Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор 70 ёшга тўлди. Бир замонлар бундай ҳолларда тўйнома ёзадиган одамга осон эди — у кўп ҳам ўйланиб ўтирмай, тўй эгасини қутлуғ сана билан муборакбод қиларди-ю, унинг ярим асрлик умри адабиётга бағишланганини, ҳар хил жанрларда кўплаб асарлар яратганини, бу асарларда ҳаёт турфа хил рангларда акс этганини, унинг ҳар бир асари билан учрашув китобхон учун катта байрам бўлиб кетганини ва яна шунга ўхшаш бир қатор ёқимли мақтов гапларни қалаштириб, шариллатиб ёзиб кетаверар эди.
Бугун замон кескин ўзгариб кетди. Матбуотда чиқадиган хар бир жумланинг маъсулияти ортди — у нафақат хақиқатни ифодалаши, айни чоқда ғоят салмоқли, ғоят мазмундор бўлиши зарур бўлиб қолди. Хуллас, қайта қуриш даврида, ошкоралик муҳитида, ижодда эркинлик сари дастлабки қадамлар қўйила бошланган ҳозирги кунларда ҳар бир иборани, шу жумладан тўйхатни хам етти ўлчаб бир кесмоқ… э-э, ёзмоқ тақозо этилмоқда.
Тўғри, бугун ҳам адабиётимизнинг атоқли намояндаси, ардоқли адибимиз, теран фикрли, ўйловчи шоиримиз Асқад Мухтор ҳақидаги тўйхатда унинг ўнлаб роман ва қиссалар ёзганини, кўпгина ажойиб шеърлар ижод қилганини, унинг қаламига драматик асарлар, публицистик мақолалар, очерклар, танқидий мулоҳазалар мансублигини, у бадиий таржима билан хам самарали шуғулланганини маълум қилсак бўларди. Шундай ёзсам, ёзганларимда муболаға бўлмасди, хаммаси чин гаплар бўларди. Бироқ бугунги кунда булар хеч кимни қаноатлантирмайди. Шу жумладан, тўй эгасини ҳам. Бунинг устига, Асқад Мухторнинг мухлислари унинг умр йўлини ҳам, яратган асарларини ҳам яхши билганларидан бу гаплар улар учун сира хам янгилик бўлмайди. Хўш, унда нима қилмоқ керак? Тўйхат ёза диган одам шунчаки, сийқаси чиқиб кетган тарзда: «Қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин, сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман», деб қўя қолиши керакми? Уйлай-ўйлай бир йўл топгандай бўлдим — адиб ижодидаги бош хусусият ҳақида жиндай мулоҳаза юритишга аҳд қилдим.
70 ёш инсон умрининг анча баланд чўққиси хисобланади. Адиб шу чўққидан туриб ортга — босиб ўтилган йўлга назар солса, анча нарса кўринади. Асқад Мухтор мард одам, жасоратли одам, хақиқат қаршисида дадил тура оладиган, кўзини олиб қочмайдиган, чин гапни айтишдан чўчимайдиган одам — у ҳатто 60-йилларнинг бошида ёзган шеърларидан бирида: «Юздаги ажинлар ҳаётда йўл қўйилган хатоларнинг изидир», деган маънода гапирган ва ўз ички дунёсини шафқатсизлик билан таҳлил қилган эди. Мен тасаввур қилишга харакат қиламан — Асқад Мухтор йиллар юкидан бироз букилган қаддини ростлаб, қордек оппоқ оқарган сочларини қўли билан силаб, хали нурини йўқотмаган кўзларини катта очиб, бугунги кун чўққисидан босиб ўтилган йўлга назар ташлаб ўтирибди.
