пировард натижа учун жавоб беради. Бизнинг эски маъмурий-буйруқбозлик системамизда эса бериладиган маблағга юзта идора хўжайин, юзта бухгалтер ва ревизор назоратчи бўлар, «палон пулни фақат палон моддага сарфлайсан, бошқа нарсага сарфлашга ҳаққинг йўқ!» дейишиб, ҳар бир сўмни қолипга солиб ташлашар, натижада эгалик ҳисси ҳам, эгалик масъулияти хам йўқолар эди. Миллион ва миллиардлар оғизда халқники, давлатники деб айтилар, аслида улар расмиятчилар ўртасида сарсон бўлиб, хўжасизлик қумларига сингиб, исроф бўлиб кетарди.

Жамиятимизда ҳар бир қадриятнинг ва ҳар бир сўмнинг эгаси бўлиши керак, деган эътиқод энди қайта шаклланяпти. Чунки эгалик туйғуси илгаридан бор. Деҳқон ўз томорқасининг ҳақиқий эгаси бўлгани учун унга пухта ўйлаб экин экади ва колхоз-совхозлардан уч-тўрт баробар ортиқ даромад олади. Шахсий хўжаликнинг чорваси ҳам колхоз-совхозникидан яхшироқ боқилади, кўпроқ сут, гўшт беради. Чунки бу чорва — эгалик. Эгасизлик эса илгари қарғиш сўз ҳисобланарди. Эсимда бор, кекса одамлар бирорта молдан ранжиса: Эгасиз қолгир! Бесоҳиб бўлгур! — деб қарғар эди. Чунки эгасиз қолган мол оч, қаровсиз, ташландиқ аҳволга тушади, уни бўри еб кетиши осонлашади.

Яна Ҳиндистонга қайтайлик. Ҳинд машиналарига тушиб, бир кунда 500—600 чақирим йўл босган кунларимиз бўлди. Аҳоли зич бўлгани учун қатнов жуда кучли: енгил машиналар орасида минглаб велосипедлар. «Велорикша» деб аталадиган киракашлар, «Мототакси» номини олган усти соябонли кичик таксилар… Уларнинг орасида тоғдай улкан кўринадиган «Татра» номли баланд юк машиналари. Бизнинг КАМАЗлар улардан қудратлироқ. Лекин ҳиндлар кичкина «Велорикша»сидан тортиб, улкан юк машиналаригача хаммасини тозалаб, чиройли бўёқларга бўяшади ва одамни ўзига тортадиган қилиб безаб минишади. Чунки мототаксининг ҳам, «Татра»нинг ҳам эгаси бор, улар ўз техникалари ёрдамида пул топиб, рўзғор тебратади. Бошқа минглаб машина ва мото эгалари ҳам ўзларига иш топширадиган мижоз излашади. Бизда такси ёки ёлланадиган юк машинаси талаш бўлса, уларда, аксинча, машина ёллайдиган мижоз талаш. «Мана, менинг машинам яхши, юкингизни менга топширинг, хурсанд бўласиз!» деган сўзлар билан улар мижоз учун курашадилар, мусобақа қиладилар. Бу мусобақада ютиб чиқиш учун ўз мототаксилари ёки юк машиналарини озода тутадилар, бўяб, безаб, жозибали қилиб минадилар. Бундан мижоз ҳам мамнун бўлади, машина эгаси ҳам ютади, кўчаларда уларнинг товусдай ранг‑баранг товланиб юрганини кўрган биз каби сайёҳлар ҳам хурсанд бўлади.

Қаранг, алоҳида шахс манфаати жамият манфаати билан уйғун келиши учун хўжасизликка йўл бермайдиган эгалик масъулияти ҳар бир одамда мумкин кадар яхши тараққий этиши керак экан.

Инсон эрки ва давлат назорати

Эгалик ҳисси билан эрк бир-бирига зид эмас. Сиз ўз шахсий мулкингизга эркин муносабатда бўласиз, уни қанчалик авайласангиз, шунчалик равнақ топдиришга интиласиз, бу йўлда қўлингиздан келган барча ташаббусни кўрсатасиз. Ишингиз қанчалик самарали бўлса, қанча кўп даромад олсангиз, давлат бундан шунчалик манфаатдор. Чунки сиз давлат хазинасига каттагина улуш — даромад солиғи тўлайсиз.

Ҳиндистон ҳукумати ўз мамлакати ва давлатининг манфаатларини каттиқ туриб ҳимоя қилишини қатор мисолларда кўрдик. Ҳозир «Форд» енгил машиналари ёки япон радиотехникаси дунё бозорларини эгаллаб олганлиги кўпчиликка маълум. Лекин Ҳиндистонда улар деярлик йўқ, чунки нархи ҳаддан ташқари қиммат — давлат уларга атайлаб бож солиғини шундай баланд қилиб қўйганки, олган ҳам, сотган ҳам зарар кўради.

Иқтисодий иш услуби — фойда ва зарарга асосланса ур‑сур қилиб, чайқовчиларни қувиб юришга ҳожат қолмайди. Дейлик, япон магнитофонининг кассетасига харидор кўп. Ҳинд мутахассислари японларникидан қолишмайдиган кассеталар яратадилар. Уларни ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳам тез пайдо бўлади — чунки талаб катта, даромади зўр. Қарабсизки, бир-икки йил ўтмай ҳинд кассеталари барча радио магазинларида кўпайиб кетади. Улар япон кассеталаридан арзонроқ сотилади. Шунинг учун, масалан, мен ҳам ҳинд кассеталаридан олдим. 90 минутлик ҳинд кассетаси 17 рупий. Бизда буни 17 сўмга ҳам тополмайсиз. Ҳолбуки, юқорида айтганимдай, бизнинг бир сўмлик валюта пулимизга 24 рупий алмаштириб берилди.

Енгил машиналар, мотоцикллар ва бошқа турли хил техника воситалари ҳам тараққий этган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ҳинд шароитига оқилона тадбиқ этиш натижасида яратилади, сўнг халқ талабини қондирадиган даражада кўп ишлаб чиқарилади. Ҳинд енгил машиналари орасида энг кўп тарқалгани «Амбрассадор» деб аталади. Нархи чет эл машиналариникидан хийла арзон, ўзи унча ҳашаматли бўлмаса ҳам, мамлакат шароитига жуда мослашган, кўпга кетадиган пишиқ-пухта қилиб ишланган. Биз шу «Амбрассадор» машиналарида минглаб чақирим йўл босдик. Бирор жойда бузилиб тўхтаб қолганини, рули ё тормози, ёки бирон ғилдираги панд берганини кўрмадик. Мана шунга ўхшаш сифатли ҳинд енгил машиналарини магазинлардан истаганингизча сотиб олишингиз мумкин. Талаб қанча кўп бўлса, саноат шунча «жон» деб ишлаб чиқаради. Чунки ҳамма иш иқтисодий мустақиллик ва ташаббус асосига, кўп ва хўб маҳсулот бериб, яхши даромад олиш ва шу туфайли яхши яшаш негизига қурилган. Давлат сиёсати эса барча шаҳару қишлоқларда ҳинд халқининг ўзи ишлаб чиқарадиган саноат ва қишлоқ хўжалик молларига етакчи ўринни беради. Шу тарзда мамлакат иқтисодий жиҳатдан мустақил яшайди, меҳнаткаш халқ иш билан таъминланади, бозорларда мол сероб, ишлаб чиқаришдаги мусобақа — рақобат истеъмол буюмларининг сонини кўпайтиришга ва сифатини яхшилашга ёрдам беради.

Биз шу вақтгача бундай нарсаларни «фақат буржуйларга хос капиталистик йўл» деб қоралаб келдик. Ҳолбуки, халқнинг талаб ва эҳтиёжига қараб озиқ-овқат, кийим, буюм ишлаб чиқариш — буржуазия ва капитализмдан минг йиллар олдин ҳам бўлган, улардан кейинги социалистик тузумда ҳам бўлиши кераклигини энди астойдил англаяпмиз. Ахир табиатга, иқлимга сиёсий тус бериб бўлмайди-ку! Озиқ-овқат, кийим-кечак ишлаб чиқариш, уни олиш ва сотиш — барча инсон зотига хос табиий эҳтиёж экан, бунга нуқул синфий ёки сиёсий тус бериш — одамларни тўғри йўлдан адаштириб, охир оқибатда уларни яхши кийимга ва сифатли озик-овқатга зор қилиб қўйишнинг сабабчиси эмасми?

Ҳиндистонда ҳам давлат назорати жуда кучли. Фақат давлат назорати саноат ёки қишлоқ хўжалигининг кундалик ишига аралашавермайди, қайси экинни қачон экиш, қачон ўриш муҳлатларини белгилаш, қайси қурилиш материалини кимга бериш каби майда‑чуйда ташвишларни ўз зиммасига олмайди. Чунки майда-чуйда нарсалар билан андармон бўлганда умумдавлат миқёсидаги катта ишларни кўздан қочириш осонлашади. Сўнгги ўн йилликларда Ҳиндистон давлати амалга оширган энг катта тадбирлардан бири — мамлакат халқининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини ички имкониятлар ҳисобига қондириш соҳасида бўлди. 800 миллионлик халқни четдан буғдой сотиб олиб боқишга ҳеч бир хазина бардош беролмайди. Энг тўғри йўл — халқнинг ўзини-ўзи бокишига имкон яратиш эди.

Ҳинд олимлари узоқ изланишлардан сўнг жанубий Америкада ўсадиган янги бир буғдой навининг Ҳиндистон иқлимига жуда мос келишини аниқлайдилар. Давлат шу буғдойнинг уруғидан озроқ сотиб олиб: аста‑секин кўпайтиради. Ўн йил давомида янги нав бутун Ҳиндистонда буғдойнинг ҳосилини икки баробарга оширади. Шу билан улкан халкнинг буғдойга бўлган эҳтиёжи қондирилади, четдан валютага дон сотиб олиш ташвиши йўқолади. Мана, катта миқёсдаги тадбиркорликнинг самараси!

Яна бир мисол. Ҳиндистонда азим дарахтлар ва уларнинг турлари жуда кўп. Шулардан бири оқ қайинларни эслатадиган, новдалари майин эгилган, бўйи эса йигирма-ўттиз метрга борадиган ажойиб дарахт эътиборимизни тортди.

Бир ўрмон олдида тўхтаганимизда, бундай дарахтларни йигирма йил аввал келганимда кўрмаганимни йўлбошловчимизга айтдим.

— Тўғри, бу дарахт бизда сўнгги ўн-ўн беш йил ичида кўпайди, — деди мезбонимиз. — Эвкалипт деб эшитганмисиз? Австралияда кўп ўсади. Олимларимиз синовдан ўтказиб, эвкалипт бизнинг иқлимимизда ҳам яхши ўсишини аниқлашибди. Тез бўйга тортар экан, ёғочи биносозликка жуда керак. Илдизи балчиқни йўқотаркан. Барги билан гулидан дорилар тайёрланаркан.

Эвкалипт дорилар бизда ҳам борлигини эсладим. Ўзи ҳам жуда чиройли дарахт экан. Танаси оппоқ, барглари зумраддай тоза. Қаранг, ҳам мамлакатнинг ҳуснига ҳусн кўшади, ҳам қурилиш материали, ҳам доривор, ҳам тупроқнинг таркибини яхшилайди.

Бунга ўхшаш яхши дарахтларни йўқотиб юборган калтафаҳмларга нисбатан уларни ҳатто Австралиядан, Жанубий Америкадан олиб келиб кўпайтираётган ҳиндистонлик дўстларимизнинг доно ишлари кай даражада ибратли!

Давлатнинг табиатга бундай муносабати ўз фуқароларининг табиий эҳтиёжлари билан астойдил ҳисоблашиб иш олиб боришида яққол кўзга ташланади. Бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув деганларидек, ҳар куни керак бўлиб турадиган егуликлар ва рўзғор эҳтиёжларини қондирадиган дўконлар, расталар, хилма-хил савдо шохобчаларининг кўплиги ва қулайлиги Ҳиндистондаги давлат тартиботининг муҳим фазилатларидан бири, десак хато бўлмайди. «Бозоришаб» дейиладиган тунги бозорлар ҳам, денгиз бўйларида «Чиғаноқ бозори», деб аталадиган жойлар ҳам беҳад гавжум. Албатта, бозорда алдамчилар ҳам, товламачилар ҳам бўлади. Лекин асосий кўпчилик — ўзи ясаган буюмларини бозорга олиб чиққан ҳунарманд косиблару далада етиштирган ноз-неъматларни харидорга етказиб бераётган деҳқонлар. Улар бир-бири билан мусобақа қилиб, маъмурчилик яратади. Шунинг учун егулик ёки буюм талаш эмас, аксинча, харидор талаш. «Меникини олинг!» деб кетингиздан юришади. Садафлар, маржонлар кўп бўлгани учун жуда арзон. Давлат сотувчидан қонун бўйича даромад солиғи олади, бошқа ишига аралашмайди.

Бир вақтлар бизда ҳам расталар, бозор ва бозорчалар, ҳатто бозоришаблар кўп бўлар эди. Ҳар бир маҳаллада энг зарур нарсаларни кечаю кундуз сотиб кун кўрадиган, ўз маҳалладошларига инсоф билан ҳалол муносабат қиладиган, шу туфайли ҳурмат-эътибор қозонган баққоллар бор эди. Бу ҳаммаси одамларни асаббузар навбатлардан халос килар, вақтни тежашга, маиший турмушни яхшилашга ёрдам берарди.