Хўш, унинг нигоҳи қаршисида қандай манзара пайдо бўлдийкин? Унинг таҳлилий тафаккури йўлнинг қай жихатларини илғаб, қай жихатларидан норизо бўлаётганикин? Бу саволга жавоб бериш ғоят мушкул. Бу саволга фақат адибнинг ўзи жавоб бермоғи мумкин. Бироқ шундай бўлса-да, мен ҳам ўз тахминимни айтиб кўраман. Ҳар ҳолда, адиб босиб ўтилган йўлга сарҳисоб ясаётган экан, бир нарсага ғоят ачинаётган бўлса керак — нима учун инсон умрини иншога ўхшаб олдин қоралама тарзда ўтиб, кейин оққа кўчира олмайди. Бунинг имкони бўлганда, қанчадан-қанча муаммолар хал бўларди, не-не хатолар тузатиларди, бутун оламда яхшилик, аҳиллик, эзгулик салтанати тезроқ қарор топарди, ўкинмасликнинг эса имкони йўқ. Чунки босиб ўтилган йўл ғоят мураккаб, ўнқир-чўнқирлари, ўпқонлари кўп, машаққатлари кўп. Бу йўл йўқотишларга, талофотларга, ҳатто фожиаларга тўла. Бу йўлда яхши ишлар билан бир қаторда, эҳтимол, ўкинадиган ишлар хам қилингандир.
Асқад Мухтор таҳлилда давом этади: бу уқубатли йўл фақат унинг шахсий йўли эмас, адабиётнинг бутун бир авлоди — 30-йиллар ўртасида ижод оламига қадам қўйган авлоднинг қисмати бу! Фақат ўзбек адибларининг эмас, бутун Иттифоқ миқёсидаги адибларнинг қисмати бу! Бир вақтлар бу қисмат учун «Давр менинг тақдиримда» деб, «Замон билан хамнафасман» деб фахрланиш мумкин эди. Ҳозир эса — бошқача. Ҳозир маълум бўлаяптики, замон адабиётимизнинг тўнғич авлодини хам, ўрта авлодини ҳам ва ҳатто улардан кейинги авлодни ҳам боши берк кўчага олиб кириб, майиб қилган, уларнинг онгига адабиёт хақида, ижод ҳақида нотўғри тасаввурларни сингдирган.
Бугун маълум бўлаяптики, замон ёхуд биз барпо этган жамият ёлғон-яшиқ гапларни байроқ қилиб кўтарган, ақл-идрокни хам, кўзни хам кўр қилиб яшашга ундаган экан. Бу замонда имон, виждон, истеъдод деган нарсалар «ўтмиш сарқитлари» ҳисобланарди. Ёзувчи бўлиш учун иқтидор шарт эмас, истаган одамни бир ҳафта-ўн кун тўгаракда ўқитиб, шоир ёхуд ёзувчи қилиш мумкин, деб хисобланарди. Ёзувчи дегани партиянинг дастёри бўлмоғи зарур, у қувноқ охангларни жаранглатмоғи, ёрқин рангларни қўлламоғи, хаммани мақтамоғи, тузумга маддоҳ бўлмоғи керак, деб қараларди. Буларнинг бари ёзувчининг харакатини керакли йўлга солиб турадиган тизгин вазифасини бажарар, тизгинни пардозлаш учун эса «халқчиллик», «ғоявийлик», «социалистик реализм» каби баландпарвоз гаплар қўлланарди.
Ажабо, ҳаёт деганлари кўп қизиқ нарса бўларкан — адиб деган зот хамиша ҳақиқатни излайди. Асқад Мухтор ҳам, унинг тенгдош дўстлари хам ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳақиқат излашган, албатта. Аммо ҳақиқатни топиш ғоят мушкул, зўравонлик ҳоким бўлган жамиятда ҳақиқат деб сохталик, ёлғон-яшиқ, риёкорлик тақдим этилади, то унинг тагига етиб, мохиятини аниқлагунича, умр ўтиб кетади. Буларнинг бари Асқад Мухтор авлодини ўз истеъдодини тўла рўёбга чиқариш имконидан махрум қилди, уларнинг фикрини чеклади, уларнинг юрагига қўрқув туйғусини солди. Шунинг учун бу авлод яратган асарларнинг анчаси ўз вақтида «ғоят актуал, ғоят керакли, сиёсатга хизмат қиладиган» асарлар бўлди-ю, лекин замон ўзгариши билан кўп жиҳатдан вақт синовига дош беролмай қолди. Шунинг учун ҳам бу авлодни адабиётимизнинг алданган авлоди деб атасак тўғри бўлар.