Ҳамма ёқдан «ёт унсур» ва «халқ душмани» излаган бераҳм маъмуриятчилар халқни мана шу қулайликлардан маҳрум қилишди. Аммо ўзлари учун махсус ёпиқ магазину буфетлар очдиришиб, ҳамма нарсанинг сарасини арзон нархларда осонгина олиб туришди.

Ҳозир бу инсофсизликка барҳам берилмоқда. Лекин бозордан ўринсиз чўчиш ҳали ҳам бор. Гўё бозор кўпайса савдони бошқариш мумкин бўлмайди, далада ишловчи камаяди, анархия бошланади… Аммо жуда кўп мамлакатлар қатори Ҳиндистоннинг тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, агар давлат ташкилотлари одамларнинг табиий эҳтиёжларига қараб иш юритса, савдони ҳам, бозорни ҳам бемалол назорат қилиб туриш мумкин.

Маиший хизмат

Ҳинд дўстларимиз ғарб давлатларининг табиатни вайрон қиладиган улкан қурилиш техникаларини ўз мамлакатларига йўлатмасликлари юқорида ёзилган эди. Бунинг ўрнига ҳиндлар ғарбнинг «сервис» деб аталадиган илғор маиший хизмат усулларини қабул қилганлар.

Ҳар бир ҳинд шаҳрида «маркет» ёки «супермаркет» деб аталадиган магазинлар борки, улар асосан давлат ихтиёрида. Маркетларда нон, қанд, ёғ, сут, гўшт, пишлоқ, пиширилган товуқдан тортиб хилма-хил мевалар, ширинликлар, гурунч, ун ва бошқа юзлаб хил озиқ‑овқатлар 100 граммдан то 2-3 килограммгача бўлган вазнларда озода, қулай ўрамаларда, давлат белгилаб берган нархларда сотилади.

Қизиғи шундаки, олма, помидор каби мева ва сабзавотлар бозорда маркет-магазиндагидан арзонроқ. Чунки бозорга деҳқон мева ва сабзавотини тўғри даладан келтириб сотади. Бозорда уларни ўраш, асраш каби нарсаларга кетадиган харажатлар ва бошқа қулайликлар йўқ. Давлат магазини эса «Сервис» деб аталадиган катта қулайликлар яратади ва ўз хизмат ҳақини сотадиган нарсасининг устига қўшади. Бир юмалоқ чой олсангиз ҳам, уни бепул чиройли қоғоз халтачага солиб беради.

Бозорда озодалик кам. Магазиндан олган нарсангиз озода, сифати баланд, егуликлар яхши хилланган ва тоза сақланган бўлади, навбат йўқ. Саранжом. Бир оила учун беш-олти кунлик барча егуликларни маркет‑магазиндан 20—30 минутда харид қилиб чиқишингиз мумкин. Шунинг учун магазинда нарх баландроқ бўлса ҳам, кўпчилик оилалар ҳамма егуликларни озода маркетлардан оладилар. Биз ҳам бутун сафаримиз давомида мана шунақа маркет-магазинларидан егуликлар олдик.

Қиёс учун биздаги бозорлар, улардаги мева нархларининг магазиндагидан бир неча баробар баланд юриши эсингизга тушади. Сабаби маълум: тақчиллик. Оз бўлгандан кейин қимматлашаверади. Бизда мева, сабзавотни давлат дўконларида бозордагидан арзонроқ сотишга буйруқ берилади. Буёқда мева ўзи тақчил. Нархи бозордагидан пастми, демак, думи узун навбатлар пайдо бўлади ва чайқовчига йўл очилади. Ёки давлат дўконида сотиладиган арзон меванинг сифати шу даражада паст бўладики, уни ҳеч ким олмайди, қиммат бўлса ҳам бозорга боради.

Ҳиндистонда бирор нарсанинг бозори чаққон бўлдими, дарҳол шу нарсани тезроқ ишлаб чиқарадиган ва яхши даромадлар оладиган катта-кичик корхоналар пайдо бўлади, улар орасида мусобақа бошланади. Тақчил нарса кўпайибгина қолмай, яхшиси мусобақа жараёнида сараланади. Ана шу сараси давлат магазинларида бозордагидан қимматроқ нархда сотилади. Харидор эса тўпалон бозорда алданиб қолмаслик учун кўпроқ давлат магазинига боради. Магазин ўз молининг сифатига кафолат берадиган ишончли жой бўлгани учун хизматига қўшимча хақ олиб, нархни баландроқ қўяди. Шунга қарамай, ҳатто биз ҳам дурустроқ совғаларни давлат магазинларидан сотиб олишни афзал кўрдик.

Қаранг, давлат магазини хусусий савдодан кўра устунроқ мавқеъни эгаллашига тўкин-сочинлик ва эркин мусобақа (балки буни монополияга қарши турган рақобат деб аташ тўғридир) қанчалик катта имкон яратади.

Хуллас, иқтисод табиий илдизлардан озик олиб ривожланса, инсон билан табиатнинг иноқ яшашига халақит бермас экан. Нарх-навони маъмурий-буйруқбозлик усули билан зўравонларча пасайтириш ёки кўтариш эса иқтисодни табиий заминидан узиб олиб, бегона тупроққа кўникмаган ниҳол аҳволига солиб қўяркан. Ўша ниҳол бора-бора бегона ерга мослашади албатта, гуллайди, озроқ мева беради, лекин тўкин‑сочинликни таъмин этолмайди. Уларга кўз тикиб яшаган одамлар мудом тақчиллик азобини тортади. Ҳозир биз ҳам ишлаб чиқаришдаги монополиядан шахсий ташаббуслар мусобакасига ўтяпмиз, иқтисодни эркин савдо ва социалистик бозор муносабатлари асосида қайта қуряпмиз, талабга қараб мол чиқаришга ўрганяпмиз. Бу бизнинг табиатга бўлган муносабатимизни ҳам ўзгартириши ва яхшилаши шубхасиз. Чунки ишлаб чиқаришдаги хўжасизлик табиатни ҳам эгаси йўқ беҳисоб, ҳимоясиз нарсага айлантириб қўяркан. Ҳозир бизда бутун-бутун корхоналар, магазинлар, совхозлар ижарага берилаётгани ва эгалик бўлаётгани жуда тўғри. Умуман на ер, на чўл, на тоғ, на саҳро — хеч нарсани «халқники, давлатники» деган умумий гап билан эгасиз қолдириш мумкин эмаслигини Ҳиндистонда юрганда қайта-қайта хаёлдан ўтказдим.

Тарих, дин ва ахлоқ

Жамна дарёсидаги бир эски кўприкдан ўтаётганимизда машинамизни тўхтатиб, озгина ҳақ олишди. Бу менга ғалати туюлди. Шунда йўлбошчимиз тушунтирдики, бу кўприкнинг эгалари бор, улар йўловчилардан олган пулларига ўтган асрларда қурилган шу тарихий кўприкни таъмирлаб, аслидай яхши сақлашади. Шунда мен кўприк учун олинган ҳақ ҳалол эканини тушундим.

Ҳинд уммони бўйидаги Махабали Пурам, Хача Пурам деган қадимий ибодатхоналарга бордик. Бу ерда ҳам озгина ҳақ тўлайсиз ва пойабзални ечиб ичкарига кирасиз. Минг йил олдин тарашланган тош ҳайкаллар ва ғаройиб саждагоҳлар томчилардан тўпланиб кўл бўлган маблағлар ҳисобига ораста сақланади, нураган жойлари дарҳол таъмирланади.

Айниқса, Деҳлидаги Мирзо Ҳумоюн мақбарасига, Аградаги Тожмаҳалга, Искандардаги Акбар боғига, Фотиҳпур — Секридаги Пойтахт-Музейга ҳар куни юз минглаб одам пул тўлаб киради. Бутун дунёдан келувчи туристлар ҳам давлатга катта даромадлар келтиради. Бу даромадлар умумий «қозонга» тушиб йўқ бўлиб кетмайди, балки шу тарихий обидаларни аслидай гўзал ва обод қилиб сақлашга сарфланади.

Йигирма йил давомида Деҳли ва Аграларга уч марта борган бўлсам, ҳар сафар Мирзо Ҳумоюн ва Акбар мақбараларининг нураган жойини таъмирлаётган уста сангтарошларни, катта боғ ҳовлиларида эса майсазорларга зеб бериб, дарахтларни парвариш қилиб юрган ўнлаб боғбонларни кўраман. Айниқса, бу йил Тожмаҳал ва Акбар боғи кўзимга аввалгидан ободроқ кўринди. Чунки Ҳиндистоннинг ўлмас фарзанди Индира Ганди умрининг охирги йилларида бу обидаларга алоҳида эътибор берган экан.

Искандардаги Акбар боғи бундан тўрт юз йил олдин барпо этилгани тарихдан маълум. Акбар ўзининг Дини илоҳийсини кашф қилган кезларда фақат инсонга эмас, табиатдаги жониворларга ҳам раҳм-шафқат кўрсатишга интилади. Унинг махсус фармони билан ов қилиш ман этилади, Искандардаги боғда Акбар қўлга ўргатилган кийикларни асрайди. Буни яхши биладиган Индира Гандининг ташаббуси билан орадан тўрт аср ўтгач, Искандардаги Акбар боғига «антилопа» деб аталадиган қизғиш рангли гўзал кийиклар олиб келинади. Атрофи баланд деворлар билан ўралган дарахтзор ўтлоқда, Акбар мақбарасини ўраб олган икки юз гектарлик улкан боғда кийиклар худди тоғ ўрмонларида юргандай осойишта ўтлаб юришибди. Мен ўттизтача кийик санадим, аммо ҳаммасининг ҳисобига етолмадим. Боғбонлар кийиклар орасидан ўтиб бориб, дарахтларга ишлов беришяпти. Кийиклар ҳеч кимдан ҳуркмайди!

Бу менга табиат билан инсон орасидаги меҳру оқибатнинг тимсолидек туюлди. Акбар мақбарасига кирганимизда унинг мармар кабри устига олтиндай товланиб турган тўқ қизил рангли нафис барқут ёпиб қўйилганини кўрдик. Мезбонлар: «Бу барқутни Индира Ганди тақдим қилган» дейишди.

Улуғ ҳинд қизининг Акбарга қилган ноёб совғаси тасодифий эмас. Германиянинг Франкфурт шаҳрида чиқадиган газета И. Ганди билан қилган бир суҳбатида «Сиз Ҳиндистоннинг қайси ҳарбий ғалабаларидан ифтихор қиласиз?» деган саволни беради. И. Ганди ўз жавобида Акбарнинг ғалабаларидан ифтихор килишини айтади, унинг узоқни кўра олган доно ва бағри кенг сиймо бўлганини таъкидлайди. Бу суҳбат Индира Гандининг Москвада, рус тилида «Прогресс» нашриётида босилиб чиққан китобида бор.

Қарангки, Акбар билан Индира Ганди бошқа-бошқа давр, бошқа диний эътиқод вакиллари бўлсалар ҳам, уларнинг руҳлари асрлар довони оша энг баланд маънавият чўққисига кўтарилганда бир-бирлари билан учрашади. Бу чўққи — улуғ сиймоларга хос муқаддас имону эътиқоддир.

Дин инсондаги ҳалол ва мукаддас туйғуларни илоҳий кучлар ва тангрилар паноҳида асраб-авайлашга интилганда биз бу интилишга теран ҳурмат билан қарашимиз керак. Чунки имону эътиқод муқаддас поклик ва фидойиликни талаб қилади. Биз ватанни муқаддас деб биламиз. Лекин ватан — мавҳум тушунча эмас. Унинг табиати, тарихи, озодлиги, мустакиллиги, истиқболи — ҳаммаси биз учун муқаддасдир.

Энг маънавий қашшоқ одамлар — муқаддас туйғулардан маҳрум бўлган шахслардир. Дилида муқаддас туйғуси қолмаган имонсиз одам ҳар қандай ёвузликдан қайтмайди.

Кўпминг йиллик тарихи давомида бунинг ҳаммасини тажрибадан ўтказган Ҳиндистон ўз халқининг дилидаги муқаддас туйғуларни ҳам илму фан, ҳам дину имон кучи билан мумкин қадар асраб-авайлаб сақлаётганини жуда кўп мисолларда кўрдик.

Майсорнинг кадимий ибодатхонасида Ҳинд тангриси Шиванинг ҳайкали олдида ибодат килаётган одамларнинг юз-кўзларидаги поклик ва имону эътиқод кучи ёдимда қолди. Шива ҳайкали минг йиллик манго дарахти соясида ўрнатилган. Ибодатга келганлар шу манго дарахтини ҳам муқаддас деб биладилар, уни парваришлаб, асраб-авайлайдилар. Тирноққа зор оналар манго дарахти шохига ранг-баранг ипак қатимларини боғлаб кетар эканлар. Ниятлари ушалгандан сўнг келиб ўз ипак қатимларини ечиб олаётган бахтли ёш оналарни ҳам кўрдик. Ахир фарзанд ҳам табиат маҳсули эмасми?

Мадрасда баланд тепалик устида турган муҳташам католик черковини кўрдик. Буни португаллар ва инглизлар қурган эканлар. Черковда ибодат бўлаётганини узоқдан кўриб, «инглизлар ҳали ҳам бор экан-да» деб ўйладим.

Лекин яқин борганда ва черковга кирганда руҳонийлар ҳам, ибодат қилаётганлар ҳам қорачадан келган ҳиндлар эканини кўрдик. Айниқса, мамлакат жанубида католик динини астойдил қабул қилган, черковларда чин ихлос билан ибодат қилаётган юз минглаб ҳиндлар борлигини эшитдик.