Мен бу гапларни ёзаяпман-у, яна бир ўйлаб, улар тўғримикан деган шубҳага хам бораман. Эхтимол, Асқад Мухтор бундай деб ўйламас, эҳтимол, унинг фикри бошқадир. Бироқ мен юқоридаги кескин мулоҳазаларни айтиш билан на Аскад Мухторнинг, на унга тенгдош авлоднинг ижодига буткул қора чизиқ тортмоқчиман. Бундай қилиш инсофдан ҳам эмас, ҳақиқатга ҳам тўғри келмайди. Аксинча, Асқад Мухтор ана шундай огир шароитда ҳам ўзлигини сақлаб қолишга интилди: у тинимсиз изланди, адабиётнинг моҳиятини қидирди, хақиқатнинг тагига етишга ва ўзи кашф этган ҳақиқатларни китобхонга манзур бўладиган бадиий либосда ифодалашга ҳаракат қилди. Мана, унинг 50-йилларда катта шов-шувларга сабаб бўлган, кўпгина бошқа тилларга таржима қилинган «Опа-сингиллар» романини олайлик. Ўз даврида ўзбек романчилигида янги саҳифа очган бу романнинг айрим жиҳатлари бугун эскиргандай туюлади: унинг айрим саҳифалари «социалистик реализм»нинг темир қолиплари асосида ёзилган. Шунга қарамай, бу романдаги баъзи образлар, айниқса, эри жангларда қурбон бўлиб, бева қолган, ёлғиз ўзи ҳам икки фарзандининг етимлигини билдирмай улғайтирган, хам ўзининг қадр-қимматини юксак сақлаётган Онахон бугун хам инсоний жозибасидан махрум бўлган эмас. «Туғилиш», «Давр менинг такдиримда», «Чинор» каби романларнинг айрим қаҳрамонлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Агар бу асарларда баъзан бўёқлар ҳаддан зиёд қуюқлашиб кетган ёхуд оптимизм жуда-жуда юксак нуқталарга кўтарилиб кетган бўлса, кейинги асарларда, жумладан «Бухоронинг жин кўчалари» қиссасида Асқад Мухторнинг санъаткорлик нигоҳи ўткирлашганини, психологик таҳлилнинг янги имкониятларига юз ўгирганлигини кўрамиз.
Асқад Мухторнинг шеърияти ҳақида ҳам ғоят илиқ гаплар айтиш мумкин. У шеъриятда ҳам тинимсиз изланди — агар ижодининг дастлабки даврида шеърият бобидаги ҳукмрон қолиплар, мажбурий тасаввурлар асоратидан қутулолмаган бўлса, кейин-кейин ва айниқса, 70—80 йилларда чинакам лириканинг бетакрор намуналарини яратди. Ана ўша шеъриятни шоирнинг чинакам биографияси деса бўлади. Улар худди аниқ кардиограммадай шоир қалбининг ҳар бир титроғини, хар бир тепишини акс эттирган. Буларда теран фикр, инсон ҳаётининг ўткинчилиги ва моҳияти ҳақидаги ўйлар, инсон ва табиат муносабатлари теран акс этган. Уларда зўр ҳаётий тажриба орттирган донишманд шоир ўз қалбини китобхон қаршисида рўйи-рост очиб беради.
Кўрамизки, Асқад Мухтор умрининг 70 йиллик довонида туриб, босиб ўтилган йўлга назар ташлар экан, унда ўкинадиган жиҳатларни ҳам, зое кетган ижод дақиқаларини ҳам, кишини мамнун қиладиган, ўзини ўзидан ризо қиладиган фазилатларини ҳам кўради. Бу — табиий, бу ҳар бир одамга хос нарса, чунки бизнинг ҳеч қайсимиз бекаму кўст, мукаммал эмасмиз, ҳар қайсимиз ўз йўлимизни ўтар эканмиз, қийнала-қийнала, адаша-адаша, ҳам умидлар қанотида учиб, ҳам хафсалаларимиз пир бўлиб, хақиқат сари талпинамиз. Ҳақиқат эса тутқич бермайди. Асқад Мухторнинг тўйи муносабати билан изҳор қилган мулоҳазаларимни, барибир, анъанавий тарзда якунлайман — Асқад Мухторга яна узоқ йиллар сиҳат-саломатлик тилайман. Бу менинг самимий тилагим!
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 12-сон