Шаҳару қишлоқларда, уй ва кўчаларда биз кўрган аҳолининг ҳаммаси бир халқ, бир ирққа мансуб бўлган ҳиндлар эди. Фақат ибодатхона, черков ёки мачитга борганда уларнинг қайсиси қандай динга мансублигини пайқайсиз.

Ҳиндистоннинг ҳамма жойида турли диний эътиқод вакиллари Акбарни доим эҳтиром билан тилга олганларига гувоҳ бўлдик. Чунки бутун мамлакатда кенг таркалган ишончу эътиқодлар тенглиги ва барча динларга баробар ҳурмат Акбар даврида теран илдиз отганлигини ва шу маънавий илдизлар ҳозиргача яхши мева бериб келаётганини жуда кўп одам билади.

Тарих ва динга тўғри муносабат халқни куруқ сиёсатбозликдан, мафкурабозликдан, тўрт томондан ғоявий душман излаб, ҳадик ва қўрқув ичида яшашдан асрар экан. Энг муҳими, тарих билан диннинг одоб ва ахлоқни маҳкам тутишга ёрдам берадиган томонларидан қандай оқилона фойдаланиш мумкинлиги Ҳиндистонда кўзга яққол ташланиб туради. Албатта, ахлоқи бузуқлар ҳамма юртда ҳам бор, аммо мамлакат бўйлаб саёҳат қилганингизда кўрган юз минглаб одамларингиз улар ҳақида эмас, халқ тўғрисида сизга маълум бир тасаввур беради.

Деҳли, Бангалор, Мадрас — ҳар бирида олти-етти миллиондан ортиқ аҳоли, шунга яраша беҳисоб машина ва мото. Кўчалар тўла одам, лекин бир-бирини итарган, туртган, бири-бирига қўлини пахса қилиб бақирган одамларни кўрмадим. Шарқона одоб, камсуқумлик, бир-бирига йўл бериш, хар қандай холатда хам ҳаёни маҳкам тутиб, овозини кўтармай сўзлашиш — кўпчиликка хос одат тусига кирган. Машинаю, велосипедлар кўчага сиғмай кетади, бири-бирига кўндаланг келиб қолади. Шунда ҳам кўплари қўли билан «майли, сиз ўтақолинг» дегандай ишора қилиб, йўл беради. Қийинчилик бежанжал бартараф бўлади.

Одамларнинг асаби бутунлиги, ҳаёли ва босиқ-вазминлигига яна бир сабаб — Ҳиндистон халқи орасида ичкиликбозликнинг йўқлигидир. Албатта, юқори табақанинг пулдор бойваччалари ресторанларда ароғу коньяклар ичиб кайфу сафо қилади. Лекин бундай ичадиганлар хали халқнинг ярим фойизини ҳам ташкил этмайди. Қолган тўқсон тўққиз ярим фоиз аҳоли ароқ нималигини билмайди. Бу фақат мамлакатнинг иссиқ иқлимига боғлиқ эмас, балки минг йиллардан бери анъана бўлиб келаётган яшаш тарзи ва ахлоқ мезонларининг яхши сақланаётгани туфайлидир.

Мирзо Бобур ҳам Ҳиндистонга келиб ичишни ташлагани, хумда куч йиғиб ётган майларга туз солдириб, уларни сиркага айлантиргани тарихдан маълум. Бобур хатарли жанг арафасида ичкилик олатини синдириб, кўпчилик олдида ичишдан тавба қилган, таъсирли бир шеър ёзган, ундан ибрат олган уч юз беку навкар ўша куниёқ май ичишни ташлаган экан. Эртаси куни жангда ғалабага эришилгандан кейин буни халқуми тозаликнинг шарофати деб билган Бобур бутун мамлакатда ичкилик тайёрлашни ҳам, сотишни ҳам, ичишни ҳам маън этадиган махсус қонун чиқаради.

Ҳинд халқининг азалий ахлоқ мезонларига мос тушган бу қонун ҳам жамиятни ичкиликбозлик иллатларидан омон саклаш ишига қўшилган яхши тарихий ҳисса деб баҳоланиши мумкин.

Ҳанузгача шу яхши анъана давом этиб келаётгани бизни ўз машиналарида узоқ-узоқ жойларга олиб бориб келган ҳинд шофёрларининг нечоғлик асаби бутун ва ҳушёр йигитлар эканлигида хам кўринди.

Бангалордан Майсорга бир кунда бориб келдик, яъни 550 чақирим йўл босдик. Йўлда учраган пасту баланд тоғлар ва адирлар шимолий Кавказни, Бештов, Темиртов атрофларини эслатади. Бурилишлар кўп, йўл тор. Қайтишда қоронғи тушиб қолди. Қатнов кучли. Қатта юк машиналари ўткир чироқларини ёқиб ўтишади. Беш юз эллик чақирим масофада, тоғ йўли ва тун тушганига қарамай, биронта авария кўрмадик. Деҳлидан Агра ва Фотиҳпур Секригача уч юз чақирим. Машинада бориб келдик. Қайтишда яна қоронғи тушиб қолди. Сийрак туман бор эди. Йўллар тор, лекин бу сафар ҳам шунча узоқ йўлда бирорта ҳалокат кўрмадим. Бу — одамлардаги имон ва ахлоқнинг мустаҳкамлигидан, халқдаги ҳушёрлик, ароқ ичмасликнинг шарофатидан, деб ўйладим.

Йигитлар билан қизлар, эрлар билан аёллар орасидаги муносабатлар ҳам одоб-ахлоқнинг яхши сақланганини кўрсатиб туради. Деҳли — пойтахт, унда бутун дунёдан келган одамларни кўрасиз. Сари кийган назокатли ҳинд аёллари уларнинг орасида кўзга тез ташланади. Банкка пул алмаштириш учун кириб кетган ҳамроҳларни кутиб, Деҳлининг серқатнов жойида анча вақт туриб қолдим. Йўлкадан етти-саккиз одам ўтса, шундан факат бир-иккитаси аёл, қолган олти-еттитаси эркаклар. Сабаби шуки, ҳинд аёллари оғир ишларда кўп ишлатилмайди, болажон бўлишади, уй бекалари кўпчиликни ташкил қилади. Кўча ишини кўпроқ эрлар қилади. Бу шарқона одат бир вактлар бизда ҳам кучли эди. Шу эсимга тушдию, аёлларни оғир ишлардан озод қилиш — энг юксак одамийликка киришини ўйладим.

Ҳиндистонда менга ёқкан яна бир шарқона одат шуки, кўча-кўйда нотаниш эркакнинг ўтиб бораётган қиз-жувонларга гап отиши ёмон одобсизлик саналади. Самолёт кутиб турганимизда бизнинг ўзбек қизларига жуда ўхшаб кетадиган бир жувонни кўрдим. Таржимон кизимиз орқали унинг қаерлик эканини сўраб билгим келди. Шунда мезбонимиз, нотаниш аёлга савол бериб, кимлигини сўраш атрофдагиларга одобсизлик бўлиб кўриниши мумкинлигини айтди. Мен бундан ўзимча суюниб қўйдим.

Юқорида ҳиндларнинг маҳалла-кўй бўлиб, бир-бирларининг ҳожатини чиқариб яшашга одатланганларини айтган эдим. Бу одат ғарбдан келган «Сервис» билан кандай яхши пайванд бўлиши мумкинлигини Ҳайдаробод аэропортида кўрдик.

Қиш ойларида Ҳиндистонда ҳам гоҳо туман тушар экан. Шу сабабли эрталаб соат 8 да Деҳлига учадиган самолётимиз тўрт соатга кечикди. Ҳайдаробод ҳам уч миллион аҳолиси бор катта шаҳар. Шунга яраша аэропортида ҳам одам кўп. Бизнинг самолётимиз уч юз киши оладиган аэробус экан, талай йўловчи аэропортга йиғилиб келди. Лекин бари бир тиқилинч сезилмади. Чунки ахборот яхши йўлга қўйилган. Кўп йўловчилар уйларидаги шахсий компьютерлар ёрдамида рейсларнинг қанчага кечикаётганини дақиқа сайин аниқ билиб ўтиришади. Компьютери йўқлар аэропортга келиб қолган бўлса, ҳаммага кўринадиган баланд жойларга эълон берувчи зангори экранлар қўйиб қўйилган. Қайси рейс қачон учишини ёки қанчага кечикаётганини йирик-йирик ҳарфлар воситасида экранларга нур билан ёзиб эълон қилишади.

Ҳаммага етарли миқдорда креслолар кўйилган. Шуларда ўтириб, зангори экранни кузата бошладик. Эълонлар оралиғида қисқа-қиска мультфильмлар ёки ғалати рекламалар бериб туришади, бу, албатта, йўловчиларни зериктирмаслик учун.

Эрталаб нонушта қилмай чиққан эдик. Қорин оча бошлади. Шу пайт зангори экранда эълон берилди: «Ҳайдарободдан Деҳлига учмоқчи бўлган, лекин об‑ҳаво ноқулайлиги сабабли кечиктирилган 756-рейснинг йўловчилари самолётда ейишлари керак бўлган нонушталарини ҳозир аэропорт ошхонасида тановул қилишлари мумкин. Буни хоҳлаганлар иккинчи қаватнинг ўнг қанотидаги залга марҳамат қилсинлар». Эълон такрорланди.

Айтилган жойга бордик. Худди самолётдаги каби кичик патнисчаларда аъло даражали икки хил нонушта. Бир хили ўткир мурчлар солинган ҳиндча таомлар, иккинчиси товуқ гўшти, апельсин шарбати каби бизга мос овқат. Охирида сутлик-сутсиз кофе ёки ҳинд чойи.

Икки юздан ортиқ йўловчи худди маҳалла-кўйда эрталабки ошга келган одамлардек тиқилинч қилмай, одоб сақлаб нонушта қилишди. Бу орада самолёт учадиган вақт ҳам яқинлашди. Қаранг, «Аир Индия» компанияси шу кичик ташаббус билан, аввало, ўзининг ишини енгиллатди — икки юзта нонуштани самолётга ортиб чиқишга, яна шунча юкни ҳавода кўтариб учишга ҳожат қолмади. Компания шу билан анча куч ва маблағ тежайди. Айниқса биз, йўловчилар учун бекор зерикиб самолёт кутгандан кўра вақтида нонушта қилиб кайфимизни сал кўтариб олганимиз яхши бўлди.

Энди бунга бизнинг аэропортларда самолёт кечикканда йўловчиларнинг қандай қийинчиликларга дуч келишини қиёсланг! Аэрофлот одамларга қулайлик яратмаган сари ўзи ҳам қийналади. Чунки бесаранжом издиҳом аэрофлот хизматчиларига ҳам тинчлик бермайди.

Ҳолбуки, икки томоннинг ҳам мушкулини осон қиладиган юқоридагидек инсоний муносабат, маҳалла‑кўйлар маъракасидаги каби ҳамжиҳатлик, ёки янгичасига «Сервис» деб аталадиган ҳожатбарорлик бизнинг аэропортларда ҳам жорий этилиши ҳеч гап эмас. Факат бунга астойдил интилиш, қунт қилиш ва ўрганиш керак.

Шу фикрнинг давоми тарзида кечки дам олиш соатларида улкан боғларда аҳолининг сайру томошаси қандай ташкил қилинишига оид бир лавҳани келтирмоқчиман.

Деҳлидан минглаб чақирим жанубда, чет ўлка ҳисобланган Майсорда машҳур бир томошабоғ бор экан. Улкан дарё тўғонининг этагида барпо этилган бу боғда юздан ортиқ хилма-хил фавворалар бор экан. Анвои чаманзорлар, гуллаб турган гўзал дарахтлар орасидан ўтган чиройли хиёбон ва йўлкалар ниҳоятда ораста. Улар худди шу бугун қуриб битирилгандай янги. Ҳолбуки, Майсор боғи олтмиш йил бурун бунёд этилганини айтишди…

Фавворалар нур ёрдамида ранг-баранг тусга кириб товланади. Энг зўр фаввора «Раққоса» деб аталар экан. Нур ва сув ўйини саҳнадаги санъаткор раққосани эслатиши рост. Қоронғи тушганда минглаб томошабинлар амфитеатр шаклида ўрнатилган курсиларда ўтириб, фавворанинг «рақсини» тамоша қилар эканлар. Одамларнинг серзавқлигини қарангки, фаввора рақси авжига чиққан пайтда худди тирик санъаткорни олқишлагандай «О-оо!» деб офарин айтишади.

Нур ўйини яхши кўриниши учун тамошани қоронғи тушганда бошлашар экан. Йўлбошловчимиз билан беш киши эдик. Боғ йўлкаларини беш-олти минг кишилик тамошабин тўлдирган. Тўрт томон ясан-тусан одамлар, кўплари ёшлар. Бирпас ўлтириб тамоша қилгим келди. Курсилардан бирида ағрайиб ўлтириб, ҳамроҳларимни йўқотиб қўйдим.

Одам кўплигидан уларни қайта тополмадим. «Машиналаримиз қолган жойга кайтганда учрашармиз» деб ўйладим-да, бир ўзим кўп минг кишилик издиҳом орасида айланиб юрдим. Шунда мени фавворалар рақсидан ҳам ортиқроқ қойил қилган нарса — сайр қилиб юрган издиҳомнинг одобу ахлоқи бўлди.

Минглаб йигитлар орасида бирор мастини, ширакайф бўлиб қизларга шилқимлик қилганини кўрмадим. Ҳолбуки, боғ сайрида назокатли гўзал қизларнинг кўплиги ақлни шоширар эди. Йигит-қизларнинг жуфт-жуфт бўлиб юрганлари ҳам жуда кўп. Саккиз-ўн яшар болаларни олиб келган эр-хотинлар ҳам бор.

Издиҳом қанчалик кўп бўлмасин, тиқилинч ёки ур-сур йўқ. Чунки ҳамма тартиб сақлайди, худди бир маҳалланинг одамларидай одоб билан муомала қилади. Бу ерда ҳам маҳалла-кўй одоби ва ахлоқи ҳукмрон.

Боғ ва фаввора томошаси ҳафтада икки кун уч соатдан бўлар экан, унга дурустгина ҳақ тўлаб кириларкан. 80—100 чақирим йўл босиб, машиналарда келишар экан. Мақсад — боғ ва фавворалардан завқ олиш бўлгандан, ҳамма келганлар бир-бирларига иложи борича яхши муомалада бўлишлари табиий.

Тарихий анъаналар яхши сақланса ва халқда имону эътиқод бутун бўлса одамларнинг табиатга ҳам, бир‑бирларига ҳам меҳру оқибати кучли бўлар экан. Шунинг натижасида одобу ахлоқ ҳам доимо табиий ва тарихий илдизлардан озиқланиб, мустаҳкамланиб борар экан. Ҳиндистон сафаридан ва Майсор боғидан бир хулосам шу бўлди.

Тиллар ва китоблар

Тоғларнинг буюклиги узоқдан кўринади деганларидек, бизнинг мамлакатимиз қўлга киритган ютуқлар ҳам Ҳиндистон ҳаётида кўзга яққолроқ ташланади. Фазога учиб чиққан қудратли мамлакатимиз, халқимиз енгиб ўтган улкан мушкулотлар ва ҳозир амалга оширилаётган қайта қуриш Ҳиндистонда ҳам жуда машҳур. Ҳинд телевидениеси ўзининг кундалик ахборотларида мамлакатимиз ҳаётида юз берган йирик воқеаларни кўрсатиб туради. СССР халқ депутатлари Иккинчи съездини, М. С. Горбачев сўзлаган пайтларни биз Ҳиндистонда юрганда кўрдик.

Улардаги ибратли ишларга бизнинг ҳавасимиз келгани каби, мезбонларимиз ҳам бизда амалга оширилган яхши ўзгаришларга ҳавас билан қарашади.

Ҳиндистонда ҳам тиллар кўп. Барча халқ ягона ҳинд миллати саналса-да, гужарат тилини Бенгалиядагилар тушунолмайди. Панжоби ва ҳиндистон тиллари ҳам ҳар бири ўзича мустақил. Биз жанубий ўлкаларга борганимизда, Мадрасда кенг тарқалган тамил тили бангалор ва Майсордаги каннада тилига ўхшамаслигини айтишди. Ҳайдарободда яна бир мустақил миллий тил — телегу кенг тарқалган экан. Юқорида номлари айтилган тилларнинг ҳар бирида 30 миллион, 40 миллион, гоҳо бундан ҳам ортиқ аҳоли сўзлашади.

Давлат мақоми фақат ҳиндистони билан инглиз тилига берилган. Бошқа тилларда сўзлашувчиларни бу ҳол қаноатлантирмайди. Чунки улар тамил, телегу ёки каннада тилларида ҳам китоблар, газета ва журналлар кўпроқ чикишини истайдилар. Бу жиҳатдан Совет жумҳуриятларидаги миллий тилларга давлат мақоми берилганлигини улар ўзлари учун улкан ибрат деб биладилар.

Мадрас ва Бангалорда тамил, каннада қавмига мансуб профессорлар суҳбатида бўлдик. Улар: «Бизда ҳали саводсизлар жуда кўп, — дейишди. — Ўз она тилида ўкиб-ёза оладиган тамиллар, телегулар аҳолининг 15‑20 фоизини ташкил килади, холос. Қолган 80—85 фоиз аҳоли китоб ўқиёлмайди. Шунинг учун китобларимизнинг, журналларимизнинг тиражи жуда оз. Аҳолимиз 40 миллион, аммо китоб тиражи икки мингдан ошмайди».

Деҳлига қайтганимизда китоб магазинларига кирдик. «Оксфордбук» деган машҳур китоб магазини тарихий китоблар билан савдо қилишини билардим. 1983 йилда Деҳлига борганимда шу магазиндан Абулфазл «Акбарномаси»нинг ҳар учала жилдини инглизча таржимасида олиб кетган эдим. Нашр жуда яхши, танқидий матн аъло даражада тайёрланган. Лекин жуда қиммат. Уч жилдлик «Акбарнома»ни беш юз рупийга олдим. Шу беш юз рупийга бизда беш юз сўм турадиган чарм камзул олиш мумкин эди. Бироқ менга камзулдан кўра китоб зарурроқ бўлгани учун, қимматлилига қарамай олиб келган эдим. «Авлодлар довони» романини ёзганимда жуда иш берди.

Ўшанда «Ойини Акбари» («Акбар низомлари») деб аталган китобга пулим етмади (315 рупий экан). Кейин унинг форсчасини шарқшунослик институтидан топдим. Акбар давридаги нарх-наволар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақидаги қомусий маълумотларни форсчадан ўзим таржима қилиб ишладим.

Орадан салкам етти йил ўтгандан сўнг Деҳлидаги «Оксфордбук» магазинига яна кирсам, «Акбарнома»нинг ўша инглизча нашри ҳали ҳам турибди. Қиммат бўлгани учун кам сотилар экан. «Бир йилда кўпи билан беш юз-олти юз нусха кетади» деди магазин мудири.

Бу гал магазинда Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома»си ва Жаҳонгирнинг «Тузуки Жаҳонгири» китоблари ҳам яхши инглизча нашрларда сотилмоқда экан. «Ҳумоюннома» ўзимизда бор бўлганлиги учун олмадим, «Тузуки Жаҳонгири» дан битта олдим. Бир жилд бўлгани учун нархи 140 рупий экан.

Лекин нарх китобнинг ички мазмунига қараб ҳам қўйилса керак. Чунки шу китоб магазинида «Бобурнома»нинг бир эмас, иккита инглизча нашри сотувда бор экан. Муқовасида Бобурнинг энг яхши суратлари берилган, хажми «Тузуки Жаҳонгири»дан катта эмас, аммо «Бобурнома»га қарийб икки баробар ортиқ — 215 рупий нарх қўйилган. Ичимда Мирзо Бобур учун фахрланиб қўйдим, чунки унинг инглизча нашрлари икки аср давомида ўн мартадан ортиқ чоп этилган. Шунга қарамай «Бобурнома»нинг қадр-қиммати ҳамон юксак эканки, унинг ҳар нусхасини 215 рупийга сотиб олувчи ҳинд китобхонлари бор экан. Акс ҳолда китоб магазини бундай баланд нарх қўймаган бўлар эди.

Сўнгги сатрларни ёзар эканман, яқинда «Юлдузча» нашриёти «Бобурнома»ни 200 минг нусхада босиб чикаргани эсимга тушди. Муковаси жуда яхши, қоғози ҳам ҳинд нашрлариникидан қолишмайди. Фақат нархи арзон 2 сўм 30 тийин.

Ҳинд ноширлари билан учрашганимизда матбаа ишининг сифати, китобларнинг нархи ва тиражи тўғрисида мулоҳаза юритдик. Деҳлидаги энг катта нашриётлар бирлашмасининг раиси жаноб Гулоб Вазирони:

— Сизларда саводхонлар кўп, китоб яхши ўқилади, — деди. — Юз минг, икки юз минг адад тез тарқалиши биз учун афсонага ўхшаб кўринади. Чунки бизда энг яхши роман ҳам аввал минг нусха босилади, яхши кетса яна икки минг… Агар янги роман беш йилда беш минг нусха сотилса, биз буни муваффақият деб ҳисоблаймиз. Тираж оз бўлгани учун энг сифатли қоғоз берамиз, энг яхши муқовалар ишлатамиз, матбуотда реклама қиламиз. Бунинг ҳаммаси — пул. Шунинг учун бизда китоб қиммат. Баланд нарх қўймасак, тираж оз бўлгани учун, нашриёт фойда ололмайди. Зарарга иш қилиш эса бизда одат эмас.

Суҳбат пайтида Москвадаги «Радуга» нашриёти чиқарган китоблар ҳам тилга олинди. «Бобур» романимизнинг «Радуга» чиқарган ҳиндча нашри Янги Деҳли марказидаги китоб магазинларидан бирида сотилаётган экан. Аъло навли қоғозда, энг яхши муқовада чиқарилган бўлса ҳам, нархи баланд эмас — 28 рупий.

— Нарх жуда паст қўйилган, — деди Жоши номли ношир. — Муаллифни билмайдиган ҳинд китобхони аъло навли қоғозда босилган китобнинг нархи пастлигига қарайди-да: «Мазмуни заифми?», «Ўтмай қолган бўлса керак, шунинг учун арзонлаштирилганми?» деб ўйлайди. Аслида бундай эмас, албатта. Лекин «Бобур» романининг қизиқиб ўқилишини, унинг юз минглаб тиражда турли тилларда яхши тарқалганини ҳинд китобхонига етказиб берадиган биронта реклама чиқарилгани йўқ. Сизларда реклама ёмон йўлга қўйилган. Агар шу романни мен, дейлик, инглизча нашр қилмоқчи бўлсам, аввал рекламасига зўр бераман. Ахир реклама қилса арзийдиган фактлар бор-ку! Бу роман рус тилида беш марта нашр этилибди, ўзбек тилида тўрт марта. Яна қозоқча, ҳинду, урду, бенгали тиллари… Жами тиражи миллиондан ошибди. Шунга карамай сотувда йўқ, қайта чиқарилса китобхонлар яна олади, шундайми?

— Шундай.

— Бу фактларни инглиз тилида ўқийдиган китобхонларга айтиб берсангиз, роман Ғарбда «бестселлер» деб аталадиган мароқли асарлар каби қизиқиш уйғотиши мумкин. Ана ўшандан сўнг мен бу романни энг яхши қоғозда чиқариб, нархини 80—100 рупий қўйсам ҳам, пулдор китобхон иккиланмай олади.

Шу пайт Юрий Иванович ҳинд ноширига луқма ташлади:

— Пулдор китобхон кўп эмас-да, мистер Жоши. Шунинг учун сиз нархи баланд китобнинг тиражини оз чиқарсангиз керак?

— Беш минг чиқарсам шунинг даромади менга етади…

— Қаноатли бўлиш яхши, мистер Жоши, — дедим мен. — Лекин бизнинг Ўзбекистонни оладиган бўлсак, янги роман ўзбекчада олтмиш минг нусха чиқади. Оз чиқса аҳоли «Магазинлардан нега бадиий китоблар топилмай қолди?» деб шикоят қилади. Бизнинг ноширлар китобни фақат пулдорларга эмас, бутун халққа арзон қилиб сотади. Оддий халқ эса пулдорлардан юз баробар кўп. Шунинг учун тиражларимиз юз минг‑икки юз минг.

— Ноширларингиз арзон китоб чиқариб даромад олишадими?

— Тиражи кўп бўлгани учун яхши даромад олишади. Битта мисол: бизнинг романларимизни ўзбек тилида чикарадиган Тошкент бадиий адабий нашриёти 1989 йилда тўрт ярим миллион сўм даромад олди.

— О-о-о! — дейишди ҳинд ноширлари. Чунки улар учун бундай даромадлар ҳам, тиражлар ҳам афсона бўлиб кўринади.

Ўзимиздаги бу афсонавий афзалиятни қадрлашимиз ва ривожлантиришимиз керак. Албатта, муқовалар хароблиги, яхши китобни сариқ «кепак» қоғозда чоп этиш — биздаги матбаачиликнинг чидаб бўлмас қусурларидир. Бу нуқсонлардан тезроқ қутулишимиз, яхши муқова ва сифатли қоғоз учун кетадиган 20—30 тийин қўшимча ҳақни китобларимиз нархига қўшишимиз керак.

Лекин кейинги пайтларда китоб савдосини ҳам коммерцияга айлантириш ҳаракати пайдо бўляпти. Дейлик, А. Ахматованинг олдин бир сўм турадиган шеърий тўпламига сал кам уч сўм нарх қўйиш, В. Дудинцевнинг «Оқ либослар» романини беш сўмга сотиш, менимча, адолатдан эмас. Агар биз ҳам чет эллардагига ўхшаб, китобларнинг нархини ошириб бораверсак, халқнинг кўпчилик қисмини китоб харидидан бездириб қўйишимиз мумкин. Чунки кўпчилик меҳнаткашларимизнинг даромади оз. Айниқса, Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига оладиган даромади бутун иттифоқ аҳолисининг даромадидан икки баробар паст.

Сафардаги ўйларимни якунлаб айтмоқчиманки, халқлар ва мамлакатлар бир-бирларининг энг яхши тажрибаларига қизиқиш билан қарасалар, уларни ўрганиб, саралаб, маъқул бўлганини қабул қилсалар, бундан ҳар икки томон ҳам, бутун башарият ҳам ютган бўларди. Денгизлар дарёлар сувидан пайдо бўлгани каби, умуминсоний қадриятлар алоҳида халқлар ва мамлакатларнинг маънавий тажрибасидан таркиб топади. Биз денгизни қанчалик қадрласак, унга обиҳаёт келтириб турган алоҳида дарёларни ҳам шунчалик қадрлашга бурчлимиз. Мазкур саҳифалар ана шу бурчни баҳоли қудрат бажариш нияти билан ёзилди.

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 5-сон